Маййитга қилинадиган амаллар


Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Барча мавжудотларни йўқдан бор қилиб, “Ҳар бир жон ўлим (аччиғини)тотувчидир”,[1] дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Умматларига ҳар бир ишнинг энг нозик нуқталаригача билдириб, ўргатиб кетган икки олам сарвари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

Расулуллоҳдан таълимотларни ўрганиб, ўзларидан кейингиларга ўргатган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин.
Инсоннинг она қорнидаги нутфа ҳолидан тортиб, эт-суякли бўлиб ривожланиши, туғилиши, нафас олиши, юриш-туриши, ҳаракатда бўлиши, вақти-соати келганда ҳаётдан кўз юмиши илоҳий бир мўъжизадир.
Ўлим Ҳақни англамаганлар хаёлига ўрнашиб қолганидек, ҳаётнинг тугаши эмас, балки фоний дунёдан боқий дунё сари қилинган риҳлатдир.
Инсоннинг яралиб, умр кечириб, вафот этиши бир жараён. Мазкур жараён ўлимдан сўнг ҳам давом этади. Бу эса охиратнинг борлигига, ўлимдан сўнг қайта тирилиш ҳақлигига ақлий далилдир. Шундай экан, мўмин инсон ўлимдан қўрқмаслиги, бу барчанинг қадаридаги битик эканини унутмаслиги лозим.
Буюрилган амалларни сидқидилдан бажариш, исломий йўл-йўриқ, қоидаларга бўйсуниш, ўзининг ҳамда ўзганинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш кўзланган мақсадга мувофиқдир.
Динимизда бу ҳақ-ҳуқуқлар мукаммал даражада белгиланган. Ислом дини инсон ҳуқуқларининг нафақат ижтимоий ҳаётда, балки вафотидан кейин ҳам амалда бўлишини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқсак, вафот этган инсоннинг ҳам ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари мавжуддир. Буларни адо этиш тириклар зиммасидаги бурч ҳисобланади.
Инсон бор экан, дафн ва дафнга оид маросимларни тўғри ўказиш, бу борадаги исломий меъёрларни ҳаётга татбиқ этиш доимо унинг зиммасидаги вазифа бўлиб қолаверади. Афсуски, дафн маросимларига оид шаръий ҳукм ва кўрсатмалар билан бу борада жамиятимиздаги мавжуд ҳолат ўртасида сезиларли даражада тафовут бор. Бу эса ушбу мавзуга жиддий эътибор бериш лозимлигини тақозо қилади. Муаммони назарий ва илмий жиҳатдан таҳлил қилиш, бу борадаги шаръий меъёрларни ёритиб бериш дин илми мутахассислари олдида турган долзарб масалалардан биридир. Шунга қарамай, бугунги кунгача бу хусусда ҳали бирорта ҳам мустақил илмий иш ёки кўнгилдагидек рисола мавжуд эмаслиги ушбу мавзунинг танланишига туртки бўлди.
Инсоннинг бу дунёдаги ҳаётининг сўнгги ва муҳим нуқтаси бўлган дафн ва дафнга оид маросимларни шаръий кўрсатмаларга мувофиқ тарзда ўтказиш тирикларнинг вазифаси ҳисобланади. Ушбу вазифани рисоладагидек амалга ошириш учун эса ҳар бир мусулмон керакли билим ва маърифатга эга бўлиши лозим. Бунинг энг осон йўли ушбу мавзуга доир одоб ва аҳкомларни ўзида жамлаган қўлланманинг мавжуд бўлишидир.
Миссионерларнинг бу борадаги нотўғри талқинларининг таъсири аёлларнинг қора кийимда, соябон тутиб олиб, қабр зиёратига боришларида, тобут кўтарганда марҳумнинг суратини кўтариб олишда, турли нарсаларни ёқиб, тутатилишида, дабдабали, шеърлар битилган қабр тошларининг ўрнатилишида кўринмоқда, десак, хато бўлмайди.
Қолаверса, инсонларнинг “ўлим”ни нотўғри тушунишлари, муқаддас динимизнинг бу борада кўрсатган таълимотларидан хабардор эмасликлари дафн маросимларида кўплаб хато ва камчиликларга йўл қўяётганларига сабаб бўлмоқда.
Инсонлар онгига ўрнашиб, айни кунда одат тусига кириб қолаётган амалларнинг аксарияти хато эканини тушунтириш, уларни шаръий ҳукмлар билан баён қилиб бериш бугунги куннинг долзарб муаммосидир. Биз қуйида ўз юртимизда учраётган мана шундай долзарб масалаларнинг баъзиларини келтириб ўтмоқчимиз:
