Эгалик билан якунланувчи ижара(такрор)


Ижара битимининг ушбу тури Англияда 1846 йил “Hirе Purchase” (ижаравий савдо-сотиқ) номи билан пайдо бўлган. Кейинчалик 1953 йилга келиб Америкада лизинг (Leasing) кўринишида, 1962 йилда эса Францияда кредит гарови (Credit bail) шаклида намоён бўлган. 1977 йилдан бошлаб ижаранинг бу шакли секин-аста Ислом банклари орқали араб диёрларига кириб кела бошлади. Дастлаб, Малайзия, Миср, Эрон Ислом банкларида бу жараён амалиётга татбиқ қилинди. 1989 йилга келиб ижаранинг бу шакли Ислом банки тизимларида кенг тарқалди,

яъни йигирмага яқин Ислом банкларида “الإجارَةُ المُنتَهِيَةُ بِالتَملِيكِ”(эгалик билан якунланувчи ижара) номи билан амалиётга татбиқ қилина бошлади. Ислом иқтисодиётида “эгалик билан якунланувчи ижара” замонавий истилоҳ ҳисобланади. Бундай термин қадимги фиқҳий китобларда ва фақиҳлар орасида учрамайди. Ушбу истилоҳ “ижара” ва “тамлик” сўзларидан иборат бўлиб, ижара луғатда “меҳнатга берилган ҳақ”, “тузатмоқ”, “ўрнига солмоқ”деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса, муъайян нарсадан кўзланган ёки зиммага юклатилган, сифати баён қилинган манфаат ёки маълум амалга маълум эваз баробарида маълум муддатгаақд қилишга айтилади.

Тамлик луғатда“эгалик қилиш”, “куч – қувват” ва “соғлом” деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса тамлик сўзи ўзининг луғавий маъносидан четга чиқмайди, яъни бир нарсага тўла эгалик  қилишга тамлик дейилади.

Ижарани дурустлиги ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг. Уларга сиқиштириш мақсадида зарар етказманг. Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа беринглар. Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, ҳақларини беринглар, ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар. Агар қийинчиликка учрасангиз, у(эр)га (фарзандини) бошқа аёл эмизиб берур.  (Талоқ 6-оят).

Ушбу оятда келтирилган “Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, ажр (ҳақ)ларини беринглар” деган қисмини фақиҳлар ижарани шаръий дурустлигига далил қилиб келтирадилар.

Ижара борасида кўплаб ҳадислар ҳам ворид бўлган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда шундай дейилади:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Сизларнинг Роббингиз азза ва жалла:
“Уч (тоифа бор),Мен қиёмат куни уларнинг хусуматчисиман ва кимга хусуматчи бўлсам, уни енгаман.
Мен билан (аҳд) бериб, сўнгра хиёнат қиладиган кишининг, ҳурни сотиб, баҳосини ейган кишининг, мардикорни ижарага олиб, ундан (ҳаққини) тўлаш талаб қилинганда, ижара ҳаққини тўла бермаган кишининг”. (Бухорий ривояти).

Қиёсга биноан ҳам ижара шартномаси дурустдир.Чунки савдо битимлари нарсаларнинг ўзида бўлса, ижара шартномаси эса, ўша нарсалардан фойдаланиш эвазига тузилади. Нарсаларнинг ўзига эҳтиёжи борлигидек, манфаатларга ҳам инсонларнинг эҳтиёжи доимий равишда тушиб туради. Шу боис нарсаларнинг ўзида олди-сотди битимлари жоиз бўлганидек, улардан манфаатланишда ҳам шу каби битимлар жоиздир.

Замонавий фиқҳий асарларнинг аксариятида “эгалик билан якунланувчи ижара”га таърифлар берилмаган. Лекин, баъзи фақиҳларнинг иқтисодий баҳсларида қуйидаги таърифлар учрайди:

Холид ал-Ҳофий* бу ҳақда шундай деган:

“Бу икки томон орасидаги битим бўлиб, унда икки томондан бири бошқасига маълум ҳақ муқобилига муайян товарни ижарага беради. Ижарага олувчи белгиланган маблағни бўлиб-бўлиб, белгиланган муддат давомида тўлайди. Белгиланган маблағни охирги қисмини ижарачига тўлаётган вақтда янги битим билан товарнинг эгалик ҳаққи ижарачига ўтади. Ушбу муомала “эгалик билан якунланувчи ижара” дейилади[1]”.

Ижаранинг бу турига Фаҳд ибн Алий ал-Ҳасун бундай таъриф таклиф қилади:

“Муайян ашёдан ҳосил бўладиган манфаат эгалигини маълум муддатга бировга бериш. Мазкур муддат тугагач, махсус ҳолатда ва маълум тўлов эвазига мазкур ашёнинг ҳам эгалиги ижарага олувчи томонга ўтади”. Бу таърифнинг биринчи банди ижарани англатса, кейинги банди савдони ифода қилади[2].

