Аллоҳни жаннатда кўришга иймон


وَالرُّؤْيَةُ حَقٌّ لِأَهْلِ الْجَنَّةِ، بِغَيْرِ إِحَاطَةٍ وَلَا كَيْفِيَّةٍ، كَمَا نَطَقَ بِهِ كِتَابُ رَبِّنَا:  وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَّاضِرَةٌ ۝ إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ، وَتَفْسِيرُهُ عَلَى مَا أَرَادَهُ اللهُ تَعَالَى وَعَلِمَهُ، وُكُلُّ مَا جَاءَ فِي ذَلِكَ مِنَ الْحَدِيثِ الصَّحِيحِ عَنِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَهُوَ كَمَا قَالَ، وَمَعْنَاهُ عَلَى مَا أَرَادَ، لَا نَدْخُلُ فِي ذَلِكَ مُتَأَوِّلِينَ بِآرَائِنَا وَلَا مُتَوَهِّمِينَ بِأَهْوَائِنَا، فَإِنَّهُ مَا سَلِمَ فِي دِينِهِ إِلَّا مَنْ سَلَّمَ للهِ عَزَّ وَجَلَّ وَلِرَسُولِهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَرَدَّ عِلْمَ مَا اشْتَبَهَ عَلَيْهِ إِلَى عَالِمهِ.

Аҳли жаннат учун (Аллоҳни) иҳотасиз ва кайфиятсиз кўриш ҳақдир. Худди Роббимизнинг Китоби нутқ қилганидек: «У Кунда яшнар юзлар бор – ўз Роббига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар).
Бунинг тафсири Аллоҳ таоло ирода қилганидек ва билганидекдир. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган барча нарса у киши айтганларидекдир. Унинг маъноси у киши ирода қилганларидекдир. Бу борада ўзимизча таъвил қилишга киришмаймиз ва ҳавойи нафсимизга биноан асоссиз гумонлар қилмаймиз. Чунки инсон Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмагунича ва ўзи учун иштибоҳли бўлган нарсанинг илмини олимларга ҳавола қилмагунича зинҳор динида саломат бўла олмайди. 
Шарҳ: Ушбу бандда жаҳмия, мўътазила ва уларга эргашган хаворижларга ва шийъаларнинг айрим тоифаларига раддия бордир. Чунки улар Аллоҳ таолони жаннатда кўриш масаласида мусулмонлар жумҳурига хилоф қилганлар. Уларнинг бу ақийдалари Қуръон ва Суннат орқали мардуддир.
Аллоҳни жаннатда кўриш собитлигини саҳобалар, тобеъинлар, динда имомлиги билан танилган Ислом имомлари, аҳли ҳадислар ва Аҳли сунна вал жамоага мансуб бўлган барча аҳли калом тоифалари тасдиқлаганлар. Бу масала ақийда бобидаги энг шарафли ва энг улуғ масалалардандир. Чунки унинг мавзуси – энг улуғ, энг шарафли ва энг лаззатли неъмат – Аллоҳ таолони жаннатда кўришдир.
Муаллифнинг «Аҳли жаннат учун (Аллоҳни)... кўриш ҳақдир», деб аҳли жаннатни хослаб айтишидан улардан бошқалар кўрмаслиги келиб чиқади. 
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг 

 كَلَّا إِنَّهُمْ عَن رَّبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَّمَحْجُوبُونَ۝

«Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларидан тўсилганлардир» (Мутоффифин сураси, 15-оят) деган сўзидан  Аллоҳ таоло кофирлардан Ўзини тўсиб, уларга кўринмаслиги ҳамда мўминлар билан Аллоҳ ўртасида парда бўлмаслиги келиб чиқади. 
Муаллифнинг «иҳотасиз ва кайфиятсиз» дейиши Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва гўзаллиги камолидан Уни кўзлар кўрса ҳам, иҳота қила олмаслигини билдиради. Худди бир нарсани билиш мумкин-у, аммо уни илм билан иҳота қилиб бўлмаганидек, киши ақл кўзи билан Аллоҳни иҳота қилиб билмаганидек, очиқ кўзи билан ҳам кўриб, иҳота қила олмайди. Аллоҳ таоло: 

