Муқаддима
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари олдинги собиқ умматлардан кўра, энг хайрли умматлардир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло биз—уммати муҳаммадиянинг амри-маъруф, наҳий-мункар қилувчилик хусусиятларимизни алоҳида зикр қилиб мақтаган. Шунингдек, муқаддас Ислом дини олдинги динлар ичида энг мўътадил меъёрий дин бўлиб, унинг аҳкомлари ифрот ва тафритдан ҳоли ўртамиёна аҳкомлардир!
Ислом шариатининг ҳар бир ақида ва амалиётида муайян меъёри бўлиб, мусулмонлар амал ва эътиқодда ўша меъёр бўйича иш тутишлари лозим. Ҳаддан ошиб ифрот йўлини тутганлар, ёки меъёрдан камайтириб тафритга тушиб қолганлар эса, шариатни топтаб, суннатни кемириб, мусулмонларни диний инқироз домига тортадилар.
Инсоният ҳаётининг ҳар бир жабҳасида ўзининг муайян тартиб-қоидаларини жорий қилган Ислом шариати маййитларга боғлиқ ҳукмларни ҳам батафсил баён қилган. Албатта, бунда ҳам бошқалари каби мўътадил меъёрий тизим очиқ-равшан белгилангаб қўйилган.
Қайсики мусулмон вафот этар экан албатта, унинг шариатда алоҳида ҳурмати бор. Маййит эгалари яқини ўлганидан шод-ҳуррам бўлмасликлари керак, балки уни сўнгги йўлга кузатишда афсус ва маҳзунлик билан, жасадни ювиб, тоза матолар билан кафанлаб, хушбўй нарсалар сепиб, қабристонга елкада кўтариб бориб дафн этиш ва дафн маросимларини шариатга мувофиқ тарзда бажаришлари лозим бўлади. Шу жараёнда ҳаддан ошиб, шариатда йўқ одатларни пайдо қилса, риё, шуҳратпараслик, исроф каби ҳаром саналган иллатларни дафн маросимларига аралаштирса, ёки тафрит йўли билан шариатда бор амалларни йўққа чиқарса, маййитни кафанлаш, жасадни ювиш, унинг васиятларини амалга ошириш каби ишларни ташлаб қўйса, демак у шаръий меъёрни бузган, умматни диний таназзулига ҳисса қўшган хурофотчи ҳисобланади.
Шунга кўра, шариатимизда маййит ортидан қилинадиган барча диний расм-русумларнинг шаръий тартиб-қоидаларини билиш муҳим аҳамият касб қилади. Қолаверса, бугунги кун давлатимиз қонунчилигида ҳам тўй, маърака ва маросимларни ислоҳ қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган масалалардан биридир. Президентимиз Ислом Каримов 1998 йил 28 октябрда “Тўй ҳашамлар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги ПФ-2100 Фармонни қабул қилди. 2002 йил эса шу фармоннинг янги таҳрири қабул қилинди. Абу Саъид Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ “Бариқа”да келтиришича, инсон ўзи яшаб турган юрт ҳукуматининг халқ манфаатини кўзлаб чиқарган, шариатга зид бўлмаган ҳар қандай қонунларига тўлиқ амал қилиши вожиб бўлади.
Рисоланинг ёзилиш сабаби
Ўтган яқин кунларда республикамизда фаолият олиб бораётган диний интернет сайтларнинг баъзиларида марҳумлар ортидан қилинадиган “уч”, “қирқ”, “пайшанба”, “йил” номли расм-русумлар ҳақида бир-иккита қисқагина мақола эълон қилинди. Муаллифлар ўша махсус анъанавий расм-русумларнинг бидъат экани ҳақида очиқ сўз юритган. Мақола интернетда омма ҳукмига ҳавола этилгач, унинг ортидан мавзуга доир турли-туман ихтилофли гап-сўзлар пайдо бўлди. Бу айниқса водий ҳудудларида кенгроқ тарқалди.
Баъзилар: “Бу ваҳҳобийларнинг фикри, аслида бу одатлар қадимдан мавжуд, улуғларимиз бу каби маросимларда иштирок этиб келган. Унинг ҳеч кароҳияти йўқ” деса, бошқалар уларга қарши фикрни илгари сурмоқда.
Айниқса, интернетдаги ижтимоий тармоқларда бу мавзу қизғин баҳсларга сабаб бўлди. У ерда ҳам фаоллар иккига бўлинган. Биринчи тараф “махсус маросимларни фақат ваҳҳобийлар инкор қилади”, деган фикрни ёқласа, иккинчи гуруҳ “бу одатлар ҳақиқатан бидъат”, деган қарашда қатъий туришди.
Бу ихтилоф авом қолиб, ҳатто фиқҳ ва ақоиддан яхшигина хабари бор аҳли илмларимизгача чиқиб улгурди. Улар орасида ҳам баҳсли муҳокамаларга сабаб бўлди. Аксар аҳли илмларимиз “уч”, “қирқ”, “йил” каби маросимларни рад этганларга танқидий қараб, ундайларни “соҳта ҳанафий, ўзини ҳанафий кўрсатиб юрган ваҳҳобий”, дейишгача ҳам бориб етдилар. Иккинчи томон эса ўзларига берилган бу нохолис баҳодан таажжубга боришди.
Аслида аҳли илмларимиз бу масалада тортишувга бормасликлари керак эди. Чунки Ўзбекистон мусулмонлар идораси (ЎМИ)нинг айни шу маросимлар ҳақида чиқарган фатвоси бўлиб, унда муфтиёт томондан республикамиздаги расмий масжид имомларига “Марҳумлар дафнидан кейин одат тусига айланган 7, 20, 40, йил, ҳайит кунларидаги фотиҳахонлик каби маросимларнинг шаръий эмаслиги, балки бидъат ишлардан эканлиги тушунтириб борилсин”, деган талаб ҳам қўйилган эди. Ҳа, бу талаб айни ўша ихтилоф гирдобидаги аҳли илмлар зиммасига юклатилган эди.
Аммо, минг таассуфки, улардан айримлари бу талабни бажариш ўрнига ўзлари ҳам “40, 20, йилни инкор этганлар ваҳҳобий бўлади”, деб ҳаёл қилувчи авомуннос билан ҳамфикр бўлиб кетишди. Диний раҳбарият фатвосини эса “ваҳҳобийча фатво”, деб изоҳлашдан нарига ўтишолмади. Қарши томондагилар эса, “Идоранинг бу қарори ҳаводан олинмагандир... бу амаллар суннат бўлса, улар буни бидъат демаган бўларди”, деган мулоҳаза билан жавоб қилишди.
Икки томон ҳам ўз фикрини тасдиқлашда маҳкам турар, аммо бу хусусда фиқҳий манбаларга мурожаат қилиб кўриш, асл ҳанафийлик кўрсатмаларини аниқлашга деярли вақтлари бўлмади. Фиқҳий ва ақидавий тушунчалари тўлиқ шаклланмаган авом эса, кимнинг сўзига ишонишни билмасдан лолу-ҳайрон, орада сарсон бўлди.
