Мусофирнинг намозига оид масалалар


Кишининг шаръий мусофирга айланиши учун уч нарса топилиши шарт.
1) Боришни қасд қилган манзили энг ками сафар масофасича бўлсин;
2)Сафарга чиқишида энг ками шу масофани қасд қилиши. Агар шу масофадан камроқни қасд қилиб чиқиб, иши битмай қолгани сабабли тўлиқ масофани босиб ўтса ҳам, шаръий мусофирга айланмайди;
3) Сафарни ният қилиб, ўзи яшайдиган шаҳардан чиқиб кетиши. Ўзи яшайдиган шаҳар билан қўшни қишлоқнинг ораси юқорида айтилгани каби, яқин бўлиб, иккисини орасини битта йўл ёки анҳор ажратиб турсада. Шу шарт биланки, икки қишлоқ ҳукмат томонидан ёки урфда битта шаҳарнинг икки маҳаллсаи ҳукмида бўлиб қолмаса.
Агар шу масофани қасд қилиб уйдан чиқса-ю, лекин шаҳар ҳудудидан чиқмаса, мусофир ҳисобланмайди.
Аёл киши турмушга чиқиб, ўша ерда мустақил яшашни бошласа, ўша шаҳар унга ватани аслий бўлади, гарчи сафар ҳолатида бўлса ҳам. Яъни аёл киши сафар қилиб юрган чоғида борган жойидаги бирорта одамга турмушга чиқса ва мустақил яшашни бошласа, муқимга айланади.

الْمُسَافِرَةُ تَصِيرُ مُقِيمًا بِنَفْسِ التَّزَوُّجِ

«Мусофир аёл турмушга чиқиш билан муқимга айланади» (Баҳрур роиқ).
Аёл киши табиатан нозик бўлиб, сафар мобайнида турли хил зарурат ва эҳтиёжларга дучор бўлади. Ҳолбуки, уларнинг иззат ва обрўларининг ҳимояси муҳим бир масала ҳисобланади. Шунинг учун улар сафарга ўзларининг маҳрамлари билан чиқишлари зарурдир. Балоғат ёшига етмаган маҳрам эса ўзи ҳам бу нарсаларга муҳтож ҳисобланади. Демак, балоғат ёшига етмаган маҳрамнинг сафарда аёл киши билан бирга бўлиши ёки бўлмаслиги баробар бўлиб, бунда аёл киши маҳрамсиз сафар қилган ҳисобланади.

لا عِبْرَةَ لِلصَّبِىِّ الَّذِى لا يَحْتَلِمُ 

«Балоғатга етмаган боланинг маҳрамликда эътибори йўқдир» (Фатовои ал-Ҳиндия)
Бири ватани аслий бўлиб, яна бири ижарага олинган бўлса ёки иккаласи ҳам ижарага олинган бўлса ва орасидаги масофа шаръий масофани ташкил қилса, гоҳ у жойда, гоҳ бошқасида турса, гарчи ижарага олинган жойларида аёли яшаса ҳам, мусофир бўлади. Агар ватани аслийга борса ёки ижарага турган жойларидан бирида ўн беш кундан ортиқ туришни ният қилса, муқимга айланади.

لِأَنَّ الْإِقَامَةَ لَا تَكُونُ فِي مَكَانَيْنِ إذْ لَوْ جَازَتْ فِي مَكَانَيْنِ لَجَازَتْ فِي أَمَاكِنَ فَيُؤَدِّي إلَى أَنَّ السَّفَرَ لَا يَتَحَقَّقُ 

«Чунки, икки жойни ватани иқомат тутиш мумкин эмас. Агар икки жойни ватани иқомат қилиб олиш жоиз бўлганида эди икки жойдан ортиқ ерларда ҳам ватани иқомат жоиз бўлар эди. Унда мусофирлик тушунчаси қолмас эди» (Баҳрур роиқ).
Умрининг кўп вақтини сафарда ўтказадиган, яъни сайёҳлар ҳукми уч хил кўринишда бўлади.
1. Шаръий масофани қасд қилиб чиқиб, бирор жойда ўн беш кун туришни ният қилмаса, ҳамма вақт мусофир бўлади.
2. Шаръий масофани қасд қилиб чиқиб, бирон жойда ўн беш кун туришни ният қилса, йўлда мусофир бўлиб, борган жойида муқим бўлади.
3. Йўлга чиқишда шаръий масофани қасд қилмаса ва шу ҳолда (шаръий масофадан озроғини қасд қилиб) бир неча жойларга борса, гарчи шаръий масофадан узоққа кетиб қолса ҳам, муқимлигича қолаверади. Ортга қайтишда уйигача бўлган масофа шаръий масофадан кўп бўлгани учун мусофирга айланади.