 وَلَا يُحِيطُونَ بِهِ عِلْمًا۝

«Уни илм ила иҳота қила олмаслар», деган (Тоҳа сураси, 110-оят). 
Муаллифнинг «Бу борада ўзимизча таъвил қилишга киришмаймиз ва ҳавойи нафсимизга биноан асоссиз таъвиллар қилмаймиз» дегани «Мўътазилийларга ўхшаб кўриш ҳақида Қуръон ва Суннатда келган далилларни ўз фикримизча таъвил қилмаймиз ва турли асоссиз гумонларни айтмаймиз», деганидир. Чунки бу Аллоҳнинг каломини, Унинг Расулининг каломини ўз ўрнидан ўзгартиришдир. Чунки энг тўғри таъвил суннатда келган нарсага мувофиқ таъвилдир. Бузуқ таъвил эса суннатга хилоф таъвилдир. 
Таъвил – гапирувчининг ирода қилган нарсаси ҳақида «У фалон нарсани  назарда тутмоқда», деб хабар беришдир. У кўчирма гап эмасдир. Бузуқ таъвил қилувчи эса Аллоҳга ва Унинг Расулига нисбатан ёлғон тўқувчидир. Аллоҳ таоло:

 وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا     

«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган... кимсадан кўра золимроқ ким бор?» деган (Анъом сураси, ­21-оят). 

وَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ عَنِ الْمُغِيرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ وَمُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», деганлар.
Имом Бухорий Муғийра розияллоҳу анҳудан, имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
«Таъвил қилувчи кофир бўлмайди», деган гапда эса биз юқорида зикр қилган тўғри таъвил ва диний зарурат бўлмаган нарсалар борасидаги таъвил кўзда тутилган бўлади. 
Каломни гапнинг бориши далолат қилмайдиган равишда, маъноси ишора қилмайдиган равишда, суннатда келган нарсага хилоф равишда таъвил қилиш эса раъйга суяниб таъвил қилиш ва ҳавойи нафсига мос гумон қилиш бўлади. 
Ҳақиқатни айтганда, ашаддий низочи далилнинг лафзи ва матнини инкор қилишдан ожиз бўлганида, маъносини инкор қилишга ўтади ва «Менимча, бунинг маъноси ундоқ бўлса керак», дейди. 
Муаллифнинг «Чунки инсон Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмагунича ва ўзи учун иштибоҳли бўлган нарсани олимларга қайтармагунича зинҳор динида саломат бўла олмайди» деган сўзи «Ҳеч ким Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Расулининг суннатига таслим бўлиб, бўйсунмагунича, уларга шак-шубҳалар, фосид таъвиллар ва ўз ақли билан эътироз қилишдан сақланмагунича динида саломат бўла олмайди», деганидир. Баъзиларнинг «Албатта, ақл нақлнинг аслидир, агар нақл ақлга тўғри келмаса, ақлнинг айтганини қиламиз», дейишлари шунга ўхшайди. Чунки нақл собит ва саҳиҳ бўлса, ақлнинг далолат қилгани жаҳлдир. Агар собит бўлмаса, (ақлга) қарши бўла олмайди. 
Вожиб шулки, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига комил таслим бўлиб, уларга бўйсунишимиз, икковларининг хабарини тасдиқ ила қабул қилишимиз, уларга ботил хаёлимиздаги нарсани ақл, деб эътироз қилмаслигимиз керак. Демак, юборилган Расулнинг ҳукмини қабул қилишда, таслим бўлишда, бўйсунишда ва итоат қилишда у кишини танҳо зот деб қабул қилишимиз лозим. Расул юборувчи Зот – Аллоҳни эса ибодатда, хушуъ-хузуъда, тавбада ва таваккулда танҳо Зот деб қабул қилмоғимиз лозим.
Аҳли жаннатнинг Аллоҳни кўришига далил: 

 وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَّاضِرَةٌ ۝  إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ۝

«У Кунда яшнар юзлар бор – ўз Роббига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар). 
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг далиллар ичидан ушбуни зикр қилиши унинг энг очиқ ва энг зоҳир далил эканидандир. 
Ким ушбу оятни «таъвил» номи билан бузадиган бўлса, унинг учун охират, жаннат, дўзах, ҳисоб ҳақидаги оят ва ҳадисларни таъвил қилиш жуда ҳам осондир. Оят ва ҳадисларни таъвил қилаётган, уларни ўз ўрнидан ўзгартираётган ҳар бир бузғунчи ушбу оят ва ҳадисларни фосид услубда ва касодли узр билан таъвил қилувчилар ушлаб олган нарсага ёпишиб олади. Тўғри таъвил билан нотўғри таъвил орасидаги фарқ ҳақида юқорида гапириб ўтдик. 
Ушбу таъвилга ўхшаш нарсалар дину дунёни бузгандир. Аллоҳ бизларни уларга ўхшаган нарсани қилишдан ҳазир бўлишга чақирган. 
Ботилчилар эса фақат уларнинг йўлидан юришни хоҳладилар. Бузуқ таъвил динга ва унинг аҳлига қанчадан-қанча жиноятлар қилди. 
Усмон розияллоҳу анҳу ҳам бузуқ таъвил туфайлигина ўлдирилмадими? Шунингдек, Жамал куни, Сиффинда, Ҳусайннинг ўлдирилишида, Ҳаррада бўлган ишлар ҳам бузуқ таъвил туфайли бўлди.  Хавориж, мўътазила, рофиза каби фосид мазҳабларнинг чиқиши ҳам, умматнинг етмиш учга бўлиниши ҳам фосид таъвил туфайли бўлмадими? («Шарҳи «Ақийдатут-Таҳовия», 204-бет). 
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ушбу оятда назарнинг юзга изофа қилиниши, сўнгра унинг «ила» ҳарфи билан ўтимли қилиб келтирилиши ўша сўзнинг кўз билан назар солиш эканига, ҳақиқий маъносига хилоф маънога далолат қилувчи далилдан холи эканига, Аллоҳ таоло бу билан инсон юзидаги кўз билан Ўзига назар солишни ирода қилганига очиқ-ойдин далилдир. Худди «Унинг мева тугиш пайтидаги мевасига назар солинг» (Нисо сураси, 99-оят) оятидаги назар солиш кўз билан бўлганидек, Аллоҳга назар солиш ҳам кўз билан бўлади.
Ушбу оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ибн Аббос, Ҳасан Басрий, Икрима ва Аҳли сунна вал жамоа тафсирчилари худди шундай тафсир қилганлар. 

 لَهُم مَّا يَشَاؤُونَ فِيهَا وَلَدَيْنَا مَزِيدٌ۝

«Улар учун унда (жаннатда) нима хоҳласалар, бор. Ва ҳузуримизда зиёдаси бор» (Қоф сураси, 35-оят). 
Тобарий: «Али ибн Абу Толиб ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳум: «Бундан мурод Аллоҳнинг юзига назар солишдир», дейишган», деди. 

 لِّلَّذِينَ أَحْسَنُواْ الْحُسْنَى وَزِيَادَةٌ

«Яхшилик қилганлар учун яхшилик ва зиёдалик бордир» (Юнус сураси, 26-оят). 
«Яхшилик» жаннатдир, «зиёдалик» эса Аллоҳнинг юзига назар солишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг ортларидан саҳобалар худди шундай тафсир қилганлар. Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиснинг охирида:

...فَيَكْشِفُ الْحِجَابَ، فَيَنْظُرُونَ إِلَيْهِ، فَمَا أَعْطَاهُمْ شَيْئًا أَحَبَّ إِلَيْهِمْ مِنَ النَّظَرِ إِلَيْهِ، وَهِيَ الزِّيَادَةُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ عَنْ صُهَيْبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ

«...Бас, ҳижобни очади. Улар У Зотга назар соладилар. Уларга У Зот Ўзига назар солишдан кўра махбуброқ нарса ато қилмагандир. Зиёда шудир», дейилган. 
Ибн Жарир бир гуруҳ саҳобалардан, жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Ҳузайфа, Абу Мусо Ашъарий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилишича, улар ҳам худди шундай тафсир қилганлар. 