Шу ҳолатлар сабаб бўлиб, марҳумларни ортидан йўқлашдаги шаръий меъёрни пухта ўрганиб чиқиб, кичик бир рисола (мақола) ёзишга жазм этилди. Токи, бу ихтилофларга барҳам берилсин. Шу билан бирга диний идорамиз тарафдан чиқарилган фатвони “ваҳҳобийча фатво”, деб ўйлаганларга батафсил изоҳ ва тушунча бўлсин.
Рисолани ёзишда эҳтимолий тушунмовчиликларни олдини олиш ниятида мақсадни мукаммал ва тўлиқ иборалар билан ифода этишга ҳаракат қилинди. Аввал мавзуни пухта ўрганилди ва унга тааллуқли барча қавлларни бир-бирларига таққослаб, масаланинг ҳақиқатини тўғри англаб олиш талабига қаттиқ риъоя қилинди. Токи, ўқувчида носаҳиҳ тушунчалар ҳосил бўлишига сабаб қолмасин. Маросимлар ҳақида якуний хулоса чиқаришдан олдин, аниқланган барча қавлларки мавзуга алоқаси бўлса, уларни бу ерда келтирилди. Лозим топилганларининг арабий матнлари билан кўрсатилди, баъзиларининг эса умумий мазмуни билан чекланилди.
Рисолада олинган фикрларнинг манбасига жиддий аҳамият берилди. Деярли фақат аҳли сунна, ҳанафий мазҳаби олимларининг китобларига суянилди. Иложи борича қадимги олимларнинг сўзлари ва далиллари нақл қилинди.
Чалкаш тушунча ёки 20, 40, “йил”ни инкор қилганларни авом нима учун “ваҳҳобий” дейди?
Собиқ иттифоқнинг коммунистик сиёсати динсиз сиёсат эди. Дин олимларининг деярли ҳаммаси йўқ қилинган, диний китоблар ёндирилган, беркиниб омон қолган аҳли илмлар эса, уйларида бор диний адабиётларни ўзлари йўқ қилишга мажбур бўлган. Бошқаларни-ку қўя туринг, ҳатто, ўз оиласи ичида ҳам диний таълимотни йўлга қўйишга қўрқадиган замонлар эди. Одамлар шариат аҳкомларидан кескин йироқлаштирилар эди. Натижада халқнинг диний савияси деярли йўқ бўлиб кетди. Диннинг номи қолди-ю асли деярли йўқ эди. Халқ диний соҳаларда ўта саводсиз бўлиб қолган эди.
Собиқ иттифоқ заифлашиб ўзининг сўнгги кунларини кўриб турганида хориж мамлакатларидан бизнинг ўрта осиё ҳудудларига ҳам “дин ўргатиш” мақсадида турли бузуқ мутаассиб оқимлар кириб кела бошлади. Шулардан бири “Ваҳҳобийлик” оқимидир. Бу оқим аъзолари бир неча масалалар қатори айни маййит ортидан қилинадиган расм-русумларга ҳам аралашиб кўришди. Улар “маййитнинг ортидан тиловати Қуръон қилиш ҳам, хайри-эҳсон қилиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Тирикларнинг қилган амалларидан ўликларга наф йўқ”, деган иддаолар билан омма ўртасига чиқиб келишди. Улар айниқса, халқимизда урф бўлган “қирқ”, “йил” каби одатий маросимларга кўпроқ урғу беришар, улардан жуда қаттиқ қайтаришарди. Ваҳҳобийликни қабул қилмаган халқ эса, улар тарафдан айтилган ҳар-бир янгиликдан қаттиқ хазар қиларди.
Собиқ тузумнинг золимона сиёсати таъсирида хосил бўлган диний саводсизлик туфайли, маййитларимиз ортидан қилинадиган маърака ва маросимларнинг фиқҳий ва ақидавий жиҳатлари, тартиб ва қоидалари, белгиланган муайян меъёрлари унутилиб кетганди. Маросимларнинг асли бор-у бироқ, уни амалга оширишдаги тўғри таълимот йўқ бўлиб кетди. Йўқолган суннатлар ўрнини жоҳил, саводсизлар томондан ўйлаб топилган бидъат тушунчалар эгаллаб олди. Одамлар ичида махсус кунларда маросим қилишни вожиб даражасигача олиб чиққанлар бўлди.
Натижада, ваҳҳобийлар кўтариб чиққан масалалар ичида “маййит ортидан кунларни хослаб “уч”, “қирқ” эҳсонларини қилиш мумкин эмас”, деган гап ҳам собиқ иттифоқ даврида катта бўлган одамлар учун “ваҳҳобийларнинг янгилиги”га айланди, қолди. Уни гапирганлар “ваҳҳобий”лар билан чалкаштирилди. Нимагаки, авомнинг онггида “Маййитни йўқлаб қилинган эҳсондан қайтарганлар ҳар қандай ҳолатда ҳам, қатъий ваҳҳобийдир”, деган умумий хато тушунча пайдо бўлиб улгурганди.
Олимларимиз эса ҳанафий фиқҳининг айни “маййитхона маросимлари”га тегишли бўлимларидаги тафсилотларни очиқча гапиришдан қўрқиб ҳам қолдилар. Чунки, бу мавзуда сўз очган ҳар қандай аҳли сунна-ҳанафий омма тарафдан ўйлаб ўтирилмасдан “ваҳҳобий”га чиқарилар эди. Бу каби қабиҳ тоифага мансуб бўлиб қолиш иттиҳомидан хазар қилиш ниятида, айни масалада жуда кўпчилик жим юришга мажбур бўлди. Бунинг сабаби эса майитхона маросимлари ҳақидаги шаръий ҳукмларда юртимиз ҳанафийларидан олдин ваҳҳобийларнинг биринчи бўлиб сўз очгани эди. Соддароқ қилиб айтганда: “ҳанафийликнинг бир масаласи ваҳҳобийларга бериб қўйилган эди”. Мана шу ҳолат энг катта мусибат бўлиб, ҳанафийликнинг бир муҳим масаласи инқирозга юз тутишига сабаб бўлди!
Ҳа, бу чалкашлик, бу инқироз ҳақиқатан оммалашиб кетди. Маййитхона зиёфатлари ҳақида салбий сўз қилганларни ёппасига “ваҳҳобий”га чиқарган авомни омийлиги сабаб маъзур тутса бўлар... Аммо, бидъатнинг оқибати дўзах эканини яхши билган, “бировни бесабаб “ваҳҳобий”, деб ҳақорат қилганларни дарра уриб таъзирини бериш керак”, деган масаладан хабари бор аҳли илмларни қандай тушуниш мумкин?! Ва ҳолбуки, ҳанафийлар фахри мавлоно Абдулҳай Лакнавий (р.а.) “Шарҳи виқоя”нинг ҳошиясида ваҳҳобий бўлмаган мусулмонни “ваҳҳобий” деб ҳақорат қилган шахс дарра уриб жазоланади, деб катта қилиб ёзиб қўйганку?!
Асли ҳақиқат эса, авом ва уларга ўхшаб фикрловчиларнинг ўйлаганидан бошқача эди. Маййитхона маросимлари ҳақида каттагина тафсил бўлиб, уни очиқчасига инкор қилиб ҳам, очиқчасига умумий тарзда исбот қилиб ҳам бўлмас эди. Бу масалада аҳли илмлар билиши ва оммага билдириши зарур бўлган қайдлар ва тафсилотлар бор эди.
