ТАҲОРАТ КИТОБИ


1-    Таҳорат ва унинг ҳукмлари;
2-    Ислом - поклик дини;
3-    Таҳоратнинг қисмлари;
4-    Сувларнинг қисмлари;

Таҳорат ва унинг ҳукмлари
Таҳорат луғатда покликдир. Поклик – инсон табиатан рағбат қиладиган гўзал сифатларнинг биридир. Ислом дини инсонларни покликка тарғиб қилади ва ўзларини пок тутувчиларни мақтайди.
«Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади» (Бақара - 222).
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», деб айтганлар.  (Бухорий ривояти).

Ислом - поклик дини
Бизнинг ҳаниф Ислом динимиз покликка жуда катта аҳамият берган ва мусулмонларни намоз ўқишлари учун аввал таҳорат олишга буюрган. Улар таҳорат қилишаётганда юзлари, қўллари ва оёқларини ювишади. Шунингдек, Ислом мўъминларга ғусл қилиш, бундан ташқари тирноқларини қисқартириш, кийимларини покиза тутиш, жамоат жойларида, хусусан, жума ва ҳайит намозларида хушбўйланиб юришни тарғиб қилади.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётган саҳобаларига: «Сизлар биродарларингиз ҳузурига қайтмоқдасиз. Шундай экан, уловларингиз-у либосларингизни чиройли ҳолда тутинглар. Ҳаттоки, одамлар ичида гўёки хол каби ажраб туринг. Албатта, Аллоҳ бузуқлик ва ахлоқсизликни яхши кўрмайди», деб айтганлар. (Абу Довуд ривояти).

Таҳоратнинг қисмлари
Шариат истилоҳида таҳорат икки қисмга бўлинади:
1. Баданнинг ўзини ҳадасдан (яъни, бетаҳоратликдан) поклашлик. Бу махсус аъзоларни ювиш билан (таҳорат қилиш билан) ёки бутун баданни ювиш билан (яъни, ғусл қилиш билан) бўлади. Сув топилмай қолган пайтда ёки истеъмолидан ожиз бўлган вақтда ғусл ва таҳоратнинг ўринбосари бўлмиш таяммумдан фойдаланилади.
2. Кийимдаги, бадандаги ва макондаги нажосатдан покланиш.

Сувларнинг қисмлари
Сувлар беш қисмга бўлинади:
1. Ўзи пок ва бошқани ҳам покловчи, ишлатишлик макруҳ бўлмаган сувлар. Буларга осмон, анҳор, қудуқ, булоқ, ёмғир ва қор сувлари киради. Улар аслий сифатида боқий турган сувлардир.
2. Ўзи пок ва бошқани ҳам покловчи, лекин ишлатишлик макруҳи танзиҳий бўлган сувлар. Буларга мушук, ташқарида эркин юрган товуқ, сичқон ва шунга ўхшаш уй ҳайвонлари ичиб, улардан қолган сувлар киради. Чунки уй ҳайвонлари нажосатдан сақланишмайди. Бундай сувлардан фойдаланишнинг макруҳи танзиҳийлиги ўша ҳайвонларнинг ҳолатларидан бехабар кишилар учундир. Аммо бу ҳайвонлардан бири тоза нарсани еса-ю, сўнг сувни ичса, бундай сувни ишлатишда макруҳлик бўлмайди. Ёки улардан бири нажосатни еб, сўнг сувдан ичса, мана шу қолган сув нажосатга айланади. Уни истеъмол қилмоқлик дуруст эмас.
3. Ўзи пок, аммо ҳадасдан поклай олмайди (яъни, бетаҳорат одам у сувда таҳорат қилса, таҳоратли бўла олмайди), лекин ҳубусдан (яъни, нажосатдан) бу сув билан покланиш мумкин. Буларга таҳоратдан тушган сувлар киради. Баъзан таҳорати бор одам ҳам таҳорат қилади. Шундаги ишлатилган сув ҳам, ғуслдан тушган сув ҳам оби мустаъмал, яъни ишлатилган сув, дейилади ва уларнинг ҳукми таҳоратсизликни кетказиш учун ишлатилган сувнинг ҳукми билан бир хилдир. Яъни, ўзи пок, аммо ҳадасдан поклай олмайди. Буларга ўсимликлардан сиқиб чиқарилган сувлар ҳам киради. Мисол: гул суви, қовун шарбати.
4.    Нажосат сувлар. Буларга ўзи оз бўлиб, тўхтаб турган ва унга асари кўринмаса-да, нажосат аралашган ёки ўзи оқувчи бўлиб, унга нажосат аралашган ҳамда асари унда зоҳир бўлган сувлар киради. Нажосатнинг асари, деганда таъми, ранги ёки ҳиди назарда тутилади. Шунингдек, кўп сувга нажосат аралашиб, унинг бирор сифатини ўзгартирса ҳам, шу сув нажосат ҳисобланади. Аммо кўп сувга нажосат тушган-у, лекин сувнинг сифати, яъни таъми, ҳиди, ранги ўзгармаган бўлса, бу сув нажосат ҳисобланмайди. Кўп сув, деганда денгиз, анҳор, ариқ, канал, тўғон сувлари назарда тутилади. Шунингдек, тўрт томони юз газли бўлган ҳовуз сувлари ҳам ёки айланасига ўттиз олти газли жойни ўз ичига оладиган сувлар ҳам ундан ҳовучлаб олганда ости кўриниб  қолмаслик шарти билан кўп сувларга киради. Бундан камлари эса оз сувлардир.
5.    Ўзи пок, аммо поклашлигида шубҳа бўлган сувлар. Буларга эшак ёки хачирдан қолган сувлар киради. Зеро, буларнинг сўлаклари покдир! Бу ерда шак хачирнинг гўшти ҳаром ёки мубоҳлиги тўғрисида келган икки бир-бирига зид хабар сабабидандир. Агар поклаш учун бошқа сув бўлса, шаклик сувдан фойдаланилмайди. Бироқ бошқа сув бўлмаса, бу сув билан таҳорат қилинади-да, яна таяммум ҳам қилиб олинади.
1- Қолдиқлар ҳукми;
2- Қудуқ сувлари;
3- Сувни тушиши билан нажосат қилмайдиган нарсалар;
4- Нажосат;
5- Авф қилинган нажосатлар;
6- Нажосатни тозалаш йўл-йўриғи;
Қолдиқлар ҳукми
Ичилгандан сўнг қолган оз сувга қолдиқ сув, дейилади ва булар тўрт қисмга бўлинади:
1.    Ўзи пок ва яна покловчи бўлган қолдиқ сув. Буларга оғзида нажосат бўлмаган ҳолда хоҳ катта киши, хоҳ кичик бола бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин ва хоҳ жунуб, хоҳ ҳайзли бўлсин, инсондан қолган сувлар киради. Аммо сув ичаётган вақтида оғзида нажосат асари бўлса, (масалан, ароқ, тўнғизнинг ёғи, қон ва ҳоказо) у инсондан қолган сув нажосат ҳисобланади. Агар бундай одам лабини ялаб, сўлагини бир неча бор ютган бўлса, ундан қолган сув нажосат бўлмайди, лекин макруҳ ҳисобланади.
Отдан ва ҳар бир гўшти ейиладиган ҳайвондан қолган қолдиқ сувлар ҳам юқоридагидек ўзи пок ва покловчидир. Аммо кавш қайтарадиган ҳайвонларнинг оғзида ўша қайтариб чайнаётган нарсасининг асари бўлса, ундан қолган қолдиқ сув нажосат бўлади. Чунки кавш ошқозондаги нарсани қайтаришдир, шунинг учун ҳам қайтарган нарсаси нажосатдир. Гўшти ейиладиган ҳайвон нажосат еса-ю, оғзида нажосат асари қолмаган бўлса, унинг қолдиқ суви макруҳ бўлади.
(Изоҳ: Гўшти ейиладиган ҳайвонлар зикр қилинганда отни алоҳида келтириш унинг ҳам гўштини ейиш жоизлигини таъкидлаш учундир. Шофеъийлар фиқҳига кўра от гўшти кароҳиятсиз мубоҳдир. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг  наздида эса макруҳдир. У кишини икки шогирди, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг наздиларида эса мутлақ ҳалол бўлиб, фатво ҳам шунга кўрадир).
2.    Нажосат бўлган қолдиқ сув. Уни ишлатиб бўлмайди, у билан бошқа нарсани тозалаш ҳам дуруст эмас, мажбур бўлгандан бошқа пайтда бу сувдан ичиб ҳам бўлмайди. Буларга итдан, чўчқадан ва (бўри, шер, маймунга ўхшаш) йиртқич ҳайвонлардан қолган сувлар киради. Чунки уларнинг сўлаклари сутлари ва терлари каби нажосатдир.
3.    Ишлатишлик макруҳ бўлган қолдиқ сувлар. Яъни, тоза сув бўлса-ю, бу қолдиқ сувни ишлатса, макруҳ ҳисобланади. Аммо бошқа сув бўлмаса, уни ишлатиш макруҳ эмас. Буларга мушукдан қолган ва гўдак қўлини тиққан сувлар, шунингдек кўчада қўйиб юборилган ахлатхоналарда юрадиган товуқлардан ҳамда йиртқич қушлардан қолган қолдиқ сувлар киради.
(Изоҳ: Ушбу қолдиқ сувларнинг макруҳлиги уларнинг ҳолатидан бехабар кишилар учундир. Агар мушукнинг оғзида, гўдакнинг қўлида, товуқ ҳамда йиртқич қушларнинг тумшуқларида нажосат асари борлиги аниқ бўлса бу сувлар нажосатдир. Лекин уларда нажосат асари йўқлиги маълум бўлса бу сувлар покдир.)
4. Ўзи пок, аммо покланишлигида шак қилинган қолдиқ сув. Буларга эшак ёки хачирдан қолган сувлар киради. Ҳар бир ҳайвондан чиқадиган тернинг ҳукми поклик ва нажосатликда ундан қолган қолдиқнинг ҳукми билан бир хилдир.