Эгалик билан якунланувчи ижаранинг қонуншунослар томонидан таърифланиши

Ушбу ижара турини доктор Тавфиқ Ҳасан Фараж шундай таърифлайди: “У шундай битим бўлиб, уни тузувчи икки томон ижара деб тавсифлайдилар. Ва ижарачи маълум муддат ичида маълум тўловни тўлашига келишиб оладилар. Тўлов ниҳоясига етгач, битим ижараликдан савдога айланади. Ва бўлиб-бўлиб тўланган ҳақ савдо қиймати деб эътибор қилинади”[3].

Доктор Жак Ҳаким эса бундай таърифлайди: “У сотиш ваъдасига боғланган ижара битими бўлиб, унга кўра томонларнинг бири бошқасига бирн ашёни муайян муддатга ижарага беради. Мазкур муддат тугаганда мустаъжир маълум тўлов эвазига бояги нарсани сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади”[4].

Эгалик билан якунланувчи ижаранинг номлари:

Ушбу ижара тури бир неча номлар билан номланади. Улар:
Ижарали харид.
Охири ёпиқ ижара.
Савдога айланувчи ижара.
Сотиш ҳақидаги ваъдага бириктирилган ижара.
Эгалик билан якунланувчи ижара кўринишлари
Эгалик билан якунланувчи ижаранинг бир неча хил кўринишлари бўлиб, уларнинг энг кўп тарқалган турлари қуйидагилардан иборат:

Биринчи вариант: Битим - агар ижарага олувчи томон хоҳласа - ижарага топширилган нарсага- маълум муддат ичида ижара тўлови сифатида бўлакларга бўлиб тўланган маблағ муқобилида,- эгалик қилиш ҳуқуқи билан ниҳояланадиган ижара битими кўринишида тузилади. Шунда охирги бўлакни тўлаш орқали ўз-ўзидан янги битим тузишга ҳожат қолмаган ҳолда ижарачи муштарийга айланади. Яъни мол эгасига айланади. Бу битим формасини мисол тариқасида қуйидагича тасвирлаш мумкин: Ижараловчи:

“Мен сизга ушбу молни ҳар ой бунчадан ужра тўлашингиз эвазига бир йилга ижарага бердим. Шу шарт биланки, сиз ушбу бир йил муддат ичида барча тўловларни тўласангиз, ўша муддат ичида тўлаган пулларингиз эвазига ижарага берилган нарса, сизнинг мулкинкизга айланади”.

Ижарага олувчи эса, “қабул қилдим”, дейди.

Битим бу кўринишда: Ижара тўлови ҳиссаларидан ортиқча қиймат тўланмайдиган кўринишдаги эгалик билан якунланувчи ижара битими бўлади.

Иккинчи вариант: Бунда битим - ижара учун белгиланган муддат давомида  муайян ужра эвазига ижара объектидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган шаклда тузилади. Бироқ, унинг бандига кўра ижара муддати ниҳоясига етганда ижарага олувчи маълум маблағ тўлаб, ижара молига эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу битим формасини қуйидагича тасвирлаш мумкин:

“Мен сизга ушбу молни ҳар ой бунчадан ужра тўлашингиз эвазига бир йилга ижарага бердим. Шу шарт биланки, ушбу бир йил муддат ичида барча тўловларни тўлаганингиздан сўнг, ушбу молни - агар истасангиз - сизга бунча қийматга сотаман”. Шунда иккинчи томон: «қабул қилдим», дейди . Бунда молни сотиш учун белгиланган қиймат ё рамзий қиймат бўлади ёки ҳақиқий қиймат бўлади. Демак, бу кўринишдаги битим, ижаранинг ижарага топширилган объектни рамзий ёки ҳақиқий қийматга сотиш билан бириктирилган кўриниши дея характерланади.

Учинчи вариант: Бунда битим - тегишли муддат давомида  муайян ужра эвазига ижара объектидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган шаклда тузилади. Шунингдек, белгиланган муддатда барча ижара тўлови улушлари тўланса, битим ниҳоясига етганда ижараловчи маълум маблағ эвазига молни сотиш ҳақида ижарачига мажбурий ваъда беради. Бу шартнома намунасини қуйидагича тасвирлаш мумкин:

“Мен сизга ушбу молни ҳар ой бунчадан ужра тўлашингиз эвазига бир йилга ижарага беришим қаторида агар тегишли муддатда барча тўловлар амалга оширилса, молни сизга сотишга мажбурий ваъда бераман”, дейди. Иккинчи томон эса: «қабул қилдим», дейди. Битимнинг бу тури “ижаранинг байъ ҳақидаги ваъдага бириктирилиши” дея характерланади.

Тўртинчи варинат: Бунда ҳам битим – тегишли муддат давомида ижарачига муайян тўлов баробарида ижара объектидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни кўзда тутиши билан бир қаторда белгиланган муддат ичида барча тўловлар амалга оширилса, ижараловчи муддат сўнгида ижарага берилган ашёни ижарачига совға қилиш ҳақидаги мажбурий ваъда беришига кўра тузилади. Битим формасини қуйидагича тасвирлашимиз мумкин:

“Мен сизга ушбу молни ҳар ойда бунчадан ужра тўлашингиз эвазига бир йилга ижарага беришим қаторида агар тегишли муддатда барча тўловлар амалга оширилса, молни сизга совға қилишга мажбурий ваъда бераман”, дейди. Иккинчи томон эса: «қабул қилдим», дейди. Бу кўринишдаги битимни шартли равишда “ижаранинг совға қилиш ҳақидаги ваъдага бириктирилиши” деб аташимиз мумкин.