Мотамхона, зиёфат ва садақанинг таърифи
Мотамхона. Мотамхона бу—маййит чиққан мусибат хонадони бўлиб, унинг мотамхоналик муддати уч кунгача бўлган азадорлик вақти билан чегараланади холос. Қачонки уч кун ўтаркан, у хонадонни шаръий истилоҳда маййитхона, мусибатхона, мотамхона дейилмайди! Зотан, жумҳури аҳли сунна, салафу халаф уламоларининг иттифоқига кўра, вафот этган кишига уч кундан ортиқ аза очиш ҳалол эмас (эри ўлган аёл бундан мустасно). Ҳатто Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида ўлган инсоннинг ортидан уч кун ҳам аза очиш мумкин эмас, дейилган.
Бу хусусда саҳиҳ тўпламларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бирор аёлга, биронта ҳам ўлик учун, уч кундан зиёд аза очиб ўтириши ҳалол бўлмайди. Магар, эрига тўрт ой ўн кун ўтиради”, деган мазмунда ҳадислари бор. Ҳижрий учинчи асрда яшаб ўтган олим Абу Бакр ибн ал-Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “ал-Ижмоъ” номли ижмоъий масалалар тўпламида 457-рақам билан қайдлаб, шу масала ҳақидаги ижмоъни нақл қилган.
Шундай экан, мотамхона ҳақида айтилган ҳар қандай ҳукмларнинг ҳаммасида муддати аниқ кўрсатилмаган бўлса, бундан фақат инсон ўлимидан кейинги илк уч кунни тушунилади.
Садақа. Садақа—деб инсон ўзининг шахсий мулкидан, савоб умидида бирон кишига тамликан яъни, унинг ўзига эвазсиз шахсий мулк қилиб берган нарсасига айтилади. “Мухтасар виқоя” (Ҳиба бўлими)да садақа қабз билангина саҳиҳ бўлади дейилган. Яъни, садақа олувчи қачонки садақа молини ўз мулкига қабул қилса, шундагина уни шаръан садақа дейилади. Фарз садақаларни фақатгина муҳтож фақирларга берилади. Ихтиёрий нафл садақаларни эса бойлар олиши ҳам мумкин, бироқ уни ҳам фақир, муҳтожларга берилгани афзал.
Зиёфат. Зиёфат—деб инсон ўз мулкидаги молни бошқаларга, эваз олмасдан мубоҳ қилишига, яъни истеъмолига рухсат беришига айтилади. Меҳмон чақириб уларнинг олдига қўйилган ноз-неъматларнинг истемолига рухсат берилса, буни шаръий истилоҳда ибоҳат, зиёфат дейилади. Маҳаллий тилимизда “эҳсон, маърака” ҳам дейилади.
Садақа билан зиёфат умумий жиҳатдан бир, яъни молни ўзгаларга эвазсиз ҳиба қилиш маъносида бўлсада, уларнинг орасида нозик фарқ бор. Бу ҳақда Шайх Абдулқодир Охун Доғистоний шундай деганлар:
اعلم اولا ان تمليك المال بلا عوض يسمي هبة في اصطلاح الشريعة، فان ملكه محتاجا لثواب الاخرة فصدقة. و ان اباحه فضيافة.
Аввало шуни билингки, молни эвазсиз бериш шариат истилоҳида “ҳиба” дейилади. Агар уни муҳтож кимсага мулк қилиб берилса садақа бўлади. Агар мубоҳ қилса зиёфат бўлади. (Лузум ул-иқтисод фил-амал вал-эътиқод. 48/Б.)
Маййит руҳига савоб учун садақа қилиш
Шуни таъкидлаш жоизки, жумҳури аҳли суннанинг эътиқодий таълимотига кўра, тириклар томондан қилинган хайрли амалларнинг савоби маййитларга албатта етиб боради. Бу ақидавий масалалардан бўлиб, унда шакка борган киши аҳли суннат йўлидан аҳли бидъат сўқмоғига ўтади. Ибодатлар хоҳ намоз ва рўза каби баданий бўлсин, хоҳ закот ва бошқа садақотлар каби молиявий бўлсин, ёки ҳаж ва умра каби иккисидан иборат бўлсин, булардан қатъий назар бу ибодатларнинг савоби ўтганларга дуо қилиб бағишланса, бундан уларга шубҳасиз манфаат етиб боради. Бу масаланинг исботи ақидавий китобларда, ўз ўрнида етарлича далиллар билан уламолар томондан мукаммал тарзда баён қилиб қўйилган (хоҳловчилар ақидавий матн ва шарҳларга мурожаат қилишлари мумкин).
Шунингдек, садақа қилувчи киши маййит ортидан унинг ўлган кунида ҳам, ундан кейин ҳам умуман, қачонки садақа қилишга ўзида ортиқча мол топса, ўша вақтда хоҳлаганча садақа қилаверади. Маййитнинг руҳини йўқлаб, унга атаб ҳарқанча садақа қилиши мумкин. Ва бунинг савобидан марҳум албатта манфаатдор бўлади. Бу мавзуда сўзни қисқа қилиб айтамизки: “хайри-садақотларнинг савоби марҳумларга етишини фақатгина аҳли бдъатлар инкор қилишади холос”. Бизнинг мақсад—маййитхонадаги зиёфатларнинг шаръий ҳукмларини ўрганишликдир.
Мотамхона зиёфатларидан қайтарилган далиллар ва уларнинг асл мазмуни
Зиёфат билан садақанинг фарқини аниқлаб олганимиздан сўнг, энди асосий мақсадга ўтамиз. Фиқҳий манбаларнинг баъзиларида кароҳият ҳақидаги бўлимларда ва яна баъзиларида эса, маййитни дафн этиш ҳақидаги бўлимларда маййит чиққан хонадонда унинг хотирасига бағишланган йиғин ва зиёфатлар ҳақида сўз юритилган.
Жумладан:
1-) Ҳанафий олими Камолуддин ибн Ҳумом (р.а.) Ҳидоянинг шарҳи “Фатҳ ул-қадир”да дафн ҳақидаги фаслнинг энг охирида, шаҳид бобидан сал олдин шундай дейди:
وَيُكْرَهُ اتِّخَاذُ الضِّيَافَةِ مِنْ الطَّعَامِ مِنْ أَهْلِ الْمَيِّتِ لِأَنَّهُ شُرِعَ فِي السُّرُورِ لَا فِي الشُّرُورِ ، وَهِيَ بِدْعَةٌ مُسْتَقْبَحَةٌ
رَوَى الْإِمَامُ أَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَهْ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ : كُنَّا نَعُدُّ الِاجْتِمَاعَ إلَى أَهْلِ الْمَيِّتِ وَصُنْعَهُمْ الطَّعَامَ مِنْ النِّيَاحَةِ .
