Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Бўлиимда 117 мақола бор
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Таваллуд санаси: 21.07.1371/15.04.1952.

Таваллуд ери: Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи.

Миллати: ўзбек.

Дини: Ислом.

Ақидавий мазҳаби: Аҳли сунна ва жамоа, мотуридия.

Фиқҳий мазҳаби: ҳанафия.

Тасаввуфий мазҳаби: нақшбандия.

Шиори: «Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини таратиш. Диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат хурофотларни йўқотиш».

Мутахассислиги: даъват, тафсир, ҳадис, усул, фиқҳ, ақида, тасаввуф, араб тили.

Истиқомат қилган юртлари:  Ўзбекистон Республикаси (Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи; Марҳамат тумани Қорақўрғон қишлоғи, Булоқбоши тумани; Бухоро; Тошкент), Ливия жамоҳирияси, Туркия, Саудия Арабистони.

Иш-вазифалари: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси, мудир ноиби ва мудири, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати.

Вафоти: 05.05.1636/10.03.2015, Тошкент.

Дафнгоҳи: Тошкент, Кўкча, Шайх Зайнуддин қабристони.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Етук аллома, мужаддид, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутафаккир, муршид, зоҳид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз замонасида ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, ўзбекзабон халқларнинг диний раҳнамоси бўлган.


Насаб ва таваллуди;
Ёшлик даври;
Талабалик даври;
Ишлаган вазифалари, бажарган ишлари;
Илмий фаолияти;
Устозлари;
Шогирдлари;
Олган ижозалари;
Берган ижозалари;
Асарлари;
Ташқи сифатлари;
Маънавий сифатлари;
Ажойиботлари;
Шаҳодат ва ёрлиқлари;
Аъзо бўлган ташкилот ва муассасалари;
Оиласи;
Вафоти;
Башоратлар;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида олимларнинг фикрлари;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга билдирилган танқидлар;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафотида билдирилган таъзиялардан намуналар;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга атаб ёзилган марсиялардан намуналар.


Насаб ва таваллуди:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг насаби қуйидагича:

1. Маралбой;

2. Мирзабой;

3. Араббой;

4. Қаламбой;

5. Эшбўта;

6. Қўшбўта;

7. Бойбўта;

8. Муҳаммад Юсуф;

9. Муҳаммад Содиқ.

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳижрий 1371 йил 21-ражаб – мелодий 1952 йил 15-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. 1960 йили Муҳаммад Юсуф домла диний хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига имом бўлиб сайлангач, бу оила мазкур туманга кўчиб ўтди. Муҳаммад Юсуф домла мазкур Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган.


Ёшлик даври:

Аллоҳ раҳмат қилсин, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ихлос ва тақво хонадонида дунёга келди. Отаси устоз Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли раҳматли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлган. Аллоҳ раҳматига олсин, оналари Тилакберди қизи Собирахон она ҳам жуда содда, парҳезкор, ибодатгўй, фидокор, самимий аёл эди. Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмасди. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймас эдилар. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратганди. Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берарди.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг илк устози отаси бўлган. У бошланғич диний таълимни отасидан олди. Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни отасида ўқиди. Муҳаммад Содиқ ёшлигидан жуда кўп китоб ўқирди. У илмга, китобга қаттиқ муҳаббат қўйган эди. Унинг китобдан ортган вақти бўлмаган. Кечаси ухлаб қолгунча мутолаа қиларди.

Шунингдек, Муҳаммад Юсуф домла ҳам кўплаб аҳли илмларнинг хизматини қилиб, фарзанди аржумандининг ҳаққига жуда кўп дуолар оларди.


Талабалик даври:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1969 йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатгач, 1970 йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирди. У пайтда мадрасадаги ўқиш 7 йиллик бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқни ўша кунгача ҳосил қилган билими асосида бир йўла 5-босқичга олишди. Натижада у мадрасани 3 йилда тамомлади. Уни дарсда, илмда илғорлигидан мадарасадаги талабалар «пешқадам» деб аташарди.

Муҳаммад Юсуф домла ҳам фарзандининг яхши илм олиши, тақвода мустаҳкам бўлиши учун бор кучини сарфлади. Ҳатто ўғлини бошқалар орақали махсус кузатиб борди. Шайх Муҳаммад Содиқ 1973 йили мадрасадан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (Олий Маъҳад)га ўқишга кирди. Қабул имтиҳонидан юқори баҳоларда ўтган Муҳаммад Содиқ институтга ҳам бир йўла 3-босқичга қабул қилинди ва уни ҳам 2 йилда аъло баҳоларга битирди.

У иснтитут барномасидан ташқари махсус устозлардан алоҳида дарс ҳам оларди. Иснтитутнинг энг илғор талабаси сифатида танилганди. У нафақат ҳордиқ кунларини, балки 10 дақиқалик танаффусни ҳам, азон билан такбир орасидаги қисқа вақтни ҳам китоб мутолааси билан банд қиларди.

У 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» журналида фаолият бошлади. 

1976 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг йўлланмаси билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги «Исломий даъват факультети» номли дорулфунунга ўқишга кирди. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Ливияда бутун дунёдан келган талабалар орасида ҳам энг тиришқоқ ва энг итеъдодли талаба сифатида намоён бўлди. У олийгоҳ дарсларига бир соат ҳам қўймай қатнашарди ва унга дарсларни тайёрлашда ҳамда имтиҳонларни юқори даражада топширишга шунинг ўзи етарди. У олийгоҳ барномасидан ташқари ўша ердаги устозлардан алоҳида дарслар ҳам олди, мустақил мутолаа билан ҳам шуғулланди. Ўша пайтларда у дарсдан ташқари турли мавзудаги китоблардан ҳар куни 100 саҳифа ўқишни ўзига вазифа қилиб олганди.

У 1980 йили Ливия олийгоҳини энг юқори балл билан имтиёзли тамомлаб, талабалар орасида биринчиликни қўлга киритди ва доруфунун тарафидан моддий маблағ билан мукофотланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг талабалик паллалари мазкур йилларда ўтган бўлса-да, у илм талабини умрининг сўнгги онларигача тарк қилмади. У киши ишлари, машғулотлари ниҳоятда кўп бўлишига қарамай, илмий баҳслари, таълифларидан ташқари мустақил мутолаани ҳам умрининг охиригача тўхтатмади. Шунинг учун ҳам умри мобайнида қилган юзлаб сафарларида фақат китоб олиб келарди ва ўзи учун янги бўлган ҳар қандай китобни ўқиб тамомларди.


Ишлаган вазифалари, бажарган ишлари:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1980 йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан Ўзбекистонга қайтиб келгач, қуйидаги вазифа ва лавозимларда фаолият юритди.

1981 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси: 

1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректор муовини;

1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори вазифаларида ишлади.

У институтда 1981 – 1989 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди.

У ушбу Ислом институти барномасига талайгина ижобий янгиликлар киритди, бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк жорий қилди. Масалан, «Қуръон илмлари», «улумул-ҳадис», ақида фанларини ҳамда ҳадис ва тафсир фанларидан Роваиъул-баян, Манҳалул-ҳадис каби бир қанча қўлланмаларни Олий Маъаҳадга у олиб кирган эди.

1989 йили 6 февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси бўлди;

1989 йил декабр ойида СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайланди;

1993 йил июн ойида муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди.

У ўзининг муфтийлик даврида мусулмонлар учун улкан хизматларни бажарди. У Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматидан мусулмонларнинг кўплаб ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқди ва мақсадга эришди. Мусулмонлар учун минглаб масжид-мадрасалар очилишида улкан ташаббус кўрсатди. СССР ҳудудидаги мусулмонлар учун асрий орзуси бўлган муборак Ҳаж сафарининг очилишига сабаб бўлди. Катта сондаги мусулмонларнинг ҳаж ибодатини эмин-эркин адо этиб келишларига рухсат олди. У кишнинг  муфтийлик даврида биринчи марта 1990 йилда Юртдан борган ҳожилар Саудия Арабистони ҳукумати тарафидан «Подшоҳнинг меҳмонлари» сифатида қабул қилиндилар, алоҳида эътибор, меҳмоннавозликка мушарраф бўлдилар ва бу ҳолат 1993 йилгача давом этди.


Устозлари: 

Бухорода Шаҳобиддин қори акадан қироатдан, Мухторжон домлада Алфиядан, шунингдек, Усмонжон домла, Қосимжон домла, Абдуллатиф домла каби йирик олимлардан мадраса барномасидан ташқари алоҳида дарслар олди. Тошкентда ҳам институт дарсларидан ортиб Исмоил махдум, Юсуфхон Шокиров каби олимлардан дарс олди. Ливияда ўқиган кезлари ҳам олийгоҳ дарсларидан ташқари ўша ердаги олимлардан алоҳида илм таҳсил қилди. Кейинчалик машҳур Муҳамад ибн Алавий Моликий, Абу Ҳасан Надавий, Солиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Идрис Араконий каби Ислом олами намояндаларидан турли соҳалардан илм ва ижозалар олди.


Шогирдлари: 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида 1981 – 1989 йиллар орасида мударрислик қилди ва бир қанча фанлардан дарс берди. Ўша йилларда институтда ўқиган барча талабалар унинг шогирди бўлган. Масалан, Кавказ бош муфтийси Исмоил Бердиев, Россия муфтийси Равил Айниддин, Чеченистон муфтийси ва илк президенти Аҳмад Қодиров, доғистонлик имом Муҳаммад Расул, озарбайжонлик олим Мулкадор каби кўзга кўринган дин арбоблари ҳам унга шогирд бўлишган. Ундан ташқари Ливияда Анвар Аҳмад, Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ, Муҳаммад Умар, Муҳаммад Қурбон, Ризққулбек каби бир қанча ўзбек талабаларга ҳам алоҳида устозлик қилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ 2001 йилда Ўзбекистонга қайтиб келгач, мамлакатдаги кўплаб илм аҳллари унинг атрофига тўпланишди. Уларнинг аксарлари унга шогирд бўлди.


Олган ижозалари:

1.    Солиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Идрис ал-Араконий ал-Маккийнинг ижозаси. Унда шундай дейилади: «У (яъни санад) Исломнинг хоссаларидандир. Исломда ҳам аҳли суннанинг хоссасидир. Бинобарин, Шайх Муҳаммад Содиқ ибн Шайх Муҳаммад Юсуф олийҳимматлик билан мендан ҳадиси шариф ва бошқа соҳаларда ижоза сўради. Мен шундай дейман: «Мазкурга – Аллоҳ бизга ҳам, унга ҳам ажрларни ошириб берсин – барча марвиётларим, санадларим, сабтларим, ижозаларим ҳамда 150 дан ортиқ асарларимда умумий-мутлақ ижоза бердим, худди турли юртлардан юздан ортиқ шайх менга ижоза берганидек. Бу эса ҳадис ва асар аҳлининг наздида эътиборли бўлган шарт асосидадир». 