Инсон вафот этгач, унинг жасадининг хонадонда уч кун ёки бир ярим кун сақланиши. Бу ҳолат Қорақалпоқ воҳаси мисолида намоён бўлади;
Ювиш амалиётини бажаришда сатри авратга бепарволик, ғуслнинг тартибларига эътиборсизлик;
Кафанлашда исрофга йўл қўйиш;
Жанозага ҳозир бўла туриб, унга қатнашмаслик ёки таҳоратсиз ҳолатда қатнашиш, оёқ кийимининг поклигига эътиборсизлик;
Тобутни кўтаришда суннатларига амал қилмаслик;
Уввос солиб йиғлаш, баланд овозда гапириш, бошқа дин вакилларига тақлид;
Дафн чоғида маййитни ўнг тарафи ила ётқизмаслик;
Мармар ва шунга ўхшаш нарсалардан ясалган қабр тошларини ўрнатиш;
Қабр тошига турли шеърлар, тилаклар битиш;
Гул, таом қўйиб кетиш;
Латта боғлаш, қабрни тавоф қилиш, бола кокилини аташ;
“Ўлик тортади”, деган тушунчаларнинг мавжудлиги;
Мусулмонларни ғайримусулмонларнинг қабристонига дафн қилиш ёки бунинг акси;
Азани муддатидан ошириш, турли хил либосларни тайин қилиш;
Таъзияга “қарз” тушунчасида ташриф буюриш;
Мерос масаласига эътиборсизлик;
«Пайшанбалик», «Йигирма», «қирқ», «йил оши» каби тушунчаларнинг одамлар онгига сингиб кетганлиги ва ҳоказо.
Мазкур ҳолатларни ҳисобга олиб, бу амалларнинг хатолигини, миллийлигимизга ҳам, динимиз кўрсатмаларига ҳам зид эканини диний-илмий жиҳатдан асослаб бериш, дафн ва дафнга оид маросимларнинг меъёрларини билиш-ўрганиш долзарб вазифа ҳисобланади.
Мазкур мавзу Ислом динининг деярли барча фиқҳий манбаларида чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилинган. Араб, урду ва бошқа тиллардаги манбаларда ҳам дафн амалиёти мавзусига махсус тўхталинган. Мовароуннаҳр уламолари томонидан битилган фиқҳий китобларнинг “Намоз китоби” қисмларида жаноза намозига доир ҳукмлар билан бигаликда, дафн амалиёти фатволари ҳам келтирилган.
Бироқ ушбу китобларда маҳаллий ҳолатлар ва одат тусига кириб бораётган амалларнинг шаръий ечимлари берилмагани боис, мазкур илмий ишга шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ёндашилди.
Мавзуни ёритишда жумладан, “Роддул Муҳтор”, “Ал мавсуатул Фиқҳиятул Кувайтийя”, “Бадаиъус-Санайиъ фи тартибиш-Шароиъ”, “Ал фиқҳул Исламий ва Адиллатуҳ”, “Шархул Виқоя ли Алиййил Ҳанафий” ва бошқа бир нечта диний адабиётлар, шунингдек, устозимиз Салоҳиддин Муҳиддиннинг ҳам “Исломда ўлим ва жаноза масалалари” номли китобидан[2] фойдаланилди.
Исломда дафн ва дафнга оид маросимларнинг меъёрлари борасидаги шаръий кўрсатмаларни бир жойга жамлаш, уларнинг шаръий далилларини кўрсатиш; мазкур йўл-йўриқларда инсон шарафи ва қадри назарда тутилгани, ижтимоий-иқтисодий шароитлар тўла эътиборга олинганини ёритиб бериш; глобаллашув даврида халқимизнинг миллий-диний анъаналарини сақлаб қолиш ва ташқи таъсирларни тўсиш тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларини белгилайди.
Жамиятимизда дафн ва дафнга оид масалалар борасида тарқалган бидъат, ҳурофот ва номақбул одатларни бартараф этиб, уларнинг ўрнига шаръий аҳком ва одобларни жорий қилиш тадқиқотнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Бунинг учун илмий ишда дафн маросимларида бугунги кунда мавжуд бўлган айрим нотўғри урф-одатларни ҳам санаб ўтилди ва уларнинг шаръий меъёрларга тўғри келмаслиги далиллар асосида ёритилди.
Юртимиздаги дафн ва дафн маросимларининг кўриниши бу борада баён қилинган шаръий-назарий меъёрларга қай даражада мос келиш-келмаслигининг аниқлангани, ҳар бир фикрнинг қувватли далиллар билан, ишончли ҳадислар билан исботланиши, юртимизда учраётган камчиликларнинг баҳолиқудрат санаб ўтилиши тадқиқотнинг янгилигидир.

