Мавлоно Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий


Ҳакимул уммат, Мавлоно Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий

Жанубий Осиё минтақасида «Умматнинг руҳий шифокори» номи билан донг таратган ва миллатнинг янгиловчиси бўлмиш, Мавлоно  Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий XX-аср ислом қайта уйғониш даврининг энг машҳур намоёндаларидан бири эди. Мавлоно Таҳонавий «Ўз даврининг етук олими, серҳосил илмий маърифий китоблар муаллифи ва Ҳиндистон давлатининг буюк сўфийларидан».
«У жуда тиришқоқ ҳаёт кечирар эди: таълим берар, яхши амалларга тарғиб қилар, китоблар ёзар, мавъизалар ўтказар эди, вақти-вақти билан сафарларга ҳам уюштириб турар эдилар» (Наим, 94). У  берган таълимотларнинг ҳаққонийлиги ва мўътадиллиги унинг тез орада машҳурлик соҳибига айланишини таъминлади. Мавлоно Таҳонавий Қуръони каримнинг мана бу оятига мос келар эди:

وَكَذَٰلِكَ جَعَلْنَـٰكُمْ أُمَّةًۭ وَسَطًۭا لِّتَكُونُوا۟ شُهَدَآءَ عَلَى ٱلنَّاسِ وَيَكُونَ ٱلرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًۭا

Шунингдек, (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик.(Бақара сураси, 143-оят).
У ўқиган маърузаларда ниҳоятда чуқур исломий билим ётар эди. Ҳиндистоннинг фақиҳ уламоси Қосимий у ҳақда шундай деган: «Унинг маърузалари ичида ислом илми қамраб олмаган қисмини топиш мушкул».
Олимнинг диний услуби ва баъзи саволларга унинг ўзгача фикрий ёндашуви бу инсоннинг Ислом шариатини чуқур билимдони эканига далолат қилади. Унинг теран ақли, Аллоҳ ва Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйган муҳаббати, вақтни тўғри тақсимлаши, кенг дунёқараши, ўзгача янги ва шу билан бирга диний таълимотга аслий ёндашуви ислом оламида ўчмас из қолдирди.
    Инсонлар қалбида бу инсон ўта билимдон шайх, унумли меҳнат соҳиби, Исломий ҳуқуқ масалалари устаси ва ислом анъаналари ҳимоячиси сифатида муҳрланиб қолади. Ўша даврларда, мусулмонлар жисмонан ва ақлан мустамлакачилар тарафидан босилганларида мавлоноТаҳонавий мусулмонларга ўзининг маърузалари орқали адабий ва илмий қурол, ҳуқуқий масалалар ечими (фатво), замоннинг динга қарши юришини бартараф қилувчи руҳий тарбия тақдим этди. Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний Мавлоно Таҳонавий соҳибнинг шижоати ва қўлга киритган диний ютуқлари ҳақида шундай дейди: «Илм борасида ўтган асрларда унга тенги бўлган эмас» («Ҳаким аль-умма ке сияси афкар», 22).

Туғилишлари ва олган тарбиялари

Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий рабиъул-аввал ойининг 5-санасида, ҳижрий 1280-йилда (Қамарий 19-август 1863-йил) Ҳиндистоннинг Музаффарнагар вилоятига қарашли Таҳона Баҳун қишлоғида таваллуд топдилар. Ашраф Али номини эса, ўша даврнинг машҳур олими Ғулом Муртазо Пани Пати, она тарафларидан бўлган қариндошлари берган.   
    Олимнинг оиласи ниҳоятда қадрланар ва Таҳона Баҳун қишлоғида катта мартабада эди. Унинг отаси Абдулҳаққ бой ер эгаси, тақводор мусулмон ва ҳурматга сазовор Таҳона Баҳун  фуқороларидан эди. Абдулҳаққ форсий тилни яхши билар, Қуръонни тўлиқ ҳофизи бўлмасада, тиловатига жуда моҳир эди. Ашраф Али Таҳонавийнинг  аждодий илдизи иккинчи ҳалифа Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳуга  тўғри келар, унинг ўткир тафаккури, тақвоси, самимияти яққол унда кўзга ташланарди.
    Болалик чоғларида ҳам ибодатга маҳкам, 12 ёшидан эса тунги қиёмул-лайлни тарк этмас эди. Мавлоно Таҳонавий бошланғич араб ва форс тилларини тоғалари Важид Али ва Мавлоно Фатҳ Муҳаммад томонларидан ўзлаштирди. Ва шу билан бирга ёшлик чоғларида Мерутлик ҳофиз Ҳусайн Али томонидан Қуръон каримни ёд олдилар.