2.    Ҳадис китоблари бўйича Имом Ҳофиз Ибн Ҳажарга етиб борадиган муҳаддислар силсиласига уланган Абу Ҳасан Надавийнинг ижозаси. 

3.    Имом Абу Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан-Насафий ал-Ҳанафийнинг «Мадарикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» асари бўйича Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Малийборийдан муаллифгача боғланган ижоза.

Берган ижозалари:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф минтақада унутилаёзган бир анъанани – исломий-илмий асарлардан ижоза беришни қайта жонлантирди. У Имом Абу Баракот Насафийнинг «Мадарикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» номли машҳур тафсиридан, Имом Бухорийнинг оламга машҳур, Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли китоб дея эътироф этилган «Ал-Жамиъус-соҳиҳ» асаридан бир қанча шогирдларига ижоза берди.


Илмий фаолияти:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илк мақолалари 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» нашриётида ишлаган кезлари нашр қилина бошлаган.

1991 – 1993 йиллари «Тафсири Ҳилол» номли Қуръони Карим тафсирининг 28 – 30-жузлари ҳамда «Поклик иймондандир» китоби, 1992 йили «Иймон» ва «Шоядки тақводор бўлсак», 1997 йили «Ислом мусаффолиги йўлида» асарлари чоп қилинди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1993 – 2001 йиллар орасида Юрт ташқарисида бўлди. Дастлабки бир ярим йил Маккаи Мукаррамада, 1994 йил ноябридан 2001 йилгача Ливияда истиқомат қилди. Бу саналар Шайх Муҳаммад Содиқ учун улкан ижодий ютуқларга бой бўлди. Қуръони Карим тафсирига бағишланган йирик 6 жилддан иборат Тафсири Ҳилол, ҳадиси шариф шарҳига бағишланган 39 жилддан ташкил топган Ҳадис ва Ҳаёт асарларини айни ўша йилларда таълиф қилди. У «Тафсири Ҳилол» китобининг қолган 27 жузини Қуръони Карим илк нозил бўлган Маккаи Мукаррамада, Ҳарам олдида таълиф этди. Ҳадис ва ҳаёт асарини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларида, у зотнинг изнлари билан бошлади ва қолган қисмини Ливияда ёзиб тугатди. Ундан ташқари, кўплаб давлатларда бўлган халқаро кофиренсаларда, илмий анжуманларда фаол иштирок этди, Ислом оламининг кўплаб олимлари билан ижодий мулоқотлар, учрашувлар ўтказди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2001 йили Ўзбекистонга қайтиб келди. Ўзбекистонликлар Шайхни жуда катта қувонч билан кутиб олишди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз юртида 2001 – 2015 йиллар орасида кенг миқёсда илмий фаолият олиб борди. Кўплаб китоблар, овозли ҳамда тасвирли ёзувларда илмий суҳбатлар, мавъизалар, туркум дарслар, маърака-йиғинлардаги маърузалари, халқаро интернет саҳифасидаги 25000 дан ортиқ турли мавзулардаги савол-жавоблари билан халқнинг диний саводи ошишига, кишиларнинг соф Исломни англашига улкан ҳисса қўшди. Унинг илмий асарлари сабабли халқ орасидаги кўплаб ихтилоф ва тортишувлар барҳам топди, ҳанафий мазҳаби мустаҳкамланди, хатарли фитналарнинг олди олинди, қанчадан-қанча адашган инсонлар тўғри йўлни тута бошлади, мусулмончиликдан бехабар одамлар ўз мусулмончилигига қайтди, эл орасида тинч-тотувлик, дўстлик руҳи таралди.

Унинг раҳбарлигида халқаро интернет тармоғида ўзбек тилидаги соф исломий саҳифага илк бор асос солинди. Ушбу islom.uz сайти ўзбек тилидаги энг фаол ва аъзоси энг кўп саҳифа ҳисобланади. Islom.uz портали асосида турли йўналишлардаги йигирмадан ортиқ мустақил саҳифа яратилиб, уларнинг ҳар бири ўз мавзусида энг бой ва энг фаол сайтларга айланди. У тўққизта ҳадис тўплами таржимасидан иборат «Олтин Силсила» ҳамда катта «Ислом қомуси» лойиҳалари асосчисидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мазкур фаолиятлари билан Марказий Осиёда илмий уйғониш ясади. Унинг асарлари, суҳбатлари кўплаб илм аҳлига илҳом бахш этди. У ўз асарларининг бошида берадиган юқорида кўрсатилган шиорига ҳар доим амал қилди. У соф Исломни ўрганиш ва ўргатиш йўлида янги бир мактабга асос солди. Юзлаб шогирдларни тарбиялади. Унга ғойибона шогирд бўлганларнинг эса сон-саноғи йўқ. Бир қанча асарлари рус тилига таржима қилинди. Унинг ташаббуси билан русийзабон халқларга ҳам улкан исломий илмлар етиб бормоқда. Шунингдек, унинг асарлари уйғур, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ каби бир мунча қардош тилларга ҳам таржима қилинган ва қилинмоқда. Марказий Осиёда бунчалик сермаҳсул, унумли ва таъсирли ижод қилган олимни ўтган икки-уч аср ичида ҳам топиш мушкул.


Асарлари:

Ёзма асарлар:

1.    Қуръони Карим маъно таржимаси.

2.    Тафсири Ҳилол. Қуръони Карим тафсирига бағишланган, йирик олти жилддан иборат;

3.    Ҳадис ва Ҳаёт. Мансур Алий Носиф Ҳусайнийнинг Исломнинг асосий мавзулари бўйича жамланган ҳадислар тўплами бўлмиш «Ат-тажул-жамиъ лил-усул фи аҳадисир-росул» асарининг таржима ва шарҳи. Ушбу «Ҳадис ва Ҳаёт» мажмуаси 37 жилддан иборат 39 жузли йирик силсила бўлган. Улар қуйидагилардир:

1-жуз Муқаддима;

2-жуз Ислом ва Иймон китоби;

3-жуз Ният, Ихлос ва Илм китоби;

4-жуз Поклик китоби;

5-жуз Намоз китоби-1;

6-жуз Намоз китоби-2;

7-жуз Намоз китоби-3;

8-жуз Закот китоби;

9-жуз Рўза китоби;

10-жуз Ҳаж ва Умра китоби;

11-жуз Савдо, Зироат ва Вақф китоби;

12-жуз Фароиз ва Васият китоби;

13-жуз Никоҳ, Талоқ ва Идда китоби;

14/15-жузлар Қасамлар, назрлар ва ов китоби;

16/17-жузлар Таом, шароб ва либос китоби;

18-жуз Тиб ва Дам китоби;

19-жуз Оламларга рахмат пайғамбар;

20-жуз Анбиёлар қиссаси;

21-жуз Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо;

22-жуз Усмон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо;

23-жуз Жаннат башорат берилганлар ва аҳли байт;

24-жуз Пешқадамлар розияллоҳу анҳум;

25-жуз Нубувват хонадони хонимлари;

26-жуз Ансорлар розияллоҳу анҳум;

27-жуз Ахёрлар ва Диёрлар фазли;

28-жуз Тафсир китоби;

29-жуз Тафсир, Туш ва Масаллар китоби;

30-жуз Қуръон фазилатлари китоби;

31-жуз Сияр ва Мағозийлар китоби;

32-жуз Фитналар ва Қиёмат аломатлари  китоби;

33-жуз Сияр ва Мағозийлар китоби;

34-жуз Яхшилик ва Ахлоқ китоби;

35-жуз Дуолар, Зикрлар, Истиғфор ва Тавба;

36-жуз Зуҳд ва Рақоиқлар китоби;

37-жуз Адаб китоби;

38-жуз Ҳадлар китоби;

39-жуз Амирлик ва Қозилик аломатлари;


4.    Сунний ақидалар;

5.    Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхиси; 

6.    Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар;

7.    Усулул-фиқҳ;

8.    Кифоя (Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафийнинг «Ан-нуқоя фи мухтасарил-виқоя» асарининг таржима ва шарҳи);

9.    Фиқҳий йўналишлар ва китоблар;

10.    Мазҳаблар – бирлик рамзи;

11.    Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар;

12.    Қуръон илмлари; 

13.    Мусталаҳул-ҳадис;

14.    Тасаввуф ҳақида тасаввур;

15.    Руҳий тарбия: 1-жилд «покланиш», 2-жилд «тикланиш», 3-жилд «хулқланиш»;

16.    Хислатли ҳикматлар (Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг «Ҳикам»ига ёзилган шарҳ), 5 жилд;

17.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; (таржима)

18.    Зикр аҳлидан сўранг (савол-жавоблар тўплами), 4 жилд;

19.    Одоблар хазийнаси (Имом Бухорийнинг «Ал-дабул-муфрад» асарининг таржима ва шарҳи), 4 жилд;

20.    Яхшилик ва силаи раҳм (Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг «Китабул-бирри вас-сила» асарининг таржима ва шарҳи);

21.    Исломнинг мадори бўлган ҳадислар рукни (кичик 4 жилд);

22.    Иймон;

23.    Исломда инсон ҳуқуқлари;

24.    Исломда экология;

25.    Васатия – ҳаёт йўли;

26.    Мукаммал саодат йўли;

27.    Оила фароғат қасри; 

28.    Бахтиёр оила;

29.    Ижтимоий одоблар; 

30.    Ислом – соф табиат дини;

31.    Дин насиҳатдир;

32.    Бозор ва унга боғлиқ масалалар;

33.    Қарз ва унга боғлиқ масалалар;

34.    Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва  ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати;

35.    Ёлғон; 

36.    Исроф;

37.    Шоядки тақводор бўлсак;

38.    Мўминнинг мерожи – муфассал намоз китоби (кирил ва лотин алифболарида); 

39.    Рамазонни қаршилаб;

40.    Ҳидоят имоми - Имом Абу Мансур Мотуридий;

41.    Самарқанднинг сара уламолари; 

42.    Очиқ хат; 

43.    Кексаларни эъзозлаш;

44.    Соғлом бола;


Рус тилидаги китоблари:

1.    Ийман, Ислам, Куръан; 

2.    Суннитские вероубеждения

3.    Васатыя – путь жизни; 

4.    Истина о сути гадания, колдовства, изгнания джиннов и нетрадиционных методов лечения;

5.     Разногласия: причины и решения

6.    Тафсири Хилал 30-джуз; 

7.    Тафсири Хилал 1 и 2-том;

8.     Хадисы и Жизнь: 1-том «Введение», 2-том «Ислам и Ийман», 3-том «Намерение, ихлас и знание», 4-том «Чистота», 18-том «Исцеления и рукйа», 19-том «Пророк, явившийся мирам милостью».