 كَلَّا إِنَّهُمْ عَن رَّبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَّمَحْجُوبُونَ۝

«Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларидан тўсилганлардир» (Мутоффифин сураси, 15-оят). 
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа имомлар ушбу оят ила жаннат аҳлининг Аллоҳнинг жамолини кўришига ҳужжат келтирганлар. Буни Табарий ва бошқалар зикр қилишган. 
Ҳоким Робеъ ибн Сулаймондан ривоят қилиб, қуйидагиларни айтган: «Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийдан ушбу оят ҳақида сўралганда, мен ҳозир эдим. Шофеъий раҳимаҳуллоҳ шундай деди: 
«Анавилардан ғазаб туфайли ҳижобланганидан кейин, авлиёлари У Зотни розилиги туфайли кўриши турган гап». 
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларидан Аллоҳнинг жамолига назар солиш мумкинлиги ҳақида ривоят қилинган ҳадислар мутавотирдир. Уларни саҳиҳ, муснад ва сунан китоблари соҳиблари ривоят қилгандирлар. Кўриш ҳақидаги ҳадислар ўттизтача саҳобийдан ривоят қилинган. 
1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ نَاسًا قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، هَلْ نَرَى رَبَّنَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: هَلْ تُضَارُّونَ فِي رُؤْيَةِ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ؟» قَالُوا: لَا يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: هَلْ تُضَارُّونَ فِي الشَّمْسِ لَيْسَ دُونَهَا سَحَابٌ؟» قَالُوا: لَا، قَالَ: «فَإِنَّكُمْ تَرَوْنَهُ كَذَلِكَ. مُتَّفَقٌّ عَلَيْهِ

«Баъзи одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўлин ой кечасида ойни кўришда бир-бирингизга зиён-заҳмат етказасизларми?»  дедилар. Улар: «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Булут йўқ пайтда қуёшни кўришда бир-бирингизга зиён-заҳмат етказасизларми?» дедилар. Улар: «Йўқ», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизлар У Зотни ана шундай кўрасизлар», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 
2. Худди Абу Ҳурайранинг юқоридаги ҳадисига ўхшаш ҳадис Бухорий ва Муслимлар томонидан Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган. 
3. Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалийнинг ҳадиси: 

عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْبَجَلِيِّ قَالَ: كُنَّا جُلُوسًا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَنَظَرَ إِلَى الْقَمَرِ لَيْلَةَ أَرْبَعَ عَشْرَةَ، فَقَالَ: إِنَّكُمْ سَتَرَوْنَ رَبَّكُمْ عِيَانًا، كَمَا تَرَوْنَ هَذَا لَا تُضَامُّونَ فِي رُؤْيَتِهِ. مُتَّفَقٌّ عَلَيْهِ

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик. У киши ўн тўрт кунлик ойга қараб: «Албатта, сизлар Роббингизни манавини кўраётганингиздек очиқ-ойдин кўрасизлар. Уни кўришда тиқилишиб қолмайсизлар», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
4. Суҳайб розияллоҳу анҳунинг ҳадиси. Бу ҳадиснинг бир бўлагини Имом Муслим ривояти ила «Яхшилик қилганлар учун яхшилик ва зиёдалик бордир» (Юнус сураси, 26-оят) оятининг тафсирида келтирдик. 
5. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан қуйидагилар айтилган: 

عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ...وَمَا بَيْنَ الْقَوْمِ وَبَيْنَ أَنْ يَرَوْا رَبَّهُمْ تَبَارَكَ وَتَعَالَى إِلَّا رِدَاءُ الْكِبْرِيَاءِ عَلَى وَجْهِهِ فِي جَنَّةِ عَدْنٍ. مُتَّفَقٌّ عَلَيْهِ 