وَمَنْ طَافَ الدُّنْيَا بِلَا قَصْدٍ لَمْ يَقْصُرْ 

«Бир киши шаръий масофани қасд қилмай сафарга чиқса, гарчи дунёни айланиб чиқса ҳам мусофирга айланмайди» (Дуррул мухтор)
Аёл киши маҳрамсиз сафарга чиқса-ю, маҳрамлари уни қайтармасдан, унга рози бўлиб турсалар, барчалари гуноҳда баробарлар.

وعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قال : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ :"مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ". رواه مسلم 

Абу Саъид Худрий розияллоҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангиз гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин агар унга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалбида унга норозилигини билдирсин ва бу иймоннинг энг заифлигидир» дедилар» (Муслим ривояти)
Баъзан бир шаҳар ёки қишлоқ катта йўлнинг ёки анҳорнинг бир бетида, бошқа шаҳар ёки қишлоқ эса нириги бетида жойлашган бўлади. Қайси бир киши сафарга чиқмоқчи бўлса, ўзининг шаҳар ёки қишлоғидан ташқарига чиқса, гарчи йўлнинг нариги бетидаги шаҳар ёки қишлоқ тугамаган бўлса ҳам, мусофирга айланади.

يُعْتَبَرُ مِنَ الْجَانِبِ الَّذِى خَرَجَ مِنْه وَلايُعْتَبَرُ مُجَاوَزَةُ مَحَلَّةٍ بِحِذَاءِهِ مِنَ الْجَانِبِ الآخَرِ

«Мусофир чиққан томондан сафар эътиборга олинади. Сафар қилгувчининг қишлоғи ёки шаҳари муқобилида жойлашган қишлоқ ёки шаҳардан чиқиб кетиши эътиборга олинмайди» (Раддул ал-Мухтор)
Баъзи кишилар қайсидир бир шаҳарнинг атрофларида жойлашган қишлоқларда яшайдилар. Одатда улардан «Қаерликсиз?» деб сўралса, ўзларига энг яқин бўлган шаҳарнинг номини айтадилар. Мисол учун, Қўқон шаҳрининг бирорта қишлоғида истиқомат қилувчи киши «Қўқонликман», деб, Марғилон шаҳрининг бирорта қишлоғида яшовчи одам «Марғилонликман», деб, Тошкент шаҳрининг атрофидаги қишлоқларда истиқомат қиладиганлар эса «Тошкентликман», деб жавоб берадилар. Агар бундай одам бирор жойга сафар қилса ва сафардан қайтса, кетишда масофани ўша шаҳардан эмас, балки ўз қишлоғидан, қайтишда ҳам шаҳаргача эмас, ўз қишлоғигача ҳисоблайди. Агар ўз қишл.оғига кириб келмасдан аввал ўша шаҳарлардан бирига етиб келиб, намоз ўқимоқчи бўлса, қаср қилиб ўқийди.
Шаръий масофани босиб ўтмасдан туриб намозларини қаср қилган одам ўша намозларини қайтадан ўқийди. Бу масала ижтиҳодий (яъни уч кеча-кундузлик йўлни ўлчаш) бўлганлиги учун мабодо уламолар фатво берган масофадан бироз кам бўлса, мусофирлигига ва намозига зарар етмайди.

وَلا يَضُرُّ نُقْصَانُ الْمَسَافَةِ عَنِ الْمِقْدَارِ الْمُبينِ بِشَىْءٍ قَلِيلٍ، كَمِيلٍ أَوْ مِيلَينِ.