“Маййит эгалари томондан таом пишириб, зиёфат ташкил қилиниши макруҳ бўлади. Чунки зиёфат одатда хурсандчилик кунларида уюштирилади, оғир мусибат кунларида эмас. Бу каби зиёфатлар қабиҳ бидъатлардандир. Имом Аҳмад ва ибн Можа (р.а.) лар саҳиҳ иснод билан Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Биз (саҳобалар жамоъаси) маййитхонага тўпланиш ва уларнинг таом хозирлашларини ниёҳат (ўлик ортидан дод-вой солиб йиғлаш) билан бир хил ҳисоблар эдик”. (Фатҳ ул-қадир. 1/ж. 473/Б. Матбаъат ул-кубро ал-Амирийя. Миср. 1315-ҳж).
2-) Шофеъий олимларининг таниқлиларидан бири имом Нававий (р.а.) “Равзат ут-толибин ва умдат ул-муфтиййин” номли китобида, маййит эгаларининг қўшнилари уларга таом чиқарса мустаҳаб бўлишини айтгач, уларнинг ўзлари таом тайёрлашлари ҳақида шундай деганлар:
وَأَمَّا إِصْلَاحُ أَهْلِ الْمَيِّتِ طَعَامًا ، وَجَمْعُهُمُ النَّاسَ عَلَيْهِ ، فَلَمْ يُنْقَلْ فِيهِ شَيْءٌ ، وَهُوَ بِدْعَةٌ غَيْرُ مُسْتَحَبَّةٍ
“Аммо, аҳли маййит томондан таом тайёрланиб, унинг атрофига одамларнинг тўпланиши ҳақида салафлардан ҳеч қандай далил нақл қилинмаган. Бу иш бидъат ва қабул қилинмаган ишдир”. (Равзат ут-толибийн 2/Ж. 145/Б. Алмактаб ул-Исломий. Байрут. 1405).
3-) Моликий мазҳаби олимларидан Хаттоб Моликий (р.а.) шундай дейди:
امَّا إصْلَاحُ أَهْلِ الْمَيِّتِ طَعَامًا ، وَجَمْعُ النَّاسِ عَلَيْهِ : فَقَدْ كَرِهَهُ جَمَاعَةٌ ، وَعَدُّوهُ مِنْ الْبِدَعِ ؛ لِأَنَّهُ لَمْ يُنْقَلْ فِيهِ شَيْءٌ ، وَلَيْسَ ذَلِكَ مَوْضِعَ الْوَلَائِمِ
“Аммо, маййит эгаларининг таом тайёрлаши ва унга одамларни жамлаб таклиф қилишига келсак, бу амални катта бир гуруҳ уламолар кариҳ кўришган ва уни бидъатлардан ҳисоблашган. Чунки салафи солиҳларимиздан бу амал ҳақида ҳеч нарса келмаган. Шунингдек, маййитхона тўйхона эмасдир!”. (Мавоҳиб ул-жалил фи шарҳи мухтасар ил-халил. 2/228).
4-) Ҳанбалий мазҳаби олимларидан Муваффиқуддин Ибн Қудома (р.а.) шундай дейди:
فاما صنع اهل الميت طعاما للناس فمكروه، لان فيه زيادة علي مصيبتهم و شغلا لهم الي شغلهم و تشبها بصنيع اهل الجاهلية .
“Аммо, ўлик эгаларининг одамларга таом тайёрлашлари макруҳдир! Чунки, бу мусибат устига мусибатдир, овворагарчилик устига овворагарчиликдир. Бу худди жоҳилият даври одамларининг одатларига ўхшаш одатдир”. (ал-Муғний. 3/497 . Дору олам ил-кутуб. Риёд).
5-)Мавлоно Абдураҳмон Жазийрий раислигида бир гуруҳ Миср олимлари томондан таълиф этилган “Алфиқҳ ъала ал-мазоҳиб ил-арбаъа” номли фиқҳий асарда шундай дейилади:
و من البدع المكروهة ما يفعل الآن من ذبح الذبائح عند خروج الميت من البيت او عند القبر و اعداد الطعام لمن يجتمع التعزية و تقديمه لهم كما يفعل في الافراح و محافل السرور و اذا كان في الورثة قاصر عن درجة البلوغ حرم اعداد الطعام و تقديمه
“Ва яна, хозирда қилиниб келаётган макруҳ бидъатлардан бири: Худди шодлик вақти, ҳурсандчилик йиғинларида қилинадиган суратда, маййит чиққанда ёки (дафндан кейин) қабристонда жонлиқ сўйиш ва таъзияга келганларга ундан таом пишириб едириш”. Агар ворислар ичида балоғат ёшига етмаганлар бўлса, таом пишириб едириш ҳаром бўлади. (Ал-фиқҳ ъала ал-мазоҳиб ил-арбаъа. 2/Ж. Мактабат ул-ҳақиқа. Истанбул. 2004).
6-) Фарғона водийсида туғилиб, ижод қилган, машҳур ҳанафий фақиҳи, ҳижрий олтинчи асрнинг таниқли олимларидан бири, имом Фахруддин Қозихон раҳматуллоҳи алайҳ ўз фатво тўпламида шундай ёзади:
يكره إتخاذ الضيافة في ايام المصيبة لأنها أيام تاسف فلا يليق بها ما يكون للسرور
“Мусибат кунларида зиёфат қилишлик макруҳ бўлади. Чунки у кунлар афсус-надомат кунлари бўлиб, ҳурсандчилик кунларда қилинадиган тадбирлар унга тўғри келмайди.”
7-) Ҳижрий олтинчи асрда яшаб ўтган, машҳур ҳанафий олими, ақоид илмига доир “Қасидат ул-амолий” рисоласининг соҳиби, Ўзганлик аллома Сирожуддин Абу Муҳаммад (р.а.) ўз қаламига мансуб “ал-Фатавас сирожия” номли фатволар тўпламининг кароҳият бўлими, валима (тўй) ҳақидаги қисмида шундай деганлар:
لا يباح اتخاذ الضيافة عند ثلاثة أيام في المصيبة
“Мусибат вақтида уч кун ичида зиёфат ташкил қилиш мубоҳ бўлмайди” (ал-Фатавас сирожия. Дор ул-улум Закария. ЖАР. 2011 м).
8-) Шунингдек яна, ҳамюртимиз улуғ ҳанафий фақиҳи, Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ “Ат-тажнис валмазид” номли фиқҳий асарида шундай деганлар:
لا يباح إتخاذ الطعام عندنا ثلاثة ايام في المصيبة لان الضيافة تتخذ عند السرور
“Бизнинг наздимизда мусибат вақтида уч кун таом тайёрлаш мубоҳ бўлмайди. Чунки зиёфат ҳурсандчилик вақтида бўлади”. (Ат-тажнис вал мазид. 1039-масала. 287/Б. Идорат ул-Қуръон вал улум ил-Исломия. Покистон. 2004.)
