Эҳтикор


Ислом ҳар бир шахсга олди-сотди ишларида тўлиқ ихтиёр берган. Шундай бўлсада сунъий нарх кўтариш, монополия қилиш, ўзгаларга зарар етказиб, уларнинг устидан фойда кўришдан қайтаради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтикор(сунъий нарх кўтариш ва монополия қилиш)дан қаттиқ қайтарганлар. Ўзларининг муборак бир ҳадисларида:

 "من احتكر الطعام أربعين ليلة فقد برئ الله منه"

“Ким қирқ кеча таомни нархи кўтарилсин деб сақлаб турса, Аллоҳ ундан безордир”. Бошқа ир ҳадисларида:

وقال صلى الله عليه وسلم: "لا يحتكر إلا خاطئ

“Хатокоргина эҳтикор қилади” деганлар. Бу ҳадисдаги “хатокор” сўзига беэътибор қолмаслигимиз керак. Чунки бу ҳадисда келган хатокор, “Қасос” сурасининг 8-оятида келган: 

فَالْتَقَطَهُ آلُ فِرْعَوْنَ لِيَكُونَ لَهُمْ عَدُوًّا وَحَزَنًا إِنَّ فِرْعَوْنَ وَهَامَانَ وَجُنُودَهُمَا كَانُوا خَاطِئِينَ

Бас, Оли Фиръавн уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг лашкарлари хатокорлардан бўлган эдилар.(“Тафсири Ҳилол” китобидан).
Яна бир ҳадисларида эҳтикор қилиш ҳамда унинг нафси бузуқлигини баён қилиб:

بئس العبد المحتكر؛ إن سمع برخص ساءه، وإن سمع بغلاء فرح

“Эҳтикор қилувчи қандай ҳам ёмон бандадир. Арзонлаганини эшитса, хафа бўлади, қимматлаганини эшитса хурсанд бўлади” деганлар. Чунки у матоҳни одамлар қидирганда топа олмайдиган вақтда қиммат нархга сотиш учун эҳтикор қилади. Қаттиқ муҳтож ҳолига қараб, нархни ошираверади. Унга инсонларнинг эҳтиёжидан кўра киримининг кўплиги муҳимроқ бўлади. Ундан кўра кўпроқ мол олиб келиб, озроқ фойда кўриб, тез-тез бу ишни такрорлаб турганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “(инсонларга манфаатли нарсани) жал қилувчи киши ризқлангувчидир, эҳтикор қилувчи лаънатлангандир” деган ҳадисларидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларига сазовор  бўлган бўлар эди. Эҳтикор қилиш, нархни ўйнатиш қанчалар ёмон эканлигига қуйидаги ҳадис ҳам далилдир.

عن معقل بن يسار صاحب رسول الله صلى الله عليه وسلم، حين أثقله المرض فأتاه عبيد الله بن زياد (الوالي الأموي) يعوده فقال له: هل تعلم يا معقل أني سفكت دما حراما؟ قال: لا أعلم. قال: هل علمت أني دخلت في شيء من أسعار المسلمين؟ قال: ما علمت. ثم قال معقل: أجلسوني فأجلسوه ثم قال: إسمع يا عبيد الله حتى أحدثك شيئا ما سمعته من رسول الله صلى الله عليه وسلم مرة ولا مرتين؛ سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: "من دخل في شيء من أسعار المسلمين ليغليه عليهم كان حقا على الله تبارك وتعالى أن يقعده بعظم من النار يوم القيامة" قال: أنت سمعت من رسول الله صلى الله عليه وسلم؟ قال: غير مرة ولا مرتين

