Иҳтикор(монополия) ва унинг фиқҳий таҳлили


Динимиз Ислом инсониятнинг карамли ҳаёт кечиришини таъминлашга ҳарис бўлган диндир. Инсон наслининг дунё ва охиратда саодатга эришмоғи учун зарур бўлган барча моддий ва маънавий эҳтиёжлари динимизда шаръий ҳукмлар учун асос қилиб олинган.

Фиқҳ илмининг қарийб ярмидан кўпини ташкил қилган олди-берди ва муомалот соҳасига назар солдиган бўлсак, савдо-сотиқларда мурожаат қилиш ҳаром қилинган барча муомалот турларининг таъқиқланиш негизида инсон манфаатига очиқ зид келувчи ҳолатларни бартараф этиш, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият вакиллари ўртасида низо келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш каби олий мақсадлар ўрин олганлигининг гувоҳи бўламиз.

Гарчи, “истеъмолчи ҳуқуқи” деган истилоҳ айни шаклда йигирманчи асрдан бери пайдо бўлиб қолган бўлса-да, аслида фиқҳнинг муомалот бобида истеъмолчи ҳуқуқларининг ҳимояси амалий тарзда ўз ифодасини топган. Унинг ҳуқуқларини бузадиган қатор савдо турлари таъқиқланган. Мазкур савдо турларидан бири фиқҳий манбаларда “ал-Иҳтикор” деб юритилади. Иҳтикор бу замонамиздаги монополия сўзига муқобил сўздир. Бироқ, иқтисодий назариядаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “монополия”нинг таърифлари орасида ўзига хос тафовут ва фарқлар мавжуд. Бу табиий ҳамдир. Зеро, фақиҳлар “иҳтикор”га ўз замоналарида ҳукмрон бўлган яшаш тарзидан келиб чиқиб, ўша пайтларда одамлар энг кўп эҳтиёжи тушадиган маҳсулотлар доирасида таъриф берганлар. Шунингдек, унинг шаръий ҳукми борасидаги сўзларини ҳам асосан диний манбаларга таяниб гапирганлар. Шу боис, замонавий иқтисоддаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “иҳтикор” бир-бирига ҳар жиҳатдан мувофиқ келмаслиги мумкин. Балки, уларнинг ўзаро кесишадиган нуқталари бўлганидек, ажраладиган нуқталари ҳам мавжуд. Аммо, шуниси аниқки, монополия қайси кўринишда бўлмасин иқтисод учун зарарли бўлган амалиётдир. Монополия туфайли истеъмолчи ҳуқуқлари бузилади, жамият ҳаётига зарар етказилади.

Қуйидаги сатрларда фиқҳда назарда тутилган монополия (иҳтикор) мавзусини ёритишга ҳаракат қиламиз.

 Иҳтикор сўзининг луғавий ва истилоҳий маънолари:

Иҳтикор (الاحتكار) сўзининг асли уч ўзак ҳарфдан иборат “حكر” “ҳакр(ун)”сўзидан олинган. “Ҳакр(ун)”  зулм қилмоқ, камситмоқ, ёмон муомала қилмоқ, атрофидагиларни машаққатга солмоқ каби салбий маъноларга далолат қилади. “Ҳакар(ун)” деб ўқисак, унда “нарх ошиши учун бозорга чиқарилмай сақлаб қўйилган озиқ-овқат ва шунга ўхшаш нарсалар” тушунилади.

Иҳтикор сўзининг ўзи эса арабча “احتكر”  (иҳтакара) феълининг масдари (иш-ҳаракат номи) бўлиб, луғавий жиҳатдан “озиқ-овқат ва ҳоказони нарх қимматлашини кутиб, бозорга чиқармай, сақлаб қўйиш” маъносини англатади.

