Номаҳрам аёлларга қараш зарари


Яқинда  бир сайтда  жуда  долзарб  мавзуда  ёзилган  бир  мақолага  кўзим тушиб  қолди.  Унга   «Либос танани яширишгами ёки кўз-кўз қилишга?» - деб  сарлавҳа  қўйилган  эди. 
Муаллиф  ҳақиқатан  кўпчиликни   ташвишга  солаётган  муаммони  кўтариб,   аёллар  қоматини  очиқ-ойдин  кўз-кўз  қилувчи   тор   либослар  ва  авратларни  очиб,  ярим  яланғоч  юришлик  хақида   сўз   олиб  борган.  Уни  ўқиб  чиққандан  кейин  «авратни  очиб,  баданни  кўз-кўз  қилган  беҳаёларни  ҳузур  билан  тамошо  қилувчиларнинг ҳукмичи?»  деган  мавзуни  ёритишни  лозим  топдик. Чунки  бугунги   кунда  беҳаёларга  суқланиб   қаровчилар  айни  манзара  соҳибаларидан  кўп  бўлса  кўпки  асло  кам  эмас.   Бу  «касаллик»    ўспирин  йигитлардан  ўтиб,  ёши  бир  жойга  бориб  қолган  кексалар  орасида  ҳам  учраб  туриши  янада  ачинарли  ҳолдир.  Ҳаром  қилинган  нарсаларга  тикилишнинг  зарари,  гуноҳи  ва  ундан  тийилишнинг  ажр-мукофотларидан  бехабарликни    «инсон  қалбида  бу  иллатни  шакллантирувчи  омил»   деб  айтиш  мумкин. 
Аллоҳ  кўз  нематини  бераркан  у  билан  бирга  банданинг  зиммасига  бир  қанча  масъулиятларни  ҳам  юклаган.  Ҳар  бир  кўз  эгаси  илоҳий  фармонга  биноъан  малум  нарсаларга  қарашдан  кўзларини  тийиши  лозим.  Нафси  хоҳлаган  йўсинда  амал  қилар  эканмиз,   албатта  қиёматда  бунинг  ҳисобини  берамиз.  Қуръони  каримда  қуйидагича  амр  қилинади: 

قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا۟ مِنْ أَبْصَـٰرِهِمْ وَيَحْفَظُوا۟ فُرُوجَهُمْ ۚ ذَٰلِكَ أَزْكَىٰ لَهُمْ ۗ إِنَّ ٱللَّهَ خَبِيرٌۢ بِمَا يَصْنَعُونَ

«Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир.»  (Нур-30).
Ояти  каримада  Аллоҳ  таоло қараш  ҳаром  қилинган  нарсаларга  назар  қилмоқдан  тийилишни  вожиб  деб  ҳукм  қилибгина  қолмай,  кўзни  тийишнинг  фойдасини  ҳам  баён  этмоқда.  Ўша  фойда  маънавий  покликдир.  Демак  кўзни  тийиш  маънавий  поклик  сари  чорласа,  унинг  акси  ўлароқ  кўзни  тиймаслик,  маънавий  бузуқликка  олиб  боради. Ҳаром  нарсаларга   тикилишнинг  энг  ҳатарли  томони  шуки, бу  иллат  секин-секин  инсонни  Аллоҳни  зикридан  тўсиб,  Шайтон  йўлига  олиб  киради.  Бу  эса  малъун  Иблис  учун  қулай  фурсатдир.  Мўмин  бу  ҳолатга  тушганида  Шайтон  дарҳол  уни  яна  ҳам  шармандалироқ  ҳолга  тушириш  пайига  тушади.  Қалбида  васваса  оловларини  ёқиб  уни зино  тарафга  чорлайди.  Зино—ҳаром  назар  олиб  борадиган  «сўнгги  манзилдир».  Ҳаром  назар  эгаси  ҳаёлида  «мени  ким  кўрибди»  деб  овуниши  мумкин.   Аммо  шуни  унутмаслиги  керакки ,   Аллоҳ  кўзлар  кўрмай  қолган  ва  қалблар  сезмай  қолган  сирлардан  ҳам  воқифдир.
Абдуллоҳ  ибн  Масъуд  розияллоҳу  анҳудан  марфуъан  ривоят  қилинди: «Аллоҳ таоло  деди:  (харом  қилинган)  назар  Иблиснинг  заҳарли  ўқларидан  биридир.  Кимки  мендан  қўрқиб  уни  тарк  қилса  уни  шундай  бир  иймонга  алмашиб  қўяманки,  унинг  ҳаловатини  қалбида  ҳис  қилади.»  (Тобароний.  Хоким).
Абу  Умома  розияллоҳу  анҳудан  марфуъан  ривоят  қилинди:  «қайси  бир  муслим  (бегона)  аёлнинг  авратига  назар  қилиб,  сўнгра  Аллоҳнинг  ғазабидан  қўрққан  ҳолда  ундан  кўзини  олиб  қочса  Аллоҳ  унга  шундай  ибодат  берадики  унинг  лаззатини  қалбида  ҳис  қилади.» (Аҳмад.  Байҳақий).
Абу  Ҳурайра розияллоҳу  анҳудан  марфуъан  ривоят  қилинди:   «Қиёмат  куни  (Аллоҳнинг  азобидан  қўрқиб)  ҳар  бир  кўз  ёш  тўкади.  Магар  уч  кишининг  кўзлари  мустасно. 
1-Аллоҳ    қарашни  ҳаром  қилган  нарсалардан  тийилган  кўз. 
2-Аллоҳ  йўлида  тунларни  бедор  қилган  кўз.  (Масалан  мусулмонлар  хавфсизлигини  таминлаш  мақсадида  ухламаган  кўзлар)
3- Аллоҳдан  қўрқиб  пашшани  бошича  бўлсада  ўзидан  ёш  чиқарган  кўз»  (Исфаҳоний).

عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، قَالَ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ نَظَرِ الْفُجَاءَةِ، فَأَمَرَنِي أَنْ أَصْرِفَ بَصَرِي

