Қурбонликнинг фазилати ва савоби улуғ бўлганидан ҳали зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмаган кишилар ҳам уни қилишга ҳаракат қилишлари ва савобидан баҳраманд бўлишга интилишлари лозим.
Ахир дунё қувончи учун қанча бўлса, шунча сарфлаган инсон Аллоҳнинг розилиги учун бироз маблағ сарф қила олмайдими? Нима нарса зиммамизда фарз ёки вожиб бўлса, ўшаларнигина адо этамиз, десангиз, у ҳолда дунё ишлари борасида нега шу гапингизга амал қилмаяпсиз?
Аслида заруратнинг миқдори шуки, жон сақлаб юришлик учун арпа унидан бўлган нон ҳам кифоя қиларди, лекин сиз бу билан кифояланмай, палов ва кабобларни нима учун еяпсиз? Иссиқ ва совуқликнинг ҳалокатидан сақланииш учун дағал, қўпол матолар ҳам ярайди, аммо юпқа ва нафис матолардан бўлган кийимларни нимага кийяпсиз? Аллоҳ таъоло эркаклар зиммасига аёллари учун ёзги ва қишги кийимлардан бир сидрадан олиб беришларини вожиб қилган. Лекин барча эркаклар бу билан кифояланмайди. Кўзига яхши кўринган ёки аёли истаган нарсани олиб беради. Нега бундай қилдингиз?, деб сўралса, аёлини яхши кўриши ва унга яқин бўлишини хоҳлашини, айтади.
Нафсингизни хурсанд қилиш учун зарурий бўлмаган ишларни ҳам қиласиз, динни ишига келганда эса, шу зарурми?, дейсиз. Сизнинг бу гапингиздан: “Агар қурбонлик қилмаслигимда катта гуноҳ бўлмаса қилмайман, йўқса қилишга мажбурмиз энди бошқа иложимиз қанча”, деган нарсани тушуниш мумкин.
Эътиқодни тўғирлаш учун зарур ва зарур бўлмаган нарсалар илмини сўраб билиб олиш яхши. Чунки зарурий бўлган ишларни зарурий, зарурий бўлмаган ишларни зарурий эмас, деб эътиқод қилиш вожиб. Лекин амал қилиш учун: “Шу ишни қилсам Аллоҳ мендан кўпроқ рози бўладими?” деб сўралса яхши бўларди.
Агар Аллоҳ бирор амалдан жуда хурсанд бўлиши сизга маълум бўлса, ҳеч ўйланмасдан кучли рағбат билан ўша ишни қилишга ҳаракат қилинг.
Кўпгина инсонлар динга муҳаббатлиман, деб даъво қилишади, намоз ва шунга ўхшаш бошқа амалларда жуда мустаҳкам бўлишади, аммо бир-икки сўм сарф қилиш вақти келса, ҳийла қидиришга киришиб кетадилар. Бу иймоннинг заифлиги аломатидур.