Қарз олиш яхшими ёки ёмон?!


1. Қарзнинг таърифи 

القرض لغةً: القطع، لأن المقرض يقطع شيئاً من ماله يعطيه للمقترض القرض شرعاً: دفع مال لمن ينتفع به، ثم يرد بدله إليه

Қарз сўзи луғатда «кесиш» маъносини билдиради, чунки қарз берувчи қарз олувчига ўз молининг бир қисмини кесиб беради. Шариъат истилоҳида эса фойдаланиб, мислини қайтариб берувчи кишига мол беришга қарз дейилади.

Шариатда қарз беришнинг жоизлиги 

القرض جائز بالسنة والإجماع، فإن النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ استقرض بكراً من الإبل، ورد جملاً خياراً، وقال:« إن من خير الناس أحسنهم قضاء» رواه البخاري

Қарз бериш суннат ва ижмоъ билан собит бўлган, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам урғочи туяни қарзга олиб, эвазига яхши эркак туя берганлар ва «Одамларнинг яхшиси қарзини чиройли тарзда адо қилувчисидир», деганлар. 

Қарз беришнинг фазилати

Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай деган:

وَأَقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا 

«...ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар...» (Ҳадид сураси 18-оят)
Қарз сўзининг маъноси жуда кенг бўлиб, ўзгаларга фойда етказиш ҳам қарзи ҳасананинг жумласига киради.

القرض قربة يتقرب بها العبد إلى الله سبحانه لما فيه من الرفق بالناس والرحمة بهم، وتيسير أمورهم، وتفريج كربهم. قال صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «من نفس عن مسلم كربةً من كرب الدنيا، نفس الله عنه كربةً من كرب يوم القيامة، ومن يسر عن معسر، يسر الله عليه في الدنيا والآخرة، والله في عون العبد ما دام العبد في عون أخيه» رواه مسلم 

Қарз бериш бандани Аллоҳ таолога яқин қиладиган амаллардандир, чунки унда одамларга раҳм-шафқат қилиш, уларнинг ишларига енгиллик бериш, ғамларини аритиш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким бир мусулмоннинг дунёдаги ғамларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг Қиёматдаги ғамларидан бирини аритади. Ким қийналиб қолган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унга енгиллик қилади. Модомики банда биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади». (Муслим ривояти).

وقال صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «ما من مسلم، يقرض مسلماً قرضاً مرتين، إلا كان كصدقتهما مرة». رواه ابن ماجه 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мусулмон кишига икки бор қарз берса, иккала берган қарзини бир мартада садақа қилган бўлади», дедилар. 
Ибн Можа ривоят қилган.

وقال صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كل قرض صدقة». رواه الطبراني بإسناد حسن 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир қарз садақадир», деганлар. 
Тобароний ривоят қилган.

Қарзга муддат белгилаш

Қарзнинг муддати билан насияга сотилган молнинг эвазини бериш муддати ўртасида фарқ бор. Насия савдода бериш муддати тайин қилиб олинмаса, савдо фосид бўлади. Муддатни тайин қилишнинг маъноси шуки, сотувчи сотган нарсасининг эвазини ўша муддат келмагунича талаб қилишга ҳаққи йўқдир. 

ذهب جمهور الفقهاء إلى أنه لا يجوز إشتراط الأجل في القرض لأنه تبرع محض، وللمقترض أن يطالب ببذله في الحال

Фуқаҳолар жумҳури: «Қарз бериш холисона яхшилик бўлганлиги туфайли бунда муддатни шарт қилиш жоиз бўлмайди. Қарз берувчи берган қарзини хоҳлаган вақтда талаб қилиши мумкин», деган. 
Фуқаҳолар «қарзда муддат белгиланмайди», деганда шу маънони ирода қилганлар, яъни қарзнинг мудддати белгиланган бўлса ҳам, қарз берган кишида эҳтиёж пайдо бўлиб қолса, хоҳлаган вақтда уни қарздордан талаб қилишга ҳақлидир. «Қарзда муддат белгиланмайди» деган иборадан «қайтариб бериш муддатини тайин қилиб қўйиш гуноҳ бўлади» ёки «қарз олган одам белгиланган муддат келса ҳам, қарзини бермаса бўлаверади, истаган пайтида қайтаради», деган маъно келиб чиқмайди. Қарзда муддатни белгилаш ваъдалашув манзилида бўлади. Ваъдага вафо қилиш эса мўминнинг сифатларидандир.