Жарир  розияллоҳу  анҳудан  ривоят  қилинди: 
«У киши  айтди:  Мен  Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  салламдан  беихтиёр,  тўсатдан  содир  бўлган  назар  хақида  сўрадим.  Ул  зот  жавоб  бердилар:  Кўзингни  олиб  қоч.  Давом  этма». 
Муслим ривояти
Бурайда  розияллоҳу  анҳудан  марфуъан  ривоят  қилинди:  «Ҳой  Али  биринчи  назарга  иккинчисини  эргаштирма. Чунки  биринчиси  сен  учун  (Яни  беихтиёр  бўлгани  учун  унга  жавобгар  эмассан)  иккинчиси  эса  сени  зиёнинггадир»  (Абу  Довуд.Термизий).
Оят ва ҳадислардан  кўриниб турибдики,  инсон  кўз  нематидан  фойдаланишида  малум чегарани билиши керак.Қачонки  чегарадан  чиқаркан  унга  Шайтон  камонидан  заҳарли  ўқ отилади.Бу ўқ уни жасадини жароҳатламасада  лекин  қиёматда  ўз  тасирини  кўрсатади. Ярим-яланғоч, на шаръий ва на  миллий  урф  одатларни  писанд  қилмайдиган  беҳаёлар ҳар қадамда учраши  мумкин.  Аммо  улар  орасида  ўзига  хос  жасорат  билан  кўзни  олиб  қочишга ҳам улкан мукофотлар  борлигини  унутмаслигимиз  лозим.
Андижон  шаҳридаги  “Уйғур”  масжидида  имомлик  қилган  марҳум  Файз  Аҳмад  домланинг  бир  одатлари  бўларкан.  У  киши  масжидга  келар  чоғида  йўлда  аёлларга  дуч  келса  дарҳол  чакмонининг  этаги  билан  юзини  тўсиб  ўтиб  кетар  эканлар.  Домланинг  бу  одати   катта   дарс  бўлиб,  у  кишининг  имомлик  вақтида,  кўчада  ўтирувчи  аёллар  сезиларли  даражада  камайганини  кексалар  хотирлайди.
Қараш  мумкин  бўлган  авратлар
Ўзгани  авратига  тикилмоқ  шариатимизда  харом  қилинган.  Лекин  фуқаҳолар  малум  истисноларни   баён  қилган  бўлиб,  уларни  авратига  қарашлик  мубоҳ  саналади.
1-)  инсоннинг  ўз  аврати.  Киши  ўз  авратига  кўзи  тушса  ва  ёки  ихтиёрий  қараса  буни  гуноҳи  йўқ.
2-)  қаралаётган  шахс,  хоҳ  ўғил  хоҳ  қиз  бўлсин  шаҳват  ёшида  бўлмаса.  Бу  тили чиқмаган  яни  гапира  олмайдиган  даражада  ёш  бўлиши  билан  белгиланган.  Фақиҳ  Абу  Лайс  «шаҳват  ёши тўққиз  ёш»   деб  фатво  берган  бўлсаларда. Ҳошияда  айтилишича,  «тили  чиқиб  гапира  оладиган  ёшдаги  болаларнинг  авратига  тикилиш  ҳаром  бўлади.»
3-)  саҳиҳ  никоҳ  билан  уйланган  аёли.  Фосид  никоҳ  билан  бўлса  унга  ҳам  назар  қилиш  харом.  Масалан  бировни  никоҳидаги  аёлга  уйланиб  олган  киши  шу  аёлнинг  авратига  қараши  харом  ҳисобланади.
4-)  ўз  чўрисини  авратига  қараш  харом  эмас. Бироқ  чўриларнинг  ҳаммасида  ҳам,  назар  ҳалол  қилинган  эмас. Мусоҳара  (қудачилик)  йўли  билан  маҳрам  бўлган  чўрилар  мустасно. Масалан она  бола  чўрси  бўлиб  уларнинг  қизини  хотин қилган  бўлса  онасини  авратига  қараши  ҳаром  ҳисобланади.  Чунки  у  қайин  она  ҳисобидадир.  Шунингдек  ўз  чўрисини  ўзгага  никоҳлаб  берган  бўлса  бу  чўри  ҳам  хожасидан  малум  масофада  туради.  Ҳурмати  ғализа  яни  чўрисига  уйланиб  сўнгра  уни  икки  талоқ  қилган  бўлса  унинг  ҳам  авратига  қараши  мумкин  эмас.  Ёки  чўри  мушрика  бўлса.  Унинг  ҳам  авратига  қараш  тақиқланади.  Икки  кишининг  ўртасидаги шериклик  чўрилар  ҳам  ўз  ҳожаларидан  авратларини  олиб  қочишлари  лозим.
Шу  тўрт  тоифадан  бошқаларнинг  авратига  узрсиз  назар  қилиш   мутлақ  ҳаром дейилган.  Хоҳ у  шаҳвоний  назар  ва  ё   аксинча  бўлсин  бари  бирдек  ҳаромдир.  Аммо  узрли  бўлса  жоиз. 

Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  саллам  дедилар: «Аллоҳ  (бегонанинг  авратига)  назар  қилувчини  ва  (ўз  авратини  бошқаларга  кўз-кўзлаб)  тамошо  қилдирувчини  лаънатлади» (Байҳақий).

