Истинжо


«Истинжо» сўзи луғатда «ахлатни кетказиш» деган маънони англатади.

Фуқаҳолар истилоҳида эса нажосатни сув ва шунга ўхшаш нарса ёрдамида кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса билан артишга «истинжо» дейилади.

Уйқу ва елдан бошқа таҳоратни кетказувчи ҳар бир нарсадан тошга ўхшаш нарса ила истинжо қилиш суннатдир. Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас. Сўнг уни ювиш одобдир. Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тарқалган бўлса, ундан истинжо қилиш вожибдир.

Қўлини ювгандан кейин махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда, бармоқларининг ич тарафи билан уни ювади. 

Кейин қўлни ювади. Халода қиблага қараш ёки унга орқасини қилиш макруҳдир.

Бу сарлавҳа остида келган маълумотларни «хало одоблари» десак ҳам хато қилмаган бўламиз. Ҳар бир кишининг кундалик ҳаётида бир неча бор такрорланиб турадиган бу муҳим амалга шариатда катта эътибор берилган. Бугунги кунда «шахсий озодалик» деб номланаётган ишни Ислом қадимдан қатъий тартиб ила йўлга қўйгандир. Келинг, ўша маълумотларни ўрганишга киришайлик.

Уйқу ва елдан бошқа таҳоратни кетказувчи ҳар бир нарсадан тошга ўхшаш нарса ила истинжо қилиш суннатдир.

Уйқу ва елдан бошқа – ҳушидан кетиш, жиннилик, мастлик каби таҳоратни кетказувчи нарсалардан ҳам истинжо қилинмайди. Қолганларидан, агар нажас бир дирҳам миқдоридан кам бўлса, истинжо қилиш суннатдир. Кўпчилик уламолар истинжо қилиш эркагу аёлга суннати муаккададир, деганлар.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни доимо қилганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: «مَنِ اسْتَجْمَرَ فَلْيُوتِرْ، مَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدْ أَحْسَنَ، وَمَنْ لَا فَلَا حَرَجَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин. Ким шундай қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ», дедилар».

Имом Абу Довуд, Ибн Можа ва имом Аҳмад ривоят қилишган.

Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас.

Бу ҳукмни фуқаҳолар қуйидаги шаръий далиллардан олганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: اتَّبَعْتُ النَّبِيَّ وَخَرَجَ لِحَاجَتِهِ، فَكَانَ لَا يَلْتَفِتُ، فَدَنَوْتُ مِنْهُ، فَقَالَ: «ابْغِ لِي أَحْجَارًا أَسْتَنْفِضْ بِهَا أَوْ نَحْوَهُ، وَلَا تَأْتِنِي بِعَظْمٍ وَلَا رَوْثٍ». فَأَتَيْتُهُ بِأَحْجَارٍ بِطَرَفِ ثِيَابِي، فَوَضَعْتُهَا إِلَى جَنْبِهِ وَأَعْرَضْتُ عَنْهُ، فَلَمَّا قَضَى أَتْبَعَهُ بِهِنَّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиққан эдилар, ортларидан бордим. Одатда у зот ортларига қарамас эдилар. У зотга яқинлашган эдим:

«Менга тошлардан олиб кел, улар билан истинжо қиламан (ёки шунга ўхшашроқ гап айтдилар), суяк ёки тезак олиб келма», дедилар.

Кийимимнинг этагига тош солиб келтириб, ёнларига қўйдим ва ўгирилиб кетдим. У зот қазои ҳожат қилиб бўлиб, уларни ишлатдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шунингдек, бу икки нарсанинг хусусиятларига эга бўлган нарсалар билан ҳам истинжо қилиб бўлмайди. Суяк – таом чиқиндиси, тезак – ҳайвон чиқиндиси ҳисобланиши эътиборидан шу гап айтилган. Шунингдек, таом, кўмир, шиша, латта, дарахт баргига ўхшаш нарсалар билан ҳам истинжо қилиш макруҳдир.

Шундай бўлганидан кейин, фойдали нарсалар билан истинжо қилиб бўлмаслиги ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баъзи қадимги уламоларимиз қоғоз билан истинжо қилишни макруҳ деганлар. Чунки уларнинг вақтида қоғоз камёб бўлган. Ҳозир ҳам фойдаланадиган қоғоз билан, хусусан, ёзуви бор қоғоз билан истинжо қилишга рухсат берилмайди. Аммо истинжо учун алоҳида тайёрланган қоғоз билан истинжо қилишга ҳамма уламолар рухсат берганлар. Чунки бундай қоғозлар айнан мана шу мақсад учун тайёрланган нарсадир.