Шунингдек, замонавий луғат китобларида бироз бошқачароқ таърифларни ҳам учратиш мумкин. Жумладан, “қомус ал-маоний” китобида иҳтикор сўзи қуйидагича таърифланади: “иҳтикор бу – товар бозорга кириб келишидан олдин уни кўтарасига сотиб олиш ва нархини ошириб доналаб сотиш”; “иҳтикор бу – бирор нарсада яккаҳокимлик қилиш бўлиб, иқтисодий соҳада ишлатиладиган бўлса, товар ва хизмат турларида бозор миқёсида яккаҳокимлик қилиш маъносига далолат қилади ва бу иш одатда истеъмолчиларнинг зарарига нархлар ошиб кетишига олиб келади”.

Иҳтикор сўзига ўзак бўлган “ҳакратун” деган яна бир сўз ҳам мавжуд бўлиб, у бирор нарсани ёппасига сотиб олиш маъносига далолат қилади. Ибн Манзурнинг лисону-л-араб номли қомусий луғат китобида келтирилишича, “ҳакратун” сўзининг асли “жамлаш ва ушлаб туриш” маъносини билдиради.

Иҳтикор сўзининг замонавий иқтисодиёт назариясидаги муқобил варианти бўлган монополия сўзининг луғавий маъноларига қисқача тўхталадиган бўлсак, бу сўз грекча “моно”: “ягона”, “битта” ва “полео”: “сотаман” сўзларидан таркиб топган бўлиб, номланишидан ҳам “бир ўзи сотиш”, “бозорда якка ҳокимлик қилиш” маъноларини англаш мумкин.  

Иҳтикорнинг истилоҳий маъноси  

Азҳар университети тадқиқотчиси доктор Аҳмад Арафа ўзининг “аҳкам ал-иҳтикар фил фиқҳ ал-исломий” (Ислом фиқҳида монополияга тааллуқли масалалар) номли китобида қайд этишича, “иҳтикор” сўзининг шаръий ва истилоҳий маъноси унинг луғавий мазмунидан катта фарқ қилмайди.

Фуқаҳолар бу сўзни ўхшаш лафзлар ва бир-бирига яқин маънолар билан таърифлаганлар. Жумладан, ҳанафий мазҳаби уламоларидан Ҳаскафий “ад-дурр ал-мунтақо”нинг шарҳида шундай дейди: “иҳтикор сўзи шаръан озуқа ва шунга ўхшаш нарсаларни (кўплаб миқдорда) сотиб олиб, уни то нархлар қимматлашгунга қадар (камида) қирқ кун давомида (бозорга чиқармай) ушлаб туришдир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимки, мусулмонларга қирқ кун давомида иҳтикор қилса, Аллоҳ уни моҳов касали ва касод бўлиш балосига дучор этади”.

Сўғдий ўзининг “фатово”сида иҳтикорни: “у – ўз шаҳридан озиқ-овқатни (кўп миқдода) сотиб олиб, уни уларга (шаҳар аҳолисига сотишда) монополия қилиб олишдир”, дейди (“фатово ас-сўғдий”: 2/486).

Аллома Шурунбулолий “дурар ал-ҳуккам шарҳу ғурар ал-аҳкам” номли китобга ёзган ҳошиясида айтади: “иҳтикор бу – қимматлаб кетгунга қадар озиқ-овқатни (бозорга чиқармай) сақлаб туриш бўлиб, зулм қилиш ва камситиш маъносига далолат қилувчи ҳакара феълидан “ифтиъол” вазнида ясалган. (Араб тилида) “ҳакара биш-шайъ” дегани бирор нарсада яккаҳокимлик қилиб, у нарсани ўзгалардан тўсиб қўйиш, маъносини англатади”.

Яна бир ҳанафий фақиҳ Акмалиддин Бобартий эса ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур “ал-ҳидоя” номли фиқҳий асарига шарҳ сифатида ёзган “ал-ъиноя” номли китобида иҳтикорни бундай таърифлайди: “иҳтикор сўзидан мурод озиқ маҳсулотларини нархлар ошишини пойлаб (бозорга чиқармай) ушлаб туришдир”.  