Шариат илмларини Дорулулум Девбандда ўзлаштиришлари

    Девбанд уламоларининг ақийдалари Ашъарий ва Мотурудий асосида, фуруъотда эса Ҳанафий мазҳабида эканликларини бутун дунё мусулмонлари эътироф этадилар.
Ҳижрий  1295-йилда Мавлоно Таҳонавий Дорулулум Девбанд мадрасасига ўқишга кирдилар ва ўша даврнинг кўзга кўринган исломнинг фақиҳ олимларидан дарс олиб, ҳижрий 1301-йилда уни муваффақиятли тамомладилар. Устозларидан Муҳаммад Қосим Нанутвий, Рашид Аҳмад Ганговий, Муҳаммад Ёқуб Нанутвий ва шайхул Ҳинд Маҳмуд Ҳасан Девбандийлардан дарс олганлар. Мавлоно Таҳонавий Девбандда 6 йил истиқоматда бўлиб, тақволи, Ҳожи Имдодуллоҳ Муҳожир Маккийнинг шогирдларидан бўлган олимларнинг илмини ва тарбияларини олдилар.
    Дорулулум Девбанддаги руҳий озуқага бой бўлган муҳит, етук устозлар ва мавлоно Таҳонавийнинг табиий фаҳми ва тақвоси унинг илмий ва амалий билимларини янада зиёда бўлишини таъминлади. Адабиёт йўналишидаги илк қадамлари ҳам Дорулулум Девбандда, уларнинг 18 ёшларида форсий тилда ёзган «Маснавий зер о бам»лари билан бошланди. У жуда кўп сўз бойлигига эга бўлиб, араб, форс ва урду тилларида камол топдилар.

Устозлар устози

    Мавлоно Таҳонавийга Дорулулум Девбанд асосчиси Қосим Нанутвий қўлида ўқиш бахти камдан кам насиб этарди, чунки унинг мадрасага кирган вақти олимнинг охирги ҳаёт йиллари эди. Шундай бўлса ҳам, мавлоно Таҳонавий имкон бўлганида Қосим Нанутвийнинг «Тафсирул-Жалолайн» (Жалолиддин ал-Маҳаллий ва унинг шогирди Жалолиддин ас-Суютийнинг Қуръонга ёзган маъновий тафсири) дарсида иштирок этар эди. Рашид Аҳмад Гангоҳий ва Муҳаммад Ёқуб Нонутвийлар ҳам мавлоно Таҳонавининг камолотига қаттиқ эътибор берар эдилар.
    Мавлоно Таҳонавий айтадилар: «Мен учун Гангоҳий ҳамма устозларимдан ҳам яқинроқ, лекин Ҳожи Имдодуллоҳ Муҳожир Маккий бундан мустасно эдилар. Мен ҳаётий вақтим давомида Рашид Аҳмад Гангоҳий каби ички ва ташқи гўзаллик ва комиллик соҳибини учратган эмасман» (Алви, 51). Гангоҳий мавлоно Таҳонавий ҳаётида катта руҳий тарбиячи сифатида унга ўз меҳрини улаша олди. Мавлоно Таҳонавий ташриф буюрганларида Гангоҳий айтардилар: «Сенинг ташрифинг мени жонлантиради» (Алви, 52). Бир куни мавлоно Таҳонавий дарс ўтиб бериш учун Гангоҳийни йўқлади. Гангоҳий барча ўқувчиларини ана шу дарсга юбориб, шундай деди: «Бу ерда нима қиляпсиз? зудлик билан ҳаққоний олимни олдига бориб дарсини тингланглар». Шу билан бирга Гангоҳий ўз шогирдларини Таҳона Баҳунга, Ашраф Али Таҳонавий эгаллаган чуқур билимларни ўрганиш учун юборар эди.
    Мавлоно Таҳонавий  тақводор сўфий Муҳаммад Ёқуб Нанутвийнинг ҳам мухлисларидан эди. Мавлоно Таҳонавий Муҳаммад Ёқуб Нанутвийнинг дарсларини қуйидагича таъриф этади: «Унинг дарслари оддий дарслардан кескин фарқланарди, унинг дарслари кенгаш даражасида, бутун диққат Аллоҳга қаратилган бўларди. Қуръоннинг тафсирини ўргатувчи дарсларида эса кўзлари қаттиқ намланарди» (Алви, 51).