Тасвирли ёзувлар:

1.    Ижтимоий одоблар: 2012 йил Рамазон суҳбатлари (7 та диск) 

2.    Рамазон туҳфаси: 2013 йил Рамазон суҳбатлари (6 та диск);

3.    Алоҳнинг зикри ила қалблар ором топур: 2014 йил Рамазон суҳбатлари (5 та диск);

4.    Бахтиёр оила (2та диск);

5.    Ибратли дунё;

6.    Одоблар бўстони (2 та диск);

7.    Зикр аҳлидан сўранг (2 та диск);

8.    Ҳикматли дунё (5 та диск);

9.    Руҳий тарбия: 1-Муқаддима, 2-Ҳусни хулқ, 3-Илм;

10.    Руҳий тарбия: 4-Қалбни тозалаш, 5-Намоз, 6-Закот;

11.    Руҳий тарбия: 7-Рўза, 8-Ҳаж;

12.    Руҳий тарбия: 9-Қуръон тиловати, 10-Зикр, 11-Кун тартиби (1)

13.    Руҳий тарбия: 12-Кун тартиби (2), 13-Тафаккур;

14.    Руҳий тарбия: 14-Муробата, 15-Нафс поклиги, 16-Ҳусни хулқ (1);

15.    Руҳий тарбия: 17-Ҳусни хулқ (2), 18-Тил офатлари;

16.    Руҳий тарбия: 19-Ёлғон, 20-Ғийбат, 21-Чақимчилик;

17.    Руҳий тарбия: 22-Маддоҳлик, 23-Куфр;

18.    Руҳий тарбия: 24-Ширк, 25-Фосиқлик, 26-Бидъат;

19.    Руҳий тарбия: 27-Риё, 28-Ҳасад;


Овозли ёзувлар: 

1.    Қуръони Карим маънолари таржимаси (6 та диск);

2.    Тафсири Ҳилол: 23 – 30-жузлар;

3.    Ҳадис ва ҳаёт: 2 – 21, 23 – 27, 30, 34 – 36-жузлар.

4.    Руҳий тарбия: 1 – 88-мавзулар (3 та диск);

5.    Ҳикматли дунё (8 та диск);

6.    Ҳадис сабоқлари (2 та диск);

7.    Сунний ақийдалар;

8.    Иймон;

9.    Ҳаж китоби; 

10.    Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар;

11.    Яхшилик ва силаи раҳм китоби;

12.    Ал-адабул-муфрад: 1 – 3 жилдлар; 

13.    Мукаммал саодат йўли;

14.    Васатия;

15.    Бахтиёр оила;

16.    Қуръон илмлари;

17.    Зикр аҳлидан сўранг, 1 – 3-қисмлар.


Булардан ташқари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муаммад Юсуф эл-юрт бўйлаб кўплаб йиғинлар, турли тадбирларда иштирок этарди. Уларда ҳам илмий-маърифий суҳбатлар, исломий даъватлар олиб борган. Бундай иштирокларининг сон-саноғи йўқ. Масжидларда Рамазон ойида махсус суҳбатлар уюштириб, уларда алоҳида рукн асосида илмий мавъизалар қилган.


Ташқи кўриниши:

Шайх Муҳаммад Содиқ бўйчан, барваста, қомати тик, келишган, бақувват, кўркам киши эди. Қизғиш оқ рангли, соч-соқоли ўзига ярашган, тишлари текис, қошлари қалин, юзлари нурли, нигоҳи ўйчан, ҳайбатли, ўзи ниҳоятда виқор ва маҳобатли, баркамол инсон эди. Соч-соқолини ортиқча ўстирмасди. Танаси соғлом, кучли, чиниққан, одимлари дадил ва енгил, юришлари салобатли, руҳи доим тетик, юраги бақувват эди. Нима кийим кийса ярашарди, балки либос унинг эгнида кўркамлашиб кетарди. Овози маҳобатли, залворли, нутқи чиройли, дона-дона, тафаккури теран эди. Ўз фикрини тингловчига гўзал ва содда етказиб бера оларди. Мавъизалари тушунарли, пурмаъно, тингловчини ром қиладиган, эшитиб тўймайдиган бўларди. Ўта мураккаб фикрларни оддий инсон тушунадиган сўзлар билан ифодалай оларди.

Шайх ўз саломатлигига яхши эътибор қаратарди, мунтазам жисмоний тарбия билан шуғулланар, емоқ-ичмоғининг фойдали ва тартибли бўлишига аҳамият берарди. Вақти-вақти билан сиҳҳатгоҳ муолажаларини олиб тутарди.


Маънавий сифатлари:

Шайх Муҳаммад Содиқнинг ташқи суврати қандай кўркам бўлса, ички олами яна-да гўзал эди. У киши юраги тоза, кўнгли кенг, хушхулқ, адолатпарвар, ҳақгўй, бағоят самиймий, ниҳоятда холис, қалби салим, руҳан улуғвор, пок ниятли инсон эди. Ўзига ёки оила аъзоларига яхшилик қилганларни ҳар доим қадрлар, яхшиликларига яраша уларга мурувват кўрсатарди. Бирор инсонга ёмонликни раво кўрмасди. Оилапарвар, болажон, ватанпарвар, халқпарвар, олийжаноб инсон эди. У киши покизаликни, тартиб-интизомни, гўзалликни яхши кўрарди. Ҳеч кимга нисбатан адоват қилмас, ҳеч ким билан душманлашмас эди. Ўзига нисбатан қилинган хатокорликларни ҳам кечириб юборарди. Доим буюк ишларнинг пайида бўларди. Майдакашликни ёқтирмасди, ғийбат-иғвога мутлақо қарши эди. Ўзининг хайрли ишларини, ҳар қанча салмоқли бўлмасин, буюк санамас, барчасини ёлғиз Аллоҳдан кўрарди. Ўзгаларнинг хайрли ишларини жуда ҳам олқишлар, уларнинг муваффақиятларидан беҳад қувонарди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир иши илм асосида бўларди. Қуръону Сунатга имкон қадар тўла амал қиларди. Мазҳабга доим риоя қиларди. Исломга, илмга хиёнатни ҳеч қачон ёқламасди. Нимани ёзган, нимани айтган бўлса, аввало ўзи унга амал қиларди. Дунё матоҳини умуман эътиборга олмасди. Дину эл ташвишидан бошқа ғами бўлмасди.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг илмга муҳаббати чексиз эди. Унинг учун энг қадрли ва қимматли нарса вақт эди. У талабалик давридан бошлаб ўзи учун кун тартиби ва кундалик вазифаларни тайинлаб олган бўлиб, бу низом «темир қонун» саналарди. У бунга қатъий амал қиларди. Бирор онни беҳудага сарф қилмасди. Шунингдек, ҳар нафасда қалбан зикр ва муроқабада турарди.

Шайх Муҳаммад Содиқ ўзида улуғворлик билан камтарлик, ўткир билимдонлик билан соддалик, даҳо билан тавозуъ, подшолардек сиёсатдонлик билан оталардек меҳрибонлик, ҳайбат билан беғуборлик, бойлик билан зоҳидлик, устозлик билан толибликни жамлаган эди. У киши буюк арбоб бўлиш билан бирга оддий мусулмон бўлишни ҳам унутмади, юксак шон-шавкатга эга бўлиш билан бирга фитрат софлигини ҳам сақлади. Ҳар қандай ҳолатда ўзини йўқотмас забардаст эди. Ҳайбатидан бошқалар унинг олдида ўзини ҳам, сўзини ҳам йўқотиб қўярди. 

Шайх Муҳаммад Содиқ меҳри дарё инсон эди, кенг бағри ҳаммани ўзига сиғдира оларди. У билан яқиндан мулоқот қилган барча одамлар ўзини унга энг яқин инсон деб ўйларди. Ҳеч кимдан меҳру мурувватини аямас, ҳар кимнинг арзини эшитар, додига қулоқ тутар эди. Ҳатто кишилар ўз дардларини ота-онасидан кўра у кишига арз қилишни кўпроқ исташарди.


Ажойиботлари:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Аллоҳ таоло бир қанча кароматлар билан сийлаган эди. Аввало у кишининг ёзган ҳар бир асари халқнинг энг долзарб муаммосини ҳал қилувчи илҳом бўларди. Ёзган асари, айтган сўзи мусулмон оммасининг қалбига мақбул тушарди. У кишига берилган замон кенглиги инсонни ҳайратга соларли даражада эди. Ёзган асарлари ва юритган фаолиятларини кузатган инсон уларни вақт қолибига сиғдира олмас эди. Уламолар айтганларидек, кароматларнинг энг буюги Ислом хизмати йўлида берилган кароматдир. Чунки бошқа кароматлар вақтинча бўлиб, дин хизмати учун берилган каромат бардавом, абадий бўлади.

Шунингдек, кўпинча кишиларнинг қалбидаги ўйларни у кишига Аллоҳ аён қилиб қўярди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дуоси ижобат инсон эди. У кишидан дуо олиб, тездан натижа кўрганларнинг сон-саноғи йўқ.


Шаҳодат ва ёрлиқлари:

1.    Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти шаҳодатномаси;

2.    «Исломий даъват куллияси» олийгоҳининг Араб тили ва исломий илмлар бўйича «литсенсиат» шаҳодатномаси, 1980 йил;

3.    Ливия Жамоҳирияси томонидан берилган «Буюк Фотиҳ» медали, 1989;

4.    Миср араб Республикаси тарафидан берилган биринчи даражали «Илм ва Фан» медали, 28.01.1992;

5.    Россия марказий диний идораси – Россия муфтийлари шўро мажлиси томонидан берилган «Ал-фахр» ордени, 01.12.2014.

Аъзо бўлган ташкилот ва муассасалари:

1.    Маккаи Мукаррама шаҳридаги Ислом олами Робитаси тасис мажлиси аъзоси;

2.    Бутун дунё тасаввуф уюшмасининг аъзоси;

3.    Бутун дунё исломий халқлар бошқарувининг бош котибияти аъзоси;

4.    Бутун дунё давъват уюшмаси аъзоси;

5.    Бутун дунё уламолар кенгаши уюшмаси аъзоси;

6.    Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси аъзоси;

7.    Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё матфакир уламолари йиғининг ижроий қўмитаси аъзоси;

8.    Бутун дунё масжидлар уюушмасининг аъзоси;

9.    Иорданиядаги Оли Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси аъзоси.


Оиласи:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1974 йили Исмоил махдум домланинг қизи Фотмахонга уйланди. Ундан бир ўғил, икки қиз кўрди. Улар Исмоилжон Муҳаммад Юсуф, Одинахон Муҳаммад Юсуф, Оминахон Муҳаммад Юсуф. Унинг аҳлу оиласи барчалари илм-маърифат йўлидалар.