Ибн Обидин иҳтикор сўзининг таърифида: “у егулик ва шунга ўхшаш нарсаларни (улгуржи) сотиб олиб, сўнг нархлар қимматлашини пойлаб қирқ кун ғамлаб қўйишдир” (ҳошияту ибни Обидин: 6/398), дейди.

Юқоридаги таърифлардан шу нарса ойдинлашадики, ҳанафий мазҳабининг аксар уламоларига кўра, иҳтикорнинг қайтарилган ва мазаммат қилинган тури озиқ-овқат маҳсулотларига тааллуқли ҳисобланади. Аксар уламоларига кўра, дея қайдлашимизнинг боиси шуки, мазҳаббоши мужтаҳидларимиздан имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ алайҳ иҳтикорни фақат озиқ-овқатларда чекламаган, балки, у ҳам имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи сингари мусулмонлар эҳтиёжи тушадиган барча нарсада иҳтикор юзага келишини таъкидлаган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари деганда у ёки бу шаҳарда асосий озуқа вазифасини бажарадиган нарсалар тушунилади. Масалан, дон-дун, ун, гуруч, нон, ёғ, картошка, пиёз каби маҳсулотлар бугунги кунда энг зарурий озуқа ҳисобланади. Аммо, қадимги пайтларда озуқа моддаларининг тури ниҳоятда камлиги туфайли уламоларимиз ўша замонларда мавжуд бўлган асосий озуқа турларига тўхталганлар холос. Зеро, қадимдан гуруч, картошка каби озуқалар мусулмон ўлкаларида бўлмаган. Улар кейинчалик кириб келган. Ҳолбуки, бу моддалар бугунги кунда энг зарурий озуқа турларидан ҳисобланади.

Иҳтикор сўзига берилган таърифларнинг “нархлар қимматлашгунга қадар ушлаб туриш” деган банди шуни англатадики, иҳтикорда маҳсулотни бозорга чиқармай ушлаб туришдан кўзланган мақсад катта фойдани кўзлаб, маҳсулотни сунъий равишда қимматлаштириш орқали одамларга зарар беришдан иборат бўлади. Агар бошқа мақсадда бўлса, масалан, одамларга енгиллик туғдириш учун бирор мол турини кўтара сотиб олиб, кейин уни бозорда нархини оширмасдан сотиш мақсадида сақлаб қўйса, иҳтикор қилган ҳисобланмайди.

Сўғдийнинг таърифига кўра, қайтарилган иҳтикор юзага келиши учун киши озиқ-овқат маҳсулотларини ўз шаҳридан улгуржи сотиб олиши керак, бордию, четдан келтирса, иҳтикор қилган бўлмайди.    

Моликий мазҳабига кўра, иҳтикор нафақат егулик ва озуқаларда балки, одамлар эҳтиёжи тушадиган барча товарларда бўлиши мумкин. Божий уни шундай таърифлайди: “иҳтикор бу – сотиб олинган маҳсулотларни сақлаб қўйиш ва (шу туфайли) бозордаги нархлар ўйнаб кетиши орқали фойда кўзлашдир” (ал-мунтақо: 5/15).

Шунингдек, Имом Суҳуний ўзининг  “ат-тижароту би арзил адув” китобида айтади: “Мен Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳдан “Ҳакротун (монополия) бозордаги ҳамма нарсада бўлади, бозордаги таомда, ёғда, зиғирда, юнгда, умуман бозорга нима зарар етказса ҳамма нарсада болади”, деган сўзларини ривоят қилиб келтиради.

Рассоъ “шарҳу ҳудуди ибн Арафа” китобида иҳтикорни: “у тилла ёки кумуш эвазига сотиб олиниб, нархи ошгунча (сотувга чиқармай) ушлаб туриладиган ҳар қандай нарсадир”, дея таърифлайди (“шарҳу ҳудуди ибн Арафа”: 75-бет).