Бешинчи вариант: Бунда битим – тегишли муддат давомида муайян ужра баробарида ижара объектидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни кўзда тутиши билан бир қаторда белгиланган муддат ичида барча тўловлар амалга оширилса, муддат ниҳоясида ижараловчи томонидан ижарачига қуйидаги учта ишдан бирини танлаш ҳуқуқини бериш ҳақидаги мажбурий ваъдага бириктирилган ҳолда тузилади:

А) Молни – аввал ижара ҳиссалари сифатида аввал амалга оширилган тўловлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланадиган – маълум қиймат баробарига сотиб олиш.

Б) Яна бошқа муддатга ижара шартномасини чўзиш.

В) Ижарага олинган ашёларни уларга эгалик қиладиган ижараловчи муассасага қайтариш[5]. Ушбу бешинчи суратдаги эгалик билан якунланувчи ижара шартномаси лизинг шартномасига яқиндир[6].

1.Молга эгалик билан якунланувчи ижара кўринишининг ҳукми.

Бу баён қилинган эгалик билан якунланувчи ижара битими кўринишларининг биринчиси бўлиб, унда - юқорида ўрганганимиз каби – молнинг эгалиги янги шартнома тузишга эҳтиёжсиз равишда ва белгиланган муддат давомида ўша молга ижара ҳиссалари сифатида тўланган, аслида эса ўша молнинг қийматини ташкил қилувчи маблағлардан ташқари ҳеч қандай маблағ тўланмасдан, ижара тўловлари ниҳоясига етиши билан автоматик тарзда ижарачига ўтади. Мазкурлардан шу ойдинлашадики, битим бошида ижара кўринишида тузилади, бироқ, охирига бориб байъга айланади. Лекин шартноманинг бу шаклда тузилиши бир неча сабабларга кўра олимлар ўртасида тортишувларга сабаб бўлган:

А) Ҳамма товар албатта ўз қиймат ва нархига эга бўлади. Бу ерда эса байъ тамомига етаётган вақтда ҳам (яъни ижара муддати сўнгида) аниқ нарх мавжуд эмас. Ахир, тўланган тўловлар ижара тўловлари эди-да.

Б) Белгиланган муддатда товар учун ижара тўлови сифатида тўлаш белгиланган ижара пули ужратулмисл эмас, балки, шундай тўловки, уни белгилашда товарнинг тан нархи ва унга қўшимча равишда устама фойдаси ҳам эътиборга олинган.

В) Гарчи битим зоҳирдан ижара кўринишида тузилсада бироқ, шарномалашаётган томонларнинг мақсадлари тегишли товарни ижарага олиш, ёки бериш эмас, балки, олди-сотди қилишга йўналганлиги. Савдолашаётган томонларни битимни бу шаклда тузишларига ундаган нарса, олди-берди насия савдоси тарзида амалга оширилган ҳолда ижараловчининг (яъни товар сотувчисининг) товар қийматини мукаммал суратда қўлга кирита олмаслигидан хавфсирашлигидир. Айни дамда муштарий ҳам товарни нақд пулга сотиб олишга қурби етмаслиги мумкин. Бироқ, товардан фойдаланишдан манфаатдордир. Айнан шу нарса шартномалашувчи икки томоннинг битимни юқорида зикр қилинган суратда тузишларига сабаб бўлган. Шу боис ҳам айрим қонуншунослар бундай битимни –  шартномалашувчиларнинг уни қандай аташларидан қатъи назар тақсит савдоси[7] дея тавсифлайдилар. Чунки, битимдаги вазият унинг ижарадан кўра кўпроқ савдо-сотиқ эканлигига далолат қилади. Араб давлатларидаги айрим қонунлар эгалик билан якунланувчи ижара шартномасини шартномалашувчилар уни ижара деб номлашса ҳам, тақсит савдосига мослаштириб, унга нисбатан тақсит савдосига оид ҳукмларни татбиқ қилишади. Мисол учун миср қонунчилигида агар эгалик билан якунланувчи ижара аслида олди-сотди бўлиб, лекин, сотувчи товарнинг эгалиги муштарийга буткул ўтишидан аввал қийматни мукаммал қўлга киритишини таъминлаш учун уни ижара битими кўринишида амалга ошираётган бўлса, бу ҳолат тақсит савдоси ҳукмларига бўйсунади. Бу миср гражданлик кодексининг кредит муомалалрини тартибга солувчи 430-модда, 4-бандида ифода қилинган бўлиб, унга кўра юқоридаги ҳолатда сотувчи (ижараловчи) товар қийматини тўлиқ қўлга киритмагунча товар эгалигини ўзида қолдириш ҳуқуқига эга бўлади. Худди шунга ўхшаш ҳукмлар 1980 йилда Кувайт тижорат кодексининг 140-моддасига киритилган таҳрирда ҳам зикр этилади[8].