Мадрасани тамомлаши ва катта «ҳаёт» қўйилган қадам

    Мавлоно Таҳонавий Дорулулум Девбандни ҳижрий 1301-йилда (милодий 1884-йил) тамомлади. Рашид Аҳмад битирув кунига ташриф буюрганида, шайх Ҳинд Маҳмуд Ҳасан унга жуда фаросатли бир толибнинг ҳам ўқишни битираётганини билдирди. Гангоҳий бу толибни синамоқчи бўлди. Ва шундай қилиб битирув маросими бошланишидан аввал Гангоҳий мавлоно Таҳонавийга энг мураккаб ўйлаб топиш мумкин бўлган саволлар билан мурожаат қилди. Мавлоно Таҳонавийнинг берган жавоблари эса уни ҳайратда қолдирди (Қурайши, 14).
    Салла ўратиш (дастор-банди) маросимини Рашид Аҳмад Гангоҳий ўзи шахсан бошчиликда ўтказди. Ўтказилаётган маросим Девбанд уламоларининг қаттиқ хурсандчилиги остида ўтказилиши аввалги йилдагиларникидан кескин фарқ қиларди. Шу сабабдан Таҳонавий ва унинг баъзи синфдошлари Муҳаммад Ёқуб Нанутвийга эътироз билдиришиб : «Биз бундай хурсандчиликларга арзимаймиз, бу Дорулулум Девбандни кулгу остида қолишига сабаб бўлиши мумкин» дейишди. Ғазабланган Муҳаммад Ёқуб Нанутвий : «Сизлар жуда ҳам адашдингиз! Сизлар ўз устозларингиз сояси, Дорулулум Девбандда ўзингизни арзимас ҳисоблаяпсиз, шундай бўлиши ҳам керак. Аммо, мана шу даргоҳдан кетишларингиз билан сизлар ўз қадр ва баҳойингизни тушуниб оласиз. Аллоҳга қасамки, қайси иш билан шуғулланманг, албатта муваффақият қозонасиз, олдингизда меҳнат учун дарвозалар кенг очилди» дедилар. (Алви, 53). Девбандни тамомлагач Таҳонавий отаси билан муқаддас Макка ва Мадинага йўл олдилар. Ўзининг илк ҳажини адо этиб, Таҳонавий қори Абдуллоҳ Муҳожир Маккий бошчилигида Қуръон қироатини камолига етказди. Маккада ҳам Таҳонавий ҳожи Имдодуллоҳ Муҳожир Маккий билан суҳбатлашиб, кўп яхши сифатлар орттирди.