________________________________________
[1] Анкабут сураси, 57-оят.
[2] Салоҳиддин Муҳиддин, «Исломда ўлим ва жаноза масалалари». Тошкент, Мовароуннаҳр, 2000.
Шариатимизда маййитни ювиш фарзи кифоя амаллардан саналади. Мўьтабар китобларимиздан бири “Фатҳул Қодир"да маййитни ювиш фарзи кифоя бўлиши ижмоъ билан собит бўлганлиги зикр қилинган. Шу каби сўзлар кўпгина китобларимиз, хусусан «Фатҳул Борий"да ҳам мазкурдир. Ҳадиси шарифларда маййитни ювиш, кафанлаш, лаҳад қазиш, жаноза намози ўқиш ва шунга ўхшаш ишлар алоҳида-алоҳида батафсил баён қилинган.
Мурдани ювишдан аввал барча кийимлари ечиб олинади. Аврати кўринмаслиги учун кийимлари ечилаётганда устига бирор нарса ёпиб қўйилади. Киндикдан тиззагача берк бўлмоғи албатта зарур. Зеро Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Али (р.а)га: “Ўликни ҳам тирикни ҳам сонига қарама” деганлар. Ҳазрати Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиққан ҳолда тириклар авратига назар солиш ножоиз бўлгани каби ўликлар авратига қараш ҳам ҳаромдир, деганлар.
Маййит ювилаётганда эркак киши эркакнинг авратига, аёл киши эса аёлнинг авратига қарамайди. Ғассол ва унга ёрдам берадиган кишилардан бошқалар мурдани кўрмаслиги учун маййит ювиладиган жой тўсиб кўйилиши мустахабдир. Маййитни устига ёпиб қўйилган матоси билан олиб тахта устига ётқизилади.
Ғассол мурдани жинсий аьзоларини қўли билан ювмайди ҳам, ушламайди ҳам, балки қўлига латта кийиб ўша латта билан жинсий аъзоларини ювади. Дастлаб маййитнинг аврати ювилади. Бу суратда мурда орқаси билан ётқизилади. Сўнг тоза латта олиб, мурдани таҳорат қилдирилади. Лекин, оғиз-бурни чайқалмайди. Юзини, сўнгра қўлини тирсагигача ювиб бошига масҳ тортилади, ҳамда оёғини ҳам ошиғигача ювилади. Бундан ксйин мурда чап тарафи билан ётқизилиб, ўнг тарафини уч маротаба ювилади. Сув тахтагача етмоғи даркор. Сўнгра ўнг тарафи билан ётқизилиб чап тарафини ҳам уч марта ювилади. Бунда ҳам сув тахтагача етиши лозим.
Агар мурданинг бадани кир ёки ҳидли бўлса совунлаб ювиш ҳам мумкин. Чунки ювишдан мақсад уни тозалаш ва покизалашдир. Мурда ўнг ва чап томони билан ётқизиб ювилгач, бош ва кўкрак томонини бир оз кўтариб қўйиш керак. Ювадиган киши унинг қорнини секин пастга силайди, бирор нарса чиқса ювилади. Бу холатда уни яна таҳорат ва ғусл қилдириш лозим бўлмайди. Маййитнинг соч-соқоли олинмайди. Мўйлови ҳам қисқартирил-масдан, тирноқ, қўлтиқ ости юнглари билан дафн қилинади.
Маййит сувда топилса, мурда чиқарилаётган вақтда ювиш нияти билан сув ичида қимирлатилади. Агар мурда титилган бўлса, сув сепиб қўйишнинг ўзи кифоя қилади. Аёлларни ювиш ҳукми ҳам эркаклар кабидир. Агар ҳали шаҳват ҳаддига бормаган ёш бола бўлса, эркак киши ювадими ёки аёл киши ювадими фарқи йўқ.
Бола тирик туғилиб, сўнг ўлса, исм қўйилади. катта кишиларникидек ювиб, кафанланиб, жанозаси ўқилади. Фақат таҳорат қилдирилмайди. Зеро, таҳорат ҳаётда намоз фарз бўлган кишиларга лозим.
Агар бола ўлик туғилса, уни ювиб, латтага ўраб, ном қўйиб, жанозасиз кўмилади. Агар доя ёки она боланинг тирик туғилганлигига гувоҳлик берса, ҳар иккалаларнинг ҳам гувоҳлиги қабул қилинади ва юқорида айтиб ўтилганидек жанозаси ўқилади. Мободо жасаднинг ярми боши йўқ ҳолда топилса ёки ярмини бўлакланган ҳолда топилса, ювилмайди ҳам, жаноза ҳам ўқилмайди. Жасаднинг кўпроғи ёки ярми бош билан бирга бўлса, ювилади ва жанозаси ўқилади. Агар мурданинг кофир ёки мусулмон эканлиги номаълум бўлиб турган бўлса, ундан мусулмонларнинг белгилари бор ёки йўқлигига қаралади. Агар мусулмонлик белгилари топилса ёки ислом диёрларидан бўлган бир жойда бўлса, ювилади, бўлмаса йўқ. Мурдани ювувчи киши таҳоратлик бўлиши мустаҳабдир. Мурда ювувчи жунуб, ҳоиз, кофир бўлиши макруҳдир. Ғассол таҳоратсиз бўлиши уламолар иттифоқи билан жоиз. Фиқҳ китобларимизда мурда ювувчи киши маййитда хушбўй ҳид пайдо бўлиши, юзини чиройли бўлиб кетиши каби ажабланарли нарсаларни кўрса, одамларга айтиши мустаҳаб эканлиги ҳамда нохуш ҳид пайдо бўлиши, юзнинг қорайиши каби ёмон нарсалар пайдо бўлса айтиш ножоизлиги баён қилинган.
Маййитни кафанга ўраш
Маййитни ювиш, сўнг кафанлашдан олдин хушбўйлантириш ҳақида юқорида айтиб ўтдик, энди эса уни кафанга қай тарзда ўрашни билиб оламиз.
Олдин лифофани ерга ёйиб, ханут суртилади. Сўнг унинг устига изорни ёйиб, ханут ва кoфур   суртилади.
Изорнинг устидан қамис тўшалади, албатта, унга ҳам ханут ва кoфур суртилади. Сўнгра қамиснинг устига, унинг ўртасидаги қирқиб, тешилган жойига маййитнинг  бошини тўғрилаб, маййит ётқизилади ва қамис билан ўралади. Сўнг изорни аввал маййитнинг чап, сўнг ўнг томонидан ўралади.
Кейин лифофани ҳам шу тарзда ўраб чиқилади. Ташқи кўринишига ханут қилинмайди Кафаннинг устидан ханут суртилмайди.*
 