Шунга кўра, биз “тақсит савдоси”нинг умумий таърифини билиб қўйишимиз зарур бўлади.
Тақсит луғатда бўлиб-бўлиб тўлаш маъносида бўлиб, шаръий истелоҳда савдо молини нақд қилиб, баҳосини насия қилишга айтилади. Бунда савдо молининг баҳоси нақд тўлашга нисбатан қимматроқ ёки баробар ёҳуд растроқ бўлишининг эътибори йўқ. Ислом фиқҳи академиясининг еттинчи мажлисида ушбу савдо тўғрисидаги уламолар муноқашаларини тинглангач унинг жоизлиги тўғрисида қарор қабул қилди.[9]

Албатта ушбу савдо турининг ҳам тўғри бўлишлиги учун маълум шартлар амалга оширилиши керак.

Тақсит савдосининг шартлари.       

1.  Сотилаётган савдо моли мубоҳ нарса бўлиши;
2.  Савдо моли сотувчи ёки вакилининг мулкида бўлиши;
3.  Бўлиб бериладиган маблағ бўлаклари маълум бўлиши;
4. Вақтнинг аниқ таъйинланган бўлиши;
5. Икки тараф насия ва вақт орасида иттифоққа келишмай ажралиб кетмаслиги.

Тақсит савдосининг низоми

1-модда. Тақсит савдоси, насия савдо турларидан бўлиб,унинг мажбуриятида сотувчи ва олувчи келишилган  пулни таъйинланган вақтларда бўлиб-бўлиб тўлашга келишишади.

2-модда. Тақсид савдосининг битимида қуйидаги шартлар тўлиқ баён қилиниб, икки нусхада сотувчи ва олувчининг қўлида бўлмоғи лозим:

1. Савдо молининг тўлиқ сифати;
2. Баҳонинг миқдори ва (агар берилса) олдиндан бериладиган маблағнинг миқдори;
3. Бўлиб тўлашга қўйилган муддатнинг аниқлиги;
4. Бўлиб тўланадиган маблағларнинг аниқлиги;
5. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг адади;
6. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг вақти;
7. Баҳонинг тўлиқ тўлаш шартлари;
8.Шу билан бирга сотувчи ва олувчининг ўзидан содир бўлиши мумкин бўлган баёнотлар, ўзаро келишув асосида қандай баёнот ёки шартлар бўлса уни келтириш...
3-модда. Савдо моли битим тузилган вақтдахаридорга тўла-тўкис берилмоғи лозим;

Бермоқлик – савдо молига боғлиқ бўлган нарсаларни ва ундан фойдаланишликда доимий сифат бўлиб эътибор қилинадиган ҳар бир нарсани ўз ичига олади. Бу эса нарсанинг табиати, урф ва иккитомоннинг мақсад  тақозосига мувофиқ бўлади. Шу билан биргасавдо молини олувчи унданҳар қандай тўсиқсиз, тўлиқ тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлишишарт ҳисобланади. Шаръий истелоҳда буни таслим дейилади.

4-модда. Тақсит савдосида сотувчихаридорданбаҳони ҳамма қисмини тўлиқ адо этгунча гаров ёки зарарни ва тўлиқ тўлаш кафолатинисўрашлиги жоиздир;

5- модда.

А. Сотувчида тақситга сотиладиган товарнинг 20%дан кам бўлмаган маблағини олдиндан олиш ҳуқуқи бор;

Б. Харидоргаровни ёки зарар ҳамдатўлиқ тўлаш кафолатини келтирса, келишувга қараб, юқоридаги нисбат озайиши мумкин;

6-модда. Харидор бўлиб-бўлиб бериладиган пулни қайси манзилда адо қилишини ҳам аниқ белгилаб олишлари лозим.

7-модда.Битимда харидор зиммасидаги келишилган баҳонинг кўп  қисми берилган бўлса ва харидор зиммасидаги бўлаклардан бир қисмини беролмай қолса, икки тараф учун ҳам ушбу савдо шартномасини бузиш талаби жоиз бўлмайди;

8-модда. Харидорзиммасидаги бериши керак бўлган бўлакникамида икки маротаба ўз вақтидан кечиктирсагина, қолган пулни нақд қилиб беришга тузилган  келишувамалга ошади.

Энди шунга кўра “Эгалик билан якунланувчи ижара” ни тақсит савдоси деб эътибор қилиш тўғри бўладими?