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган Мақал ибн Ясор беморлиги оғирлашган вақтда (Умавий волий) Убайдуллоҳ ибн Зиёд унинг зиёратига келиб: “Эй Маъқал мен ҳаром қон тўкканимни биласанми? – деди. Маъқал “билмайман” деди. Убайдуллоҳ ибн Зиёд: мен мусулмонларнинг нархларидан бирортасига дахлдорлик қилганимни биласанми? – деди. Маъқал “билмайман” деди. Сўнг: “Мени ўтқазиб қўйинглар” деди. (ётган еридан) Уни ўтқазиб қўйишди. Сўнг Маъқал: “Эй Убайдуллоҳ менга қулоқ тут, сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир, икки боргина эмас, (кўп бора) эшитган нарсамни сўзлаб бераман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким мусулмонларга қимматроқ бўлсин деб, уларнинг нархларига дахлдор бўлса, Аллоҳ таборак ва таолога қиёмат куни уни оловнинг улканига ўтқазиш вожиб бўлади” деяётганларини эшитдим” деди. Убайдуллоҳ ибн Зиёд: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзинг эшитганмисан” деди. Маъқал: “Бир икки марта эмас,(кўп бор эшитганман)” деди”.
Биз зикр қилиб ўтган ва зикр қилмаган кўплаб ҳадисларнинг матни ва мафҳумидан уламолар икки иш топилганда эҳтикор қилиш ҳаром бўлишини истинбот(чиқариб олган) қилганлар. Биринчи шарти: Эҳтикор(сунъий нарх кўтариш ва манаполия қилиш). Ўша иш қилинаётган шаҳар аҳлига зарар келтириши.
Иккинчиси. Ўз фойдаси кўп бўлиши учун одамларга нархни кўтаришни мақсад қилиш. Қуйида ҳанафий мазҳабининг мўътабар китобларидан “Бадои-ъус саноиъ” китобидан Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажиднинг таржимасидан иқтибос келтирамиз.
Эҳтикор қилиш макруҳ(макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин) бўлади. Эҳтикор ҳақидаги гап икки мавзудадир. Биринчиси, эҳтикорнинг ва киши нима билан эҳтикорчи бўлишининг баёни. Иккинчиси, эҳтикор ҳукмининг баёни.
Аммо, биринчиси, кишининг шаҳарда бир таом сотиб олиб, уни сотишдан тўхтатиб туришидир. Ваҳоланки, бу билан одамларга зарар етказади. Шунингдек, агар уни яқин жойдан сотиб олса, таомни шаҳарга олиб келса ва ушбу шаҳар кичик бўлса ва бу билан зарар етказадиган бўлса, эҳтикор қилувчи бўлади. Агар шаҳар катта бўлиб, зарар етмайдиган бўлса, эҳтикор қилувчи бўлмайди. Агар шаҳарга узоқ жойдан таом келтирса, уни сақлаб турса, эҳтикор қилувчи бўлмайди. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинганки, у эҳтикор бўлади, деган. Чунки, шаҳарда сотиб олиб, сотмай туриб олиш билан эҳтикор қилишнинг макруҳлиги оммага зарар етказиш бўлгани учундир. Бу ерда ана шу нарса бор.
Абу Ҳанифа разияллоҳу анҳунинг далили эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Келтирувчи ризқлангандир!” деган сўзларидир. Шу билан бирга, шаҳардаги сотиб олувчининг ушлаб туришидаги эҳтикорнинг ҳаромлиги омманинг ўша нарсада ҳаққи бўлгани учундир. Зикр қилганимиздек, у уларнинг ҳаққини ман қилганлиги сабаб золимга айланади. Бу эса узоқ жойдан, шаҳар ташқарисидан сотиб олувчидан топилмайди. Чунки, у, модомики, сотиб олсаю, шаҳар аҳлининг у нарсада ҳаққи бўлмаса, уларга зулм қилаётган бўлмайди. Лекин, шу билан бирга, бундай қилмагани ва сотиб юборгани афзал. Чунки, сақлаб туриш мусулмонларга зарар. Шунингдек, ўз ерида экин эккан бўлса, томарқасидан ҳосил олган бўлса, ўзи ейиш учун сақлаб турса, бу эҳтикор бўлмайди. Чунки, унга шаҳар аҳлининг ҳаққи тааллуқли бўлмайди. Лекин, бундай қилмасдан, айтганимиздек, сотиб юборгани афзал.
Сўнгра, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида эҳтикор хоҳ озуқа бўлсин, хоҳ бўлмасин, оммага зарар етказадиган ҳар бир нарсада юз беради. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида эҳтикор фақат одамлар озиғи ва ҳайвонлар ўти бўлмиш буғдой, арпа, пичан ва сомон кабиларда жорий бўлади. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг сўзининг далили, ғолибан, умумий ҳолатда, оммага озуқа ва ўт ўланни ушлаб туришда зарар етади. Бинобарин, эҳтикор фақат ўша билан ҳосил бўлади. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзининг далили эса, макруҳлик оммага зарар етказадиган бўлгани учундир. Бу эса озуқа ва ўт ўланга хос бўлмайди.
Эҳтикорнинг ҳукмига келсак, эҳтикорга тааллуқли ҳукмларни айтиб ўтамиз:
Улардан бири, ҳаромликдир. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Эҳтикор қилувчи лаънатлангандир, келтирувчи ризқлангандир”. Лаънат фақатгина ҳаром қилинган нарсани қилиш билан етади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлари ривоят қилинган: “Кимки бир емишни қирқ кеча эҳтикор қилса, муҳаққақ у Аллоҳдан барийдир, Аллоҳ ҳам ундан барийдир”,   деганлар. Шунга ўхшаш ваъид фақатгина ҳаромни қилиш билан етади. Чунки, эҳтикор зулм жумласидандир. Чунки, шаҳарда нимаки сотилса, омманинг ҳаққи унга тааллуқли бўлади. Бас, қачонки уларнинг унга эҳтиёжлари кучли бўлиб турганда сотиб олган шахс уни сотишдан бош тортса, уларнинг ҳаққини тўсган бўлади. Ҳақдордан ҳаққини тўсиш зулмдир ва албатта, бу ҳаромдир. Ушлаб туриш оз ёки кўп муддат бўлсин, зулм бўлганидан кейин, барибир.
У (ҳукм)лардан яна бири, зулмни кетказиш учун эҳтикорчига сотишни буюрилади. Лекин, унга ўзининг ва аҳлининг озуқасидан ортиқчасини сотишга амр қилинади. Агар бажармаса, эҳтикорга қатъий туриб олса, ана шу ҳолида иккинчи марта имом (подшоҳ)га кўтарилади. Шунда подшоҳ унга насиҳат ва таҳдид қилади. Агар шунда ҳам бажармаса, унга [имомга] учинчи марта олиб чиқилади, уни ҳибс қилади ва ёмон қилиғи учун зажр қилиб таъзир беради, аммо, сотишга мажбур қилмайди. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ “уни мажбур қилинади”, дейди. Бу озод кимсани ҳажр қилиш  масаласига қайтади. Чунки, сотишга мажбурлаш зажр маъносидадир.
Шунингдек, нарх белгиламайди. Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги қавлига биноан:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلاَّ أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ

“Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно.”(Нисо сураси 29-оят.) Ва Набий алайҳи-с-салоту ва-с-саломнинг мана бу сўзларига биноан: “Мусулмон кишининг моли фақат унинг кўнгил равшанлиги билангина ҳалол бўлади”. Ривоят қилинадики, Мадинада нарх-наво кўтарилиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нарх белгилашни талаб қилдилар. У зот эса нарх белгиламадилар ва: “Албатта Аллоҳ таборак ва таолонинг Ўзи нарх белгиловчи, тутиб қолгувчи ва кенг қилиб бергувчидир!” – дедилар. У (ҳукм)лардан яна бири шуки, имом шаҳар аҳлига ҳалокат бўлишидан қўрқса, эҳтикор қилувчилардан таомни олади ва уни ўшаларга бўлиб беради. Бас, қачон [таом] топсалар, уларга ўшанчани қайтариб берадилар. Зотан, улар ночор қолган эдилар. Кимки бировнинг молига очликда муҳтож, музтар бўлган бўлса, уни кейин тўлаб бериш шарти билан тановул қилаверади. Аллоҳ таоло айтганки:

فَمَنِ اضْطُرَّ فِي مَخْمَصَةٍ غَيْرَ مُتَجَانِفٍ لِّإِثْمٍ فَإِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

“Кимки гуноҳга мойиллигидан эмас, балки очарчиликда (мазкур ман этилган нарсалардан ейишга) мажбур бўлса, албатта Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”. (Моида сураси 3-оят.) Шунингдек, шаҳар аҳлига зарар етказадиган бўлса, «талаққиррукбан» яъни мол олиб келган кишини бозорга кирмасида, нархни билмасидан аввал кутиб олиб, нарсасини сотиб олиш маркуҳ бўлади. Зеро, Набий алайҳи-с-салоту ва-с-салом «талаққиррукбан»дан қайтарганлар. Шунингдек, унда оммага зарар етказиш мавжуд, демак, эҳтикор каби макруҳ бўлади.


8 йил аввал 11694 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Молни қўлга олмасдан сотиш
Бир киши дўконга кирди ва сотувчидан бир нарса сотиб олмоқчи бўлди. Сотувчининг ҳузурида эса у нарса йўқ эди. Сотувчи шу пайт бошқа бировнинг дўконида борлигини билиб туриб, ўша нарсани харидорга лафзан сотиб, давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тақсит савдоси ҳақида
Оламлар роббиси Аллоҳ таолога ҳамд, расули Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли, асҳобларига ҳамда қиёмат кунигача уларга гўзал тарзда эргашган кишиларга солавоту саломлар давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Насияга сотиб нақдга қайта сотиб олиш
Бир киши бировга ҳар ойда маълум миқдордан бериб туриш шарти ила бир йил муддатга 10.000га машина сотса, сўнг бир йил тўлмасидан ва пулини тўлиқ тўламасидан аввал 8.000 нақдга ўзи қайтариб сотиб олса бўладими? Бундай давоми...
1 ўн йил аввал 9324 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Пулнинг қадрсизланиши билан боғлиқ масалалар ечими
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Расулуллоҳга саловот ва саломлар бўлсин!Аммо баъд: Бугунги кунда пулнинг қадри тушишига боғлиқ масалалар, саволлар жуда ҳам кўпайди. Айниқса, давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сотилган молни гаров сифатида ушлаб туриши
Ҳозирги кунда одамлар орасида турли муомалалар ривожланиб кетган. Шундай муомалалардан бири насия савдода сотувчи сотилган молни харидор нархини тўлиқ ёки қисман тўлагунича ушлаб туришидир. Бу жоизми? Насия давоми...
8 йил аввал 6976 fiqh.uz