عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ نَابَهُ شَيْءٌ فِي صَلَاتِهِ فَلْيُسَبِّحْ، فَإِنَّهُ إِنْ سَبَّحَ الْتُفِتَ إِلَيْهِ، وَإِنَّمَا التَّصْفِيقُ لِلنِّسَاء
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кимга намозда бир нарса ориз бўлса, тасбеҳ айтсин. Чунки, тасбеҳ айтса унга илтифот қилинур. Қарсак аёллар учундир» дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Намозхон эркакка бир зарарни даф қилиш учун тасбеҳ эҳтиёжи тушса, «Субҳаналлоҳ» деб, тасбеҳ айтади. Аёл киши эса шу мақсадда қарсак чалади.
Абдул Барр: Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Кимга намозда бир нарса ориз бўлса тасбеҳ айтсин" деган сўзларига биноан имомга луқма бериш жоиз эканлигига далил бордир. Агар тасбеҳ айтиш жоиз бўлса, демак тиловат ҳам жоиздир, деди.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: Намозда унга бир нарса ориз бўлса кишига луқма беришдаги суннат, изн сўраган кишига (жавоб беришга) билдиришга ўхшайди. Имомни огоҳлантириш ва бундан бошқа нарсаларда, агар эркак киши бўлса тасбеҳ айтишидир.
Мисвар ибн Язид Моликийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқидилар. Бас у зот бир оятни ташлаб кетдилар. Шунда бир киши:" Эй Аллоҳнинг Расули, фалон, фалон оятни ташлаб кетдингиз" деди. У зот:"Уни менга эслатиб қўйсанг бўлмасмиди?" дедилар.
Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Табароний ва Байҳақийлар ривоят қилишган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётиб(қироатда) адашдилар. Бас у зот намоздан фориғ бўлгач, Убай ибн Каъбга:"Биз билан бирга ҳозир эдингми?" дедилар. У: "Ҳа" деди. Шунда у зот: "Менга луқма беришингдан сени нима ман қилди?" дедилар.
Абу Довуд, Бағовий, Табароний, Байҳақий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилишган.
Анас розияллоҳу анҳунинг:
"Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида имомларга луқма берар эдик", деган қавли ҳам бор.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Агар имом сендан таом сўраса, уни таомлантиргин".
Имом Нававий: "Мазҳабимиз уни маҳбуб кўрган" деди.
Ибн Мунзир Усмон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Амр, Ато, Ҳасан, Ибн Сийрин, Ибн Маъқол, Нофеъ ибн Жубайр ва Исҳоқлардан ривоят қилиб, "Мен талқинга ҳукм қиламан" деди.
Санъоний айтади: Агар имом қироатда адашиб тўхтаб қолса, муқтадий(иқтидо қилувчи)ни имомга оятни қайтармоқлиги мустаҳабдир, ҳудди намоздан ташқаридаги киши учун(луқма бериш) мустаҳаб бўлганидек.
Ибн Абдул Барр деди: Саҳобалардан унга ҳеч қандай мухолиф йўқ. Бу бобнинг асли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг : "Агар сизларга намозингизда бирор нарса ориз бўлса, бас тасбеҳ айтинглар" деган сўзларидир.
Вақтики, унга ориз бўлган нарса учун тасбеҳ айтиши мубоҳ экан, имомга луқма бериши мубоҳ бўлишга авлороқ (афзалроқ) дир.
"Муқниъ" китобида: "Агар имом тутилиб қолса, муқтадий унга луқма бериши лозим бўлади" дейилган. "Инсоф" китобида эса: "Бу асҳобларнинг жумҳури иттифоқ қилган мазҳабдир" дейилган.
"Муғний" китобида: "Тутилиб қолган имомга луқма берса ёки адашиб қолган имомга қайтартирса, фарз намозида бўлсин хоҳ нафлда, бунинг зарари йўқ" дейилган.
