Ушбу такбирдан кейин намоз бошланади ва ундан аввал дуруст бўлган еб-ичиш, юриш, гапириш ва намоздан ташқарида бўладиган жуда кўп ишларни қилиш ҳаромга айланади. Шунинг учун ҳам бу такбирни “Такбири таҳрима” дейилади. Унинг саҳиҳ ва намозни дуруст бўлиши учун шарт қилинган шартлар : бадани пок, жойи пок, сатри аврат, қиблага юзланиш, вақт кабилар топилишидир. Шунингдек намозга киришувчи қиёмда бўлиши ҳам шарт. Албатта бу фарз билан вожибга тегишли бўлиб, нафлларда шарт эмас.
Иқтидо қилувчи имомни рукуъда топса ва рукуъ қилган ҳолида такбир айтса, намозга кирган бўлмайди. Шунинг учун “Аллоҳу акбар”ни тўлиқ қиёмда турган ҳолатида айтган бўлиши шарт. Агар “Аллоҳ” лафзини қиёмда, “акбар” лафзини рукуъда айтган бўлса ҳам намозга кирган бўлмайди. Шунинг учун аввал қиёмда “Аллоҳу акбар”ни айтиб намозга киради ва кейин такбир айтиб, рукуъга кетади. Бемор киши ҳассага суяниб бўлса ҳам такбир айтиш миқдорича қиёмга қодир бўлса, ўтириб ўқиши, яъни ўтирган ҳолда такбири таҳримани айтиши жоиз эмас. Қўлни боғлаш суннат. Такбири таҳримага эса қиём шарт. Шунинг учун суннатни тарк қилиб бўлсада шартни адо қилиш керак. Саҳиҳ қавлга биноан ҳасса билан ҳам тура олмайдиган, бировнинг ёрдами ила тура оладиган киши ўтириб такбири таҳрима айтса жоиз. Бундан ташқари такбири таҳриманинг лафзига тегишли бир неча шартлар бор.
1- такбири таҳримада “Аллоҳу акбар” лафзини айтиш вожиб. Лекин унинг ўрнига “Субҳаналлоҳ” ёки “Лаа илааҳа иллаллоҳ” каби Аллоҳнинг таъзимига далолат қилувчи лафзлар билан бўлиши ҳам жоиз. Таъзимга далолат қилувчи бўлиши шартлигидан дуо ва ҳожатни ўз ичига олувчи лафзлар билан бўлмайди.
2- такбир таҳрима адо бўлиши учун бутун жумла айтилган бўлиши керак. Агар “Аллоҳу акбар” дейиш ўрнига “Аллоҳ” ёки “акбар” лафзларини ўзини айтса, таҳрима адо бўлмайди ва намозга кирган бўлмайди. Шунингдек “Аллоҳу акбар”ни талаффуз қилаётганда иккисидан бирини ўзи ҳам эшитмайдиган даражада махфий қилса намозга кирган бўлмайди.
3- жумлада Аллоҳ таолони зикрининг ўзигина бўлиб, дуо, ҳожат аралашмаслиги керак. Шунинг учун намозга киришаётган одам таажжубни ният қилиб, яъни бирор нарсадан ажабланганлиги туфайли “Аллоҳу акбар”ни айтиши билан намозга кирган бўлиб қолмайди. Балки таъзим ва намозга киришаётганини ният қилган бўлиши керак.
4- намозхон такбири таҳримада “Аллоҳу акбар” ўрнига “Бисмиллаҳи роҳмани роҳийм” деса намозга кирган бўлмайди.
5- “Аллоҳу акбар” лафзида хоҳ унутиб, хоҳ қасддан Аллоҳнинг “А”сини ҳамда акбарнинг “А”сини мад қилиб “Аааллоҳу” ёки “Ааакбар” деса ҳам уламоларнинг наздларида намозга кирган ҳисобланмайди. Чунки унда маъно “Аллоҳ улуғми?” деган бўлиб қолади. (Зодул фақир).
