Банданинг «Афувв» сифатидан насибаси


«Афувв» сифати «афв» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «тарк қилиш», «ўчириш» ва «йўқ қилиш» деган маъноларни ифода этади.
Уламолар афвни қуйидагича таърифлайдилар:
Муновий: «Афв бир нарсани тановул қилишни қасд этиш ва гуноҳни ўтиб юборишдир», деган.
Кафавий: «Афв қудрати етиб туриб зарар етказмасликдир. Ким уқубат беришга ҳақдор бўлатуриб уни тарк қилса, афв қилган бўлади», деган.
Афв билан мағфиратнинг орасидаги фарқ.
Мағфират иқобни соқит қилиб, савоб беришдан иборатдир. Бунга фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи қодир. Мағфиратга фақат мўмин бандагина сазовор бўлади.
Афв маломат ва мазамматни соқит қилса ҳам, савобга эришишни тақозо қилмайди. Афвни банда ҳам қилиши мумкин.
Афв уқубатдан олдин ҳам, кейин ҳам бўлаверади. Мағфиратда эса уқубат умуман бўлмайди. Афв фақат қодир бўлган шахс тарафидан содир бўлади.
Афв уқубатни соқит қилади. Мағфиратда эса гуноҳ беркитилади.
Афв (кечириш) маъносида келган оятлардан намуналар:
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

وَدَّ كَثِيرٌ مِّنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَوْ يَرُدُّونَكُم مِّن بَعْدِ إِيمَانِكُمْ كُفَّاراً حَسَدًا مِّنْ عِندِ أَنفُسِهِم مِّن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمُ الْحَقُّ فَاعْفُواْ وَاصْفَحُواْ حَتَّى يَأْتِيَ اللّهُ بِأَمْرِهِ إِنَّ اللّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ۝ 

«Аҳли китоблардан кўплари ўзларига ҳақ равшан бўлганидан кейин, ўз нафсу ҳаволаридан келиб чиқиб, ҳасад қилиб, иймонли бўлганингиздан кейин сизларни кофир ҳолга қайтаришни истарлар. Бас, Аллоҳ Ўз амрини келтиргунича афв этинг ва кечириб юборинг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (Бақара сураси, 109-оят).
Бу ояти карима мусулмонларни пасткашларга тенг бўлмасликка, ёмонликка ёмонлик, ҳасадга ҳасад ила муқобала этмасдан, ўзини юқори тутишга чақиради.
Ушбу жумладаги «Аллоҳнинг амри»дан мурод нималиги ҳақида тафсирчилар турли таъвиллар айтганлар. Баъзилари фатҳ ва ғалаба, баъзилари қиёмат куни, яна бошқалари уруш қилишга рухсат, деганлар. Мақомга қараб, буларнинг ҳар бирини ҳам ишлатса бўлади.
Оятнинг охирида келган «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир» жумласидан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг Ўзи бир чора кўриши муқаррардир.
Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:

وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ۝الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ۝

«Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар, аччиғини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир» (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).
Аллоҳдан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўлган тақводорларнинг сифатларидан бири:
 «...одамларни афв қиладиганлардир».
 Бу сифат ғазабни ютиш сифатини тўлдириб келади. Чунки ишнинг чиройли ҳолда бўлиши учун ғазабни ютиб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Олийжаноблик кўрсатиб, ғазабини ютган одам бу олийжаноблигини тугал қилайин деса, айбдорни афв қила олиши, кечира билиши ҳам керак.

