Талоқнинг воқеъ бўлишини келажакда бирор ишнинг бўлишига ёки бўлмаслигига, ёки бирор вақтга, ёки ҳодисага, ёки бирор шартнинг топилишига боғлиқ қилиш талоқни таълиқ қилиш дейилади.
Масалан, эр аёлига: «Фалончининг уйига борсанг» ёки «Фалончи билан гаплашсанг», ёки «Шомгача ёки шомдан кейингача уйга келмасанг», ёки «Боламга бирор нарса бўлса, сенга талоқ», дейиши каби.
Талоқни таълиқ қилишнинг ҳукми
Талоқ таълиқ қилинган ишлар содир бўлса, аёлга ражъий талоқ воқеъ бўлади.
Таълиқ қилинган талоқнинг воқеъ бўлиш шартлари
Таълиқ қилинган талоқнинг воқеъ бўлиши учун бир неча шартлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар:
1. Талоқ қўйиш учун эр ақлли, болиғ бўлиши шарт бўлгани каби, талоқни таълиқ қилишда ҳам бу нарса шартдир;
2. Талоқ таълиқ қилинган ёки шарт қилинган нарсалар амримаҳол ишлардан бўлмаслиги. Масалан, бир киши аёлига: «Қачон осмон ерга тушса, сенга талоқ» ёки «Игна тешигидан туя ўтса, сен талоқсан», деса, унинг сўзи бекор бўлади ва бу билан аёлга талоқ воқеъ бўлмайди;
3. Талоқ таълиқ қилинган нарса ҳозир ёки келажакда топилиши мумкин бўлсин. Масалан, эр аёлига: «Фалончи киши билан гаплашсанг, сенга талоқ», деса, лекин у киши Америкада бўлса, қачон аёл у киши билан гаплашса, талоқ воқеъ бўлади. Агар у киши аёл билан гаплашишидан олдин вафот этиб кетса, эрнинг айтган сўзи бекор бўлади. Шунингдек, бир киши аёлига: «Фалон уйга кирсанг, сенга талоқ», деса ва у уй бузилиб кетса, эрнинг сўзи бекор бўлади. Кейинчалик, ўша уй ўрнига бошқа уй солинса-ю, аёл унга кирса ҳам талоқ воқеъ бўлмайди;
4. Шарт ва жазо жумлалари муттасил бўлиши лозимдир. Шунинг учун агар бир киши шарт ва жазо орасига бирор бошқа гапни аралаштириб юборса ёки одатда бўлмайдиган узоқ сукут қилса ёки мажлисни ўзгартирса, бу сурат таълиқ дейилмайди. Балки мутлақ талоқ бўлиб, аёлга ўша заҳоти талоқ воқеъ бўлади. Масалан, бир киши аёлига: «Сенга талоқ», деб, бошқа кишига икки оғиз гап гапирса ёки чой ичса, ёки бир-икки дақиқа жим турса, ёки уйнинг ичига кириб, ташқарига чиқса ва эр аёлга: «Қачон у уйга кирсанг», деб айтса, аввалги жумлага биноан, яъни эрнинг «Сенга талоқ» деган аввалги сўзига асосан ўша заҳоти талоқ воқеъ бўлади. Эр томонидан айтилган иккинчи жумла бекор бўлади, чунки аввалги жумла билан иккинчи жумла орасига одатда бўлиши мумкин бўлмаган фосила тушиб қолди;
5. Хоҳиш ва иродасини билиш мумкин бўлмаган нарсаларга ёки зотга талоқни таълиқ қилиш дуруст эмас. Масалан, Аллоҳ тало, фаришта, жин, ҳайвон ва ўсимликлар каби. Мисол учун, бир киши аёлига: «Аллоҳ таоло хоҳласа, сенга талоқ» ёки «Фаришта хоҳласа, сенга талоқ», ёки «Қўй хоҳласа, сенга талоқ», ёки «Бу дарахт хоҳласа, сенга талоқ», деса, ушбу жумлалар билан на ўша заҳоти талоқ воқеъ бўлади ва на талоқ таълиқ қилинган бўлади. Балки эр томонидан айтилган ушбу жумлалар бекор бўлади. Агар ушбу жумлаларни талоққа муттасил қилиб айтмаса, ўша заҳоти талоқ воқеъ бўлади. Бир киши аёлига: «Зайд хоҳласа, сенга талоқ», деса, таълиқ эмас, балки тавфийзу талоқ бўлади ва Зайд талоқни хоҳласа, талоқ воқеъ бўлади;