9-) Китоблари юртимиз аҳли илмлари ичида суйиб ўқиладиган, ақоид, фиқҳ, тафсир, тажвид ва яна бир қанча соҳалар билимдони, мавлоно Мулла Алий раҳматуллоҳи алайҳ “Мирқот ул-мафотиҳ”да Жаъфар розияллоҳу анҳунинг оиласига таом чиқарилгани ҳақидаги ҳадиснинг шарҳида шундай дейди:
و اصطناع اهل البيت له لأجل اجتماع الناس عليه بدعة مكروهة بل صح عن جرير رضي الله عنه "كنا نعده من النياحة" و هو ظاهر في التحريم. قال الغزالي: "يكره الاكل منه". قلت: و هذا اذا لم يكن من مال اليتيم او الغائب و الا فهو حرام بلا خلاف
“Уй эгаларининг одамлар жамланишлигини ҳисобга олиб, маййит учун таом тайёрлашлари макруҳ бидъатдир. Балки, Жарир розияллоҳу анҳудан саҳиҳ келганки “биз уни ниёҳатдан ҳисоблардик”. Ва бу хабар ҳаром деб ҳукм қилиш учун зоҳир, очиқ-ойдин ҳужжатдир. Ғаззолий айтганлар: “Ундан емоқ макруҳ бўлади”. Мен айтаман: ”Бу—яъни макруҳ бўлиши агар етим-сағир ёки ғоибдаги вориснинг молидан бўлмагандадир. Агар уларнинг ҳаққини сарфлаб таом тайёрланса, у хилофсиз ҳаромдир!”. (Мирқот ул-мафотиҳ. Жаноиз китоби. 4/Ж. 194/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 2001).
Далилларга разм солсак, уларнинг аксарида мотамхонада зиёфат беришни макруҳ, деб умумий келтирганлар. Кейинги китобларда эса “уч кун” билан алоҳида қайдлаб қўйилган. Барча далилларни бир-бирларига таққослаб умумийлаштирилганда қуйидаги мазмун келиб чиқади: Маййит эгалари ўтганларига атаб илк уч кун ичида зиёфат бериши макруҳ бўлади. Лекин уч кун ўтиб азадорлик ниҳоясига етгач, марҳумлар хотирасига хоҳлаганча хайри-худойилар қилиш мумкин ва албатта, буларнинг савоби ўтганларга етиб боради! “Фатҳул қадир”даги каби куни аниқ кўрсатилмаган далиллар уч кунга тегишли бўлиб, кейинги кунларга алоқаси йўқ. Чунки уларда ҳам “мусибат кунларида”, дейилган. Мусибат кунлари эса, шаръан уч кун бўлади холос! Зиёфатдан қайтарилган далилларнинг асл мазмуни мана шудир!
Мотамхонада йиғилиб таомхўрлик қилиш қачондан буён бор?
Бу маросимларнинг асл тарихи Исломдан олдинги жоҳилят даврларига бориб қадалади. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг “Биз (саҳобалар жамоъаси) маййитхонага тўпланиш ва уларнинг таом хозирлашларини ниёҳат (ўлик ортидан дод-вой солиб йиғлаш) билан бир хил ҳисоблар эдик”—деган хабарининг ўзи бу амал Исломдан олдин ҳам мавжуд бўлган, Ислом уни қабул қилмаганини очиқ-ойдин билдириб туради.
Шунингдек яна, улуғ тасаввуфий олим Абдулқодир Жийлоний ҳазратларидан таълим олишга муяссар бўлган, ҳанбалий мазҳабининг йирик намояндаси Муваффиқуддин ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Муғний”да бу амалларнинг асли жоҳилят даврига мансублигини билдирувчи шундай ривоятни келтиради:
و روي ان جريرا وفد علي عمر فقال: هل يناح علي ميتكم؟ قال: لا. قال: فهل يجتمعون عند اهل ميتكم و يجعلون الطعام؟ قال: نعم. قال: ذاك النوح.
Ривоят қилинишича, Жарир розияллоҳу анҳу (ўз қавми томондан) Умар розияллоҳу анҳунинг олдига келган. Умар (р.а.) унга: “(сизлар томонда) маййитларингга дод-вой солиб йиғланадими?”—деб сўрайди. У киши: “йўқ”,—деб жавоб берди. Кейин Умар розияллоҳу анҳу яна: “маййит эгаларининг уйида тўпланишадими? Улар таом тайёрлашадими?”,—деб сўради. Жарир: “ҳа”—деб жавоб қилди. Шунда Умар ибн Ҳаттоб: “ўша ҳам навҳ (дод вой солиб йиғлаш каби жоҳилят қолдиғи)дир”, деди. (ал-Муғний. 3/497 . Дору оламил кутуб. Риёд).
Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ маййит ҳали дафн этилмасдан олдин таом тайёрлашлик асли жоҳилятдан қолган сарқит эканидан, огоҳлантирганлар. У кишининг бу танбеҳларини бир қанча китобларда учратиш мумкин. Жумладан: Абдуррауф Муновий (р.а.) Имом Суютийнинг “ал-Жомеъ ус-сағир” асарига ёзилган шарҳида, Росулуллоҳнинг аҳли аёлларига: “Жаъфарнинг оиласига таом чиқаринглар”, деб айтгани ҳақидаги (1091-рақам билан қайдланган) ҳадиснинг изоҳида бу танбеҳ нақл қилинган. (Файз ул-қадир. 1/Ж. 533/Б). Ва яна, имом Абу Саъид Ходимийнинг “Тариқат ул-Муҳаммадия”га ёзган шарҳида ҳам худди шу огоҳлантириш китобнинг 3-жузи 254-бетида айтиб ўтилган.
Ҳижрий ўнинчи асрнинг ҳанафий олимларидан Муҳаммад ибн Бирали Биргивий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Расоили Биргивий” номли мажмуаси бўлиб, унинг аввалига “Жало ул-қулуб” номли рисоласи жойланган. Имом Биргивий ушбу рисоласида маййитга тааллуқли қатор масалаларни келтиради ва маййитнинг: “Мен ўлган куниёқ таом пишириб хайри-худойи қилинглар”, деб васият қилиши масаласига тааллуқли фатволарни келтиргач, хулоса сифатида шундай дейди:
فظهر من هذا ان المعتاد في زماننا ليس بجائز بلا خلاف. فإذا بطل الوصية بكون ميراثا للورثة فلا يحل لغني و لا لفقير، خصوصا إذا كان في الورثة صغير.
“Бас, бундан маълум бўладики бизнинг замонамизда одатга айланган ишлар хилофсиз жоиз эмасдир. Қачонки юқоридаги каби васиятлар ботил бўлар экан, демак қолган мол ворисларники бўлади. Бас, шундай экан у мол бойга ҳам фақирга ҳам ҳалол бўлмайди. Айниқса, ворислар ичида ёшига етмаган сағирлар бўлса...”. (Расоили Биргивий. Жало ул-қулуб. 35/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 1971).