6- "акбар" лафзининг “Б” билан “Р” ҳарфлари орасига мад киритиб “Акбар” ўрнига “Акбаар” деб “Б”ни чўзиб ўқиса, саҳиҳ қавлга биноан намозга кирган бўлмайди. Чунки унда ҳам маъно ўзгаради. “Муния”нинг шарҳи “Кабирий”да “Акбар”нинг ўрнига “Акбаар” деб ўқиса намозга кирган бўлмайди. Агар намоз орасида шундай деса намози бузилади. Чунки “Акбаар” шайтоннинг исмларидан биридир. Бир қавлда у “кабар” сўзининг кўплиги бўлиб, дўмбара маъносини англатади. Баъзи уламолар “намозга кирган бўлади ва намози бузилмайди. Чунки у ишбоъдир” деганлар. Лекин биринчи гап саҳиҳдир. Шунинг учун бундай қилган киши намозини қайтадан ўқиши вожиб бўлади. (Фатавои Раҳимия).
7- “Аллоҳу акбар” лафзида “Аллоҳ” сўзининг “ҳ”сини тушириб қолдирмаслик.
8- "Аллоҳ" лафзининг ломида мадни хазф қилмаслик. Яъни “л” билан “ҳ”нинг орасидаги “о”ни икки ҳаракат чўзиб ўқиш керак. Гўё “Аллооҳ” дейиш керак. 7-8-суратлар топилмаганда намозга кириш ёки кирмагани хусусида уламоларнинг ихтилофи бор. Эҳтиёт бўлиш керак.
9- "Аллоҳ" лафзининг “ҳ” ва “акбар” лафзининг “р”сини ишбоъ қилиб ўқимаслик керак. Яъни “Аллооҳуу акбаруу”, ёки “Аллооҳуу акбар” қилиб. Аксар намозхонлар “акбар” лафзида ишбоъ қилмасаларда, саждага кетиш ёки ундан қайтишда “Аллооҳуу” деб чўзадилар. Бунда ҳам луғат жиҳатидан хато қилинган бўлади. Лекин намоз бузилмаслиги саҳиҳдир.
10- араб тилини билган киши арабча “Аллоҳу акбар” деб арабча такбир айтиши керак.
11- такбири таҳримани кар бўлмаган киши ўзи эшитадиган даражада айтиши шарт. Агар овозини чиқармай тилини қимирлатиш ёки дилдан ўтказиш билан кифояланса намози дуруст бўлмайди.
12- ният билан такбири таҳрима айтиш ўртасида узилиш ва ниятга зид бўлган ишларни қилиш жоиз эмас.
13- такбири таҳрима ниятдан олдин бўлмасин. Агар такбирни айтиб, кейин қайси намозни ўқиётганини ният қилса, намози дуруст бўлмайди.
14- иқтидо қилувчининг таҳримаси имомнинг таҳримасидан аввал бўлмаслиги. Икки имом : “Имом “Аллоҳу акбар”нинг “р”сини айтганида, иқтидо қилувчи такбир айтишни бошлайди” деганлар. Иқтидо қилувчи “Аллоҳ” лафзини имомдан кейин, лекин “акбар” лафзини имом акбар дейишидан аввал тугатса, имомга иқтидо қилган бўлмайди. Яъни имомга иқтидо қила туриб, имомдан аввал намозга кирган бўлади. Бундай бўлиши муқтадийнинг намозини дуруст бўлишидан тўсади. Аксар ҳолатларда иқтидо қилувчилар қўлларини кўтариб, такбир айтишга шай турадилар. Имом эса овозини чўзиб “Аллоҳу акбар” дегунича муқтадий тездан “Аллоҳу акбар”ни айтиб, имомдан олдин қўлини боғлаб, намозга кириб олган бўлади. Чунки у имом каби такбирни чўзиб айтмайди. Бундай ҳолатда унинг иқтидоси жоиз эмас ва намозини қайта ўқиши вожиб бўлади.