Қарз берувчининг ҳолати

ويشترط لصحة القرض أن يكون المقرض ممن يصح تبرعه فلا يجوز لولي اليتيم مثلاً أن يقرض من مال اليتيم، وكذلك يشترط معرفة قدر المال المدفوع في القرض ومعرفة صفته وسنه إن كان حيواناً، ليتمكن من رد بدله إلى صاحبه 

Қарз олди-бердиси саҳиҳ бўлиши учун қарз берадиган киши холис яхшилик қилиши дуруст бўладиган одам бўлсин. Масалан, етимни қарамоғига олган киши етимнинг молидан бировларга қарз бериши жоиз эмас. Шунингдек, балоғатга етмаган боланинг шахсий мол-мулкини қарзга бериши ҳам жоиз эмас, чунки ёш боланинг ижозати эътиборга олинмайди. Шунинг учун давлат томонидан болалар учун ажратилган пуллар ёки болага отасидан бошқа қариндошларидан меросга теккан мол-мулк, шахсий мулк қилиб олиб берилган кийим-кечакларни ота-она ёки ўша қариндошлар бировларга қарз қилиб ёки ҳадя қилиб бериши жоиз эмас. Агар болалар учун вақтинча фойдаланиб туришга ёки кичик келиб қолса ёхуд ўзига ёқмай қолса, бировга бериб юбориш шарти билан сотиб олинган кийим ёки бошқа нарсалар олиб берувчининг мулки ҳисобланади. 

Нималарни қарзга бериш жоиз?

Қарз жоиз бўлиши учун ҳанафий мазҳаби уламолари «Қарзга берилаётган нарса мислий бўлиши (яъни литрлаб, килолаб, метрлаб ўлчаса бўладиган, мисли бор нарса бўлиши) шарт», деганлар, чунки қарзга нима берилган бўлса, унинг айни мислини қайтариб бериш лозимдир. 

يصح القرض في الأعيان المثلية وهي التي لا تتفاوت آحادها تفاوتا تختلف به قيمتها , كالمكيلات والموزونات والمعدودات المتقاربة

Мислий нарсаларни қарзга бериш дуруст. Мислий нарса деб литрлаб, килолаб, санаб, метрлаб ўлчанадиган нарсаларга айтилади. Шунга биноан, ҳанафий мазҳабида мислий бўлмаган, қиямий, яъни юқоридаги ўлчовларга тушмайдиган, қиймати орқали аниқланадиган нарсаларни қарзга бериш дуруст бўлмайди. Масалан, мол, қўй, туя ва от кабиларни қарзга бериш жоиз эмас. 

لا يصح القرض في القيميات , وهي التي تتفاوت آحادها تفاوتا تختلف به قيمتها 

Қиямий нарсаларни қарзга бериш дуруст бўлмайди. Уларнинг жуссаси, шакли бир-биридан фарқ қилгани учун қийматлари орасида ҳам тафовут бўлади. Бироқ, Шофиъий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг наздида ҳайвонлар, жониворлар каби қиймати маълум бўлиб, мислий бўлмаган нарсаларни қарзга бериш жоиздир. 

Фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир

Қарз берганда одамларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини енгиллаштириш ирода қилинади. Шариатимиз қарзни фойда келтирувчи манба қилиб олишдан қайтарган. Шунинг учун қарз берувчи ўзи берган қарзнинг айнан мислини олишгагина ҳақли бўлади. Агар қарз беришда бирор фойда шарт қилинса ёки шарт қилинмаса ҳам, бирор фойда қўшиб бериш урфга кириб қолган бўлса, ёки кимдир қарз олиб, уни қайтараётганда унга фойда қўшиб беришни одат қилиб олган бўлса, олинган фойда ҳаром ҳисобланади. Масалан, «Фалон сўм қарз берсангиз, уйимдан ижарага фойдаланиб турасиз, савдодан тушган сўмнинг ҳар кунлигини олиб, фойдаланиб турасиз», «Мол олишга кетадиган кунимиз сиздан валюта оламиз, фойдаланганингиз эвазига валютани бозор нархидан арзонга берасиз», «Ҳозир шу машинангни қарзга бериб турсанг, йилнинг фалон вақтида сенга янги машина олиб бераман» ва шу каби шартлар асосида қарз бериб, бирор қўшимча манфаат олиш ҳаромдир.
Қадимда мусулмонлар ўзига қарз берган кишининг девори ёки дарахтининг соясидан фойдаланишдан ҳам сақланганлар. 

وعن إسماعيل بن إبراهيم بن عبدالله بن أبي ربيعة المخزومي، عن أبيه عن جده، أن النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ استلف منه حين غزا حنيناً، ثلاثين أو أربعين ألفاً، فلما قدم لقضاها إياه، ثم قال النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «بارك الله لك في أهلك ومالك، إنما جزاء السلف الوفاء والحمد» رواه ابن ماجه والنسائي

Абу Робиъа Махзумий отасидан, у бобосидан ривоят қилади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн куни мендан ўттиз ёки қирқ минг қарз олдилар. Ҳунайндан қайтгач, қарзларини менга қайтардилар. Сўнг: «Аллоҳ аҳлинг ва молинга барака берсин! Қарзнинг мукофоти уни тўлаш ҳамда раҳмат айтишдир», дедилар. 

Қарзни зиёдаси билан қайтариб бериш

Юқорида айтиб ўтганимиздек, фойдани кўзлаб қарз бериш жоиз эмас. Лекин фойда шарт қилинмай ёки урфга кирмай, қарз олган одам қарзни чиройли адо қилиш маъносида олган қарзига ўз ихтиёри билан бирон нарса қўшимча қилса, бу яхшидир. 

