Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир нарсанинг зоҳири ва ботини бўлади”, дейилган.
Анбиё алайҳимуссаломларнинг тушлари ваҳий бўлади ва уларнинг тушлари ростдир.
Иброҳим алайҳиссалом ҳам фарзандини сўйишни ҳам тушида кўрди. Бас бу ваҳий бўлди. Шу сабабли ҳам фарзандни сўйиш собит деб таҳқиқ қилиш шаръан ҳам, луғатан ҳам тўғри бўлади. Иброҳим алайҳиссалом бу имтиҳондан тўлиқ ўтиб бўлганларидан сўнг, Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига жаннатдан бир қўчқор юборди. Бу қурбонликнинг зоҳири бўлди.
Қурбонликнинг ботини - ҳақиқатда киши фарзандини забҳ қилишида ўз нафсини ўлдириши ҳосил бўлади.
Шунингдек юқорида айтиб ўтганимиздек қурбонликнинг ҳам зоҳири бор ва ботини яъни руҳи ҳам бор. Бу ўз нафсини қурбон қилишдир. Фарзандни забҳ қилиш ҳам унинг руҳидир. Демак, қурбонликнинг ҳақиқати ўз нафсини забҳ қилиш бўлди. Шу восита билан Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғилларини забҳ қилдилар. Ўз гарданингизга пичоқ тортинг демай, балки фарзандингиз гарданига пичоқ тортинг дейилди. Чунки ўзини сўйишдан кўра фарзандини сўйиш нафс учун қанчалар қаттиқ ва оғир а! Балки бундан кўра ўзини сўйиш осонроқ. Бирор бир ота ҳуши ўзида бўла туриб ўз фарзандини сўйишга рози бўлмайди. Тариқатдаги фанои нафс деган тушунча мана шудир, яъни ўз нафсига қарши чиқиш дегани ва бу нарса фарзандини қурбонлик қилишда намоён бўлди.
Айтингчи, биз юқорида ботин деб айтган нарса қай бир матнга ё нассга хилоф?
Ёдда тутинг! Ҳақиқий сўфийларнинг бирорта гапи Қуръон ва ҳадисга хилоф эмас. Агар хилоф бўлса, у тасаввуф эмас, балки, зиндиқликдир.
Хулоса шуки, ҳар ибодатнинг зоҳирий сурати бўлганидек ботиний руҳи ҳам бўлади. Қурбонликнинг руҳи эса, фарзанд забҳ қилиш воситасидаги фанойи нафсдир.
Фанойи нафс деб, ўз хоҳишига қарши иш тутишга айтилади. Масалан: нафсингиз тўрт ракъат нафл намоз ўқишни хоҳласа, сиз уни саккиз ракатга етказинг, агар нафл рўзадан қочиб нафл намоз ўқишни хоҳласа, сиз нафл рўза тутишни ихтиёр этинг.
Шундай экан қурбонликнинг руҳи фанойи нафсдир. Қайси қурбонликда фанойи нафс топилмаса, у руҳсиз бўлибди. Энди қайси қурбонлик руҳсиз бўлса, у қурбонлик эмас.