Ҳайз луғатда "оқиш" деган маънони билдиради. Шариатда эса балоғатга етган аёлнинг раҳми ичидан туғишсиз, беморликсиз, муайян муддатда чиқадиган қон бу ҳайздир. Одатда ҳайзнинг ранги қорамтир, ўзи ҳароратли ва оғриқ ила келадиган бўлиб, ҳиди нохуш бўлади. "Нифос" сўзи эса "туғиш" ва "қон" деган маъноларни англатади. Шариатда эса туғишдан кейин кишининг раҳмидан келган қонга айтилади.
"Истеҳоза" бу аёл кишининг раҳмидан одат (ҳайз ва нифос)дан ташқари қон оқишидир.
Аллоҳ ҳайз ҳақида "Бақара" сурасининг 222-оятида шундай деган:
"Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: У озор, нопокдир. Бас, ҳайз пайтида аёллардан четда бўлинглар. Токи, пок бўлмагунларича уларга яқинлик қилманглар. Қачон пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган томондан келинглар. Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни, ўзларини мудом пок тутувчиларни севади".
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
"Яҳудийлар аёл киши ҳайз кўрса, уйларида у билан бирга таом емас, унга жинсий яқинлик қилмас эдилар. Саҳобалар Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадилар. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Никоҳдан бошқа ҳамма нарсани қилаверинглар" дедилар.
Энди юқоридаги оят ва ҳадислардан олинадиган ҳукмларни келтириб ўтамиз. Булар: Ҳайзнинг озор ва нопок нарса эканлиги, ҳайз пайтида шундай ҳам озорланиб турган аёлга яқинлашиш дуруст эмаслиги, қачонки аёл пок бўлса унга Аллоҳ буюрган томондан (олд томондан) яқинлик қилавериш мумкинлиги, никоҳдан бошқа барча ишларни қилавериш мумкинлиги, каби ҳолатлар.
Ҳайз масаласи ўта муҳимлигидан у тўғрисида оят нозил бўлган. Ҳайз нопокликдир. Аёл танасидаги нопок қонлар ой давомида тўпланиб муддати келганда оқиб чиқади. Бу даврдаги жинсий яқинлик нопоклик устига қилинган яқинллик бўлади. Бу пайтдаги яқинликдан нафақат аёл киши, балки эркак киши ҳам зарар кўради. Бунинг устига ўша пайтдаги яқинликдан бола бўлиб қолса, майиб туғилади. Тиб илми буларни ва бошқа кўплаб зарарларни исбот қилди. Тиб илми ҳозирга келиб бунга даъват қилмоқда. Исломда эса бу иш бир минг тўрт юз йил олдин асосий дастурда зикр этилган. Энди ушбу ҳолдаги яқинликнинг каффоротини келтириб ўтамиз:
عن ابن عبّاس رضي الله عنه عن النّبي في الذي يأتي امرأته و هي حائض قال يتصدق بدينار او بنصف دينار
"Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайзли ҳолдаги хотинига жинсий яқинлик қилган шахс ҳақида:"Бир динор ёки ярим динор садақа қилади", дедилар".
Ҳайз ҳолидаги яқинлик Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам зикр қилингани учун унинг гуноҳлиги аниқ. Энди шундай гуноҳни қилган одамни жазолаш, ҳушини жойига келтириб қўйиш учун ҳам молиявий жазо белгиланган. Бу жазо гуноҳнинг ювилишига сабаб бўлиши билан бирга келажакда мазкур ҳаром ишни такрорламасликка эслатма ҳам бўлади.
Бир динор 4,25 грамм бўлади. Энди қачон бир динор, қачон ярим динор берилишини аниқлаб оламиз. Абу Довуд келтирган ривоятда шундай деганлар:
اذا اصابها في اوّل الدم فدينار و اذا اصابها في انقطاع الدم فنصف دينار
"Агар аёлга қон келишинииг аввалида яқинлик қилган бўлса, бир динор, агар қон тўхташи пайтида яқинлик қилган бўлса, ярим динор" дейилган. Чунки ҳайз янги бошланган пайтдаги жинсий яқинликнинг зарари катта. Ҳайзнинг охиридаги эса катга эмас.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқа баъзи уламолар, шундай ҳолда садақа қилиш вожиб, деганлар. Кўпчилик уламолар эса бу ишни қилган одам тавба қилиб, истифор айтса кифоя, дедилар.
Ҳайз пайтида аёллар ўзига оро бериб, пардоз-андоз қилмаслик, чиройли кийимларини кийиб эрига кўринмаслик, эри ҳузурида шаҳватни қўзғатадиган гап сўз ёки қилиқлар қилмаслик тавсия қилинади. Садақа каффорот бериш вожиб, деган уламолар, хотин киши ўша ишга сабаб бўлса, монеълик қилмаса, гуноҳкор бўлади ва каффорот тўлайди, деганлар.
Энди юқоридаги ҳайз никоҳдан бошқани ман қилмайди, деган гапимизга бир неча далилларни келтириб ўтамиз.
عن ميمونة رضي الله عنها قالت كان رسول الله صلي الله عليه و سلّم يباشر نساءه فوق الازار و هنّ حيّض
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларини ҳайзли ҳолда иштон устидан қучоқлар эдилар".
و قالت عائشة رضي الله عنها كنت انا و رسول الله صلي الله عليه و سلّم نبيت في الشعار الواحد و انا حائض طامث
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:
"Мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккимиз кечаси бир кийим ичида ётар эдик. Ҳолбуки, мен ҳайзли бўлиб, қон оқиб турган бўлар эди. Агар мендан у зотга бирор нарса тегса, ўша жойни ювар эдилар".