Аёл киши учун: лифофа, изор ва диръ (қамис) худди эркакларга ёйилгандек ёйилади. Сўнгра маййитни  уларнинг устига қўйиб, диръ (қамис) кийдирилади. Қамис устидан хирқани кўкраги ва қорни билан боғлаб қўйилади. Сочларини икки бўлак қилиб, кўкрагига диръ устидан қўйилади ва химорни сочининг тепасигача лифофа остига олинади . Сўнг изор ва лифофа билан ўралади.**
Кафанлик ўраб бўлинганидан сўнг кафан очилиб кетмаслиги учун эркакларда ҳам, аёлларда ҳам бир хил тарзда лифофанинг юқорисидан, пастидан ва белидан боғлаб қўйилади.

________________________________________
*«Ал мавсуатул-Фиқҳиятул-Кувайтийя», Қувайт, Дорус Салосил. –Ж. 13, –Б. 243.
**Ибн Обидин, «Роддул-Муҳтор». Дорул-Кутубул-илмийя 1994. –Ж. 3, –Б. 99.
Маййит ҳали дафн қилинмаган бўлса, бир жойдан бошқа жойга олиб бориб дафн қилишнинг зарари йўқ. Лекин вафот этган жойидаги қабристонга дафн қилиниши мандуб ишдир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд жангида вафот этган саҳобаи киромларни, Мадинадаги қабристон яқин бўлса ҳам, у ерга олиб бормасдан, вафот этган жойнинг    ўзига дафн қилишга буюрганлар.[1]
________________________________________
[1] Зуҳайлий Ваҳба, «Алфиқҳул-Исламий ва Адиллатуҳ». Дамашқ, Дорул-Фикр 2007. –Ж. 2, –Б. 1537.

Агар бирор офат етиб, айтайлик, ер қимирлаши ёки уруш оқибатида оммавий қирғин рўй берган бўлса ва ҳар бир маййитга алоҳида-алоҳида қабр қазиш машаққат бўлса, бир қабрга уч-тўрт маййитни бирга дафн қилиш зарурат юзасидан жоиз. Заруратсиз жоиз эмас. Маййитларни қўйишда Қуръонни кўп биладиганлари аввал, қибла тарафдан бошлаб қўйилади. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийларга шу тарзда йўл кўрсатганлар.
عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ قَالَ: جَاءَتِ اْلأَنْصَارُ إِلَى رَسُولِ اللهِ يَوْمَ أُحُدٍ فَقَالُوا: أَصَابَنَا جَهْدٌ وَقَرْحٌ فَكَيْفَ تَأْمُرُنَا قَالَ: احْفِرُوا وَأَوْسِعُوا وَاجْعَلُوا الرَّجُلَيْنِ وَالثَّلاَثَةَ فِي الْقَبْرِ قِيلَ: فَأَيُّهُمْ يُقَدَّمُ قَالَ أَكْثَرُهُمْ قُرْآنًا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлар Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Бизга қийинчилик ва жароҳат етди. Биз учун амрингиз қандай бўлади?» дейишди. «Қазинглар, кенг қилинглар, икки-уч кишини бир қабрга қўйинглар», дедилар у зот.
«Қайсилари олдин қўйилади?» дейилди.
«Қуръонни кўп (ёд) биладигани», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Аҳли сунна ва жамоа уламолари жумҳури маййит бошқаларнинг унинг ҳаққига қилган дуоси (мисол учун, Қуръон ўқиб қилган дуоси), истиғфор (мисол учун, “Аллоҳим! Уни мағфират қилгин, раҳматингга олгин” каби), садақа ва мол орқали ёки бадан орқали қилинган вожиб амалларидан манфаат олиши борасида якдил фикр билдирганлар.