Агар “Эгалик билан якунланувчи ижара”ни тақсит савдоси деб, эътиборга олсак, унинг барча сурати ҳаром бўлади. Чунки, шартномада ижара берувчи, яъни сотувчи томон ижарачига ойларга бўлинган улушларни тўлаганингдан кейин молнинг мулкияти сенга ўтади дейди. Бу эса, шаръан манъ қилинган икки нарсани ўзи ичига олади:
1. Нархни ҳам савдо молини ҳам томонлар насия қилмоқда. Бу эса насияни насияга сотиш бўлиб, шаръан ҳаром ҳисобланади. Чунки, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам насияни насия эвазига сотишдан қайтарганлар” (Дориқутний  ривояти);

2. “Эгалик билан якунланувчи ижара” шартномаси савдо битимидан кўзланган мақсадга зиддир. Чунки, савдода мулкни сотувчидан харидорга ўтиши асосий мақсад ҳисобланади. Бу битимда эса, белгиланган муддатда белгиланган ҳақ берилгандан кейин молга эгалик қилиш ҳуқуқи харидорга берилади, яъни савдо битими қилинган заҳоти мулк ҳам нарх ҳам белгиланган муддатга кечиктирилади. Ушбу ҳолат савдо битимидан кўзланган асл мақсадга хилофдир.

Тақий Усмоний “Эгалик билан якунланувчи ижара”ни иккига бўлган.
Биринчиси:Ижаравий савдо-сотиқ;
Иккинчиси: Анъанавий молиявий лизинг.
Дастлабки суратда, яъни ижаравий савдо-сотиқда, бошида битим ижара бўлиб тузилади. Ижарага олувчи белгиланган маблағни бўлиб-бўлиб ижара берувчига тўласа, ўз-ўзидан битим олди-соттига айланиб кетади, яъни ижарачи томонидан берилган ҳақ ижара муддати якунида савдони улушларига айланади ва битим аввалида томонлар савдолашган бўлиб қоладилар. Мени фикримча, бу жоиз эмас. Чунки, битимни ҳақиқати савдоми ёки ижарами? Ушбу ҳақиқатноаниқ бўлиб қолмоқда. Шунинг учун Ғарб ҳуқуқ тизимларида бундай шартномалар кўплаб ихтилофларга сабаб бўлиб келмоқда. Баъзи суд органлари бундай битимларни ижара деб атасалар, баъзилар савдо деб, таъкидламоқдалар.

Битимнинг ҳақиқатини ноаниқ бўлиб қолишиислом шариатида асло дуруст бўлмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, ислом шариатидатовар билан нарх аниқ бўлиши талаб этилади.

Иккинчи суратда, битим ижара деб, тузилади ва ижара якунида ўз-ўзидан савдога айланиб қолмайди. Лекин томонлар рамзий нарх эвазига ижарага берилган савдо молини ижарачига сотилишини келишиб оладилар ва бу битим ижара шартномасида акс этади. Бундай битим ҳам бир неча сабабга биноан жоиз эмас. Улар:

1. Рамзий нарх эвазига ижарага берилган нарсани ижарачига сотиш ижара битимида кўрсатилади ва натижада шартнома ичида яна бир шартномапайдо бўлиб қолади. Бу аксарият фақиҳлар фикрида жоиз эмасдир;

2. Рамзий нархга сотиш суратан савдо ҳисоблангани билан ҳақиқатан савдо эмас;

3. Бундай битимлар кўриниши ижара бўлиб, ҳақиқати ижара ҳисобланмайди. Чунки, ижарага берувчи товарнинг барча масъулиятини зиммасидан соқит қилиб, ижара олувчига юклайди, яъни табиий равишда товарга етадиган барча нуқсон ва зарарлар ижара олувчи зиммасига тушади. Зеро, томонлар шартномадан кейин белгиланган муддатдаги бериладиган маблағ,товарни сотиб олиш учун тўланаётган нарх, деб тушунадилар ва бу ижара ҳаққи товарни ишга яроқлилигидан бошлаб, яроқсиз ҳолатга келиб қолгунча давом этади. Аслида, бу битим солиқдан қочиш учун ижара номидан фойдаланилган ҳийладир. “Эгалик билан якунланувчи ижара”нинг бу ҳолати анъанавий шаҳарсозлик уруфларида машҳур ва маълумдир. Ижаранинг ҳақиқати эса манфаатга эгалик қилишдир.

Аммо, кўплаб фиқҳий академия ва исломий банклардаги мавжуд шаръий кузатувчи ҳайъатлар рухсат берган “Эгалик билан якунланувчи ижара”, амалдаги қонунларда акс этган ижаравий савдо ҳам, лизинг ҳам эмас. Чунки, академия ва ҳайъатлар шартномани бу турини фиқҳий шаръий тамойиларга қарама-қарши келадиган жойларини чиқариб ташлаб қабул қилганлар ва ҳатто баъзилар “Эгалик билан якунланувчи ижара” деган номни ҳам ўзгартиришиб, “ижара”, “иқтиноъ (эга бўлиш)” деб номлаганлар. Бу эса, юқорида зикр қилинган “Эгалик билан якунланувчи ижара”нинг икки туридан тамомила фарқ қилади.

