Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.
Аммо баъд:
Ислом фиқҳи академияси (10.4.1402ҳ./4.2.1982.м.) санада пайшанба куни эрталаб ўтказилган учинчи кенгашида Бруксал анжуманининг (1400 ҳ./1980 м.) йилги қарори ва Саудия Арабистони мамлакатининг кибор уламолар ҳайъатининг йилнинг қайсидир вақт оралиғида тун жудаям қисқа, бошқа вақт оралиғида эса кундуз жудаям қисқа бўладиган ўлкалар ёки қуёш олти ой чиқиб олти ой чиқмайдиган шаҳарларда рўза ва намоз вақтлари тўғрисидаги (21.4.1398.ҳ.) йилги 16 сонли қарори билан танишиб чиқди. Олдинги ва ҳозирги уламоларнинг мавзуга оид ёзган масалалари ўрганиб чиқилгандан сўнг қуйидагиларни қарор қилди:
Қутбга яқин ҳудудлар уч қисмга бўлинади:
1. Тун ёки кундуз йигирма тўрт соат ёки йил ичида фасллар ҳар хил келишига қараб ундан ҳам кўпроқ давом этадиган ўлкалар. Бу ҳолатда ўша ўлкаларда намоз, рўза ва бошқа нарсаларнинг вақтлари ўзига яқинроқ йигирма тўрт соат ичида кеча ва кундуз бир-биридан фарқли келадиган шаҳарларга қараб белгиланади.
2. Қуёш ботишидаги шафақ то тонг отгунча йўқ бўлмай тураверадиган ўлкалар. Шунинг учун у ерларда қуёш чиқишидаги шафақни ботишидаги шафақдан ажратиб бўлмайди. Ушбу ўлкаларда хуфтон вақтининг чиқиши, рўзада оғизни ёпиш вақти ва бомдод намози вақтининг кириши икки шафақ бир-биридан фарқланадиган вақт оралиғининг охирига қараб белгиланади.
3. Йигирма тўрт соат мобайнида кеча ва кундуз билинадиган ва вақтлар фарқланадиган, лекин кеча йилнинг қайсидир вақт оралиғида жудаям узун ва бошқа вақт оралиғида эса жудаям қисқа бўладиган ўлкалар. Кеча кундуздан тонг отиши ва қуёш ботиши билан фарқланадиган, лекин кундузи ёзда жудаям узун ва қишда қисқа бўладиган ерларда яшовчи кишиларга беш вақт намозларни шариат бўйича билинган вақтларда ўқишлари вожиб бўлади.
Далиллар:
Аллоҳ таоло айтади:
“Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. “Фажр Қуръони”ни ҳам. Албатта, “фажр Қуръони” гувоҳлантирилгандир” (Исро сураси, 78-оят).
(Уламоларимиз, бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар.
Қуёш қиёмдан оғиши билан Пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Шом ва тун қоронғусида Хуфтон вақти бўлади. «Фажр Қуръони», Бомдоддир.)
Аллоҳ таоло Қуръоннинг “Нисо” сурасида шундай марҳамат қилади:
“Намозни адо этганингиздан сўнг Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эсланг. Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир”. (Нисо сураси, 103-оят).
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши у зотдан намоз вақти ҳақида сўраганида, унга:
“Биз билан бирга бу иккисида намоз ўқи”, дедилар (Яъни, икки кунни қасд қилдилар). Қуёш оғганидан сўнг Билолга буюриб, азон айттирдилар. Сўнгра унга амр қилиб, пешинни адо этдилар. Сўнгра унга (азон айтишни) амр қилиб, асрни адо қилдилар. Қуёш тиниқ оппоқ бўлиб кўтарилиб турарди. Сўнгра унга (азон айтишни) буюриб, қуёш ботган пайтда шомни адо қилдилар. Сўнгра унга (азон айтишни) амр қилиб, шафақ ғоиб бўлган пайтда хуфтонни ўқидилар. Сўнгра унга (азон айтишни) буюриб, тонг отган пайтда бомдодни ўқидилар. Иккинчи кун бўлгач, унга буюриб, пешинни совутдилар. Уни совутдилар ва уни совутишни ҳам ўрнига қўйдилар. Қуёшнинг охири олдин бўлганидан юқорида кўтарилиб турган ҳолатда асрни ўқидилар. Шафақ ғоиб бўлишидан олдин шомни ўқидилар. Кечанинг учдан бир қисми кетганидан сўнг хуфтонни ўқидилар. Сўнгра бомдодни ўқидилар ва уни ёриштирдилар. Сўнгра:
“Намоз вақти ҳақида сўраган қаерда?” дедилар. Ҳалиги киши: “Мен эй Аллоҳнинг Расули”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Намозингизнинг вақти кўрганларингиз орасида”, дедилар”.