وعن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: كان لي علي رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حق، فاعطاني و زادني

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мендан қарзлари бор эди. У зот менга ҳаққимни қайтариб, зиёда ҳам қилиб бердилар. 
Бухорий ривоят қилган.

 وروي عن ابن كعب وابن مسعود وابن عباس رضي الله عنهم جميعاً، أنهم نهوا عن قرض جر منفعة، لأن القرض عقد إرفاق وقربة، فإذا شرط فيه منفعة، خرج عن موضوعه، فيجب على المسلم أن ينتبه لذلك ويحذر منه، ويخلص النية في القرض وفي غيره من الأعمال الصالحة، فإن القرض ليس القصد منه النماء الحسي، وإنما القصد منه النماء المعنوي، وهو التقرب إلى الله عز وجل، بدفع حاجة المحتاج، واسترجاع رأس المال، فإذا كان هذا القصد في القرض، فإن الله تعالى ينزل في المال البركة والنماء والطيب 

Ибн Каъб, Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумларнинг барчаси фойда келтирадиган қарздан қайтаргани ривоят қилинади, чунки қарз раҳм-шафқат ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ақди бўлиб, унга қўшимча фойда шарт қилинадиган бўлса, кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Мусулмон одам буни билиши, ундан сақланиши ҳамда қарз ва бошқа солиҳ амалларда ниятни холис қилиши лозим бўлади. Қарз муомаласидан мақсад моддий ўсиш эмас, балки маънавий тараққиёт, Аллоҳга муқарраб бўлишдир. Қарзда муҳтожнинг ҳожатини чиқариб, берганининг мислинигина қайтариб олиш кўзда тутилади. Агар мўмин шу мақсадда қарз берадиган бўлса, Аллоҳ унинг молига барака бериб, кўпайтиради ва поклайди.

Қарзни тўлашга шошилиш

Ҳақлар икки қисмга бўлинади. 
1. Банданинг зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳаққи. 
2. Банданинг зиммасидаги банданинг ҳаққи.
Аллоҳ таолонинг ҳаққи борасида Қуръони Каримда уни адо этмасликнинг азоб уқубатларини, бекаму кўст адо қилишнинг мукофоту неъматларини баён қилиб ўтилган. Банда билан банданинг ўртасидаги ҳақни эса бандаларнинг ўзларига ташлаб қўйилган. 
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

“يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا” 

«Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат ила ҳукм қилишингизни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир».
(Нисо сураси, 58-оят). 
Шунингдек, У Зот яна: 

“هَلْ جَزَاء الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ” 

«Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир», деб марҳамат қилган.
(Роҳман сураси, 60-оят).

«مطل الغني ظلم»

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бой (қодир) бўлатуриб қарзни кечиктириш зулмдир», деганлар. 
Муттафақун алайҳ.  
XX аср мужаддиди, улуғ аллома, ҳакимул-уммат, мавлоно Ашроф Али Таҳонавий роҳматуллоҳи алайҳ «Бировнинг ҳаққига зулм қилганларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилмас» деган мавзуда ўзлари бошдан кечирган бир воқеани ҳикоя қилиб берадилар: «Одатда бомдод намозидан кейин тафсир илми билан машғул бўлардим. Бу борада «Баёнул-Қуръон» номли тафсир китобини ёзишга киришган эдим. Бир куни аҳли аёлим эрталаб қаергадир бориб келиш ижозатини олди-да, соат саккизда товуқларга ем бериб қўйиш кераклигини эслатди. Мен «хўп» деб, ўз ишим билан овора бўлаверибман. Бироз ўтгач, китоб ёзиш асносида хаёлимга келиб турган фикрларни қоғозга тушира олмай қолдим. Худди билган нарсаларим йўқ бўлиб қолгандек эди. Тафсир борасида янги фикр келмай қолгач, шояд бошқа ишга киришсам, фикрлар очилиб кетар, деган хаёлда халқдан келган саволларга ёзма жавоб беришга киришдим. Бироқ, таажжубки, бунда ҳам саволларга жавоб беришга, биламан деб ўйлаган нарсаларимни қоғозга туширишга қийналдим. Гўёки фикрларимни бир қора булут тўсиб тургандай эди. Қўрқиб кетдим. Наҳот мен учун Аллоҳнинг раҳмат эшиклари ёпилиб қолган бўлса, нима хатога йўл қўйдим?! Шу пайт ич-ичимдан «Сен Аллоҳнинг махлуқотига зулм қиласан-у, яна Аллоҳнинг раҳматидан умид қиласанми?», деган фикр келди. «Астағфируллоҳ» деб дарҳол ўрнимдан турдим, товуқхонага бориб уларга ем бердим, Роббимга истиғфорлар айтиб, тавба қилдим: «Роббим, мен ожиз бандангнинг билмай қилган хатосини Ўзинг афв қил!». Шундан сўнг хонамга кириб, «Бисмиллаҳ» деб қаламни ушладим. Алҳамдулиллаҳ, фикрлар ёмғирдек ёғилиб кела бошлади. Бояги булутдан эса асар ҳам йўқ эди».
Энди бировнинг ҳаққига ойлаб, йиллаб зулм қилганлар қандай қилиб топган нарсаларини, мол-мулкларини Аллоҳнинг раҳмати, инъоми деб билиши мумкин. 
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир сифатлари шуки, у зоти бобаракот бутун оламга раҳматдирлар. У зот имкон қадар ўша раҳматдан умматларига ҳам етишидан умидвор эдилар ва қачон саҳобалардан бирортаси вафот этса, жанозасини ўзлари ўқишга шошилар эдилар. Ҳатто бир аёл вафот этиб, дафн қилинганлигини эшитганларида «Менга хабар бермабсизлар-да», деб танбеҳ ҳам берганлар ва бориб, қабрининг тепасида унга жаноза ўқиганлар. Лекин вафот этиб, зиммасида қарзи қолган кишиларга жаноза ўқишдан бош тортганлар.

