Савол: Қурбонликнинг терисини сотиш жоизми?
Жавоб: Қурбонликнинг териси унинг гўшти каби пулга сотилмайди. Агар сотса қийматини фақирларга садақа қилиши вожиб бўлади. Лекин пулдан бошқа уйда истеъмол қилинадиган нарса эвазига (идиш товоқ каби ейилмайдиган доимий истеъмол қилинадиган) алмаштирилса жоиз.
Савол: Бир киши қурбонликдан бир икки ҳафта олдин қурбонликка ҳайвон сотиб олса, ёки уйида боқаётган ҳайвонни қурбонликка ният қилса унинг сутидан юнгидан фойдаланиши жоизми?
Жавоб: Фатавойи Ҳиндия китобида: ”Бир киши қурбонликка қўй сотиб олса(ёки мол) унинг сутидан ёки юнгидан фойдаланиши макруҳи таҳримийдир. Чунки у қурбонликни қурбат учун тайин қилди. Қурбонлик кунидан олдин сўйиб олса гўштидан фойдаланиш жоиз бўлмаганидек қурбонликдан олдин сути ва юнгидан фойдаланиш жоиз эмас. Баъзи машойихлар фойдаланиш жоиз эмаслигига назр қилинган қурбонлик ва камбағалнинг қурбонликка атаб сотиб олган жонлиғида жоиз эмас деганлар», дейилган. Агар сути соғилган юнги олинган бўлса уларни фақирларга садақа қилиб юборилади.
Савол: Бир киши отаси тарафидан қурбонлик қилиб ўзига кераклигини олиб қолиб қолганини сотиб юборса бўладими?
Жавоб: Қурбонликни терисини ва гўштини бойга ҳам камбағалга ҳам ҳадя қилиши ёки садақа қилиши жоиз. Агар қурбонликнинг териси ёки гўшти пул эвазига сотиб юборган бўлса уни закот олишга ҳақлиларга тарқатади, ўзи ишлатиши жоиз эмас. Роддул мухтор китобида агар қурбонлик гўшти ё терисини мустаҳлак (буғдой, асал каби ейиладиган нарсаларга) ёки пул эвазига сотилса уни садақа қилиш вожиб дейилган.
Савол: Қурбонликнинг териси сотилгач унинг қиймати қандай садақа ҳисобланади? Унинг қийматини масжид мадрасаларнинг таъмирига ишлатиш жоизми? Териларни масжидга келтириб берилса мутавалли ёки имом уни сотиб пулини масжидга ишлатиши жоизми?
Жавоб: Қурбонлик териси сотилгач шариат юзасидан фақир мискинларга садақа қилиниши вожибга айланади. Ҳидоя китобида “Тери ёки гўштни тилло, кумуш ёки турмайдиган мол(ун, ёғ каби) нарса эвазига сотилса уни садақа қилиш вожиб бўлади. Чунки қурбат эвазга кўчди“ дейилган. Ушбу иборадан қурбонлик териси сотилгач унинг қиймати закот каби садақа қилиши вожиб бўлади. Шундай экан уни закотга ҳақдор бўлган ўринларга сарф қилинади. Закотни фақир мискинга мулк қилиб бериш шарт бўлгани каби терининг қийматини ҳам фақир мискинга мулк қилиб бериш шарт. Масжид таъмирига ишлатиладиган ўринда мулк қилиб бериш топилмайди. Мабодо терининг нархини ҳақдор бўлган фақир кишига мулк қилиб берилсаю ва у ўз ихтиёри билан масжидга ҳадя қилса жоиз.