Ҳайзнинг энг ози уч кеча-кундуз, кўпи эса ўн кун бўлади. Ҳайз 9 ёш билан 55 ёш оралиғида кўрилади. Икки ҳайзнинг орасидаги муддатнинг энг ками 15 кундир. Кўпининг эса чегараси йўқ. Баъзи аёллар умуман ҳайз кўрмаслиги ҳам мумкин. Агар ҳайз кўрувчининг одати бўлса ва унга зиёдалик қўшилса, то ўн кунгача қўшилгани ҳайз ҳисобланиб бораверади. Чунки одат ўзгариши мумкин, аммо одатидан зиёда бўлган қон ўнинчи кундан ҳам ўтиб кетса, у ўз одатини ҳайзга ҳисоблаб, ундан ортганини истиҳоза қонга ҳукм қилади. Ва одатидан ортган кунлардаги намозларининг қазосини ўқийди. Демак, одатидан зиёда бўлиб ўн кунгача тўхтаса, одатим ўзгарибди, дейди, аммо ўн кундан ҳам зиёда бўлиб кетса, ўз одатида қолади. Ҳайз кунларида кўрилган қизил, сариқ ва лойқа ранглар ҳам ҳайз ҳисобланади.
Энди нифос ҳақида тўхталамиз. Фарзанд туғилгач, ундан кейин келадиган қонга нифос дейилади. Аммо фарзанд она қорнидалигида келган қон нифос дейилмайди. Нифоснинг келиш муддати кўпи қирқ кун бўлса, озининг чегараси йўқ, яъни фарзанд туғилиб, умуман қон кўрмайдиган аёллар ҳам бўлади.
عن امّ سلمة رضي الله عنها قالت كانت النّساء تجلس على عهد رسول الله صلي الله عليه و سلّم اربعين يوما فكنّا نطلي وجوهنا بالورس من الكلف
Умму Салама розияллоҳу анҳо:
"Нифос кўрган аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қирқ кун ўтирар эдилар. Юзларимизга нарса тошиб кетиб, вазар суртиб олар эдик".
Ушбу ҳадисни Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаби нифоснинг кўп муддатига далил қилишган.
Энди ҳайз, нифос ва жунубга дуруст бўлмаган ишларни келтирамиз: Бундайлар намозга, рўзага яқинлашмайдилар. Қуръон ўқимайдилар, масжидга кирмайдилар.
Умми Салама розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бири нифосга қирқ кеча ўтирар, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозини ўқишга буюрмас эдилар”.
عن ابن عمر رضي الله عنه عن النبيّ صلي الله عليه و سلّم قال لا تقرا الحائض و لا الجنب شيئا من القران
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳайзли аёл ва жунуб Қуръондан ҳеч нарса ўқимайди” деганлар.
Уч кундан оз муддат келувчи қон, ҳайз кунларининг ўн кунидан ошганда келган қон, нифос кунларининг қирқ кунидан зиёда бўлганда келувчи қон, ёки ҳайз ва нифосда одати бўлган аёлнинг одатидан ортиқча кўрган қони, ҳомиладор аёл кўрадиган қон, мана шу қонлар “Истиҳоза” қони дейилади. “Истиҳоза” касаллик қони деганидир. Биринчи марта ҳайз кўрган қизнинг қони ўн кундан ошиб кетса, ўн куни ҳайз, зиёдаси истиҳоза бўлади. Ва унга ҳар ойдан ўн кун одат белгиланади. Худди шунингдек, биринчи марта нифос кўрган аёлнинг қирқ кундан ошиб кетса қирқ куни нифос, зиёда истиҳоза бўлади. Кейинчалик унга қирқ кун одат белгиланади. Нифосдан зиёдаси эса истиҳоза бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Фотима бинти Абу Ҳубайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Мен истиҳоза бўламан. Намозни қўяманми?” деб сўради. У зот: “Йўқ. Албатта у томир узилгандандир. Ҳайз эмас. Лекин сен одатда ҳайз кўрадиган кунларинг миқдорида намозни қўй. Сўнгра ғусл қилиб, намозни ўқийвер” дедилар”. Бошқа бир ривоятда: “Қачонки ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки, у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер”дедилар. Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Нариги вақт келгунча, ҳар намозга таҳорат қил” дедилар”ни зиёда қилди.
Истиҳоза қони ҳайз бўлмай (бачадондан келмай), балки томирдан келган қон бўлади. Баъзи томирлар узилгани учун доимо қон келиб туради. Шунинг учун мустаҳоза аёл соғлик вақтидаги одати бўйича неча кун ҳайз кўрадиган бўлса, ўша кунларни ҳар тарафлама ҳисоблаб аниқлайди ва мазкур кунларнинг намозини ўқимайди. У кунлар тамом бўлгандан кейин эса ҳайзнинг ғуслини қилади, ва истиҳоза қони келиб турса ҳам намозини ўқийверади. Масалан, бир аёл соғлик пайтида, ҳар ойда олти кун ҳайз кўрар эди. Энди шу аёл доимий истиҳоза кўрадиган бўлиб қолса, ҳар ойдан олти кунни ҳайз деб ҳисоблайди, шу олти кун тугаган куни ҳайзнинг ғуслини қилади ва кейин ҳар бир намоз вақти учун бир марта таҳорат қилиб намозни ўқийверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадиси шарифда:
“У аёлга нарса (дард) етгунча одати бўйича ҳар ойда ҳайз кўрадиган кунлар ва кечалари саноғига қарасин. Ҳар ойдан ўша миқдорда намозини тарк қилсин. Қачон ўшани ўтказса, ғусл қилсин ва бир кийим ила муҳофаза қилиб намозини ўқисин” деганлар.