Муслим ривояти.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайғи васаллам:
“Пешиннинг вақти қуёш оғган пайтда ва агар аср ҳозир бўлиб қолмаса кишининг сояси ўзининг узунлиги баробари қадар бўлгунча. Асрнинг вақти қуёш сарғайиб кетмагунча. Шом намозининг вақти шафақ ғоиб бўлмагунча. Хуфтон намозининг вақти кечанинг тенг ярмигача. Субҳ намозининг вақти тонг отганидан қуёш чиқмагунча. Агар қуёш чиқса намоздан тийил. Чунки, у шайтоннинг икки шохи ўртасидан чиқади”, дедилар”.
Муслим “Саҳиҳ”ида чиқарган.
Бундан бошқа беш вақт намозларининг вақтларини белгилаш тўғрисида келган қавлий ва феълий ҳадислар ҳам мавжуд. Уларда агар намоз вақтлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб берган белгилар билан фарқланадиган бўлса, кундузнинг узунлиги ва қисқалиги ҳамда кечанниг узунлиги ва қисқалиги оралари ажратилмаган. Бу уларнинг намозларининг вақтларини белгилашга нисбатан айтилган гаплардир.
Энди улар Рамазон ойи рўзасини тутишларидаги вақтларини белгилашга келсак, агар кундуз шаҳарларида кечадан фарқланадиган ва иккиси қўшилганида йигирма тўрт соат бўлса, мукаллафга Рамазон ойининг ҳар кундузида емоқ-ичмоқдан ва рўзани очувчи бошқа амаллардан тийилмоғи лозим бўлади. Улар учун емоқ-ичмоқ, жимоъ – жинсий яқинлик ва шу каби амаллар гарчи қисқа бўлса ҳам фақат кечалари ҳалол бўлади.
Чунки, Ислом шариати ҳамма шаҳарларда инсонлар учун бир хилдир. Аллоҳ таоло айтади:
“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг”. (Бақара сураси, 6- оят).
Ким кундузини узунлигидан рўзани охирига етказишдан, белгиларни билишдан, тажриба қилишдан, ишончли ҳозиқ табибнинг хабаридан ожиз бўлса ёки гумонича рўза унинг қаттиқ касал бўлишига ёки касаллигини зиёдалашувига ёки тузалишини сусайишига олиб келиши ғолиб бўлса, рўзани очади. Рўза тутмаган кунларини тутишга қодир бўлган қайси кунда бўлса ҳам тутиб беради.
Аллоҳ таоло айтади:
“Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади”. (Бақара сураси, 185-оят).
“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас”. (Бақара сураси, 286-оят).
“Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).
Аллоҳ тавфиқ эгасидир... Аллоҳ халқининг энг яхшиси саййидимиз Муҳаммадга, у зотнинг оилалари ва саҳобаларига саловату ва саломлар бўлсин!
Раис: Абдуллоҳ ибн Ҳумайд.
Раис ўринбосари: Муҳаммад Алий Ҳаркон.
Аъзолар:
1. Абдулазиз ибн Боз,
2. Муҳаммад ибн Солим ибн Абдулвадуд,
3. Мустафо Зарқо,
4. Муҳаммад Рашидий,
5. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Сабийл,
6. Ҳусайн Махлуф (қатнашмади),
7. Муҳаммад Рашид Қаббоний,
8. Солиҳ бин Усаймин,
9. Абдулмуҳсин Аббод,
10. Ливоҳ Маҳмуд Шийс Хаттоб (қатнашмади),
11. Муҳаммад Шозилий Найфар,
12. Маҳмуд Совваф,
13. Абдулқуддус Ҳошимий (мажлисда озроқ қатнашиб, кейин узрини айтди),
14. Мабрук Авводий (қатнашмади),
15. Абулҳасан Надавий (узрини айтди).
Таржимон: Абдулҳодий
Муҳаррир: Аброр Мухтор Алий.
Мулоҳаза: Ушбу масала одамлар орасида, хусусан, рамзон яқинлашганда жуда кўп сўраладиган масалалардан бири ҳисобланади. Ислом фиқҳи академиясининг ушбу қарори мазкур саволларга узил – кесил ва қониқтирувчи жавобдир. Шу билан бирга шаръий далиллар ҳам етарли даражада баён қилинган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