Вафоти:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 05.05.1636/10.03.2015 куни шомдан кейин Тошкентда юрак хуружидан вафот этди. Эртаси куни пешинда Кўкча даҳасидаги Шайх Зайнуддин масжидида жанозаси ўқилди. Жанозага мамлакатнинг турли минтақаларидан 200 000 дан ортиқ киши етиб келди. У киши Масжид ёнидаги Шайх Зайнуддин қабристонига дафн этилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти мусулмон умматига, хусусан, ўзбекзабон мусулмонларга катта мусибат бўлди. Ўша кунларда унинг вафоти халқ орасида ва ижтимоий тармоқлардаги энг улкан ҳодисага айланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг мусулмонларнинг қалбидан қанчалар буюк ўрин олгани намоён бўлди. Унга атаб марсиялар битилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг кишиларнинг ихлос-муҳаббатини нақадар қозонганига яна бир далолат шуки, унинг ортидан бутун халқ дуойи хайрлар қилди, кўпчилик ўз ихтиёри билан хатми Қуръонлар, хайру садақалар, турли маросимлар уюштирди. Бир қанча хорижий давлатлардаги мусулмонлар ҳам унинг ҳаққига тиловати Қуръон ҳамда ғойибона жаноза ўқишди. Жанубий Кореяда Кожедодаги янги очилган масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг номига қўйилди.

Башоратлар: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарлик тугади, энди мубашширотлар – хушхабарчи тушлар қолди», деганлар. Аллоҳ таолонинг инояти билан Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида бир мунча башоратлар ҳам бўлди. Биз улардан мисол келтириш билан кифояланамиз.

Замонанинг энг улуғ ҳанафий олимларидан ҳисобланган Муҳаммад Аввоманинг ўғли ёш, забардаст олим шайх Муҳюддин Аввома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этган кеча эрталаб ўғли Исмоилжонга хат ёзди. У ўша тонгда тушида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни жуда гўзал ҳолатда кўрганини, Шайх Муҳаммад Содиқ унга Аллоҳнинг ҳузурида «шаҳид» деб қабул қилинганини айтганини сўзлаб берди. Ҳолбуки, у ҳали Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафотини эшитмаган экан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жияни Фарида Абдуллатиф қизи Шайх вафот этган кун, ҳали дафн қилинмасидан бурун кўрган тушини шундай ҳикоя қилади:

«Бомдодга яқин кўзим илинибди. Тушимда Ҳазратни кўрдим. Вафот этган жойларида ётибдилар. Бошлари ўғиллари ёки жиянларининг тиззасида. Кўзлари юмуқ эди. Мен энгашиб: «Ҳазрат, жонингиз узилдими?» дедим. У киши кўзларини очиб-юмиб «ҳа» дея ишора қилдилар. Мен: «Қийналмадингизми?» дедим. У киши: «Йўқ. Фаришталар эркалаб олишди. Аллоҳ таолонинг жамолини узоқдан кўрдим», дедилар. Мен ҳайрон бўлиб: «Унда қандай қилиб мен билан гаплашяпсиз?», десам, жилмайиб қўйдилар. Кейин уйғониб кетдим».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотидан бир неча кун бурун жуда кўпчилик тушида озиқ тиши тушганини кўрган. Маълумки, кишининг тушида тиши тушса, яқини вафот этишидан дарак бўлади. Бу эса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кўпчиликнинг қалбида худди уларнинг отасидек ўрин олганига далолат қилади. Шунингдек, жуда кўпчилик у кишини тушида пайғамбарлар, авлиёлар билан кўрганини зикр қилди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида олимларнинг фикрлари:

Ургутлик олим, фақиҳ, мутасаввиф, кароматлари зоҳир Арабхон эшон ўз вафотидан бир йилча бурун шогирдларига: «Биздан кейин Шайх Муҳаммад Содиқни маҳкам ушлайсизлар», деб васият қилган эди.

Доғистонлик олим Муҳаммад Ҳабибуллоҳ: «Мен Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга муфтийлик даврида маслаҳатчи бўлганман. У кўплаб илмда моҳир эди. Эскию янги китобларни яхши биларди. Доғистон, Кавказ ва Ўрта Осиё улмолари бир овоздан унинг буюк олимлигини эътироф этган. У киши Исломга жуда катта хизмат қилганлар. У кишининг ҳақларида нима яхши гап бўлса, айтинг, нима мақтов бўлса, сўзланг, барибир кам».

Қирғизситонлик олим Шайх Алоуддин Мансур шундай дейди: «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни илм аҳлигина яхши танийди. У киши илм толиблари ва барча халқ учун юқори ҳаракат билан шунча катта илмий мерос қолдирган бўлса-да, ўзидаги илмнинг ҳали учдан бирини ҳам тақдим қилиб бўлмаган эди. Мен мулоҳаза қилиб кўрсам, бундан тўрт аср муқаддам ўтган Мула Алий Қорий 109 та асар қолдирган экан. Шайх Муҳаммад Содиқ эса 120 жилддан ортиқ асар ёзиб қолдирибди. У кишининг на қадар улкан дарахт бўлиб кетгани йиқилганда яна-да сезилди».

Қуйида келадиган таъзияномаларда ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида бир қанча уламоларнинг фикрларини ўқиш мумкин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга нисбатан билдирилган танқидлар:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам кўплаб олимлар қатори қарши тарафлардан бир қанча танқидий қарашларга йўлиқди. Аммо мазкур танқидлар илмий асосга эга эмас. Асосан, кичик жузий камчиликлар ёки тушунмовчиликлардан иборат.  Ҳолбуки, пайғамбарлардан бошқаси маъсум бўлмаслиги, Қуръондан бошқа ҳар қандай китобда камчилик бўлиши табиий. Аммо у кишининг ижодида илмий янглишув, ғоявий адашув кузатилмаган. Шайх Муҳаммад Содиқ ҳақида Хулайбий Имом Абу Ҳанифанинг шаънида айтган гапни айтиш мумкин: «Унга фақат ё ҳасадгўй, ё жоҳил тил теказади».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти муносабати билан билдирилган таъзиялар:

1. Мусулмон уламолар халқаро уюшмасининг таъзияси:

«Мусулмон уламолар халқаро уюшмаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жаноблари вафот этишлари муносабати билан бутун ислом умматига чуқур ҳамдардлик билдириб, таъзия изҳор этади.

Шайх жаноблари Ўзбекистон Республикасининг собиқ муфтийси ва Мусулмон уламолар халқаро иттифоқининг васийлик кенгаши учинчи мажлисининг собиқ аъзоси бўлганлар. Зикр қилинишича, шайх Муҳаммад Содиқ Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига таржима қилганлар. Бундан ташқари у кишининг қаламига мансуб исломий илмлар соҳасида бир неча юзлаб китоблар ҳамда таржималар нашр этилган. Бу муҳтарам зотнинг дунё бўйлаб турли исломий анжуманларда қатнашганлари диққатга сазовордир.

Мусулмон уламолар халқаро уюшмаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанобларининг оила аъзоларига, шогирдларига, издошларига, муридларига ва барча мухлисларига ҳамда Ўзбекистон халқи, раҳбарлари ва ҳукуматига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этади. Аллоҳдан ушбу марҳумни Ўз раҳмати ва мағфиратига олишини ҳамда дини ва миллатига тақдим этган улкан ишларини Ўз даргоҳида қабул этишини сўраб, у муҳтарамнинг барча мухлисларига сабру тоқат сўраб қолади».

Доктор Юсуф Қарзовий

Докор Алий Қорадоғий.


2. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг таъзияномаси:

«Куни кеча юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон оламига сермаҳсул хизматлари билан танилган муҳтарам устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.

Биз устозимизнинг ҳар бир қилган ишларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, суннатларини ўрганар эдик. У кишидан илм ва одобни бирдек олар эдик. Устоз диний илмларни ривожлантириш йўлида самарали ижод қилдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имомлар ва мударрислар номидан Шайх ҳазратларининиг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз. Аллоҳ таоло Устознинг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Қолдирган бой илмий меросларидан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар қилсин! Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг охиратлари обод бўлсин!»


3. Омск шаҳри  ва Омск вилояти мусулмонлари марказлаштирилган диний идораси таъзияномаси:

«Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин! Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга , уларнинг оила аъзоларига ва барча саҳобаларига дуруду салавотлар бўлсин!

Бу, Омск шаҳри ва Омск вилояти мусулмонлар уммати муҳтарам Шайх Муҳаммад Содиқ  Муҳаммад Юсуфнинг вафотлари муносабати билан чин юракдан қайғурмоқдамиз.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат Ўзбекистонда, балки бугунги  Ислом оламида  катта ҳурматга эга ва замонамиз мусулмонлари учун намуна эдилар.

Мен муҳтарам Шайх ҳазратларини кўпдан бери таниганман. Охирги учрашувимиз 12 декабрь 2014 йилда  Москва шаҳрида ўтказилган  XX – Умумжаҳон Ислом Форумида бўлган эди. Шунда биз улар билан ҳозирги кун Ислом жамиятидаги мавжуд  муаммоларни муҳокама қилган эдик. Ислом динининг муаззам уламоси сифатида фақатгина дин арбоблари эмас, барча одамларга ҳам ўзларининг оқил маслаҳатларини бериб келганлар. У кишининг вафотлари ҳаммамиз учун катта мусибат ва жудоликдир.

Биз, Омск шаҳри вилояти мусулмонлар уммати муқаддас Қуръони Карим оятларини ўқиб, Парвардигори оламдан жаннатидан Шайхимизга муносиб жой беришини илтижо қиляпмиз.

Азиз биродарларимиз, опа-сингилларимиз! Таъзиямизни қабул қилгайсизлар! Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Омск шаҳри ваа вилояти мусулмонлари диний идораси муфтийси Бота ҳожи Бакулин. 


4. Шимолий Кавказ муфтийлари мажлиси раиси Исмоил Бердиев:

«Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад Хожига, Чеченистон муфтийларига қўл узатган, юрагини берган, сўзлари билан далда бўлган биринчи одам Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари эди. Чеченистонда ўтказиладиган бирорта анжуман, уруш вақтларида ҳам, Шайх ҳазратларисиз ўтмаган. У кишининг иштироки доимо бизга далда бўлган. Мен Муҳаммад Содиқ ҳазратларини  биродаримиз Аҳмад Ҳожининг Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институтини тугатиб, қайтган кезларидан бери биламан. Ва ўша пайтлардан дўстлашган эдик. У кишининг уйларида кўп маротаба меҳмон бўлганман. Улар ҳам тез-тез меҳмонга келиб турардилар. Кўплаб Умумжаҳон Ислом конференцияларда, симпозиумларда у киши билан бирга қатнашиш бахтига муяссар бўлганман. Кувайт, Қатар, Саудия Арабистони, Туркия, Миср, қаерда бўлмайлик, бу инсон ўзининг олийжаноблиги, тақвоси ва ўз юртининг хақиқий фарзандилиги билан ажралиб турарди. Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари кўплаб Умумжаҳон Ислом ташкилотлариниг фахрли аъзоларидан эди. Ҳамма ерда у кишини танишган, ҳурмат килишган ва эъзозлашган. Шунинг учун ҳам бугун одамлар севимли Муҳаммад Содиқ ҳожимизнинг барвақт вафоти ҳақида қайғурмоқда. Чеченистон ва Шимолий Кавказнинг масжидларида биродаримиз Муҳаммад Содиқ ҳожининг руҳи покларига атаб дуолар ҳамда хатми Қуръонлар қилинмоқда. Ҳар бир хонадон барвақт ҳаётдан кўз юмган биродаримиз ҳақида қайғуга чўмган. Аллоҳга дуо қиламиз, жаннатларини насиб айласин ва ўша олий жаннатларда  у киши билан бирга бўлишга бизларни муяссар қилсин. Ўғиллари Исмоил ҳожи ва қолган оила аъзоларига гўзал сабр сўраймиз. «Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир».  Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ».