Маййитнинг зиммасидаги қарзнинг ҳукми

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

«من فارق الروح الجسد، وهو بريء من ثلاث دخل الجنة: من الكبر، والغلول، والدين».

«Кимнинг руҳи уч нарсадан: кибрдан, ўлжага хиёнатдан ва қарздан холи бўлиб жасадидан ажраса, жаннатга киради».
Ибн Можа ривоят қилган.

«نفس المؤمن معلقة بدينه حتى يقضى عنه» 

«Мўминнинг жони қарзи адо этилмагунча тутиб турилади».
Термизий ривоят қилган.  
Бир кишининг  акаси вафот этиб, зиммасида қарзи қолди. У акаси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. У зот: «У қарзи туфайли тутиб турилибди, унинг қарзини тўла», дедилар.
Имом Аҳмад ривоят қилган. 
Бу ҳадис маййитдан мерос қолса, унинг қарзини тўлаш меросхўрларга фарз эканлигига далолат қилади. 
Ҳорис ибн Рибъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши «Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, агар Аллоҳнинг йўлида қатл қилинсам, хатоларим кечириладими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ҳа, агар сабр қилиб, савоб умидида Аллоҳнинг йўлида қатл қилинсанг. Лекин қарз мустасно, чунки Жаброил менга шундай деган», дедилар.
Бир киши вафот этиб, зиммасида қарзи қолган бўлса, ундан қолган бор мол-мулкни ҳақдорларга ҳақларининг ҳиссасига мутаносиб миқдорда тарқатиш меросхўрларнинг зиммасига фарз бўлади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, кўпчилик «Вафот этган киши бизга ҳеч нарса қолдирмаган», деб даъво қилади, вафот этган кишидан қолган нарсаларни, хусусан, уй-жойларни меросдан ташқари деб билади. Агар маййитдан ҳеч нарса қолмаган бўлса, меросхўрлар кўнгилдан чиқариб, унинг қарзини адо қилсалар, бу иш ўликнинг орқасидан қилинадиган хайр-эҳсонлардан кўра афзалдир. 

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا جُلُوسًا عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذْ أُتِيَ بِجَنَازَةٍ، فَقَالُوا: صَلِّ عَلَيْهَا. فَقَالَ: «هَلْ عَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قَالُوا: لَا. قَالَ: «فَهَلْ تَرَكَ شَيْئًا؟» قَالُوا: لَا. فَصَلَّى عَلَيْهِ، ثُمَّ أُتِيَ بِجَنَازَةٍ أُخْرَى، فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، صَلِّ عَلَيْهَا. قَالَ: «هَلْ عَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قِيلَ: نَعَمْ. قَالَ: «فَهَلْ تَرَكَ شَيْئًا؟» قَالُوا: ثَلَاثَةَ دَنَانِيرَ. فَصَلَّى عَلَيْهَا، ثُمَّ أُتِيَ بِالثَّالِثَةِ، فَقَالُوا: صَلِّ عَلَيْهَا. قَالَ: «هَلْ تَرَكَ شَيْئًا؟» قَالُوا: لَا. قَالَ: «فَهَلْ عَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قَالُوا: ثَلَاثَةُ دَنَانِيرَ. قَالَ: «صَلُّوا عَلَى صَاحِبِكُمْ». قَالَ أَبُو قَتَادَةَ: صَلِّ عَلَيْهِ يَا رَسُولَ اللهِ، وَعَلَيَّ دَيْنُهُ. فَصَلَّى عَلَيْهِ 

