Куфуъ – тенглик масаласи


 

وَتُعْتَبَرُ الْكَفَاءَةُ فِي النِّكَاحِ نَسَبًا، فَقُرَيْشٌ بَعْضُهُمْ كُفُؤٌ لِبَعْضٍ، وَالْعَرَبُ بَعْضُهُمْ كُفُؤٌ لِبَعْضٍ، وَفِي الْعَجَمِ إِسْلَامًا، فَذُو أَبَوَيْنِ فِي الْإِسْلَامِ كُفُؤٌ لِذِي آبَاءٍ فِيهِ، لَا ذُو أَبٍ كُفُؤًا لَهُمَا، وَلَا مُسْلِمَ بِنَفْسِهِ لَهُ. وَحُرِّيَّةً وَهِيَ كَالْإِسْلَامِ فِيمَا ذَكَرْنَا. وَدِيَانَةً فَلَيْسَ فَاسِقٌ كُفُؤًا لِبِنْتِ صَالِحٍ. وَمَالًا، فَالْعَاجِزُ عَنِ الْمَهْرِ الْمُعَجَّلِ وَالنَّفَقَةِ غَيْرُ كُفُؤٍ لِلْفَقِيرَةِ، وَالْقَادِرُ عَلَيْهِمَا كُفُؤٌ لِلْغَنِيَّةِ. وَحِرْفَةً، فَحَائِكٌ أَوْ حَجَّامٌ أَوْ كَنَّاسٌ أَوْ دَبَّاغٌ، لَيْسَ كُفُؤًا لِعَطَّارٍ وَنَحْوِهِ.

وَإِنْ نَكَحَتِ الْمَرْأَةُ بِأَقَلَّ مِنْ مَهْرِهَا فَلِلْوَلِيِّ الْاِعْتِرَاضُ حَتَّى يُتِمَّ مَهْرَ مِثْلِهَا، أَوْ يُفَرِّقَ.

 

Никоҳда насабдаги кафоат эътиборга олинади. Қурайшликларнинг баъзилари баъзиларига тенгдирлар. Арабларнинг баъзилари баъзиларига тенгдирлар. Ажамларда Ислом эътибор қилинади. Ота-онаси Исломда бўлган бир неча ота-онаси Исломдагига тенгдир. Отаси Исломда бўлган ота-онаси унда бўлганга тенг эмас. Ўзи мусулмон бўлган отаси ҳам мусулмонга тенг эмас. Ҳурлик ҳам худди Исломга ўхшайди. Диёнатлилигига қараб ҳам бўлади. Фосиқ солиҳ кишининг қизига тенг бўла олмайди. Молу мулкига қараб ҳам бўлади. Дастлаб берилиши лозим бўлган маҳр ва нафақага ожиз куёв фақир қизга тенг бўла олмайди.  Иккисига қодир шахс бой қизга тенг бўлади. Касбу ҳунарга қараб ҳам бўлади. Бас, тўқувчи, қон олувчи, фаррош ёки тери ошловчи атторга ёки унга ўхшашга тенг эмас. Агар аёл киши ўзига муносиб маҳрдан озига никоҳлаб олинса, валийси маҳр тугал бўлишини ёки ажралишни сўраб эътироз қилиши мумкин.
Энди «Мухтасари Виқоя»да келган ушбу матнни шарҳлашга ўтайлик.
Никоҳда насабдаги кафоат эътиборга олинади. Қурайшликларнинг баъзилари баъзиларига тенгдирлар. Арабларнинг баъзилари баъзиларига тенгдирлар.
Аслида тенглик динга қараб бўлади. Мусулмонларнинг барчаси бир-бирларига тенгдирлар.
Абу Ҳинд розияллоҳу анҳунинг исмлари Ясор бўлиб, Бану Баёза қабиласида қул бўлган эди. Касби қон олиш эди. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бошларидан қон олдирганлар. Шу билан бирга, Абу Ҳинднинг хожалари Бану Баёзаликларга у билан қиз бериб, қиз олиш, қуда-анда бўлишни маслаҳат берганлар.
Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳо Қурайш қабиласидан бўлса ҳам Усома ибн Зайдга – асли қул бўлган кишига текканлар. Бу иш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатлари билан бўлган. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг сингиллари Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу билан турмуш қурганлар. Аммо жумҳури уламолар никоҳдаги кафоат – тенгликка диндан бошқа – никоҳ айбларидан саломат бўлиш, ҳурлик, насаб ва синоатга ўхшаш нарсаларни ҳам қўшадилар. Чунки одатда ушбу омилларга эътибор бермаслик кўпгина оилаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Лекин тарафлар рози бўлса, никоҳ жоиз бўлаверади.
Шу билан бирга, аёл киши эр ўзининг тенги эмаслигини билмаган бўлса ёки унга тегишга мажбур қилинса, никоҳни бузишга ҳаққи бор.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِي اللهُ عَنْها، قَالَتْ: جَاءَتْ فَتَاةٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبِي زَوَّجَنِي ابْنَ أَخِيهِ، يَرْفَعُ بِي خَسِيسَتَهُ، فَجَعَلَ الْأَمْرَ إِلَيْهَا، قَالَتْ: فَإِنِّي قَدْ أَجَزْتُ مَا صَنَعَ أَبِي، وَلَكِنْ أَرَدْتُ أَنْ تَعْلَمَ النِّسَاءُ، أَنْ لَيْسَ لِلْآبَاءِ مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالنَّسَائِيُّ.