5. Муборак Ақсо масжидининг хатиби, Қуддус шарифдаги Ислом олий ҳайъатининг биринчи ноиби, вақф ва дин ишларининг собиқ вазири Шайх доктор Жума Саломанинг таъзияномаси:

«Марҳаматли дўст, собиқ муфтий, Ўзбекистон уламолари улуғи аллома шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1436- ҳижрий йилнинг Жумадул аввал ойи 19-санаси, милодий хисоб бўйича 2015-йил 10-март сешанба куни умрининг 63 ёшига етганда вафот этганини билдирди. Бу инсон замондош уммат уламоларининг катталаридан саналар эди. 

Халқнинг ислом йўлида кенгайиши химоясида унинг катта роли бор эди. Собиқ совет иттифоқи ичида дин, таълим ва маданий хуқуқларни қайтиб беришни талаб қилишда мусулмонларга бошчилик қилди. Аллоҳ рахмат қилсин! У киши соғлом исломий таълимотни ёйишга, шунингдек диний саводсизликни тугатишга ҳамда кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатишга иштиёқманд эди. 

Марҳумнинг ўзбек тилидаги бир қанча китоблари бўлиб, кўп ишларини рус тилидаги таржимаси ҳам амалга оширилган эди. Ўзбек тилида Қуръон каримга 6 жуздан иборат тафсир ёзиб уни «Тафсири Ҳилол» деб номлади. «Ал-Жомеъу лил-усул фий шарҳи аҳадисир-Росул» китобига 39 жуздан иборат шарҳ ёзди. Аллоҳ таолодан ушбу суюкли кишини ўзининг кенг раҳмати ва мағфирати ўраб олишини сўраймиз. Ислом умматига тақдим этган илм ва нури эвазига розилик ва мукофот беришини тилаймиз. У ва у каби амал қилгувчи уламолар эъвазига яхши ўринбосар беришини Аллоҳ субханаҳу ва таолодан ёлбориб сўраймиз. 

«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз».


6. Шайх Абубакр Аҳмаднинг таъзияси:

«Ҳаммамиз Аллоҳникимиз! Ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз! 

Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси катта уламо ва аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этди. У ҳамаср уламоларнинг буюги эди. Одамларнинг Исломини ривожлантиришда ва муҳофаза қилишда катта ўрни бор эди.

У Қуръони Каримни ўзбек тилига  6 жилдлик тафсирини ёзган. Аллоҳ бу иши учун уни мукофотласин. Аллоҳ раҳматига олсин.  Аллоҳ уни мағфиратига ва ризосига киритсин. Аллоҳ азза ва жалла жаннатул Мавога киритсин. Фирдавс жаннатининг олий мақомидан жой берсин. Ўзига яқинлаштирсин ва мақомини юқори қилсин!»


7. Шайх Ҳабиб Алий Жифрий таъзияси:

«Ҳаммамиз Аллоҳникимиз! Ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз!» 

«Ўзбекистон уламоларининг улуғи, шайхимиз аллома Муҳаммад Содиқ Аллоҳнинг раҳматига кўчдилар. У зот замондош уммат уламоларининг киборларидан бўлиб, ўз халқининг исломга мансублигини асрашда жуда муҳим вазифани бажардилар.

Қуръони каримни ўзбек тилида олти жилдли тафсирини ёзганлар. Бу китобдан жуда улкан манфаатлар бўлиб, ҳатто айрим қизлар никоҳ маҳрлари учун мазкур тафсирни сўрашади. 

Аллоҳ у зотни яхшилар раҳмати ила раҳмат этсин! Жаннатнинг олий Фирдавсидан маскан берсин. Аҳллари, талабалари, ватандошлари ва уммат ичидан у зотга солиҳ ўринбосар чиқарсин!»


8. Саудия Арабистони подшоҳлигини Тошкентдаги элчихонасининг таъзияномаси:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фарзанди аржуманди биродаримиз Исмоилжон!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимуҳуллоҳнинг вафоти хабарини бениҳоя ғам андуҳ билан қарши олдик. У киши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом оламининг энг йирик уламоларидан бири эдилар. Йўқотганимиз  бу улуғ зот хотараларимизда Ислом илмларига, Ислом ва мусулмонлар хизмати йўлида бағоят улкан ҳисса қўшган буюк олим бўлиб қолажакдир.

Сизларга бу мусибатда ўзимизнинг чуқур таъзиямиз, чин ҳамдардлигимизни билдирамиз, Аллоҳ таолодан у кишини мағфират қилиши, раҳмати билан қамрашини ҳамда сизларга сабру салвон илҳом қилишини сўраб қоламиз!

«Албатта, барчамиз Аллоҳникимиз ва, албатта, Унга қайтгувчимиз».

Саудия Арабистонининг Тошкентадги элчиси Доктор Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Шойиъ. 


9.    Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хёфер-Виссинг Найтхарт

«Бундай олим инсон билан танишиб, суҳбатлашишга муяссар бўлганимдан жуда бахтиёрман. Шайх жаноблари менда жуда яхши таассурот қолдирган эдилар. Шайхнинг вафотлари нафақат сиз – оила аъзоларига, нафақат ўзбек халқига, балки Германияда яшовчи барча мусулмонлар учун катта мусибатдир. Ахир айтадилар-ку: «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир». У зот фақатгина олим эмас, балки буюк инсон эдилар. У киши учрашувимиздан сўнг менга бир қанча китобларини бериб юборган эдилар. Бу китоблар энди мен учун бутун умрга эсдалик бўлиб қолди».


10. Чикаго Ўзбек Америка Жамияти таъзияномаси:

«Биз, Чикаго ўзбеклари, замонамизнинг ва халқимининг буюк олими Шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотларидан қаттиқ қайғуга тушдик. Ҳазратимиз умри давомида халқимиз тинчлиги, маърифати ва тарбияси учун қаттиқ курашдилар. Аллоҳ, Ҳазратнинг умрига барокат бергани туфайли, у киши ёзган китоблар, аудио, видео ва интернетда қолдирган илмларини ҳали бери, оддий инсон оз мунча қисмини бўлсада ўқиб чиқолгани йўқ. Ҳазратнинг дарди уммат эди, у кишининг интернетда қолдирган илмлари, биз узоқдаги мусофирлар учун жуда ҳам катта маърифат берди. У кишининг бундай жон куйдириб хизмат қилишларининг холислиги сифатида, Аллоҳ у кишини ҳамма учун суюкли қилиб қўйди. 

 Биз Чикагодаги ўзбеклар номидан, Шайхнинг оиласига, яқинларига ва шогирдларига таъзия билдирамиз ва уларга сабр тилаймиз. Аллоҳ, у кишини жаннатнинг энг олий даражаларига кўтаришларини дуо қилиб сўраб қоламиз. Шогирдларига тилагимиз; у киши бошлаган йўлларини давом эттириб, халқимиз учун жонкуярликда давом этишларида Яратгандан куч қувват сўраб қоламиз».


11. Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алий Мардон Фард:

«Буюк аллома фақатгина бир минтақа учун эмас, балки бутун жаҳон аҳли учун жуда ҳам эъзозли, ҳурматли эдилар. Бутун Ислом оламининг буюк мутафаккир олими вафот этганлиги муносабати билан у зотнинг оила аъзоларига, яқинларига, шогирдларига ва бутун Ислом аҳлига чуқур, самимий таъзиямни билдираман. Шайх ҳазратимизнинг бутун ҳаётлари барча мўмин-мусулмонлар учун Ислом динига ҳизматдан иборат бўлди. У кишининг ҳаёт йўллари барча мусулмонларга ҳар жиҳатдан ибрат бўлганлиги боис, ўйлайманки у зотнинг жойлари муқаррар жаннатдир. Айниқса, ҳозирги ихтилофли даврда, баъзи бир гуруҳлар Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олиб, ана шу пок таълимотни, соф эътиқодни булғашга интилаётган бир вақтда бу зотнинг кишиларни ҳар жиҳатдан тўғри йўлга бошлаганликлари, ёзган китоблари, берган баёнотлари билан халқнинг, мусулмонларнинг ҳидоятига сабабчи бўлганликлари боис ҳам шайхимизнинг вафотлари ғам-андуҳимизни юз чандон оширди, қалбларимизни ларзага солди. Лекин, Аллоҳ таолонинг иродаси, қисмат экан, бунинг олдида бандаси ожиздир. У кишининг фарзандларига, яқинларига, шогирдларига ушбу бошланган хайрли, улуғ ишларда Аллоҳ мададкор бўлишини тилаб қоламиз. Шайхимизнинг вафотлари барчамиз учун жуда катта жудоликдир, бу айрилиқ нафақат ўзбек халқини ёки ушбу минтақани ларзага солди, балки бизнинг юртимизда ҳам ҳасрат ва мотам кайфиятини уйғотди. Айниқса, юртимиз уламолари ҳамда илм аҳли бу хабардан ғоятда ташвишга тушиб, маҳзун бўлдилар. Юртимизда ҳам уларни хотирлаб маросимлар ўтказилди. Ислом дини йўлида қилган ишлари зикр этилди.

Бу ерда шайх ҳазратларининг солиҳ фарзандлари, шогирдлари олиб бораётган хайрли ишларни кузатяпмиз. Ўйлайманки, шайхимизнинг бошлаган буюк ишларини солиҳ фарзандлари, сафдошлари ҳамда шогидлари улуғ эҳтимом билан давом эттирадилар. Шайх ҳазратларининг вафотлари ҳақидаги хабарни Эронда эшитдим, афсуски, таъзиямни ўз вақтида билдира олмадим. Ушбу фурсат учун эса сизлардан беҳад миннатдорман ва барчаларингизга таъзия билдираман. Ташаккур».


12. Мусулмон уламолари халқаро уюшмаси Котибият аъзосининг таъзияномаси:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ! Фазилатли Устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ.

Отангиз, аллома, Шайх Муҳммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотларини эшитиб, жуда ҳам қаттиқ қайғу ва аламда қолдим. Ушбу оғриқли муносабат билан Сизга, барча оила аъзоларингизга, Шайхнинг талабаларига ва бутун ўзбек халқига чуқур таъзия билдираман.

Улуғ олим Шайх Муҳаммад Содиқни Аллоҳ раҳматига олсин ва жойларини жаннатда қилсин! «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, Унга қайтгувчимиз».

Дугонангиз Назиҳа Маъориж.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга атаб ёзилган марсиялардан намуналар:


ҚАСИДА ЁЗИШГА ЙЎҚДИР НИЯТИМ...



Қасида ёзишга йўқдир ниятим... 

Ва лекин ненидир ёзмаслик надир, 

Кўзларим қаърида аччиқ тахаййюл, 

Буюк айрилиқдан юрак ёнадир...!