وَالَّذِينَ جَاؤُوا مِن بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِّلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Яна Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади:
فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُمْ
«Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Ўзингнинг, мўминларнинг ва мўминаларнинг гуноҳлари учун мағфират сўра. Аллоҳ сизларнинг кезар жойларингизни ҳам, борар жойларингизни ҳам билур» (19-оят).
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ رَجُلاً أَتَى النَّبِيَّ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ أُمِّيَ افْتُلِتَتْ نَفْسَهَا وَلَمْ تُوصِ وَأَظُنُّهَا لَوْ تَكَلَّمَتْ تَصَدَّقَتْ أَفَلَهَا أَجْرٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ عَنْهَا قَالَ نَعَمْ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
“Эй Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Гумон қилишимча, агар гапирса, садақа қилар эди. Мен унинг номидан садақа қилсам, унга ажр бўладими?” деди.
“Ҳа”, дедилар”.
Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.
Кўпчилик мусулмонларга доимий равишда манфаат бериб турадиган хайрли ишлар энг яхши садақа ҳисобланади
عَنْ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ أُمَّ سَعْدٍ مَاتَتْ فَأَيُّ الصَّدَقَةِ أَفْضَلُ قَالَ: الْمَاءُ قَالَ: فَحَفَرَ بِئْرًا وَقَالَ هَذِهِ لأُمِّ سَعْدٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالنَّسَائِيُّ وَزَادَ: فَتِلْكَ سِقَايَةُ سَعْدٍ بِالْمَدِينَةِ.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
“Эй Аллоҳнинг Расули, Саъднинг онаси вафот этди. Қайси садақа афзал?” деди.
“Сув”, дедилар.
У бир қудуқ қазиди ва:
“Мана шу Саъднинг онаси учун”, деди”.
Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилганлар.
Насаий “Ўша Саъднинг Мадинадаги сувхонасидир” жумласини зиёда қилган.
Афсуски, баъзи юртларда садақа деганда, фақат қозон осиб, таом пишириш, зиёфат бериш тушунтириладиган бўлиб қолган. Айниқса бу амалларни маълум кунларга белгилаб қўйиш шариатнинг бирор-бир кўрсатмасида кузатилмаган.
Очликдан қийналаётган кишилар бор жойда бир марта бўлса ҳам қорнини тўйдира олмай юрганлар учун яхши садақа бўлар, аммо шароитга қараб, ночор, ёрдамга муҳтож оддий мусулмонларга кўпроқ манфаат берадиган амал қилинса, садақанинг савоби кўп бўлади. Буни ҳал қилишнинг энг яхши йўли Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг тутган йўлларидир.[1]
Маййитнинг ортидан қилинадиган хайр-эҳсон, дуо ва бошқа ишлар шариатнинг асосини ташкил этмайди. Аксинча, булар бир қўшимча нарсалар бўлиб, асосини ҳар бир одамнинг ўзи қилган амали ташкил этади.
Шунинг учун ўлгандан кейин бошқанинг амалидан манфаат тегар экан, деган ўй билан бу дунёда шариатга амал қилмай юравериш мутлақо нотўғридир. Ҳатто баъзи жойларда йилига бир марта худойи қилиб қўйишни дин деб тушунадиганлар жуда кўп.[2]