Қудуқ сувлари
Аксар қудуқ сувлари оз сув, деб эътиборга олинади. Чунки уларнинг сатҳи ўн газга-ўн газдан кам бўлади. Агар қудуқда қони оқувчи ҳайвон ўлса, шу қудуқнинг суви, девори, ичидаги челаги ва арқони нажосат бўлади. Қудуқдан топилган ҳайвон шишиб ёки титилиб кетган бўлса, яъни аъзолари ажраб, туклари тўкилиб кетса, бу қудуқнинг ҳамма суви чиқариб ташланмаса, тоза бўлмайди. Агар ҳамма сувини чиқариб ташлашнинг имкони бўлмаса, икки юз челак сувни чиқариш билан қудуқ покланади. Уч юз челак сувни чиқариб ташлаш эса мустаҳабдир. Сув чиқариш ўлган ҳайвонни олиб ташлагандан кейин саналади. Бунда ҳар бир қудуқнинг ўз челаги эътиборга олинади. Агар қудуқда бир ҳайвон ўлган бўлса-ю, у ҳали шишмаган, титилмаган ва ёки туклари тўкилиб кетмаган бўлса ва унинг катталиги одамдек ёки қўйдек ё эчки боласидек бўлса ҳам, бу қудуқнинг ҳукми юқоридаги чириган ўлимтик топилган қудуқнинг ҳукми билан бир хил бўлади. Яъни, имкон қадар ҳамма сув чиқариб ташланади, имкон бўлмаса, икки юз челак сув чиқариб ташланади. Уч юз челак сувни чиқариб ташлаш эса мустаҳаб бўлади.
Агар қудуқдан топилган ўлимтик ҳайвоннинг катталиги мушукдек ёки каптардек ва шунга ўхшаш ҳайвонлардек бўлса, ундан қирқ челак сувни чиқариб ташлаш вожиб, олтмиш челак сув чиқариб ташлаш эса мустаҳаб бўлади. Агар ўлимтикнинг катталиги чумчуқ ёки сичқон ҳажмидек бўлса, қудуқдан йигирма челак сув чиқариш вожиб, ўттиз челак сув чиқариб ташлаш эса мустаҳабдир. Одам, товуқ ва сичқоннинг ўз туридаги катта-кичиги орасида фарқ йўқ. Булар хусусида далил шундай ворид бўлган.
(Изоҳ: Яъни, чақалоқнинг жасади билан кексанинг, жўжа билан товуқнинг, сичқон билан унинг боласи жасади бир деб ҳисобга олинади.)
Аммо матнда зикр қилинмаган ҳайвонлар ўлимтиги қудуқдан топилса, ҳар бири ўз туридагиларнинг каттасига қўшиб ҳисоб қилинади.
Агар қудуққа ҳайвон тушиб кетса-ю, тирик чиқариб олинса, унинг аслига қаралади. Асли нажосат бўлса, имкон қадар ҳамма сув чиқариб ташланади. Имкон бўлмаса, икки юз челак чиқариш вожиб, уч юз челак чиқариш эса мустаҳабдир. Асли нажосат бўлган ҳайвон чўчқадир.
Агар тушиб кетган ҳайвоннинг асли чўчқага ўхшаш нажосат бўлмаса-ю, баданида ғализа нажосат бўлса ҳам, ҳукми юқоридагидек бўлади. Аммо баданида нажосат бўлмаса, сувни чиқариб ташлаш вожиб эмас, лекин қалб хотиржамлиги учун йигирма челак сув чиқариб ташланса, яхши бўлади. Бу гап қудуққа тушган ҳайвоннинг оғзи сувга тегмаганда эътиборга олинади. Аммо ҳайвоннинг оғзи сувга тегса, энди унинг сўлаги эътибори билан ундан қолган қолдиқ сув ҳисобга олинади. Қолдиқ сувлар ҳақидаги маълумотлар юқорида ўтди.