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир пайт жаноза келтирилди. «Унга жаноза ўқиб беринг», дейишди. Шунда у зот: «Зиммасида қарз борми?» дедилар. «Йўқ», дейишди. «Ундан бирор нарса қолганми?», дедилар. «Йўқ», дейишди. Шунда у зот унга жаноза ўқидилар.
Кейин бошқа бир жаноза келтирилди. «Эй Аллоҳнинг Расули! Унга жаноза ўқиб беринг», дейишди. У зот: «Зиммасида қарз борми?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «Бирор нарсаси қолганми?» дедилар. «Уч динор (қолдирган)», дейишди. У зот унга жаноза ўқидилар.
Кейинроқ учинчи жаноза келтирилди. «Унга жаноза ўқиб беринг», дейишди. У зот: «Бирор нарсаси қолганми?» дедилар. «Йўқ», дейишди. «Зиммасида қарз борми?» дедилар. «Уч динор», дейишди. «Биродарингизга жаноза ўқиб қўйинглар», дедилар. Шунда Абу Қатода: «Унга жаноза ўқиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули! Қарзи менинг зиммамга бўлсин» деган эди, у зот унга жаноза ўқидилар».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «هَلْ تَدْرُونَ مَنْ الْمُفْلِسُ؟»، قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا يَا رَسُولَ اللَّهِ، مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ، وَلَا مَتَاعَ، قَالَ: «إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي، مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصِيَامٍ وَصَلَاةٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ عِرْضَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، فَيُقْعَدُ فَيَقْتَصُّ هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يَقْضِيَ مَا عَلَيْهِ مِنْ الْخَطَايَا، أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис кимлигини биласизларми?» дедилар. «Муфлис – дирҳами ҳам, матоси ҳам йўқ кишидир», дейишди. У зот шундай дедилар: «Муфлис –умматимдан чиққан, Қиёмат куни рўза, намоз ва закот билан келадиган, буни обрўсига тил теккизган, бунисига эса туҳмат қилган, унисининг эса молини (ноҳақ) еган кишидир. Уни ўтирғизиб қўйишади, унинг бунинг ҳасанотидан қасос (сифатида) олиб берилади, бунга ҳам унинг ҳасанотидан олиб берилади. Агар унинг ҳасанотлари (ҳақ эгаларининг) ҳақларини олиб беришдан олдин тугаб қолса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, унга қўшиб қўйилади. Сўнгра дўзахга ташланади». 
Имом Аҳмад ривоят қилган.

Қарз олишдаги ният

«من أخذ أموال الناس يريد أداءها، أدى الله عنه، ومن أخذ يريد إتلافها، أتلفه الله»

«Ким (қарзини) адо қилишни ирода қилиб одамлардан мол олса, Аллоҳ унинг тарафидан адо қилади (тўлаш сабабларини муҳайё қилиб қўяди), ким талофат етказишни ирода қилиб олса, Аллоҳ унга талофат етказади». 
Бухорий ривоят қилган.

Қийналиб қолган қарздорга қарз муддатини кечиктириш мустаҳабдир

عن حذيفة رَضِي اللهُ عَنْهُ، قال: قال رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «إِنَّ رَجُلاً كَانَ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ، أَتَاهُ الْمَلَكُ لِيَقْبِضَ رُوحَهُ، فَقِيلَ لَهُ: هَلْ عَمِلْتَ مِنْ خَيْرٍ؟ قَالَ: مَا أَعْلَمُ ، قِيلَ: لَهُ انْظُرْ، قَالَ: مَا أَعْلَمُ شَيْئًا غَيْرَ أَنِّى كُنْتُ أُبَايِعُ النَّاسَ فِى الدُّنْيَا وَأُجَازِيهِمْ، فَأُنْظِرُ الْمُوسِرَ، وَأَتَجَاوَزُ عَنِ الْمُعْسِرِ، فَأَدْخَلَهُ اللَّهُ الْجَنَّةَ

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизлардан аввал ўтган уммат ичида бир киши бўлиб, унинг жонини олиш учун ҳузурига ўлим фариштаси келди. Унга «Бирор яхшилик қилганмисан?», дейишди. У «Билмайман», деди. «Яхшилаб ўйлаб кўр-чи», дейишди. У: «Мен бирор бир яхшилик қилганимни билмайман, лекин у дунёда одамлар билан олди-сотди қилганимда бой одамнинг қарзини кечиктирар, йўқсилнинг қарзидан эса кечиб юбориб, уларга эҳсон қилардим», деди. (Унинг бу иши Аллоҳ таолога маъқул келиб) уни жаннатга киргизди». 

عن ابي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، انَّ النَّبِيّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كَانَ رَجُلٌ يُدَايِنُ النَّاسَ، وَكَانَ إِذَا رَأَى إِعْسَارَ الْمُعْسِرِ، قَالَ لِفَتَاهُ: تَجَاوَزْ عَنْهُ، لَعَلَّ اللَّهَ تَعَالَى يَتَجَاوَزُ عَنَّا، فَلَقِيَ اللَّهَ، فَتَجَاوَزَ عَنْهُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир киши одамлар билан қарз олди-берди қилар, йўқсил одамнинг қийналганини кўрса, қўл остидаги йигитга «Йўқсил одамнинг олдига қарзини сўраб борсанг, ундан кечиб юбор, шояд Аллоҳ таоло бизлардан ҳам (гуноҳларимизни) кечиб юборса», дер эди. У вафот этиб, Аллоҳ таолога рўбарў бўлгач, Аллоҳ ҳам уни(нг гуноҳларини) кечиб юборди». 