Яланғоч   авратга  назар  ҳаром  бўлганидек,  юпқа  ва  тор  кийим  кийганларнинг  кийими  устидан  назар қилиш  ҳам  ҳаромдир.  Чунки  тор  ва  юпқа  кийим  бадан  ва  қоматни  ошкор  қилиб  туриши  сабабли  яланғоч  ҳукмида  бўлади.
Авратлар:
1-)  Эркак  кишининг аврати: киндик  остидан  тизза  остигачадир.   Демак  эркак  кишининг  киндигини  остидан  тиззасини  остигача  бўлган  азоларига  қараш,  эркакларга  ҳам,  бегона  аёлларга  ҳам  мутлақ  ҳаромдир.
2-)  Шунингдек  икки  аёл  ҳам  бир-бирларини  киндигини  остидан  тиззасини  остигача  бўлган  азоларига  асло  қарай  олмайдилар.  Чунки  икки  аёл  орасидаги  аврат, ҳудди  икки  эркак  орасидаги  аврати  каби  олинади.
3-)  Эркак  ва  бегона аёл  оасидаги  аврат. Агар  қаровчи  эркак  бўлиб  тамошо  қилинувчи  ҳур,  аёл  бўлса  унинг  юзи  ва  кафтларидан  бошқа  барча  азоларидир.  Юзи  ва  кафти  аврат  бўлмасада  унга   ҳожатсиз  қарашлик  макруҳдир.
4-)  Агар  назари тушиб қолган аёл  ўз  маҳрами  бўлса.  Масалан  опа  ёки синглиси.  Бу  ҳолатда  у  билан  аврат  чегараси(кийимидан ташқаридаги), қорин  ва  бел  қисми   қўшимча  қилинган  ҳолда  ҳудди  икки  эркак  аврати  каби  олинади.  Яъни  киши  ўз  опаси ёки синглисини  боши, бўйни, кўкраги, қўлтиғи,  болдири,  оёқларига  «шаҳвати  уйғониб  кетишидан  омонда  бўлиш  шарти»  билан,  назар  тушиб қолса.
Шаръий  узрлар
Авратга  қарашни  мубоҳ  қилувчи  узрлар  ўнтадир.
1-)  Биронтасини  зиёнига  гувоҳлик  қилмоқ  ниятида.  Масалан  зино  қилувчиларни  шахсини  билиб  олиш  учун,  шаръан  уларнинг  авратига  қарамоқ  мубоҳ.
2-)  маҳкамада  гувоҳлик  бермоқ  вақтида  гувоҳга  мубоҳдир. 
3-)  қозига  ҳам  ҳукм  чиқариш  вақтида,  маҳкумлар  авратига,  зарурат  юзасидан  қараш  мубоҳдир.
4-)  фарзанд  туғиш  вақтида,  доялар  она  бўлмишнинг  авратига  қараши  мубоҳдир  .
5-)  келин  бўлмишнинг  бокиралигини  аниқлаш  зарурати  туғилган  вақтида,  текширувчи  аёл  келиннинг  авратига  қараши  мубоҳдир.
6-)  айбини  рад  қилган  вақтда.  Масалан  келин  бўлмиш  қиз  баданида  айби  бор  эканини  рад  қилди.  Уни  айби  бор  ёки  йўқ  эканини  аниқлаш  ниятида  унинг  авратига  назар  қилмоқ  мубоҳдир.
7-)  хатна  қилиш  вақтида.
8-)  беморни  даволаш  жараёнида.  Шунингдек  иҳтиқон  яни  клизма  қилиш  учун  авратга  қарамоқ  мубоҳдир
9-)  уйланиш  ниятида.  Яни  киши  ўзи  уйланмоқчи  бўлган  аёлнинг  авратига  текшириб  олиш  учун  назар  қилиши  мубоҳ.  Текшириб  бўлганидан  сўнг,  никоҳ  қилингунга  қадар  «Биз  унаштирилганмиз»  деган  баҳона  билан  шаҳвоний  суҳбатлар  қуриши  ҳаромдир.
10-)  сотиб  олиш  ниятида.  Яни  бирор  жорияни  сотиб олмоқчи  бўлган  ҳаридор  уни  авратларигача  текшириб  олиши  мубоҳ  саналади.