Сиз кетиб эсладим Расул ўтганин, 

Ва келдим илк бора ушбу фикрга: 

Қийин бўлган экан, жуда ҳам қийин

Ўша пайт ҳазратим Абу Бакрга!


Пайғамбар ётибди, ҳозир кўмилар, 

Асҳоблар ҳайрона, бу не синоат, 

Ва демоқ шу пайтда «Расулим кетди»,

Аллоҳ мангу қолди, Унгадир тоат!


Йўқ, Сизни у қадар кўкка кўтармам, 

Бу бобда хатарли бўлган нохолис,

Лекин тан олмоққа мажбурдир ҳамма, 

Сиз «олим» эдингиз, Расулга ворис!


Ана шу олимлик даражангизда, 

Сизни суймоқликка маҳкумман бугун,

Бошимни эгишга ижозат этинг, 

Кўтарганингизчун Исломнинг юкин!


Ҳа, бу ҳам Аллоҳнинг эрур тақдири, 

Манзилга сездирмай етиб олдингиз, 

Алғов-далғов фитна тўфонларидан, 

Нуҳнинг кемасида кетиб қолдингиз!


Бу ерда қолдилар минглаб шогирдлар,

Миллион мухлислар кўзлари жиққ ёш, 

Ойнинг нигоҳида алам кўраман, 

Аччиқ изтиробдан қизармиш қуёш!


Ҳа, Ҳаазрат, бу миллат барибир буюк, 

Ахир, не зотларни етиштирмишдир,

Бир одамга шунча оғирлигу юк, 

Ё Аллоҳ, ўзи бир илҳом бермишдир!


Мен билмоқ нима ҳам сўз дердим сизга, 

Бир кўлмак бўлолман, уммон қаршида, 

Бизку суймасликка чорамиз йўқдир, 

Зеро, Аллоҳ суйсин буюк Аршида!


Мен не ҳам дердимки, Устоз, бу кеча, 

Фаришталар қанот ёзиблар келмиш,

Балиқлардан тортиб, гулларга қадар, 

Олимлар ҳақкига дуолар қилмиш!


Устоз, мен тақдирга отмагум тошлар, 

Нечун, нима учун демасман зинҳор,

Оқар бўлса бордир кўзимда ёшлар, 

У ҳам муҳаббатим борига изҳор!


Мен бу гўзал юртни қаттиқ суяман,

Ҳа, севгим сабаби бисёр жуда ҳам,

Олимлар туғади, асрма-аср,

Дардлар улашару, ортидан малҳам!


Негадир ишонгим келади бугун,

Сиз ул ён томонга сафар қилган чоғ,

Юртимнинг қайси бир тинч гўшасида, 

Туғилган бўлса не олим чақалоқ !


Ахир, айтишарку, Имоми Аъзам 

Кетган санасида, мўъжиза бўлиб,

Дунёга келгандир Имом Шофеъий,

Илоҳий илмга булоқдек тўлиб!


Дингадир тўкилган жами ҳасратим,

Кўнглим ҳам ненидир кутади жимдир,

Шундай бир ниятим, «кетди Ҳазратим»,

Ўрнингизни ёпсин дейманда кимдир!


Ҳа, Аллоҳ буюк Зот, буюк чевардир, 

Дуоларим холис, қасам ўзига,

Авомнинг ҳолини ўнгламоқ учун,

Олимлар керакдир, замин юзига!


Кўп улуғ зотларга тўлмиш бу тупроқ,

Устида энди йуқ яна бир Олим,

Қишнинг аёзида узилган япроқ,

Купроқ тушунгайдир, эзилган ҳолим!


Ҳазратим! Мен сизни кўп хам мақтамам, 

Аллоҳ улуғласин дейман у ёқда,

Фақат инсонлигим тутиб қолади, 

Жимм йиғлаб қуяман аччиқ фироқда!


Дунёнинг беш куни ўтарда бир кун, 

Чалингай шубҳасиз Сурнинг овози,

Дийдор энди аниқ маҳшарга қолди,

Биздан рози бўлсинг, биз сиздан рози!

Хайрулла Ҳамидов


Улкан тоғ қулади – осмон қулади

Ҳидоят томини кўтариб турғон

Чўнг аркон қулади – айвон қулади.

Йўқ, аркон демангиз, демангиз айвон,

Улкан тоғ қулади – осмон қулади.


Наҳотки, Аллоҳим нафас уфурғон

Муаззам паймона бир кун тўлади?!

Наҳотки, жон қадар ифорли райҳон

Бир оддий хас каби бу кун сўлади?!


Наҳотки, «ҳилол ой» – буким ярим ой 

«Тўлин ой» бўлади, тўлиб қолади?!

Қаро тун бағрига бахш этиб зиё

Сўнг замин ортига ўзни олади?


Бугун аҳли мўмин йиғлайди юм-юм,

Шамоллар дарбадар бўлиб елади.

Бўғизда «харсангтош» – ютолмас халқум,

Наҳот, «тош» шунчалар қаттиқ бўлади?!


Асрлар қаъридан келар бир нидо:

«Бундай зот минг йилда бир бор келади.

Ёзуқда борини айлагач бажо,

Боқийликка томон риҳлат қилади».


Ҳидоят томини кўтариб турғон 

Чўнг аркон қулади – айвон қулади.

Йўқ, аркон демангиз, демангиз айвон,

Улкан тоғ қулади – осмон қулади.


Исроил Субҳоний




Устоз, қалблар Сизни қўмсайди

Бугун қалбим чунон ўртайди,

Кўзлар ҳануз Сизни излайди.

Бу ҳижронга малҳам тополмай,

Устоз, қалблар Сизни қўмсайди.


Тақдир экан, не чорамиз бор?

Қалблар тўла фарёдимиз бор.

Сизга айтсам, азиз устозим,

Олам тўла армонимиз бор.


Ҳеч бир куним Сизсиз ўтмасди,

Ёзганлариз қўлдан тушмасди.

Қаён кетди йўлчи юлдузим,

Хаёлимда сира сўнмасди.


Суйсам ҳамки боролмас эдим,

Вақтиз оз деб, йўқлолмас эдим.

Армон қучиб бу бечорангиз,

Бир тушимда кўрсайдим дедим.


Эй Аллоҳим, гуноҳга йўйма,

Мен қулингни итобга тутма.

Қандоқ қилай, ҳижрон ўртайди,

Энди юртни олимсиз қўйма.


Ё Раб, ани раҳмат айлагин,

Қабрин Беҳишт, Жаннат айлагин.

Пешқадамлар, сиддиқлар билан,

Қиёматда хандон айлагин.


Фарзандимга номиз қўюрман.

Энди Сизни ҳеч ҳам унутмам,

Зора, болам Сиздай бўлса-ю,

Шояд, ундан Сизни тополсам.


Насимжон




Қадрига етмадик, Сарбон — бир инсон

Совуқнинг сасидан сесканди юрак,

Қалблар чок-чокидан сўкилиб кетди.

Динин боши узра тутгувчи тиргак,

Устуни бу кунда йиқилиб кетди.


Бўғизда сўзимиз, босиб ҳаяжон,

Тиқилиб чиқолмас фарёдлар унсиз.

Эгасига тутиб омонати жон,

Ортидан қолдилар томи устунсиз.


Булоқлар кўз очиб тўхтамай оқса,

Ёмғирдан шалаббо бўлди дилларим.

Наҳот ўтмиш бўлиб бизларга боқса,

Бугундан яхшийди ўтган кунларим.


Паришон хаёллар изғийди ҳар ён,

Изғийди эгасиз қолган сурувдай.

Қадрига етмадик, Сарбон – бир инсон,

Ортида қолдик-ку, кетдилар сувдай.


Чироқлар ёнмоқда, кунлар ўтмоқда,

Қуёш ҳам манзилга қўяди бошин.

Ё Раб! Мижжаларда қонлар оқмоқда,

Қайга яширсинлар кўздаги ёшин!


Осмондан тушақол, раҳмат ёмғири!

Сепилган уруғлар қаддини тутсин.

Куч тўплаб, тик турсин ҳар бир болдири,

Оғир юк залворин муносиб тутсин.


Қанча оғир юкни кўтарган устун,

Кўрмаган инсонга мисоли эртак.

Ёмғирдан қониб ич, навниҳол дўстим,

Ажабмас, устундек етишса куртак.


Акбаржон Абдулмажид




Қадрингизга етмадик-а, қадрингизга!

Сизни уммат қайғулари эзиб қўйди,

Қалбингизнинг ҳаловатин бузиб қўйди,

Юрагингиз томирларин узиб қўйди,

Бугун қўйиб келдик, мана, қабрингизга,

Қадрингизга етмадик-а, қадрингизга.


Сув қадрини сувсиз қолган билар экан,

Нур қадрини кўзсиз қолган билар экан,

Бу гуноҳни қандай ювиб бўлар экан?

Бизлар шерик бўлолмадик дардингизга,

Қадрингизга етмадик-а, қадрингизга.


Уммат учун қанча хизмат қилмадингиз?!

На ҳаловат ва на роҳат билмадингиз,

Сизга ўхшаб бир оз ҳиммат қилмадик биз,

Қойил бўлиб юрдик тоғдек сабрингизга,

Қадрингизга етмадик-а, қадрингизга.


Майда-чуйда саволларни бериб-бериб,

Вақтингизни ўғирладик билиб туриб,

Ўзимиз ҳам бир қўймадик китоб кўриб,

Билиб-билмай озор бердик қалбингизга,

Қадрингизга етмадик-а, қадрингизга.


Сиз кетдингиз ортингиздан олам йиғлар,

Отам, онам, менга ҳамдард болам йиғлар,

Дардлар тўла юрак- бағрим алам тиғлар,

Зорман энди сиздан қолган гардингизга,

Қадрингизга етмадик-а, қадрингизга.


 Алоуддин Неъматов




Шайхул-ислом Мухаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратларини хотирлаб...