Ҳожи Имдодуллоҳ бошчилигидаги шариат илми

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: «Фақиҳлар ва уламолар кенгашини кўп йўқланг, унда иштирок этинг ва доно сўзларини тингланг, оламлар эгаси бўлган Аллоҳ ўлик қалбларни доно сўзлар нури билан, худди ёмғир ўлик ерни тирилтиргани каби тирилтиради» (Асқолоний, 25). Тақволи ва гўзал хулқ намунасини етказа оладиган шайх бошчилигидаги жамият ҳар бир мусулмон кишиси учун кераклидир. Китоблардан олинган илм инсоннинг ташқи кўринишини, шайх билан мулоқот эса – ички дунёни яхшилайди. Мавлоно Таҳонавий ўзининг айнан ички қалбини поклашга интилди. Дорулулум Девбандда ўқиш даврида Рашид Аҳмад Гангоҳийни унга руҳий дарсликлардан ҳам таълим беришини сўраганида, Гангоҳий одатий дарслар тугашигача яна бир оз кутишини маслаҳат берди.
    Мавлоно Таҳонавий бу билан кўнгли тўлмади ва Ҳожи Имдодуллоҳдан Гангоҳийга, ўзини илм ўргатишга таклиф қилиш йўлларини қидира бошлади. Гангоҳий ҳаж сафарига отланганида Таҳонавий ундан Ҳожи Имдодуллоҳга бир хатни бериб қўйишини илтимос қилди. Хатда буюк устоздан Гангоҳийни Таҳонавийга руҳий тарбиячиси бўлиши илтимоси ёзилган эди. Ҳожи Имдодуллоҳ Гангоҳийга қарата: «Майли, у билан ўзим шуғулланаман» деди ва мавлоно Таҳонавийга жавоб мактубини йўллади: «Ҳавотирланма, сени ўзим шогирдликка оламан». Мактубни ўқиган Таҳонавий жавобдан жуда хурсанд бўлди. Гангоҳий : «Биродарим, сен Ҳожи Имдодуллоҳни пишган мевасидан тишлабсан, бизлар эса ҳомини тишлаган эдик» деди. (Алви, 52). Мевадан мурод – билим. Гангоҳий ва унинг тенгдошлари Ҳожи Имдодуллоҳ берган билимларни ҳали у Ҳиндистон ярим оролида истиқоматда бўлганида олишган, Таҳонавий эса устознинг охирги ҳаёт даври мобайнида билим олди. Шунинг учун Ҳожи Имдодуллоҳнинг даргоҳида охирги йилларда олинган билим пишган мева билан, унинг аввалги ёш вақтларида берган илми – ҳали пишиб етилмаган мева каби қиёсланмоқда.
    Мавлоно Таҳонавий Ҳожи Имдодуллоҳни ўзининг биринчи ҳаж амалини адо этганида ҳижрий 1301-йилда (милодий 1884 йил) йўқлаганди, аммо у билан узоқ вақт бирга бўлмади. Ҳижрий 1310-йилда (милодий 1893-йил) мавлоно Таҳонавий иккинчи марта ҳажга чиқиб, уни тугаллагач, ўз устози билан олти ойга бирга қолди.
Билим савиясининг дарс бериш орқали ошиши
    Мадрасани тамомлагач Таҳонавий Канпур шаҳрида ўн тўрт йил давомида диний билимлар бериб келди. Қисқа вақт мобайнида у машҳур диний олим шуҳратини қозонди. Шогирдлари кўп эди, унинг ёзган илмий изланишлари эса ислом илми бойлигини янада тўлдирди. Мана шу ўн тўрт йил даврида у кўпгина шаҳар ва қишлоқларда инсонларни яхшиликка буюриш мақсадида дарслар билан қатнашди. Оз вақт ўтиб унинг дарслари дунё узра босма тарзда тарқала бошлади. Факат саноқли олимларнинг дарслари ўзларининг ҳаёт даврларида шундай босма тарзда оммалаштирилган эди. Инсонларни тўғри йўлга чорлаш истаги Канпурга қилган ташрифида янада сезиларли кучайди.
    Натижада, ҳижрий 1315-йилда у дарс беришдан тўхтаб, эътиборини Таҳона Баҳундаги устозининг диний марказини қайта тиклашга қаратди. Ҳожи Имдодуллоҳ бунга шундай деди: «Таҳона Баҳунга қайтиб яхши қилдинг. У ерда инсонларга ҳам руҳий, ҳам жисмоний мадад улашасан. Сени Таҳона Баҳундаги бизнинг мадрасамиз ва диний марказимизни тиклашингда кўп яхшилик бор. Мен эса сен учун Аллоҳдан ҳамиша дуодаман ва сенга бўлган эътиборим баланд» (Алви, 58).

Тасаввуф илми билимдони

    Тасаввуф илми билимдони бўлмиш Таҳонавий  «кўпчилик инсонлар томонидан замонавий Ҳиндистоннинг буюк сўфийларидан дея эътироф қилинган эди» (Меткалф, 157). Унинг тасаввуф илмига бўлган ёндошиши Қуръон ва ҳадисга тўлиқ монанд эди.
    Девбанд олимлари Ҳиндистон ярим оролини исломий мистицизмдан тозалашди ва тасаввуфни амалиётда қўллашди. Соф, бидъатсиз сўфийлик, ислом динини асоси ҳисобланади. Дорулулум Девбанд тўғри фикрлай оладиган тасаввуф олимларини етиштирадиган даргоҳ эди. Девбанд ҳаракати туфайли олам ҳам фақиҳ, ҳам сўфий олимнинг бир қиёфада бўлишини кўрди.

Диний интилишларининг натижа бериши

    Имом Шофеъий шундай деганлар: «Илм – сенинг ёдлаб олганинг эмас, балки сенга фойдаси теккани» (Навави, 43). Таҳонавийнинг илми ана шундай эди, у топган илм унинг даврида эмас, балки ҳозирги кун бутун дунё мусулмонлари учун фойда бериб келмокда. Таҳонавий топиб айтган ҳар бир сўз, тингловчи ёки ўқувчи қалбига кириб борар ва ундаги қора нуқталарни ўчирар эди. Дорулулум Девбандни олдинги муфтийси ва кейинчалик Покистоннинг у Ҳиндистондан ажралиб чиққанидан кейин буюк муфтийсига айланган Муҳаммад Шафеъ Усмоний, Мавлоно Таҳонавий хузурларида толиб сифатида тез-тез анъанавий исломий дарслардан сабоқ олиб турар эди. «У мавлоно Таҳонавийни диққат билан кузатарди. Таҳонавийнинг қизиқарли дарслари уни бу дунёдан батамом узиб, ўй ҳаёлини фақат ўзига қаратган эди. Ҳатто баъзида Усмоний қаттиқ таъсирланиб, ўрнидан жилиб ҳам кетарди» (Усмоний, 30).
    Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний шундай дейди:
    «Умматимизнинг шифокори» бўлмиш мавлоно Таҳонавий бизга қалб ҳасталиги учун тўғри давони танлай ола билиш кераклигини кўп айтарди. У инсонларни махсус ичимлик суви ёки муқаддас каломлар билан эмас, аксинча, у ёзиб берган дорилар – амалиёт эди» (Иршадат акобир, 25).