«Мусофирнинг белгиланган масофадан бир-икки мил озроқ масофада намозларни қаср қилиб ўқиши зарар қилмайди» (Китобул фиқҳ алал мазааҳибил арбаъа).
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: "إِذَا كُنْتَ مُسَافِرًا، فَوَطَنْتَ نَفْسَكَ عَلَى إِقَامَةِ خَمْسَةَ عَشَرَ يَوْمًا، فَأَتَمِمِ الصَّلاةَ، وَإِنْ كُنْتَ لا تَدْرِي مَتَى تَظْعَنُ فَأَقْصِرْ" قَالَ مُحَمَّدٌ: وَبِهِ نَأْخُذُ، وَهُوَ قَوْلُ أَبِي حَنِيفَةَ رَضِيَ الله عَنُْه

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадиларки:
«Мусофир бўла туриб, агар бирор жойда ўн беш кун туришни ният қилсангиз, намозларни тўлиқ қилиб ўқинг. Агар қанча туришингизни билмасангиз, қаср қилиб ўқинг». Имом Муҳаммад: «Биз шу гапни айтамиз. У Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлларидир» дедилар.
Самолётда ўқилган намознинг жоиз бўлиш, бўлмаслиги борасида олимлар ихтилоф қилиганлар. Шунинг учун вақти чиқиб кетмасдан аввал ерга тушса, ерда ўқиб олгани афзалдир. Лекин вақти чиқиб кетадиган бўлса, қиблага юзланиб намозини ўқийди.
Муфтий Саъийд Поланпурий «Имдодул фатаво» китобининг хошиясида: «Агар парвоз вақтида қиблага юзланиш, қиём, рукуъ ва саждага қодир бўлса, намози шубҳасиз саҳиҳ бўлади» деганлар (Имдодул фатаво хошияси, Китобул фиқҳ алал мазоҳибил арбаа).

 نْ خَرَجَ مِنْ عِمَارَةِ مَوْضِعِ إقَامَتِهِ قَاصِدًا مَسِيرَةَ ثَلاثَةِ أيَّامٍ وَلَيَالِيهَا

«Бир киши шаръий мусофир бўлиши учун пиёда ўртача юришда уч кеча-кундузда етиб борадиган масофали йўлни босиб ўтишни ният қилиши керак» (Дурул Мухтор).
Бундан икки нарса тушунилади:
1.Сафар масофаси уч кеча-кундузли йўл бўлиши;
2. Ўшанча масофага чиқишдан олдин уни қасд (ният) қилиш.
Бир одам уч кунлик масофадан кам бўлган масофани қасд қилиб чиқди, дейлик. Мисол учун, оралиқ масофа 30-35 км бўлган Андижон шаҳридан Шаҳрихон шаҳрига келди. У ердан қидирган нарсасини топмагач, 50-55 км узоқликда жойлашган Наманган шаҳрига йўлга чиқди. У ердан ҳам топа олмагач, Қўқон шаҳрига келди – орадаги масофа 55-60 км. Бунда у бирданига шаръий масофани қасд қилмаганлиги учун шаръий мусофирга айланмайди. Энди ўша нарсани Қўқондан ҳам топа олмагач, у Тошкентни қасд қилди, дейлик. Бу ҳолда у Тошкентга етиб борганда ва унинг йўлида мусофир ҳукмида бўлади. Чунки оралиқ масофа 200 километрдан ортиқ. Бунга далил қуйидагилар:

نِيَّةُ مُدَّةِ السَّفَرِ لِأَنَّ السَّيْرَ قَدْ يَكُونُ سَفَرًا وَقَدْ لَا يَكُونُ، لِأَنَّ الْإِنْسَانَ قَدْ يَخْرُجُ مِنْ مِصْرِهِ إلَى مَوْضِعٍ لِإِصْلَاحِ الضَّيْعَةِ ثُمَّ تَبْدُو لَهُ حَاجَةٌ أُخْرَى إلَى الْمُجَاوَزَةِ عَنْهُ إلَى مَوْضِعٍ آخَرَ لَيْسَ بَيْنَهُمَا مُدَّةُ سَفَرٍ ثُمَّ وَثُمَّ إلَى أَنْ يَقْطَعَ مَسَافَةً بَعِيدَةً أَكْثَرَ مِنْ مُدَّةِ السَّفَرِ

Мусофир киши сафар муддатини ният қилиши шартдир. Чунки, сафар гоҳида шаръий сафарга айланади гоҳида эса, айланмайди. Зеро, инсон шаҳр ташқарисига деҳқончилик учун ҳам чиқади сўнг ундан узоқроқ лекин, шаръий сафар масофаси бўлмаган жойга бориш фикри туғилиб, сафарини давом эттиради, юрию-юриб, шаръий сафар масофасидан ўтиб кетиб қолади (Бадоиъус саноиъ).