Шавконий раҳматуллоҳи алайҳ:" (Бу масалада) Ҳосили калом, имомга унутган оятига луқма бериш, рукнлардан бирортасида саҳв ва хато қилса тасбеҳ билан огоҳлантириш собит бўлган суннатдир ва шариатда белгиланган йўлдир. Имомга луқма бериш намозни бузади дейиш ботил гапдир.
ИМОМГА ЛУҚМА БЕРИШ ОДОБЛАРИ
1) Агар имом эсдан чиқарган ҳолда фотиҳа сурасидан бошқаси билан бошласа, тасбеҳ билан огоҳлантириш афзалдир. Агар имом тушунса тушунди тушунмаса, овозлар аралашиб кетмаслиги ва шовқин пайдо бўлмаслиги учун Фотиҳанинг аввалини ўқиб эслатади.
2) Имом Фотиҳа сурасида أَنْعَمْتَ "анъамта" калимасидаги ўрнига "то" ҳарфини заммалик қилиб أَنْعَمْتُ "анъамту" ёки أَنْعَمْتِ "анъамти" деб маънони ўзгартирадиган нарса билан хато қилса, бу ҳолатда муқтадийни тасбеҳ айтиши афзалдир. Агар имом жим турса, муқтадий унинг хатосини тўғирлайди.
3) Агар имом бир оятни эсдан чиқариб тўхтаб қолса (яъни муқтадийлардан луқма сўраса) шовқин ва аралашиб кетишдан омонда бўлса, имомга тасбеҳ билан луқма беришга ҳожат йўқ. Бу ҳолатда муқтадий имомга тўғридан-тўғри оятни ўқиб луқма беради.
4) Агар имом бир оятни эсдан чиқарса ва тўхтаб млардан луқма сўраса, унга бирор киши луқма бермаса, бу ҳолатда имом бошқа сурага ўтади ёки рукуъ қилади.
5) Агар имом "إن الله يحب الكافرين" деб ёки "إن الله لا يحب المتقين" далилсиз иймон келтириш зарур бўлган ақийдавий масалаларга оид оятларни ўзгартириб ўқиса, масалан юқоридаги каби "Аллоҳ муттақинларни севмас" ёки "Аллоҳ кофирларни яхши кўради" деб хато қилса, бу ҳолатда имомни огоҳлантириш мақсадида муқтадийнинг тасбеҳ айтиши афзалдир. Сўнг оятнинг хатосини тўғирлаган ҳолда ўқиб имомга луқма беради. Чунки у имомдан кўра хаёли жойида бўлади.
6) Агар имом қасд қилмасдан хато қилиб, маъноси эътиқодга хилоф бўладиган ўринда тўхтаса, масалан:
أَلَا إِنَّهُم مِّنْ إِفْكِهِمْ لَيَقُولُونَ وَلَدَ اللَّهُ وَإِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ
151. Огоҳ бўлингким, улар ўз уйдирмаларида дерлар:
152. «Аллоҳ туғди». Албатта, улар ёлғончилардир.
оятларда биринчи оятнинг охири «Огоҳ бўлингким, улар ўз уйдирмаларида дерлар» да ва "وَلَدَ اللَّهُ" «Аллоҳ туғди» деган жумладан сўнг тўхтаса, бу ҳолатда муқтадий имом икки оятни қироатида чалкашиб кетмаслиги учун тасбеҳ айтиб имомни тўхтатади.
Сўнг оятни аввалидан ўқиб луқма беради. Шу билан намоз дуруст бўлади.
Шу ўринда "Фатавои Оламгирия"дан бир фатвони келтириб ўтамиз. "Фавоид"да зикр қилинган : "Намозда маъно бузиладиган даражада фоҳиш хато билан қироат қилинса, сўнг ўша оятни тўғри ҳолда қайтадан қироат қилса, менинг наздимда унинг намози дуруст. Шунингдек эъробида хато қилиб, қайтадан тўғрилаб ўқиса". (Фатавои Оламгирия).