1. Ижара битими ҳар қандай шарт ва ижара муддати якунида амалга ошириладиган савдо мажбуриятларидан холий бўлади;

2. Мулк қилиб бериш (яъни тамлик) ижара шартномасидан алоҳида равишда ҳиба ёки савдо йўли билан амалга оширилиши лозим. Ижара эса, соф бўлиши талаб этилади. Ижарага берувчи белгиланган ижара муддати давомида мулкка доир жумладан, табиий офат, шаръий тартибда товарни суғурта қилиш, таъмирлаш каби барча масъулиятларни ўз зиммасига олади. Ижарага берилган нарсанингҳаражатлари икки хил бўлади.

Биринчиси: фойдаланиш жараёнидаги ижарага олинган нарсанинг  зарурий бўлган кундалик ҳаражатлари; буларга маркабнинг мойи, от-уловнинг ем-хашаги кабилар киради. Булар табиий равишда ижарага олувчининг зиммасига тушади.

Иккинчиси: ижарага олинган нарсанинг асослари;

Буларга ижарага олинган нарсанингасосларини ташкил қиладиган бўлаклари ишдан чиқиб қолишидаги ҳаражатлар киради. Улар табиий равишда ижарага берувчига юклатилади. Агар ижарага берувчи молни берса-ю, фақат ундан келадиган маблағга эга бўлса, зарарлар ижарага олувчига юклатилса, бунинг рибодан фарқи қолмайди. Ижарачи ижарага олинган нарса учунфойдаланишга топширилган кундан бошлаб ва фойдаланишга яроқли бўлган ҳолатлардагина ижара ҳаққини тўлайди. Лекин, ижарачи ижарага олинган нарсани ҳали қўлга киритмай туриб, унга ижара ҳаққини тўлаши дуруст эмас. Шу билан бир қаторда ижарага берилган нарса, ижарачининг айбисиз яроқсиз ҳолатга келиб қолса, ижарага берувчи томонидан то таъмирлаб, яроқли ҳолатга келтирилгунга қадар ижарачи ижара ҳаққини бермай туриши лозим бўлади.

Юқорида зикр қилинган бандлар ижаравий савдо ва лизингларда акс этмаган. Академия ва Исломий банк ҳайъатлари томонидан рухсат берилган “Эгалик билан якунланувчи ижара”нинг амалдаги лизингдан фарқи шартноманинг асосини ташкил қилувчи айрим бандлар бўлиб, уларни ўзгартириш билан ҳукм ўзгаради ва бирор шаръий монеълик қолмайди. Шунинг учун ҳам Фиқҳ академияси ўзининг учунчи даврасида маълум молни ижарага бериш билан ва бу шартномадан мустақил ҳолда,  алоҳида ҳиба қиламан деган ваъда бўлса, “Эгалик билан якунланувчи ижара” жоиз деб, қарор қилди.

1421/2000 йил ар-Риёдда ўтказилган Ислом фиқҳ академиясининг 12 даврасида “Эгалик билан якунланувчи ижара” борасида академия аъзолари томонидан мавзуга доир баҳс ва мунозаралар тингланиб, қуйидаги қарорлар қабул қилинди:

“Эгалик билан якунланувчи ижара”нинг жоиз ва ножоизтомонлари:

1. Ножоизтомони: Бир нарса устида икки шартноманинг бўлиши.

2. Жоиз томонлари:

А. Икки битимни алоҳида-алоҳида топилиши. Масалан, ижара битимидан сўнг савдо шартномасини қилиш ёки ижара сўнгида товарни ижарачига мулк қилиб бериш ваъдасини топилиши. Ҳукмларда хиёр ваъдага ўхшайди;

Б. Ижаранингамалда бўлишлиги, унинг савдо учунтўсиқ бўлмаслиги;

В.Ижарага олинган нарсанингзоминлигиижарага олувчида эмас, балки ижарага берувчида бўлиши. Шунинг учун ижарага берувчи ижарага берилаётган нарсага етадиган барча табиий зарарларни қоплайди. Товардан манфаат олиб бўлмайдиган даражада яроқсиз ҳолатга келиб қолган вақтда ижарага олувчи ижара ҳаққини тўламайди;

Г. “Эгалик билан якунланувчи ижара”га ижара муддати давомида ижара ҳукмларини жорий қилиш сўнгра муддат тугагач эсаалоҳида суратда савдо ҳукмларини ижроэтиш лозим;

Д. Ижара муддати давомида молнинг асосини ташкил қиладиган бўлакларгазоминлик ижара берувчинингзиммасида бўлади. Молдаги кундалик зарурий ҳаражатлар (мой, ем-хашак) ижарачига юклатилади.

Битимнинг ножоиз суратлари:

1. Ижарани савдо билан қўшиб тугатиш;Яъни белгиланган маблағни белгиланган муддатда ижара сифатида ижарачи томонидан ижара берувчига бериб борилса ва муддат тугагандан кейин ижара битими ўз-ўзидан савдо шартномасига айланиб, мол ижарага олувчига мулк бўлиб қолиши жоиз эмас;

2. Товарни маълум ижара ҳаққига, маълум муддат учун ижара қилиб ва шу шартномага ўша муддатда келишилган ижара ҳаққини тўлаб бўлгач, савдо бўлишини қўшиб  шартнома тузиш жоиз эмас;

3. Ҳақиқий ижара шартномаси ва у билан биргатоварнинг яроқли бўлишида хиёри шарти бор савдони яқинлаштириб тузиш, ҳамда ушбу хиёр ижара муддатининг тугашида собит бўлишини шарт қилиб қўйиш жоиз эмас;

Булар “Ҳайъату киборул уламо” каби илмий ҳайъатларнинг қарорлари ва фатволари асосида эълон қилинган.