عن أَبي قتادة رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ : سَمِعْتُ رسولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يقول: «مَنْ سَرَّهُ أنْ يُنَجِّيَهُ اللهُ مِنْ كُرَبِ يَوْمِ القِيَامَةِ، فَلْيُنَفِّسْ عَنْ مُعْسِرٍ أَوْ يَضَعْ عَنْهُ». رواه مسلم

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ таоло унга қиёматнинг машаққатларидан нажот беришини истаса, ҳеч вақоси йўқ ёки танг ҳолатдаги инсонга берган қарзининг муҳлатини узайтирсин ёки кечиб юборсин», деганларини эшитдим. 
Муслим ривоят қилган.

عن أبي اليسر رَضِي اللهُ عَنْهُ قال : قال رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: من أنظر معسرا، أو وضع له، أظله الله في ظل عرشه

Абу Юср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким танг ҳолатда турган инсонга қарз муҳлатини чўзиб берса ёки уни кечиб юборса, Аллоҳ таоло қиёматда уни Ўз арши соясида соялантиради», дедилар. 

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ كَانَ لَهُ عَلَى رَجُلٍ حَقٌّ، فَمَنْ أَخَّرَهُ كَانَ لَهُ بِكُلِّ يَوْمٍ صَدَقَةٌ

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор кишига қарз берган бўлса, сўнг уни бироз муддатга узайтирса, кечиктирган ҳар куни учун унга садақа савоби ёзилади», дедилар». 
Имом Аҳмад ривоят қилган.

Ҳаромдан топилган молдан қарзни адо қилиш

Бир киши қарздор бўлса, қўлида ҳаром молдан бошқа мол бўлмаса, қарзини ўша молдан тўлаши жоизми? 

ما حرم أخذه حرم إعطاؤه

Олиш ҳаром бўлган нарсани бериш ҳам ҳаромдир.

الربا و الرشوة و أجرة الزنا و أجرة الغناء، كلّ ذالك حرام سخت، لم يخرج من ملك صاحبه، فلا يجوز تأدية القرض به 

«Рибо, пора, зино ва отарчиликдан топилган пулларнинг барчаси ҳаром, нопокдир. Булар берувчининг мулкидан чиқмаган бўлиб, қарзни булар билан адо қилиш жоиз эмас».
Фиқҳ китобларимиздан олинган ушбу иборадан кўриниб турибдики, ҳаромдан топилган мол кимдан олинган бўлса, ўшанинг мулки ҳисобланади. Агар эгалари аниқ бўлса, уларга қайтариб бериш вожибдир. Агар маълум бўлмаса, улар кимнинг моли бўлса, ўшалар тарафидан садақа қилиш вожиб бўлади. Ким ушбу молдан қарзини тўласа, бировнинг молини ишлатгани учун гуноҳкор бўлади.
Шундай фатво берилган: «Агар қарздор судхўрлик, қимор, маст қилувчи ичимлик, зино орқали мол топган бўлса, уни ўзи ишлатиши ва ундан фойдаланиши жоиз эмас. Ҳақдорлар (қарз эгалари) ҳам ундан ўша молни олиб фойдаланиши ҳақида уламолар тўрт хил фикр айтишган: 
1. Ибн Қосим Моликий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Қарздорнинг ҳалолу ҳаром аралашган моли бўлиб, ҳалоли кўп бўлса, ҳақдор ҳаққини ўша молдан олиши ва ундан фойдаланиши жоиздир»
2. Ибн Ваҳб Моликий роҳимаҳуллоҳ: «Қарздорнинг ҳаром молидан олиб, ундан фойдаланиш жоиз эмас. Аллома Ибн Рушд Моликий: «Агар молнинг кўпи ҳалолдан бўлса, қарзини олиши ва ундан фойдаланиши жоиз. Агар молининг кўпи ҳаром бўлса, ундан қарзни олиш ҳам, фойдаланиш ҳам жоиз эмас».
3. Имом Муҳаммад Шайбоний роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳақдор одам қарздор кишининг ҳаром молидан қарзини ундириб олиши ва ундан фойдаланиши дурустдир. Агар ушбу масала қозининг олдига олиб борилса, қазоан жоиз деб ҳукм қилинади, диёнатан эса жоиз эмас».
4. Бошқа аҳли илмлар шундай дейишган: «Қарздор қарзини ҳаром молдан тўлаётган бўлса ва бу ҳақдорга маълум бўлиб қолса, уни олиши ва фойдаланиши жоиз эмас. Лекин ҳалол молдан берса, олиш ҳам, фойдаланиш ҳам жоиз». Мана шу ҳолатда ҳақдор киши қарзнинг қандай молдан берилаётганлигини қарздор кишидан сўраш вожибми ёки вожиб эмасми? Мусулмон мусулмон ҳақида яхши гумонда бўлиши керак. Лекин фисқу фужури ортадиган бўлса, иложи йўқ. 
 Бу тўрт қавлдан фатво берилгани шуки, қарздорнинг хузуридаги мол асл эгасининг розилигисиз, шариат кўрсатмаларига зид тарзда, масалан, ўғрилик, қароқчилик йўли билан топилган бўлса, ҳақдорнинг бундай молдан олиши ва фойдаланиши жоиз эмас. Қарздорнинг ҳузуридаги мол шариат кўрсатмаларига зид бўлса ҳам, эгасининг розилиги орқали топилган бўлса, масалан, судхўрлик, қимор, зино сабабидан топилган бўлса, ҳаққини шу молдан олиш қазоан жоиз, диёнатан жоиз эмас, яъни тақво нуқтаи назаридан олмагани афзалдир.
Баъзи уламолар бундай ҳолатдаги қарздор кишига юқорида зикр қилинган ишлар динида ҳаром саналмаган ғайридинлардан қарз олиб, ҳақдорга тўлашни тавсия қиладилар. Шунда у ғайридинлардан олган қарзини мазкур ғайришаръий йўл билан топилган молдан тўлайверади. 