Юраклар тўлди, эй воҳ, бениҳоя дарду ҳасратдан,

Суяклар зирқирар, тан ўртанар ўтли мусибатдан,

Асар ҳам қолмади бу жисму жон ичра ҳаловатдан,

Ақл ҳам тонди ўздан, кўз тинар даҳшатли зулматдан,

Бутун бир бошли «уммат» кетди бу бечора Умматдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Фиғонким, Уммати Ислом бу кун қадди дуто бўлди,

Мунаввар эрди миллат осмони, зим-зиё бўлди,

Кўнгиллар нурланиб турган эди, бирдан қаро бўлди, 

Юраклар бу мусибатдан адо бўлди, адо бўлди,

Қабулият берилмиш эрди сизга Арши иззатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Яратмиш сизни Ҳақ дин, маърифат, ихлос боғида,

Униб-ўсмиш вужудингиз фидоийлик қучоғида,

Суғормиш сизни соф илму муҳаббат бошбулоғида,

Қилибдир тарбия минг турли меҳнатлар ўчоғида,

Азал дасти олибдир сизни олий зубда тийнатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Илм-тақво шиорин асли қилмиш сизга Ҳақ илҳом,

Мислсиз жидду жаҳду қувват этмиш доимо инъом,

Ўшал онлардаёқ сизга қўйилмиш «мужтаҳид» деб ном,

Кириб мастона ирфон дайрига қўлда синиқ бир жом,

Само Соқийси мўл-мўл май қуярди сизга ҳимматдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Экилган дон униб, соя солар улкан чинор бўлди,

Вужудингиз улусга бир ҳидоятчи минор бўлди,

Валекин қалбингиз минг хил машаққатга дучор бўлди,

Сабр қилганди душманга, бироқ, чин дўстга зор бўлди,

Уҳудларни кўтарган сарв қад синди хиёнатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Ажабким, сиз эдингиз доимо Ҳақдан иноятда,

На қилсангиз, на бўлсангиз, илоҳий лутфу ҳикматда,

Набийга ворис эрдингиз билим, тақвою даъватда,

Яна меросхўр ўлдингиз азият, сабру ҳижратда,

Ҳаким бир сизни танлаб эрди милёнларча миллатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Илм карвони дунё бўйлаб энди йўлга отланди,

Кезиб юртлар, йиғиб дурлар, яна меҳнатда тобланди,

Бухорий, Термизийлардан омонатлар-да юкланди,

Бу карвонга Худо сарбон эди, ҳар ёни қутланди,

Ватанда қурдингиз «Ирфон Мадина» ушбу ғурбатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Кириб жонларга оро, бўлдингиз Юрт дардига малҳам,

Бўлиб сиз йўлчи юлдуз, қиблага юзланди диллар ҳам,

Ўчибдир ихтилофлар, кийну даъволар топиб барҳам,

Қалам бирла кўнгиллар мулкини фатҳ этдингиз шаҳдам,

Сизи бир лаҳза маҳрум қилмади Ҳақ фатҳу нусратдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Солибсиз маърифат қўшнини, қўлда нурли туғролар,

Юриб олға, оёқ остида қолди фитна-ғавғолар,

Олиб гарданга миллат ташвишин қартайди аъзолар,

Қиё ҳам боқмадингиз, пойингизни ўпди дунёлар,

Ўзин хор туйди душман сизда кўрган  иззу қувватдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Салим қалбу ҳаниф дин сизга Иброҳиймдан ўтмиш,

Синов зиндонидан сўнг сизни Юрт Юсуф мисол кутмиш,

Юриб Мусо каби сиз, ортингиздан эл кечиб ўтмиш,

Муҳаммад Мустафо хулқи азиму сийратин тутмиш,

Кимики сизга душмандир, ҳасад ё жаҳлу иллатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Бу кун сиз кетдингиз, эл оҳидан йиртилди осмонлар,

Жигарлар бўлди хун, жонлар эзилди, ютдилар қонлар,

Етим қолган гўдакдек жовдираб бош урди ҳар ёнлар,

Илм фарёд чекар, дин йиғлади, тўлғонди иймонлар,

Харобдир дил, бўшабдир тўрилар файзу маҳобатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Нетайлик, нурли юз, шонли хиромингизни соғиндик,

Кўнгил торини чертар нутқи томингизни соғиндик,

Каломуллоҳга йўғрилган каломингизни соғиндик,

Дуойингиз, нигоҳингиз, мақомингизни соғиндик,

Сўзингиз пок, кўзингиз пок, ўзингиз тоза фитратдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Шаҳид бир жон тикар, юз бор тикибсиз сиз азиз жонни,

Эдингиз Ҳаққа ходим, сарф этиб бор барча имконни,

Шунингчун туйди жонлар хизматингизда шараф-шонни,

Соларди зуҳду истиғнойингиз эсга Сулаймонни,

Умид улким, Набийга қўшни бўлдингиз ҳақиқатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Тугатмоқ васфингизни сўз билан мумкин эмас албат,

Берибдир сизга Ҳақ исму сифотидан улуш беҳад,

Карам, басту, ғиною, адлу, нафъу, мағфират, раҳмат,

Матонат, илму, ҳикмат, фатҳу, қаҳру, иззату, қудрат,

Жалолу, рушду, бирру, вуд, жамолу, нур, ҳидоятдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Сўрар Ҳақ умрингиздан, айтинг, ўтди Сенга тоат-ла,

Сўрар тан-жисмингиздан, денг, ибодат, илму захмат-ла,

Сўралса илмингиздан, чин амал, ихлос, саховат-ла,

Сўралса молингиздан, мутлақ инфоқ-ла, қаноат-ла,

Ҳар иш, ҳар сўз келарди сизда холислик – насиҳатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Илоҳий, айла сиддиқлик мақомин туҳфа Ҳазратга,

Фидо қилмиш эди бор-йўғини Қуръону Суннатга,

Яна бер шундайин сиддиқ ва содиқларни миллатга, 

Муҳаммад Содиқ исми, чун эди Содиқ Муҳаммадга,

Назар солгангга жонли мадраса эрди у сийратдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.


Етимлик солмаб эрди дилни бунча ўтли фурқатга,

Ҳусайно, муршидингнинг суннати – сабр эт мусибатга,

«Худонинг дўстига йўқ хавфу, тушмас ҳузну кулфатга»,

Жасадда бўйи жаннат, келди тушлар ҳам башоратга,

Илоҳий, қил насиб кўрмоқни ул сиймони жаннатдан,

Муҳаммад Уммати бўлди жудо Ҳазрат Муҳаммаддан.




1.    Дуто – эгик. 

2.    Қабулият – кишининг ўзи ҳам, ҳар бир сўз-амали ҳам элга мақбул, манзур бўлиши. Ҳадиси шарифда келадики, Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, уни осмон фаришталарига эълон қилади, уларга уни яхши кўришни буюради. Улар мазкур бандани яхши кўришади. Кейин улар ер юзига тушиб, ер юзи аҳлига ўша инсонни яхши кўришни илҳом қилишади. Шунда уни ер юзидагилар ҳам ўз-ўзидан яхши кўриб қолишади. Натижада унинг ўзи ҳам, ҳар бир сўзи, ҳар бир иши ҳам кишиларга суюкли, манзур бўлиб қолади. Мана шу мақбуллик «қабулият» дейилади.

3.     Арши иззат – азизлик Арши, яъни Арши аъло. Арши Аълодан деганда Аллоҳ таолодан деган маъно тушунилади. 

4.    Зубда – қаймоқ, нарсанинг қаймоғи, энг сифатли қисми. 

5.    Кириб мастона ирфон дайрига қўлда синиқ бир жом, Само Соқийси мўл-мўл май қуярди сизга ҳимматдан. Байтнинг маъноси қуйидагича: «Сиз илму ирфон «майхонасига» маърифат таъмидан маст бўлган ҳолда синиқ жом – кўнгил билан, яъни синиқлик, тавозуъ ва хокисорлик билан кириб келдингиз. Сизнинг ҳимматингизни кўриб, Само Соқийси, яъни Аллоҳ таоло илму маърифатни қалбингизга сероб қилиб қуйиб берарди». 

6.    Уҳудларни кўтарган сарв қад синди хиёнатдан – Уҳудларни кўтарган, яъни тоғдек машаққатларни, ғам-ташвишларни кўтарган қоматингиз хиёнат сабабидан синиб қолди. Маълумки, саодат асридаги мағлубиятли жанг Уҳуд ғазоти бўлган. Ўша жангда мусулмонлар хиёнат эмас, адашмовчиликка йўл қўйишган эди. Бу ерда шу маънога ҳам ишора бор. Яъни адашмовчиликлардан келган Уҳуд тоғларидек улкан азоб-уқубатларни кўтарган эдингизу, хиёнат сизни букиб қўйди. 

7.    Илм карвони – Ҳазрат назарда тутилган. 

8.    Бу карвонга Худо сарбон эди, ҳар ёни қутланди – яъни сизнинг йўлбошчингиз Аллоҳ таолонинг Ўзи эди. Шунинг учун қалбингизга беҳисоб маънавий бойлик ва озуқани жамғариб қўйди, ҳар тарафингизга барака берди. 

9.    Ватанда қурдингиз «Ирфон Мадина» ушбу ғурбатдан. Ғурбат – ғариблик, яъни ватандан жудолик. Айтилмоқчики, ўша ғурбат воситасида Ватанда маърифат шаҳрини барпо қилдингиз. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилиб, Мадинатур-Расул шаҳрини қурганларига ишора қилинмоқда. 

10.    Туғро – туғ, байроқ. 

11.    Салим қалбу ҳаниф дин сизга Иброҳиймдан ўтмиш – Иброҳим алайҳиссалом Қуръони Каримда «Салим қалб» ва «Ҳаниф дин», яъни Ислом дини соҳиби сифатида зикр қилинганлар. Бу ерда ўша хислатлар Ҳазратда мукаммал мужассам бўлганига ишора бор. 

12.    Синов зиндонидан сўнг сизни Юрт Юсуф мисол кутмиш – Юсуф алайҳиссалом синовлардан ўтиб, зиндонга ташланиб, минг қийинчиликлардан ўтгач, Мисрнинг раҳбари, энг улуғи бўлиб етишганлари, бутун мамлакатнинг ҳидоятига сабаб бўлганларига ишора қилинмоқда. 

13.    Юриб Мусо каби сиз, ортингиздан эл кечиб ўтмиш – Мусо алайҳиссалом ўзларига эргашганларни Фиръавндан қутқариб, денгиздан олиб ўтганлари, у кишига эргашганлар нажот топиб, бошқалар ғарқ бўлиб кетгани эсга олинмоқда. 

14.    Муҳаммад Мустафо хулқи азиму сийратин тутмиш – яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга ўзларининг гўзал ва азим хулқларидан ҳамда ўз ҳаёт йўлларидан насиба тортиқ қилгандек эдилар. 

15.    Шонли хиром – шону шавкатга тўла юриш, виқорли одимлаш. 

16.    Нутқи том – баркамол нутқ. 

17.    Зуҳду истиғно – кўнгил бойлиги ва нафс тўқлигидан дунёга рағбатсизлик, ўзни мутлақо беҳожат тутиш. Бу ерда Сулаймон алайҳиссаломнинг бойлик билан зоҳидликни жамлаганларига ишора қилинмоқда. 

18.    Карам – олийжаноблик. Баст – қўли очиқлик. Адл – одиллик. Нафъ – махлуқотга фойда келтириш. Мағфират – кечирмлилик. Раҳмат – меҳрибонлик. Матонат  –метинлик. Илм – олимлик, билимдонлик. Ҳикмат – ҳар ишни ўз ўрнига қўйиш. Фатҳ – қалбларни очиш. Қаҳр – ҳаммани таслим қилиб қўйиш. Иззат – азизлик, ғолиблик. Қудрат – қодирлик, забардастлик. Жалол – улуғворлик. Рушд – тўғри йўлга бошлаш. Бирр – яхшилик қилиш. Вуд – меҳрлилик, муҳаббатлилик. Жамол – ички ва ташқи гўзаллик. Нур – ёғду, ёруғлик. Ҳидоят – мулойимлик билан тўғри йўлга, яхшиликка бошлаш, еталаш. Ушбу бандда айтилмоқчики, Аллоҳ таоло сизни, ҳадиси шарифда айтилганидек, Ўз хулқлари билан хулқлантириб қўйган, сизга Ўзининг комиллик сифатларидан насиба берган эди. Энди қандай қилиб сизни сўз билан тўла таърифлаш мумкин? 