Битимнинг жоиз суратлари:

1. Ижара битими – ижарачи маълум муддат белгиланган ижара ҳаққи эвазига ижарага олган нарсадан фойдаланиши мумкин. Алоҳида битим билан белгиланган муддатда белгиланган ижара ҳаққини тўлаб беришга таълиқ қилиб ҳиба шартномаси тузилади ёки маблағни тўлаб бўлгандан кейин молни ҳиба қилишга ваъда қилинади. Бу академия томонидан 13 (1/3) рақам остида чиқарилган қарорга мувофиқ келади;

2. Ижара берувчи белгиланган муддат тугагандан кейин ижарага олинган нарсани ижарачига бозор нархида сотиб олиш ихтиёрини бериши. Бу академия томонидан 44 (5/6) рақам остида чиқарилган қарорга мувофиқ келади;

3. Ижарачи маълум муддат белгиланган ижара ҳаққи эвазига ижарага олган нарсадан фойдаланиши мумкин. Алоҳида битим билан ижарага берувчи ижарачига белгиланган ижара ҳаққи тўлангандан кейин ижарага берилган нарсани келишилган нархга сотиш ваъдасини бериши;

4. Ижарачи маълум муддатга белгиланган ижара ҳаққи эвазига ижарага олган нарсадан фойдаланиши мумкин. Ижарага берувчи ижарачига ижарага берилган нарсани хоҳлаган вақтда бозор нархида сотиб олиш ихтиёрини беради ва савдо битими мустақил тарзда ўтказилади. Бу академия томонидан 44 (5/6) рақам остида чиқарилган қарорга мувофиқ келади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда бизнинг диёрлардаги бўлиб-бўлиб тўлаш билан мулк қилиб олиш кўринишидаги савдо тури учун тўғри шартномани тузиб чиқиш керак деб ўйлайман. Ушбу савдо тури кўринишда тақсит савдосига ёки эгалик билан якунланувчи ижарага ўхшайди.

Агар биздаги бўлиб тўлаш билан мулк қилиб олиш савдосини “эгалик билан якунланувчи ижара” дейдиган бўлсак, мулкнинг аслига етган табиий  зарарга харидор зомин бўлаётгани ижара шартларидан бирига путур етказмоқда. Шу билан бирга шартнома “эгалик билан якунланувчи ижара”  кўринишида тузилса, ижарачи мулкни ижара олувчидан муддат тугагач қайтариб олиши, натижада ижара олувчи тўлаган бўлаклари олган манфаати эвазига ўтиб кетиши вужудга келади. Бу эса ижарага олувчининг ғарарга учрашига сабаб бўлмоқда.

Бизда жорий бўлиб турган савдо турини “Эгалик билан якунланувчи ижара” савдосидан кўра, тақсит савдоси асосида тузиш менинг назаримда келишувга яқинроқ кўринмоқда.

Агар ушбу савдони тақсит савдоси десак,мулкни харидорга мутлақ ўтказиб бермаслик билан тақсит савдосининг шартларидан бўлган тамлик йўққа чиқади. Шу билан бирга агар харидор товарнинг аксар қисмини тўлаб бўлгандан сўнг сотувчи шартномани бузиб, товарни қайтиб олишлиги ҳам тўғри эмас. Ушбу ҳолатда харидор охирги қолган бўлакларни тўлай олмаса, қўлидаги мулкни сотиб, қолган бўлакларни тўлаши таклифи тўғрироқ бўлади. Бунда сотувчи харидор қўл остидаги мулкни сотишига монеълик қилмаслиги шарт.

“Тушир тезлат” қоидаси бу кўринишда, агар тарафлар олдиндан келишиб олишмаган бўлса жоиздир. Агар сотувчи харидор тўлай олмаётган бўлакларни “Тушир тезлат” қоидасига кўра оладиган бўлса, ўша бўлаклардаги фойда миқдорини чиқариб ташлашлиги керак. Биздаги жараёнларга кўра мулкнинг ҳужжатларини харидорга расмий равишда ўтказиб бера олмаса ҳам, сотувчи ушбу мулкнинг харидорга ўтганлиги тўғрисида гувоҳлар олдида васиқа ёзиб бериши, лозим бўлиб қолганда харидорнинг ушбу мулкни сотишига тўсқинлик қилмаслиги лозимдир.

Тақсит савдосида сотувчи харидордан йигирма фоиздан кам бўлмаган маблағни олдиндан олиши жоизлигини юқорида айтиб ўтдик. Шунга кўра сотувчи харидорга мулкни учинчи шахсдан олиб берар экан, дастлаб ўша мулкни ўзида собит қилишлиги сўнгра харидорга сотишлиги, харидор имконият қилиб берган маблағ эса олдиндан олинган маблағ деб ҳисобланиши мақсадга мувофиқроқ бўлади.