Таҳонавийнинг шогирд ва издошлари

    Мавлони Таҳонавийнинг шогирд ва издошлари – ҳозирги Жанубий Осиёнинг олимларидан иборат авлод десак, адашмаган бўламиз. Унинг издошлари Жанубий Осиё минтақасининг барча ерларида яшаб келишган ва имкон қадар инсонлар хизматида бўлишган. Унинг машҳур издошларидан Муҳаммад Тоййиб Қосимий (Дорулулум Девбанднинг асосчиси, Қосим Нонутвийнинг набираси, ва шу билан бирга Дорулулум  Девбанднинг қарийиб 50 йиллик, 1930 йилдан 1980 йилгача раҳбари), Муҳаммад Масийҳуллоҳ Ҳон (Ҳиндистоннинг Жалолобод шаҳридаги Мифтоҳулулум мадрасаси асосчиси, ўтган асрнинг машҳур диний олими), Муфтий Муҳаммад Шофеъ (Дорулулум Девбанднинг бўлинишидан олдинги вақтдаги бош муфтий, Покистонга ҳижратларидан кейин бугунги кундаги Покистонда энг йирик диний таълим мадрасаси Дорулулум Карачи асосчиларидан, шу билан бирга Покистоннинг бош муфтийси), Амритсарлик муфтий Муҳаммад Ҳасан (Покистондаги Лахор шаҳри Жамия Ашрофия асосчиси), мавлоно Ҳайр Муҳаммад Жаландарий (Покистондаги Мултон шаҳри Жамиъат хойрулмадорис асосчиси), Мавлоно Абдулборий Надавий, Саййид Сулаймон Надавий (буюк тадқиқотчи ва Шиблий Нўмонийнинг кўзга кўринарли шогирди, Таҳонавийга диний улғайиш йўлида мурожаат этган инсон), Абдулмажид Дарёободий, Салхатлик  мавлоно Асар Али, мавлоно Шамсулҳақ Фаридпури, мавлоно Муҳаммад Абдулғаний Пулпури, Ҳардовлик мавлоно Шайх Муҳаммад Аброрулҳақ, Ваджа Азиз ал-Ҳасан Мажзуб (буюк шоир ва сўфий, тўрт боблик «Ашраф ат-Таҳонавий» номли Таҳонавийнинг биографик китоби муаллифи), мавлоно Зафар Аҳмад Усмоний (ҳанафий фиқҳига оид 20 боблик «Иълоус-сунан» муаллифи), Муфтий Жамил Аҳмад Таҳонавий, мавлоно Шаббир Али Таҳонавий, Доктор Абдулҳай Орифий, мавлоно Муҳаммад Исо Иллаҳободий, Шимолий Вазиристонлик мавлоно Абдулҳамид, Ношерлик мавлоно Абдуссалом, Мадраслик мавлоно Муҳаммад Саид, Фатҳхпурлик мавлоно Васиюллоҳ, мавлоно Абдурраҳмон Камилпурий, Алигархлик мавлоно Жалил Аҳмад, Чандпурлик мавлоно Муртазо Ҳасан, Ромпурлик мавлоно Асадуллоҳ (кўп йиллар давомида Саҳаранпур шаҳридаги «Мазоҳирулулум» мадрасаси раҳбари), Пешаваралик мавлоно Фақир Муҳаммад, мавлоно Муҳаммад Юсуф Баннурий (имом  Термизийнинг «Сунан»ларига ёзилган «Маорифис-Сунан» тафсири), Қобуллик мавлоно Муҳаммад Наим ва муфтий Абдулкарим.