19.    Сўрар Ҳақ умрингиздан... Бу банд «Қиёмат куни банда тўрта нарсадан сўралмай туриб қадами қимирлатилмайди» деб айтилган машҳур ҳадисга ишора. 

20.    «Худонинг дўстига йўқ хавфу, тушмас ҳузну кулфатга» – Юнус сурасидаги «Агоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг валийларига хавф ҳам йўқ, улар маҳзун ҳам бўлмаслар» деган оятга ишора.

21.     Жасадда бўйи жаннат, келди тушлар ҳам башоратга. Шайх Ҳазратларининг вафотаридан сўнг таналаридан таралган хушбўйлик ҳамда у киши ҳақларида кўплаб солиҳ кишиларнинг бир хил маънода, яъни юксак мақомларга эришганларини билдирувчи тушлар кўрганлари Ҳазратимизнинг ҳақиқий валий зот бўлганларидан башоратдир.


09. 05. 1436./10. 03. 2015.

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид



УСТОЗИ КУЛЛ, ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲ ҲАЗРАТЛАРИГА МАРСИЯ



Жигарлар бўлди хун, кўз қонга тўлди дарду хасратдан

Кўнгиллар пора-пора, дил уйи вайрона ғурбатдан

Букилди қад, эгилди бош, вужуд ҳам тонди қувватдан

Кийиб мотам тўнин беҳуш турар олам мусибатдан

Нечукким, айрилибдир ушбу кун ул Шайх Ҳазратдан.


Азизим, Ҳазратим, Сиз бирла тик бўлганди эл боши.

Севарди сизни бирдек эр-аёлу қарию ёши,

Фироқингизда бу кун синди миллат сабру бардоши,

Билолмам, тобакай йиғлайди эл, тингай қачон ёши,

Тузалмас то абад диллар бугун етган жароҳатдан.


Азалда Ҳақ иноят суви бирлан қорди лойингиз,

Илм бўстони бўлмиш унган, улғайганки жойингиз,

Илм йўлида толмай, ҳақда собит бўлди пойингиз,

Бутун миллат ғамида ўтди ҳар кун, ҳафта, ойингиз,

Чекинмай бир қадам, бир дам, ўтиб минг тур машаққатдан.


Ишингиз кеча-кундуз бўлди тутмоқлик қалам-қоғоз,

Уқиб дунёю динни, қўш қанот-ла қилдингиз парвоз,

Ниҳоят билди уммат Сизни бешак энг улуғ устоз,

Ҳама илм аҳли узра тож мисоли бўлдингиз мумтоз,

Билимли бўлди халқим Сиз сабаб Қуръону Суннатдан.


Ҳама умр ичра ўтдингиз илм-тақво шиор айлаб,

Ювиб қўл дунядан ҳам жоҳу мансаблардан ор айлаб,

Ҳасад, буғзу адоват аҳлин ўз ўтида хор айлаб,

Пойингиз ўпти дунё, боқмадингиз хор-зор айлаб,

Куйиб кул бўлди шайтон зумраси бу шону шавкатдан.


Мунаввар бўлди дунё порлаган чоғи «Ҳилол»ингиз.

Ҳадислар жонланиб, шу кўйи юрганда мақолингиз.

Кифоя бўлди фиқҳ, ошкора бўлгач илми қолингиз.

Яна покланди руҳлар, зоҳир ўлгач элга ҳолингиз.

Нурафшон бўлди ҳар ён, чиқди уммат зулму зулматдан.


Муҳаммадга ажаб содиқ Муҳаммад Содиқ эрдингиз,

Муҳаммад динида ҳозиқ Муҳаммад Содиқ эрдингиз,

Муҳаммад илмида собиқ Муҳаммад Содиқ эрдингиз,

Муҳаммад сўзига нотиқ Муҳаммад Содиқ эрдингиз,

Бўлиб мерос исму жисмингиз Ҳазрат Муҳаммаддан.


Агар васфингиз айтсам, ҳеч туганмас, бўлгуси достон,

Қуёшни мақтамоқ не, Ойга не ҳожатки шаъну шон?

Десам бир сўзла – бешак, хулқингиздир Суннату Қуръон,

Камолот васфи бори сизда жамланмишди беармон.

Тополмай сўз тилим лол-у, қалам ожиз китобатдан.


Ҳаётингиз Расулнинг сийратидан нусха олмишдир,

Вафотингиз ҳам ул зотнинг вафотин эсга солмишдир,

Ажаб эрмас, Набий Сизни бугун ёнига олмишдир,

Башоратлар бўлиб бу борада, шаклар йўқолмишдир,

Ҳаётингиз, мамотингиз-да чиқмай роҳи суннатдан.


Илоҳий, Ҳазрат Устозимни Ўз васлинга маҳрам қил,

Набийлар, сиддиқ-у аброр-у, солиҳларга ҳамдам қил,

Бу фонийда не заҳмат тортган эрса, унда малҳам қил,

Ҳама шогирду мўминларни ҳақ йўлингда бардам қил,

Ўзинг ёр ўл, Ўзинг қўлла, Ўзинг бер олий ҳимматдан.


Азизлар, гар мусибат беҳад оғир бўлди, сабр айланг,

Эгамнинг хоҳишидир, йўқ ризодан ўзга иш, англанг.

Насибанг бор экан, шукр эт, Ҳасан, кўнглингни қилмай танг.

Деди чун пири тарих айрилиқ етганда ҳангу манг:

«Биров «огаҳ», биров ғафлатда қолмиш Шайх Ҳазратдан».



Изоҳ: «Ҳазратдан» сўзи абжад ҳисоби бўйича 1462 га, «Огаҳ» сўзи эса 26 га тенг. «Ҳазратдан» сўзидан «огаҳ»ни исқот қилинса, яъни 1462 дан 26 олтини айирса, 1436 чиқади. Бу ҳижрий ҳисобда шайх ҳазратлари раҳматуллоҳи алайҳнинг вафот йилларидир.

Аллоҳим! Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини Ўз раҳматингга ол! Динингга қилган хизматларини ва барча эзгу амалларини ўзларига ҳамроҳ қил, ажру савобларини кўпайтириб бер! У киши ёққан нурафшон машъалани то қиёматга қадар сўндирма! У кишининг издошлари ичидан ишларини давом эттирадиганларни чиқар, уларни ҳам Ўзинг қўлла! Ҳаммаларимизга мусибатимизда сабру салвон ато эт ва хайри халаф бер! Расулингнинг меросхўри бўлган бир олим банданг билан бу дунёда бирга бўлиш бахтини насиб этдинг, охиратда ҳам жаннатингда бизни бирга қил! Сўнгги дуоимиз –Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин!


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

25.03.2015



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан кейин:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат сермаҳсул ижод қилиб, кишиларни тўғри йўлга бошлади, балки барча илм аҳлини, ҳамма мусулмонларни тўғри йўлга йўллаб, унда ўзи намуна кўрсатиб, ана шу соф исломий ҳидоятда бир қанча шогирдлар ҳам қолдирди ҳамда илмий ижодкорлик, китоб нашри, халқаро тармоқларда диний таълим-тарбия ишларини олиб бориш каби бир мунча хайрли фаолиятларни ҳам изга солиб кетди.

Аллоҳ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Ўзининг ҳузуридаги энг олий мақомларга етказсин!


Биринчиси нафлларга қаттиқ киришиб, хотин ва болаларни, қўшнилар ҳаққига бепарво бўлиш. Бир вақтлар юртимизда сўфийликни даъво қилиб баъзи кишилар чиққан эдилар. Пирнинг ҳузурида уч маҳал қозон қайнагани давоми...


5 кун аввал 82

Барча мусулмонлар оммаси ўтганларга атаб, жумладан, қабристонда Қуръон тиловат қилишга одатланганлар. Турли мазҳабларнинг уламолари бу ишга ўз фатволарини давоми...


1 ой аввал 601
Бўлим: Ибодат

Энди намозда сутра масаласига оид матнларни ўрганамиз. Кичик масжидда намозхоннинг олдидан ўтиш ила гуноҳкор бўлинади. Бу ҳукмга қуйидаги ҳадиси шариф далилдир: давоми...


4 ой аввал 869

 هِيَ ثَلَاثٌ: فَحَلِفُهُ عَلَى فِعْلٍ أَوْ تَرْكٍ مَاضٍ، كَاذِبًا عَمْدًا، غَمُوسٌ، يَأْثَمُ بِهِ. وَظَانًّا أَنَّهُ حَقٌّ، وَهُوَ ضِدُّهُ لَغْوٌ، يُرْجَى عَفْوُهُ. وَعَلَى آتٍ давоми...


4 ой аввал 789

Агар совчи қўйилган аёл ёки унинг валийси томонидан мазкур совчиликка розилик жавоби берилса, унаштирилган бўлади.Унаштириш икки томондан оила қуриш учун берилган ваъдадир. Бу нарса ҳам уйланиш, давоми...


6 ой аввал 1041

Исломда инсоннинг фақат руҳига эмас, балки жисмига ҳам ўзига яраша алоҳида аҳамият берилган. Инсон жисмига бе-рилган бу аҳамиятни Ислом унга ўз ҳаётини сақлаш ва ўзидан ҳалокатни даф қилиш учун зарур давоми...


6 ой аввал 496

Никоҳни эълон қилиш ва бошқа бир неча хайрли мақсадларда тўй қилиш шариатда тавсия қилинган амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида, ўша вақтнинг давоми...


6 ой аввал 612
Бўлим: Ибодат

Бу масала ҳам кўплаб тортишувларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Авваллари ҳамма ҳанафий мазҳабига амал қилар ва ҳеч ким намозда уни бошлаш пайтидаги такбири таҳримадан бошқа ўринларда икки қўлини давоми...


6 ой аввал 698

  هِيَ عَقْدُ الزَّرْعِ بِبَعْضِ الْخَارِجِ. وَلَا تَصِحُّ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ رَحِمَهُ اللهُوَصَحَّتْ عِنْدَهُمَا، وَبِهِ يُفْتَى، بِشَرْطِ صَلَاحِيَّةِ الْأَرْضِ لِلزَّرْعِ، давоми...


6 ой аввал 720

وَلَا تَصِحُّ لِلْعِبَادَاتِ: كَالْأَذَانِ وَالْإِمَامَةِ وَتَعْلِيمِ الْقُرْآنِ. وَيُفْتَى الْيَوْمَ بِصِحَّتِهَا  Азон айтиш, имомгарчилик қилиш ва Қуръон таълими давоми...


6 ой аввал 688