Нифос деб:
النِّفَاسُ مَأْخُوذٌ مِنْ تَنَفَّسَ الرَّحِمُ بِالْوَلَدِ أَوْ مِنْ خُرُوجِ النَّفْسِ بِمَعْنَى الْوَلَدِ أَوْ بِمَعْنَى الدَّمِ
Бачадон бола тушишгани боис нафас олишига ёки нафс (бола ёки қон)ни чиқишига айтилади.
Шариат истилоҳида эса:
وَالنِّفَاسُ دَمٌ يَعْقُبُ الْوَلَدَ
“Нифос бу боланинг ортидан келадиган қондир”
Нифосда одати бор аёлнинг ҳукми
Агар қон аввалги фарзанд кўргандаги одатига мувофиқ келса, одати боқий қолди, деб ҳукм қилинади. Агар одатига хилоф равишда қон келса, бунинг икки сурати бўлади:
1. Қон 40 кундан ошиб кетади; бунда одатий кунлари нифос бўлиб, зиёдаси истиҳоза бўлади. Масалан: нифосдаги одати 25 кун бўлган аёл 42 кун кўрса, 25 куни нифос, 17 куни истиҳоза бўлади.
2. Қон одатидан кам ёки кўпроқ келсада, 40 кундан ошмайди. Бунда кўрилган қоннинг барчаси нифос бўлиб, одати ўзгарганлигига ҳукм қилинади. Масалан: нифосдаги одати 25 кун бўлган аёл 30 кун қон кўрса, одати ўзгариб, 30 куннинг барчаси нифос ҳисобланади. Шунингдек, нифосдаги одати 25 кун бўлган аёл 20 кун қон кўргач тўхтаса, 20 куни ҳайз бўлиб, одати ўзгарганига ҳукм қилинади.
Ҳайз, нифосда одати бор аёлнинг қони тўхтагач намоз, рўза ва эрига яқинлик қилиш ҳукмлари
1. Ҳайздаги одати 10, нифосдаги одати 40 кун бўлган аёл 10 ва 40 кун ўтгач ғусл қилиб намозини бошлайди. Ўша вақтдаги намозини охирги вақтига қадар кечиктириши вожиб ҳам, мустаҳаб ҳам эмас.
2. 10 ва 40 кун тўлиқ бўлган вақтда қайси намоз тўғри келса ўша намознинг вақти чиқиб кетишлигига “Аллоҳа акбар” лафзини айтиб қолиш миқдорича вақт қолган бўлса, ўша намоз унинг зиммасига фарз бўлади ва қазосини ўқиши лозим бўлади.
3. Субҳи содиқ кирмасидан бироз олдин 10 ёки 40 кун тўлса, ўша куннинг рўзаси унинг зиммасига фарз бўлади.
4. Ҳайз, нифос 10 ва 40 кун тўлиқ бўлгач ғусл қилмасидан илгари эрига яқинлик қилса жоиз. Албатта, ғусл қилиб олиши афзал, лекин вожиб эмас.
5. 10 ва 40 кун тўлиқ бўлгандан кейин ҳайз ва нифоснинг тўхташи учун оқ суюқликнинг келиши шарт эмас.
Аёлнинг ҳайздаги одати 10 кундан ва нифосдаги одати 40 кундан оз бўлса ҳамда одат кунига мувофиқ ёки одатидан бошқа, лекин ҳайздаги 10 кун, нифосдаги 40 кундан озроғида қон тўхтаса
1. Тезда ғусл қилиб намоз ўқишга киришади. Намознинг мастаҳаб вақтига қадар кечиктириши мустаҳабдир, вожиб эмас.
2. Қон тўхтаган вақтда намоз вақти чиқиб кетишига ғусл қилиб “Аллоҳу акбар” лафзини айтиш миқдорича вақт қолган бўлса, зиммасига ўша вақтнинг намози фарз бўлади. агар ундан озроқ миқдор вақт қолган бўлса, ўша вақтнинг намози зиммасига фарз, қазоси лозим бўлмайди.
3. Агар субҳи содиқдан аввал ғусл қилиб “Аллоҳу акбар” лафзини айтиш миқдорича вақт қолган бўлса, ўша куннинг рўзасини тутади. Акс ҳолда рўза тутмайди.