Қолдирган асарлари

    Мавлоно Таҳонавий жуда кўп бебаҳо асарлар муаллифи. Унинг адабиётда қолдирган китобларининг сони «800-1000 га яқин асарлар: маърузалар, тадқиқотлар, дарслар ва олий табақа ва сифатдаги китоблар» (Хважа, 7) Саййид Сулаймон Надавий шундай деган:
    «Мавлоно Таҳонавий Қуръоннинг муфассири. У унинг нима учун нозил бўлгани ва ҳикматларини баёнчиси бўлган. У фитналарга барҳам бериб, Қуръонга тааллуқли ҳар бир саволни бежавоб қолдирмади. Таҳонавий муҳаддис олим ҳам эди. У минглаб фатволар берган ҳақпарвар фақиҳ олим эди. У замонавий Ислом ҳуқуқлар туркумида кўплаб саволларни жуда эҳтиёткорлик билан энг саҳиҳ тадқиқотларга суянган ҳолда ҳал этди. У беқиёс хатиб эди. Мавлоно Таҳонавий юзлаб унинг насиҳатлари кенг оммалашган ажойиб ваъз айтувчи инсон бўлган.
    Мавлоно Таҳонавий сўфий эди. Ўз асарларида Таҳонавий шарқшунос олимларнинг Исломга нисбатан танқидларига жавоблар ёзган. Унинг модернизм принципларидаги хатолар таҳлили – шунчаки илмий  баён эмас. Ундаги асосий мақсад ақлий ва диний тушунчаларни тўсувчи тўғонларни бузиб ташлаш ва ўз ҳаётида шариат буюрган ишларни қилувчи мусулмонларни сонини кўпайтиришдир» (Наиим, 81).
    Унинг асарлари;
1. Баёнул-қуръон (урду тилида).
2. Ат-тақсир фит-тафсир.
3. Жамиъул-аасор (ҳадис).
4. Табиъул-аасор (ҳадис).
5. Имдодул-фатаво (фиқҳ).
6. Беҳишти зевар (аёллар фиқҳи).
7. Тахзийрул-ихвон анир-рибо фил Ҳиндистон.
8. Рофиъуз-зонк ан манафиъил-банк.
9.  Ал-иқтисод фит-тақлид вал ижтиҳод.
10. Ал-интибоҳотул-муфида фил-иштибоҳотил-жадида. 
11. Шаҳадатул-ақвом аъла сидқил-ислам.
12. Ал-иксийр фий исбатит-тақдир.
13. Дироятул-исмат фир-родди аъла фалсафати ҳидаятил ҳикмат.
14. Масоъилус-сулук мин калами маликил-мулук.
15. Ат-ташарруф бимаърифати аҳадийсит-тасаввуф.
16. Шарҳул-маснавий ли-Мавлоно ар-Румий. 23 жилдда
17. Маъорифул-ъавориф.
18. Ат-такашшуф ан муҳиммаатит-тасаввуф.
19. Талхийсул-бидоя лил- Ғаззолий.
20. Ҳаётул-муслимин.
21. Таълимуд-дин.
22. Фуруъул-имон.
23. Жазаъул-аъмоол.
24. Адаабул-муъашара.
25. Ҳуқуқул-ислом.
26. Иршодул-ҳаъим фий ҳуқуқил-баҳааим.
27. Ислоҳур-русум.
28. Ҳифзул-имон.
29. Ағлотул-авом.
30. Ҳуқуқул-илм.
Улардан машҳурлари деярли барча хонадонларда топилувчи «Беҳишти Зевар», мусулмон оиласининг исломда қандай яшашлиги ҳақида ҳикоя қилувчи китоб. Таҳонавийнинг ёзган асарлари бебаҳо бўлишига қарамасдан у китобларини даромад топиш мақсадида ишлатмади.