________________________________________
 [1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Ҳадис ва Ҳаёт». Тошкент, Шарқ 2011. –Ж. 7, –Б. 327.
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Сунний ақийдалар». Тошкент, Шарқ. 2011 –Б. 247.

Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин!
Аммо баъд:
Ислом фиқҳи академияси Австралиянинг Фактурия вилоятидаги Исломий жамият делегациясининг раиси исломий ёшларга раҳбарлик қилган йилда, масийҳийлар орасида одат бўлиб қолган йўлга биноан, мусулмонларнинг маййитларини ёғоч сандиққа солиб дафн этишнинг ҳукми борасида ворид бўлган саволни ўрганиб  чиқди. У киши айтади:
“Бу ерда баъзи мусулмонлар буни маъқулламоқдалар ва бу йўлга эргашишда давом этмоқдалар. Мазкур вилоят ҳукумати эса мусулмонлар учун исломий йўсинда яъни шаръий кафанда дафн қилишга рухсат берган”.
Муноқаша ва мунозаралардан кейин фиқҳ академияси қуйидагича қарор қилди:
1.     Мусулмондан содир бўлган ҳар бир иш ва тутилган йўл, мусулмон бўлмаганларга ўхшаш ва тақлид қилиш мақсадида бўлса, у шаръан ман қилинган ва очиқ набавий ҳадислар билан ундан қайтарилгандир.
2.    Сандиқда дафн этиш билан ғайри мусулмонларга ўхшаш қасд этилса, бунинг ҳукми ҳаром бўлади. Ғайри мусулмонларга ўхшатиш қасд қилинмаса, модомики унга эҳтиёж йўқ экан, у ҳолда макруҳ бўлади. Унга ҳожат бўлган вақтда эса ундан фойдаланишнинг зарари йўқ.
Аллоҳнинг саловати ва саломлари саййидимиз Муҳаммадга ва у зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига бўлсин! Ва ҳамд оламлар Роббиси Аллоҳга бўлсин!