«Жаннати Аднда у қавм билан Роббларини кўриш орасида У Зотнинг юзидаги кибриё ридоси бўлади, холос».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 
6. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан қуйидагилар келган: 

عَنْ عَدِيِّ بْنِ حَاتِمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:  ...وَلَيَلْقَيَنَّ اللهَ أَحَدُكُمْ يَوْمَ يَلْقَاهُ وَلَيْسَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهُ حِجَابٌ وَلَا تَرْجُمَانٌ يُتَرْجِمُ لَهُ، فَلَيُقُولُ: أَلَمْ أَبْعَثْ إِلَيْكَ رَسُولًا فَيُبَلِّغَكَ؟ فَيَقُولُ: بَلَى يَا رَبِّ، فَيَقُولُ: أَلَمْ أُعْطِكَ مَالًا وَأُفْضِلْ عَلَيْكَ؟ فَيَقُولُ بَلَى يَا رَبِّ. أَخْرَجَهُ الْبُخَارِيُّ

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: 
«Сиздан ҳар бирингиз мулоқот куни албатта Аллоҳ ила мулоқотда бўлади. У билан анинг ўртасида ҳижоб ҳам, таржима қиладиган таржимон ҳам бўлмас. Бас, У Зот: 
«Мен сенга Пайғамбар юбормадимми, у сенга етказмадими?!» дейди. У: 
«Ҳа, Роббим, (юбординг)», дейди. У Зот: 
«Мен сенга мол ато қилмадимми, фазл бермадимми?!» дейди. У: 
«Ҳа, Роббим (бердинг)», дейди».
Бухорий ривоят қилган. 

 Кўришни инкор қилувчиларнинг 
далиллари ва уларга жавоблар

1. Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг 

 قَالَ لَن تَرَانِي

«У Зот: «Мени ҳеч кўра олмассан…» деди» ­(Аъроф сураси, 143-оят) деган оятини далил қилиб «Аллоҳ, Мусо алайҳиссаломга «ҳеч» деган сўзни ишлатиб, келажакда кўриш мумкин эмаслигини таъкидлади», дейдилар.
2. Улар яна 