4. Қонни тўхтагани билиш учун оқ суюқликнинг келиши зарурий эмас. мободо, 10 ва 40 кунлар ичида қон яна қайта келиб қолса, намоз ва рўзаларини тўхтатиб туради.
агар аёл киши муслима бўлмасдан, аҳли китоблардан бўлса, юқорида зикр қилингандек (одат кунига мувофиқ ёки одатидан бошқа, лекин ҳайздаги 10 кун, нифосдаги 40 кундан озроғида қон тўхтаса) мусулмон эрига ғусл қилмасдан илгари яқинлик қилиши жоиздир. Агар аёл муслима бўлса, бундай ҳолатда эрига яқинлик қилишнинг жоиз бўлиши учун 3 та ишдан бири топилиши зарур:
а) ғусл қилиши;
б) ғуслдан ожиз қолса таяммум шартларига мувофиқ таяммум қилиши.
в) бирор намоз зиммасига фарз бўлиши.
Кўпчилик намознинг зиммасига фарз бўлишини ғусл ва такбири таҳрима сиғадиган вақт ўтиши билан белгилайдилар. Аслида эса, аёл кишининг қони бирор намознинг охирги вақтидан ғусл ва фақат такбири таҳрима сиғадиган (ўша вақтдаги намознинг тўлиқ сиғадиган вақти қолган бўлиши шарт эмас) вақт қолган бўлса, ўша вақтнинг намози унинг зиммасига вожиб бўлади. Гарчи ғусл қилиб келиб, такбири увлони айтганидан кейиноқ намоз вақти чиқиб кетсада, зиммасига қазоси лозим бўлади. Агар намоз вақтининг охирида тўхтасаю, лекин намоз вақти чиқиб кетгунича, ғусл қилиб, такбирга қулоқ қоқишга улгурадиган вақт қолмаган бўлса, ўша намоз унинг зиммасига вожиб бўлмайди ва қазосини ўқиш ҳам зарур бўлмайди. Масалан: Пешин вақтидан ғусл ва такбири таҳрима сиғадиган вақт қолганда ҳайздан пок бўлинса, пешин намози унинг зиммасига фарз бўлади ва қазосини ўқиши лозимдир. Яқинлик ҳам ҳалол бўлади. Агар ўшанчалик вақт қолмаган бўлганда қон тўхтаса, пешин зиммасига вожиб бўлмайди. Асрнинг аввалида пок бўлди. Ғусл қилса, ғусл қилиши билан яқинлик ҳалол бўлади.
Агар ғус қилмаса, аср вақти чиқиб, шом вақти кирмагунича яқинлик ҳалол бўлмайди. Агар яқинлик қилса, ҳайз ҳолатида яқинлик қилганликка ҳукм қилинади. Чунки намознинг зиммага вожиб бўлишида охирги вақт эътиборга олинади. Шунинг учун бир аёл пешин вақти кирганидан кейин намозни адо қилмай охирги вақтда қон кўриб қолса, пешинннинг қазоси зиммасига лозим бўлмайди.
