Аёлларни маҳрамсиз ҳажга бориши


“Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир” деган Ғаний  Ҳамийд Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлга уч кеча ва кундузлик масофага маҳрамсиз сафар қилиш ҳалол эмас” деган оламларнинг сарвари Муҳаммад Мустафога саловоту саломлар бўлсин!

 Маълумки, Исломда аёллар ҳамиша ҳурматланиб, эъзозланиб, уларнинг фитратлари ҳар бир ишда назарда тутилган. Жумладан, ҳаж ибодатида ҳам. Ҳаж қилмоқ машаққатлидир, сафар қийин кечади. Аёл киши ёлғиз бўлса бу ишлар унга оғирлик қилади. Шунинг учун уларга ҳамроҳ сифатида маҳрам бўлиши шарт қилинади.
Аёл киши  ожиза, заифа бўлиб, сафарда бўлсин ёки ҳазарда (муқим) бўлсин, ҳар доим ёрдамга муҳтождир. Шу сабабдан шариатимизда эркаклар аёлларга ҳам моддий ҳам маънавий жиҳатдан кўмаклашишлари шарт. Айниқса, сафарга чиқилганда. Чунки сафар қайси ниятда қилинган бўлса ҳам унинг давомида қийинчиликлар пайдо бўлиши табиий ҳолдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида:
“Агар  инсонлар якка юришнинг зарарини мен билганчалик ҳис қилишганида эди, бирор йўловчи кечаси ёлғиз ўзи юрмас эди” деганлар.

Демак, бу ҳадис  орқали Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам киши ёлғиз юрганда турли ҳил нохуш ҳолатларга дуч келиш эҳтимолидан огоҳлантирмоқдалар.  Бу ҳадисни ўқиб ёлғиз юриш мутлақо мумкин эмас экан деган фикрга келмаслик керак. Аммо аёл киши ожиза, заифа экани эътиборидан ёлғиз ўзи юриши, хусусан кечасида мумкин эмаслиги келиб чиқади.
Шариатимизда ҳар бир ишнинг, жумладан ҳар бир ибодатнинг адо этиш қонун–қоидалари бор. Агар ўша ибодатлар қонун-қоидаларига риоя қилиниб адо қилинганда, албатта унинг натижаси ҳам самарали бўлади. Масалан, намоз, закот, рўза, ҳаж ибодатларининг қайси бири бўлса ҳам, ҳар бирининг фарз, вожиб, суннат, макруҳ, мандуб амалларига эътибор қилиниб бажарилсагина, самарали, натижаси ҳам аъло даражада бўлади.
Энди мавзуга қайтадиган бўлсак, бизга маълумки ҳаж ибодатини бажаришлик учун мўъмин мусулмонлар дунёнинг барча минтақаларидан, ўз она ватанидан ер юзининг қуруқлик маркази, шаҳарларнинг онаси бўлган Маккаи Мукаррамага сафар қиладилар. Ўзи ўрганиб қолган иқлимдан  бошқа иқлимга сафар қилиш кишининг соғлигига ҳар хил таъсир кўрсатиши турган гап. Ана шундай ҳолатда аёллар қийналиб қолишлари мумкин.
Ҳаж ибодати фарзлигини Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 97-оятида қуйидагича марҳамат қилади:
“Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир”.
Демак, ушбу ояти кариманинг бир қисмида, кимки йўлини топса яъни қодир бўлса дейилмоқда. Шунинг учун ҳам биз, қодир бўлишлик шартларини билиб олишимиз керак бўлади. Шартлар қуйидагилардан иборатдир:
1.    Ўзига зарур нарсалардан ва қайтиб келгунча аҳли аёлининг нафақсидан ортиқча зоди роҳиласи бор бўлиши.
2.    Ҳур бўлиши.
3.    Соғ-саломат бўлиши.
4.    Кўрадиган бўлиши.
5.    Мукаллаф бўлиши.
6.    Мусулмон бўлиши
7.    Йўлда омонлик.
8.    Аёл кишига агар у билан Макканинг орасида сафар масофаси бўлса, эр ёки маҳрам шарт.
“Маҳрам” деганда, аёл кишига эри ҳамда никоҳи абадий харом бўлган бошқа эркак қариндошлари тушунилади. Улар туғишганлик ёки қудачилик тарафидан бўлиши мумкин.
Ҳаж машаққатли сафар, унда турли ҳолатлар содир бўлади. Шундай пайтларда аёл киши ёлғиз ўзи қийналиши турган гап. Шунинг учун унга  хизматини қилиб, хажга бирга бориб келишга бирор эркак ҳамроҳ бўлиши шарт. Аёл кишининг эри ёки маҳрамисиз ҳаж қилиши ҳаромдир. Маҳрамсиз ҳаж қилган аёлнинг ҳажи кароҳат ила жоиздир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ҳутба қилиб: “Зинҳор эр киши аёл киши билан ҳолий қолмасин. Илло, у аёл билан маҳрами бўлса майли, аёл киши фақатгина маҳрами билангина сафар қилсин” дедилар.
Шунда бир киши туриб:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг хотиним ҳажга чиқди. Мен эса фалон ғазотга ёзилдим - деди.
- Бор! Хотининг билан бирга ҳаж қил - дедилар.
Бу ҳадису-шарифдан аёл киши ҳаж қилиш учун маҳрами билан бирга бўлиши шартлиги маълум бўлади. Шунингдек, аёл кишининг бегона эркак билан холий қолиши харомдир. Чунки бу ҳолат фитнага сабаб бўлади. Муслима аёл сафарга чиққанида албатта ўз эри билан ёки бирор маҳрами ила сафарга чиқмоғи лозим. Сафарда турли ҳолатлар юзага келади. Аёл киши учун ноқулай ҳолатлар ориз бўлиб қолиши ҳам кўп учрайди. Айниқса, муслима аёлнинг шарафига тўғри келмайдиган ишлар, ҳолатлар юзага келиши мумкин. Ана шундай пайтларда муслима аёлга эри ёки маҳрами хизмат қилади ва унинг шарафини ва ҳурматини жойига қўяди. Хусусан, Байтуллоҳни тавоф қилиш пайтида Сафо ва Марва тепалиги устида қилинадиган саъйларда, Арофат, Мино, Муздалифа даштларида қилинадиган ҳар бир амалларнинг қийинчилиги, айниқса шайтонга тош отиш вақтидаги издиҳом (тиқилинч) пайтида аёлларга  жуда – жуда маҳрам керак бўлади. Ана ўшандоқ ҳолатда маҳрами уни муҳофаза қилиб, ҳар қандай нохушликлардан асраб-авайлаб туради. Қолаверса, таъкидлаб айтмоғимиз лозимки, умрида бир маротаба қилинадиган ушбу ҳаж амалини хушуъ-ҳузуъ билан, қалб хотиржамлиги билан нуқсонсиз бажаришликка ҳаракат қилмоғимиз лозим. Ҳар битта амални Аллоҳ таолонинг розилиги-ю, раҳматини истаб бажарамиз. Аллоҳ таолонинг розилиги-ю раҳматига дохил бўлишимиз учун эса, унинг амрларини сўзсиз қабул қилиб, бажармоғимиз даркор. Бас, ҳаж ибодати йўлини топганларга, қодир бўлганларга фарз экан, аёлларимизда ҳам ҳажга боришликда мабода маҳрам топа олмай ёки маблағ етказа олмай қоладиган бир ҳолат юзага чиқиб қолса ҳаж ушбу аёлларга фарз бўлмайди.
Маҳрам билан икки кишининг сарф ҳаражатини қоплайдаган даражада маблағ топилиб, сиҳҳий – маънавий жиҳатлардан тайёр бўлса, ана ўшандагина ҳаж фарз бўлади. Ошиқиб, интилиб, қийналиб, тоғу-тошлар ошиб, денгизлар устидан ўтиб, кўп қийинчиликлар билан бориладиган “Умр сафари”га жиддий эътибор беришимиз керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий солаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса, худди онадан туғилдандек қайтади” дедилар.