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир қиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Отам мен сабабли ўзининг пастлигини кўтариш учун мени ўз акасининг ўғлига берди», деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ишни ўша қизнинг ихтиёрига қўйдилар. Шунда қиз: «Батаҳқиқ, мен отам қилган ишга рози эдим. Лекин аёлларга бу ишда оталарининг ҳеч ҳақлари йўқлигини билишларини ирода қилган эдим», деди».
Аҳмад ва Насоий ривоят қилишган.

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَهُ: «يَا عَلِيُّ، ثَلَاثٌ لَا تُؤَخِّرْهَا: الصَّلَاةُ إِذَا أَتَتْ، وَالْجَنَازَةُ إِذَا حَضَرَتْ، وَالْأَيِّمُ إِذَا وَجَدْتَ لَهَا كُفْئًا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

 Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али! Уч нарсани кечиктирмагин! Намозни – ҳозир бўлганда, жанозани – тайёр бўлганда ва турмушга чиқадиган қизни – тенги топилганда», дедилар».
Термизий ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.
Ажамларда Ислом эътибор қилинади.
Шунингдек, арабларда ҳам. Аммо аввал ўтган жумлада мусулмон араблар орасида насаб эътиборга олиниши айтиб ўтилганлиги сабабли Ислом зикр қилинмаган эди.
Аллоҳ таоло бундай дейди:

وَلاَ تَنكِحُواْ الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ وَلأَمَةٌ مُّؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ وَلاَ تُنكِحُواْ الْمُشِرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُواْ وَلَعَبْدٌ مُّؤْمِنٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ

 «Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гарчи у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гарчи у сизни қизиқтирса ҳам яхшидир», деган (Бақара сураси, 221-оят).
Шунга биноан, бошқа диндаги аёлларга уйланиб бўлмайди. Фақат у аёллар иймонга келиб, мусулмон бўлсаларгина уларга уйланиш мумкин. Мусулмон бўлмаганлардан фақат аҳли китоб, яъни масиҳий ва яҳудий аёлларгагина уйланиш мумкин.
Бунга Аллоҳ таоло Қуръони Каримда изн берган:

 وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الَّذِينَ أُوتُواْ الْكِتَابَ مِن قَبْلِكُمْ