اعْلَمْ أَنَّهُ إذَا انْقَطَعَ دَمُ الْحَائِضِ لِأَقَلَّ مِنْ عَشْرَةٍ وَكَانَ لِتَمَامِ عَادَتِهَا فَإِنَّهُ لَا يَحِلُّ وَطْؤُهَا إلَّا بَعْدَ الِاغْتِسَالِ أَوْ التَّيَمُّمِ بِشَرْطِهِ كَمَا مَرَّ ؛ لِأَنَّهَا صَارَتْ طَاهِرَةً حَقِيقَةً أَوْ بَعْدَ أَنْ تَصِيرَ الصَّلَاةُ دَيْنًا فِي ذِمَّتِهَا ، وَذَلِكَ بِأَنْ يَنْقَطِعَ وَيَمْضِيَ عَلَيْهَا أَدْنَى وَقْتِ صَلَاةٍ مِنْ آخِرِهِ ، وَهُوَ قَدْرُ مَا يَسَعُ الْغُسْلَ وَاللُّبْسَ وَالتَّحْرِيمَةَ ، سَوَاءٌ كَانَ الِانْقِطَاعُ قَبْلَ الْوَقْتِ أَوْ فِي أَوَّلِهِ أَوْ قُبَيْلَ آخِرِهِ بِهَذَا الْقَدْرِ ؛ فَإِذَا انْقَطَعَ قَبْلَ الظُّهْرِ مَثَلًا أَوْ فِي أَوَّلِ وَقْتِهِ لَا يَحِلُّ وَطْؤُهَا حَتَّى يَدْخُلَ وَقْتُ الْعَصْرِ ؛ لِأَنَّهَا لَمَّا مَضَى عَلَيْهَا مِنْ آخِرِ الْوَقْتِ ذَلِكَ الْقَدْرُ صَارَتْ الصَّلَاةُ دَيْنًا فِي ذِمَّتِهَا ؛ لِأَنَّ الْمُعْتَبَرَ فِي الْوُجُوبِ آخِرُ الْوَقْتِ ، وَإِذَا صَارَتْ الصَّلَاةُ دَيْنًا فِي ذِمَّتِهَا صَارَتْ طَاهِرَةً حُكْمًا ؛ لِأَنَّهَا لَا تَجِبُ فِي الذِّمَّةِ إلَّا بَعْدَ الْحُكْمِ عَلَيْهَا بِالطَّهَارَةِ.
Билингки, агар ғусл қони одат бўйича ўн кундан озида тўхтаса, ғусл қилмасдан (сув топилмаганда эса) таяммум қилмасдан яқинлик қилиш ҳалол бўлмайди. Ғусл қилгач, пок бўлади. Ёки бир намоз зиммасига вожиб бўлгандан кейин пок бўлади. У ғусл қилиб кийиниш ва такбир айтиш миқдорича бўлган вақтдир. Хоҳ қон намоз вақтининг аввалида тўхтаган бўлсин, хоҳ шунча миқдор қолганда бўлсин. Чунки намознинг охирги вақтидан шунча миқдор қолганда қон тўхтаса, намоз зиммасига вожиб бўлади. Масалан: пешиндан аввал ёки пешиннинг аввалги вақтида қон тўхтаса, ғусл қилмаса, то аср вақти кирмагунича яқинлик ҳалол бўлмайди. аср вақти киргач пешиннинг қазоси зиммасига вожиб бўлиб, ғусл қилмасада яқинлик ҳалол бўлаверади. Чунки пешиннинг охирги вақтидан ғусл, кийиниш, такбир айтиш миқдорича вақт ўтганди, намоз зиммасига вожиб бўлди. Намознинг зиммага вожиб бўлишида охирги вақт эътиборга олинади. Намоз зиммасига вожиб бўлиши билан ҳукман покка айланади. Чунки намоз ҳукман пок бўлгандан кейин зиммасига вожиб бўлади. (Роддул Муҳтор)
Қон 3 кундан кўп, лекин одат кунлари тўлиқ бўлмасидан илгари тўхтаса
1. Қон тўхташи билан зудлик билан намозга киришади. Намознинг мустаҳаб вақтининг охирига қадар кечиктириши вожибдир.
2. Қон тўхтаган вақтда намоз вақти чиқиб кетишига ғусл қилиб “Аллоҳу акбар” лафзини айтиш миқдорича вақт қолган бўлса, зиммасига ўша вақтнинг намози фарз бўлади. агар ундан озроқ миқдор вақт қолган бўлса, ўша вақтнинг намози зиммасига фарз, қазоси лозим бўлмайди.
3. Агар субҳи содиқдан аввал ғусл қилиб “Аллоҳу акбар” лафзини айтиш миқдорича вақт қолган бўлса, ўша куннинг рўзасини тутади. Акс ҳолда рўза тутмайди.
4. Қон тўхтаган бўлсада, то одат куни тўлиқ бўлгунича эрига яқинлик қилиши ҳаромдир. Одат куни тўлиқ бўлгач, биз юқорида зикр қилганимиздек иишлардан сўнг эрига яқинлик қилиши ҳалол бўлади.
5. Ҳайзда 10 куннинг ичида, нифосда 40 куннинг ичида қон кўрса, намоз, рўза ва бошқаларни тарк қилиб туради.