Сувни тушиши билан нажосат қилмайдиган нарсалар
Қудуққа тушиши билан уни нажосат қилмайдиган ҳайвонларга жасадида қон томири бўлмаган ҳайвонлар киради. Мисол учун пашша, ари ва ҳоказолар. Яна қўйнинг қумалоқлари, туя ёки сигирнинг тезакларига ўхшаш оз миқдордагиси қудуққа тушса уни нажосат қилмайди. Сақланиш имкони йўқ нарсаларнинг кам-кўплиги қараган кишининг эътибори билан билинади. Яъни, қараган киши кўп деса, қудуқ нажосат бўлади, кам деса, нажосат бўлмайди.

Нажосат
Нажосат икки қисмга бўлинади:
1. Ҳақиқий нажосат:
(Изоҳ: Буни хубус деб ҳам юритилади. Хубус деб поклик ва таҳоратни кетишига сабаб бўладиган нажосатларга айтилади).
Буларга инсоннинг олди ва орқасидан келадиган нарсалар, қон, маст қилувчи ичимликлар, чўчқа гўшти ва ҳоказолар киради.
2. Ҳукмий нажосат:
(Изоҳ: Буни ҳадас деб юритилади. Ҳадас деб катта ва кичик таҳоратнинг кетишига айтилади). Яъни бу ғусл ва таҳорат қилиш вожиб бўлган вақтдаги бетаҳоратликдир.
Ҳақиқий нажосат ҳам иккига бўлинади:
1. Ғализа (оғир) нажосат; Буларга қон, инсоннинг олди ва орқасидан чиқадиган нажосатлар, маст қилувчи ичимликлар, ўлимтик ҳамда чўчқанинг гўшти, териси ва ҳоказолар киради.
2. Хафифа (енгил) нажосат; Буларга қўй, мол ва туя каби гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби, гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаклари киради.

Авф қилинган нажосатлар
Агар ғализа нажосат кўпи билан бир дирҳам миқдорида қуюқ бўлса, шу билан ўқиб қўйилган намоз дуруст бўлади. (Уни қайтариб ўқиш шарт эмас.) Бир дирҳам тахминан уч граммга тўғри келади. (Бир дирҳам миқдоридан кўп бўлса, нажосатни тозалаб ташлаб, намозини қайтадан ўқийди).
Агар нажосати ғализа сийдикка ўхшаш суюқ бўлса, инсоннинг кафти кенглигича миқдордагиси билан намоз дуруст бўлади. Кафт кенглигидан кўпроқ бўлса, намозини қайта ўқийди. (Игнанинг учи каби) оз миқдорда сачраган сийдик кечиримлидир, чунки ундан сақланиш қийин. Қассобга зарурат сабабидан етган оз миқдордаги қон ҳам, кўчалардаги лойга аралашиб кетган нажосат ҳам сақланишнинг имкони йўқлиги учун кечирилгандир.
Нажосати хафифадан авф қилингани кийимнинг ёки баданнинг тўртдан бирига етганидир. Бу айтилган нарсалар кийим, бадан ва маконга ўхшаш нарсалар хусусидадир. Оқиш хусусияти бор нарсаларга нажосат тушса, у хоҳ оғир, хоҳ енгил бўлсин, барибир нажосат ҳисобланади. Шунингдек, тушган нажосатнинг вазни ҳам, сатҳи ҳам бу ўринда эътиборсиздир.
Чумчуқ ва кабутар каби гўшти ейиладиган қушларнинг тезаги покдир.

