Қиёмат аломатлари ҳақида


Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Бу улкан ҳақиқат Қуръони Каримда кўп марта таъкидланган.
Жумладан, Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:

 يَسْأَلُونَكَ عَنِ السَّاعَةِ أَيَّانَ مُرْسَاهَا قُلْ إِنَّمَا عِلْمُهَا عِندَ رَبِّي لاَ يُجَلِّيهَا لِوَقْتِهَا إِلاَّ هُوَ ثَقُلَتْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ لاَ تَأْتِيكُمْ إِلاَّ بَغْتَةً يَسْأَلُونَكَ كَأَنَّكَ حَفِيٌّ عَنْهَا قُلْ إِنَّمَا عِلْمُهَا عِندَ اللّهِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لاَ يَعْلَمُونَ۝

«Сендан Соат ҳақида, унинг қачон собит бўлишини сўрарлар. «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина ўз вақтида зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен ундан хабардордек, сендан сўрарлар. «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар»,  деб айт», деган (187-оят).
Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай лаҳзаларда улар охират ҳақида савол бера бошлайдилар. Баъзи ҳолларда қиёмат бўлишига шак келтирганларидан, ўз фикрларини тасдиқлаш, қиёмат бўлади, деган ақийдадагиларни ожиз қолдириш учун сўрайдилар. Баъзи вақтларда синаш учун сўрайдилар ва ҳоказо.
Қурайш мушриклари ҳам вақти-вақти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат ҳақида, айниқса, унинг қачон собит бўлиши ва келиши ҳақида сўрар эдилар.
«Сендан Соат ҳақида, унинг қачон собит бўлишини сўрарлар».
Яъни «Бўладиган бўлса, қачон бўлишини айтиб бер», деб даъво қилардилар. Бу саволдан қачон бўлишини айтиб бера олмасанг, қандай Пайғамбарсан, шуни ҳам билмайсанми, деган ғаразгўйликнинг ҳиди келади.
Аслида қиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Унинг қачон рўй беришини фақат Аллоҳнинг Ўзигина билади. Лекин мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни синаш, ул зотни хижолат қилиш учун «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўроқ қиладилар. Агар ҳар бир сўзни Аллоҳдан қабул қилиб оладиган ҳақиқий Пайғамбар бўлмаса, бунга турли жавоблар бериш мумкин. Хусусан, пайғамбарликни даъво қилувчи табиатан телба ва бузуқлар одамлар эътиборини жалб қилиш учун уларнинг қиёматга нисбатан бўлган эҳтиросли қизиқишидан фойдаланишга ҳаракат қилишлари кейинги пайтларда ошкор бўлди. «Қиёмат фалон вақтда бўлади», деб қўйиб, сўнг шарманда бўлганлари ҳам жуда кўп.
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу саволга қандай жавоб беришни Аллоҳнинг Ўзи сўзма-сўз уқдиряпти:
«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина ўз вақтида зоҳир қиладир», деб айт.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсондирлар, шунинг учун у зот ҳеч қачон «Ғайб илмини биламан», деб даъво қилмаганлар. Ул зот: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир», дейдилар, яъни қиёматнинг қачон бўлишини фақат бир Зот – Роббим билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди. Мен ҳам билмайман.
«Уни фақат Ўзигина ўз вақтида зоҳир қиладир».
Қиёматни юзага келтирувчи Зот ҳам ягона Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бошқа ҳеч ким бу ишга аралаша олмайди.
«У осмонлару ерда оғир иш бўладир».
Унинг ҳақида билганим шу: Қиёмат осмонлар ва ер қанча улкан бўлмасин, уларга ҳам оғир келадиган даражада улуғ ҳодисадир. Шунинг учун ўша кунга тайёрланиш керак.
«Сизларга фақат тўсатдан келадир».
Билмай қоласизлар. Аввал эълон қилиб, вақтини тайинлаб келмайди. У содир бўлмасдан, бир оз олдин ўзини ўнглаб, у ер-бу ерини тозалаб, ҳеч нарсани кўрмагандек мўмин-қобил бўлиб туришга имкон йўқ. Унинг келишига доим тайёр туриш керак. Унинг қачон содир бўлишини сўраб юришдан самара йўқ. Бунинг устига, бу саволга жавоб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Мушрикларнинг саволи эса ноўрин.
«Худди сен ундан хабардордек, сендан сўрарлар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг дахллари йўқ нарсаларни Аллоҳдан сўрамайдилар.
«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар»,  деб айт».
Қиёматнинг қачон бўлиши ҳақидаги илм Аллоҳнинг Ўзига хос илмдир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам билдирмаган. Ул зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса айб эмас.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида:

 يَسْأَلُكَ النَّاسُ عَنِ السَّاعَةِ قُلْ إِنَّمَا عِلْمُهَا عِندَ اللَّهِ وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّ السَّاعَةَ تَكُونُ قَرِيبًا۝

«Одамлар сендан Соат ҳақида сўрарлар. «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айт. Недан билурсан, эҳтимол, Соат яқинда бўлар», деган (63-оят).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни қиёмат соати билан қўрқитар, бу дунёда қилган ишларининг жазосини қиёматда тортишларини қайта-қайта такрорлар эдилар. Қуръони Каримда ҳам қиёмат ва унинг васфи, ундаги даҳшатлар ҳақида кўплаб оятлар келгани маълум. Кофирлар доимо «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўрар эдилар. Улар қиёмат қоим бўлишига шак-шубҳа қилганлари учун ҳам, у ҳақда кўп сўрардилар. «Қани, бўлса, бўлмайдими?» деб шошилар эдилар. Лекин қиёматнинг илми Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳ таоло унинг қачон бўлишини бошқага билдиришни истамади. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, фаришталарга ҳам бу илмдан хабар бергани йўқ.
Шу билан бирга, ояти каримада қиёмат қачон қоим бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билишининг, бошқаларга билдирилмаганининг ҳикматларидан бири ҳам баён қилинади:
«Недан билурсан, эҳтимол, Соат яқинда бўлар».
Қиёмат соати яқиндир, сен буни билмайсан, сендан бошқа ҳам билмайди. Шунинг учун ҳамма доимо ҳушёр бўлиб, тайёргарлигини кўриб туради. Ҳозир ёки эртага қиёмат қоим бўлиб қолса, нима қиламан, деб яхши ишларни кўпроқ қилади, ёмонликдан қочади.
Қачон қиёмат қоим бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмаслиги ҳақидаги ҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам қайта-қайта таъкидланган. Биргина мисол келтирамиз.
Имом Муслим, имом Абу Довуд, имом Термизий ва имом Насаий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Менга отам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтди: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирар эдик. Бирдан ҳузуримизда оппоқ кийимли ва қоп-қора сочли одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни биздан бирор киши танимас ҳам эди. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига тиззасини теккизиб ўтирди. Икки кафтини икки сонларига қўйди ва:
«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер!» деди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар имконинг бўлса, Байтуллоҳга ҳаж қилмоғинг», дедилар.
Ҳалиги одам: «Тўғри айтдинг!» деди. Биз бунга ажабландик. Ўзи савол бериб, ўзи «Тўғри айтдинг», дейди. Кейин у: «Менга иймондан хабар бер», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ва яхши-ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар. У одам:
«Тўғри айтдинг. Эҳсон ҳақида хабар бер!» деди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга худди сен Уни кўраётгандек ибодат қилишинг. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўраётгандек ибодат қилишинг», дедилар.
«Менга  соат (қиёмат) ҳақида хабар бер!» деди у.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас», дедилар. У одам чиқиб кетганидан сўнг, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан бу одамнинг кимлигини сўрадилар. Саҳобалар «Танимаймиз», деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаброил сизга динингизни ўргатгани келган эди», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан сўралувчи шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, сўровчи Жаброил алайҳиссалом ҳам қиёмат қачон бўлишини билмаганлари кўриниб турибди.
Аммо шу билан бирга, қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Албатта, бу маълумотлар асосан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида зикр қилинган. Қиёмат аломатларини кўлами ва намоён бўлиш шиддатига кўра катта ва кичик аломатларга бўлиш мумкин.

Қиёмат яқинлигининг катта аломатлари

 Қиёматдан олдин зоҳир бўладиган аломатлар ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан кўпи «Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг «Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби» деб аталган жузида батафсил ўрганилган. 

عَنْ حُذَيْفَةَ الْغِفَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: اطَّلَعَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَيْنَا وَنَحْنُ نَتَذَاكَرُ، فَقَالَ: «مَا تَذْكُرُونَ؟» قَالُوا: نَذْكُرُ السَّاعَةَ، قَالَ: «إِنَّهَا لَنْ تَقُومَ حَتَّى تَرَوْا قَبْلَهَا عَشْرَ آيَاتٍ». فَذَكَرَ الدُّخَانَ، وَالدَّجَّالَ، وَالدَّابَّةَ، وَطُلُوعَ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا، وَنُزُولَ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِ السَلام، وَيَأَجُوجَ وَمَأْجُوجَ، وَثَلاَثَةَ خُسُوفٍ: خَسْفٌ بِالْمَشْرِقِ، وَخَسْفٌ بِالْمَغْرِبِ، وَخَسْفٌ بِجَزِيرَةِ الْعَرَبِ، وَآخِرُ ذَلِكَ نَارٌ تَخْرُجُ مِنَ الْيَمَنِ تَطْرُدُ النَّاسَ إِلَى مَحْشَرِهِمْ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ 

Ҳузайфа ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Гаплашиб ўтирган эдик, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб келдилар-да:
«Нимани гаплашмоқдасизлар?» дедилар.
«Қиёматни гаплашмоқдамиз», дейишди.
«У ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қоим бўлмас», дедилар ва тутунни, Дажжолни, доббани, қуёшнинг мағрибдан чиқишини, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг нозил бўлишларини, Яъжуж-Маъжужни, учта ер ютишни: машриқдаги ер ютишни, мағрибдаги ер ютишни ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб, одамларни маҳшарга қувлайдиган оловни зикр қилдилар».
Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шарифда қиёматнинг катта аломатларидан бир нечтаси ҳақида сўз бормоқда:
Тутун. Қиёматдан олдин бир тутун зоҳир бўлади. У кофирларнинг нафасини олади ва мўминлар учун тумовдек бўлади. Ўша тутун ер юзида қирқ кун туради. 
Дажжол.
Добба.
Қуёшнинг мағрибдан чиқиши.
Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг нозил бўлишлари.
Яъжуж-Маъжуж.
Учта ер ютиши: машриқдаги ер ютиш, мағрибдаги ер ютиш ва араб жазирасидаги ер ютиш.
Ямандан чиқиб, одамларни маҳшарга қувлайдиган олов. Бошқа ривоятларда бу ўт-олов Адан шаҳри қаъридан чиқиши ҳақида айтилган.
Бунга ўхшаш аломатлар анчагина бўлиб, улардан баъзилари воқеъликда пайдо бўлгандир. Қолганлари аста-секин пайдо бўлиб бораверади.

Доббатул арз

Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири бўлган «добба» – жонивор ҳақида Намл сурасида бир оят бор. Аллоҳ таоло:

 وَإِذَا وَقَعَ الْقَوْلُ عَلَيْهِمْ أَخْرَجْنَا لَهُمْ دَابَّةً مِّنَ الْأَرْضِ تُكَلِّمُهُمْ أَنَّ النَّاسَ كَانُوا بِآيَاتِنَا لَا يُوقِنُونَ۝ 

«Уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У уларга, албатта, одамлар оятларимизга аниқ ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир», деган (82-оят).
Бу ҳодиса қиёматнинг аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада кофирлар бошига ваъда қилинган сўз – қиёмат азоби тушиши чоғида ердан бир ҳайвон чиқариши ҳақида хабар бермоқда. Демак, бу ишнинг бўлиши муқаррарлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу ҳайвон қиёматнинг аломатларидан бири эканлиги, тавба қилса фойда бермайдиган вақт бўлиб қолганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.
Ҳофиз ибн Касир:
«Бу жонивор охири замонда, одамлар фасодга берилганда, Аллоҳнинг амрини тарк қилганларида ва ҳақ динни ўзгартирганларида чиқади», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўнта белгини кўрмагунингизча қиёмат қоим бўлмайди», деб туриб, ердан жонивор чиқишини ҳам айтганлар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ёд олиб, ҳеч ёдимдан чиқармадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:
«Қиёматнинг биринчи аломатларидан қуёшнинг мағрибдан чиқиши ва одамларга добба – жониворнинг чиқишидир. Буниси чошгоҳ пайтида бўлади. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарров шеригининг орқасидан чиқади».
Шу билан бирга, муҳаққиқ тафсирчи уламоларимиз ушбу жонивор ҳақида кераксиз ва асоссиз гаплар кўпайиб кетганини, улар тафсир китобларимизга ҳам кириб қолганини, ишончли манбаларга суянмаган гаплар бўлгани учун уларга эътибор бермаслик лозимлигини таъкидлайдилар.
Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келган хабарлар билан кифояланиш энг яхши иш. Қолгани эса фақат Аллоҳ биладиган ғайб илмдир.
«Уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз».
Бу жонивор оятда «добба» деб айтилган бўлиб, «ер юзида аста юрувчи», деганидир. Қорни билан судралиб юрадими, икки, тўрт ёки сон-саноқсиз оёқлари билан юрадими, фарқи йўқ. Диний адабиётимизда ҳам бу жонивор «доббатул арз» номи билан машҳур бўлган.
Демак, қиёмат яқинлашганда ўша жонивор чиқади ва:
«У уларга, албатта, одамлар оятларимизга аниқ ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир».
«Доббатул арз»ни одамларга гапиртиришдан мақсад уларнинг илоҳий оятларга иймон келтирмайдиган бўлганликларини билдириш экан.
Қандай қилиб айтишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Имо-ишора билан тушунтирадими, ҳамма инсонлар тушунадиган тилда гапирадими ёки инсонлар унинг тилини тушунадиган бўлиб қоладиларми, ҳеч ким бу ҳақда бирор нарса билмайди.

