Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг бир туши
Тўрт ракатли намозда аввалги қаъдага ўтирганда фақатгина аттаҳийётнигина ўқилади. Салавот ўқилмайди. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мазҳабида бирор киши хато қилиб, унутиб биринчи қаъдада аттаҳийётидан кейин “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин” гача ўқиса, зиммасига саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади.
Шу масалага оид Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан бир воқеа нақл қилинган. Бир бор Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ туш кўради ва тушида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламни кўради. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши менга салавот айтса, нега сиз унинг зиммасига саждаи саҳв вожиб дейсиз?”дедилар. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: “Ундай одам сизга унутиб салавот айтагани учун саждаи саҳв вожиб дейман” деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам унинг жавобини мақул топдилар. (Баҳрур роиқ)
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг фаросати
Тақийюддин Ҳамавий “Самротул авроқ алал мустатриф” китобида келтиради. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ замонасида бир кишининг уйига ўғри тушиб бор мол мулкини йиғиштиришди ва ўзини ҳам ўлдирмоқчи бўлишди. Ўғрилар сардори ”Уни тирик қолдириб, қўлига Қуронни беринглар ва агар кимлигимизни айтса хотини уч талоқ бўлишига қасам ичиринглар!” деди. Уй эгаси қасам ичди. Эрталаб бозорга борса бор мол-мулки бозорда сотилаётган экан кўриб афсус қилди. Лекин хотини талоқ бўлишидан қўрқиб, ҳеч кимга айтолмади. Ноилож Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳузурига кечаси тунда ўғрилар киргани ва кимлигини айтса хотини уч талоқ бўлишига қасам ичганини айтди. Абу Ҳанифа унга маҳаллангнинг обрўли одамларини жамла уларга бир тадбирни ўргатаман деди. Одамлар жамлангач у киши бориб: “Бунинг молини қайтариб беришларини ҳоҳлайсизми?” деди. Барчаси “Ҳа” дейишди. Ундай бўлса, жоме масжидга гумондор ўғри киссавурларни йиғинлар. Сўнг битта битта масжиддан чиқаринглар. Ўғри у бўлмаса, ўғирлатган очиқ ойдин у эмас десин. Мабодо индамай жим турса, ўша ўғри эканини тушиниб олаверинглар деди. Шундай қилишди. Ўғри малум бўлди ва бечорага моли ҳам қайтди хотини ҳам ёнига қолди.