فِي رِوَايَةِ الطَّبَرَانِيِّ: أَلَا أُنْبِئَكُمْ بِمَا يُشْرِفُ اللهُ بِهِ الْبُنْيَانَ وَيَرْفَعُ بِهِ الدَّرَجَاتِ؟ قَالَ: قَالُوا: نَعَمْ يَا رَسُولَ اللهِ؟  تَحْلُمُ عَلَى مَنْ جَهِلَ عَلَيْكَ، وَتَعْفُو عَمَّنْ ظَلَمَكَ، وَتُعْطِي مَنْ حَرَمَكَ، وَتَصِلُ مَنْ قَطَعَكَ

Табаронийнинг ривоятида:
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)
«Аллоҳ биноларни баланд қиладиган ва даражаларни кўтарадиган нарсанинг хабарини берайми?» дедилар.
«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.
«Сенга жоҳиллик қилганга ҳалимлик қиласан, зулм қилганни афв этасан, бермаганга берасан ва орани узганга силаи раҳм қиласан», дедилар».

رُوِيَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: يُنَادِي مُنَادٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: مَنْ لَهُ أَجْرٌ عَلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ فَلْيَقُمْ. فَيَقُومُ الْعَافُونَ عَنْ النَّاسِ 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятда:
«Қиёмат куни бир жарчи «Кимни Аллоҳ азза ва жалланинг зиммасида ажри бўлса, ўрнидан турсин!» деб нидо қилади. Бас, одамларни афв қилганлар туради», дейилган.
Аллоҳ таоло ҳаттоки золимга қарши зулм қилишдан ҳам қайтаради: 

وَجَزَاء سَيِّئَةٍ سَيِّئَةٌ مِّثْلُهَا فَمَنْ عَفَا وَأَصْلَحَ فَأَجْرُهُ عَلَى اللَّهِ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ۝

«Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир. Ким афв этиб, ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У Зот золимларни севмас» (Шуро сураси, 40-оят).
Адолат юзасидан иш тутиш Исломнинг барча ишларида ўз аксини топган. Ҳатто ўзига нисбатан қилинган зулм учун ўч олишда ва ўзини ҳимоя қилишда ҳам адолатли иш тутиш жорий қилинган.
«Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир».
Яъни мусулмон кишига бирор душманлик етса, худди ўша миқдорда, ўша шаклда жавоб қайтариш керак бўлади. Ундан орттирмаслик лозим. Чунки ёмонлик ўз ўрнида қайтарилмаса, авж олиб кетади. Ёмонлигига жим қараб турилганини кўрган ёмон кимса андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, яна ҳам кўпроқ ёмонлик қилишга ўтади.
Аммо ёмонликни ўз ўрнида қайтаришга қодир бўла туриб, ўша умумий қоидадан истисно тариқасида:
«Ким афв этиб, ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир».
Афв этиш тажовузкорни жазолаш имконига эга бўлатуриб бағрикенглик ила кечириб юборган одам томонидан бўлади. Ким золимдан ўч олишга қодир бўла туриб, уни афв этса, сўнгра золимни ислоҳ қилишга уринса, унга Аллоҳ таолонинг ҳузурида ажру савоблар бўлади.
Мазлумнинг ундан ўч олишга қодир бўла туриб, аммо унга ўхшаб, пасткашлик қилмай, аксинча, олийжанобларча кечириб юборганини кўрган золим хижолат бўлади ва ўзини ўнглашга ҳаракат қилади.
«Албатта, У Зот золимларни севмас».
Демак, золим шундай ҳам Аллоҳнинг ғазабига учрайди. Зулми учун Аллоҳ таолонинг Ўзидан жазо олади. Агар фазилат йўлини тутмай, умумий қоидага амал қилиб, золимга ўз ёмонлиги мислида жавоб қайтариш ўрнига, ундан ошириб юборилса ҳам зулм бўлади. Буни ҳам Аллоҳ суймайди.
Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади: 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ وَأَوْلَادِكُمْ عَدُوًّا لَّكُمْ فَاحْذَرُوهُمْ وَإِن تَعْفُوا وَتَصْفَحُوا وَتَغْفِرُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, жуфти ҳалолларингиздан ва фарзандларингиздан сизга душман бор, бас, улардан ҳазир бўлинг. Ва агар афв этсангиз, ўтиб юборсангиз ва кечирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Тағобун сураси, 14-оят).
Ояти каримада:
«...жуфти ҳалолларингиздан ва фарзандларингиздан сизга душман бор...» дейиляпти. Аслида, хотин, бола-чақа Аллоҳ таоло берган неъматлардир. Лекин уларнинг баъзилари кишини ўзларига банд қилиб, иймон тақозо этган ишлардан қайтариб, душман қиладиган ишни қилгани учун ҳам шундай дейилмоқда.
Маълумки, аёл кишининг ўз эрига таъсири катта бўлади. Халқимизнинг «Эрни эр қиладиган ҳам хотин, ер қиладиган ҳам хотин» деган гапи ҳам бежиз эмас. Аёл киши диндор, тақводор бўлса, эрининг тақвосига ҳалақит қилмайди. Аллоҳ кўрсатмасин, аксинча бўлса, ундан катта душман йўқ. Фарзандлар борасида ҳам шу гапни айтиш мумкин.
«Оятдаги «жуфти ҳалолларингиздан» сўзини ҳам эркакка, ҳам аёлга нисбатан ишлатса бўлади», деган уламоларимиз ҳам бор.
У вақтда тақводор эрга хотини ва бола-чақаси дин йўлида баъзида душман бўлганидек, тақводор хотинга ҳам эри ва бола-чақаси баъзан душман бўлиши мумкин.
Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоят бундай: Бир гуруҳ кишилар Маккада иймонга келиб, Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлганларида, хотинлари ва бола-чақалари «Бизни ташлаб, қаёққа борасан», деб тўсиқ бўлишган экан. Вақти келиб, Мадинага боришса, улардан аввал ҳижрат қилганлар динда илғор бўлиб кетишибди. Шунда уларни ҳижратдан тўсган оила аъзоларига иқоб қилмоқчи бўлганларида Аллоҳ таоло
«Ва агар афв этсангиз, ўтиб юборсангиз ва кечирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» деган оятини нозил қилиб, уларни бу ишдан қайтарган экан.
Аллоҳ таоло бандаларини бир-бирларига нисбатан кечиримли бўлишга буюради: 