Яъжуж-Маъжуж

Қиёматнинг бу аломати ҳақида Қуръони Каримнинг Каҳф ва Анбиё сураларида оятлар келган.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида:

 قَالُوا يَا ذَا الْقَرْنَيْنِ إِنَّ يَأْجُوجَ وَمَأْجُوجَ مُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ فَهَلْ نَجْعَلُ لَكَ خَرْجًا عَلَى أَن تَجْعَلَ بَيْنَنَا وَبَيْنَهُمْ سَدًّا۝

«Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» дейишди», деган (94-оят).
Икки тоғ орасидаги қавм Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят этдилар. Уларнинг ер юзидаги бузғунчиликларидан арз қилдилар.
«Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилувчилардир....»
Яъжуж ва Маъжуж ҳақида ҳам жуда кўп гаплар бор. Бу ҳам тахминий гаплардан иборатдир. Биз эса ўз одатимизча, Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз. Шуниси хайрли.
«Сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» дейишди».
Мазкур қавм Зулқарнайндан: «Агар харож тўплаб берсак, ўша Яъжуж ва Маъжужлар билан бизнинг орамизга тўсиқ қуриб берасанми?» деб сўрадилар. Шу билан уларнинг ҳужумларидан, бузғунчиликларидан қутулмоқчи бўлдилар.
Зулқарнайн мазкур қавм билан Яъжуж ва Маъжуж орасида радм – улкан ва мустаҳкам тўсиқ қура бошлади. Дастлаб

 آتُونِي زُبَرَ الْحَدِيدِ

«Менга темир парчаларини келтиринг», деди (96-оят).
Яъни одамларни темир топиб келишга буюрди. Улар олиб келган темир парчаларини ўша икки тоғ орасига тўплата бошлади.

حَتَّى إِذَا سَاوَى بَيْنَ الصَّدَفَيْنِ قَالَ انفُخُوا

«Ниҳоят, тоғнинг икки томонини баробарлаштирганда: «Дам уринглар!» деди» (96-оят).
Яъни темир парчаларини тўплаб-тўплаб, икки тоғ орасини тўлдирдилар. Ундан кейин Зулқарнайн босқонлар билан дам уриб, темирларни қизитиб, эритишга киришди.

حَتَّى إِذَا جَعَلَهُ نَارًا قَالَ آتُونِي أُفْرِغْ عَلَيْهِ قِطْرًا۝

«Ниҳоят, уни (темир уюмини) ўт-оловга айлантиргач: «Олиб келинглар, устидан мис қуяман», деди» (96-оят).
Яъни икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб, алангалатиб, эритиб олов ҳолига келтирдилар. Ана шунда Зулқарнайн одамларига: «Энди эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман», деди.
Мис аралашган темир янада мустаҳкам бўлиши яқинда кашф этилди. Демак, ўша замонда ҳам Зулқарнайн Аллоҳ унга берган илм орқали бу сирни яхши билган ва жуда мустаҳкам девор қуриб, ҳалиги қавмнинг Яъжуж ва Маъжужнинг ҳужумларидан сақланишига ёрдам берган. 

فَمَا اسْطَاعُوا أَن يَظْهَرُوهُ وَمَا اسْتَطَاعُوا لَهُ نَقْبًا۝

«Бас, унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар» (97-оят).
Яъни Яъжуж ва Маъжужлар Зулқарнайн қурган радм – девор тўсиқ устига чиқа олмадилар ва улар уни тешиб ҳам ўта олмадилар. Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят қилиб, ёрдам сўраган қавмлар омонликка эришдилар. Зулқарнайн ишни жуда ҳам пухта амалга оширган эди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Суфёни Саврий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари уммул мўминийн Зайнаб бинти Жаҳш онамиз қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолларида «Арабларнинг ҳолига яқинлашган ёмонликдан вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжуж радми – саддидан мана шунча очилди», деб туриб, бош ва кўрсаткич бармоқларини ҳалқа қилиб кўрсатдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўла туриб, ҳалок бўламизми?» дедим мен.
«Ҳа, агар ёмонлик кўпайса», дедилар у зот».
Шунингдек, имом Муслим, имом Термизий, имом Ибн Можа, имом Аҳмад ва имом Абу Довуднинг ривоятларида ҳам Яъжуж ва Маъжуж ҳақида хабарлар келган.
Аллоҳ таоло Анбиё сурасида шундай деган:

 حَتَّى إِذَا فُتِحَتْ يَأْجُوجُ وَمَأْجُوجُ وَهُم مِّن كُلِّ حَدَبٍ يَنسِلُونَ ۝ وَاقْتَرَبَ الْوَعْدُ الْحَقُّ فَإِذَا هِيَ شَاخِصَةٌ أَبْصَارُ الَّذِينَ كَفَرُوا يَا وَيْلَنَا قَدْ كُنَّا فِي غَفْلَةٍ مِّنْ هَذَا بَلْ كُنَّا ظَالِمِينَ۝

«Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан шошилиб келганларида ва ҳақ ваъда яқинлашганда, ногаҳон куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб: «Ҳолимизга вой! Бундан ғафлатда эдик. Йўқ! Бизлар зулм қилувчилар эдик!» (дерлар)» (96-97-оятлар).
Каҳф сурасида айтиб ўтилганидек, қиёматнинг аломатларидан бири – Зулқарнайн қурган садд-тўғон очилиб, Яъжуж ва Маъжужлар чиқиб кетишидир. Ушбу оятда:
«Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан шошилиб келганларида» деб айтилмоқда.
Демак, улар жуда кўп бўлиб, кўпликларидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келар эканлар.
«...ва ҳақ ваъда яқинлашганда...»
Яъни қиёмат қоим бўлгандаги ҳолни кўрсанг, унинг даҳшатидан, қўрқинчи ва азобидан
«...ногаҳон куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолади.
Кўзларини юма олмайдилар. Айни пайтда ўз ҳолларига йиғлай бошлайдилар:
«Ҳолимизга вой! Бундан ғафлатда эдик».
Яъни қиёмат қоим бўлиб, ҳамма қайта тирилиб, сўроқ-савол, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот бўлишидан ғафлатда эдик. Бундай бўлишини ўйлаб кўрмаган эдик.
«Йўқ! Бизлар зулм қилувчилар эдик!» дерлар».
Йўқ, биз ғафлатда эмас эдик. Балки, билиб туриб тайёргарлик кўрмаган эдик. Ишонмаган эдик. Зулм қилган эдик, дерлар.
Ақоид илми уламоларимиз Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганиб, қуйидаги хулосани айтадилар:
«Яъжуж ва Маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқишлари қиёматнинг аломатларидан биридир. Улар ер юзини фасодга ва харобга тўлғазадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди». 

 Қуёшнинг мағрибдан чиқиши

Қуёшнинг ўзининг одатда ботадиган томонидан чиқиши ҳам қиёматдан олдин бўладиган катта аломатлардан биридир. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Баъзиларини қисқача ўрганиб чиқамиз. 

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَوْمًا: «أَتَدْرُونَ أَيْنَ تَذْهَبُ هَذِهِ الشَّمْسُ؟» قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: «إِنَّ هَذِهِ تَجْرِي حَتَّى تَنْتَهِيَ إِلَى مُسْتَقَرِّهَا تَحْتَ الْعَرْشِ، فَتَخِرُّ سَاجِدَةً، فَلَا تَزَالُ كَذَلِكَ حَتَّى يُقَالَ لَهَا: ارْتَفِعِي، ارْجِعِي مِنْ حَيْثُ جِئْتِ. فَتَرْجِعُ فَتُصْبِحُ طَالِعَةً مِنْ مَطْلِعِهَا، ثُمَّ تَجْرِي حَتَّى تَنْتَهِيَ إِلَى مُسْتَقَرِّهَا تَحْتَ الْعَرْشِ، فَتَخِرُّ سَاجِدَةً، وَلَا تَزَالُ كَذَلِكَ حَتَّى يُقَالَ لَهَا: ارْتَفِعِي، ارْجِعِي مِنْ حَيْثُ جِئْتِ. فَتَرْجِعُ فَتُصْبِحُ طَالِعَةً مِنْ مَطْلِعِهَا، ثُمَّ تَجْرِي لَا يَسْتَنْكِرُ النَّاسَ مِنْهَا شَيْئًا حَتَّى تَنْتَهِيَ إِلَى مُسْتَقَرِّهَا ذَاكَ تَحْتَ الْعَرْشِ، فَيُقَالُ لَهَا: ارْتَفِعِي، أَصْبِحِي طَالِعَةً مِنْ مَغْرِبِكِ، فَتُصْبِحُ طَالِعَةً مِنْ مَغْرِبِهَا». فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَتَدْرُونَ مَتَى ذَاكُمْ؟ ذَاكَ حِينَ لَا يَنْفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا لَمْ تَكُنْ آمَنَتْ مِنْ قَبْلُ أَوْ كَسَبَتْ فِي إِيمَانِهَا خَيْرًا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни:
«Бу қуёш қаёққа кетишини биласизларми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дейишди.
«Албатта, бу то ўзининг Арш остидаги қароргоҳига етгунча юриб бораверади. Сўнгра сажда қилган ҳолида йиқилади. То унга «Кўтарил, келган ерингга қайт!» дейилгунча ўшандоқ тураверади. Кейин чиқар жойидан чиқади. Кейин то ўзининг Арш остидаги қароргоҳига етгунча юриб бораверади. Сўнгра сажда қилган ҳолида йиқилади. То унга «Кўтарил, келган ерингга қайт!» дейилгунча ўшандоқ тураверади. Кейин чиқар жойидан чиқади. Сўнгра яна юради. Одамлар ундан ҳеч нарсани инкор қилмайдилар. У ўша Арш остидаги ўз қароргоҳига боради. Бас, унга: «Кўтарил, мағрибингдан чиқувчи бўл», дейилади. У мағрибидан чиқувчи бўлади», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўша қачон бўлади, биласизларми? Бу ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермайдиган пайтда бўлади», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Ўша пайт айнан қиёмат жуда ҳам яқин қолган пайт бўлади. Шундай қилиб, қуёшнинг мағрибдан чиқиши қиёматнинг улкан аломатларидан бири бўлади. 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: حَفِظْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَدِيثًا لَمْ أَنْسَهُ بَعْدُ، سَمِعْتُهُ يَقُولُ: إِنَّ أَوَّلَ الْآيَاتِ خُرُوجًا طُلُوعُ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا، وَخُرُوجُ الدَّابَّةِ عَلَى النَّاسِ ضُحًى، وَأَيُّهُمَا مَا كَانَتْ قَبْلَ صَاحِبَتِهَا فَالْأُخْرَى عَلَى إِثْرِهَا قَرِيبًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ، وَزَادَ: قَالَ عَبْدُ اللهِ: وَكَانَ يَقْرَأُ الْكُتُبَ الْمُنَزَّلَةَ، وَأَظُنُّ أَوَّلَهُمَا خُرُوجًا طُلُوعُ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ёд олиб, ҳеч ёдимдан чиқармадим. Ул зотнинг шундай деганларини эшитганман: 
«Аломатларнинг биринчи чиқадигани қуёшнинг мағрибдан чиқиши ва одамларга добба жониворнинг чошгоҳ пайтида чиқишидир. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарров шеригининг орқасидан чиқади».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Абу Довуд:
«Нозил қилинган китобларни ўқиб юрадиган Абдуллоҳ: «Менимча, иккисидан олдин чиқадигани қуёшнинг мағрибдан чиқишидир», деди»ни зиёда қилган.
Демак, қиёматнинг икки катта аломатидан бири – қуёшнинг мағрибидан чиқиши олдин бўлади ва иккинчиси – доббанинг чиқиши ундан кейин бўлади.
Бу ҳақиқатга жазм ила эътиқод қилмоқ керак. 

