Гуноҳга ёрдам бериш


Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:

تَعَاوَنُوا۟ عَلَى ٱلْبِرِّ وَٱلتَّقْوَىٰ ۖ وَلَا تَعَاوَنُوا۟ عَلَى ٱلْإِثْمِ وَٱلْعُدْوَٰنِۚ

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг». (Моида, 2).
Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди.
Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам.
Исломда эса ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди. Яна бошқа бир ўринда : 

فَلَنْ أَكُونَ ظَهِيرًۭا لِّلْمُجْرِمِينَ

«...ҳаргиз, жиноятчиларга ёрдамчи бўлмасман», деб марҳамат қилган(Қосос, 17). 
Бу оятда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Мусо алайҳиссаломнинг тили билан, гуноҳда ёрдамчи бўлишни қоралаб, улкан гуноҳ, жиноят дея тарифламоқда.
Ушбу оятлар далил ўлароқ, гуноҳга ёрдам бериш ҳаром саналади. Шу ўринда биз гуноҳга ҳамкорлик қилиш даражаларини яхшилаб ўрганиб олмоғимиз лозим бўлади. Фиқҳий китобларда келган «ионат» лафзи, ҳамкорлик қилиш, кўмакчи бўлиш, ёрдам бериш маъноларини англатади. Гоҳо, «ионат»ни мажозий маънода сабабчи бўлиш деб ҳам айтадилар. Шунинг учун сабабчи лафзига кенгроқ тўҳталиб ўтамиз.
1). Агар сабаб бўлинётган нарса гуноҳларга чорловчи, қизиқтирувчи ва ундовчи бўлса. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:

 وَلَا تَسُبُّوا۟ ٱلَّذِينَ يَدْعُونَ مِن دُونِ ٱللَّهِ فَيَسُبُّوا۟ ٱللَّهَ عَدْوًۢا بِغَيْرِ عِلْمٍۢ

 «Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангизки, билмасдан, тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар» (Анъом, 108)
Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Уларнинг бутларини сўкишдан қайтаришнинг асосий сабаби оятнинг ўзидан англашиляпти, яъни мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам унга жавобан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таҳқирлаши мумкин. Яъни уларни олиҳаларини ҳақоратлаш билан Аллоҳни ҳақоратланишига сабабчи бўлиб қолиниши мумкинлигини уқтирилмоқда.

 فَلَا تَخۡضَعۡنَ بِٱلۡقَوۡلِ فَيَطۡمَعَ ٱلَّذِي فِي قَلۡبِهِۦ مَرَضٞ 

 «...майин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган тама қилиб юрмасин» (Аҳзоб, 32)
(Аёллар)Овозингизни майин, назокатли қилиб, эркак кишига таъсир этадиган ҳолатда гапирманг.Ғайирли кимсалар сизнинг майин овозингизни эшитиб, фисқу фужурни бошлаб қолмасинлар. 

َلَا تَبَرَّجْنَ تَبَرُّجَ ٱلْجَـٰهِلِيَّةِ ٱلْأُولَىٰۖ

 «Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг» (Аҳзоб, 33). 
Жоҳилият – Исломдан олдинги тузум. У вақтда аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли.   Булар билан ҳам гуноҳга сабабчи бўлиб қолиниши мумкинлиги баён қилинмоқда.
2). Агар гуноҳга чорловчи бўлмаса-ю, унга сабаб бўладиган бўлса. Бу икки суратда бўлади.
А) Киши бировга берган ёки сотган нарсасидан гуноҳ йўлида ҳеч қандай ўзгартиришсиз фойдаланиш. Масалан, уйини фоҳишага ёки дўконини ҳаром нарсаларни сотадиганларга билиб туриб ижарага бериш. (Агар билмай берган бўлса, узрли саналади ва тезда бу ижарасини бузиши талаб қилинади.) Ёки ароқ, чўчқа каби ҳаром нарсаларни машинасида ташиш. Зинокорлар билан фоҳишалар ўртачиса восита-қўшмачи бўлиш. Бир сўз билан айтганда, гуноҳга шароит яратиб бериш. Бу сурат гуноҳда ҳамкор бўлишнинг яқин сабабчиси дейилади. Бунга сабабчи бўлган кимса, ўша гуноҳни қилган билан баробар бўлади. Бу ишни мен қилмаяпман, дейиши баҳона бўла олмайди.
Б) Киши бировга берган ёки сотган нарсасидан гуноҳ йўлида ўзгартириш билан фойдаланиш. Масалан, душман темирчисига темир сотиш. У ундан қилич ясаб мусулмонларга қарши ишлатади. Ароқҳўр ёки зинокорга уларни ҳаром иш қилишларини  била туриб манзилига элитиб қўйиш. Бир сўз билан айтганда, аниқ гуноҳни қилишини била туриб гуноҳкорларни ҳох моддий ҳох маънавий қўллаш. Бу сурат гуноҳда ҳамкор бўлишнинг узоқ сабабчиси дейилади.(Биз бу ўринда мақолани мухтасар қилиш мақсадида бир ёки икки мисол билан чекландик. Лекин ўқувчиларимиз ва барча мусулмонлар ўзларининг касби ва хунаридан келиб чиқиб  юқоридаги қоида-усулга таққослаш ила ҳар қандай гуноҳ ва ёмон ишларга ёки шундай гуноҳ ишларни ривожига хисса қўшиб қўймасликка эътибор қаратади деган уимддамиз). 
Ислом поклик, мусаффолик динидир. Поклик ва мусаффоликка тарғиб қилади. Жирканчлик ва разолатларнинг барча кўринишидан қайтаради. Булардан қайтариш билан бир ўринда буларга сабаб бўладиган омилларни ҳам ҳаром қилган. Токи башарият поклик ва мусаффоликда ҳаёт кечирсин. 

 


1 ўн йил аввал 16614 Абдуманнон Жаъфар
Мавзуга оид мақолалар