وَلَا يَأْتَلِ أُوْلُوا الْفَضْلِ مِنكُمْ وَالسَّعَةِ أَن يُؤْتُوا أُوْلِي الْقُرْبَى وَالْمَسَاكِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلْيَعْفُوا وَلْيَصْفَحُوا أَلَا تُحِبُّونَ أَن يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝

«Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар яқин қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳнинг сизларни мағфират қилишини севмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Нур сураси, 22-оят).
Оиша розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:
«Аллоҳ таоло мени оқлаш учун оятларни нозил қилганида Абу Бакр (у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турардилар):
«Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
«Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар яқин қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳнинг сизларни мағфират қилишини севмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», деди ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилди. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», деди».
Аллоҳ таоло яна бундай деб буюради: 

خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ۝ 

«Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир» (Аъроф сураси, 199-оят).
Яъни «Ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. Қилган хатоларини афв этувчи, кенг­бағирли бўл».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатларни ўзларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда кишини ҳайрон қолдирадиган даражадаги ҳолатлар зикр этилган.
Ул зотнинг саҳобаи киромлари, ҳақиқий мўмин-мусулмонлар ҳам доимо ояти каримада таъкидланганидек, кечиримли бўлишга, ана шу қоида асосида яшашга астойдил ҳаракат қилганлар.
«…маъруфга буюр...»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари яхшиликка буюрадиган даъватдир. Ислом динида яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон эр ва муслима аёлга фарз қилинган.
«…ва жоҳиллардан юз ўгир...»
Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Ислом мусулмонларни нодонлик ва нодонлардан, илмсизлик ва илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар доим донолик ва доноларга, илму уламоларга юз тутишга даъват қилади.
Афв ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رُفِعَ إِلَيْهِ شَيْءٌ فِيهِ قِصَاصٌ إِلَّا أَمَرَ فِيهِ بِالْعَفْوِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қасоси бор нарса оширилган бўлса, у зотнинг албатта афвга амр қилишларини кўрдим».
Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.
Афв қилиш улкан фазилат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо бундай ишларда пешқадам бўлганлар ва умматларини ҳам шунга амр қилганлар. Ҳар бир мусулмон қасос олиш имконига эга бўла туриб, ўз биродарини афв этса, олийжаноб иш қилган бўлади ва улкан ажрларга эга бўлади. Аллоҳ таоло мўмин бандалари кўнглига ўзаро меҳр ва муҳаббатни солсин!