عَنْ سَلْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قِيلَ لَهُ: قَدْ عَلَّمَكُمْ نَبِيُّكُمْ كُلَّ شَيْءٍ حَتَّى الْخِرَاءَةَ، فَقَالَ: أَجَلْ، لَقَدْ نَهَانَا أَنْ نَسْتَقْبِلَ الْقِبْلَةَ لِغَائِطٍ أَوْ بَوْلٍ، أَوْ أَنْ نَسْتَنْجِيَ بِالْيَمِينِ، أَوْ أَنْ نَسْتَنْجِيَ بِأَقَلَّ مِنْ ثَلَاثَةِ أَحْجَارٍ، أَوْ أَنْ نَسْتَنْجِيَ بِرَجِيعٍ أَوْ بِعَظْمٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

 

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У кишига: «Набийингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто қандай қазои ҳожат қилишни ҳам ўргатди», дейишди.

У киши:

«Тўғри. Батаҳқиқ, у зот бизни қазои ҳожат қилганимизда ёки бавл қилганимизда қиблага қарашимиздан, ўнг қўл билан истинжо қилишимиздан ёки учтадан кам тош билан истинжо қилишимиздан ёки чиқинди ва суяк билан истинжо қилишимиздан наҳий қилганлар», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Сўнг уни ювиш одобдир.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ هَذِهِ الْآيَةَ نَزَلَتْ ﭿ ﮁﮂ ، قَالَ رَسُولُ اللهِ : «يَا مَعْشَرَ الْأَنْصَارِ، إِنَّ اللهَ قَدْ أَثْنَى عَلَيْكُمْ فِي الطُّهُورِ، فَمَا طُهُورُكُمْ؟» قَالُوا: نَتَوَضَّأُ لِلصَّلَاةِ، وَنَغْتَسِلُ مِنَ الْجَنَابَةِ، وَنَسْتَنْجِي بِالْمَاءِ. قَالَ: «فَهُوَ ذَاكَ، فَعَلَيْكُمُوهُ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир», ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Ансорийлар жамоаси! Аллоҳ сизларни покликда мақтади. Сизнинг поклигингиз нимадир?» дедилар.

«Намозга таҳорат қиламиз. Жанобатдан ғусл қиламиз. Сув ила истинжо қиламиз», дейишди.

«Мана шу экан-да! Уни маҳкам тутингиз!» дедилар».

Ибн Можа, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилишган.

Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тар­қалган бўлса, ундан истинжо қилиш вожибдир.

Чунки бир дирҳам афв қилинган миқдордир. Ундан зиёдидан покланиш албатта вожиб бўлади.

Қўлини ювгандан кейин махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда, бармоқларининг ич тарафи билан уни ювади. 

Махраждаги нажасни ювишдан олдин қўлни ювиш у тозаланиш асбоби бўлганидандир. Махражни бўшаштириш ила унинг ҳамма жойларидаги нажосатни ювиш осонлаштирилади.

Кейин қўлни ювади.

Шунда қўлга теккан нажосат ва ноқулай ҳидлар кетади.

Халода қиблага қараш ёки унга ортини қилиш макруҳдир.

Охирги жумладаги ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ва шунга ўхшаш бошқа далиллардан олганлар:

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: «إِذَا أَتَى أَحَدُكُمُ الْغَائِطَ فَلَا يَسْتَقْبِلِ الْقِبْلَةَ وَلَا يُوَلِّهَا ظَهْرَهُ، شَرِّقُوا أَوْ غَرِّبُوا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

 Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга орқасини ҳам қилмасин. Шарққа ёки ғарбга қаранглар», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِنَّمَا أَنَا لَكُمْ بِمَنْزِلَةِ الْوَالِدِ أُعَلِّمُكُمْ، فَإِذَا أَتَى أَحَدُكُمْ الْغَائِطَ فَلَا يَسْتَقْبِلِ الْقِبْلَةَ وَلَا يَسْتَدْبِرْهَا وَلَا يَسْتَطِبْ بِيَمِينِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен сизларга худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин, унга орқасини ҳам қилмасин, ўнг қўли билан покланмасин», дедилар.

Абу Довуд ривоят қилган.

Демак, қиблага қараб ҳам, қиблага орқасини қилиб ҳам қазои ҳожат қилмаслик керак экан.

Ҳадисдаги «шарққа ёки ғарбга қаранглар», деган гап Мадинаи Мунаввара аҳлига айтилган. Улар шарққа ёки ғарбга қарасалар, қибла ён томонларида қолади. Лекин бошқа жойларда қибла шарқ ёки ғарб томонда бўлиши мумкин. Бу гап уларга тегишли бўлмайди. Улар қиблага қараб ёки ортларини қилиб қазои ҳожат қилмасликлари зарурлигидан, шарқ ёки ғарбга қарамасликлари керак бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари Ислом дини хало одоби масалаларига жиддий эътибор берганидан далолат беради. Аввал айтганимиздек, инсоният тарихида биринчи бўлиб Ислом бу ишларни тартибга солишни бошлаган.

Масала жиддийлигидан Ислом шариатининг иккинчи масдари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бу ишга алоҳида эътибор берилган. Энг мўътабар ҳадис, фиқҳ ва одоб китобларида албатта «Хало одоблари» номли боб бўлади.

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
7 йил аввал 13601 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
7 йил аввал 15891 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
7 йил аввал 11074 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
7 йил аввал 9145 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
7 йил аввал 16311 fiqh.uz