Мазкур таърифлардан тушуниладики, моликийларга кўра иҳтикор фақат озиқ-овқатга хос эмас. Шунингдек, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни тижорат ва нархларни ўйнатиш истагидан йироқ бўлган ҳолда ўз оиласининг таъминоти учун сақлаб қўйса, бу иш иҳтикор ҳисобланмайди.

Шофеий мазҳабининг иҳтикорга берган таърифига кўра, озиқ-овқат қимматлашган пайтда ялписига сотиб олиниб, бозорга чиқармай ушлаб турилиш натижасида бозорда танқислик юзага келиши туфайли нархлар янада қимматлашганда сотиш иҳтикор дейилади. Рамлий айтади: “иҳтикор бу таомни (таом сўзи билан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари назарда тутилган-муаллиф.) ушлаб туриб, ўз нархидан кўпроққа пуллаш ва бозорни танг ҳолатга келтириш мақсадида қимматлашган пайтда (улгуржи) сотиб олишдир”.

Хатиб Ширбийний эса иҳтикорни: “у (яъни иҳтикор) – нархи қимматлашган пайтда сотиб олган нарсасини ўша нарсага одамларнинг эҳтиёжи кучайган пайтда олган нархидан кўпроқ миқдордаги маблағга пуллаш учун ушлаб туришдир”, дея тавсифлайди. Сўнгра сўзида давом этиб: “арзончилик пайтида сотиб олган нарсасини сақлаб қўйиш ундай эмас (иҳтикор ҳисобланмайди)”, - дейди – “бу иш ҳаром эмас. Шунингдек, ўз еридан (мас: томорқасидан.-муаллиф) чиққан ҳосилни сақлаб қўйиш ҳам иҳтикор эмас ёхуд нархлар қимматлашган пайтда ўзи ва оиласи учун олиб қўйиши ҳам ҳаром эмас, шунингдек, нархлар қимматлашганда олиб, нархини оширмасдан, олган баҳосида сотиш учун сақлаб қўйилган нарса ҳам иҳтикорга кирмайди”.

“Муғни-л-муҳтож”да келтирилади: “иҳтикор дегани бир нарсани арзон пайтда олиб қўйиб, сотиб олган нархидан қимматроқга ҳожат тушган пайтда сотишга нисбатан айтилади”. Гарчи матнда озуқа зикр қилинмаган бўлсада, гап озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида келмоқда.

 Юқоридагилардан кичик хулоса ясайдиган бўлсак, шофеийларда ҳам иҳтикор озиқ-овқат маҳсулотларида бўлади ва том маънода иҳтикор деб ҳисобланиши учун бирор таом турига эҳтиёж ортиб, нархлар қимматлашаётган пайтда улгуржи сотиб олиниши ва нарху наволар янада қимматлашганда сотиш учун сақлаб қўйилиши керак. Мана шу таъқиқланган иҳтикор ҳисобланади; Нархлар бемалоллигида сотиб олинган бўлса, иҳтикор ҳисобланмайди; Ўз даласи, томорқаси ва ҳоказода етиштирган ғалласини сақлаб қўйиш ҳам иҳтикор турига кирмайди.

 Энди, иҳтикорнинг ҳанбалийлардаги таърифига келсак, Ибн Қудома уни қуйидагича таърифлайди: “Ҳаром қилинган иҳтикор ўзида учта шартни жамлаши керак, дейдилар. Бири, (маҳсулотнинг бозордан) сотиб олиниши. Бордию, бирор нарсани четдан келтирса, ёки ўз ғалласидан (яъни, ўзи етиштирган маҳсулотдан) бирор миқдорни бозорга киритса, иҳтикор қилган бўлмайди. Иккинчиси, сотиб олган нарсаси озуқа бўлиши керак. Агар сотиб олган нарсаси идом (нонхўрак, масалан, сирка, сарёғ, дурда каби нарсалар.-муаллиф), ҳолва, асал, ёғ ёки ҳайвонларнинг еми бўлса, бу нарсаларда ҳаром қилинган иҳтикор йўқ. Ва ниҳоят, учинчи шарт шуки, уни сотиб олиш билан инсонларни танг аҳволга солиб қўйиш керак”. Ибн Қудоманинг айтишича, одамларга танглик қуйидаги икки ҳолатда юзага келади:  1. Шаҳар аҳли иҳтикор туфайли қийналадиган бўлса, масалан, Ҳарамайн каби. Иккинчи ҳолатда шаҳарга кириб келган тижорат карвонини давлатманд киши қарши олиб, озиқ-овқат маҳсулотларини кўтарасига сотиб олади, кейин уларни ўзи истаган нархда сотиш орқали одамларга машаққат ва танглик туғдиради.

