Қурбонликда суратан жониворнинг жонини тақдим қилсангизда, ҳақиқатда эса ўз жонингизни тақдим қилган бўласиз. Қурбонликнинг асл ҳақиқати ўз нафсини Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола қилишликдир.
Бу ерда сизга ўз жонингиздан бир неча баробар афзалроқ бўлган жон ато қилинади. Унинг ҳақиқатини қуйида келадиган икки мисолдан билиб олишимиз мумкин.
Биринчи ҳикоя:
Осифуддавла деган жуда давлатманд бой бор эди. Бир куни отхонасига кирса, ниҳоятда камбағал, қари бир киши силлиқ тошни отларидан бирининг туёқлари остига ишқалаб ўтирганини кўрди. Бой ажабланиб сўради: “Эй қария бу ерда нима қиляпсиз?”
Чол: «Осифуддавланинг отларининг оёғи агар бир тошга тегса уни олтинга айлантириб қўяркан, деб эшитганман», деди. Бой: «Тўғри эшитибсиз. Лекин сиз тошни тўғри ишқалашни билмаяпсиз. Сиз тошни ташлаб кетаверинг, мен ўзим ишқалаб олтинга айлантириб қўяман», дебди. Сўнг хизматкорларига худди ўша тошнинг мислича олтинни ясаб у ерга қўйиб қўйишга буюрибди. Сўнг чол эртасига келганида: «Мана сизнинг тошингиз олтинга айланиб қолди», деб бериб юборибди. Худди шунингдек биз Аллоҳ тўғрисида нима гумон қилсак, албатта У тилагимизни беришга қодир Зотдир.
Иккинчи ҳикоя:
Жалолиддин Румий ўз маснавийларида келтирадилар: Бир қишлоқда ниҳоятда ғариб камбағал киши бор эди. Унинг қишлоғида қаттиқ қаҳатчилик бўлиб, қудуқ ва ҳовузларнинг барчаси қуриб қолган эди. Бир куни хотини унга: «Бағдод халифасини ниҳоятда карамли, саҳоватли деб эшитганман, унинг олдига боринг, шоядки биздан мана бу камбағаллик ариса», деди. Эри унга: «Халифанинг ҳузурига совға саломлар билан бориш керак, бизда эса арзирли ҳеч нарса йўғу!» деди. Шунда хотини унга: «Бизнинг фалон чуқуримизда бироз шаффоф чучук сув йиғилиб қолган. Бундай ширин сув халифанинг ҳузурида қаёқданам бўлсин. Ўша сувни бир идишга солиб, олиб боринг», деди. Бу фикр эрига ҳам маъқул бўлди. Эр сув солинган кўзачани кўтариб, йўлга тушди. Хотин эса жойнамозни солиб олиб, эри сувни олиб халифанинг ҳузурига соғ саломат етиб олиши учун дуо қила бошлади. Эри эса йўл бўйи “Роббим мени ва кўзамни саломат етказ, бирор жойда қоқилиб, синдириб қўймай”, деб тинмай дуо қилиб борарди. Чунки у бечорада ҳаммаси бўлиб шу нарсаси бор эди холос. Аллоҳ Аллоҳ деб соғ саломат Бағдодга етиб борди. Дарвозабон ижозат бергач, уни саройга, халифа ҳузурига олиб кирди. Халифа: «Қўлингдаги нима?», деб сўради. Чол: «Бу жаннат суви, бундай сувни ҳеч ким ҳеч қачон ичган эмас», деди. Халифа анча муддатдан бери очилмаган кўзанинг оғзини очишга буюрди. Унинг оғзини очишлари ҳамоно бадбўй ҳиди бутун саройни тутиб кетди.
Лекин халифанинг қанчалик карамли ва саховатлилигини қарангки, сувнинг ҳидидан озорланганини ҳалиги чолга озгина бўлса ҳам сездирмади. Балки унинг сувини ниҳоятда латиф ва ширин сув экан деб мақтаб, сувини икром билан чиройли идишга солиб, юқори бир жойга қўйдириб қўйди ва чол кетгач, уни тўктириб юборди.
Сўнгра хизматкорларига кўзасини тўлдириб олтин бериб юборишга ва уни Дажла дарёси орқали қайиқда кузатиб қўйишга буюрди. Токи унинг чарчоғи чиқсин, қалбига хурсандчилик кирсин ва унга ўзининг қилган ҳадясининг қийматию ва бизнинг унга қилган карамимизнинг юксаклигини мушоҳада қилишига имкон бўлади деди. Уни Дажланинг қирғоғига олиб боришгач, унинг сувининг кўплиги, латифлиги ва ширинлигини кўриб ҳижолатдан сув сув терга ботиб кетди. «Аллоҳ, Аллоҳ, бу халифа қандаям саховатли-я! Унга менинг бадбўй ва лойқа сувимнинг нима зарурати бор эди. Унинг шаҳарида шаффоф, ширин сув дарё бўлиб оқиб ётган экан ку!», деди. Халифа унга қилган бу муомаласи, бу фазлу карами фақатгина унинг дилини шод қилиш учунгина бўлгани чолга маълум бўлди. Аслида эса ундан ҳеч нарсага халифанинг муҳтожлиги йўқ. Ўзининг ҳузурида уникидан чандон-чандон яхши нарсалар дарё бўлиб оқиб ётибди.
Дўстларим! Бу ҳолат бизнинг амалларимизнинг ҳолатидир. Амалларимиз жудаям бадбўй.
Аллоҳ таоло ҳам бизнинг бадбўй амалларимизга нисбатан худди шундай муомалани қилади. У Зот фақат ўзининг фазлу карами билангина биз яхшилик деб ўйлаб қилаётган амалларимиз аслида ёмонликлардан иборат бўлсада юқори қадрлайди ва яхши амаллар деб қабул қилади, ва бизларни ўзига итоат қилувчилар сафига қўшиб қўяди. Аслида эса бу амалларимиз ҳеч нарсага арзимайди.
Аллоҳ таоло:
إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا
«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деган оятнинг маъноси аслида шундай. (Фурқон 70)
Халифа чолнинг сасиб қолган суви эвазига олтинлар ҳадя қилганидек, биз ҳам Аллоҳ таолога қурбонликларимиз туфайли ўз жонимизни тортиқ қиламиз. Аслида эса бу жонимизнинг ҳақиқати бадбўйликлардангина иборат эди. Чунки бизнинг жонимиз разил сифатлар ва ёмон ахлоқлар билан сифатлангандир. Лекин Аллоҳ таоло бизларнинг бу жонимиз эвазига яхши сифатлар эгаси бўлган жон ҳадя қилади. Мана шунинг отини фано ва бақо дейилади.