Турмушда баъзи нарсаларни фақат яхшиликка истеъмол қилинади. Баъзи бир нарсаларни эса жоиз томонга ҳам ножоиз томонга ҳам истеъмол қилиш мумкин.
Жоизга ҳам, ножоизга ҳам истеъмол қилинадиган нарсалар савдоси билан шуғулланиш масаласи ҳукмини билиб олишимиз керак.
Қоида: Жоизга ҳам, ножоизга ҳам истеъмол қилинадиган нарсаларнинг савдоси жоиздир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга ипакдан бўлган ҳулла (бир сидра кийим) юбордилар. Кейин Умар розияллоҳу анҳунинг эгнида кўриб қолиб : “Мен уни сенга кийишинг учун юбормадим.Уни охиратда насибаси йўқлар кияди. Сен ундан фойдаланасанмикан деб юборгандим”. (Яъни сотиб фойда кўриш)
Ипак кийим кийиш эркаклар учун ҳаром, аёллар учун ҳалол саналади. Юқоридаги ҳадисдан маълум бўладики, эркакларга ҳаром бўлган аёлларга эса ҳалол бўлган нарсанинг савдоси ҳалолдир. Бошқа шунга ўхшаш нарсаларнинг ҳам ҳукми шундай.
Ҳозирги кунимизда теле-видео, компютер, телефон каби жоиз томонга ҳам ножоиз томонга ҳам ишлатса бўладиган маҳсулотларнинг савдоси жоиздир. Лекин, баъзи ўринларда уларни фақат ёмонликка ишлатилиши аниқ бўлса, уларга сотиш макруҳдир. Бунга мисол қилиб, узумни сиқилган сувини ундан вино тайёрловчига сотиш макруҳи таҳримий бўлгани кабидир.