Ёш  йигитчаларга  шаҳвоний  назар  қилиш  ҳукми

Аёлларга  шаҳват  билан  қараш  тақиқланганидек  ёш  йигитчаларга  ҳам  суқланиб  қараш  ҳаромдир.  Шаҳватсиз  бўлса  зарари  йўқ.  (Татарҳония)
Шайҳ  Ибн  Обидин  «Роддул мухтор»да  шундай  ёзади:  «Мултақит»да  айтилдики:  ёш  йигит  агар  чиройли  бўлса  унинг  ҳукми  аёллар  ҳукми  кабидир.  Унинг  бошидан  то  оёғига  қадар  авратдир.  Саййид  Абу  Қосим  айтадики:  яни  унга  шаҳват  билан  назар  қилмоқ  ҳаром  бўлади.  Аммо  у  билан  ёлғиз  қолмоқ  ва  унга  шаҳватсиз  боқмоқни  зарари  йўқдир.  Шу  учун  ҳам  уни  ниқоб  тақишга  буюрилмаган.
Мен  айтаманки:  (Ибн  Обидин)  бу  ҳукм  кўкраклари  кўриниб  қолган,  (балоғатга  етмаган)  ёш  қизларга  ҳам  шомилдир.  Балки  бази  фосиқлар  ёш  йигитчадан  кўра  ёш  қизчаларни  ҳуш  кўришади. (Роддул  мухтор. Китобус  солат. 80/с) 
Муҳаммад  Ходимий  роҳимаҳуллоҳ   «Бариқа»да  келтиришича,  ҳар  бир  аёл  билан  икки  Шайтон  бўлади.  Ёш  йигитчалар  билан  эса  ўн  саккизта  Шайтон  бирга  бўлади.  Ҳатто  ёш  йигитча  талаби  илм  қилишни  истаса,  унинг  ота-онаси  фитна  хавфи  туфайли  фарзандини  ман  қилишига  рухсат  берилади.  Имом  Аъзам  Абу  Ҳанифа   ўз  талабаси   Муҳаммад  ибн  Ҳасанни  таълим  жараёнида  орқа  тарафига  ўтқазиб  қўяр  эдлилар.  Чунки  Муҳаммад  ибн  Ҳасан  ёш,  ҳушсуврат  йигит  бўлиб,  Абу  Ҳанифа  унга  назари  кетиб  қолишидан  қўрқар  эдилар.
Суфёни  Саврий  деди:  Бу  уммат  ичида  уч  тоифа Лутийлар  бор  (Лутий-баччабоз).  Биринчи  тоифа  шаҳват  билан  назар  қилувчилар. Иккинчи  тоифа  мусофаҳа  жараёнида  қўлларидан  ушлаб  ҳузур  қилувчилар. Учинчи  тоифа ливота  қилувчилар.
«Нисобул  иҳтисоб»да  келтирилади:  Абдуллоҳ  ибн  Умар   розияллоҳу  анҳу  ҳовлиси  олдида  ўтирган  эдилар.  Кўча  бошидан  келаётган,  ёш  ҳушсуврат  йигитчага  кўзи  тушиб  қолди.  Уни  кўрди-ю  дарҳол  ҳовлисига  кириб  кетди.  Уни  кетганини  айтганларидан  кейин  ҳовлисидан  чиқиб  келдилар. У  кишидан  сўралди:  эй  Абдуллоҳ  бу  ишни  ўз  фикрингиз  билан  қилдингизми  ёки  бу  ҳақда  Росулуллоҳдан  бир  нима  эшитганмисиз?  Абдуллоҳ  ибн  Умар  жавоб  бердилар:  Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  салламдан  эшитгандим. Ул  зот  айтардилар: «Уларга (шаҳвоний) қарамоқ  ҳаромдир.  Улар  билан  (шаҳвоний)   гаплашмоқ  ҳаромдир.  Улар  билан  (шаҳвоний)   бирга  ўтирмоқ  ҳаромдир.»
Исмоил  ибн  Касир  роҳимаҳуллоҳ  Нур  сураси  ўттизинчи  оят  тафсирида  шундай  ёзади:  «Салаф  уламоларидан  аксари  ёш  йигитчаларга  суқланиб  қарашдан  қайтаришларини  айтардилар.  Айниқса  сўфий  имомлардан  кўпчилиги  қаттиқ  турганлар.  Аҳли  илмлардан  бир  тоифа  уни  ҳаром  деганлар.  Чунки  унда  фитналаниш  бор.»

Эр  хотин  орасидаги  назар  одоблари

Эр  хотинлар  бир-бирларининг  авратларига  қарашлари  мумкин.    Шундай  бўлсада  одоб  шуки,  аврати  ғализаларига  қарамасин.  Фуқаҳолар  айтишича,  жинсий  муносабат  вақтида  қип  яланғоч  бўлиб  олмоқ  танзиҳан  макруҳдир.
Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  саллам  айтдилар:   «Бирортангиз  аҳлига  (жимо  ниятида)  келса  (авратини)  беркитсин.  Агар  беркитмаса  фаришталар  ҳаё  қилиб  чиқиб  кетадиларда  у  Шайтон  билан  қолади.  Агар  ораларида  фарзанд  вужудга  келса  унда  шайтоннинг  ҳам  насибаси  бўлади.»  (Тобароний. Баззор  Абу  Ҳурайрадан)   Бошқа  бир  ривоятда  «Эшшакка  ўхшаб  қип  яланғоч  бўлмасинлар»  дейилган.  Жаноби  Росулуллоҳ,  қип  яланғоч  бўлиб  олишни  эшшакка  ўхшатишлигида,  бу  ҳолатни  яхши  эмаслиги  малум  бўлади. 