Муфтий Камолиддин Рошидий. 

Нонни доналаб қарзга олиб, доналаб қарзга бериш

Одатда еб-ичиладиган нарсаларда қарз олувчи ва берувчилар фойдаланиб қолишни, яъни судхўрликни мақсад қилишмайди, балки вақтинчалик эҳтиёжни қондириш ирода қилинади. Шунинг учун қўшнилар ўртасидаги нон, туз ва хоказоларнинг кундалик олди-бердисида ҳеч қандай зарар йўқ. Муоз ибни Жабал розиаллоҳу анҳудан қарзга нон олиш тўғрисида сўрашди. У шундай деди: «Субҳаналлоҳ, бу макоримул ахлоқдан-ку! Каттасини олиб, кичигини беравер, кичигини олиб, каттасини беравер. Сизларнинг яхшиларингиз – бераётганда яхшисини берадиганингиздир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганман». 
Абу Бакр Варроқ ушбу ҳадисни ўзининг «Аш-Шофиъий» китобида келтирган. 
Ибн Қудоманинг «Ал-Муғний» китоби, 6-жилд, 445-бет.

Қарз берилганидан кейин пул алмашса ёки пулнинг қадри тушиб кетса

Бир киши қарзга пул ёки валюта берса, бироқ кейин ўша пуллар бозорда ишлатилишдан тўхтатса ёки алмашиб кетса, яъни ҳукумат томонидан расмий равишда истеъмолдан чиқарилса, Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг наздларида валютанинг қарз олинган кундаги бозордаги қиймати эътиборга олинади. Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳнинг наздларида эса пул амалдан тўхтатилган кундаги қиймат эътиборга олинади. Имом Муҳаммаднинг қавлларига фатво берилган («Роддул мухтор»). 
Савол: «Кўпинча савдогарлар насияга мол сотадилар. Орадан сал ўтгач эса тайин қилинган пулларнинг қиймати тушиб кетади. Шунда улар қарзнинг қийматини бошқа нарса билан, масалан, тилла ёки валюта билан нархлаб қўймоқчи бўладилар. Шу иш жоизми?» 
Жавоб: Бунинг бир неча хил шакли бўлиши мумкин: 
1. Насияга сотилаётган молни бир йўла ўша валюта ёки маълум вазндаги тиллага сотиш. Олиш вақтида эса ўша валюта ёки тилланинг ўзини ёки олаётган кунги нархида сўмда олса ҳам бўлади.
2. Қарздор қарзини ҳозир бера олмаслигини, лекин келажакда бериш имконияти пайдо бўлишини айтса, бироқ кечиктириш туфайли ҳақдор катта зарар кўрадиган бўлса, ҳақдор қарз миқдорини белгиламоқчи бўлган валюта ёки тиллани қарздорнинг олдига олиб бориб, қарз сифатида бериб шу заҳоти сўмдаги қарзининг эвазига қайтариб олсин. Шунда қарздор сўмдаги қарздан қутулиб, қайтадан валюта ёки тиллага қарз бўлади. Қарздор сўмдаги қарзини ўша олган валюта ёки тилланинг ҳозирги кундаги қиймати билан ёпади ва ўша куни ўз қўли билан олган валютасигагина қарз бўлади. 

Тилла буюмларни қарзга бериб, қийматини олиш

Савол: «Бир киши бошқа бир кишига заргарлик буюмларини қарзга берди. Маълум муддат ўтгач қарздор ўша олган заргарлик буюмларининг айни ўзини қайтариб бериш ўрнига уларнинг қийматини берса бўладими? Масалан, бир заргарнинг қўлидаги буюмга харидор келиб қолди. Харидор заргардан ўша буюмни қарзга олиб, кейинчалик худди ўшанинг мислини қайтариб беришни ваъда қилса, қийматини қайси нархдан беради? Шунингдек, насия рибо билан қарзнинг ўртасида фарқ борми?» 
Жавоб: Заргарлик буюмларини сотиб олиш ўрнига қарзга олган бўлса, буюмнинг айни ўзини эмас, қийматини беришда рибо борасида ҳеч қандай шубҳа йўқ. 