Нажосатни тозалаш йўл-йўриғи
1. Нажосат теккан кийим камида бир марта ювиш билан, кўринадиган нажосат бўлса, айни ўзини кетказиш билан тозаланилади. Бу оқар сувда ёки устидан сув қуйиш билан бўлиши керак. Аммо нажосатли кийим бирор идишга солиб ювилса, уни идишдан олиб, уч марта устидан сув қуйиб, ҳар сув қуйгандан сўнг яхшилаб сиқиш билан тозаланади. Агар кийимдаги нажосат пешобга ўхшаш кўринмайдиган бўлса, юваётган одам тоза бўлди, деб қаноат ҳосил қилгунича ювилади.
(Изоҳ: Ушбу қаноат одатда уч марта ювиб сиқиш билан ҳосил бўлади).
2. Ердаги нажосатнинг устидан уч мартагача тоза сув қуйилади ва ҳар сафар бир парча тоза латта билан артиб ташланади. Агар нажосатли ерга кўп сув қуйилиб, нажосатнинг асари қолмаса, у ер ҳам намоз ўқиш учун пок бўлади. Булар қаттиқ ерларда шундайдир. Аммо нажосатли ер юмшоқ, сув қуйганда шимиб кетадиган бўлса, ундаги нажосатнинг асарини кетказиш билан тозаланилади.
Ер қуриши билан ҳам пок бўлади. Уни сув билан тозалаш шарт эмас. У ерда намоз ўқиш жоиз. Лекин таяммум учун пок бўлмайди. Чунки бу ер ўзи пок бўлса-да, бошқани поклай олмайди. Таҳоратда ўзи пок ва бошқани ҳам покловчи сув шарт қилинганга ўхшаш, таяммумда ҳам ўзи пок ва поклашлик қобилияти бор тупроқ шарт қилинган.
3. Бадандаги нажосат қонга ўхшаш кўринадиган бўлса, у айни ўзини кетказиш билан, пешобга ўхшаш кўринмайдиган бўлса, ювувчи гумонининг ғолиби билан тозаланади. Одатда уч марта ювиш билан тоза бўлди, деган гумон ғолиб бўлади.
4. Нажосат бўлган нарса куйдирилиб кулга айланса ҳам тоза бўлади.
5. Зайтун, зиғр, пахта каби суюқ ўсимлик мойларига нажосат тушган бўлса, уч марта сув қуйиб, шу сувни чиқариб юбориш билан покланади. Ёки ёғни ости тешик идишга солиб, тешик беркитилади ва устидан сув қуйилади. Шунда ёғ сувнинг юзасига чиқади ва сув чиқиб кетиши учун тешик очиб қўйилади. Шу амал уч марта бажарилади. Ёғ суюқ бўлганда шундай қилинади. Агар ёғ қаттиқ бўлса, нажосат теккан ўринни олиб ташлаб қолгани эса истеъмол қилинаверади.
(Изоҳ: Нажосат теккан нарсани ювиб-сиқишнинг иложи бўлмаса, қатрон қилинади. Мисол учун бир сопол пиёла ёки косага нажосат теккан бўлса, уни уч марта ювилиб, ҳар гал томчи сув унда қолмагунича бир жойга қўйилади. Лекин ювиб, сувини бирор нарса билан артиб олиш тўғри эмас. Чинни идишлар эса уч марта ювиш билан пок бўлади. Шу ўринда дарз кетган идишларни ишлатиш макруҳлигини ҳам айтиб ўтиш лозим. Агар уларга нажосат тегса, Бу нажосат дарзнинг орасига кирб қолиб, ювиш ёки қатрон орқали ҳам тоза бўлмайди. Пичоқ, қилич ва шунга ўхшаш нарсаларга нажосат тегса, уларни ишқалаш билан покланади. Гилам, палосга ўхшаган нарсаларнинг устидан бир кеча ва кундуз сув оқизиб қўйилса, пок бўлади).
6. Нажосат бўлган ҳовуз ва кўп миқдорда сув сақланадиган идишлар бир томонидан тоза сувни оқизиб, иккинчи томонидан чиқариб юбориш билан покланади. Қудуқ, кўл ва ҳаммомнинг ҳам суви бир томонидан тоза сув киргизиб, иккинчи томонидан чиқариб юборилса, тозаланади. Худди шу сингари нажосат бўлган ёғнинг бир томонидан ўз жинсидаги тоза ёғни оқизиб, иккинчи томонидан чиқариб юборилса, тоза бўлади.
(Изоҳ: Албатта бунда ҳовуз, идиш, қудуқ, кўл ва ҳаммом сувларининг миқдорида тоза сув киргизилиши керак. Бу миқдор аниқ билиниши ёки икки тажрибали чамаловчининг сўзи билан аниқланиши лозим. Ёғни тозалашнинг бу услуби ҳам ушбу тартибда бўлади). 
7. Оёқ кийимига теккан қуюқ нажосат қуруқ бўлса, уни ишқалаб аслини кетказиш билан покланади. Аммо пешобга ўхшаш суюқ нажосат теккан бўлса, гарчи қуриб қолган бўлса ҳам, фақат ювиш билан покланади.
8. Кийимда одамнинг қуриган манийси бўлса, ишқалаб аслини кетказиш билан покланади. Агар асли кетса-ю, унинг изи қолса, зарари йўқ. Аммо ҳўл бўлса, уни фақат ювиш билан тозалаш вожиб. Қуриган нажосат ювиш ёки ишқалаш билан аслини кетказиб тозаланилади. Уни кесак, қоғоз билан тозалаб бўлмайди. Чунки кесак ва шу кабилар қуриган нажосатни ўрнидан кўчириб ололмайди.
9. Ўлимтик ҳайвонларнинг териси ошлаш билан пок бўлади. Чўчқа билан инсоннинг териси ошланса ҳам, пок бўлмайди. Чунки инсоннинг асли мукаррамдир, чўчқанинг асли, яъни айни ўзи нажасдир.
10. Ўзи нажосат бўлса-ю, бошқа салоҳиятли нарсага, мисол учун маст қилувчи ичимликлар сиркага, кийикнинг қони мушкка айланса пок бўлади. Нажосатни поклашда ният шарт қилинмайди.
1-    Қазои ҳожат ва истинжо одоблари;
2-    Таҳорат ва унинг ҳукмлари;
3-    Таҳоратнинг дуруст бўлиш шартлари;
4-    Таҳоратнинг фарзлари;
5-    Таҳоратнинг суннатлари;
6-    Таҳоратнинг одоблари
7-    Таҳоратнинг макруҳлари;
8-    Таҳоратнинг сифатлари;
9-    Таҳоратни синдирувчилари;
10-    Узрли кишининг таҳорати;
11-    Узрли кишининг ҳукми;
12-    Узрли кишига вожиб бўлган нарсалар;
13-    Таҳоратсиз кишига ҳаром бўлган нарсалар.
________________________________________
Қазои ҳожат ва истинжо одоблари
Ҳожатхонага кираётган киши учун қуйидаги амаллар одоб ҳисобланади:
1. Киришдан олдин ушбу дуони ўқиш:

اللَّهُمَّ إني أعُوذُ بِكَ مِنَ الخُبْثِ وَالخَبَائث

«Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубси вал хобаис». (Абу Довуд, Термизий, Насаий ривояти).
Маъноси: «Аллоҳим, эркак ва аёл шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилайман».
2. Ҳожатхонага чап оёғи билан кириб, ўнг оёғи билан чиқиш;
3. Чиққандан сўнг ушбу дуони ўқийди:

غُفْرَانَكَ ، الحمدُ للهِ الَّذِي أذْهَبَ عَنِّي الأَذَى وعَافَانِي

«Ғуфронака. (Абу Довуд ривояти). Алҳамдулиллаҳиллазий азҳаба ъаннил аза ва ъафоний». (Ибн Можа, Ибн Абу Шайбалар ривоят қилишган).
Маъноси: «Мағфират қилишингни сўрайман, мени офиятли қилган ва мендан азиятни кетказган Аллоҳга ҳамд бўлсин».
4. Қазои ҳожатни ўтирган ҳолда бажариш, фақат ўтира олмайдиган узри бўлса, турган ҳолда бажаради;
5. Қазои ҳожат вақтида, истинжо ҳолатида бош кийим билан Аллоҳдан ва малоикалардан ҳаё қилган ҳолда ўтириш.
Қабр устига қазои ҳожат қилиш, кенг дала бўлсин, бирор бинонинг ичи бўлсин, қиблага юзланиб ёки унга орқа қилиб ўтириш макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳдир. Тўхтаб турган оз сувга ҳожат қилиш ҳаромдир. Агар тўхтаб турган сув кўп бўлса, унга ҳожат қилиш макруҳи таҳримийдир. Агар сув оқувчи бўлса, унга ҳожат қилиш макруҳи танзиҳий бўлади.
(Изоҳ: Бу сувга пешоб қилса бўлади, дегани эмас. Сувга пешоб қилишнинг разолати инсон ўзининг юзига пешоб қилиши разолати билан баробардир. Мусулмон одам бундай ишни ҳеч қачон қилмаслиги керак. Бу ўринда амалнинг ҳукмини масала сифатида келтирилмоқда.)
Сувхоналарга, сув оқиб келадиган ерларга, инсонлар юрадиган, салқинлаб ўтирадиган, тўпланадиган жойларга қазои ҳожат қилиш макруҳдир. Яна ҳожат вақтида гапиришлик, тили билан Аллоҳ таолони зикр қилишлик, қуёш ёки ойга юзланиб ўтиришлик ҳам макруҳдир. Истинжо, деб нажосат чиқадиган ўринларни сув билан тозалашга, истижмор эса тош билан тозалашга айтилади. Бу эркакларга ва аёлларга суннати муаккададир. Лекин нажосат махражга, яъни нажосат чиқадиган ўринга дирҳам миқдоридан кўпроқ ёйилган бўлса, кесакнинг ўзи кифоя қилмайди, балки сув билан ювиш вожиб бўлади. Буни чап қўл билан қилиш мустаҳаб амалдир. Кесак ишлатиб, сўнг сув билан ювиш фақат бири билан кифоялангандан кўра афзал ҳисобланади.

Таҳорат ва унинг ҳукмлари
Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, намозга турсанглар, юзингларни ювинглар ва қўлингларни тирсагигача (қўшиб) ювинглар ва бошингларга масҳ тортинглар ва оёғингларни тўпиғигача (қўшиб) ювинглар», деб айтган. (Моида сураси, б-оят).
«Алий каррамаллоҳу важҳаҳу: «Эй Ибн Аббос, сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  қай тарзда таҳорат қилганларини кўрсатайми?» деди. Ибн Аббос: «Майли», деди. Шунда у идишни қўлига қийшайтириб, уни ювди. Кейин ўнг қўлини киргизиб, ундаги сувни наригисига қуйиб икки кафтини ювди. Сўнгра мазмаза ва истинсор қилди (яъни оғзи-бурнига сув олиб ювди). Кейин иккала қўлини идишга солди-да, бир ҳовуч сув олиб, юзига ишқалади. Сўнг икки бош бармоғини қулоқ атрофларига айлантирди. Кейин иккинчи бор, кейин учинчи бор худди шундай қилди. Сўнг ўнг кафтида бир ҳовуч сув олиб, пешонасига қуйди-да, уни юзидан оқиб тушишига қўйиб берди. Кейин билакларини тирсакларигача уч марта ювди. Сўнгра боши ва қулоқлари устига масҳ тортди. Кейин иккала қўлини киргизиб бир ҳовуч сув олди. У билан оёғига урди ва уни ювди. Бу барча қисмига сув етиши учун бўлди. Кейинги оёғини ҳам шундай қилди». (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Таҳоратнинг дуруст бўлиш шартлари
1. Ювилиши фарз бўлган ҳар бир аъзони қолдирмасдан ювишлик;
2. Аъзоларга сув етишидан тўсадиган нарсаларнинг бўлмаслиги;
Сувдан тўсадиган нарсалар: ёғ, хамир, мум, аёллар тирноқларига қўядиган лак ва шу кабилар.
3.Таҳоратга киришишдан олдин таҳоратга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай нопокликлардан ҳоли бўлишлик;
Пешоб томаётган вақтда, бурун қонаётганда уларни тўхтатмасдан қилинган таҳорат дуруст бўлмайди, чунки улар (бавл ва қон) таҳоратга тўсқинлик қилувчи нопокликлардандир.
Лекин бурни доим тўхтамасдан қонайдиган, пешоби ҳам тўхтамасдан томиб турадиган кишининг таҳорати ва намози узр сабабидан дуруст бўлади. Фақат шу шарт биланки, узрли одам ҳар бир намознинг вақти учун алоҳида таҳорат қилади.

Таҳоратнинг фарзлари
Юқорида зикр қилинган ояти каримага кўра, таҳоратнинг фарзлари тўрттадир:
1. Юзни бир марта ювишлик;
Ювиш, дегани сув тегиши лозим бўлган ўринлардан сувни оқизишдир. Юзнинг чегараси узунасига соч чиққан жойдан жағнинг остигача, кенглиги эса икки қулоқ юмшоғининг орасигача бўлган ўриндир.
2. Икки қўлни тирсаклари билан қўшиб бир марта ювишлик;
3. Бошнинг тўртдан бирига бир марта масҳ тортиш;
4. Икки оёқни ҳам ошиғи билан қўшиб бир марта ювишлик;
Оёқнинг ошиғи қадамдан юқорида, тўпиқдан пастдаги бўртиб кўриниб турган суякдир.
Таҳорат қиладиган киши агар тирноқлари узун бўлса, унинг остига сув етказиши ва яна кўзи атрофига йиғилиб қоладиган кирларни олиб, остига сув теккизиши ҳам шартдир.