Оиша  онамиз  айтган  эдилар:   «Росулуллоҳнинг  авратини  мен  ҳам  кўрган  эмасман  менинг  авратимни  ул  зот  ҳам  кўрган  эмас.»
«Татархония»да  айтилишича,  Эр  ўз  аёли  ва  жориясининг  бошидан  то  қадамигача  бўлган  азоларига  қараши  жоиз.  Лекин  афзал  бир-бирларининг  авратларига  қарамасликларидир.

Хулоса

Назар  ҳукмларида,   ёш  болаларга  суқланиш,  аёлнинг  аёлга  қараши,  эркакнинг  эркак  авратларига  тикилишининг  шаръан  ман  этилгани,  албатта  беҳикмат  эмасдир.
Бугунги  кунда  бутун  инсониятни  ташвишга  солаётган,  бази  ғарбликларнинг  табири  билан  айтганда,  «демократия»дан  ҳисобланмиш,  баччавозлик,  бесоқолбозлик,  гомосексуализм,  гейлик,  лесбийлик,  сафизм,  трибадия,  онанизм,  вазионизм,  зоофилия,  педофелия  ва  шулар  каби  бошқа  зино  турларидан  иборат  бузуқликлардан,  инсониятни  фақат  Исломгина  қутқариб  қолиши  мумкин.  Айни  мавзудаги  ҳукмларни  билган  чин  мусулмон,  юқорида  санаб  ўтилган  ахлоқсизликлардан  қаттиқ  ҳазар  қилади. 


Имлодаги  хатоларимиз  учун  ўқувчилардан  узр  сўраймиз.
Андижон  шаҳар  «Уйғур» жоме  масжид,  ноиб  имоми Ботирали  Алишер  ўғли


8 йил аввал 61288 Ботирали Алишер Ўғли
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сўйилган ҳайвонни қайноқ сувга солиш
Одатда ҳаммамиз товуқни сўйганимиздан кейин унинг патлари осон юлиниши учун қайнаган сувга солишга ўрганганмиз. Хусусан, товуқ гўшти етиштирувчи фабрикаларда ҳам товуқлар сўйилганидан кейин патлари юлиниши учун давоми...
1 ўн йил аввал 29360 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Пломба
САВОЛ: Ҳазрат, «Захоирул ашрафия» номли китобда «тиш таҳоратда ички аъзога, ғуслда эса ташқи аъзога ўтади», деб ёзилган экан. Шу китобда, тишга пломба қўйиш мумкин эмас, деб қаттиқ таъкидланган давоми...
8 йил аввал 16982 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳайз пайтида жинсий яқинлик
САВОЛ: Уйланганман, турмуш ўртоғим сафарга чиқиб, бир неча кундан кейин келди. Қайтиб келган куни тунда яқинликни таклиф қилган эдим, ҳайз кўрганлигини айтиб рад қилди. Мен ҳам бунга рози бўлиб ухлаб қолдим. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараши
САВОЛ: Халқда эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараб бўлмай, бошқаларни ҳам унга кўзи тушмаслиги керак, шу ҳолда ҳовлига чиқса юзини ёпиб чиқиши даркор, деган гаплар бор. Аслида қандай?  давоми...
8 йил аввал 22808 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сажда оятини эшитиб кетиш
Савол: Автобусда кетаётганда Қуръон ўқиб кетаман. Кўп ҳолларда эса телефон наушниги орқали эшитиб кетаман. Шунда сажда оятлари чиқади. Уни ўқиганда сажда қилишим лозимми? Бир неча марта ўқисам ёки давоми...
1 ўн йил аввал 13971 Ҳамидуллоҳ Беруний