6. Талоқнинг шартини ёнидагилар эшитадиган даражада қаттиқ овоз билан айтиш лозим. Агар талоқни баралла айтиб, шартини паст овоз билан айтса, талоқ воқеъ бўлмайди. Масалан, талоқ ва шартнинг иккаласини талаффуз қилиш шарт эмас. Чунки талоқни айтиб, истиснони, яъни «Иншааллоҳ»ни қоғозга ёзса ёки аксинча қилса, яъни истиснони айтиб, талоқни зикр қилса, гарчи ёзган ёзувни ўчириб юборса ҳам, талоқ воқеъ бўлмайди. Масала: эр талоқни талаффуз қилганидан кейин истиснони айтишдан олдин вафот этиб қолса, талоқ воқеъ бўлади;
7. Истиснонинг маъносини билиш шарт эмас. Шунга асосан, аёлга талоқ қўйгандан кейин кетидан эрнинг оғзидан ўз-ўзидан «Ин шаа Аллоҳ» жумласи чиқиб кетса, талоқ воқеъ бўлмайди;
8. Талоқни таълиқ қилишда шак бўлмаслиги. Шак билан талоқ воқеъ бўлмагани каби, шак билан талоқни таълиқ қилиш ҳам дуруст бўлмайди;
9. Шарт жумласи билан таълиқ қилинганда бошқа бирор маъно ирода қилинмаслиги. Масалан, эр аёлга: «Ховлига кирсам, сен талоқсан», деб никоҳни бекор қиладиган талоқдан ўзга бирор нарсани қасд қилмаслиги лозим;
10. Эр никоҳидаги ёки иддадаги аёлига талоқни таълиқ қилиши мумкин. Агар бегона аёлга: «Агар Зайд билан гаплашсанг, талоқсан», деса ва унга кейинчалик уйланса ва аёл Зайд билан гаплашса, талоқ воқеъ бўлмайди. Чунки эр талоқни таълиқ қилган вақтда аёл унинг никоҳида ҳам, талоқ қўйилиб, иддада ҳам бўлмаган эди.
Талоқни ноаниқ муддатга таълиқ қилиш
Бир киши ноаниқ муддатга талоқни таълиқ қилиб: «Сени фалон жойга олиб бормасам, талоқсан», деб, олаб бориш вақтини тайин қилмаса, ўша жойга аёлини олиб борса, талоқ воқеъ бўлмайди. Агар у ишни қилмаса, яъни аёлини айтган жойга олиб бормаса, умр бўйи талоқ воқеъ бўлмайди. Лекин эр бу ишни қилмай вафот этса, эрнинг вафоти билан бирга аёлга талоқ воқеъ бўлади, чунки у умрининг охиригача ўша ишни қилолмади.
Келаси замон сиғаси билан талоқни таълиқ қилиш
Келаси замон билан талоқ тушмагани каби, талоқни келаси замонга таълиқ қилиш билан ҳам ўша заҳоти талоқ воқеъ бўлмайди. Лекин талоқни келаси замонга таълиқ қилганда, ўша ишни келажакда қилиш билан талоқ воқеъ бўлади. Масалан, бир киши аёлига: «Фалон ишни қилсанг, сенга талоқ қўяман», деса, бу билан талоқ воқеъ бўлмайди. Чунки бу талоқни таълиқ қилиш эмас, балки ваъда ҳисобланади. Агар эр ваъдага мувофиқ талоқ қўйса, талоқ воқеъ бўлади. Келаси замон ўрнига ҳозирги замон сиғасини ишлатиб: «Бу ишни қилмасанг, талоқ қўйяпман», деса, шарт топилиши билан талоқ воқеъ бўлади.
Шарт топилиши билан талоқ воқеъ бўлади
Талоқ шартга таълиқ қилинганда шарт топилиши билан талоқ воқеъ бўлади.
