Қўшничилик ҳақлари


  وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالجَنبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ

Аллоҳ таоло:

«Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингиз мулк қилиб олганларга яхшилик қилинглар», деган («Нисо» сураси, 36-оят).

«Нисо» сурасидаги бу ояти каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга яхшилик килишга амр қилмоқда:

Биринчиси – ота-оналар.

Иккинчиси – қариндошлар.

Учинчиси – етимлар.

Тўртинчиси – мискинлар.

Бешинчиси – яқин қўшни.

Олтинчиси – ён қўшни.

Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни яқинлиги бор қўшни деб, «ён қўшни»ни эса оддий, яқинлиги йўқ қўшни деб тушунтирганлар.

Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли йўқ таълимотдир. Кези келганда, шу жойда бир неча ҳадиси шарифларни кўриб ўтайлик.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир», деганлар.

Абу Бакр ал-Баззор Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидагиларни айтадилар:

«Кўшнилар уч хил бўладилар. Битта ҳаққи бор қўшни. У ҳаққи энг оз қўшнидир. Иккита ҳаққи бор қўшни. Учта ҳаққи бор қўшни. Буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қариндош қўшнидир. Унинг мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳақлари бордир».

Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли, қудратли қилишга хизмат этади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا زَالَ جِبْرِيلُ يُوصِينِي بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни ҳам меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхшилик, мурувват қилиш тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шу қадар қаттиқ таъкидлаган эканларки, гап шундай тарзда давом этадиган бўлса, «Қўшнинг ҳам меросингдан улуш олади», деб қолармикан, деб ўйлаган эканлар. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тавсия қилиб турганлари.

2. Баъзи тавсиялар кўп бўлганлиги.

3. Қўшнининг ҳаққи ўта мўътабар экани.

4. Қўшнининг ҳаққи шунчалар улуғ экани.

Шунинг учун ҳар бир инсон ўз қўшниси билан яхши муносабатда бўлиб, унга қўлидан келган яхшиликни қилмоғи лозим. 

وَعَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ لِي جَارَيْنِ فَإِلَى أَيِّهِمَا أُهْدِي؟ قَالَ: إِلَى أَقْرَبِهِمَا مِنْكِ بَابًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَلَفْظُهُ: إِنَّ لِي جَارَيْنِ بِأَيِّهِمَا أَبْدَأُ؟ قَالَ: بِأَدْنَاهُمَا بَابًا.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг икки қўшним бор. Улардан қай бирига ҳадя қилай?» дедим.

«Сенга эшиги яқинига», дедилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Абу Довуднинг лафзида:

«Менинг икки қўшним бор. Уларнинг қай биридан бошлай?» (дедим).

«Эшиги яқинроғидан», дедилар».

Шарҳ: Демак, қўшнининг ҳаққи унинг уйи яқинлигига қараб, турли даражада бўлар экан. Энг яқин қўшнининг ҳаққи энг кўп бўлар экан. Агар қўшинлардан бирига ҳадя қилиш нияти бўлса, уларнинг эшиги яқинидан бошлаш яхши экан.

Халқимиздаги «ён қўшни – жон қўшни» деган мақол ушбу ҳадиси шарифдаги маънонинг такрори бўлса, ажаб эмас.

Демак, қўни-қўшнига яхшилик қилишда, ҳадя беришда эшиги яқинроқ бўлган қўшнидан бошлаш керак экан. Агар бир қўшнини ташлаб, ундан кейингисига ҳадя берилса, ўртадаги қўшнининг кўнглига: «Мени ёмон кўрса керак, бўлмаса, ён қўшни бўлиб туриб, шунақа қиладими?» деган шубҳа тушади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муомала маданиятини яхши биладиганлардан сўраб, ўрганиш лозимлиги.

2. Қўшниларга ҳадя бериш яхши иш экани.

3. Қўшниларга ҳадя беришни эшиги яқинидан бошлаш кераклиги.

عَنْ أَبِي شُرَيْحٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ وَاللهِ لَا يُؤْمِنُ، قِيلَ: مَنْ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: الَّذِي لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَلَفْظُهُ: لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ.

Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!» дедилар.

«Ким, эй Аллоҳнинг Расули!» дейилди.

«Қўшниси ёмонлигидан эмин бўлмаган одам», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар. Муслимнинг ривоятида:

«Қўшниси ёмонлигидан эмин бўлмаган одам жаннатга кирмайди», дейилган.

Шарҳ: «Бунда қўшнисига ёмонлик қилишни ҳалол ҳисоблаган одам кўзда тутилган», дейишади уламоларимиз. Бу ҳадиси шарифда ҳам қўшнининг ҳаққи улуғ эканлиги тарғиб қилинмоқда.

Қўшниларига ёмонлик қилиб юрадиган, қўшнилари унинг ёмонлигидан қўрқиб турадиган одам жаннатга кирмас экан.

Ушбу ҳадисдан қўни-қўшнилар билан муомалани яхшилаш, уларга озор бермасликни ўрганиб олар эканмиз.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا طَبَخْتَ مَرَقَةً فَأَكْثِرْ مَاءَهَا وَتَعَاهَدْ جِيرَانَكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қачон шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ қилгин-да, қўшниларингга ҳам бергин», дедилар».

Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга амал қилариб, қўшниларга ўз уйида пиширилган таомлардан чиқариб туришни йўлга қўйиш яхши иш бўлади. Бу ҳам қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

وَذُبِحَ فِي بَيْتِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا شَاةٌ، فَقَالَ: أَهْدَيْتُمْ لِجَارِي الْيَهُودِيِّ؟ فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا زَالَ جِبْرِيلُ يُوصِينِي بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

«Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумонинг уйида қўй сўйилди. Бас, у киши:

«Яҳудий қўшнимга ҳадя қилдингларми? Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия қилдики, уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», деди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қўшнига кўрсатиладиган эҳтимомдан намуна ҳам келтирилмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Уйида бирор ҳайвон сўйган киши унинг гўштидан қўшниларига ҳадя қилиши кераклиги.

2. Ғайридин қўшни билан ҳам яхши алоқада бўлиб, унга ҳам ҳадя бериб туриш лозимлиги.

3. Дин аҳкомларини яхши билган одам ўша ҳукм нима асосида қилинишини ҳам бошқаларга ўргатиб туриши яхшилиги.

4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшни ҳаққига катта эътибор берганликлари.

وَجَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْكُو جَارَهُ قَالَ: اذْهَبْ فَاصْبِرْ، فَأَتَاهُ مَرَّتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا فَقَالَ: اذْهَبْ فَاطْرَحْ مَتَاعَكَ فِي الطَّرِيقِ، فَطَرَحَ مَتَاعَهُ فِي الطَّرِيقِ، فَجَعَلَ النَّاسُ يَسْأَلُونَهُ فَيُخْبِرُهُمْ خَبَرَهُ فَيَلْعَنُونَهُ فَعَلَ اللهُ بِهِ وَفَعَلَ وَفَعَلَ، فَجَاءَ إِلَيْهِ جَارُهُ فَقَالَ: ارْجِعْ لَا تَرَى مِنِّي شَيْئًا تَكْرَهُهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, қўшнисидан шикоят қилди. Шунда у зот:

«Бор, сабр қил», дедилар.

У зотнинг ҳузурларига икки ёки уч марта келди. Шунда у зот:

«Бор, матоҳингни йўлга ташла», дедилар.

Бас, у матоҳини йўлга ташлади. Шунда одамлар ундан сўрай бошлашди. У уларга ўзи ҳақида хабар бера бошлади. Улар эса «Аллоҳ уни фалон қилсин! Ундоқ қилсин, бундоқ қилсин», деб лаънатладилар. Шунда қўшниси унинг ёнига келиб:

«Қайт! Бундан кейин мендан ўзингга ёқмаган нарсани кўрмайсан», деди».

Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Раҳбарга қўшнидан шикоят қилиш мумкинлиги.

2. Раҳбар дастлаб қўшнисидан шикоят қилган кишини сабрга чақириши кераклиги.

3. Қўшнидан ўтган баъзи ишларга сабр қилиш лозимлиги.

4. Қўшнининг озорига уч марта сабр қилгандан кейин унинг устидан жамоатчиликка хабар бериш мумкинлиги.

5. Жамоатчилик айбдор қўшнига нисбатан ўз ғазабини билдириши кераклиги.

6. Билиб-билмай, қўшнисини норози қилган одам узр сўраб, қўшнисига ёқмайдиган ишлардан ўзини четга олиши кераклиги.

وَلِلتِّرْمِذِيِّ: خَيْرُ الْأَصْحَابِ عِنْدَ اللهِ خَيْرُهُمْ لِصَاحِبِهِ، وَخَيْرُ الْجِيرَانِ عِنْدَ اللهِ خَيْرُهُمْ لِجَارِهِ. وَاللهُ أَعْلَمُ.

Термизийнинг ривоятида:

«Аллоҳнинг ҳузурида асҳобларнинг энг яхшиси соҳибига яхши бўлганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига яхши бўлганидир», дейилган. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Шунинг учун ҳам ҳар доим дўст-биродарларга ва қўшниларга яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилмоқ зарур.

 

 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сунъий ҳомила пайдо қилиш
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги мавжудлигини турли сабабларга боғлаб қўйган. Ушбу сабаблар низомининг ҳар бири Аллоҳнинг биру борлигига, Унинг давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Юртимиздаги тўёналарнинг турлари ва ҳукмлари
Ҳозирги кунда жамиятимизда турли хил расм-русмлар қаердадир кенг, қаердадир тор доираларда тарқалди. Улардан бири тўёнадир. Бу ҳам хозирга кунда расмиятчиликка айланган.Тўёна аслида шариъатимизда берилган ҳадя давоми...
7 йил аввал 6659 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тобеъ бўлишликнинг ва бидъатдан сақланишнинг вожиблиги
Оламларнинг Робби бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Унинг расули Муҳаммад пайғамбарга, у зотнинг оли асҳобларининг барчаларига салоту саломлар бўлсин! Аммо баъд:Мусулмон  одамнинг Қуръон ва саҳиҳ Суннатда келган давоми...
7 йил аввал 7822 Алоуддин Хофий
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби
Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби, мунозара ва жадал офатларининг тафсилотлари ва унинг мубоҳ бўлиши шартлариБилгилки, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўнг давлатни ҳидоятга эргашган давоми...
7 йил аввал 7639 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Шайх Рамазон ал-Бутий ва бемазҳаблар ўртасидаги баҳс
Бу ерда бошқа ҳеч бир ақл-идрокли одамда учрамайдиган мутаассиблик (фанатизм) аломатларини учратасиз! Улар (бемазҳаблар) бизни мутаассибликда гумон қиладилар, чунки биз минг бир далилга асосланган ҳақиқатдан давоми...
7 йил аввал 17906 fiqh.uz