Дажжолнинг чиқиши

Дажжолнинг чиқиши қиёматнинг энг катта аломатларидан биридир. Дажжол аслида унинг лақаби. Кўп алдамчилик қилиши учун шу лақабни олган. Шунингдек, у ҳақни ботил ила кўмиб ташлаш қобилиятига ҳам эга. У асли яҳудий одамдир. Мадинаи Мунавварага нисбатан машриқ тарафдан чиқади. У одамлар орасида аҳли салоҳликни ва тақводорликни даъво қилади. Кейинроқ худолик даъвосини қилади. Унга жуда кўп одамлар, хусусан, яҳудийлар эргашадилар. Унинг тана тузилишида ўзига хос аломатлари бўлади. Бир кўзи теп-текис бўлади. Боласи бўлмайди. Макка ва Мадинага кира олмайди. Пешонасига «кофир» деб ёзилган бўлади.
Дажжол ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Баъзиларини қисқача ўрганиб чиқамиз.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَامَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي النَّاسِ فَأَثْنَى عَلَى اللهِ بِمَا هُوَ أَهْلُهُ، ثُمَّ ذَكَرَ الدَّجَّالَ، فَقَالَ: إِنِّي لَأُنْذِرُكُمُوهُ، وَمَا مِنْ نَبِيٍّ إِلَّا وَقَدْ أَنْذَرَهُ قَوْمَهُ، وَلَكِنِّي سَأَقُولُ لَكُمْ فِيهِ قَوْلًا لَمْ يَقُلْهُ نَبِيٌّ لِقَوْمِهِ، إِنَّهُ أَعْوَرُ، وَإِنَّ اللهَ لَيْسَ بِأَعْوَرَ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида туриб, Аллоҳга лойиқ ҳамду сано айтдилар ва Дажжолни зикр қилиб:
«Албатта, мен сизларни ундан огоҳлантирурман. Ҳар бир набий ҳам, албатта, ўз қавмини ундан огоҳлантирган. Лекин мен сизларга унинг ҳақида ҳеч бир набий ўз қавмига айтмаган гапни айтаман. Шубҳасиз, у ғилайдир. Албатта, Аллоҳ ғилаймасдир», дедилар».
Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Дажжол худолик даъвосини қилганида алданиб қолмаслик учун, унинг катта сифатларидан бирини айтиб қўймоқдалар.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ نَبِيٍّ إِلَّا وَقَدْ أَنْذَرَ أُمَّتَهُ الْأَعْوَرَ الْكَذَّابَ، أَلَا إِنَّهُ أَعْوَرُ، وَإِنَّ رَبَّكُمْ لَيْسَ بِأَعْوَرَ، وَمَكْتُوبٌ بَيْنَ عَيْنَيْهِ ك ف ر أَيْ كَافِرٌ، يَقْرَأُهُ كُلُّ مُسْلِمٍ. رَوَاهُمَا الْأَرْبَعَةُ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир набий бўлсаки, албатта, ўз умматини ғилай каззобдан огоҳлантиргандир. Огоҳ бўлинглар! Албатта, у ғилайдир. Албатта, Роббингиз ғилай эмасдир. Унинг икки кўзи орасига «каф фа ро», яъни «кофир» деб ёзилгандир. Буни ҳар бир мусулмон ўқийди», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Аллоҳ таоло кишиларни синаш учун Дажжолга турли нарсаларни бериб қўяди. Жумладан, у ўликни тирилтириш, ёмғир ёғдириш, ерни ҳосилдор қилиш ва шунга ўхшаш ишларга Аллоҳ таолонинг изни ила имкон топади. Сўнгра ўзидан кетиб, худолик даъвосини қилади. Ана шунда Аллоҳ таоло унинг ожизлик тарафларини зоҳир қилиб қўйгани иш беради. Унинг ғилайлиги, пешонасига «кофир» деб ёзиб қўйилганлиги ва у ўша нарсаларни ўзидан кетказа олмаслиги уни фош қилади. 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الدَّجَّالُ أَعْوَرُ الْعَيْنِ الْيُسْرَى، جُفَالُ الشَّعَرِ، مَعَهُ جَنَّةٌ وَنَارٌ، فَنَارُهُ جَنَّةٌ وَجَنَّتُهُ نَارٌ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَلَفْظُهُ: «إِنَّ مَسِيحَ الدَّجَّالِ رَجُلٌ قَصِيرٌ، أَفْحَجُ، جَعْدٌ، أَعْوَرُ مَطْمُوسُ الْعَيْنِ، لَيْسَ بِنَاتِئَةٍ وَلَا حَجْرَاءَ، فَإِنْ أُلْبِسَ عَلَيْكُمْ فَاعْلَمُوا أَنَّ رَبَّكُمْ لَيْسَ بِأَعْوَرَ 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дажжолнинг чап кўзи ғилай, серсоч. У билан жаннат ва дўзах бор. Унинг дўзахи жаннатдир, жаннати дўзахдир», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Абу Довуднинг ривоятида:
«Албатта, Дажжол пакана, маймоқ, жингалаксоч ва ғилай, кўзи теп-текис, бўртиб ҳам чиқмаган, ичкарига ҳам кирмагандир. Агар аралаш бўлган бўлса, билингки, Роббингиз ғилай эмас», дейилган.
Шу сифатларидан уни таниб олиш осон.
Дажжолнинг чап кўзи қалин эт билан қопланган бўлиб, у теп-текис ҳолда туради. Шунинг учун у «Масиҳ», яъни «текисланган» деб ҳам аталади. 

وَفِي رِوَايَةِ أَبِي دَاوُدَ: مَنْ سَمِعَ بِالدَّجَّالِ فَلْيَنْأَ عَنْهُ، فَوَاللهِ إِنَّ الرَّجُلَ لَيَأْتِيهِ وَهُوَ يَحْسِبُ أَنَّهُ مُؤْمِنٌ، فَيَتَّبِعُهُ مِمَّا يَبْعَثُ بِهِ مِنَ الشُّبُهَاتِ أَوْ لِمَا يَبْعَثُ بِهِ مِنَ الشُّبُهَاتِ 

Абу Довуднинг ривоятида:
«Ким Дажжолни эшитса, ундан узоқлашсин. Аллоҳга қасамки, киши унинг олдига борса, уни мўмин деб ҳисоблайди ва ундаги шубҳаларга қарамасдан унга эргашади. Ёки унга берилган шубҳалар сабабидан унга эргашади», дейилган.
Дажжолга берилган сеҳр, баъзи одамларни ўлдириб, бошқаларини тирилтириш каби нарсалар одамларни алдаб қўйиш хавфи бор. Шунинг учун унинг чиққанини эшитиш билан унга йўлиқмасликка ҳаракат қилиш керак.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَيْسَ مِنْ بَلَدٍ إِلَّا سَيَطَؤُهُ الدَّجَّالُ إِلَّا مَكَّةَ وَالْمَدِينَةَ، وَلَيْسَ نَقْبٌ مِنْ أَنْقَابِهَا إِلَّا عَلَيْهِ الْمَلَائِكَةُ صَافِّينَ تَحْرُسُهَا، فَيَنْزِلُ بِالسِّبْخَةِ، فَتَرْجُفُ الْمَدِينَةُ ثَلَاثَ رَجَفَاتٍ يَخْرُجُ إِلَيْهِ مِنْهَا كُلُّ كَافِرٍ وَمُنَافِقٍ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Макка ва Мадинадан бошқа ҳар бир юртни албатта, Дажжол оёқ ости қилади. Иккисининг ҳар бир йўлини фаришталар саф бўлган ҳолларида қўриқлайдилар. Шунда у тузли ерга тушади. Кейин Мадина уч марта титрайди ва ундан барча кофир ва мунофиқ у (Дажжол) томон чиқади», дедилар».
Дажжол Мадинаи Мунавварани қўриқлаб турган фаришталарни кўриб, тузли ерда тўхтайди. Унинг келганини эшитиб, Мадинадаги барча кофир ва мунофиқлар чиқиб, олдига боришади.