Шартнинг урф ва ҳолат эътибори билан бўлиши
Эр-хотин ўртасида жанжал чиқиб, эр аёлига “Гапирма, агар гапирсанг талоқса” деса, аёл ўша вақт гапирса талоқ тушади. Агар ўша вақт гапдан тўхтаб, мавзу ўзгариб эрига бошқа гапларни гапирса, талоқ тушмайди. Чунки эр аёлини бир умр гапирмай жим юришини мақсад қилмаган эди. Балки ўша жанжал вақтида гапини тўтатиш бўлган. Буни Муфтий Азизур Роҳман таъкидлаганлар. Бундай талоқни “Талоқул фавр” дейилади. Масалан, эр-хотин уй ичида жанжаллашиб қолишди ва аёл ўша заҳоти чиқиб, воқеъани эрнинг ота-онасига айтиб бераман деди. Шунда эр: “Уйдан ташқарига чиқсанг талоқсан” деса ва мақсади ҳозир чиқиб жанжални айтиб берсанг деган маънони ирода қилса, аёл ўша заҳоти ташқарига чиқмай бироз муддат ўтгандан кейин чиқса талоқ тушмайди. Чунки, эр хотинни мутлоқ уйдан чиқмаслигини эмас, балки ўша заҳоти чиқиб жанжални айтмаслигини ирода қилган эди. Агар мақсади мутлоқ уйдан чиқмаслиги бўлса, аёл қачон ташқарига чиқса талоқ воқеъъ бўлади.
وَشُرِطَ لِلْحِنْثِ فِي قَوْلِهِ إنْ خَرَجْت مَثَلًا فَأَنْتِ طَالِقٌ… لِمُرِيدِ الْخُرُوجِ… فِعْلُهُ فَوْرًا لِأَنَّ قَصْدَهُ الْمَنْعُ عَنْ ذَلِكَ الْفِعْلِ عُرْفًا وَمَدَارُ الْأَيْمَانِ عَلَيْهِ
“Чиқиб кетмоқчи бўлиб турган аёлга, эри агар чиқсанг талоқсан деган ўринда, талоқ тушиши учун хотин ўша вақтда чиқиб кетиши керак. Чунки, эрнинг мақсади урфда ўша феълдан манъ қилишдир, яъни чиқиб кетмоқчи бўлиб турган пайтидаги чиқиб кетишидан манъ қилишдир. Мутлоқ қачондир чиқишидан манъ қилиш эмас. Қасамдан нима ирода қилингани урфга боғлиқ бўлади” (Дуррул мухтор).
«Ҳар ойда пул жўнатиб турмасам, талоқ»
Эр ҳар ойда аёлига пул жўнатиб туриш ваъдасини ёзма тарзда бериб, «Агар пул жўнатмасам, аёлим талоқ», деса, ҳар ойнинг 29-сигача пул жўнатиши лозим бўлади, агар ундан ўтиб кетса, аёлга талоқ воқеъ бўлади.
Талоқ таълиқ қилинган шартнинг топилмаслиги
Эр аёлда топилмайдиган шартга биноан аёлини талоқ қилса, талоқ воқеъ бўлмайди. Масалан, Зайднинг ота-онаси ёки унинг яқин қариндошлари қасам ичиб, Зайдга: «Аёлинг тайёрлаган таомлар бизга ҳаром», деганларидан кейин Зайд уларга жавобан: «Аёлим қўли билан тайёрлаган таомлар сизлар учун ҳаром бўлса, унга уч талоқ», деса, бу билан талоқ воқеъ бўлмайди. Чунки бир киши томонидан қўл билан тайёрланган таом бошқалар учун ҳаром бўлмайди.
Эр аёли ҳақида айтилган турли иғволарга ишониб: «Агар хотиним ўғри ёки зинокор, ёки ароқхўр бўлса, уни талоқ қилдим», деса-ю, аёл у каби ёмон сифатлардан эминда бўлса, талоқ воқеъ бўлмайди. Агар эр томонидан айтилган сифатлар аёлда мавжуд бўлса, талоқ воқеъ бўлади.
Таълиқнинг аксини қилиш билан талоқ воқеъ бўлмайди
Зайд аёлига: «Менга нон пиширсанг, талоқсан», деса, аёл овқат пиширса, талоқ бўлмайди. Шунингдек, Зайд аёлига: «Ҳайз ҳолатда онангникига борсанг, талоқсан» деса-ю, аёл пок ҳолатида борса, талоқ воқеъ бўлмайди.
Эр томонга нисбат берилган шартни бошқа киши бажариши
Аёл онасиникига кетиб қолган бўлса, эр унга: «Агар сени уйимга олиб келсам, талоқсан», деса ва аёл ўзи борса ёки қариндошлардан бирортаси олиб келса, талоқ воқеъ бўлмайди.