 «Сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган иффатлари сақланган аёллар... (ҳалолдир)», деган (Моида сураси, 5-оят).
Муслималар эса бошқа диндаги эркаклар билан турмуш қуришлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркаклар масиҳий ва яҳудий динида бўлсалар ҳам мумкин эмас. Бундай никоҳ улкан гуноҳ бўлади. Агар ўша эркак мусулмон бўлсагина, у билан турмуш қуриш мумкин. Умуман, муслималар учун мусулмон эркакдан бошқа барча эркаклар никоҳ масаласида ҳаромдир.
Ота-онаси Исломда бўлган бир неча ота-онаси Исломдагига тенгдир. Отаси Исломда бўлган ота-онаси унда бўлганга тенг эмас. Ўзи мусулмон бўлган отаси ҳам мусулмонга тенг эмас. Ҳурлик ҳам худди Исломга ўхшайди.
Яъни ота-онасининг ёки улардан биттасининг ҳурлигига ва бошқа фарқларга қараб кафоати аниқланади.
Шунингдек, никоҳдаги кафоат
Диёнатлилигига қараб ҳам бўлади. Фосиқ солиҳ кишининг қизига тенг бўла олмайди.
Дину диёнатли қизни диёнатсиз фосиққа бериб, увол қилмаслик керак.
Шунингдек, никоҳдаги кафоат
Молу мулкига қараб ҳам бўлади. Дастлаб берилиши лозим бўлган маҳр ва нафақага ожиз куёв фақир қизга тенг бўла олмайди.
Бас, бой қизга тенг бўла олмаслиги ўз-ўзидан маълум бўлади. Чунки фақирми ёки бойми, барибир, келин маҳр ва нафақа ҳаққига эга. Ўша ҳақларни адо эта олмайдиган шахс унга никоҳ кафоатида тенг бўла олмайди.
Иккисига қодир шахс бой қизга тенг бўлади.
Агар қизнинг мол-мулкининг ҳад-ҳисоби чексиз бўлса ҳам. Чунки никоҳнинг бу борадаги ўлчови маҳр ва нафақа билан бўлади. Молнинг кўплиги ёки озлиги билан эмас.
Шунингдек, никоҳдаги кафоат
Касбу ҳунарга қараб ҳам бўлади. Бас, тўқувчи, қон олувчи, фаррош ёки тери ошловчи атторга ёки унга ўхшашга тенг эмас.
Бу имом Муҳаммаднинг қавли бўлиб, имом Аъзам ва Абу Юсуф ҳам бир ривоятда бунга қўшилганлар. Аммо имом Аъзам ва Абу Юсуфнинг асл ривоятларида айтилишича, ҳунар кафоатга сабаб бўла олмайди.
Агар аёл киши ўзига муносиб маҳрдан озга никоҳлаб олинса, валийси маҳр тугал бўлишини ёки ажралишни сўраб эътироз қилиши мумкин.
Бунда ажраш қозининг ҳузурида бўлади ва талоқ ҳисобланмайди.

 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Исломда бошқа диндаги аёлларга уйланиш
Инсониятни йўқдан халқ қилиб, унга ижтимоий ҳаётида қандай яшаш кераклигини таълим берган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин! Уммати учун ҳар лаҳзада мушфиқ ва меҳрибон бўлган, уларга ҳаётнинг барча давоми...
7 йил аввал 25274 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қиз овоз чиқармай, боши билан «Ҳа» деган ишорани қилса
Савол: Одатда бизнинг диёрларда никоҳни имом домлалар ўқишади. Агар домла келин бўлмишга: «Бағишладингизми?» деса, қиз эса: «Бағишладим», дейиш ўрнига  овоз чиқармай, боши билан «Ҳа» деган давоми...
7 йил аввал 9525 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Никоҳ фазилати, унинг рукн ва шартлари
Никоҳ луғатда “Қўшилиш”, “Яқинлик” маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ, “Эр кишининг никоҳида шаръан монеълик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир”. Ушбу таърифдаги “Никоҳида давоми...
7 йил аввал 82444 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эр-xотиндан бирининг муртад бўлиши
 عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَجُلًا جَاءَ مُسْلِمًا عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ давоми...
7 йил аввал 11131 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Вақтинчалик никоҳ ҳақида