وَ يُشْتَرَطُ لِصِحَّةِ نِيَّةِ السَّفَرِ ثَلاثَةُ أَشْيَاءَ الاسْتِقْلالُ بِالْحُكْمِ اىْ الانْفِرَادُ بِحُكْمِ نَفْسِهِ بِحَيْثُ لا يَكُونُ تَابِعًا لِغَيْرِهِ فِى حُكْمِهِ

«Киши мусофир бўлиши учун учта шарт бўлиши керак: 1) Ҳукмда мустақил бўлиши, яъни бирор кишининг қўл остида бўлмаслиги керак. Масалан, ҳарбийлар, эри билан бирга бўлган аёллар, болалар каби. 2) Балоғатга етган бўлиши; 3) сафар масофасини қасд қилган бўлиши». (Булуғ ал-Маром)
Сафар қилмоқчи бўлган кишининг яшаб турган шаҳри ёки қишлоғи шу даражада катта бўлсаки, сафар масофасини босиб ўтгандан кейин ҳам шаҳар ёки қишлоқдан чиқмаса, мисол учун, Москва шаҳрини олайлик. Унинг ҳудуди сафар масофасидан катта. Бундай ҳолатда сафар қилувчи уйидан сафарга чиқса, гарчи сафар масофасини босиб ўтса ҳам, ўзи яшаб турган шаҳридан чиқмаганлиги учун у мусофир ҳукмида бўлмайди.
Мисол учун: Москва шаҳрининг бир чеккасидаги одам иккинчи бир чеккасига меҳмонга бормоқчи. Бунда оралиқ масофа сафар масофасидан ортиқ бўлса ҳам, шаҳардан чиқмаганлиги учун мусофир бўлмайди. Агар шаҳар чегарасидан бошқа ҳудудга ўтса, шу заҳоти мусофирга айланади.

قَيَّدَ بِالْمِصْرَيْنِ وَمُرَادُهُ مَوْضِعَانِ صَالِحَانِ لِلْإِقَامَةِ لَا فَرْقَ بَيْنَ الْمِصْرَيْنِ أَوْ الْقَرْيَتَيْنِ أَوْ الْمِصْرِ وَالْقَرْيَةِ لِلِاحْتِرَازِ عَنْ نِيَّةِ الْإِقَامَةِ فِي مَوْضِعَيْنِ مِنْ مِصْرٍ وَاحِدٍ أَوْ قَرْيَةٍ وَاحِدَةٍ فَإِنَّهَا صَحِيحَةٌ ؛ لِأَنَّهُمَا مُتَّحِدَانِ حُكْمًا ، أَلَا تَرَى أَنَّهُ لَوْ خَرَجَ إلَيْهِ مُسَافِرًا لَمْ يَقْصُرْ.