Таҳоратнинг суннатлари
1. Таҳоратни «Бисмиллаҳ...» билан бошлаш;
2. Таҳорат қилишга ёки ҳадасни ўзидан кетказишга ният қилиш;
(Изоҳ: Ниятнинг ўрни қалбдир, уламолар қалбни уйғотиш учун нутқ қилиш маҳбуб, дейишган. Бу сўзни Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий “Иҳё улумид-дин” китобида, ният бобида келтирган).
3. Таҳоратни бошлашдан аввал икки қўлни бўғинигача уч марта ювиб олмоқ;
4. Таҳоратни мисвок ишлатиш билан бошламоқ;
5. Сув билан оғизни ғарғара қилмоқ; (Буни мазмаза деб ҳам юритилади).
6. Бурнига ҳам уч марта сув олиб қоқмоқ; (Буни истинсор деб ҳам юритилади).
7. Оғиз билан бурунга сувни яхшилаб, ҳатто мия ачишгунча олиш ҳам суннатдир;
Лекин рўзадор одамнинг рўзаси очилиш эҳтимоли борлиги учун бурунга мия ачишгунча ва оғизга ҳам тамоқдан ўтай, дегунча сув олиш макруҳ ҳисобланади.
8. Ювишлик талаб қилинган ҳар бир аъзони уч мартадан ювмоқ;
9. Соқол қалин ва юзни беркитадиган даражада бўлса, пастидан юқорига ҳилол қилиш ҳам суннатдир. Бу юзни уч бор ювгандан сўнг бажарилади. Аммо соқол сийрак ва юзни беркитмайдиган бўлса, унда сувни соқолнинг остига етказиш вожиб бўлади.
10. Қўл ва оёқ бармоқлари орасига ҳилол қилмоқ;
11. Бошнинг ҳаммасига масҳ тортмоқ;
12. Икки қулоққа ҳам бошга масҳ торгандаги нам қўл билан масҳ тортмоқ;
13. Ювиш талаб қилинган ўринларни сув билан ишқаламоқ;
14. Таҳоратнинг орасига бошқа иш аралаштирмасдан пайдар-пай бажармоқ;
Бунда бир аъзо қуриб қолмасдан иккинчисини ювилади.
15. Ояти каримадаги тартиб каби таҳорат қилиш, яъни, қўлдан олдин юзни, бошга масҳ тортишдан олдин қўлни, оёқни ювишдан олдин бошга масҳ тортишни бажармоқ ҳам суннатдир;
16. Қўл ва оёқларни ўнгидан бошлаб ювмоқ;
17. Бўйинга масҳ тортмоқлик ҳам суннатдир. Халқумга масҳ тортишлик суннат эмас, балки бидъатдир.

Таҳоратнинг одоблари
1. Ердан юқорироқ ўринга ўтириб таҳорат олмоқ;
2. Таҳорат пайтида қиблага юзланган бўлмоқ;
3. Аъзоларни ювишда бошқа кишидан ёрдам сўрамаслик, лекин ожизлиги ва касаллиги сабабли ёрдам сўраса, дуруст бўлади.
(Изоҳ: Лекин биров ўзи ёрдамчи бермоқчи бўлса, мисол учун таҳоратга сув қуйиб туришликни истаса бунинг зарари йўқдир. Чунки таҳорат қилувчи ундан ёрдам сўрамаяпти, балки унинг ўзи ёрдам бермоқчи. Демак бунинг таҳорат одобларига зид жойи йўқ). 
4. Мубоҳ сўзларни тарк қилмоқ;
5. Оғизга ўнг қўл билан сув олмоқ; Бурунга ҳам ўнг қўл билан сув олиб, чап қўл билан қоқади.
6. Ювиш фарз бўлган аъзоларнинг белгиланган жойидан кўпроғини ювиб, ҳадисда келганидек, қиёматдаги нур ва қашқани узайтирмоқ;
7. Кенгроқ узукни таҳорат вақтида ҳаракатлантириб қўймоқ ҳам одобдир; Аммо узук тор бўлса, унинг остига сув тегиши учун ҳаракатлантириш шарт бўлади.
8. Таҳоратдан сўнг қиблага юзланиб тик турган ҳолатда шаҳодат калималарини ва маъсур дуоларни ўқимоқ:

أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ ، اللَّهُمَّ اجْعَلْنِي مِنَ التَّوَّابِينَ ، وَاجْعَلْنِي مِنَ الْمُتَطَهِّرِينَ

«Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу. Аллоҳуммажъалний минат таввабийна важъалний минал мутатоҳҳирийн». (Муслим, Термизий ва Байҳақий ривояти).
Маъноси: «Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиздир, Унинг шериги йўқ ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир. Аллоҳим, мени тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қил» .
9. Модомики, макруҳ вақтлар бўлмаса, таҳоратдан сўнг икки ракат намоз ўқиб қўйиш ҳам одобдандир.
Нафл намозларни ўқиш макруҳ ҳисобланадиган вақтлар қуйидагилар:
- Субҳи содиқ киргандан сўнг то қуёш чиққунча;
- Қуёш чиқишни бошлагандан то бир найза бўйи кўтарилгунча; Бу қарийб ярим соатга боради.
(Изоҳ: Шу пайтда ҳар қандай намоз ўқиш ҳаромдир. Ҳатто бомдод намозини қазо қилган одам шу вақтни ўтказиб кейин ўқийди).
- Кундузнинг ўртасида, яъни қуёш тиккага келганда; Тақрибан бу вақт пешиндан ярим соат олдин бўлади. Буни завол вақти, дейилади. (Шу орада ҳам намоз ўқиш ҳаромдир).
- Аср намози ўқиб бўлингач, то шомгача бўлган вақтда нафллар макруҳдир;
- Қуёшнинг нури кетган вақтдан то шомгача ўқилган намоз ҳам ҳаромдир, бу тақрибан қуёш ботишидан ярим соат олдинги вақт ҳисобланади.
(Изоҳ: Аммо ўша куннинг асрини ўқимаган бўлса, уни қуёшнинг ярми ботаётган бўлса ҳам ўқиб олади.)

Таҳоратнинг макруҳлари
Қуйидаги ишлар таҳоратда макруҳи танзиҳий ҳисобланади:
1. Сувни исроф қилиш;
(Изоҳ: Ҳатто уч марта ювиш суннат бўлган ўринларни икки марта ёки уч марта ювганлиги ўртасида шак қилиб қолса, модомики, икки марта ювган бўлса ҳам, уч марта ювганликка ҳисоб қилади. Чунки шу ўринда икки марта билан кифояланса зарари йўқ, аммо тўрт марта бўлиб кетса, бидъат ва исроф ҳисобланади. Демак кўпайиб кетиш эҳтимолидан сақланган маъқулдир).
2. Сувни ўта кам ишлатишлик;
(Изоҳ: Ҳатто ювиш лозим бўлган ерларга сувнинг оқиб бормаслиги ва у жойларни нам қўл билан ишқалаб, шу билан кифояланиш ҳам макруҳдир).
3. Сувни юзга зарб билан уриш;
4. Рўзадор одамнинг бурнига ва оғзига сувни қаттиқ тортиши ҳам макруҳдир. Чунки бунда рўзанинг очилиб кетиш хавфи бор;
5. Нажосатли ўринларда таҳорат олиш;
6. Таҳорат асносида заруратсиз гаплашиш;
7. Бурун ва оғизга сув олиш ҳамда ниятга ўхшаган таъкидланган суннатларни тарк қилишлик ҳам макруҳдир.