Мансур Буҳутий “кашшофу-л-қиноъ”да: “озуқадаги иҳтикор: уни тижорат мақсадида сотиб олиш, сўнгра бозорда ўша нарса камайиб, нархи ошиб кетиши учун сақлаб қўйишдир”, дейди (Буҳутий. “кашшофу-л-қиноъ”: 3/187).

Демак, ҳанбалийларга кўра, ҳаром қилинган иҳтикор юзага келиши учун озуқа бозордан катта миқдорда тижорат мақсадида сотиб олиниши керак ва нархлар ошгунча ушлаб турилиб, одамлар танг ҳолатга келганда сотилиши керак бўлади. Иҳтикор ҳайвонларнинг озуқасига тааллуқли эмас.  

Иҳтикорнинг ҳукми  

Моликий, шофеий ва ҳанбалийлардан иборат жумҳури уламо наздида иҳтикор шаръан ҳаром саналади. Ҳанафий мазҳабининг аксар машойихлари ва шофеийларнинг баъзилари наздида ҳамда ҳанбалий мазҳабидаги бир қавлда иҳтикор макруҳдир. Бу ўринда иҳтикорнинг шаръий ҳукмига нисбатан мазҳабимиз ва бошқа мазҳаблар айтган қавллар орасидаги ихтилоф ҳақиқий эмас, балки, шаклий ва лафзий ихтилоф эканлигини унутмаслик лозим. Моҳият эътибори билан қарасак, иҳтикорнинг ҳукми ҳақидаги фикрлар бир-биридан тубдан фарқ қилмайди. Зеро, ҳанафий мазҳабимизда амалда бўлган қоидага кўра, бирор нарсанинг ҳукми борасида фуқаҳоларимиз томонидан “макруҳ” сўзи мутлақ ҳолда айтилган бўлса, кароҳат ҳаромга йўналтирилади ва макруҳ таҳримий эканлиги тушунилади. Яъни, мазҳабимизда иҳтикорнинг ҳукми “макруҳ” дейилсада, бу ўринда танзиҳий макруҳ эмас, балки, таҳримий макруҳ яъни ҳаромликка яқин маънодаги макруҳ тушунилади. “Иъламу-л-муваққиъийн”да зикр этилишича, мазҳабимиз асосчиларидан бири бўлмиш Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг Абу Юсуф (р.ҳ)дан кейинги иккинчи яқин шогирди Имом Муҳаммад Шайбоний (р.ҳ.) макруҳ деганда ҳаромни тушунган, лекин, мазкур “ҳаром”га қатъий далил топилмагач (қатъий далил деганда тавотур йўлига кўра ворид бўлмаган далил назарда тутилмоқда-муаллиф.), унга нисбатан “ҳаром” лафзини ишлатмаган. Имом Муҳаммад Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуфлардан “макруҳ ҳаромга яқинроқдир!”, деган сўзларини ҳам ривоят қилган. Зоҳиру-р-ривоя китобларидан саналувчи “ал-жомеъ ал-кабир”да Имом Муҳаммад “эркаклар ҳам, аёллар ҳам тилла ва кумуш идишларда ичимлик ичишлари макруҳдир!”, деганлар. Бундан муродлари эса “ҳаромдир!” деган сўз бўлган. Яна, Абу Юсуф ва Муҳаммад “ипак тўшакларда ухлаш ва ипак ёстиқларни ўзига ёстиқ қилиш макруҳ” деганлар, мақсадлари эса “таҳрим” бўлган. Шунингдек, Абу Ҳанифа ва Соҳибайн “ўғил болалар тилло тақинчоқларни тақишлари ва ипак кийим кийишлари макруҳ бўлади” деганлар. Ваҳоланки, асҳоблар (яъни, бу ўринда ҳанафий мазҳаб машойихлари) бу нарсанинг ҳаромлигини очиқ айтишган. Асҳоблар “одамлар ва ҳайвонларнинг озуқасида иҳтикор қилиш агар уларга зарар берса ва уларга машаққат ва танглки туғдирса кареҳ кўрилади”, деганлар, мақсадлари “ҳаром бўлади” дейиш бўлган. Яна, “фитналар замонида қурол-аслаҳа сотиш макруҳдир” деганлар ва бу билан ҳаромликни  ирода қилганлар” (“иъламу-л-муваққиъийн”: 1/33).