عَنِ النَّوَّاسِ بْنِ سَمْعَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: ذَكَرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الدَّجَّالَ ذَاتَ غَدَاةٍ فَخَفَّضَ فِيهِ وَرَفَّعَ، حَتَّى ظَنَنَّاهُ فِي طَائِفَةِ النَّخْلِ، فَلَمَّا رُحْنَا إِلَيْهِ عَرَفَ ذَلِكَ فِينَا، فَقَالَ: «مَا شَأْنُكُمْ؟» قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ ذَكَرْتَ الدَّجَّالَ غَدَاةً، فَخَفَّضْتَ فِيهِ وَرَفَّعْتَ، حَتَّى ظَنَنَّاهُ فِي طَائِفَةِ النَّخْلِ، فَقَالَ: «غَيْرُ الدَّجَّالِ أَخْوَفُنِي عَلَيْكُمْ، إِنْ يَخْرُجْ وَأَنَا فِيكُمْ فَأَنَا حَجِيجُهُ دُونَكُمْ، وَإِنْ يَخْرُجْ وَلَسْتُ فِيكُمْ فَامْرُؤٌ حَجِيجُ نَفْسِهِ، وَاللهُ خَلِيفَتِي عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ، إِنَّهُ شَابٌّ قَطَطٌ عَيْنُهُ طَافِئَةٌ، كَأَنِّي أُشَبِّهُهُ بِعَبْدِ الْعُزَّى بْنِ قَطَنٍ، فَمَنْ أَدْرَكَهُ مِنْكُمْ فَلْيَقْرَأْ عَلَيْهِ فَوَاتِحَ سُورَةِ الْكَهْفِ، إِنَّهُ خَارِجٌ خَلَّةً بَيْنَ الشَّأْمِ وَالْعِرَاقِ، فَعَاثَ يَمِينًا وَعَاثَ شِمَالًا، يَا عِبَادَ اللهِ فَاثْبُتُوا». قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَمَا لَبْثُهُ فِي الْأَرْضِ؟ قَالَ: «أَرْبَعُونَ يَوْمًا، يَوْمٌ كَسَنَةٍ، وَيَوْمٌ كَشَهْرٍ، وَيَوْمٌ كَجُمُعَةٍ، وَسَائِرُ أَيَّامِهِ كَأَيَّامِكُمْ». قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، فَذَلِكَ الْيَوْمُ الَّذِي كَسَنَةٍ أَتَكْفِينَا فِيهِ صَلَاةُ يَوْمٍ؟ قَالَ: «لَا، اقْدُرُوا لَهُ قَدْرَهُ». قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَمَا إِسْرَاعُهُ فِي الْأَرْضِ؟ قَالَ: «كَالْغَيْثِ اسْتَدْبَرَتْهُ الرِّيحُ، فَيَأْتِي عَلَى الْقَوْمِ فَيَدْعُوهُمْ فَيُؤْمِنُونَ بِهِ وَيَسْتَجِيبُونَ لَهُ، فَيَأْمُرُ السَّمَاءَ فَتُمْطِرُ، وَالْأَرْضَ فَتُنْبِتُ، فَتَرُوحُ عَلَيْهِمْ سَارِحَتُهُمْ أَطْوَلَ مَا كَانَتْ ذُرًا، وَأَسْبَغَهُ ضُرُوعًا، وَأَمَدَّهُ خَوَاصِرَ، ثُمَّ يَأْتِي الْقَوْمَ فَيَدْعُوهُمْ فَيَرُدُّونَ عَلَيْهِ قَوْلَهُ، فَيَنْصَرِفُ عَنْهُمْ، فَيُصْبِحُونَ مُمْحِلِينَ لَيْسَ بِأَيْدِيهِمْ شَيْءٌ مِنْ أَمْوَالِهِمْ، وَيَمُرُّ بِالْخَرِبَةِ فَيَقُولُ لَهَا: أَخْرِجِي كُنُوزَكِ. فَتَتْبَعُهُ كُنُوزُهَا كَيَعَاسِيبِ النَّحْلِ ثُمَّ يَدْعُو رَجُلًا مُمْتَلِئًا شَبَابًا، فَيَضْرِبُهُ بِالسَّيْفِ فَيَقْطَعُهُ جَزْلَتَيْنِ رَمْيَةَ الْغَرَضِ، ثُمَّ يَدْعُوهُ فَيُقْبِلُ وَيَتَهَلَّلُ وَجْهُهُ يَضْحَكُ، فَبَيْنَمَا هُوَ كَذَلِكَ إِذْ بَعَثَ اللهُ الْمَسِيحَ ابْنَ مَرْيَمَ  عَلَيْهِ السَلام فَيَنْزِلُ عِنْدَ الْمَنَارَةِ الْبَيْضَاءِ، شَرْقِيَّ دِمَشْقَ بَيْنَ مَهْرُودَتَيْنِ، وَاضِعًا كَفَّيْهِ عَلَى أَجْنِحَةِ مَلَكَيْنِ، إِذَا طَأْطَأَ رَأْسَهُ قَطَرَ، وَإِذَا رَفَعَهُ تَحَدَّرَ مِنْهُ جُمَانٌ كَاللُّؤْلُؤِ، فَلاَ يَحِلُّ لِكَافِرٍ يَجِدُ رِيحَ نَفَسِهِ إِلَّا مَاتَ، وَنَفَسُهُ يَنْتَهِي حَيْثُ يَنْتَهِي طَرْفُهُ، فَيَطْلُبُهُ حَتَّى يُدْرِكَهُ بِبَابِ لُدٍّ فَيَقْتُلُهُ، ثُمَّ يَأْتِي عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ قَوْمٌ قَدْ عَصَمَهُمُ اللهُ مِنْهُ، فَيَمْسَحُ عَنْ وُجُوهِهِمْ وَيُحَدِّثُهُمْ بِدَرَجَاتِهِمْ فِي الْجَنَّةِ، فَبَيْنَمَا هُوَ كَذَلِكَ إِذْ أَوْحَى اللهُ إِلَى عِيسَى إِنِّي قَدْ أَخْرَجْتُ عِبَادًا لِي، لَا يَدَانِ لِأَحَدٍ بِقِتَالِهِمْ، فَحَرِّزْ عِبَادِي إِلَى الطُّورِ، وَيَبْعَثُ اللهُ يَأْجُوجَ وَمَأْجُوجَ وَهُمْ مِنْ كُلِّ حَدَبٍ يَنْسِلُونَ، فَيَمُرُّ أَوَائِلُهُمْ عَلَى بُحَيْرَةِ طَبَرِيَّةَ، فَيَشْرَبُونَ مَا فِيهَا، وَيَمُرُّ آخِرُهُمْ فَيَقُولُونَ: لَقَدْ كَانَ بِهَذِهِ مَرَّةً مَاءٌ. وَيُحْصَرُ نَبِيُّ اللهِ عِيسَى وَأَصْحَابُهُ حَتَّى يَكُونَ رَأْسُ الثَّوْرِ لِأَحَدِهِمْ خَيْرًا مِنْ مِائَةِ دِينَارٍ لِأَحَدِكُمُ الْيَوْمَ، فَيَرْغَبُ نَبِيُّ اللهِ عِيسَى وَأَصْحَابُهُ، فَيُرْسِلُ اللهُ عَلَيْهِمُ النَّغَفَ فِي رِقَابِهِمْ، فَيُصْبِحُونَ فَرْسَى كَمَوْتِ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ، ثُمَّ يَهْبِطُ نَبِيُّ اللهِ عِيسَى وَأَصْحَابُهُ إِلَى الْأَرْضِ فَلاَ يَجِدُونَ فِي الْأَرْضِ مَوْضِعَ شِبْرٍ إِلَّا مَلَأَهُ زَهَمُهُمْ وَنَتْنُهُمْ، فَيَرْغَبُ نَبِيُّ اللهِ عِيسَى وَأَصْحَابُهُ إِلَى اللهِ، فَيُرْسِلُ اللهُ طَيْرًا كَأَعْنَاقِ الْبُخْتِ، فَتَحْمِلُهُمْ فَتَطْرَحُهُمْ حَيْثُ شَاءَ اللهُ، ثُمَّ يُرْسِلُ اللهُ مَطَرًا لَا يَكُنُّ مِنْهُ بَيْتُ مَدَرٍ وَلَا وَبَرٍ فَيَغْسِلُ الْأَرْضَ حَتَّى يَتْرُكَهَا كَالزَّلَفَةِ، ثُمَّ يُقَالُ لِلْأَرْضِ: أَنْبِتِي ثَمَرَتَكِ، وَرُدِّي بَرَكَتَكِ. فَيَوْمَئِذٍ تَأْكُلُ الْعِصَابَةُ مِنَ الرُّمَّانَةِ وَيَسْتَظِلُّونَ بِقِحْفِهَا، وَيُبَارَكُ فِي الرِّسْلِ حَتَّى أَنَّ اللِّقْحَةَ مِنَ الْإِبِلِ لَتَكْفِي الْفِئَامَ مِنَ النَّاسِ، وَاللِّقْحَةَ مِنَ الْبَقَرِ لَتَكْفِي الْقَبِيلَةَ مِنَ النَّاسِ، وَاللِّقْحَةَ مِنَ الْغَنَمِ لَتَكْفِي الْفَخِذَ مِنَ النَّاسِ، فَبَيْنَمَا هُمْ كَذَلِكَ إِذْ بَعَثَ اللهُ رِيحًا طَيِّبَةً فَتَأْخُذُهُمْ تَحْتَ آبَاطِهِمْ، فَتَقْبِضُ رُوحَ كُلِّ مُؤْمِنٍ وَكُلِّ مُسْلِمٍ، وَيَبْقَى شِرَارُ النَّاسِ يَتَهَارَجُونَ فِيهَا تَهَارُجَ الْحُمُرِ، فَعَلَيْهِمْ تَقُومُ السَّاعَةُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Дажжолни зикр қилдилар. Ул зот уни (овозларини) паслатдилар ва кўтардилар. Ҳаттоки, биз уни хурмолар орасидамикан, деб гумон қилдик. Биз кечки пайт у зотнинг олдиларига борганимизда, ўша ҳолни бизда кўрдилар ва:
«Сизларга нима бўлди?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Эрталаб Дажжолни зикр қилдингиз. Уни (овозларини) паслатдингиз ва кўтардингиз. Ҳаттоки биз уни хурмолар орасидамикан, деб гумон қилдик», дедик.
«Менинг сизга хавфим Дажжолдан бошқада. Агар у чиқса-ю, мен ичингизда бўлсам, сизларнинг ўрнингизга ўзим унга қарши тураман. Агар у чиқса-ю, мен ичингизда бўлмасам, ҳар киши ўзини ўзи ҳимоя қилади. Аллоҳ ҳар бир мусулмон учун менинг ўрнимда бўлади. Албатта, у ёш, жуда ҳам жингалаксоч, кўзи бўртиб чиққан. Мен уни худди Абдул Уззо ибн Қатанга ўхшатаман. Сизлардан ким унга эришса, унга қарши Каҳф сурасининг бошланишини ўқисин.  Албатта, у Шом билан Ироқ орасидан хуруж қиладир. Ўнгда ҳам фасод қилади, чапда ҳам фасод қилади. Эй Аллоҳнинг бандалари! Собит бўлинглар!» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Унинг ерда қолиши қандай?» дедик.
«Қирқ кун. Бир кун бир йилчалик. Бир кун бир ойчалик. Бир кун бир ҳафтачалик. Қолган кунлари сизларнинг кунларингизга ўхшаш», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ўша бир йилга ўхшаш кунда бизга бир куннинг намози кифоя қиладими?» дедик.
«Йўқ. Унинг ўлчовини чамаланглар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Унинг ер юзидаги тезлиги қандай?» дедик.
«Худди ортидан шамол келаётган ёмғирга ўхшайди. У бир қавмнинг олдига келиб, даъват қилади. Улар унга иймон келтирадилар ва ижобат қиладилар. У осмонга амр қилса, ёмғир ёғади. Ерга амр қилса, набототларни ўстиради. Ўтлаб юрган ҳайвонлари кечқурун уларнинг олдига ўркачи энг узун, елинлари энг тўлган ва қоринлари энг шишган ҳолда келади. Сўнгра у бошқа қавмга келиб, уларни даъват қилади. Улар унга ўзининг гапини қайтарадилар. У улардан қайтиб кетади. Улар қаҳатга учраб, қўлларида молларидан ҳеч нарса қолмайди. У бир хароба ёнидан ўтаётиб, унга: «Хазиналарингни чиқар!» дейди. Унинг хазиналари, асаларилар подшоҳига эргашгандек, унга эргашади. Кейин бир навқирон кишини чақириб, қилич билан уриб, иккига бўлиб ташлайди. Ҳар бўлак ораси икки ўқ етадиганча бўлади. Сўнг уни чақирса, юзларида кулги барқ урган ҳолда юриб келади. У шу ҳолда турганида, Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломни юборади. У киши Димашқнинг шарқий тарафидаги оқ минорадан, бўялган икки хил кийимда, икки қўлини икки фариштанинг қанотига қўйган ҳолда нозил бўлади. Бошини эгса, қатралар тушади. Қачон уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади. У кишининг нафасини сезган кофир бўлсаки, албатта ўлади. Унинг нафаси кўзи етган ерга бориб етади. Бас, у зот уни излаб, Боби Лудда топиб, ўлдиради. Кейин Ийсо ибн Марямнинг ҳузурига Аллоҳ ундан сақлаган қавм келади. Бас, у зот уларнинг юзларини силайди ва уларга жаннатдаги даражалари ҳақида гапирадилар. Шундай бўлиб турганда Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга ваҳий қилиб: «Албатта, Мен уларга қарши уруш қилишга бирортанинг икки қўли етмайдиган бандаларимни чиқардим. Бас, бандаларимни Турга қўрғон қилиб, ўша ерга қўй», дейди. Кейин Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни юборади. Улар ҳар томондан оқиб кела бошлайдилар. Уларнинг аввалгилари Тобария кўли олдидан ўтаётиб, ундаги ҳамма нарсани ичиб юборадилар. Охиргилари ўтаётиб: «Бунда бир вақтлар сув бор эди», дейдилар. Аллоҳнинг набийси Ийсо ва унинг асҳоблари қамал қилинадилар. Ҳаттоки улардан бирига ҳўкизнинг боши бугунги кунда сизларнинг бирингизга юз динор яхши бўлгандан ҳам яхши бўлиб қолади. Бас, Аллоҳнинг Набийси Ийсо ва унинг асҳоблари (ўлимга) рағбат қилиб қоладилар. Шунда Аллоҳ уларга бўйинлари томондан «нағаф» – қуртини юборади. Улар бир жон ўлгандек, ўликка айланадилар. Сўнгра Аллоҳнинг Набийси Ийсо ва унинг асҳоблари ерга тушадилар. Улар ер юзида аларнинг ёғи ва сассиғи етмаган бирор қарич ҳам жой топа олмайдилар. Шунда Аллоҳнинг Набийси Ийсо ва унинг асҳоблари Аллоҳга рағбат қилиб қоладилар. Бас, Аллоҳ туянинг бўйнига ўхшаган қушларни юборади. Улар аларни кўтариб олиб бориб, Аллоҳ истаган томонга ташлайдилар. Сўнгра Аллоҳ бир ёмғир юборади.  Ундан бирор лойдан ёки жундан бўлган уй панада қолмайди. У ерни ювиб, худди ойнага ўхшатиб қўяди. Кейин ерга: «Самарангни ўстир, баракангни қайтар», дейилади. Ўша кунда одамлар бир анорнинг ўзини еб, пўстлоғини соябон қиладилар. Подаларга барака киритилади. Ҳаттоки бир туянинг сути бир катта жамоа одамларга кифоя қилади. Бир сигирнинг сути бир қабила одамларга етади. Бир қўйнинг сути бир уруғ одамларга етади. Улар шундай ҳолда турганларида, Аллоҳ бир ёқимли шамолни юборади. У уларнинг қўлтиқларидан олиб, ҳар мўмин ва муслимнинг руҳини қабз қилади. Кейин одамларнинг ёмонлари қолади. Улар эшакларга ўхшаш жинсий яқинлик қиладилар. Ана ўшаларнинг бошида қиёмат қоим бўлади», дедилар».
Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Дажжолнинг таги паст, ҳеч нарсага арзимаслигини ҳам айтдилар ва шу билан бирга, унинг фитнаси энг катта фитналигини ҳам таъкидладилар.
«Сизлардан ким унга эришса, унга қарши Каҳф сурасининг бошланишини ўқисин».
Бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам кўп.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Каҳф сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзида:
«Ким Каҳф сурасининг аввалидан уч оятини ўқиса, Дажжол фитнасидан сақланади», дейилган. Бошқа бир ривоятда:
«Ким Каҳф сурасининг охиридан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади», дейилган.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ўша бир йилга ўхшаш кунда бизга бир куннинг намози кифоя қиладими?» дедик».
«Йўқ. Унинг ўлчовини чамаланглар», дедилар».
Яъни кун одатдагидан узоқ бўлиб кетгани учун ҳар йигирма тўрт соатлик вақтни чамалаб, ўшанда лозим бўлган беш вақт намоз ўқилади.
«Бошини эгса, қатралар тушади. Уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади».
Яъни Ийсо алайҳиссалом покиза ҳолда тушадилар. У кишидан ғусл ва таҳоратнинг сувлари тўкилиб туради.
«Бас, у зот уни излаб, Боби Лудда топиб, ўлдиради».
Яъни Ийсо алайҳиссалом Дажжолни излаб топиб, Байтул Мақдисдаги Лудд деган жойнинг эшиги олдида қатл қиладилар.
«Шундай бўлиб турганда, Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга ваҳий қилиб: «Албатта, Мен уларга қарши уруш қилишга бирортанинг икки қўли етмайдиган бандаларимни чиқардим. Бас, бандаларимни Турга қўрғон қилиб, ўша ерга қўй», дейди».
Ўша ҳеч ким уларга қарши тура олмайдиган бандалар Яъжуж ва Маъжужлардир. 

Ийсо алайҳиссаломнинг тушишлари

 Ийсо алайҳиссаломнинг ер юзига қайта тушишлари қиёмат қоим бўлишидан олдин содир бўладиган энг улкан аломатлардан биридир. Бу ҳақда Қуръони Карим оятларида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам ёрқин далолатлар бор. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  : وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَيُوشِكَنَّ أَنْ يَنْزِلَ فِيكُمُ ابْنُ مَرْيَمَ عَلَيْهِ السَلام حَكَمًا مُقْسِطًا، فَيَكْسِرَ الصَّلِيبَ، وَيَقْتُلَ الْخِنْزِيرَ، وَيَضَعَ الْجِزْيَةَ، وَيَفِيضَ الْمَالُ حَتَّى لَا يَقْبَلَهُ أَحَدٌ، حَتَّى تَكُونَ السَّجْدَةُ الْوَاحِدَةُ خَيْرًا مِنَ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا. ثُمَّ قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: وَاقْرَءُوا إِنْ شِئْتُمْ وَإِن مِّنْ أَهْلِ الْكِتَابِ إِلاَّ لَيُؤْمِنَنَّ بِهِ قَبْلَ مَوْتِهِ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يَكُونُ عَلَيْهِمْ شَهِيدًا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, келажакда ичингизга Ибн Марям алайҳиссалом одил ҳакам бўлган ҳолда нозил бўлур. Сўнг хочни синдирур. Чўчқани ўлдирур. Жизяни бекор қилур. Молни кўпайтирур. Ҳаттоки бирор киши уни қабул қилмай қўюр. Ҳаттоки битта сажда дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолур», дедилар».
Сўнгра Абу Ҳурайра:
«Агар истасангиз, «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Ийсо алайҳиссалом қиёматга яқин қолганида ерга тушиб, Ислом шариати ила ҳукм юритиб, ҳамма ёқда адолат ўрнатадилар. У кишининг хочни синдиришлари хоч аҳлига қарши бўлиб, уларни йўқ қилишларидир. Чўчқани ўлдиришлари ҳам унга тегишли нарсаларни йўқ қилишларига ишорадир. Жизяни бекор қилишлари эса Исломдан бошқа диндагилардан мусулмонликдан бошқа нарсани, жумладан, жизяни ҳам қабул қилмасликларидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу маъноларнинг тасдиғи Қуръони Каримда ҳам борлигига ишора қилиб:
«Агар истасангиз, «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди».
Уламоларимиз бу ояти кариманинг маъносида икки хил фикр айтганлар. Бунга оятдаги «ўлимидан олдин» ибораси сабаб бўлган. Баъзилари, бу ерда Ийсонинг ўлими назарда тутилган, десалар, баъзилари, аҳли китобнинг ўлими назарда тутилган, дейдилар.
Биринчи тоифанинг гапига биноан, оятнинг маъноси бундай: Ийсо алайҳиссалом қиёмат яқинлашганда тушганларида, у кишининг ўлимларидан олдин, аҳли китоблардан ҳеч ким қолмай, у зотга иймон келтиради.
Иккинчи тоифа олимларнинг тафсирларига кўра эса ҳар бир аҳли китоб ўз ўлимидан олдин албатта Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради.
«Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса».
Яъни ҳар бир яҳудий ҳам ўз ўлимидан олдин, албатта, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради. Аммо бу фойда бермайдиган иймон бўлади. Шунинг учун ҳам
«Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур».
Яъни Ийсо алайҳиссалом қиёмат куни уларнинг зиддига гувоҳлик берадилар.
Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлишлари қиёматнинг аломатларидан бири эканлигига Зухруф сурасидаги қуйидаги оятлар ҳам далилдир:

 وَلَمَّا ضُرِبَ ابْنُ مَرْيَمَ مَثَلًا إِذَا قَوْمُكَ مِنْهُ يَصِدُّونَ ۝ وَقَالُوا أَآلِهَتُنَا خَيْرٌ أَمْ هُوَ مَا ضَرَبُوهُ لَكَ إِلَّا جَدَلًا بَلْ هُمْ قَوْمٌ خَصِمُونَ ۝ إِنْ هُوَ إِلَّا عَبْدٌ أَنْعَمْنَا عَلَيْهِ وَجَعَلْنَاهُ مَثَلًا لِّبَنِي إِسْرَائِيلَ ۝ وَلَوْ نَشَاء لَجَعَلْنَا مِنكُم مَّلَائِكَةً فِي الْأَرْضِ يَخْلُفُونَ۝ وَإِنَّهُ لَعِلْمٌ لِّلسَّاعَةِ فَلَا تَمْتَرُنَّ بِهَا وَاتَّبِعُونِ هَذَا صِرَاطٌ مُّسْتَقِيمٌ۝