Таҳонавийнинг Қуръони каримга бўлган қизиқишлари

Таҳонавий  Канпурда илм бераётган чоғларида тушларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салланинг амакисининг ўғли, саҳобалар орасида энг билимдон Қуръон муфассири, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кирган эди. Бу туш олимнинг шу йўналишда фаолият олиб боришлари учун бир белгидек эди. (Алви, 297). Саййид Сулаймон Надавий шундай дейди: «У шунчаки оятларни ёдда сақлабгина қолмай, балки унинг маъноларини ҳам билар эди» (Алви, 297). Гапиришда давом этаркан: Таҳонавий беқиёс қорилардан эди, у маҳраж билан – тўғри ўқир эди. Мавлоно Таҳонавий ҳеч кимга бу борада тақлид қилган эмас, овозини оҳанграбо қилишга ҳам уринмаган. У доимий овозида, бутунлай оят маъноларига шунғиган ҳолатда ўқир эди» (Алви, 297)
Таҳонавий Қуръонни ҳар-хил усулда ўқиш билағони эди. У ҳар-хил усулда Қуръонни ўқиш ҳақидаги машҳур ҳадисларни «Вужуҳул-Масоний» китобида, кам учрайдиган ҳадисларини «Зиядатул-кутубур-ривоят» китобида жамлаган. Қуръон ўқиш илмига яна «Жамалул-Қуръон», «Тажвидул-Қуръон», «Рофъул-ҳилоф фий ҳукмил-авқоф», «Муташобихотул-Қуръон лит-тарових» ва «Адабул-Қуръон» асарлари бағишланган. Таҳонавийнинг чуқур илми ва Қуръон муфассири бўлиши унинг Қуръонни урду тилидаги тафсирида яққол  намоён бўлган. Унинг 12 боблик «Баёнул-Қуръон» тафсири ҳудди 20 дан ортиқ бошқа тафсирлар китобига тенг кела олади (Алви, 323). Саййид Сулаймон Надавий шундай дейди: «Унинг тафсирлари аллома Алус ал-Бағдодийнинг «Руҳул-маъоний» сига асосланади, ва бу тафсир ҳижрий XIII-аср ўрталарида ёзилгани туфайли у Қуръон тафсирларини ҳамма аввалгиларини ўз ичига олади (Алви, 299).
Мавлоно Таҳонавий Жассос ва бошқа олимлар сингари Қуръон далилларини Ҳанафий мазҳаби бўйича ечар эди. Аммо соғлиқлари оғирлашгани туфайли, ҳаётлари охирида «Далоилул-Қуръон аъла мазҳабин-Нўмон» китобини ўз қўллари билан ёзиш бахти насиб этмади. Олимнинг орзуси унинг уч шогирдлари ва издошлари томонидан Таҳонавийнинг уларга тушунтирган сўзларини ҳуқуқий қонунлар тўпламига қўшиш билан амалга оширилди. Бу араб тилидаги «Аҳкомул-Қуръон литтаҳонавий» номли қуръоний ҳуқуқ китоби 5 бобдан иборат бўлиб, унга муфтий Муҳаммад Шафеъ, мавлоно Муҳаммад Идрис Кандеҳлавий ва мавлоно Зафар Аҳмад Усмоний муаллифлик қилишган. Мавлоно Абдулборий Надавий айтади: «Мавлоно Таҳонавий Қуръондан Ҳанафий мактабини қувватловчи далилларни келтирганида биз унга лол қолар эдик. Бу далиллар оятларда доимо мавжуд эди, аммо бизнинг идрокимиз буни ечимини топиб бера олмасди. Бу каби тушунчалар барча фитналарга, иккиланишларга барҳам бериб, бизларни оятлардан ҳамма фойдали билимларни олишимизни таъминлар эди» (Алви, 303).

Мавлоно Таҳонавий – Аллоҳга чақирувчи инсон

    Инсонларни Исломга ва Буюк Арш эгаси Аллоҳ Азза ва Жалла томонга чақирув Таҳонавий ҳаётида муҳим ўрин эгалларди. У жуда тартиб-интизомли, ўзи сафарда берадиган дарсларини олдиндан режалаштирар эди. Минглаб одамлар шу дарсларни эшитиш учун ташриф буюришарди. Дарслар 2, 3 ва баъзида 5 соатгача давом этарди. Мавлоно Таҳонавий мусулмонлар ҳатто куфр ёқасига келиб қолган ерларда, Меват вилоятида ҳам бўлган. Унинг илк сафари бу вилоятнинг Алвар шаҳрига бўлган 1922-йилдаги ташрифи билан бўлган. Мавлоно Таҳонавий Канпур шаҳрининг Гажнер қишлоғига ҳам, Ария Самаж исмлик инсон у ердаги мусулмонларга ҳиндуизмни даъват эта бошлаганида келди. Мавлоно Таҳонавийнинг донолиги ва гўзал сабри билан у ерлик «аҳолини диндан қайтмаслик ҳақидаги аҳди (вадаси)» олинди (Масуд, 55). Ўз динидан воз кечиш ҳодисаларини кўпайишини олдини олиш мақсадида у «Ал-Инсидад ли фитна ал-иртидад» китобини ёзди (Масуд, 54).

Дин аҳкомларига нотўғри бўлган анъанавий удумларни илдизи билан йўқотишлари

    Ҳар-бир ҳаққоний исломни тикловчи инсон одамлар ўз динларида тўғри деб ҳисоблаб юрган асли ношаръий одатларга барҳам беради. Ўзининг оғзаки ва ёзма баёнотларида мавлоно Таҳонавий барча диндаги зарарли бидъатларга қарши курашиб, Исломни аслий Қуръон ва ҳадис кўзи билан кўра билишга мусулмонларни чорларди. Таҳонавий мусулмонларни жаҳолатда қолиб, динда кераксиз бўлган амалларни тўғри деб бажаришларидан қаттиқ тушкунликка тушарди. Шу муаммога оид кўплаб китоблар ёзди. Жумладан: «Ағлотул-авом» номи билан машҳур китоб одамлар орасида кенг тарқалиб бораётган ношаръий амалларни тўхтатиш учун ёзилган эди. Бу китобда динга кириб келган янги бидъатлар, ибодатлар ва одамлар орасидаги маиший муомалалар устида бахс юритилган. Таҳонавийнинг оғир босимли тўғри танланган услуби диний кўрсатмаларни ифрот ва тафритсиз тинч йўл билан ўз изига тушишини таъминлади. 