وقال الحنفيّة : صحّ بيع من عليه عشرة دراهم دين بدينار ممّن له عليه، أي من دائنه، فإذا كان لرجل على آخر عشرة دراهم دين، فباعه الّذي عليه العشرة ديناراً بالعشرة الّتي عليه، ودفع الدّينار إليه فهو جائز

Ҳанафий уламолар айтади: «Зиммасида ўн дирҳам (кумуш танга) қарзи бор киши ҳақдорга шуни бир динор (тилла танга) эвазига сотса жоиз. Бир кишининг бировда ўн дирҳам ҳаққи бўлса, уни бир тилла эвазига сотса ва бир тиллани олса жоиздир («Роддул муҳтор»). 
Қарзга олинган тилла буюмлар эвазига ўшанинг миқдорича (вазни бир хил бўлиши шарт) тилла буюм берса, бу бир хилдаги нарсани бир хилга алмаштириш ҳисобланади. Бу ерда «Бир хил жинсдаги нарсаларни насияга алмаштириш, яъни тиллани тиллага алмаштиришда насия қилиш ҳаром-ку?» деган гумон пайдо бўлиши мумкин. Ҳа, олиш пайтида «Эвазига тилла бераман ёки ўша буюмнинг граммича тилла буюмга сотсангиз» деб, молнинг турини алмаштирса рибо бўлади. Аммо «Шу заргарлик буюмингизни бериб туринг, унинг мисличасини бераман» деса ва «эвазига», «сотинг» сўзларини айтмаса, бу муомала қарз ҳисобланади. Қарзда эса, юқорида айтиб ўтганимиздек, ўша кунги қийматини берса ҳам бўлади. Шунда ҳақдор ўз ҳаққини қарздорга сотган бўлади.

Ҳақдор қарздорнинг ижозатисиз қарзининг миқдорича молини олса бўладими?

Ҳанафий уламолари шундай дейишади: «Ҳақдор қарздорга берган молининг жинсидан унинг ижозатисиз ўз ҳаққи миқдорича олиши жоиз. Масалан, сўм берса, ўшанча миқдорда сўм олиши жоиз. Ўз ҳаққидан бошқа жинсдаги молдан олиши мумкин эмас». 
Шофиъий уламолари эса «жоиз» деганлар. 
«Роддул муҳтор» китобининг соҳиблари шундай дейишган: «Ҳанафий уламоларининг жоиз эмас деган фатволари уларнинг замонларида эди. Бугунги кунда эса жоизликка фатво берилган («Роддул мухтор»).  
Шу ўринда бир саволни фиқҳ илми мутахассислари эътиборига ҳавола қилмоқчимиз. Марҳамат, ушбу саволга оид фикр-мулоҳазаларингизни билдиришингиз, далил-ҳужжатлар келтиришингиз мумкин.  
Савол: Бир киши машинаси бор одамга «Нексиянгизни қарзга бериб туринг, бир неча ойдан кейин янгисини олиб бераман» деса, бу ҳам фойда келтирган қарз бўладими? 
Жавоб: Ха.


8 йил аввал 17785 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Дафндаги баъзи макруҳ ишлар
Жаноза ёки дафнни кўпчилик қатнашсин деб кечиктириш ёки жума намозидан кейинга қолдириш. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маййитни тезроқ элтинг”, деганлар. Лекин дафн ишлари билан банд давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Узоқ муддатли қарзлар
Савол: Закот беришда узоқ муддатли қарзлар ҳам чиқариб юбориладими? Масалан: Беш йилда узиш шарти билан йигирма миллион қарз олиб, уй сотиб олса ва қўлида ўн-ўн беш миллион пули бўлса, у кишига закот вожиб давоми...
8 йил аввал 6186 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қарзни кафолатлаш ва уларнинг турлари
Насия савдосида ҳам савдо тугал бўлади ва харидор зиммасига баҳо қарз бўлади. Шунинг учун сотувчи харидордан қарзни кафолатлашини сўраши ёки муайян вақтда қарзни адо қилишига бирор кафил бўладиган одамни ёки давоми...
8 йил аввал 7420 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қарзни кечиктирганлиги учун молиявий жазо
Баъзи вақтларда харидор тақсит савдосида келишилинган бўлакларни кечиктириши мумкин. Шунинг учун тақсит савдоси орқали нарса сотиб олмоқчи бўлган киши, бор имкониятларини сарҳисоб қилиб, кейин бу савдога қўл уриши давоми...
8 йил аввал 7771 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қарзни нотўғри ишлатиш
Савол: Мен бир дўстимга қарз берган эдим, яқинда маълум бўлиб қолдики, дўстим ўша маблағни нопок ишларга сарфлаётган экан. Унинг гуноҳларига мен ҳам шерик бўлиб қолмадимми? Умуман, қарз бераётганда унинг давоми...
8 йил аввал 7265 fiqh.uz