«Икки қишлоқ ёки икки шаҳар бир-бирига қўшилиб битта бўлиб кетса, ўша икки қишлоқ ёки шаҳрнинг биридан бошқасига сафар қилиш билан мусофирга айланмайди ва намозларини қаср қилмайди» (Баҳрур роиқ).
Поезд, автобусларда фарз, вожиб намозларини ўқиш жоиздир. Хоҳ бирор узур бўлсин ёки бўлмасин. Лекин, қиблага юзланиш ва қиём шартдир. Қаттиқ узурсиз қибла ва қиёмни тарк қилиш билан намоз намоз бўлмайди. Автобус ёки поезд тиқилинч бўлганлиги туфайли пешонани қўйиб сажда қилишнинг имкони бўлмаса ва вақт чиқиб кетмасидан олдин бирор жойда тўхташликни умиди бўлмаса, икки ўтиргични орасида қиблага юзланади, қиём ва рукуъ қилади, сажда учун орқа ўриндиққа ўтириб оёғи пастда турган ҳолатда олдинги ўтиргичга сажда қилади ёки ёнига сажда қилади. Саждада пешона ва оёқ тегиб турган бўлиши шарт. Икки тизза тегмасдан турса, зарари йўқ.
Агар қибла икки ўтиргичнинг ўртасида бўлса, ўтиргичлар ўртасида туриб, пастга сажда қилса бўлади. Агар юқорида зикр қилингандек ҳолат топилмаса, тиқилинч ёки ёмғир туфайли ҳамма жой ҳўл бўлиб, намоз ўқишга жой топилмаса, ўтирган ҳолатда имо-ишора билан рукуъ сажда қилиб намозини адо қилади (Аҳсанул фатаво).
Бирор транспортда кетаётиб, намоз ўқилмоқчи бўлган жойнинг пок ва нопоклиги ҳақида гумон қилиб қолса, нажосатнинг ўзи, ранги ва ҳатто ҳиди ҳам ўтмайдиган бирор покиза матони тагига солиб ўқиса бўлади. Агар оёғининг ости нажосат бўлса, оёқ кийимини ечиб, устига оёғини қўйиб, ўқиса бўлади.
Баъзилар қиёмга қодир бўла туриб, поездлардаги ўриндиқларнинг иккинчи қаватида ўтириб намоз ўқийдилар. Бу билан уларнинг намози адо бўлмайди (Аҳсанул фатаво).
Аёл киши сафар масофасидан узоқ масофадаги шаҳар ёки қишлоққа турмушга чиқса, агар отасининг уйида яшашни бутунлай тарк этиб, гоҳи-гоҳида зиёратга келиб турса, мусофир ҳукмида бўлади. Агар отасининг уйини бутунлай тарк этмасдан, йилнинг баъзи фаслларини шу ерда ўтказса, ватани аслийси ботил бўлмайди. Шунингдек, отасининг уйига шаръий масофани босиб келиб, ўн беш кундан ортиқ туришни ният қилса, муқимга айланади (Фатаво раҳимия).
Ватани аслий бекор бўлиши учун икки шарт топилиши лозимдир. Биринчиси – яшаб турган жойдан оила аъзолари ва жиҳозларини олиб кетиш, уй жой ҳам қолдирмасдан, буткул алоқани узиш. Иккинчиси – ўзга жойни ватан тутиш. Шунинг учун бирор киши ўз ватанидан кетса-ю, бошқа жойни ўзига ватан қилиб олмаса, аввалги ватани бекор бўлмайди ёки ўзга юртдан бир жойни ўзига ватан қилиб олса-ю, биринчи ватанидан алоқасини узмаса, аввалги ватанининг ватани аслийлиги бекор бўлмайди.

وَهَذَا الْوَطَنُ يَبْطُلُ بِمِثْلِهِ لَا غَيْرُ، وَهُوَ أَنْ يَتَوَطَّنَ فِي بَلْدَةٍ أُخْرَى وَيَنْقُلَ الْأَهْلَ إلَيْهَا فَيَخْرُجَ الْأَوَّلُ مِنْ أَنْ يَكُونَ وَطَنًا أَصْلِيًّا حَتَّى لَوْ دَخَلَهُ مُسَافِرًا لَا يُتِمُّ قَيَّدْنَا بِكَوْنِهِ انْتَقَلَ عَنْ الْأَوَّلِ بِأَهْلِهِ، لِأَنَّهُ لَوْ لَمْ يَنْتَقِلْ بِهِمْ، وَلَكِنَّهُ اسْتَحْدَثَ أَهْلًا فِي بَلْدَةٍ أُخْرَى فَإِنَّ الْأَوَّلَ لَمْ يَبْطُلْ وَيُتِمُّ فِيهِمَا وَقَيَّدَ بِقَوْلِهِ بِمِثْلِهِ، لِأَنَّهُ لَوْ بَاعَ دَارَهَ وَنَقَلَ عِيَالَهُ وَخَرَجَ يُرِيدُ أَنْ يَتَوَطَّنَ بَلْدَةً أُخْرَى ثُمَّ بَدَا لَهُ أَنْ لَا يَتَوَطَّنَ مَا قَصَدَهُ أَوَّلًا وَيَتَوَطَّنَ بَلْدَةً غَيْرَهَا فَمَرَّ بِبَلَدِهِ الْأَوَّلِ فَإِنَّهُ يُصَلِّي أَرْبَعًا، لِأَنَّهُ لَمْ يَتَوَطَّنْ غَيْرَهُ