وَفِي رِوَايَةٍ: تَعَافُّوا الْحُدُودَ فِيمَا بَيْنَكُمْ، فَمَا بَلَغَنِي مِنْ حَدٍّ فَقَدْ وَجَبَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ

Бошқа бир ривоятда:
«Ҳаддларни ўзаро афв қилинглар, ҳаддан менга етгани вожиб бўлур», дедилар».
Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.
Ҳадд – жиноят учун шариат белгилаган жазо. Ҳақ эгаси иш маҳкамага етгунича кечиб юборса, мазкур жазо қўлланмайди. Аммо маҳкамага етиб борганидан кейин ҳақ эгаси «Кечдим», деса ҳам қабул қилинмайди.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ادْرَءُوا الْحُدُودَ عَنِ الْمُسْلِمِينَ مَا اسْتَطَعْتُمْ، فَإِنْ كَانَ لَهُ مَخْرَجٌ فَخَلُّوا سَبِيلَهُ، فَإِنَّ الْإِمَامَ أَنْ يُخْطِئَ فِي الْعَفْوِ خَيْرٌ مِنْ أَنْ يُخْطِئَ فِي الْعُقُوبَةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлардан ҳаддларни имконингиз борича қайтаринг. Агар унинг бирор чиқиш йўли бўлса, тек қўйинг. Чунки имомнинг афвда хато қилиши уқубатда хато қилишидан яхшироқдир», дедилар».
Термизий, Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилишган.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ يَهُودِيَّةً مِنْ أَهْلِ خَيْبَرَ أَهْدَتْ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَاةً مَسْمُومَةً، فَأَكَلَ مِنْهَا وَأَكَلَ رَهْطٌ مِنْ أَصْحَابِهِ مَعَهُ، ثُمَّ قَالَ لَهُمْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ارْفَعُوا أَيْدِيَكُمْ، وَأَرْسَلَ إِلَى الْيَهُودِيَّةِ فَقَالَ لَهَا: أَسَمَمْتِ هَذِهِ الشَّاةَ؟ قَالَتْ: مَنْ أَخْبَرَكَ؟ قَالَ: أَخْبَرَتْنِي هَذِهِ الذِّرَاعُ، قَالَتْ: نَعَمْ، قَالَ: فَمَا أَرَدْتِ إِلَى ذَلِكَ؟ قَالَتْ: قُلْتُ إِنْ كَانَ نَبِيًّا فَلَنْ يَضُرَّهُ، وَإِنْ لَمْ يَكُنْ نَبِيًّا اسْتَرَحْنَا مِنْهُ. فَعَفَا عَنْهَا

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Хайбар аҳлидан бир яҳудий аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй (гўшти) ҳадя қилди. Бас, у зот ундан едилар ва у зот билан бирга саҳобаларидан бир гуруҳи ҳам едилар. Сўнгра уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қўлингизни тортинглар!» дедилар ва яҳудий аёлга одам юбордилар. Кейин унга:
«Қўйни заҳарлаганмидинг?» дедилар.
«Сенга ким хабар берди?» деди у.
«Менга мана бу қўл хабар берди», дедилар.
«Ҳа», деди.
«Нимага буни ирода қилдинг?» дедилар.
«Агар Набий бўлса, унга зарар қилмайди. Агар Набий бўлмаса, ундан қутуламиз дедим», деди.
Бас, у зот уни афв этдилар».