7) Агар имом муташобиҳ оятларни ўқиётиб бир сурадан бошқасига ўтиб кетса, бу ҳолатда муқтадий тасбеҳ айтиб имомни тўхтатади. Сўнг унга оятни тўғри ҳолда ўқиб беради.
8) Агар имом ман қилинган ўзгартириш билан ўқиса, муқтадий имомни огоҳлантириш учун тасбеҳ айтиши авлодир. Агар имом танбеҳни қабул қилмаса, тўғрисини ўқиб унга луқма беради.
9) Агар муқтадийлардан бири "имом қироатда хато қилди" деб унга ўзи ҳам хато луқма берса, намоздаги мустахлаф (сомеъ ва имомнинг намози бузулса ўрнига ўта оладиган киши) имомга тасбеҳ айтиши авлодир. мустахлафдан бошқалар баттар чалкаштирмаслик учун жим турадилар. Сўнг мустахлаф имомга оятнинг тўғри кўринишини ўқиб беради.
10) Ҳофиз сомеъ(имомнинг хатоларини тўғрилаб турувчи)га "Вов" ҳарфини "Фо" ҳарфига алмаштириш ёки унинг акси бўлган имомдан содир бўладиган намозни бузмайдиган хатолардан кўз юмуши вожиб бўлади.
11) Агар имом сукут қилса, луқма беришга муқтадийнинг шошилмаслиги керак. Чунки унинг бирор оятда сукут қилиши ўша оятда келган жаннатни сўраши ёки дўзахнинг зикри келган бўлса, ундан паноҳ сўраши учун бўлиши мумкин.
12) Муқтадий ўзи ёдлагани пухта ва имомнинг хато қилганига аниқ ишонсагина имомга луқма бериши мумкин. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Убай ибн Каъбни Қуръонга моҳир бўлгани учун ("Менга луқма беришингдан сени нима ман қилди?") деб сўраганлар.
13) Агар имом мутавотир қироатларнинг олими бўлса, муқтадийга қироат ҳарфларидан бир ҳарфда луқма бериши ҳалол эмас. Эҳтимол имом муқтадий билмайдиган ривоят ёки қироатни ўқиётгандир.
14) Муқтадийларнинг барчаси учун ҳар тарафдан имомга луқма бериш жоиз эмас. чунки угндай қилинса имом чалкашиб кетади. Шунинг учун имомга унинг орқасида унга ўринбосар бўлиб турган ёки яқинидаги киши луқма бериши керак.
15) Муқтадий киши имомнинг қироатини кузатиш ва унинг хатоларини тўғирлаш учун қўлида мусҳаф кўтариб олиши жоиз эмас. Чунки у намозда турибди, ўрганиш ва ўргатиш мақомида эмас. Ундан кейин, мусҳафни ушлаб туриш ва очиб ёпиш намоз амалларига зиддир.
16) Имомга луқма беришда муқтадийнинг нияти ҳолис Аллоҳ учун бўлиши вожибдир. Агар муқтадий ўзини кўрсатиб қўйиш ва Қуръоннинг ҳифзи ва итқонида ўзини намоиш қилиш учун қилса, амалини ва унинг ажри ҳабата бўлади ва намози ботил бўлади.
17) Намоз ўқиётган киши бошқа намоздаги кишига ёки намозда бўлмаган кишига луқма бериши макруҳдир. Чунки унинг бу иши уни намозидан машғул қилади. Батаҳқиқ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: " Албатта намозда машғуллик бор" деганлар.
18) Ҳофиз бўлмаган Қуръонни устоздан ёд олмаган кишига бировлардан эшитган нарсасидан имомга луқма бериш жоиз эмас. Эшитгани бошқа оят, имом ўқиётган бошқа оят бўлиши мумкин.