Бозордаги урфга кўра мулкни расмийлаштириш жараёнидаги ҳаражатлар асосан харидорнинг зиммасида бўлар экан. Лекин ушбу ҳаражатларнинг ортиб кетганлиги, савдо жараёнида уларни ким амалга оширишини келишиб олишликни тақозо  этади деб ўйлайман...

(Бизда жорий бўлиб турган савдо тури ва унинг муаммоларидан хабардор бўлганлар фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлшишса мамнун бўлар эдик!!! Сиз яна қандай ечимларни таклиф қилган бўлар эдингиз???)


[1] Холид Ҳофий. “Ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик фий завъил фиқҳ ал-исламий” (Ислом фиқҳи нигоҳида эгалик билан якунланувчи ижара). 60-бет.                                                                             
[2]Ал-Ҳасун. Фаҳд. «Ал-ийжар ал-мунтаҳий би-т-тамлик фи-л-фиқҳ ал-исламий» (эгалик билан якунланувчи ижара ислом фиқҳида). Б.-8.
[3]Доктор Тавфиқ Ҳасан Фараж. “Ақдул-байъ вал-муқояза” (савдо ва олди-берди битими) 43-бет
[4]Доктор Жак Ҳаким: «ал-уқуд аш-шаиъа вал-мусамма». 219-бет
[5] Қаранг: Шозилий. Ҳасан Алий. «Мажалла ал-мажмаъ ал-фиқҳий» (фиқҳий академия тўплами). Бешинчи сессия. 4-жилд. 2613-2617бет.
[6]Қаранг Холид  ал-Ҳофий.. “Ал-ижара ал-мунтаҳия би-т-тамлик фий завъи-л-фиқҳ ал-исламий” (ислом фиқҳи ёғдусида эгалик билан якунланувчи ижара талқини). Бет-66-70.
[7] Тақсит савдоси ёки “байъ тақсит” деб, тайёр товарни нотайёр пулга яъни насияга сотишга айтилади.Бунда товарнинг ҳаммаси ёки маълум қисми тақсит савдосига кўра сотилиши мумкин. Шунингдек, товар пули маълум муддатларда маълум бўлаклар тарзида тўланади. Қаранг: Доктор Ҳофий. Холид. “алижара мунтаҳия биттамлик фий завъил фиқҳ алисламий”. (ислом фиқҳи ёғдусида эгалик билан якунланувчи ижара); б.74.
[8] Қаранг: Фаҳд ибн Алий алҲасун. “алижара алмунтаҳия биттамлик фил фиқҳ алисламий”. Б-23.; «Ислом фиқҳи академияси тўплами» 5сон. (4/2605-2606); Доктор Дасуқий. Иброҳим Абу Лайл:“байъ биттақсит валбуюъ алиътиманийя” (тақсит савдоси ва кредит савдолари) б. 315-317.
[9]Қаранг: Ваҳб аз-Зуҳайлий.  “Ислом фиқҳи ва унинг далиллари”. 7/171.

Мақолани тайёрлашда иштирок этганлар:

1.    Аброр Мухтор Алий
2.    Ҳасанхон Қодиров
3.    Муҳаммад Раҳим Абдуқодиров
4.    Абдуллатиф Аллоқулов


3 йил аввал 4133 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ижара китоби
وَلِلْمُؤْجِرِ طَلَبُ الْأُجْرَةِ لِلدَّارِ وَالْأَرْضِ لِكُلِّ يَوْمٍ، وَلِلدَّابَةِ لِكُلِّ مَرْحَلَةٍ، وَلِلْقِصَارَةِ وَالْخِيَاطَةِ إِذَا تَمَّتْ، وَلِلْخُبْزِ بَعْدَ إِخْرَاجِهِ مِنَ давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ижаранинг саҳиҳлиги шартлари
I. Ижарага оид шарт: Бевосита ижарага оид фақат битта шарт бор – ийжоб ва қабул, яъни икки томоннинг розилиги. II. Ижара давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ижарани бузадиган нарсалар ҳақида
   يُفْسِدُهَا شُرُوطٌ تُفْسِدُ الْبَيْعَ. فَيَجِبُ أَجْرُ الْمِثْلِ لَا يُزَادُ عَلَى الْمُسَمَّى وَصَحَّ إِجَارَةُ دَارٍ كُلَّ شَهْرٍ بِكَذَا، بِلَا بَيَانِ الْمُدَّةِ فِي давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ибодат ва маъсиятларга ижара олиш
وَلَا تَصِحُّ لِلْعِبَادَاتِ: كَالْأَذَانِ وَالْإِمَامَةِ وَتَعْلِيمِ الْقُرْآنِ. وَيُفْتَى الْيَوْمَ بِصِحَّتِهَا  Азон айтиш, имомгарчилик қилиш ва Қуръон таълими давоми...