Илм аҳллари ўртасида Иброҳим алайҳиссалом “Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилганмилар ёки Исҳоқ алайҳиссаломни?”, деган савол борасида ихтилоф мавжуд.
Жумҳур уламолар наздида у Исмоил алайҳиссалом эдилар ва мана шу гап саҳиҳдир. Бунга бир далил: Аллоҳ таоло фарзандни қурбонлик қилиш қиссасини баён қилиб, давомида шундай дейдики:
فَبَشَّرْنَاهَا بِإِسْحَقَ وَمِن وَرَاء إِسْحَقَ يَعْقُوبَ
«Бас, унга Исҳоқнинг ва Исҳоқдан кейин Яъқубнинг хушхабарини бердик». ( Ҳуд 71-оят) дейди.
Демак, оятдан маълум бўладики, қурбонлик воқеаси Исҳоқ алайҳиссаломнинг башоратидан олдин содир бўлган. Шу сабабли забҳ қилинган фарзанд Исҳоқ алайҳиссалом бўлиши ҳам мумкин эмас.
Иккинчи кучли далил шуки: Бола забҳ қилинаётган вақтида ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Чунки ояти каримада:
فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْي
«Бас, (Исмоил) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида»( Соффат 102-оят) деб қайд этилган. Бу ҳолат эса балоғатга етишдан анча олдинги жараён.
Бошқа тарафдан оятда Исҳоқ алайҳиссаломни соҳиби авлод бўлишлари, яъни Исҳоқ алайҳиссаломдан Яъқуб дунёга келиши баён қилинди. Демак, бундан Исҳоқ алайҳиссалом забҳ қилинмайди, балки унинг ортидан болалар дунёга келади деган нарса маълум бўлади. Агар фаразан Исҳоқ алайҳиссалом забҳ қилинганда, у кишида ва оталарида сўйиш натижасида ўлмаслигини тўлиқ ишончи бўларди, чунки Аллоҳ таоло Исҳоқ алайҳиссаломга Яъқуб алайҳиссаломнинг башоратини бериб турибди. Авлод эгаси бўладиган бола қандай қилиб ўлиши мумкин? Яна бундай ҳолатда Аллоҳнинг «Бу улкан синов бўлди», деган гапи қаёқда қолади. “Сиз сўйиб кўраверинг бола барибир ўлмайди, ҳали фарзандлар отаси бўлади.” дегандай бўлиб қолмайдими? Исмоил алайҳиссаломга эса бундай башорат йўқ эди. Шу сабабли ҳам маълум бўлдики забҳ қилинган бола Исмоил алайҳиссаломдирлар.