6. Ҳайз ва нифосни тўхтаганини билдириш учун оқ суюқликни келиши зарурийдир.
Турли саволлар:
Савол: Бола туққан аёл нифос қонини кўриб ўн беш кун пок бўлди, сўнг қирқ куннинг ичида яна қон кўриб қолса, икки қон ўртасидаги ўн беш кун покликда намозларини қолдирган бўлса қазоларини ўқийдими?
Жавоб: Ўртада қолдирган намозларин ўқимайди. Чунки қирқ куннинг ичидаги икки қоннинг ўртасидаги поклик қондан ҳисобланади, гарчи ўн беш кун бўлсада.
الطُّهْرُ الْمُتَخَلِّلُ فِي الْأَرْبَعِينَ بَيْنَ الدَّمَيْنِ نِفَاسٌ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ رَحِمَهُ اللَّهُ تَعَالَى وَإِنْ كَانَ خَمْسَةَ عَشَرَ يَوْمًا فَصَاعِدًا وَعَلَيْهِ الْفَتْوَى .
Қирқ кунда икки қон ўртасидаги поклик гарчи ўн беш кун бўлсада, Абу Ҳанийфа роҳматуллоҳи алайҳнинг наздида нифос ҳисобланади. Бунга фатво берилган. (Фатавои Ҳиндия)
Савол:Қирқ кун бўлишидан аввал нифос қони тўхтаса, ҳукми нима?
Жавоб:Агар қирқ кун бўлишидан аввал нифос қони тўхтаса ғусл қилиб намозини бошлайди. Бошламасдан қирк кунни кутиб ўтирса гуноҳкор бўлади.
عَنْ أَنَسٍ , قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ وَقَّتَ لِلنُّفَسَاءِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا ، إِلاَّ أَنْ تَرَى الطُّهْرَ قَبْلَ ذَلِكَ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нифос қонини кўрган аёллар учун қирқ кунни таъйин қилиб бердилар, лекин ундан олдин пок бўлиб қолсалар (нифос муддати тугаган бўлади)”.
Ибн Можа ривояти.
Савол: Фарзанд кўрганига бир ой бўлганида қони тўхтаган аёлнинг ҳукми нима?
Жавоб: Нифос қонининг кўпи қирқ кун, озининг эса таъйини йўқ. Бироз муддат қон кўриб, пок бўлиши ҳам мумкин. Шунинг кскн бир ойда нифос қони тўхтаган аёллар ғусл қилиб намозини ўқишга, рўзасини тутишга киришадилар. Агар биринчи бор фарзанд кўриши бўлса, эри яқинлик қилиши ҳам жоиз. Агар аввал ҳам фарзанд кўриб, одати бир ойдан кўпроқ бўлиб, одатига етмай қони тўхтаган бўлса, ғусл қилиб намозини ўқийверади. Лекин одати тўлгунча эрига яқинлик қилмай туради.
لَوْ انْقَطَعَ دَمُهَا دُونَ عَادَتِهَا يُكْرَهُ قُرْبَانُهَا وَإِنْ اغْتَسَلَتْ حَتَّى تَمْضِيَ عَادَتُهَا وَعَلَيْهَا أَنْ تُصَلِّيَ وَتَصُومَ لِلِاحْتِيَاطِ
Агар қон одатидан аввалроқ тўхтаб қолса, ғусл қилган бўлса ҳам то одати тўлиқ бўлгунича яқинлик қилиш таҳримий макруҳ саналади. Эҳтиётан намозини ўқиши, рўзасини тутиши вожиб саналади. (Фатавои Ҳиндия)
Савол: Аёллар, хусусан биринчи бор фарзанд кўрган аёллар қирқ кунга етмай қон тўхтасада, қирқ кунгача намоз ўқимайдилар. Шу тўғрими?
Жавоб: Нифос қони тўхташи билан ғусл қилиб олиш, ҳайздан пок бўлганда,жунубликдан пок бўлганда покланганидек покланиш вожибдир. Ғуслни, хусусан намозни кечиктириши улкан катта гуноҳдир. Шунинг учун қон тўхташи билан ғусл қилиб намозга киришишлари керак. Нифоснинг қирқ кун муддатда бўлиши қон кўриш муддати қирқ кундан ортиб кетганлигига боғлиқлир. Аммо ундан кам бўлса ҳам нифос бўлаверади.