Шундан ҳам биламизки, иҳтикор мазҳабимизда макруҳ дейилар экан, ҳеч қандай гуноҳ ва ухровий уқубатга олиб бормайдиган “танзиҳий макруҳ” эмас, балки, таҳримий макруҳ ирода қилинган. Бу сўз билан “ҳаром” сўзининг орасида катта фарқ йўқ. Фақат, иҳтикор ҳақида очиқ Қуръоний оят ёхуд мутавотир санадли ҳадис ривоят қилмаганлиги учун ҳамда иҳтикор ҳақидаги ривоятларнинг аксари заиф ҳисобланганлиги боис асҳобларимиз унга нисбатан “макруҳ” сўзини ишлатганлар. Мақсадлари эса таҳримий макруҳ бўлган. Зеро, одамларга зарар етказиш, уларни танглик ва ҳаражга қўйиш ҳалол ҳисобланмайди.

Шунингдек, аксар фиқҳий китобларимизда иҳтикорнинг ҳукми “макруҳ” дейилар экан, бу сўздан таҳримий макруҳ ирода қилинишига қуйида келтиражагимиз олимларнинг сўзлари ҳам далолат қилади.

Жумладан, Имом Косоний “бадоиъу-с-саноиъ”да “иҳтикор макруҳдир” деган сўзни келтиргач, уни қуйидагича изоҳлайди: “энди иҳтикорнинг ҳукмига келсак, айтиш жоизки, иҳтикор масаласига бир қанча ҳукмлар дахлдор бўлиб қолади. Улардан баъзилари “ҳаромлик”дир (яъни иҳтикорнинг баъзи кўринишлари ҳаром, дейилмоқчи.-муаллиф). Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоя қилинишича, У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “иҳтикор қилувчи малъундир, мол олиб келувчи эса марзуқдир (яъни, унинг ризқи кенг қилинади.-муаллиф)”, деганлар. Лаънат эса кишига фақат ҳаром ишни қилиш туфайлигина етиши мумкин. Яна, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганлари ривоят қилинган: “кимки, бирор озуқа турини қирқ кеча иҳтикор қилса, бас, у кимса Аллоҳдан бегона бўлибди, Аллоҳ ҳам ундан бегона бўлибди”. Маълумки, бундай ваъийдга фақат ҳаром ишни содир қилиш билангина сазовор бўлиш мумкин. Боз устига иҳтикор зулм бобидандир. Зеро, шаҳарда сотиладиган барча нарсага шаҳар аҳлининг ҳаққи тааллуқли бўлиб қолади. Агар ўша нарсаларни (ялписига сотиб олган) муштарий одамларнинг мазкур нарсага эҳтиёжлари кучайган пайтда сотишдан бош тортса, демакки, уларнинг ҳаққини ман қилган бўлади. Ҳақдорга ҳаққини бермаслик эса зулмдир. Зулм эса ҳаромдир” (Қаранг: Бадоиъу-с-саноиъ: 5/129).