«Бу ватан ўзини ўхшаши билан ботил бўлади. Ўша ўхшаши бошқа шаҳардан уй-жой қилиб, бола чақасини олиб, кўчиб кетишидир. Бас, аввалги турган жойи аслий ватанликдан чиқади. Агар кўчиб кетгандан кейин у ерга кирса, намозларини қаср қилиб ўқийди. Аҳли билан кўчиб кетишини қайдлаб қўйдик. Чунки, аҳли билан кўчиб кетмай бошқа шаҳарда янги бир ойла қурса аввалги яшаш жойи аслий ватанликдан чиқиб кетмайди. Ўхшаши билан деб қайдлаб қўйдик. Чунки, бошқа жойдан уй олиш мақсадида уйини сотиб чиқиб кетса-ю, сўнг фикридан қайтса ёки ҳали бошқа жойдан уй-жой қилмай туриб, ўз шаҳридан ўтса, бошқа жойни ватан тутмагани учун намозларини тўлиқ қилиб ўқийди» (Баҳрур роиқ).
Бир киши қуёш ботганидан кейин Шом намозини ўқиб, самолётга ёки космик кемага чиқиб, сафарга чиқди, дейлик. У бир манзилга етганида қуёш яна кўринса, Шом намозини қайта ўқимайди. Чунки бу намоз унинг зиммасидан бир марта адо бўлди. Бу ҳукм ҳамма намозларга тегишлидир (Фатвои маҳмудия).

 Шаръий масофирнинг жумъа намози

Шаръий мусофирнинг зиммасига Жумъа фарз бўлмасдан, бошқа кунлардагидек, Пешин намозини ўқиш фарздир. Шунинг учун мусофир бирор шаҳарда ўн беш кун туришни ният қилмаган бўлса, Жумъа фарз бўлмайди. Лекин Жумъа намозида имомлик қилаётган одамга иқтидо қилса, зиммасига фарз бўлган Пешин намози соқит бўлади. Агар ўн беш кундан кўп туришни ният қилган бўлса, унга худди шаҳарликларга фарз бўлганидек, Жумъани ўқиш фарздир.
Юқорида «Мусофирга Жумъа фарз бўлмайди. Лекин Жумъа намозини ўқиётган имомга иқтидо қилса, зиммасига фарз бўлган Пешин намози соқит бўлади», деган эдик. Агар мусофир Жумъа намозида имом бўлиши керак бўлиб қолса, иқтидоси жоиз бўлганидек, имомлиги ҳам жоиздир.

أَنَّ الْمُسَافِرَ لَمَّا الْتَزَمَ الْجُمُعَةَ صَارَتْ وَاجِبَةً عَلَيْهِ، وَلِذَا صَحَّتْ إمَامَتُهُ فِيهَا 

«Мусофир жумъа (намози)ни ўқишни лозим тутса, жумъа уни зиммасига вожибга айланади ва уни имомати саҳиҳ бўлади» (Раддул мухтор).
Агар мусофирлар Жумъа жоиз бўлмаган жойларда «Жумъа қаср билан баробар», деб ўйлаб, Жумъа ўқишса, қайтадан пешин намозини ўқийдилар.

قُلْتُ أَرَأَيْتَ مُسَافِرًا صَلَّى بِقَوْمٍ مُسَافِرِيْنِ وَنَوَى الْجُمُعَةَ وَنَوَى الْقَوْمُ ذَلِكَ قَاَل لا تُجْزِيهِمْ وَعَلَيْهِمْ أَن يُصَلُّوا الظُّهْرَ قُلْتُ لم قال لأَنَّهُمْ لَمْ يَنْوُوا الظّهْرَ وَ إِنَّمَا نَوَوا الْجُمُعَةَ فَلا تُجْزِيهِمْ مِنَ الْجُمُعَة لأَنَّهُمْ مَعَ غَيْرِ إِمَامٍ فِي غَيْرِ مِصْرَ 

«Мусофир мусофир қавмга имом бўлиб, жумъани ният қилса, қавм ҳам ўшани ният қилса, нима бўлади» дедим. «Жоиз бўлмайди ва пешин намозини ўқишлари лозим бўлади» деди. «Нимга» дедим. «Чунки, пешинни ният қилмай жумъани ният қилдилар ва шу билан бир қаторда мисрдан ташқарида ва имом билан бирга эмаслар» деди» (Мабсут)
Бирор сабаб билан Жумъа намозига иқтидо қилган мусофирнинг намози фосид бўлса, қайта қўшилишга улгурса, «Жумъа» деб қўшилади, улгурмаса, пешин намозини қаср қилиб ўқийди.
Шу ҳолат муқим кишида воқеъ бўлса, айтайлик, мусофир тушган жойида пешинни ўқиб, масжидга келса, жумъа ўқилаётган экан, бунинг ҳукми иккитадир:
1. Ҳисоблаб кўради: уйидан чиққан вақтда имом жумъа намозидан фориғ бўлган бўлса, унинг ўқиган пешин намози ботил бўлмайди;
2. Агар ярим йўлга етганида имом жумъа намозидан фориғ бўлган бўлса, пешини ботил бўлади. Шунинг учун пешинни ўқиб, масжидга келса, жумъа намози ўқилаётган бўлса, унга шу заҳоти жумъага қўшилиш вожиб бўлади.
Намоз ботил бўлган ҳолатларда ўша намозни қайта ўқиш зарур бўлиб, аввалги намози нафлга айланади.
Мусофир одам жумъа куни пешинни масжидларда жамоат жумъани ўқиб бўлганидан кейин ўқиши мустаҳаб, олдин ўқиши эса макруҳи танзиҳийдир.