Таҳоратнинг сифатлари
Таҳорат уч қисмга бўлинади:
1.    Фарз - таҳоратсиз киши намоз ўқимоқчи бўлса, хоҳ у нафл бўлсин, хоҳ жаноза намози бўлсин ёки тиловат учун сажда қилмоқчи бўлсин ё Қуръони каримдан бир оят бўлса ҳам, ушламоқчи бўлсин, унга таҳорат қилиш фарз бўлади.
2.    Вожиб - Каъбаи Муаззамани тавоф қилмоқчи бўлган таҳоратсиз кишига таҳорат қилиш вожибдир.
3.    Мандуб, яъни тавсия қилинган - таҳоратсиз кишининг уйқудан олдин, уйғонгандан кейин таҳорат олиши, таҳоратли кишининг яна таҳорат олиши, ғийбат, чақимчилик, ёмон сўзлардан, ҳар бир хатодан сўнг, маййитни ювгандан кейин, яна ҳар намозга алоҳида таҳорат олиш, жунуб кишининг ғусл қилишидан олдин, овқатланишдан, ичимлик ичишдан, ухлашдан, яна бир бор эр- хотинлик қилишдан олдин таҳорат олиши, ғазаб келганда таҳорат қилиш, (чунки ғазаб шайтондан бўлиб, шайтон эса ўтдан яратилгандир, ўт эса сув билан ўчирилади) Қуръон қироат қилиш, ҳадис ўқиш, шаръий илмлардан дарс қилиш, азон ва иқомат айтиш, хутба ўқиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш, Арафот тоғида туриш, Сафо ва Марвани сайъ қилиш учун қилинган таҳорат мандуб ҳисобланади. Яна туя гўштини егандан сўнг таҳорат олиш ҳам мандубдир. Уламоларга мухолиф бўлмаслик учун ҳам таҳорат олиш одобдир. Мисол учун аёл кишини ушлаш билан имом Шофеъий наздларида таҳорат синади, худди шунингдек, кафтининг ичи билан ўз авратини ушласа ҳам. Бизнинг мазҳабимизда бу кўринишда таҳорат синмаса ҳам, яна қайта олиш одобдандир. Чунки ҳамма уламоларнинг иттифоқига кўра қилинган ибодат чиройли бўлади.

Таҳоратни синдирувчилар
1.    Кишининг орқа ва олди нажосат йўлидан чиқадиган ҳар қандай нарса таҳоратни синдиради. Улар хоҳ бавл, хоҳ ел бўлсин, хоҳ нажосат, хоҳ қурт бўлсин, фарқи йўқ. Яна шу икки йўлдан бирига бармоқнинг киришлиги ёки орқага ҳуқна (клизма) қилиб чиқариб ташлашлик билан ҳам таҳорат синади;
2.    Баданнинг қайси жойидан қон ёки йиринг чиқса-ю, тоза жойга ёйилса ҳам, таҳорат бузилади. (Изоҳ: Лекин жароҳат катта бўлса-ю, чиққан қон ёки йиринг шу жароҳат ичида айланиб юрса, таҳорат синмайди.)
3.    Оғиз тўлдириб қайт қилишлик билан ҳам таҳорат синади. Инсон қайт қилганда оғзи тўлиб гапира олмай қолса ёки оғзини беркита олмаса, шу оғзи тўлиб қайт қилган, дейилади. (Изоҳ: Оғзи тўлмай озгина қайт қилса, худди кекирганда синмаганидек  таҳорат синмайди.)
4.    Ёки инсон қон қайт қилса-ю, тупугига қоннинг ранги ғолиб бўлиб қизарса, синади. Аммо тупугининг ранги сарғайса, синмайди;
(Изоҳ: Демак, бунда оғизнинг тўлишига эмас, балки тупугининг рангига эътибор берилади. Аммо тиш қонаса ва қонаган еридан оқиб ёйилса, таҳорат синади, бу ўринда тупук рангининг эътибори йўқ. Кўпчилик буни чалкаштириб тушунади. Демак, қон қайт қилганда тупугининг ранги қизарганлиги эътибори билан таҳорат синса, тиш қонаганда шу қонаганлик эътибори билан таҳорат синади. Бу жойига диққат қилинг!).
5.    Киши ёнбошлаб ёки бир нарсага суяниб ухласа ва уйқуси шу суянган нарсаси олиб қўйилганда йиқиладиган даражада бўлса, таҳорати синади;
6.    Маст бўлиш, ҳушдан кетиш ва яна жинни бўлиш билан ҳам таҳорат синади;
7.    Рукуъ ва саждаси бор намозда балоғатга етган хоҳ эркакнинг, хоҳ аёлнинг қаҳ-қаҳ отиб кулиши билан таҳорат синади. Ёнидаги киши эшитадиган даражадаги кулги қаҳқаҳа, дейилади. Аллоҳ таоло билан муножот қилаётганда бу каби нарсаларни қилувчиларга таъзир бериш сифатида уларга таҳоратни янгилаш шарт қилинмоқда.
(Изоҳ: Имом Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳимларнинг наздида кулги таҳоратни синдирмайди. Чунки у таҳоратни синдирувчи нажосатлардан эмасдир. Агар кулги намозда таҳоратни синдирса, намоздан ташқарида, шу билан бирга жаноза намозида ва сажда тиловатида ҳам таҳоратни синдириши керак бўлади. Шу қиёсга кўра кулги таҳоратни синдирмаслиги керак. Биз ҳанафийларда кулгининг таҳоратни синдириши қиёсга кўра эмас, балки ҳадиси шарифда келган матнга кўрадир. Имом Дороқутний Абу Ҳурайра ва Имрон ибн Ҳусойндан, Табароний Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилиб келтиради. “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга намоз ўқиб бераётган эдилар. Бир киши тўсатдан кириб масжиддаги чуқурчага тушиб кетди. Унинг кўзида иллати бор эди. Қавмдан кўпчилик намозда турган ҳолларида кулиб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким кулган бўлса таҳорат ва намозини қайтадан қилишига буюрдилар”. Бу ҳадис мурсалдир. Мурсал ҳадис эса жумҳурнинг наздида ҳам далил бўла олади. Шу билан бирга мурсал бўлсада ҳадис борлигида қиёсга ўрин йўқдир. Шунга кўра қаҳқаҳа кулгиси мутлақ намозда таҳоратни синдиради. Кулиш уч хил бўлади:
1. Қаҳ-қаҳ отиб кулиш; Кишининг ўзидан бошқа одамлар эшитадиган даражадаги кулгиси қаҳқаҳа, дейилади. Қаҳқаҳа рукуъ ва саждали намозда содир бўлса, таҳорати синиб, намози ҳам бузилади.
2.  Қиқирлаб кулиш; Киши фақат ўзи эшитадиган даражада кулишига қиқирлаб кулиш, дейилади. Рукуъ-саждаси бор намозда қиқирласа, намози бузилади, лекин таҳорати синмайди.
3. Табассум; Бу овоз чиқармай жилмайиб кулишдир. Бу билан эса таҳорат ҳам, намоз ҳам бузилмайди.
Демак, балоғатга етмаган гўдак рукуъ ва саждали намозда қаҳқаҳа билан кулса, унинг таҳорати синмайди. Рукуъ-саждасиз намоз бу жаноза ва тиловат саждасидир. Унда қаҳқаҳа билан кулиш дуруст амал ҳисобланмаса ҳам, таҳоратни синдирмайди. Чунки бу хусусда очиқ-ойдин далил йўқ. Шунинг учун қиёсга кўра буларда таҳорат синмайди).

