Оёқ кийим кабилар алмашиб қолса!!!
Савол: Масжид, автобус ёки енгил машиналарда бирор кишининг оёқ кийим, жомадони каби нарсалари алмашиб қолса, уни истемол қилиш жоизми?
Жавоб: Бу борада шариатнинг хукми шуки, ундай нарсалардан фойдаланиш жоиз эмас. Биринчидан алмашиб қолган нарса алмаштириб кетган кишиники бўлмай бошқадан ориятга олинган нарса бўлиши мумкин. Алмаштирган рози бўлган тақдирда хам асл эгаси табаррук, бобомдан момомдан қолган деб рози бўлмас. Алмаштирган кишининг ўз мулки бўлган тақдирда хам савдодаги каби ўзаро розичилик билан алмаштириш содир бўлгани йўқ. Шунинг учун унинг хукми топилма хукмида бўлади. Яъни аввал эълон қилиб эгасини топишга харакат қилади. Эгаси чиқса, қайтаради. Эгаси чиқишидан умидини узса, эгаси тарафидан садақа қилади. Агар ўзи закот олишга хақлилардан бўлса, ўзи истемол қилса хам бўлади.
Бир аёл келиб ёпқичини бир нарса устига қўйиб кетиб, ортидан бошқа аёл келиб у хам ёпқичини ўша ерга қўйса, сўнг аввалги аёл келиб иккинчининг ёпқичини олиб кетса, иккинчи аёл биринчи аёлнинг қолдирган ёпқичидан бировнинг мулки бўлгани учун фойдаланиши жоиз бўлмайди. Иккинчи аёл фақира бўлса, биринчининг ёпқичини “савоби эгасига бўлсин” деб топилма сифатида ўз қизига садақа қилсин. Сўнгра қиз онасига хадя қилса, онаси фойдаланиши мумкин. Агар бой бўлса, фойдаланиши жоиз эмас. Ўғирланиб ўрнига бошқасини қўйиб кетилган мукаъаб (оёқ кийим)нинг хукми ҳам шундай.(Фатаво ҳиндия).