Эр аёлига: «Сенга кийим-кечак ёки зеб-зийнат олиб келиб берсам, талоқсан», деса-ю, бошқа киши уларни аёлга олиб келиб берса, талоқ воқеъ бўлмайди, чунки шарт топилмагани учун талоқ ҳам рўёбга чиқмайди.
«Умарнинг фарзандларига ер берсам, аёлим талоқ»
Бир киши: «Умарнинг авлодларига ер берсам, аёлим талоқ бўлсин», деб, Умарнинг куёвига ер берса, у кишининг аёлига талоқ воқеъ бўлмайди. Чунки куёв фарзандлар ичига кирмайди.
Мутлақ жумъа лафзи билан биринчи жумъа хосланмайди
Бир киши қарзини сўраб келган одамга қараб: «Жумага қарзни бермасам, аёлим талоқ бўлсин», деса ва биринчи жума қарзни бермай, иккинчи ёки учинчи жума қарзини адо қилса, аёлга талоқ воқеъ бўлмайди. Чунки «жума» сўзи мутлақ айтилди. Фиқҳ китобларида ушбу мавзуга доир қуйидаги қоидалар келтирилган:
الْمُطْلَقَ يَجْرِي عَلَى إطْلَاقِهِ
Мутлақ мутлақлигича қолади.
الْأَيْمَانُ مَبْنِيَّةٌ عَلَى الْأَلْفَاظِ لَا عَلَى الْأَغْرَاضِ
Қасам ниятга эмас, лафзга асослангандир.
«Аёлимни тезда уйга жўнатмасанглар, талоқ»
Эр қайнотасига: «Аёлимни тезда уйга жўнатмасанглар, талоқ», деса ва улар аёлни бир ой ёки ундан камроқ муддатда ўз уйига жўнатсалар, аёлга талоқ воқеъ бўлади. Чунки бир ой яқин муддат эмас, узоқ муддат ҳисобланади. Бу ерда эса эр: «Тезда жўнатмасаларинг, талоқ», дея таъкидламоқда.
«Бугунги кундан кейин баданимни ушласанг, талоқ»
Кечаси эр-хотин «сен-мен»га бориб қолишди. Шунда эр ғазаб билан аёлга: «Бугунги кундан кейин менинг баданимни ушласанг, уч талоқсан», деса, аёл қўрққанидан эрининг қўлини ушлаб: «Мени кечиринг», деб кечирим сўраса ва эр: «Мен у гапни «Кундузи қўлимни ушласанг, талоқсан» деган ниятда айтган эдим», деса, унинг гапига эътибор берилмайди. Аёл эрнинг қўлини ушлаши билан уч талоқ воқеъ бўлади. Чунки сариҳ лафзда ниятга эътибор берилмайди ва яна эрнинг бу ердаги «кун» деб айтган сўзидан «вақт» эътиборга олинади. Демак, эрнинг юқоридаги сўзидан «Шу вақтдан бошлаб менинг қўлимни ушласанг, уч талоқсан», деган маъно тушунилади ва аёл эрнинг қўлини ушлаши билан шарт топилиб, унга уч талоқ воқеъ бўлади ҳамда шаръий ҳалоласиз эр-хотин бир-бирига ҳалол бўлмайдилар.
Шартга мувофиқ ишни яширин тарзда қилиш билан талоқ воқеъ бўлади
Эр аёлга: «Ароқ ичсам ёки наркотик моддаларни истеъмол қилсам, талоқсан», деса-ю яширин тарзда, ҳеч қандай гувоҳсиз уларни истеъмол қилса ҳам, унинг аёлига талоқ воқеъ бўлади.
Талоқ қўйиш шартига кўра маҳрдан воз кечиш
Хотин эри билан келишиб: «Агар менга талоғимни берсанг, маҳримдан воз кечаман», деди. Шунга биноан эр аёлига талоқ қўйди. Шундан кейин хотин «Маҳримдан воз кечмадим», деб сўзидан қайтса, эрдан талаб қилинган талоқ воқеъ бўлмайди. Чунки у талоқ шартга биноан эди, шарт эса топилмади.