«Ибн Марям мисол келтирилган чоғда қавминг бирдан шодланиб, қичқирурлар. Ва «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар. У бир бандадир, холос. Унга неъмат бердик ва уни Бану Исроилга мисол қилдик. Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик. Албатта, у (Ийсо) Соат илми(белгиси)дир. Бас, сиз у ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир» (58-61-оятлар).
Бу масалани теранроқ англашимиз учун ушбу ояти карималарнинг тафсирини ўрганиб чиқайлик.
«Ибн Марям мисол келтирилган чоғда қавминг бирдан шодланиб, қичқирурлар».
Бу оятни тўлиқ тушуниш учун муфассирларимиз ҳаётда бўлиб ўтган ҳодисани келтирадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга Анбиё сурасидаги «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз. Сизлар унга киргувчилардирсиз» оятини тиловат қилганларида, Абдуллоҳ ибн Забъарий Тамимий исмли мушрик: «Бу биз ва бизнинг олиҳаларимиз учунми ёки ҳамма умматлар учунми?» деб сўраган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У сиз учун, олиҳаларингиз учун ва ҳамма умматлар учун», деб жавоб берганлар.
«Ана энди сени енгдим, Каъбанинг Роббига қасам! Насоролар Масийҳга ибодат қилмайдиларми? Яҳудийлар Узайрга ибодат қилмайдиларми? Бану Фулон фаришталарга ибодат қилмайдиларми?! Агар ана ўшалар ҳам жаҳаннамга тушсалар, бизнинг ва олиҳаларимизнинг жаҳаннамда бўлишига розимиз», деди у.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишини кутиб, бир оз жим қолдилар. Мушриклар эса Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ютиб чиқди, деб ўйлаб, шодланиб кулишди, бақир-чақир қилиб, шовқин кўтаришди.
Шунда Аллоҳ таоло: «Албатта, Бизнинг тарафимиздан ўзлари учун яхшилик ўтганлар, ана ўшалар ундан узоқлаштирилгандирлар» оятини нозил қилган эди (Анбиё сураси, 101-оят). Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Ибн Марям мисол келтирилган чоғда қавминг бирдан шодланиб, қичқирурлар» ояти билан ўша ҳодисани ёдга солмоқда ва буни Ийсо алайҳиссалом ҳақларида баҳс юритиш учун муқаддима қилмоқда. Шунинг учун ҳам кейинги оятда мушрикларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида айтган гаплари келтирилади ва муноқаша қилинади:
«Ва «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар».
Мушриклар Ийсо алайҳиссаломни насоролар худо санаб ибодат этишларини мисол сифатида келтириб, ўзларининг Аллоҳдан бошқа илоҳларга ибодат қилишлари тўғри эканини исботламоқчи бўладилар.
«Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар».
Яъни «Бизнинг худоларимиз яхшими ёки Ийсо яхшими?» дедилар. Уларнинг бу саволидан икки хил маъно чиқади. Биринчиси, Ийсодек зот жаҳаннамга кирадиган бўлса, бизнинг олиҳаларимиз ҳам тушса нима бўлибди?! Иккинчиси  – насоролар Ийсога ибодат қилса, бизнинг баъзиларимиз фаришталарга сиғинамиз. Фаришталар яхшироқми, Ийсо яхшироқми, деган маъно чиқади.
Оятнинг давомида мушрикларнинг бу тасарруфларининг асл моҳияти фош этилади:
«Уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар».
Аслида эса «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз» оятидан кўзланган мақсадни яхши билишади. Шунингдек, Ийсо алайҳиссалом ўзларини худо демаганларини ҳам аниқ билиб туришади. Лекин мушрикларнинг табиатлари бузуқлиги учун бўлар-бўлмас баҳоналар топиб хусумат қўзғайверадилар.
«Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар»
Хусуматчилик жуда ёмон одат бўлгани учун ҳам, Исломда ундан четлашиш ҳар бир мусулмонга қаттиқ тайинланади.Ибн Жарир Тобарий Абу Усома розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ одамлар олдига чиққанларида, улар Қуръон ҳақида тортишиб ўтирган эдилар. Ул зот қаттиқ ғазабландилар. Худди юзларига сирка қуйиб юборилгандек бўлиб кетдилар. Сўнгра: «Аллоҳнинг китобининг бир жойини бошқа жойига урманглар! Талашиб-тортишишга мубтало бўлган қавмгина залолатга кетгандир», деб, «Уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар» оятини тиловат қилдилар».
Эндиги оятда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссалом ҳақиқатларини баён қилади:
«У бир бандадир, холос».
Яъни Ийсо фақат бир банда, холос. Худо ҳам эмас. Худонинг ўғли ҳам эмас. Бошқа бандаларга ўхшаш Худонинг оддий бандаси, холос.
«Унга неъмат бердик...»
Фарқ шуки, биз унга пайғамбарликни неъмат қилиб бердик.
«...ва уни Бану Исроилга мисол қилдик».
Яъни ўрнак ва ибрат бўлиши учун Ийсони Бану Исроилга мисол қилиб қўйдик.
Эй мушриклар!
«Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик».
Кўпгина тафсирчиларимиз ушбу оятдан қуйидагича маъно чиқарганлар. Яъни бу дунёю у дунёда яратиш иши ёлғиз Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. У Зот нимани хоҳласа, шуни яратади. Бу ишга ҳеч ким аралаша олмайди. Шу жумладан, Аллоҳ Ўзи яратган фаришталар ҳам, мушриклар ҳам аралаша олмайди. Фаришталар ҳам Аллоҳ яратган махлуқлардир. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, ер юзида мушриклар ўрнига халифа қилиб фаришталарни ёки аксинча, одамлардан фаришталар яратиши ҳам мумкин.
Сўнгра Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги ҳақиқий маълумотлар баёни давом этади:
«Албатта, у (Ийсо) Соат илми(белгиси)дир. Бас, сиз у ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир».
Ушбу ояти карима Ийсо алайҳиссаломнинг қиёмат куни яқинлашганда тушишларига далилдир.
«Албатта, у (Ийсо) Соат илми(белгиси)дир».
Яъни вақти келиб, Ийсо қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан қиёмат жуда ҳам яқин қолгани билиб олинади. Бу ояти кариманинг маъносини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган кўплаб ҳадиси шарифлар тасдиқлаган.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Менинг умматимдан бир тоифа то қиёмат кунигача ҳақ учун устун бўлиб жанг қиладилар. Бас, Ийсо ибн Марям тушади. Уларнинг амири унга:
«Кел, бизга намозга ўт», дейди.
«Йўқ. Сизлар бир-бирингизга амирсиз. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга кўрсатган ҳурматидир», дейди у».
Ийсо алайҳиссаломнинг қайтиб тушишлари ғайбий эътиқод масалалари доирасига киради. Бунга ушбу оятда ишора бор, шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам унинг баёни келган. Шу икки масдардан бошқа ҳужжатга эътиқод қилиб бўлмайди.
«Бас, сиз у ҳақида ҳеч шубҳа қилманг...»
Албатта, у бўлади.
«...ва менга эргашинг».
Бу гап Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан айтилаётган гапдир.
«Мана шу тўғри йўлдир».
Яъни қиёмат куни ҳақида ҳеч шубҳаланмасдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш энг тўғри йўлдир. Бундан бошқа тўғри йўл йўқ. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  : وَاللهِ لَيَنْزِلَنَّ ابْنُ مَرْيَمَ حَكَمًا عَادِلًا، فَلَيَكْسِرَنَّ الصَّلِيبَ، وَلَيَقْتُلَنَّ الْخِنْزِيرَ، وَلَيَضَعَنَّ الْجِزْيَةَ، وَلَتُتْرَكَنَّ الْقِلَاصُ فَلَا يُسْقَى عَلَيْهَا، وَلَتَذْهَبَنَّ الشَّحْنَاءُ وَالتَّبَاغُضُ وَالتَّحَاسُدُ، وَلَيَدْعُوَنَّ إِلَى الْمَالِ فَلَا يَقْبَلُهُ أَحَدٌ . رَوَاهُ مُسْلِمٌ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга қасамки, албатта, Ибн Марям одил ҳакам бўлиб нозил бўлгай. Сўнг албатта, хочни синдиргай, албатта, чўчқани ўлдиргай, албатта, жизяни бекор қилгай, албатта, ёш туялар тарк қилингай, улар суғорилмагай, албатта, одамлар орасидаги кўра олмаслик, ҳасад қилиш ва бир-бирини ёмон кўриш кетгай ва албатта, у молга даъват қилгай, аммо уни биров қабул қилмас», дедилар».
Чунки ҳамма ёқни молу дунё босиб кетган бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар орасидаги ўзаро душманлик қолмаган бўлади. 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: يَخْرُجُ الدَّجَّالُ فِي أُمَّتِي فَيَمْكُثُ أَرْبَعِينَ - لَا أَدْرِي أَرْبَعِينَ يَوْمًا أَوْ أَرْبَعِينَ شَهْرًا أَوْ أَرْبَعِينَ عَامًا - فَيَبْعَثُ اللهُ عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ كَأَنَّهُ عُرْوَةُ بْنُ مَسْعُودٍ، فَيَطْلُبُهُ فَيُهْلِكُهُ، ثُمَّ يَمْكُثُ النَّاسُ سَبْعَ سِنِينَ لَيْسَ بَيْنَ اثْنَيْنِ عَدَاوَةٌ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дажжол умматим ичидан чиқиб, қирқ, билмадим, қирқ кунми, қирқ ойми, қирқ йилми, турур. Кейин Аллоҳ Ийсо ибн Марямни юборур. У худди Урва ибн Масъудга ўхшар. Бас, у ҳалиги(Дажжол)ни излаб топиб, ҳалок этур. Кейин одамлар етти йил икки киши орасида адоват бўлмай турурлар», дедилар».
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Ровий Дажжолнинг чиққанидан кейин ер юзида туриши қирқ йилми, ойми ёки кунми эканида шакка тушиб қолган экан. Биз бунинг қирқ кун эканини ва у кунлар қандай кунлар эканини Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида ўрганганмиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ : أَنَّ النَّبِيَّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَيْسَ بَيْنِي وَبَيْنَ عِيسَى عَلَيْهِ السَلام نَبِيٌّ، وَإِنَّهُ نَازِلٌ، فَإِذَا رَأَيْتُمُوهُ فَاعْرِفُوهُ، رَجُلٌ مَرْبُوعٌ إِلَى الْحُمْرَةِ وَالْبَيَاضِ بَيْنَ مُمَصَّرَتَيْنِ، كَأَنَّ رَأْسَهُ يَقْطُرُ وَإِنْ لَمْ يُصِبْهُ بَلَلٌ، فَيُقَاتِلُ النَّاسَ عَلَى الْإِسْلَامِ، فَيَدُقُّ الصَّلِيبَ، وَيَقْتُلُ الْخِنْزِيرَ، وَيَضَعُ الْجِزْيَةَ، وَيُهْلِكُ اللهُ فِي زَمَانِهِ الْمِلَلَ كُلَّهَا إِلَّا الْإِسْلَامَ، وَيُهْلِكُ الْمَسِيحَ الدَّجَّالَ، ثُمَّ تَقَعُ الْأَمَنَةُ عَلَى الْأَرْضِ حَتَّي تَرْتَعَ الْأَسْدُ مَعَ الْإبِلِ، وَالنِّمَارُ مَعَ الْبَقَرِ، وَالذِّئَابُ مَعَ الغَنَمِ، وَتَلْعَبُ الصِّبْيَانُ بِالْحَيَّاتِ، فَيَمْكُثُ فِي الْأَرْضِ أَرْبَعِينَ سَنَةً، ثُمَّ يُتَوَفَّى فَيُصَلِّي عَلَيْهِ الْمُسْلِمُونَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ وَالْإمَامُ أَحْمَدُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен билан Ийсо алайҳиссаломнинг орамизда набий йўқ. Албатта, у нозил бўлур. Қачон кўрсангиз, уни таниб олинглар. Ўрта бўйли, қизғиш оқ киши. Икки сарғиш кийим кийган. Худди бошидан қатра томиб турганга ўхшайди. Агар унга ҳўл етмаган бўлса ҳам. Ислом учун одамларга қарши уруш қилади. Масийҳи Дажжолни қатл қилади. Сўнг ер юзида эминлик воқеъ бўлади. Ҳаттоки, шерлар туялар билан, йўлбарслар моллар билан ва бўрилар қўйлар билан бир яйловда бўлурлар. Болалар илонлар билан бирга ўйнарлар. Ийсо ер юзида қирқ йил туради. Сўнгра вафот этади ва жанозасини мусулмонлар ўқийди», дедилар».
Абу Довуд, Ҳоким ва имом Аҳмад ривоят қилганлар.
Ақоид илми уламолари қиёматнинг улкан аломатлари сифатида юқоридагиларни зикр қиладилар. Баъзилари яна бир-иккитасини ҳам қўшадилар. Аммо кишилар ўртасида имом Маҳдий ҳақларида кўп саволлар бўлади. Шунинг учун биз у киши ҳақида ҳам маълумот бериб ўтишни лозим топдик. Имом Маҳдийнинг чиқишлари ҳам қиёматнинг аломатларидан бири бўлади.

 Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақида

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: «يَكُونُ اخْتِلَافٌ عِنْدَ مَوْتِ خَلِيفَةٍ، فَيَخْرُجُ رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ الْمَدِينَةِ هَارِبًا إِلَى مَكَّةَ، فَيَأْتِيهِ نَاسٌ مِنْ أَهْلِ مَكَّةَ فَيُخْرِجُونَهُ وَهُوَ كَارِهٌ، فَيُبَايِعُونَهُ بَيْنَ الرُّكْنِ وَالْمَقَامِ، وَيُبْعَثُ إِلَيْهِ بَعْثٌ مِنْ أَهْلِ الشَّامِ فَيُخْسَفُ بِهِمْ بِالْبَيْدَاءِ بَيْنَ مَكَّةَ وَالْمَدِينَةِ، فَإِذَا رَأَى النَّاسُ ذَلِكَ أَتَاهُ أَبْدَالُ الشَّامِ وَعَصَائِبُ أَهْلِ الْعِرَاقِ فَيُبَايِعُونَهُ بَيْنَ الرُّكْنِ وَالْمَقَامِ، ثُمَّ يَنْشَأُ رَجُلٌ مِنْ قُرَيْشٍ أَخْوَالُهُ كَلْبٌ، فَيَبْعَثُ إِلَيْهِمْ بَعْثًا فَيَظْهَرُونَ عَلَيْهِمْ، وَذَلِكَ بَعْثُ كَلْبٍ، وَالْخَيْبَةُ لِمَنْ لَمْ يَشْهَدْ غَنِيمَةَ كَلْبٍ، فَيَقْسِمُ الْمَالَ وَيَعْمَلُ فِي النَّاسِ بِسُنَّةِ نَبِيِّهِمْ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَيُلْقِي الْإِسْلَامُ بِجِرَانِهِ فِي الْأَرْضِ، فَيَلْبَثُ سَبْعَ سِنِينَ، ثُمَّ يُتَوَفَّى وَيُصَلِّي عَلَيْهِ الْمُسْلِمُونَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ 

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир халифа ўлганда ихтилоф бўлади. Аҳли Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Бас, унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам, уни чиқариб, Рукн ва Мақом орасида унга байъат қиладилар. Унга қарши Шомдан аскар юборилади. Уларни Макка ва Мадина орасидаги сайҳонликда ер ютади. Одамлар ўшани кўрганларида, унинг олдига Шомнинг Абдоллари – авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келадилар ва унга байъат қиладилар. Сўнгра қурайшдан тоғалари Бану Калбдан бўлган бир киши чиқади. Бас, у (Маҳдий) аларга қарши аскар юборади ва уларга ғолиб келади. Ана ўша Калбнинг аскаридир. Калбнинг ўлжасига ҳозир бўлмаган ноумиддир. Кейин у (Маҳдий) молни тақсим қилади ва одамлар орасида набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилади. Ислом ер юзида қарор топади. У етти йил қолади. Сўнг вафот этади ва мусулмонлар унинг жанозасини ўқийдилар», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набийимиздан кейин бирор нарса бўлишидан қўрқиб, Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадик. У зот:
«Менинг умматимда Маҳдий бордир. У чиқиб, беш ёки етти, ёки тўққиз яшайди», дедилар. «У нима?» дедик.
«Йиллар. Унга бир одам келиб: «Эй Маҳдий! Менга бер! Менга бер!» дейди. У унинг кийимига кўтаришга кучи етганичани ҳовучлаб солиб беради», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақларида, у кишининг охири замонда чиқишлари борасида қадимдан мусулмон уламолар орасида кўпгина баҳслар ўтган. Бу баҳсларнинг натижаси турлича бўлиб чиққан.
Шийъа мазҳабидагилар имом Маҳдийни Маҳдий мунтазар – интизор бўлиб турилган Маҳдий дейишади.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидаги уламолар бу масалада ўзаро алоҳида баҳс юритганлар. Баъзи уламолар, бу борада келган барча ҳадислар заифдир, деганлар. Булар озчилик бўлиб, уларнинг кўзга кўрингани Ибн Халдундир.
Кўпчилик уламолар: «Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳадиси шарифлар катта саҳобалардан улуғ муҳаддислар томонидан ривоят қилинган», дейдилар. Бу ҳақдаги ҳадиси шарифларни Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Тобароний, Абу Яъло, Баззоз, имом Аҳмад ибн Ҳанбал, ал-Ҳоким ва бошқалар ривоят қилганлар.
Ана ўша ҳадиси шарифлардан бир қисмини юқорида ўрганиб чиқдик. Уларнинг баъзиларида имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг номлари очиқ-ойдин тилга олинган бўлса, бошқаларида ишора қилинган. Уларни солиштириб чиқадиган бўлсак, бир неча умумий хулосалар чиқаришимиз мумкин:
Охири замон бўлганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байтларидан, ҳазрати Али ва биби Фотима розияллоҳу анҳумоларнинг ўғиллари имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг наслидан имом Маҳдий розияллоҳу анҳу чиқадилар.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишлари қуйидагича бўлади: бир халифа ўлганда, мусулмонлар ўртасида ихтилоф бўлади. Аҳли Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Бас, унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам, уни чиқариб, Рукн ва Мақом орасида унга байъат қиладилар. Ана ўша киши Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳуга қарши Шомдан аскар юборилади. Шомдан юборилган аскарларни Макка ва Мадина орасидаги сайҳонликда ер ютади.
Одамлар ўшаларни ер ютганини кўрганларида, Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг олдига Шомнинг абдоллари – авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келадилар ва унга байъат қиладилар.
Сўнгра қурайшдан тоғалари Бану Калбдан бўлган бир киши чиқади. Бас, имом Маҳдий розияллоҳу анҳу уларга қарши аскар юборади ва уларга ғолиб келади. Кейин имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни тақсим қилади.
Сўнгра имом Маҳдий розияллоҳу анҳу одамлар орасида набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилади. Ислом ер юзида қарор топади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу зулм ва жабрга тўлган ер юзини адолат ва инсофга тўлдиради.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни сочади, уни санамайди. У кишининг даврларида молу мулк кўпайиб кетганидан ва ўзлари сахий бўлганларидан шундай бўлади.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу халифа бўлган ҳолда етти йил қоладилар. Сўнг у киши вафот этадилар ва мусулмонлар у зотнинг жанозасини ўқийдилар.
Қиёмат қоим бўлишининг айрим катта аломатларини ўрганиб чиқдик. Аввал айтиб ўтилганидек, қиёмат яқинлашаиб қолганининг кичик аломатлари ҳам бор бўлиб, улар катта аломатлардан аввал зоҳир бўлади. 

 Қиёматнинг кичик аломатлари

Энди қиёматнинг кичик аломатлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Шу билан бирга, ушбу аломатлардан баъзиларини қиёматнинг катта аломатларидан санаган уламоларимиз ҳам борлигини айтиб қўймоқчимиз. 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: أَلاَ أُحَدِّثُكُمْ حَدِيثًا سَمِعْتُهُ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يُحَدِّثُكُمْ أَحَدٌ بَعْدِي سَمِعَهُ مِنْهُ: إِنَّ مِنْ أَشْرَاطِ السَّاعَةِ أَنْ يُرْفَعَ الْعِلْمُ، وَيَظْهَرَ الْجَهْلُ، وَيَفْشُوَ الزِّنَا، وَيُشْرَبَ الْخَمْرُ، وَيَذْهَبَ الرِّجَالُ وَتَبْقَى النِّسَاءُ حَتَّى يَكُونَ لِخَمْسِينَ امْرَأَةً قَيِّمٌ وَاحِدٌ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики,  у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисимни айтиб берайми? Мендан кейин у зотдан эшитган ҳеч ким уни сизга айтиб бермайди», деб, шундай деди: (У зот:) «Илм кўтарилиб, жаҳолатнинг ёйилиши, зино­нинг ошкор қилиниши, хамрнинг ичилиши, эр­как­лар (камайиб) кетиб, аёллар қолиши, ҳатто эллик­та аёлга бир таъминотчи эркак бўлиши қиёмат аломат­ларидандир», дедилар».
Имом Бухорий ривоят қилган. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى تَقْتَتِلَ فِئَتَانِ عَظِيمَتَانِ، يَكُونُ بَيْنَهُمَا مَقْتَلَةٌ عَظِيمَةٌ، دَعْوَتُهُمَا وَاحِدَةٌ، وَحَتَّى يُبْعَثَ دَجَّالُونَ كَذَّابُونَ، قَرِيبٌ مِنْ ثَلَاثِينَ، كُلُّهُمْ يَزْعُمُ أَنَّهُ رَسُولُ اللهِ، وَحَتَّى يُقْبَضَ الْعِلْمُ، وَتَكْثُرَ الزَّلَازِلُ، وَيَتَقَارَبَ الزَّمَانُ، وَتَظْهَرَ الْفِتَنُ، وَيَكْثُرَ الْهَرْجُ وَهْوَ الْقَتْلُ، وَحَتَّى يَكْثُرَ فِيكُمُ الْمَالُ فَيَفِيضَ، حَتَّى يُهِمَّ رَبَّ الْمَالِ مَنْ يَقْبَلُ صَدَقَتَهُ، وَحَتَّى يَعْرِضَهُ فَيَقُولَ الَّذِي يَعْرِضُهُ عَلَيْهِ لَا أَرَبَ لِي بِهِ. وَحَتَّى يَتَطَاوَلَ النَّاسُ فِى الْبُنْيَانِ، وَحَتَّى يَمُرَّ الرَّجُلُ بِقَبْرِ الرَّجُلِ فَيَقُولُ: يَا لَيْتَنِي مَكَانَهُ . وَحَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا، فَإِذَا طَلَعَتْ وَرَآهَا النَّاسُ - يَعْنِي - آمَنُوا أَجْمَعُونَ، فَذَلِكَ حِينَ لَا يَنْفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا لَمْ تَكُنْ آمَنَتْ مِنْ قَبْلُ، أَوْ كَسَبَتْ فِى إِيمَانِهَا خَيْرًا، وَلَتَقُومَنَّ السَّاعَةُ وَقَدْ نَشَرَ الرَّجُلَانِ ثَوْبَهُمَا بَيْنَهُمَا، فَلَا يَتَبَايَعَانِهِ وَلَا يَطْوِيَانِهِ، وَلَتَقُومَنَّ السَّاعَةُ وَقَدِ انْصَرَفَ الرَّجُلُ بِلَبَنِ لِقْحَتِهِ فَلَا يَطْعَمُهُ، وَلَتَقُومَنَّ السَّاعَةُ وَهْوَ يُلِيطُ حَوْضَهُ فَلَا يَسْقِي فِيهِ، وَلَتَقُومَنَّ السَّاعَةُ وَقَدْ رَفَعَ أُكْلَتَهُ إِلَى فِيهِ فَلَا يَطْعَمُهَا 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Даъволари бир (Ислом) бўлган икки катта жамоа ўртасида қирғинбарот жанг бўлмагунича; барчаси Аллоҳнинг Расулиман, деб даъво қилувчи ўттизга яқин каззоб дажжоллар чиқмагунича; илм олиб қўйилиб, зилзилалар кўпайиб, замон қисқариб, фитналар зоҳир бўлиб, қотиллик кўпаймагунча; орангизда мол-дунё кўпайиб, ошиб-тошиб кетиб, мол эгаси «Садақамни ким олар экан», деган ташвишда уни берса, берилган (одам): «Унга эҳтиёжим йўқ!» дейдиган бўлмагунча; одамлар кимўзарга иморат солмагунларича; киши бировнинг қабри ёнидан ўтиб кетаётиб, «Қани энди, унинг ўрнида бўлсам!» демагунича; қуёш мағрибидан чиқмагунича қиёмат қоим бўлмайди. У  чиққанда одамлар уни кўриб, барчаси иймон келтиришади, бу пайтда «Аввал иймон келтирмаган ёки (иймон келтирса-да) иймонида яхшиликни касб қилмаган жонга иймони наф бермайди. 
Қиёмат (шу қадар тез) қоим бўладики, олдига матосини ёйиб олган икки киши савдолашишга ҳам, уни ўрашга  ҳам улгурмайди. 
Қиёмат (шу қадар тез) қоим бўладики, туясини соғиб қайтган одам уни ичишга улгурмайди. 
Қиёмат (шу қадар тез) қоим бўладики, ҳовузини суваётган одам (молини) ундан ичиришга улгурмайди. 
Қиёмат (шу қадар тез) қоим бўладики, оғзига луқмасини солган одам (молини) ундан суғоришга улгурмайди».
Имом Бухорий ривоят қилган. 

ҚИЁМАТ 

«Қиёмат» сўзининг маъноси тик туришдир. Ўша кунда ҳамма гўридан тик туриб, тирилиши учун қиёмат шу ном билан номланган.  Қиёматнинг бундан бошқа «ҳисоб куни», «охират куни», «маҳшар куни» каби бир қанча исмлари ҳам бор.
Бундан аввал қиёматнинг аломатлари билан танишган эдик. Қачонки ўша аломатларнинг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса, Аллоҳнинг иродаси билан бу дунёнинг ажали етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.
Ҳа, ичидаги барча нарсалари белгиланган ажалгача туриб, кейин тамом бўладиган бу дунёнинг ҳам ажали етиб, қиёмат қоим бўлади.
Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймоннинг рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Нима учун бундай қилинганини бугунги кунда яхши тушуниб турибмиз.
Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлганида, инсоният таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амри маҳол. Агар охират кунига иймон бўлмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди.
Охират кунига иймон бўлмасдан, «Одам ўлганидан кейин чириб йўқ бўлади, қайта тирилмайди», деган фикр ҳоким бўлса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон қонунлари» жорий бўлади. Золим беш кунлик дунёда ўз зулми юзасидан жавобгар бўлмай, маза қилиб қолиш пайидан бўлади. Ёлғончи, фирибгар бу дунёда ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайидан бўлади. Хулласи калом, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмайдиган бўлиб қолади. Бундай ҳолатда кучсизлар, мазлумлар ва бечораларга бу дунё тор бўлади, улар учун ҳаёт кечириш чексиз азобга айланади. Жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини ўзи ўлдиришлар кўпаяди.
Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун, кишилар инсофли, адолатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликдан қайтишлари, ноумид, лоқайд бўлмасликлари учун, охират кунига иймон албатта бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло сиз билан биз бандаларига хабар берган «ғайбиётлар» ичида энг хатарлиси ва аҳамиятлиси қиёматдир. Унинг энг хатарли ва аҳамиятли бўлиши одам билган нарсаларнинг барчасидан ўзгача ва улкан бўлганидандир. Қиёматдаги ҳодисалар ва азоблар, воқеалар ва мукофотлар одам боласининг хаёлига ҳам, тасаввурига ҳам сиғмайдиган равишда хатарли ва улкандир.
Қиёмат ўта хатарли ва аҳамиятли бўлганидан ҳам, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уни сиз билан бизга қайта-қайта, такрор-такрор эслатгандир.
Қиёмат кунига иймон келтириш иймоннинг асосий рукнларидан биридир.
Агар борлиқни, ҳаётни ва инсонни илмий равишда ўрганилса, улуғ яратувчи, чексиз қудрат ва илм соҳиби ҳамда мутлақ адолату ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таолога иймон келтиришдан бошқа илож йўқ.
Агар борлиқни, ундаги ҳодисаларни ва қонунларни яхшилаб ўрганилса, уларнинг барчаси беҳуда ёки ўйин учун эмаслиги ҳам ойдек равшан бўлади.
Агар борлиқни, инсонни ва унинг Холиқ таоло билан бўладиган муносабатларини яхшилаб ўргансак, бу дунё синов ва имтиҳон учун эканлигини, беҳикмат эмаслигини англаб етамиз.
Агар бу дунёда бўлаётган адолат ва мукофот ҳамда жазони ўргансак, улар ноқис эканлигини биламиз. Бу эса ўз навбатида бу дунёда яхши бўлиб ўтганлар мукофотларини, ёмон бўлганлар жазоларини тўлиқ олишлари учун, албатта, қиёмат куни бўлиши зарурлигини тақозо қилади.
Зотан, Қуръони Карим ҳам ушбу маънони таъкидлаган.
Аллоҳ таоло Муъминун сурасида қуйидагиларни айтади:

 أَفَحَسِبْتُمْ أَنَّمَا خَلَقْنَاكُمْ عَبَثًا وَأَنَّكُمْ إِلَيْنَا لَا تُرْجَعُونَ۝

«Наҳотки, сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!» (115-оят).
Эй одамлар, наҳотки сизни беҳудага яратган бўлсак?
Наҳотки, сиз охиратда Бизга қайтарилмасангиз?!
Ундай эмас!
Сизни яратишимиз беҳуда бўлган эмас! Аллоҳ таолога бирор нарсани беҳуда қилиш мутлақо ярашмайди. Одамларнинг бу дунёда энг афзал қилиб яратилиши уларнинг Аллоҳ таолога иймон келтириб, ибодат қилиб яшашларини тақозо қилади. Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшашларини тақозо қилади.
Аллоҳ таоло бу дунёда иймон келтириб, амали солиҳ қилганларга мукофот, куфр келтириб, ёмон амал қилганларга жазо беришини ваъда қилган. Агар қиёмат ва ундаги ҳисоб-китоб бўлмаса, мусулмонлар билан жиноятчиларнинг орасида фарқ қолмайди-ку!
Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни Қалам сурасида баён қилади:

 أَفَنَجْعَلُ الْمُسْلِمِينَ كَالْمُجْرِمِينَ ۝ مَا لَكُمْ كَيْفَ تَحْكُمُونَ۝

«Мусулмонларни жиноятчиларга ўхшатиб қўярмидик?! Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?» (35-36-оятлар).
Яъни мусулмонлар ҳеч қачон жиноятчи-гуноҳкорларга қилинган муомалага дучор бўлмайдилар. Мусулмонлар Исломлари туфайли катта иззат-икромга, олий мартабага эришадилар. Агар баъзи жиноятчи-гуноҳкорлар «Биз ҳам яхши ҳолатга эришамиз», десалар, ҳеч ишонмаслик керак. Биз мусулмон билан кофирни, тақводор билан осийни баробар қилармидик?!
Эй кофирлар! Эй осийлар!
«Сизларга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?!»
Қандай қилиб, мўмин билан кофир, тақий билан осий, амал қилган билан амал қилмаган баробар бўлади, деб ҳукм чиқарасизлар? Бундай ҳукм ақли бор одамдан чиқмайди-ку? Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло қиёмат қоим бўлишини ва ҳисоб-китоб бўлиб, ҳамма қилганига яраша мукофот ёки жазо олишини ирода қилган.
Ушбуга ўхшаш маъно Жосия сурасида ҳам айтилган:

 أًمْ حَسِبَ الَّذِينَ اجْتَرَحُوا السَّيِّئَاتِ أّن نَّجْعَلَهُمْ كَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَوَاء مَّحْيَاهُم وَمَمَاتُهُمْ سَاء مَا يَحْكُمُونَ۝

«Наҳотки, ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини ўйласалар?! Қилаётган ҳукмлари нақадар ёмон!» (21-оят).
Ушбу оятда кофир ва осий кимсанинг хаёлидан ўтадиган гумон инкор қилинмоқда. Кофирлар, бизнинг мўминлардан қаеримиз кам, деб ўйлашлари, гумон қилишлари мумкин. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам мўминлар билан баробарликни даъво этишлари мумкин. Бу даъво мутлақо нотўғридир.
«Наҳотки, ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини ўйласалар?!»
Аллоҳ таоло ҳеч қачон ёмон ишлар қилган кимсаларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшатиб қўймайди. Уларнинг икковларини бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам баробар қилиб қўймайди. Баробар бўлса, адолат қолармиди? Пайғамбар юбориш, китоб тушириш ва динни жорий қилишнинг кераги бўлармиди? Агар кофирлар бундай ҳукм қилаётган бўлсалар,
«Қилаётган ҳукмлари нақадар ёмон!»
Ҳа, яхшилик қилган одам ўз амалининг мукофотини тўлиқ олиши, ёмонлик қилган одам ҳам ўз ёмонлигининг жазосини тўлиқ олиши лозим ва лобуддир. Бунинг учун инсоннинг манийдан тарқалишини ирода этиб, унга жон ва керакли аъзоларни ато қилган Аллоҳ таоло уни ўлганидан кейин тирилтириб, савол-жавоб, ҳисоб-китоб қилиб, мутлақ адолатни ўрнатади.
Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида қуйидагиларни айтади:

 أَيَحْسَبُ الْإِنسَانُ أَن يُتْرَكَ سُدًى ۝ أَلَمْ يَكُ نُطْفَةً مِّن مَّنِيٍّ يُمْنَى ۝ ثُمَّ كَانَ عَلَقَةً فَخَلَقَ فَسَوَّى ۝ فَجَعَلَ مِنْهُ الزَّوْجَيْنِ الذَّكَرَ وَالْأُنثَى ۝ أَلَيْسَ ذَلِكَ بِقَادِرٍ عَلَى أَن يُحْيِيَ الْمَوْتَى۝

«Инсон (ўзини) беҳуда тарк қилинади деб ҳисоблайдими? У отилиб чиққан манийдан бир нутфа бўлмаганмиди? Сўнг алақа бўлди. Бас, бекаму кўст этиб яратди. Бас, ундан жуфтни – эркак ва аёлни яратди. Ана ўша Зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!» (36-40-оятлар).
Баъзи нобакорлар қиёмат бўлмаса керак, дегандек, ўлгандан кейин қолиб кетсак керак, қайта тирилмаймиз, ҳам дейди. Лекин ўша инсон бир ўйлаб кўрсин.
«У отилиб чиққан манийдан бир нутфа бўлмаганмиди?»
Яқиндагина дунёда унинг асари ҳам йўқ эди. Кейин она қорнига манийдан оққан нутфа (сперма) билан тушди.
«Сўнг алақа бўлди. Бас, бекаму кўст этиб яратди. Бас, ундан жуфтни – эркак ва аёлни яратди».
Битта ҳужайранинг эркак ёки аёл бўлишини Аллоҳ қилмаса ким қилади?! Фақат ақл ишлатиб кўрганларгина бу ҳақиқатни тушуниб етадилар.
«Ана ўша Зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!»
Йўқдан бор қилган Зотга борни қайта тиклаш жуда ҳам осон-ку?!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ўқиганларида: «Субҳанака ва балаа», яъни «Сени поклаб ёд этаман, эй Парвардигор! Албатта Қодирсан!» дер эканлар. Биз ҳам шундай демоғимиз лозим.
Хуллас, қиёмат қоим бўлиши ақл тақозо қилган, Аллоҳ таоло ирода этган, инкор қилиб бўлмас улкан ҳақиқатдир.
Қиёмат қоим бўлишига иймон келтирмаган одам мўмин-мусулмон бўла олмайди.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

 وَمَن يَكْفُرْ بِاللّهِ وَمَلاَئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَقَدْ ضَلَّ ضَلاَلاً بَعِيدًا۝ 

«Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, бутунлай залолатга кетибди», деган (136-оят).
Демак, фаришталарга ва охират кунига иймон келтирмасликнинг ҳам, бошқа асосий унсурларга куфр келтириш каби, оқибати ёмон бўлади. Уламолар бу икки унсурнинг айнан шу жойда зикр қилиниши, булар кофирга таҳдид солувчи, уларни қўрқитувчи нарсалар бўлгани учундир, дейишади.
Иймоннинг мазкур асосий унсурларига ёки улардан бирортасига ишонмасликдан (куфр келтиришдан) кўра қаттиқроқ адашиш йўқдир.

Қиёмат қоим бўлишига далиллар

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб ибора ва жумлаларни ишга солган. Уларда ўша кундан огоҳлантириш ҳам, унга ишора қилиш ҳам, ундан қўрқитиш ҳам, унинг улкан даҳшатлари васфи ҳам ва бошқа ҳолатлар ҳам бор. Келинг, ўша ояти карималардан баъзилари билан танишайлик.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида қуйидагиларни айтади: 

 اللّهُ لا إِلَهَ إِلاَّ هُوَ لَيَجْمَعَنَّكُمْ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ لاَ رَيْبَ فِيهِ وَمَنْ أَصْدَقُ مِنَ اللّهِ حَدِيثًا۝

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ – у ҳақда ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни сизларни албатта жамлайдир. Ким Аллоҳдан кўра тўғрисўзроқдир?!» (87-оят).
Яъни ягона Аллоҳнинг Ўзигина бандаларининг ибодатига лойиқ Зотдир. Ким Аллоҳни ибодатга сазовор ягона Зот, деб эътиқод қилса ва ҳаёти давомида фақат Аллоҳнинг айтганини қилиб яшаса, Унинг кўрсатмасидан чиқмаса, тавҳидга амал қилган бўлади. Ҳамда қиёмат куни мукофотини олади. Ким бунга амал қилмаса, жазосини олади. Бунга шубҳа йўқ. Чунки
«Аллоҳ... у ҳақда ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни сизларни албатта жамлайдир».
Бу гап чин ҳақиқат. Чунки бу гап Аллоҳдан келмоқда.
«Ким Аллоҳдан кўра тўғрисўзроқдир?!»
Ҳеч ким!
Аллоҳ таоло Назиъат сурасида қуйидагиларни айтади:

يَسْأَلُونَكَ عَنِ السَّاعَةِ أَيَّانَ مُرْسَاهَا ۝ فِيمَ أَنتَ مِن ذِكْرَاهَا ۝ إِلَى رَبِّكَ مُنتَهَاهَا ۝ إِنَّمَا أَنتَ مُنذِرُ مَن يَخْشَاهَا ۝ كَأَنَّهُمْ يَوْمَ يَرَوْنَهَا لَمْ يَلْبَثُوا إِلَّا عَشِيَّةً أَوْ ضُحَاهَا۝

«Сендан Соат ҳақида: «Қачон бўлур?»  деб сўрашади. Унинг зикрини сен қандай билардинг?! Унинг интиҳоси Роббинггагина хос. Албатта, сен қўрқувчиларни ундан огоҳлантирувчисан, холос. Уни кўрган кунлари худди дунёда кечки пайт ёки чошгоҳдан бошқа турмаганга ўхшарлар» (42-46-оятлар).
Яъни эй Пайғамбарим, одамлар сендан «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўрарлар.
Уларнинг бу саволи истеҳзо учундир. Улар, сен айтаётган қиёматинг бўладиган бўлса, бўла қолмайдими, қабилида савол бермоқдалар.
«Унинг зикрини сен қандай билардинг?!».
Яъни қиёмат қачон бўлишини сен билмайсан. Аллоҳнинг Ўзигагина хос бўлган нарсани сен қаёқдан ҳам билар эдинг.
«Унинг интиҳоси Роббинггагина хос».
Яъни қиёматнинг қачон бўлишини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди.
«Албатта, сен қўрқувчиларни ундан огоҳлантирувчисан, холос».
Қачон бўлиш вақтини белгилаб берувчи эмассан. Сенга бу хусусда топширилган вазифа одамларни қиёмат бўлишидан огоҳлантириш, уларни ўша кунга тайёрланишга ундаш, холос.
«Уни кўрган кунлари худди дунёда кечки пайт ёки чошгоҳдан бошқа турмаганга ўхшарлар».
Яъни улар бу дунёда ғурурга кетиб юрган бўлишларига қарамай, қиёматнинг даҳшатидан бу дунёда кечирган ҳаётлари бир кун ҳам яшамаганга ўхшаб туюлади.

Қиёмат қандай қоим бўлади?

Қиёмат қоим бўлиши ва ундаги одамларнинг ҳолати ҳақида турли сураларда турли васфлар келган. Биз Зумар сурасидаги васфни тўлиқ олишга қарор қилдик: 

 وَنُفِخَ فِي الصُّورِ فَصَعِقَ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَمَن فِي الْأَرْضِ إِلَّا مَن شَاء اللَّهُ ثُمَّ نُفِخَ فِيهِ أُخْرَى فَإِذَا هُم قِيَامٌ يَنظُرُونَ۝

«Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, беҳуш йиқилди. Аллоҳ хоҳлаганларгина мустасно. Сўнгра унга яна бир бор пуфланди. Бас, улар тўсатдан туриб, мунтазир бўлурлар» (68-оят).
Қиёматни қоим қилиш Аллоҳ таоло учун қийин иш эмас. У Зотнинг Ўзи бунга бевосита аралашиб юрмайди ҳам. Фақат иродаси кетса, бас.
«Ва сурга пуфланди».
«Сур – ичига пуфланса овоз чиқарадиган асбоблиги маълум. Унга фаришта Исрофил алайҳиссалом Аллоҳнинг амри ила пуфлайди. Қиёмат қоим бўлиши учун аввало сурга бир марта пуфланади. Мана, Аллоҳнинг иродаси кетди.
«Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, беҳуш йиқилди».
Буниси биринчи пуфлаш бўлиб, «саъқ пуфлаши» дейилади. «Саъқ» чақмоқ уриб, йиқилиб ўлганга нисбатан айтилади. Демак, сурга биринчи бор пуфланганда, осмонлару ердаги барча жонзотлар чақмоқ ургандай, бирдан йиқилиб ўладилар. Шунинг учун ҳам бу пуфлаш «саъқ» – «йиқилиб ўлиш» пуфлаши дейилади.
«Аллоҳ хоҳлаганларгина мустасно».
Аллоҳнинг хоҳиши ҳамма нарсадан устун, шунинг учун У Зот хоҳласа, баъзи жонзотлар  саъқ пуфлашидан кейин ҳам тирик қолади.
«Сўнгра унга яна бир бор пуфланди».
Яъни Исрофил алайҳиссалом томонидан сурга иккинчи бор пуфланди.
«Бас, улар тўсатдан туриб, мунтазир бўлурлар».
Яъни барча халойиқ тирилиб, ўринларидан туриб, бундан кейин нима бўлишини интизор бўлиб кутадилар. Шунинг учун ҳам иккинчи пуфлаш «туриш пуфлаши» деб номланади.

