Масала: Қурбонлик вақти зул ҳижжанинг ўнинчи куни ҳайт намози ўқилгандан кейин ўн иккинчи куни қуёш ботишига озгина қолгуничадир. Қуёш ботиши билан қурбонлик вақти чиқади.
Зул ҳижжанинг ўн учинчи куни такбири ташриқ айтиш вожиб бўлсада, лекин қурбонлик қилиш жоиз эмас.
Масала: Имом ҳайт намозини ўқиб бераётган вақтда уйдагилар қурбонликни сўйиб юборишлари жоиз бўлмайди. Лекин, бир шаҳарда ҳамма масжидда намоз ўқиб бўлинган бўлиши шарт эмас.
Масала: Зиммасига қурбонлик вожиб бўлган киши илмсизлиги ёки бирор бир узр туфайли қурбонлик кунлари ўтиб кетгунча қурбонлик қила олмаса, жонивор сотиб олган бўлса, жониворни тириклигича, сотиб олмаган бўлса, унинг қийматини фақат фақир ва мискинларга садақа қилиши вожиб бўлади.
Масала: Бир киши бир неча йиллардан буён нисоб эгаси бўлиб, қурбонлик қилмай келаётган бўлса, ўтган ҳар йил эвазига биттадан қурбонликнинг қийматини садақа қилиш вожиб бўлади.
Масала: Қурбонлик кунида шак қилиб қолса, иккинчи кунда қилгани афзалдир.