Имом Биргивий раҳматуллоҳи алайҳнинг ибораларидан тушунишимизча, у киши яшаб ўтган давр—бундан қариб беш аср олдин ҳам авом орасида ўлик чиққан куниёқ, ҳали мерос тақсим қилинмасдан туриб, унинг молини сарфлаш, таъзияга келганларга зиёфат бериш расм-русум тусида бўлган. У киши “Жалоул қулуб” асарида ворисларнинг иқтисодий аҳволидан қатъий назар мотамхонада худди тўй-валималар қиёфасида, қалин тўшаклару қимматбаҳо гиламлар билан ўрин хозирланиши, меҳмондорчиликнинг тўрида ҳатто аҳли илмлар жой олишларига ҳам алоҳида урғу бериб, бу ишлардан ташвиш билан шикоят қилади. У кишининг ҳикоя қилишича, ўша даврларда суннат билан бидъат аралашиб кетган ва одамлар маййит ортидан уч кун ичида зиёфат беришни вожиб ҳолига олиб чиқишган ҳам экан. Кунларнинг бирида ул зотдан савол сўраб бир йигит келади ва у кишидан: “Фарзандим вафот этди. Фақирлигим туфайли ўлган куни таом пишириб едиришни адо қилолмасдан иккинчи кунга суришга мажбур бўлдим, менга гуноҳи борми? ”—деб сўраган. Имом Биргивий раҳматуллоҳи алайҳ шу ҳолатлар ҳақида куюниб айтадики: “Буни қаранг, макруҳ амални қай даражада вожиб деб эътиқод қилмоқда-ю кечиктириб қўйганидан тараддудланмоқда... Ва ҳолбуки шариатимизда мубоҳ амални ҳам вожиб деб эътиқод қилмоқ макруҳдир! Булар эса макруҳни вожиб, деб билишмоқда!”. Имом Биргивийнинг бу сўзларини “Жало ул-қулуб” китоби 37-38 саҳифаларида ўқиш мумкин. Шунингдек, “Тариқат ул-Муҳаммадия”нинг шарҳи “Бариқат ул-Маҳмудия” (3/жилд. 255/Бет)да ҳам, Абу Саъийд Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ имом Биргивийнинг “Жалоул қулуб”даги сўзларини нақл қилади. Ва яна Мавлоно Ражаб ибн Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ ҳам айнан “Жалоул қулуб”даги сўзларни “Алвасилат ул-Аҳмадия”да зикр қилиб ўтган. (Алвасийлат ул-Аҳмадия 255/Б).
Бу ривоятларига қараганда, жоҳилят даврида мусибат кунлари ўлик ортидан дод солиб йиғлаш бор бўлгани каби, ўша кунларда тўпланиб таомхўрлик қилиш ҳам бор бўлган. Бироқ муқаддас Ислом жоҳилятнинг бу одатларини қабул қилмаган. Шунинг учун ҳам, Росулуллоҳ тарафдан: “Мендан кейин пайғамбар чиқса, шубҳасиз у Умар бўларди...”, деган мақтовга сазовор бўлган Умар розияллоҳу анҳу Жарир ибн Абдуллоҳга: “ўша ҳам навҳ (дод вой солиб йиғлаш каби жоҳилят одати)дир”, деганлар.
Суннат ҳомийлари томондан ҳарчанд ҳаракат қилинмасин, жоҳилятнинг бу расм-русумлари буткул йўқ бўлиб кетмаган. Авом орасида сақланиб қолаверган. Баъзи туркий халқларда ўлган куниёқ от, қўй сўйиб жанозага келганларга едириш одати ҳали хозиргача учраб туради. Ёш гўдаклар ўлганда унчалик аҳамият берилмасада, бироқ каттаёшлилар ўлганда албатта бирор жонлиқ сўйилиб жанозага келганларга едирилади.
Суннатни ўлдириб ўрнига чиққан бидъат
Саййид Муҳаммад ибн Алавий Моликий ҳазратларининг “Таҳқиқул амол фийма йанфаъул маййита минал аъмал” номли рисоласининг 103-104 бетларида келтирилган ибораларни ўқир экансиз қуйидаги хулосага келасиз:
Аслида суннат шу эдики, маййит чиққан хонадонга ўлган куни унинг қўшнилари, маҳаллодошлари ва бошқа яқин ақраболари томондан таом тайёрланиб, яқинидан жудо бўлиб мусибатга дучор бўлган маййит эгаларига едирилиши керак эди. Ҳа, асли суннат шу эди! Бу суннат шариатимизда айнан Росулуллоҳнинг муборак хонадонларидан бошлаб берилган эди. Ул зоти шариф аҳли аёлларига: “Жаъфарнинг оиласига таом тайёрлаб беринглар....”, деган ҳадисларида шу суннатни жорий қилган эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу тавсияларига кўра, саҳобалар орасида бу суннат олий бўлди. Маййитхона зиёфатлари бас қилинди, йўқ қилинди.
Аммо, афсуски бидъатчилар томондан эса, Росулуллоҳ суннати, саҳобалар одати ўлдирилди, йўқ қилинди. Унинг ўрнини маййитнинг таомини ейиш эгаллади. Маййитнинг қўшнилари, маҳалладошлари ва бошқа яқин ақраболари мусибат эгаларига таом едириш ўрнига унинг уйига кириб таомхўрлик қилишга ўтиб кетдилар. Шундай қилиб бир суннат ўрнини бир бидъат эгаллади...
Зиёфат ўрнига хоссатан фақирларга садақа қилса жоиз бўлади
Мусибат кунларида хайри-худойи қилишдан қайтарилган далилларнинг аксари умумий тарзда ифода қилинган бўлиб, унга кўра “ўлик эгалари уч кунгача маййит ортидан молиявий ибодат қилиб савобини бағишлай олмайди”, деган умумий хулоса чиқади. Лекин баъзи уламолар орада фарқ борлигини баён қилиб, зиёфат макруҳ аммо садақа қилиш дуруст эканини билдириб ўтганлар.
Жумладан, имом Фахруддин Қозихон раҳматуллоҳи алайҳ ўз фатво тўпламида шундай ёзади:
و إن اتخذ طعاما للفقراء كان حسنا اذا كانو بالغين فان كان في الورثة صغير لم يتخذوا ذلك من التركة
“Агар, маййит меросхўрлари балоғат ёшида бўлиб, фақирларга хоссатан таом тарқатса, бу иши яхши бўлади. Мабодо ворислар ичида сағирлар бўлса, фақирларга тарқатиладиган таомни тарака (мерос қолган мол)дан тайёрланмайди”.(Фатавои Қозихон 3/ж. 306/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 1971).
Имом Қозихон раҳматуллоҳи алайҳнинг бу фатвоси “Фатавои Хония”, “Ҳиндия”ларда ҳам бор.
Мавлоно Ражаб ибн Аҳмад (р.а.) шунингдек, Абу Саъид Муҳаммад Ходимий (р.а.)лар имом Қозихоннинг “و إن اتخذ طعاما للفقراء كان حسنا” (фақирларга хоссатан таом тайёрласа яхши иш бўлади) деган иборасини изоҳлаб шундай дейди:
Имом Қозихоннинг бу сўзидан мурод—маййитхонага йиғилиб у ерда таомланиш эмас балки, фақирларнинг хонадонига таом юбориш бўлиши мумкин. Ҳа, юқоридаги хабар (Жарир ибн Абдуллоҳ нинг хабари)га мухолиф бўлиб қолишини ҳисобга олиб имом Қозихоннинг сўзи айнан фақирларга таом юбориш маъносида, ўликхонага жамланиш маъносида эмас—дейиш тўғрироқ бўлади. (ал-Бариқат ул-Маҳмудия. 3/Ж. 255/Б. Дор ул-хилофат ил-алия. 1318/Ҳж.)