 لاَّ تُدْرِكُهُ الأَبْصَارُ

«Кўзлар Уни идрок эта олмас» (Анъом сураси, 103-оят) оятини ҳам далил қилиб, «Ушбу оят кўзлар Аллоҳ таолога назар солишга қодир эмаслигига далолат қилади», дейишади. 
Биринчи оятнинг жавоби: «Бу оят мўътазилийларнинг зиддига далилдир, уларнинг фойдасига эмас. Чунки бу оят кўришнинг собитлигига бир неча томондан далолат қилади. 
Биринчидан: Мусо алайҳиссаломдек Аллоҳ билан гаплашган, У Зотнинг муҳтарам пайғамбари бўлган ва ўз замонасида Роббини энг яхши таниган пайғамбар У Зотдан жоиз бўлмаган нарсани, яъни Аллоҳга назар солишни сўраши мумкин эмас. Бундай қилиш улар (пайғамбарлар) учун амри маҳолдир. 
Иккинчидан: Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг саволини «Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан» (Ҳуд сураси, 46-оят), деб инкор қилганидек, Мусо алайҳиссаломнинг саволини инкор қилгани йўқ.
Учинчидан: Аллоҳ таоло «Мени ҳеч кўра олмассан», деди (Аъроф сураси, 143-оят). «Мен кўрилмасман» ёки «Мени кўриш жоиз эмас», дегани йўқ. Икки жавоб орасидаги фарқ очиқ-ойдин. Бу эса Аллоҳ таолони кўриш мумкинлигига, аммо одамзод заифлиги сабабли Мусо алайҳиссаломнинг қуввати У Зотни бу дунёда кўришга етмаслигига далолат қилмоқда. Аллоҳ таолонинг «Лекин тоққа назар сол» (Аъроф сураси, 143-оят), дейиши ҳам шунга далолат қилади. Агар бу дунёда Аллоҳ таолонинг тажаллисига тоғ қодир бўлмаса, заиф инсон қандай қилиб қодир бўлсин?! 
Мўътазилийлар «ҳеч» маъносини ифода қилувчи «лан» қўшимчаси нафийнинг, яъни инкорнинг абадийлигини билдиради, деб даъво қиладилар (яъни «лан тарони» дегани «Мени ҳеч қачон кўра олмайсан» дегани, дейдилар). Уларнинг бу даъвоси ботилдир. Чунки бу ҳарф (яъни «лан» қўшимчаси) қайд қилинган тақдирда ҳам нафийнинг охиратда давом этишига далолат қилмайди. Шундай экан, қандай қилиб қайд қилинмаган ҳолда охиратга ҳам ўтиши мумкин? 
Ибн Молик «Алфия»сида: 
«Ким десаки: «Лан» абадий равишда нафий қилур», 
Унинг гапини рад қил, бошқасини қўллаб-қувватла», деган. 
Иккинчи оятнинг жавоби: Бу оят ҳам жуда латиф жиҳатдан кўришнинг собитлигига далолат қилади. У ҳам бўлса, Аллоҳ таоло уни мақтов борасида зикр қилишидир. Маълумки, мақтов фақат собит сифатларда бўлади. Собитликнинг акси эса камолот эмас. Шунинг учун бу билан мақталмайди. 
Бунинг маъноси шуки, албатта, У Зот кўрилади, аммо идрок қилинмайди, иҳота қилинмайди. Чунки идрок қилиш иҳота қилиш бўлиб, кўришга қўшимча нарсадир. Қайдни рад қилишдан қайдланганни рад қилиш келиб чиқмайди. Ҳа, Аллоҳ таоло кўрилади, аммо идрок қилинмайди. Билинади, аммо У Зотни илм ила иҳота қилиб – қамраб олиб бўлмайди. Саҳобалар ва имомлар ушбу оятдан шуни тушунганлар.
Яъни оятдаги “Кўзлар Уни идрок эта олмас” дегани “У Зотни кўриб бўлмайди” дегани эмас, аксинча “У Зотни кўриш мумкин,  лекин идрок этиб бўлмайди” деганидир.


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Балоғатга етган ўғил отасига тобеъдир
Балоғатга етган ўғил отасига итоат қилиб, хизматини қилиб юрган бўлса, сафарда ва ҳазарда отанинг нияти эътиборга олинади.  التَّابِعُ كَالْمَرْأَةِ مَعَ давоми...
1 ўн йил аввал 7834 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
«Бадойеъ ас-санойеъ»дан «Китоб ал-истеҳсон»
Бу китоб баъзан “Китоб ал-Ҳазар ва-л-ибоҳат” ва баъзан “Китоб ал-Кароҳат” деб ҳам номланган. Аслида бу китоб ҳақида икки ўринда гап боради: а) Китоб исми маъносининг давоми...
1 ўн йил аввал 7261 Ҳусайнхон Яҳё
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бароат кечаси
 Шарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. عَن عَطاء بن يَسار قَالَ: ما مِن لَيلَةٍ بَعدَ لَيلَةِ القَدرِ أَفضَلُ مِن لَيلَةِ النِّصفِ مِن شَعبانَ يَنزِلُ الله давоми...
1 ўн йил аввал 46566 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Васила ва дуо
Муҳим тортишувли масалалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва дин пешволари ҳамда солиҳ амалларни васила қилиш борасидаги масаладир.Тавассул луғатда яқинлашиш, васила эса мақсадга олиб боришга давоми...
9 йил аввал 28568 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тааввузни айтиш
Тааввуз – деб, луғатда “Паноҳ сўраш”га айтилади. Истилоҳда эса “Аъзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” дейишга айтилади. Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 98-оятида марҳамат қилади давоми...
9 йил аввал 9504 fiqh.uz