وَلِابْنِ مَاجَهْ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وُكِلَ بِهِ سَبْعُونَ مَلَكًا، فَمَنْ قَالَ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً، وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً، وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ، قَالُوا: آمِينَ 

Ибн Можанинг ривоятида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга (Рукни Ямонийга) етмиш минг фаришта вакил қилинган. Бас, ким «Аллоҳумма, инний асъалука ал-афва вал афията фид-дуня вал охираҳ. Роббанаа атинаа фид-дуня ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қинаа азабан-нар», деса, улар «Омин», дейдилар!» дедилар».
Рукни Ямоний Каъбанинг Яман тарафга қараган бурчагидир.
Дуонинг маъноси «Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда афв ва офиятни сўрайман. Роббимиз бизга ­дунёда ҳам яхшиликни бергин, охиратда ҳам яхшиликни (бергин) ва бизни дўзах азобидан сақлагин».

عَنْ أَبِي شُرَيْحٍ الْخُزَاعِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أُصِيبَ بِقَتْلٍ أَوْ خَبْلٍ فَإنَّهُ يَخْتَارُ إِحْدَى ثَلَاثٍ: إمَّا أنْ يَقْتَصَّ، وَإمَّا أَنْ يَعْفُوَ، وَإِمَّا أَنْ يَأْخُذَ الدِّيَةَ، فَإنْ أَرَادَ الرَّابِعَةَ فَخُذُوا عَلَى يَدَيْهِ، وَمَنِ اعْتَدَى بَعْدَ ذَلِكَ فَلَهُ عَذَابٌ أَلِيمٌ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Абу Шурайҳ ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қатл ёки тан жароҳати мусибатига учраса, у албатта уч нарсадан бирини ихтиёр қилади: ё қасос олади, ё афв қилади, ё хун олади. Агар у тўртинчи нарсани ирода қилса, унинг икки қўлидан тутинглар. Ким ундан сўнг тажовузкорлик қилса, бас, унга аламли азоб бўлур», дедилар».
Абу Довуд, Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Қатл этилган шахснинг валийси ёки тан жароҳати олган киши қасос ҳам, хун пули ҳам олмай, жиноятчини афв этиб юбориши мумкин. Бунинг учун, аввал ҳам таъкидланганидек, ажру савобга ва Аллоҳ таолонинг розилигига эришилади.

عَنْ عَطَاءٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ لِعَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو: أَخْبِرْنِي عَنْ صِفَةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي التَّوْرَاةِ، قَالَ: أَجَلْ، وَاللهِ إِنَّهُ لَمَوْصُوفٌ فِي التَّوْرَاةِ بِبَعْضِ صِفَتِهِ فِي الْقُرْآنِ: يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذِيرًا، وَحِرْزًا لِلْأُمِّيِّينَ، أَنْتَ عَبْدِي وَرَسُولِي، سَمَّيْتُكَ الْمتَوَكِّلَ، لَيْسَ بِفَظٍّ وَلَا غَلِيظٍ، وَلَا سَخَّابٍ فِي الْأَسْوَاقِ، وَلَا يَدْفَعُ بِالسَّيِّئَةِ السَّيِّئَةَ، وَلَكِنْ يَعْفُو وَيَغْفِرُ، وَلَنْ يَقْبِضَهُ اللهُ حَتَّى يُقِيمَ بِهِ الْمِلَّةَ الْعَوْجَاءَ بِأَنْ يَقُولُوا: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَيَفْتَحُ بِهَا أَعْيُنًا عُمْيًا، وَآذَانًا صُمًّا، وَقُلُوبًا غُلْفًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ 

Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Абдуллоҳ ибн Амрга: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротда келган сифатларининг хабарини бер», дедим.
«Хўп! Аллоҳга қасамки, у зот Тавротда ўзларининг Қуръондаги баъзи сифатлари ила васф қилингандирлар:
«Эй Набий, албатта, биз сени гувоҳ, хушхабарчи ва огоҳлантирувчи, уммийларнинг ҳимоячиси қилиб юбордик. Сен бандамсан ва Расулимсан. Сени мутаваккил деб номладим. Қўрс ҳам, қўпол ҳам эмас. Бозорларда бақир-чақир қилувчи ҳам эмас. Ёмонликни ёмонлик билан қайтармайди. Балки афв қилади ва кечириб юборади. Аллоҳ у ила қинғир миллатни «Лаа илааҳа иллаллоҳу», дейишлари билан тўғриламагунча, у ила кўр кўзларни, кар қулоқларни ва берк қалбларни очмагунича уни қабз қилмас».
Бухорий ривоят қилган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، كَمْ نَعْفُو عَنِ الْخَادِمِ؟ فَصَمَتَ، فَأَعَادَ الْكَلَامَ، فَصَمَتَ، فَلَمَّا كَانَ فِي الثَّالِثَةِ قَالَ: فِي كُلِّ يَوْمٍ سَبْعِينَ مَرَّةً. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ходимни қанча афв қиламиз?» деди.
Ул зот индамадилар. У ўз каломини қайтарди. Ул зот индамадилар. Учинчисида:
«Ҳар куни етмиш марта», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Бунда кўп кечириш кўзда тутилган, маълум адад эмас. Мусулмон инсон ўз қўл остидаги шахс­ларга нисбатан ўта кечиримли бўлмоғи лозим.

عَنْ أَبِى مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا أَحَدٌ أَصْبَرَ عَلَى أَذًى يَسْمَعُهُ مِنَ اللهِ تَعَالَى، إِنَّهُمْ يَجْعَلُونَ لَهُ نِدًّا وَيَجْعَلُونَ لَهُ وَلَدًا، وَهُوَ مَعَ ذَلِكَ يَرْزُقُهُمْ وَيُعَافِيهِمْ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи эшитган озорга сабр қилишда Аллоҳ таолога тенг келадиган бирор зот йўқ. Улар У Зотга тенгдош қилурлар. Улар У Зотга бола қилурлар. Шундай бўлса ҳам, У Зот уларни ризқ­лантирур ва афв қилур», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Ўзига озор берганларнинг қилмишларига сабр қилиш ва уларни афв қилиб юбориш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экан. Мўминлар ҳам имкони борича бу хулқни ўзлаштириб олмоқлари лозим.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا نَقَصَتْ صَدَقَةٌ مِنْ مَالٍ، وَمَا زَادَ اللهُ عَبْدًا بِعَفْوٍ إِلَّا عِزًّا، وَمَا تَوَاضَعَ أَحَدٌ لِلَّهِ إِلَّا رَفَعَهُ اللهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа молни ноқис қилмас. Аллоҳ афв ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Ким Аллоҳ учун тавозе қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ عُمَيْرَةَ الْعَبْدِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: التَّوَاضُعُ لَا يَزِيدُ الْعَبْدَ إِلَّا رِفْعَةً، فَتَوَاضَعُوا يَرْفَعْكُمُ اللهُ تَعَالَى، وَالْعَفْوُ لَا يَزِيدُ الْعَبْدَ إِلَّا عِزًّا، فَاعْفُوا يُعِزَّكُمُ اللهُ، وَالصَّدَقَةُ لَا تَزِيدُ الْمَالَ إِلَّا كَثْرَةً، فَتَصَدَّقُوا يَرْحَمْكُمُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي الدُّنْيَا 

Муҳаммад ибн Умайра Абдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тавозе бандага юқориликдан бошқани зиёда қилмас. Бас, тавозе қилинг, Аллоҳ таъоло сизни юқорилатур! Афв бандага иззатдан бошқани зиё­да қилмас. Бас, афв қилинг, Аллоҳ сизни азиз қилур! Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг, Аллоҳ азза ва жалла сизни бой қилур!», дедилар».
Ибн Абу Дунё ривоят қилган.
Азизу мукаррам бўлайлик десак, афв қилишни одат қилайлик.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيُّ لَيْلَةٍ لَيْلَةُ الْقَدْرِ مَا أَقُولُ فِيهَا؟ قَالَ: «قُولِي: اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар Лайлатул Қадр кечаси қайси кеча эканлигини билсам, унда нима дейман?» дедим.
«Аллоҳим, албатта, Сен афв қилувчи ва карамлисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин», дегин», дедилар».
Термизий ривоят қилган. 