Охирги асрларда Ҳиндистонда яшаб ўтган, юзлаб китоблар соҳиби, Ваҳҳобийларга кескин раддиялари билан машҳур бўлган фуруъотда ҳанафий, ақоидда мотуридий, тасаввуфда қодирий йўналишида, деб таърифланмиш имом Аҳмад Ризохон Барийлий раҳматуллоҳи алайҳ худди шу фатвога қуйидагича изоҳ беради:
“Агар ворислари ичида ёш сағирлар бўлса, ёки узоқ сафарда юрганлари бўлса ва улардан изн олинмаган бўлса, бу таомнинг ҳаромлиги жуда қаттиқдир. Бу етимнинг молини зулман ейиш, бировнинг молини ботил йўл билан истеъмол қилиш бўлади”, дейди ва Нисо сурасининг 10, Бақара сурасининг 188-оятларини эслатади. (Жалиюс-савт линаҳйид-даъва амом ал-мавт. 9/Б. Марказу аҳлис-сунна. Баракоти Ризо. 1309).
Узоқдан келганларни меҳмон қилса бўлади
Таъзияга келганларнинг ҳаммасига ош бериб зиёфат қилиш макруҳ бўлсада, инсоният ҳолини—заруратларини ҳамиша ҳисобга олиб келган пок шариатимиз узоқ ерлардан келган таъзиячиларни меҳмон қилишга рухсат беради.
Юқорида зикри ўтган ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ Ислом оламида мўътамад манбалардан бири “ал-Муғний” асарида келтирган ушбу қавли бунга яққол далил бўла олади:
و ان دعت الحاجة الي ذلك جاز. فانه ربما جاءهم من يحضر ميتهم من القري و الاماكن البعيدة و يبيت عندهم فلا يمكنهم ان لا يضيفوه
“Агар таом пиширишга ҳожат туғилса, у жоиз бўлади. Чунки кўпинча, маййитни йўқлаб узоқ қишлоқ ҳудудларидан одамлар келишади, уларнинг уйида тунаб қолишади. Уларни меҳмон қилмасликнинг имкони йўқ”. (ал-Муғний. 3/497 . Дору олам ил-кутуб. Риёд).
Машҳур ҳанафий фатво тўплами “Фатавои ҳиндийя”да шундай келтирган:
و لو اوصي باتخاذ الطعام للمأتم بعد وفاته و يطعم الذين يخضرون التعزية. قال الفقيه ابو جعفر: يجوز ذلك من الثلث و يحل للذين يطول مقامهم عنده و الذي يجيء من مكان بعيد يستوي فيه الأغنياء و الفقراء و لا يجوز للذي لا يطول مسافته و لا مقامه.
Агар ўлганидан кейин мотамхонада таом тайёрлаб, таъзияга келганларга едиришни васият қилса, бу масала ҳақида фақиҳ Абу Жаъфар (р.а.) шундай деган: “у васият, мерос қолган молнинг учдан биридан амалга оширилса дуруст бўлади. Узоқ масофалардан келган ва мотамхонада узоқ туриб қолганларга бу таомдан ейиш ҳалол бўлаверади. Бунда бойлар ҳам фақирлар ҳам тенгдир. Лекин яқин масофадан келганлар ва тезда кетадиганларга у таомдан ейиш жоиз бўлмайди”.(Фатавои ҳиндия. Васият бўлими. 6/Ж. 95/Б. Матбаъат ул-кубро ал-Амирия. Миср. 1310 ҳж).
“Узоқдан келган”лар—деб кимга айтилади? Таъзияга келиб уйига қайтиб кетмоқчи бўлганлар ўша куни ўз уйида тунашга улугурмас даражада узоқ масофадан келган бўлса, шуларни узоқдан келган меҳмон—дейилади. (Расоили ибн Обидин. 7-рисола. Шифо ул-алил ва баллул-ғалил фи ҳукм ил-васияти бил-хатмот ват-таҳолийл. 182/Б ).
Таом едиришни васият қилиш
Энди, инсон вафот этишидан олдин: “менинг ортимдан ўлганимдан сўнг таом пишириб зиёфат беринглар”—деб васият қилсачи? Бунда ҳам худди узоқдан келган меҳмонларга мероснинг учдан биридан таом берилгани каби, ҳаммага ёппа зиёфат бериладими, ёки йўқ?
Бу саволнинг жавобини яна имом Муҳаммад ибн Бирали Биргивий раҳматуллоҳи алайҳдан тўлиқ олиш мумкин. У киши “Жало ул-қулуб” да шундай дейди:
و لا يوصي باتخاذ الطعام بعد موته و إن إعتادها اهل زماننا فإنها باطلة ايضا. قال في الخلاصة: رجل اوصي بأن يتخذ الطعام بعد موته ليطعم الناس ثلاثة ايام، فالوصية باطلة علي الاصح.
و عن الشيخ الامام ابي بكر البلخي: رجل اوصي بأن يتخذ الطعام بعد موته للناس ثلاثة ايام قال: فالوصية باطلة.
Ўлгандан кейин таом тайёрлашларини васият қилинмайди. Агарча замонамиз аҳолиси бунга одатланиб кетган бўлса ҳам барибир! Чунки, бундай васият ботил (аҳамиятсиз)дир. “Хулоса”да айтган: бирон киши ўлганидан кейин, инсонлар учун уч кун таом тайёрлашларини васият қилган бўлса, бу васият асаҳҳ қавлга кўра аҳамиятсиздир.
Шайх имом Абу Бакр Балхийдан ривоят қилинган: Бирон киши ўлганидан кейин одамларга уч кун таом едиришни васият қилса, бас унинг васияти ботилдир! (Расоили Биргивий. Жало ул-қулуб. 35/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 1971).
Шу ўринда ҳақли савол туғилади:
Имом Биргивийнинг хулосаси бўйича, ўлган кунида таом пишириб едиришни васият қилса, бу васият ботил бўларкан. Бироқ, бу фақиҳ Абу Жаъфар раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинган ушбу “Агар ўлганидан кейин мотамхонада таом тайёрлаб, таъзияга келганларга едиришни васият қилса, бу масала ҳақида фақиҳ Абу Жаъфар (р.а.) шундай деган: “у васият, мерос қолган молнинг учдан биридан амалга оширилса дуруст бўлади.”—деган қавлга мос келмаяптику?
Бу номувофиқликни шайх ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Танвир”дан нақл қилиб, қуйидагича изоҳлаб берганлар:
ان القول بالبطلان مقيد بما يحضر فيه النايحات، ثم علي القول بالجواز بشرطه انما يحل الاكل لمن يطول مقامهم عنده و لمن يجيء من مكان بعيد دون من سواهم و يستوي فيه الاغنياء و الفقراء كما في الخانية
“Васият ботил бўлади”—деган қавл ноиҳалар қатнашган йиғинларга тегишлидир. “Жоиз бўлади”—деган қавлга келсак, бу ўликхонада узоқдан келган ва кўпроқ қолиб кетадиганларга ҳалол бўлади, бошқаларга эмас. Узоқдан келганлар бой бўладими? Ёки фақир бўладими? Буларнинг барига тенг ҳалол бўлаверади. “Хония”да ҳам шундай дейилган. (Расоили ибн Обидин. 7-рисола. 182-Б).