Қаноат ва соддаликлари

    Муфтий Муҳаммад Тақий Усмонийнинг айтишларича: умматнинг шифокори Ашраф Али Таҳонавий тез-тез: «Мен ўзимни мусулмонларнинг энг пасти ва балки, келажакда номусулмонларнинг энг пасти деб биламан» деб айтарди. («Иршодаатул-акобир», 25). Мусулмонларнинг энг пасти ва келажакда номусулмонларнинг ҳам энг пасти деб айтишларини боиси, номусулмон киши келажакда ислом динини қабул қилиб, Таҳонавийдан ҳам тақво ва илмда ўзиб кетиши мумкин. Таҳонавий бошқаларга нисбатан кўпроқ ўзи устида кўп ишларди. Бир кун, унга кўп дарсларни ўтиб беришга тўғри келиб қолганида шундай деди: «Ҳар сафар ўзимда камчиликларни топганимда, мен мана шу нуқсонни очиқ ва равшан гапираман. Бу жуда қўл келувчи ва таъсирли услуб. Менинг «Ғазаб» деб номланган нутқим шунга далил бўла олади» (Алви, 131). Бошқа бир сафар мавлоно Таҳонавий тасбиҳотдан кейин деди: «Мен ҳеч ҳам ўз камчиликларимни қалбим ва ақлимда муҳокама қилишни ёддан чиқармайман. Ҳар сафар бирор шогирдимни тўғри йўлга чақирганимда, аввало ўзимни ҳам текшираман ва тўхтовсиз Аллоҳнинг ғазабидан паноҳ тилайман» (Алви,131).

Буюк олимнинг ҳаётдан кўз юмишлари

    Мавлоно Таҳонавий ҳалқ иймонини янгилаш мақсадида жуда кўп меҳнат қилдилар ва ўзларидан бутун Жанубий Осиё субконтиненти бўйлаб тарқалган издошларни тарбия қилдилар. Унинг меҳнати туфайли кўплаб мусулмонлар ҳақиқий ислом илмига қайтишди, десак муболаға бўлмайди. Мавлоно Таҳонавий ўз она қишлоқларида ҳижрий 1362-йил (милодий 1943-йил 4-июль) Ражаб ойининг 2-кунида вафот этдилар. Жаноза намозини жиянлари, буюк ҳадисшунос олим Зафар Аҳмад Усмоний ўқиб бердилар. Мавлоно Таҳонавий Ишқи Базан қабристонига дафн қилиндилар. Бу каби ислом тарихида ёрқин из қолдирган барокатли олимни унинг динга қилган чексиз меҳнатлари, нутқлари, маърузалари, дарслари туфайли ёдда тутамиз. Унинг асарлари ҳанузгача инсонларга Қуръон ва суннатни тушунишда сабоқ бериб келмоқда.

Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институти
2014-йил битирувчиси Мўминов Авазбек.


8 йил аввал 14645 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фахруддин Қозихон ва унинг илмий мероси
Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихида X —XIII асрлар буюк фақиҳлару мужтаҳид алломалар даври деб эътироф этилади. Бу даврда ҳанафий мазҳабида ёзилган имом ас-Сарахсийнинг " ал-Мабсут", имом Бурҳонуддин Маҳмуднинг давоми...
8 йил аввал 5512 Акмал Икромжонов
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Басра мадрасаси
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди. Куфа ва давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қозилар
Абу Ҳанифа Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари ичида ўн тўрт нафари қози ал-қузот ва оддий қозилар бўлганлар. Ҳанафийлик мазҳабининг ривожланиши, исломий мамлакатларга тарқалишида мана шу қозиларнинг давоми...
1 ўн йил аввал 4625 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ваҳба аз-Зуҳайлий
1932-мелодий йили Дамашқнинг Дияри атийя шаҳарчасида дунёга келдилар. Оталари Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, Қуръонга қаттиқ амал қилувчи, набавий суннатга ошиқ, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланувчи зот эдилар. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Етти нафар фақиҳ саҳоба
Cаҳобаларнинг умумий сони ҳақида тадқиқотчилар ихтилоф қилганлар. Улар 30 минг нафардан 90 минг нафаргача дейилган бўлса-да, барчалари фиқҳий салоҳиятда тенг эмаслар. Фиқҳий фатво бериш билан шуғулланган ёки фавто давоми...
1 ўн йил аввал 5667 Ҳамидуллоҳ Беруний