Бобартий айтади: “ўзидан шаҳарга бирор товар келтириладиган ҳар қандай жой ҳам кўпинча шаҳар ҳукмида бўлади. Шундай экан, омманинг ҳаққи боғланиб қолганлиги сабабли у нарсаларда иҳтикор қилиш ҳаром бўлади” (“ал-ъиноя шарҳ ал-ҳидоя”: 10/58).

Буюк ҳанафий фақиҳ Ҳофизуддин Насафий ўзининг “ал-баҳр ар-роиқ шарҳу канз ад-дақоиқ” номли китобида шундай дейди: “ал-муҳит” (китоби)да келишича иҳтикор бир неча турлардан иборат бўлиб, баъзи бир хиллари ҳаромдир, у ҳам бўлса, шундай бўладики, киши шаҳарда бирор озиқ-овқат турини (улгуржи) сотиб олади ва одамларнинг ўша нарсага эҳтиёжлари тушганда сотишдан бош тортади” (“ал-баҳр ар-роиқ шарҳу канз ад-дақоиқ”: 8/229).

Юқоридагилардан хулоса қилиб, айтиш жоизки, аксар фиқҳий китобларимизда иҳтикор сўзининг ҳукми борасида “макруҳ” сўзи ишлатилар экан, ундан таҳримий макруҳ ирода қилинган. Таҳримий макруҳ эса содир қилувчиси жазога лойиқлиги жиҳатидан ҳаром билан тенг нарсадир. Аввалроқ ишора килинганидек, мазҳабимизда ҳаром билан таҳримий макруҳ орасидаги фарқ шуки, ҳаром бу – ҳаромлиги қатъий далил билан собит бўлган нарсадир, макруҳи таҳримий эса ҳаромлиги занний далил орқали собит бўлган нарсадир. Шунингдек, занний далил билан собит бўлган нарсани инкор қилиш билан инсон кофир бўлиб қолмайди. Аммо, қаттиқ гуноҳкор ва фосиқ бўлади.  

Иҳтикор қандай нарсаларда вужудга келади?  

Ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларида иҳтикор фақат озуқа моддаларида вужудга келади. Озиқ-овқат дейилар экан, аҳолининг эҳтиёжи тушадиган асосий емиш турлари назарда тутилади. Қадимда озиқ-овқатнинг тури камроқ бўлган. Ғалла, дон-дун, хурмо, майиз, ақт ёки ақит деб аталувчи пишлоққа ўхшаш нарсалар асосий озуқа маҳсулотларини ташкил қилган. Гўшт асосий емиш бўлгани ҳолда иҳтикорга нисбатан фуқаҳоларимиз таърифларида учрамаслигининг сабаби, у вақтларда деярли ҳамманинг чорва ҳайвонлари бўлган ҳамда гўшт ташқаридан ёки бошқа қўшни шаҳардан олиб келиб сотиладиган нарса бўлмаган, балки, ҳамма ўз хонадонида сўйиб еяверган. Шунингдек, гўшт тез айниб қолиши туфайли уни узоқ вақт сақлаб қўйиш имконсиз бўлган. Бугунги кунга келиб, асосий озиқ-овқат моддаларининг турлари  ҳам кўпайиб кетди. Кўп нарса бозор ёки дўконлардан сотиб олинадиган бўлиб қолди. Қадимда ҳамма буғдой ёки арпани ўз уйида янчиб, ун қилиб ишлатган бўлса, ҳозир шаҳар жойларда одамлар (ҳатто қишлоқларда ҳам аксарият) рўзғор учун тайёр унни сотиб олади. Ун билан бир қаторда гуруч, макарон, шакар, ёғ, гўшт, картошка, пиёз ва ҳоказолар ҳам бугуннинг асосий озуқа моддаси ҳисобланади. Чунки, айнан шу нарсалар рўзғорда кундалик ишлатилади.