 وَأَشْرَقَتِ الْأَرْضُ بِنُورِ رَبِّهَا وَوُضِعَ الْكِتَابُ وَجِيءَ بِالنَّبِيِّينَ وَالشُّهَدَاء وَقُضِيَ بَيْنَهُم بِالْحَقِّ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ ۝ وَوُفِّيَتْ كُلُّ نَفْسٍ مَّا عَمِلَتْ وَهُوَ أَعْلَمُ بِمَا يَفْعَلُونَ۝

«Ва ер Роббининг нури ила ёришди. Китоб қўйилди. Набийлар ва гувоҳлар келтирилди. Улар орасида уларга зулм қилинмаган ҳолда ҳақ ила ҳукм чиқарилди. Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди. У Зот уларнинг нима қилаётганларини яхши билувчидир» (Зумар сураси, 69-оят).
Бу ояти каримада қиёмат куни ҳодисаларининг васфи давом этмоқда.  Иккинчи пуфлашдан кейин барча халойиқ қабридан дарҳол туриб, нима бўлишини кутаёгган эди.
Энди сурга учинчи марта пуфланади. Бу пуфлашга «ҳашр (жамлаш) пуфлаши» дейилади. Чунки бу пуфлашдан кейин ҳамма ҳашр майдонига йиғилади. Ана ўшанда бандалар орасида ажрим чиқариш учун Аллоҳ таоло тажаллий қилади.
«Ва ер Роббининг нури ила ёришди».
Яъни маҳшар майдони Аллоҳнинг нури ила ёп-ёруғ бўлди. У кунда фақат Аллоҳнинг нури бўлади. Энди ҳамма нарса ҳисоб-китобга тайёр ҳам бўлди.
«Китоб қўйилди».
Бандаларнинг номаи аъмоллари – бу дунёда қилган амаллари фаришталар томонидан ёзиб юрилган китоб ўртага қўйилди.
«Набийлар ва гувоҳлар келтирилди».
Ҳар бир банданинг ҳар бир иши ўз лаҳзасида ёзилганига қарамай, яна ҳам таъкидлаш учун ва умматларга Аллоҳнинг амрини етказганликларини айтиш учун пайғамбарлар келтирилдилар. Ҳар бир жоннинг ишларига гувоҳ бўлганлар, хусусан, бу дунёда унга бириктирилган фаришталар ҳам келтирилади. Демак, ўта аниқлик билан ҳукм чиқарилишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
«Улар орасида уларга зулм қилинмаган ҳолда ҳақ ила ҳукм чиқарилди».
Бандалар орасида ҳақ-адолат ила ҳукм чиқарилди. Ҳеч кимга амалидан ортиқча ёки кам жазо берилмади.
«Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди. У Зот уларнинг нима қилаётганларини яхши билувчидир».
Қиёматдаги ҳисоб-китоб ўта аниқлик билан амалга оширилди. Аввало, бу дунёда қилган ишлари ўта аниқлик билан ёзиб юрилган номаи аъмол китоблари олиб келинди. Аниқ ҳукм чиқариш учун шунинг ўзи етар эди. Аммо пайғамбарлар ҳам гувоҳликка келтирилдилар. Улар кишиларга Аллоҳнинг амрини, таълимотини, ваҳийни, китоби ва аҳкомларини қандай етказганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Ҳеч ким, мен билмай қолибман, дин ҳақида, шариат ҳақида тириклик чоғимда хабар эшитмаган эдим, дея олмайдиган бўлди.
Шунингдек, гувоҳлар ҳам келтирилди. Улар банда қачон, қаерда, қай тарзда нима қилган бўлса, очиқ-ойдин гувоҳлик бердилар. Ана ўшалар асосида:
«Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди».
Зарра миқдорича ҳам камайтирилмади.
«У Зот уларнинг нима қилаётганларини яхши билувчидир».
Юқорида айтилган ҳужжат – далил ва гувоҳлар устига энг катта ҳужжат шуки,  Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларининг қилаётган ишларини жуда ҳам яхши билувчи Зотдир.
Ана энди маҳшарда ҳисоб-китоб тугади. Ҳар кимга амалига яраша жазо ёки мукофот тайинланди.

 وَسِيقَ الَّذِينَ كَفَرُوا إِلَى جَهَنَّمَ زُمَرًا حَتَّى إِذَا جَاؤُوهَا فُتِحَتْ أَبْوَابُهَا وَقَالَ لَهُمْ خَزَنَتُهَا أَلَمْ يَأْتِكُمْ رُسُلٌ مِّنكُمْ يَتْلُونَ عَلَيْكُمْ آيَاتِ رَبِّكُمْ وَيُنذِرُونَكُمْ لِقَاء يَوْمِكُمْ هَذَا قَالُوا بَلَى وَلَكِنْ حَقَّتْ كَلِمَةُ الْعَذَابِ عَلَى الْكَافِرِينَ۝

«Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизларга ичингиздан Роббингизнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, сизларни ушбу кунингиздаги рўбарў бўлишдан огоҳлантирадиган расуллар келмадими?!» дедилар. Улар: «Шундай! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар» (Зумар сураси, 71-оят).
Ажойиб бир манзара. Ҳукм чиққанидан кейин кофирлар жамланиб, жаҳаннам томон ҳайдаб кетилдилар. Ҳаммаёқ жим-жит. Кофирлар жаҳаннамга етиб келган пайтида ҳеч қандай шовқин-суронсиз унинг эшиклари очилди.
Ҳамма даҳшатда. Жаҳаннам нелигини ва у ерда нималарга дучор бўлишларини ҳам биладилар. Шунинг учун ҳам бошларини эгиб, паришон ҳолда кетмоқдалар. Шунда бирдан уларга жаҳаннамнинг қўриқчилиги вазифасини адо этувчи фаришталар қуйидаги саволни берадилар:
«Сизларга ичингиздан Роббингизнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, сизларни ушбу кунингиздаги рўбарў бўлишдан огоҳлантирадиган расуллар келмадими?!»
Эй шўри қуриганлар, нимага бу томон келяпсизлар?! Нима бўлди сизларга?! Нима, у дунёда сизларга ўзингиздан бўлган, оддий инсон пайғамбарлар келмадими?! Улар сизларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб бермадими?! Ахир пайғамбарлар сизни бундан огоҳлантирган бўлишлари керак-ку!!! Улар сизга бу ҳақдаги оятларни тиловат қилиб берган бўлишлари керак-ку!!!
Кофирлар нима ҳам жавоб қила олардилар? Кўп гапира олмайдилар ҳам.
«Улар: «Шундай! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар».
Ҳа, ўзимиздан бўлган пайғамбарлар бизга келган, улар бизга Роббимизнинг оятларини тиловат қилиб берган ва у куннинг даҳшатидан огоҳлантирган эдилар, демоқчилар. Лекин тўлиқ айта олмайдилар. «Ҳа», деб қўйишга зўрға  ярайдилар. Ортидан эса тан олиб;
«Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», деб ўзларининг кофирликларини эътироф этадилар.
Шунда уларга: 

قِيلَ ادْخُلُوا أَبْوَابَ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا فَبِئْسَ مَثْوَى الْمُتَكَبِّرِينَ۝

«Жаҳаннам эшикларидан унда мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» дейилди. Бас, мутакаббирларнинг турар жойи қандай ҳам ёмон!» (Зумар сураси, 72-оят).
Ҳалиги жаҳаннам қўриқчилари билан бўлган савол-жавобдан кейин кофирларга:
«Жаҳаннам эшикларидан унда мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» дейилди».
Бир йўла уларга жаҳаннамда абадий қолишлари ҳам айтиб қўйилди. Жаҳаннам бу дунёда иймонга киришдан бош тортиб, кофир бўлиб ўтган мутакаббирларга жой бўлди.
«Бас, мутакаббирларнинг турар жойи қандай ҳам ёмон!».
Жаҳаннамга ҳукм қилинганларнинг ҳоли шундай бўлди. Энди эса жаннатга ҳукм этилганларнинг ҳоли васф қилинади:

وَسِيقَ الَّذِينَ اتَّقَوْا رَبَّهُمْ إِلَى الْجَنَّةِ زُمَرًا حَتَّى إِذَا جَاؤُوهَا وَفُتِحَتْ أَبْوَابُهَا وَقَالَ لَهُمْ خَزَنَتُهَا سَلَامٌ عَلَيْكُمْ طِبْتُمْ فَادْخُلُوهَا خَالِدِينَ ۝ وَقَالُوا الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي صَدَقَنَا وَعْدَهُ وَأَوْرَثَنَا الْأَرْضَ نَتَبَوَّأُ مِنَ الْجَنَّةِ حَيْثُ نَشَاء فَنِعْمَ أَجْرُ الْعَامِلِينَ۝

«Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» дедилар. Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашамиз», дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши! Ва фаришталарни Аршни ўраб олиб, Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтаётган ҳолда кўрурсан. Улар орасида ҳақ ила ҳукм қилинди ва: «Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» дейилди» (Зумар сураси, 73-75-оятлар).
Бу ҳолат жаҳаннам аҳлининг ҳолатидан тамоман бошқача. Ҳамма томонда хурсандлик, ҳамма томонда шоду хуррамлик барқ уриб туради. Қўриқчиларнинг гапи ҳам салом, табрик ва башоратдан иборат. Жаннат аҳлининг гапида ҳам Аллоҳ таолога ҳамду сано, хурсандлик бор. Нақадар яхши ҳолат! Нақадар гўзал жой! Нақадар яхши мукофот!
«Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар».
Мазкур саодатманд бандаларнинг жаннатий бўлишларининг асосий боиси Роббларига тақво қилганлари экан. Ана ўша тақво сифатига эга бўлганлари учун ҳам, қиёмат куни уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб жаннатга олиб борилар экан. Шунинг ўзидан тақводорлик қанчалар зарур нарса эканини тушуниб олишимиз керак бўлади.
Ана, жаннатга киришларига ҳукм чиққан хушбахт бандалар жаннатга олиб келинди. Уларнинг бутун вужудларидан қувонч ёғилиб турибди. Мана, орзиқиб кутилган жаннат эшиги ҳам кўринди. Жаннатийларнинг завқу шавқлари яна ҳам зиёда бўлиб, унинг эшиклари томон йўлландилар.
«Унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» дедилар».
Жаннатнинг эшик оғаси бўлган фаришталар Роббларига тақво қилган бандаларни табрик сўзлари билан:
«Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз!» деб кутиб олдилар. Сўнгра жаннатийларнинг кўнгилларини яна ҳам тўқ қилиш учун:
«Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» дедилар».
Ҳа, жаннатга доимий қолиш учун, унинг нозу неъматларидан доимий лаззатланиш учун киринглар, дедилар.
Жаннатийлар жаннат эшик оғаларининг бундай илтифотларига ўзларига хос муомала ила жавоб илтифоти кўрсатдилар:
«Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашамиз», дедилар».
Оҳ! Нақадар юксак одоб! Ўзини билиш, Роббини таниш қандай яхши. Жаннатий бандалар ўзларига берилган олий мақом ва доимий саодат хабарини эшитишлари билан дарҳол ўз Роббларига, уларга берган ваъдасига амал қилиб, уларни жаннатга киритган Аллоҳга ҳамд айтмоқдалар!
Улар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини яхши биладилар. Шунинг учун жаннатга кирмасларидан аввал, Аллоҳнинг ваъдасига биноан, ундан қандай жой олишларини билиб,
«Жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашамиз», дедилар»
Ана кўрдингизми, қандай яхши! Нақадар гўзал!
«Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай яхши!»


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Балоғатга етган ўғил отасига тобеъдир
Балоғатга етган ўғил отасига итоат қилиб, хизматини қилиб юрган бўлса, сафарда ва ҳазарда отанинг нияти эътиборга олинади.  التَّابِعُ كَالْمَرْأَةِ مَعَ давоми...
1 ўн йил аввал 7834 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
«Бадойеъ ас-санойеъ»дан «Китоб ал-истеҳсон»
Бу китоб баъзан “Китоб ал-Ҳазар ва-л-ибоҳат” ва баъзан “Китоб ал-Кароҳат” деб ҳам номланган. Аслида бу китоб ҳақида икки ўринда гап боради: а) Китоб исми маъносининг давоми...
1 ўн йил аввал 7261 Ҳусайнхон Яҳё
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бароат кечаси
 Шарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. عَن عَطاء بن يَسار قَالَ: ما مِن لَيلَةٍ بَعدَ لَيلَةِ القَدرِ أَفضَلُ مِن لَيلَةِ النِّصفِ مِن شَعبانَ يَنزِلُ الله давоми...
1 ўн йил аввал 46566 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Васила ва дуо
Муҳим тортишувли масалалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва дин пешволари ҳамда солиҳ амалларни васила қилиш борасидаги масаладир.Тавассул луғатда яқинлашиш, васила эса мақсадга олиб боришга давоми...
9 йил аввал 28568 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тааввузни айтиш
Тааввуз – деб, луғатда “Паноҳ сўраш”га айтилади. Истилоҳда эса “Аъзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” дейишга айтилади. Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 98-оятида марҳамат қилади давоми...
9 йил аввал 9504 fiqh.uz