وَقَامَ أَبُو بَكْرٍ الصِّدِّيقُ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَلَى الْمِنْبَرِ ثُمَّ بَكَى، فَقَالَ: قَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى الْمِنْبَرِ عَامَ الْأَوَّلِ ثُمَّ بَكَى، فَقَالَ: اسْأَلُوا اللهَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ، فَإِنَّ أَحَدًا لَمْ يُعْطَ بَعْدَ الْيَقِينِ خَيْرًا مِنَ الْعَافِيَةِ

Абу Бакр Сиддиқ минбарга чиқди, сўнгра йиғлади. Кейин:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввалги йили минбарга чиқдилар. Сўнгра йиғладилар ва: «Аллоҳдан афв ва офиятни сўранглар. Албатта, сиздан ҳеч бирингизга яқийндан ке­йин офиятдан яхшироқ нарса берилмаган», дедилар», деди».
Ибн Жарир Тобарий раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«Абдурраҳмон ибн Афв ва унинг шериклари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳам, мушриклар ҳам азиз эдик. Иймон келтирганимиздан кейин биз хор бўлдик-ку?!» дейишди.
Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен афв қилишга амр қилиндим. Бас, уруш қилманглар!» дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар ушбу жангдан қайтиб кетаётиб, бир сердарахт водийда дам олгани тушдилар. Одамлар турли дарахтлар соясига тарқалиб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Самра деб аталадиган бир дарахт соясига тушиб, қиличларини дарахтга илиб қўйиб, дам олдилар.
Ул зот ухлаётганларида Ғаврас исмли бир аъробий келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиличларини аста қинидан суғуриб олди ва у зотнинг бошлари устида кўтариб, пойлаб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонганларида:
«Сени мендан ким қутқаради?!» деди.
«Аллоҳ!» дедилар у зот.
Шунда қилич аъробийнинг қўлидан тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олиб, қинига солдилар ва аъробийни афв этдилар.
Афвнинг фойдаларидан:
1. Афв ҳусни хулқнинг кўринишларидан биридир.
2. Афв иймон баркамоллиги далилидир.
3. Афв Ислом гўзаллигидандир.
4. Афв бағрикенглик далилидир.
5. Афвнинг самараси Аллоҳнинг муҳаббатидир.
6. Афвнинг самараси одамларнинг муҳаббатидир.
7. Афв фитналардан омонликдир.
8. Афв тойилишлардан сақланишдир.
9. Афв нафснинг шарафли экани исботидир.
10. Афв жаннатга олиб борувчи йўлдир. 

“Руҳий тарбия” китобидан
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Васваса
Ёмон хаёлларнинг келиши қалбда иймон борлигининг аломатидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан васваса ҳақида сўралди. عن عبدالله، قال: سئل النبي - давоми...
7 йил аввал 155653 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ато суратидаги ман этиш
رُبَّما أَعْطَاكَ فَمَنَعَكَ، وَرُبَّما مَنَعَكَ فَأَعْطَاكَ Эҳтимол, У Зот сенга берганида ман қилгандир. Эҳтимол, У Зот сендан ман қилганида бергандир. давоми...
7 йил аввал 53022 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Риёнинг ҳукми ва муолажаси
Ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг яна бири риёдир. «Риё» сўзи кўз билан кўриш, назар солиш ва «одамлар кўрсин» маъноларини англатади. Риё учун охирги маъно давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Таваккул
«Таваккул» луғатда «вакола» (вакил қилиш) сўзидан олинган бўлиб, бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни ўша ишда ўзи ожиз қолиб, бошқага эътимод қилиш таваккулдир. Аллоҳ таолога таваккул қилиш давоми...