Узрли кишининг таҳорати
Узрли киши ким? Кишининг бавли томиб турса, яъни уни ушлаб туришнинг имкони бўлмаса ёки қорни оғриб ичи кетаётган бўлса ё ел чиқиб туриши билан касалланган бўлса ва ёхуд истиҳоза, яъни касаллик қони келиб турган бўлса, хуллас, шунга ўхшаш таҳоратни бузиб турувчи нарсаларга инсон йўлиққан бўлса, шу узри бир вақт фарз намози мобайнида тўхтамаса, у киши узрли ҳисобланади. Аммо кишининг узри бир вақт фарз намози мобайнида тўхтаса, узрли ҳисобланмайди. Масалан, бир кишининг узри пешиннинг аввалида бошланган бўлса ва пешиннинг вақти чиқиб кетгунча тўхтамаса, шу киши узрли ҳисобланади. Кишининг узри аср вақтининг кириши билан тўхтаб, то чиқиб кетгунича қайталамаса, узрли ҳисобланмайди. Узрли киши учун намозни охирги вақтига олиб бориб ўқиш маъқулдир. Бу унинг узри тўхтаб қолиш эҳтимоли борлиги учундир.

Узрли кишининг ҳукми
Узрли киши ҳар бир намознинг вақти учун таҳорат қилади ва шу таҳорати билан ўша вақтда хоҳ фарз, хоҳ нафл бўлсин, истаганича намоз ўқиши мумкин. Ҳар бир намози учун алоҳида таҳорат қилиши вожиб эмас. Мисол учун узрли киши бомдодни ухлаб қолиб қазо қилган бўлса, қуёш найза бўйи кўтарилгач, янги таҳорат билан бомдоднинг қазосини ўқийди ва шу таҳорат билан пешинни ҳам ўқий олади, модомики, узрли еридан бошқа жойида таҳоратни синдирувчи амал содир бўлмаган бўлса. Демак, узрли кишининг таҳорати фарз намозини ўқиб бўлиши билан эмас, балки вақтининг чиқиши билан синади. Бомдодга қилинган таҳорат қуёш чиқиши билан, ийд намози учун қилинган таҳорат пешин вақти чиқиши билан синади. Бир киши пешинни ўқиб бўлиб, янги таҳорат олган бўлса, кейин аср вақти кирса, пешиннинг вақти чиққанлиги сабабли таҳорати синади ва яна аср вақти учун алоҳида таҳорат олади.

Узрли кишига вожиб бўлган нарсалар
Узрли киши имкон қадар ўзига зарар етмайдиган даражада узрини тўхтатишга ёки камайтиришга ҳаракат қилади. Мисол учун истиҳоза, яъни касаллик қони оқиб турса, уни тўхтатишга ёки камайтиришга ҳаракат қилади. Агар намозни туриб ўқиганда қон оқиб кетса, ўтириб ўқийди. Агар кийимига узр сабабидан етган нажосатни ювиб ташласа, ўқиётган намозидан фориғ бўлмасдан яна кийими нажосат бўлишини билса, уни ювмасдан ўша намозини ўқиб олади. Аммо намозни ўқиб олгунча кийимига нажосат тегмаслигини билса, у нажосат теккан кийимини ювиб олиши вожиб бўлади.

Таҳоратсиз кишига ҳаром бўлган нарсалар
1. Таҳоратсиз киши хоҳ нафл бўлсин, хоҳ фарз бўлсин, намоз ўқиши ҳаромдир;
2. Жаноза намозини ҳам бетаҳорат ўқиш ҳаромдир;
3. Сажда тиловатини бетаҳорат бажармоқлик ҳам ҳаромдир. Чунки саждада намоз маъноси бор;
4. Таҳоратсиз Байтуллоҳни тавоф қилиш ман этилади. Бунга тавофнинг фарз ёки нафл бўлишининг фарқи йўқ. Чунки тавоф ҳам намоздир. Фақат унда гаплашишлик мубоҳ қилингандир. Агар бир киши Байтуллоҳни таҳоратсиз тавоф қилса, ўзи гуноҳкор бўлса ҳам, тавофи дуруст бўлади. Чунки таҳоратли бўлиш тавофнинг дуруст бўлиш шартларидан эмасдир. Лекин тавоф қилиш учун таҳоратли бўлиш вожибдир.
5. Таҳоратсиз кишининг Қуръон китобининг ҳаммасини ёки баъзисини, агар бир оят бўлса ҳам, ушлаши дуруст эмас. Аммо Қуръон китобининг устида ундан ажраган ғилофи бўлса, ушлаш мумкин бўлади.


3 йил аввал 10928 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
3 йил аввал 6878 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
3 йил аввал 7773 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
3 йил аввал 5959 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
3 йил аввал 4456 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
3 йил аввал 9078 fiqh.uz