Маҳрдан воз кечгандан кейин талоқ
Аёл эрга: «Маҳрдан воз кечдим. Энди мени талоқ қилинг», деди. Унга жавобан эр: «Сени талоқ қилдим», деди. Бунда талоқ воқеъ бўлади. Аёл бундан кейин «Маҳрдан воз кечмадим», деб туриб олса, унга эътибор берилмайди. Талоқ тушиб, маҳр афв бўлади.
Отанинг уйига у вафот этгандан кейин бориш
Эр аёлига: «Агар отангнинг уйига борсанг, талоқсан», деди. Аёл қачон отасининг уйига борса, талоқ воқеъ бўлади. Гарчи ота вафот этганидан кейин борса ҳам, чунки ота вафот этганидан кейин ҳам у уй урфда «отанинг уйи» деб айтилади.
«Бир ойгача келмасанг, талоқсан»
Аёл эрнинг рухсатисиз ота уйига қочиб кетиб қолса, шунда эр аёлга: «Агар бир ойгача келмасанг, талоқсан», деб шарт қўйса ва ҳали бир ой ўтмай эр вафот этиб қолса, мазкур суратда аёл бир ойнинг ичида ўз уйига келган бўлса, ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Борди-ю, келмаган бўлса, талоқ воқеъ бўлади. Гарчи эри вафот этганлиги туфайли келмаса ҳам. Бунинг натижаси шундай бўладики, аёл бир ой ичида келмаганлиги сабабли талоқ бўлиб, меросдан маҳрум бўлади ва эрнинг молидан ўз маҳринигина олиши мумкин бўлади. Агар аёл бир ой ичида ўз уйига келса ва эр вафот этса, вафот иддасида ўтиради, ҳамда эридан мерос олади.
Балоғатга етмаган боланинг таълиқи эътиборга олинмайди
Балоғатга етмаган бола аёлининг талоғини шартга таълиқ қилса, унга эътибор берилмайди. Чунки унинг таълиқи талоқ каби эътиборга олинмайди.
Шунингдек, бир киши балоғатга етмаган болага: «Рухсатсиз фалон муддатгача кетиб қолмайсан. Агар кетиб қолсанг, аёлинг сенга ҳаром бўлади», деб шарт қўйиб, уйлантириб қўйса, сўнг бола рухсатсиз ўша муддат ичида кетиб қолса, унинг аёлига талоқ воқеъ бўлмайди. Чунки қўйилган шарт лағв (бекор) ҳисобланади. Чунки балоғатга етмаган бола уйланса, жоиз. Лекин қўйган талоғи ҳам, таълиқи ҳам ўтмайди. Бу балоғатга етмагани учундир.
Бир кишини талоққа эга қилиш ёки талоқни унинг розилигига таълиқ қилиш
Бир киши талоқни бошқа кишиларнинг розилигига муъаллақ қилди. Масалан, эр аёлига: «Агар акам хоҳласа, аёлим талоқ» ёки «Акамни ўзимдаги талоққа эга қилдим. Акам қачон хоҳласа, талоқ қилади», деса ва ака укасининг аёлини талоқ қилишни хоҳласа, талоқ воқеъ бўлади. Ҳақиқатда, бу таълиқ эмас, тафвийздир, яъни талоқ қўйиш ҳукмини топширишдир.
Балоғатга етмаган боланинг валийси талоқни бирор шартга таълиқ қилиши
Қизнинг валийси боланинг валийсига бир неча шартларни қўйиб, никоҳлаб берса, масалан, қизнинг валийси балоғатга етмаган эрнинг валийсига: «Фалон муддатгача шу ишни қилмасангиз, мен валийси бўлган балоғатга етмаган қизалоққа талоқ бўлади», деса ва белгиланган муддатда боланинг валийси у шартларни бажара олмаса, у(балоғатга етмаган бола)нинг аёлига талоқ воқеъ бўлмайди. Чунки валийда талоқ бериш ҳаққи йўқ. Шунингдек, талоқни таълиқ қилиш ҳаққи ҳам.
«Менинг аёлим ойдан гўзал бўлмаса, унга талоқ», дейиш
Бир киши: «Менинг аёлим ойдан гўзал бўлмаса, унга талоқ», деса, у билан аёлга талоқ воқеъ бўлмайди. Чунки инсон махлуқотнинг шарафлиси ва гўзалидир. Шу боис хоҳ оқ бўлсин, хоҳ қора, дунёда инсондан гўзал бирор нарса йўқ.