Шундай қилиб, ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларида иҳтикор фақат озиқ-овқат моддаларидагина вужудга келса, моликий мазҳаби ҳамда ҳанафийлардан Абу Юсуф (р.ҳ)нинг ихтиёрига кўра, нафақат озиқ-овқат балки, одамлар эҳтиёжи тушадиган ҳар қандай маҳсулот иҳтикор обьекти бўла олади.  

Иҳтикорнинг ҳадиси шарифларда қораланиши 

Маъмар ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганлари ривоят қилинади: “Фақат хатокор (осий) кимсагина иҳтикор қилур” (Имом Муслим (1605) ва Ибн Можа (2154) ривоятлари). Ҳадиснинг аслида ворид бўлган “хотиъун” сўзи шунчаки, хато қилувчи эмас, балки, осий, гуноҳкор маъносига далолат қилади. Шунга кўра, ҳадис мазмуни, “иҳтикор каби қабиҳ ишларга фақат гуноҳлардан тап тортмайдиган осий кимсагина журъат қилур” қабилида тушунилиши тўғри бўлади.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деётганларини эшитдим: “Кимки, мусулмонларга нисбатан бирор таом турини иҳтикор қилса, Аллоҳ уни моҳов касали ва (тижоратда) касодга йўлиқтириш билан уриб қўяди” (Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “кимки, бирор озуқа турини қирқ кеча иҳтикор қилса, бас, у кимса Аллоҳдан бегона бўлибди, Аллоҳ ҳам ундан бегона бўлибди. Ва қайси бир маҳалла аҳлида бир киши қорни оч ҳолда тонг оттирган бўлса, демак, улардан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) кўтарилиб кетибди” (Имом Аҳмад ривояти).

Хулоса қилиб, айтадиган бўлсак, иҳтикор яъни монополия бир қатор иқтисодий ва ижтимоий зарарларга эга бўлган савдо туриб бўлиб, динимизда ундан қайтарилган. У истеъмолчи ҳуқуқини поймол этилишига олиб келади, бозорда нархлар ошиб кетишига, одамлар машаққатга юз тутишларига сабаб бўлади. Шунингдек, иҳтикор уни амалга оширувчи кимсанинг худбинлиги, ўз манфатини омма манфаатидан юқори қўйиши ва манфаатпарастлигига далолат қилади. Монополия туфайли эркин рақобат ривожланмай қолади, оқибатда давлат иқтисодий зарар кўради.  

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби.


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сунъий ҳомила пайдо қилиш
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги мавжудлигини турли сабабларга боғлаб қўйган. Ушбу сабаблар низомининг ҳар бири Аллоҳнинг биру борлигига, Унинг давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Юртимиздаги тўёналарнинг турлари ва ҳукмлари
Ҳозирги кунда жамиятимизда турли хил расм-русмлар қаердадир кенг, қаердадир тор доираларда тарқалди. Улардан бири тўёнадир. Бу ҳам хозирга кунда расмиятчиликка айланган.Тўёна аслида шариъатимизда берилган ҳадя давоми...
8 йил аввал 6760 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тобеъ бўлишликнинг ва бидъатдан сақланишнинг вожиблиги
Оламларнинг Робби бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Унинг расули Муҳаммад пайғамбарга, у зотнинг оли асҳобларининг барчаларига салоту саломлар бўлсин! Аммо баъд:Мусулмон  одамнинг Қуръон ва саҳиҳ Суннатда келган давоми...
8 йил аввал 7919 Алоуддин Хофий
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби
Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби, мунозара ва жадал офатларининг тафсилотлари ва унинг мубоҳ бўлиши шартлариБилгилки, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўнг давлатни ҳидоятга эргашган давоми...
8 йил аввал 7741 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Шайх Рамазон ал-Бутий ва бемазҳаблар ўртасидаги баҳс
Бу ерда бошқа ҳеч бир ақл-идрокли одамда учрамайдиган мутаассиблик (фанатизм) аломатларини учратасиз! Улар (бемазҳаблар) бизни мутаассибликда гумон қиладилар, чунки биз минг бир далилга асосланган ҳақиқатдан давоми...
8 йил аввал 18011 fiqh.uz