Яъни киши Аллоҳ учун ҳаж қилиб, ҳаж давомида уят сўзлар айтмай, фисқу-фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсатдир. Бу имкондан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланмоғи лозим. Бунинг учун эса, ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафари учун ўзига керак бўладиган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи даркор.  Бунда ўрганиш лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда. Фисқу-фасод, фитнага сабаб бўламаслиги учун ҳам аёлларга маҳрам билан бориш шарт қилинади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?” - дедим. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир”,-дедилар.
Бу ҳадисдан ҳажжи мабрур энг гўзал ва энг яхши жиҳод экани маълум бўлмоқда. Шунинг учун ҳаж қилиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир банда ўз ҳажжини мабрур - риё ва гуноҳ ишлардан холи, ҳусни-ҳулқ ила адо этилган ҳаж бўлиши учун ҳаракат қилмоғи зарур. Аллоҳ таоло барча мўмина муслима аёлларимизнинг ҳажларини мабрур ҳажлар қаторида қабул қилишини насиб айласин.  Ҳажга боришлик бахтига муяссар бўлган аёлларимизга ушбу озгина бўлса ҳам кўрсатилган кўрсатма–маълумотларни ўқиб ҳаж сафари жараёнида унга амал қилишликларини ҳам насиб айласин. Омин!


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иддадаги аёлнинг ҳаж сафари
Идда ҳолатидаги аёл ҳатто бирорта маҳрами билан бирга бўлса ҳам, сафарга чиқиши жоиз эмас, хоҳ у тижорат сафари бўлсин ёки ҳаж сафари бўлсин. Агар вафоти яқинлашиб, бора олмайдиган бўлса, ҳажжи бадал қилдиришни давоми...
7 йил аввал 6062 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Аёллар ҳажи ва эҳсор
Ислом шариатимизда, аёллар ҳамиша ҳурматланиб келган. Жумладан, ҳажда ҳам. Ҳаж қийин ибодат бўлиб, сафар машаққатли кечади. Аёл ёлғиз бўлса, бу ишлар унга оғирлик қилади. Шунинг учун унга бир маҳрам шарт. Эҳромга давоми...
7 йил аввал 12799 fiqh.uz