وَالزَّائِدُ عَلَى أَكْثَرِهِ ) أَيْ فِي حَقِّ الْمُبْتَدَأَةِ ، أَمَّا الْمُعْتَادَةُ فَمَا زَادَ عَلَى عَادَتِهَا وَيُجَاوِزُ الْعَشَرَةَ فِي الْحَيْضِ وَالْأَرْبَعِينَ فِي النِّفَاسِ
Савол: Жарроҳлик йўли билан ҳомиласи олинган аёлда нифоснинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Агар бола олингандан кейин аёлнинг фаржидан қон келса нифосга ҳукм қилинади. Ҳамда нуфасонинг ҳукмлари жорий бўлади. Агар фақат жарроҳлик жойидан қон чиқиб, фаржидан қон чиқмаса, жароҳат ҳукмида бўлиб, намоз, рўзалари зиммасидан соқит бўлмайди. Ўқимаган намозлари, тутмаган рўзаларининг қазоларини адо қилади.
فَلَوْ وَلَدَتْهُ مِنْ سُرَّتِهَا إنْ سَالَ الدَّمُ مِنْ الرَّحِمِ فَنُفَسَاءُ وَإِلَّا فَذَاتُ جُرْحٍ وَإِنْ ثَبَتَ لَهُ أَحْكَامُ الْوَلَدِ
Агар болани киндиги орқали туғса, бачадонидан қон оқса нуфасо бўлади. Агар у жойидан қон кўрмаса нуфасо бўлмасдан жароҳат соҳиби бўлади. Гарчи болага тегишли ҳукмлар собит бўлсада. (Роддул Муҳтор)
Савол: Бола тушиб қолса, ёки бирор сабаб бўлиб туширилса, аёл нифос қони кўрувчига айланадими?
Жавоб: Бунинг учта сурати бор:
1. Мустабийнул хилқа: ҳамма ёки соч, тирноқ, бармоқ, оёқ-қўл каби баъзи аъзолари зоҳир бўлган чақалоқ. Унинг ҳукми-тирик туғилган бола каби бўлиб, ундан кейин келган қон нифос бўлади. Ҳомила туфайли иддада ўтирган аёлнинг иддаси тугайди. “Агар бола туқсанг талоқсан”, деб бола туғишга таъаллуқли қилинган бўлса, талоқ воқеъ бўлади.
2. Ғойри Мустабийнал хилқа: бирорта ҳам аъзоси зоҳир бўлмаган ҳомила. Унинг ҳукми-ундан кейин келган қон нифос қони бўлмайди. Агар ўша қон ҳайз нисобича, яъни энг ками уч кечаю уч кундуз давом этса ва шу қон келишидан аввал аёл энг ками ўн беш кун пок бўлган бўлса, ҳайздир. Агар бу шартлардан бирортаси топилмаса, истиҳоза қони ҳисобланади.
3. Муштабиҳул хилқа: аъзоси зоҳир бўлган ёки бўлмаганлиги маълум бўлмаган ҳомила. Унинг ҳукми-агар ҳомила тўрт ой, яъни 120 кун ёки ундан кўпроқ муддатда тушиб қолса, ундан кейинги қонни нифосга ҳукм қилинади. Агар энг ками тўрт ойдан камроғида тушиб қолган бўлса, юқоридаги каби ҳайзнинг шартлари топилса ҳайз, топилмаса истиҳозага ҳукм қилинади. Агар ҳомиласи тушган аёл ҳомиласи қанчалигини билмаса, бир аёл ҳар ойдан ҳайз одати 10 кун, поклиги 20 кун бўлса, нифос қонидан эса одати 40 кун бўлса, юқоридагидек ҳомила қанчалигини билинмаган ҳомила тушиб қолса, бунинг икки сурати бордир:
а) одатда ҳайз кўрадиган кунларининг биринчисида содир бўлса, 10 кун намозини қолдиради. Чунки бу кунларда икки эҳтимол бор: ҳайз ёки нифос бўлиши. (яъни аъзолари зоҳир бўлган ҳомила бўлганида бу кун нифосга ҳукм қилинарди, зоҳир бўлмаганда ҳайзга ҳукм қилинарди, иккисида ҳам намоз ва рўзалар соқит бўларди) 10 кун бўлгач, ҳайздан пок бўлганлигининг эҳтимолидан ғусл қилиб олади. 20 кун таҳорат билан намоз ўқийверади. Бу ҳукм қон тўхтамай давом этганда жорий бўлади.