إنْ أَدَّى الظُّهْرَ ثُمَّ سَعَى إلَى الْجُمُعَةِ فَأَدْرَكَهَا مَعَ الْإِمَامِ بَطَلَ ظُهْرُهُ سَوَاءٌ كَانَ مَعْذُورًا كَالْمُسَافِرِ وَالْمَرِيضِ وَالْعَبْدِ أَوْ غَيْرِهِ وَإِنْ لَمْ يُدْرِكْهَا فَإِنْ خَرَجَ مِنْ بَيْتِهِ وَالْإِمَامُ فَرَغَ مِنْهَا لَا يَبْطُلُ إجْمَاعًا وَإِنْ خَرَجَ مِنْ بَيْتِهِ وَالْإِمَامُ فِيهَا فَقَبْلَ أَنْ يَصِلَ إلَيْهِ فَرَغَ مِنْهَا بَطَلَ ظُهْرُهُ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ - رَحِمَهُ اللَّهُ تَعَالَى - خِلَافًا لَهُمَا وَإِنْ خَرَجَ لَا يُرِيدُ الْجُمُعَةَ لَا يَبْطُلُ إجْمَاعًا، كَذَا فِي الْكَافِي.وَإِنْ سَعَى إلَى الْجُمُعَةِ وَكَانَ سَعْيُهُ مُقَارِنًا لِفَرَاغِهِ لَا يَبْطُلُ هَكَذَا فِي التَّبْيِينِ

«Пешинни ўқиб, жумъага отланса ва имом билан у (жумъа)ни ўқиса, мусофир, касал, қул ва шу кабилар сингари узурли бўлса ҳам (ўқиган) пешин намози ботил бўлади. Агар етиб келмаса, яъни (ҳисоблаб қараса) уйидан чиққанида имом жумъани ўқиб бўлган бўлса, ижмоан (ўқиган пешин намози) ботил бўлмайди. Агар уйдан чиққанида имом ун (жумъа намози)да бўлса ва (имомга) етиб келишидан олдин (имом) у (жумъа)ни тугатса, иккалаларига хилоф ўлароқ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ наздиларида (ўқиган) пешн (намоз)и ботил бўлади. Агар уйдан жумъани ният қилмай чиқса, ижмоан ўқиган пешини ботил бўлмайди. «Кофий»да шундай дейилган. Жумъага отланаётган вақтда (имом жумъани) тугатса, ўқиган пешини ботил бўлмайди. «Табйийн»да шундай дейилган» (Мабсут).
Жумъа ўқиладиган жойларда жумъа куни пешинни жамоат бўлиб ўқиш эса мусофир учун макруҳи таҳримийдир.

(وَكُرِهَ) تَحْرِيْمًا (لِمَعْذُورٍ وَمَسْجُونٍ) وَمُسَافِرٍ (أَدَاءُ ظُهْرٍ بِجَمَاعَةٍ فِي مِصْرٍ) قَبْلَ الْجُمُعَةِ وَبَعْدَهَا

«Мусофир, маҳкум ва узурли кишилар жумъадан олдин ёки кейин шаҳарда жамоат билан пешин ўқишлари макруҳи таҳримийдир» (Раддул мухтор).


8 йил аввал 28905 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мусофирнинг намози баёни
Мусофир деб, шундай кишига айтиладики, ўзининг шаҳаридаги уйларидан айрилиб чиққан бўлиб, уч кеча-кундузлик йўлни ният қилган бўлур, ораларидаги одатлари қандоқ бўлса, ўшандай роҳатга амал қилур, давоми...
8 йил аввал 43597 fiqh.uz