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз,
Раис ноиби: Абдуллоҳ Умар Насийф.

Аъзолар:
1.    Абдуллоҳ Абдурраҳмон ал Бассом,
2.    Солиҳ ибн Фавзон,
3.    Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Сабийл,
4.    Муҳаммад Маҳмуд Саввоф,
5.    Мустафо Зарқо,
6.    Солиҳ ибн Усаймин,
7.    Муҳаммад Рашид Қаббоний,
8.    Муҳаммад Шозилий ан Найфар,
9.    Абу Бакр Маҳмуд Жумий,
10.    Муҳаммад ибн Жубайр (имзо чекмади),
11.    Аҳмад Фаҳмий Абу Ситта,
12.    Ҳабиб бин Хўжа,
13.    Доктор Абу Бакр Зайд (имзо чекмади),
14.    Мабрук ибн Саъуд ал Авводий,
15.    Муҳаммад ибн Солим ибн Абдулвадуд.

Ислом фиқҳи академияси мажлисининг маърузачиси: Доктор Тилол Умар Бофақийҳ.

Таржимон: Муҳаммадраҳим Абдуллоҳ.
Муҳаррир: Аброр Мухтор Алий.

Мулоҳаза: Бу қарорни нафақат дафн масаласида, балки бошқа масалаларда ҳам ғайридинларга эргашмаслик борасида аҳамияти каттадир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мусибатзадаларга қариндош-уруғлари, яқинлари ва қўни-қўшнилари таом тайёрлаб, чиқариб туришлари суннат билан ўз аксини топган ишлардандир. Чунки мусибат билан бўлиб, улар  ўзлари ҳақида ўйламайдилар.
Иккинчидан, бошқаларнинг эътибори, раҳм-шафқат кўрсатиши мусибат етган хонадон аҳлига тасалли беради, кўнгилларини кўтаради.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ جَعْفَرَ قَالَ: لَمَّا جَاءَ نَعْيُ جَعْفَرَ قَالَ النَّبِيُّ: اصْنَعُوا لأَهْلِ جَعْفَرٍ طَعَامًا فَإِنَّهُ قَدْ جَاءَهُمْ مَا يَشْغَلُهُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Жаъфарнинг ўлими хабари келганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Чунки уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди”, дедилар”.
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Маййит аҳлларининг таом тайёрлаб, бошқаларга зиёфат қилиб беришлари эса асли собит бўлмаган бидъат ва макруҳ ишлардандир. Қолаверса, бу амал уларнинг мусибатлари устига мусибат, ташвишларига ташвиш қўшади.

Мавзуга оид савол жавоблар.
САВОЛ: Маййитнинг тилладан бўлган тишларини суғуриб олса бўладими?
ЖАВОБ: Маййитга озор бермай олишни иложи бўлса, жоиз акс ҳолда жоиз эмас.
«Суғуриб олгиси келса, жоиз» («Апке масаил ўвр унки ҳал» Саволларга жавоблар).

 

 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Азанинг муддати
Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ давоми...
1 ўн йил аввал 13340 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жасадни бошқа юртга кўчириш
Ўлган одамнинг жони узилган шаҳарга ёки қишлоққа кўмиш мустаҳаб амалдир. Уни вафот топган жойидан бошқа бир жойга кўчиришни кўпчилик уламоларимиз макруҳ, деганлар ва бу ишнинг макруҳлигининг бир неча сабабларини давоми...
1 ўн йил аввал 10944 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабр зиёрати одоблари
Авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш лозим; Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир; Қисқа муддат бўлса ҳам, дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш; Зиёратгоҳда давоми...
8 йил аввал 9757 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрга белги қўйиш ёки бир жойга яқин қариндош-уруғларни бир жойга қўйиш
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон давоми...
7 йил аввал 9905 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрнинг сифати
 Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади. «Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади. «Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг давоми...
7 йил аввал 11032 fiqh.uz