б) одатда ҳайз кўрадиган кунлари ўтгандан кейин содир бўлса, 20 кунга қадар таҳорат билан намоз ўқийверади. Чунки бу кунларда аёл пок бўлиши керак эди ёки нифос кўрган бўлишининг эҳтимоли бор. Шунинг учун таҳорат қилиб намоз ўқийверади. Хулоса шуки, қайси кунларнинг ҳайз ёки нифослиги анииқ бўлса, намоз ва рўзаларни тўхтатиб турад. Қайси кунлар ҳайз ёки поклик ва нифос ёки поклик бўлган кунларда шак билан намоз ўқийверади. (Аҳкоми ҳайз, нифос ва истиҳоза)
وَسِقْطٌ ظَهَرَ بَعْضُ خَلْقِهِ كَيَدٍ أَوْ رِجْلٍ أَوْ أُصْبُعٍ أَوْ ظُفُرٍ أَوْ شَعْرٍ ، وَلَا يَسْتَبِينُ خَلْقُهُ إلَّا بَعْدَ مِائَةٍ وَعِشْرِينَ يَوْمًا وَلَدٌ حُكْمًا فَتَصِيرُ الْمَرْأَةُ بِهِ نُفَسَاءَ وَالْأَمَةُ أُمَّ وَلَدٍ وَيَحْنَثُ بِهِ فِي تَعْلِيقِهِ وَتَنْقَضِي بِهِ الْعِدَّةُ ، فَإِنْ لَمْ يَظْهَرْ لَهُ شَيْءٌ فَلَيْسَ بِشَيْءٍ ، وَالْمَرْئِيُّ حَيْضٌ إنْ دَامَ ثَلَاثًا وَتَقَدَّمَهُ طُهْرٌ تَامٌّ وَإِلَّا اسْتِحَاضَةٌ
Ҳомила тушиб қолганда қаралади агар унинг қўл, оёқ, бармоқ, тирноқ ёки соч каби бирор аъзоси одам аъзоси каби бўлса, бундай бўлиши бир юз йигирма кунда бўлади (баъзилар эса ундан аввалроқ ҳам бўлади дейишади) уни болага ҳукм қилиниб, ғусл қилдирилади ва унга исм қўйилиб, жаноза ўқилмасдан дафн қилинади. Онаси нифос қонини кўрувчига айланади. Агар унингдек аъзолари зоҳир бўлмаса, болага ҳукм қилинмайди ва унинг ортидан келган қон ками уч кун давом этса ва бу воқеа содир бўлишидан аввал ками ўн беш кун пок бўлган бўлса, у ҳайз қонидир. Шунинг учун намоз соқит бўлиб, рўзани бошқа кунга кечиктиради. Агар юқоридаги аъзолари зоҳир бўлиш, ҳомила тушиб қолишдан аввал ўн беш кун пок бўлиш ва кейинги келган қон уч кунгача давом этиш шартларидан бирортаси топилмаса, истехоза қони бўлиб, намоз ҳам соқит бўлмайди, рўзани ҳам кечиктирмайди. (Роддул Муҳтор)
Савол: Ўн кун нифос қонини кўргандан кейин оқ суюқлик келиб сўнг яна қон кўрса, бунинг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Нифос муддатида, яъни қирқ кун ичида қанақанги суюқлик келмасин нифосдан ҳисобланади. Аввалгиси ҳам кейингиси ҳам нифос қони бўлади.
Савол: Одатда 30 кун нифос кўрадиган аёл, лекин қон тўхтамай 42 кун давом этган бўлса, ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: 30 кун нифос бўлиб, 12 куни истиҳоза бўлади.