Ҳожи Ҳиндистоний домланинг бу ҳақда айтганлари
Шу мавзеда ўрта осиё аҳолиси ичида Исломнинг кенг ёйилишида беқиёс ҳисса қўшган, улуғ устоз ҳазрат Мавлавий Ҳожи Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳнинг мухлислари томондан тасмага ёзиб олинган бир суҳбатини эслаб ўтиш ўринли.
Биламизки, ул зот ўз даврининг етук алломаси бўлган. Кўплаб олимларни тарбиялаб Ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган. Ҳазрат Мавлавий домланинг бугунги кунда тиллоларга топилмас панд-насиҳатлари, таъсирли мавъизалари агарча қоғозга туширилмаган бўлсада, у кишининг жуда кўп мухлис ва аҳбобларида овозли тасмаларда сақланиб келади. Анйиқса ул зотнинг бемазҳаб ваҳҳобийлардан огоҳ бўлиш ҳақида куюниб гапирган бир қанча суҳбатлари ҳали-хозиргача қўлма-қўл бўлиб эшитилади.
Ўшандай суҳбатларнинг бирида гап мотамхона маросимларига бориб қадалади. Тингловчилардан бири ҳазрат домлага мотамхона маросимлари юзасидан аҳли сунна уламоларини камситишга бел боғлаган ваҳҳобийларнинг ихтилофлари ҳақида сўзлайди. Саволда: “баъзи домлалар мусибат куни хайри-худойи қилса бўлади, демоқда. Бошқа бир хил домлалар уч кундан кейин қилсин, демоқда. Бир хил домлалар сағир билан кабирни ажратиб кейин худайи қилсин, барибир уч кунгача худайи қилишлик тўғри эмас, дейишмоқда”—дейди ва аниқ-қатъий ҳукмни ҳазрат домладан сўрайди. Шунда Мавлавий домла қуйидагича жавоб берадилар:
“Мана шундай деб билинг, энди, мани гапирган гапим ҳужжат! Ман беҳужжат-у бедалил гапирмайман, билдингизми? Ўшанақа деган, ихтилоф қилганлар ҳаммаси, ўша, баъзиси мани шогирдим бўлиб чиқади. Анаа, манашу, у мандан сўраш керак, билдингизми? Буларни ўша илми етмаслиги арқасида шундай бир-бири билан талашади. Аслида шуки, мана шу бугун маййит ўлдими? Маййитни пулини сарф қилишимиз учун, маййитни ўзини молини сарф қилишимиз учун маййит ўзи васият қилиши керак, ҳаётида. Ҳаётида васият қилиш керакки, мани молимдан учдан бир молимни ажратиб қўйиб, манга хайри-худойи қилинглар, эҳсон қилинглар, мани руҳим учун—деб васият қилиш керак. Бир, билдингизми? Ана васият қилгандан кейин, молини уч бўлиб қўйиб туриб, бир бўлаги билан хайри-худойи қиловрамиз. Билдингизми? Уни меросхўри сағири бўсаям майли. Чунки, васият муқаддам. Кейин, қолганини кейин сағирларга тақсим қиламиз. Билдингизми..? Мерос тариқасида... (Ҳазрат домланинг бу сўзлари, юқорида тақдим қилинган Фатавои Ҳиндийядаги қавлга асосан бўлган бўлса ажабмас...)
Энди, бу васият қилмасачи? Бундай вақтида уни агар, ёш болалари бўларакан у молни—етимни молини сарф қилиб бўмай қолади. Ҳеч нарсага сарф қилалмаймиз уни, билдингизми? Уни молига тегиб бўмайди. То тақсим бўлмагунча, тақсим бўлиб, меросхўрларни ҳар қайсини ўзига тақсимотини чиқаргандан кейин, ана у битта-яримта катаконроқ ўғли туриб: ман ўзимни тақсимимдан ман хайри-худойи қиламан—деса, қиловради у. Билдингизми? Мана шундай билиш керак энди!
Энди, хайри-худойини ўша ўлган куни қимасдан, ўлган куни қимасдан бошқа вақтларда қилиш керак, билдингизми? Ўлган куни мусибатхонада ҳеч овқат қилмаслиги керак! Одамлар—жанозага келган одамлар жанозани ўқиб кетовради. Бу ерда овқат еб ўтирадиган мақоммас бу.
Ана энди борди-ю мана бу агар, бошқа бир қўни-қўшнилар агар меҳмон қилиб узақдан келган одамлар оч қолмасин, деб ҳалигиларни маҳалла халқи меҳмон қилса, уни ман қилмаймиз, майли. У қилса қиловради. Шу ўликхонани ўзида меҳмон бўлмаса, бўлди. Билдингизми? Ана шундай деб билиш керак!
Энди, мана бу кейинги хайри-худойи қилиш тўғриларида, биринчи, ўша васият қилиш керак! агар борди-ю васият қилмай ўлиб қолди, ундай вақтида уни молидан биз нима қимаймиз, уни молини сарф қимаймиз! Уни укасими, акасими? Бошқа тоға-жиянларими? Ё битта-яримтаси туриб айтгудек бўлсаки:”ман ўзимни молимдан шунга хайрот қиловраман”—деса, у қиловради, у. Уни ҳеч ким тўсмайди. Ўзи, маййитни ўзини молини сарф қилиб бўлмайди халооос. То тақсим бўмагунча. Ана шу гап шу!”. (Ҳазрат Мавлавий домланинг сўзларини талаффузига мос тарзда қоғозга туширилди. Сўзлар ўрни алмаштирилмади, имловий жиҳатдан таҳрир қилинмади.)
“Мотамхона зиёфатлари макруҳ эмас”, деганлар ҳам бўлган
Бу ҳақда гапиришдан олдин яна бир бор шуни эслаб ўтиш лозим-ки, юқоридаги мотамхона маросимларига доир кароҳият масаласи фақат мусибатнинг илк уч куни билан боғлиқ холос. Уч кундан кейинги умумий хайриётларнинг мубоҳ ва савобли эканига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас!
1-Шайх Иброҳим Ҳалабий
Тўрт мазҳаб фақиҳларининг деярли ҳаммаси мотамхонада илк уч кун ичида зиёфат бериш макруҳ деган бўлсада, бу фикрга мутааххир ҳанафийлардан ёлғиз шайх Иброҳим Ҳалабий раҳматуллоҳи алайҳ қўшилмаганлар. Бу ҳақда у кишининг ҳанафий фиқҳида ёзилган “Ғунят ул-мумталий” номли асарида ўқиш мумкин. Шайх Иброҳим Ҳалабий раҳматуллоҳи алайҳ ўша китобнинг “жаноза” фасли, 609-бетида маййит маросимларига тўхталиб, бу маросимлар макруҳ бўлади, дейди ва далил сифатида Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ҳадисини келтиради. Ундан кейин, маййитнинг қўшнилари ўликхонага таом чиқаришлари мустаҳаб эканини урғулайди ва Жаъфар розияллоҳу анҳунинг оиласига тааллуқли ривоятни келтиради. Бу мавзудан кейин яна мотамхона маросимига қайтиб, “Фатавои Баззозия”дан ушбу матнни келтиради:
و يكره إتخاذ الطعام في اليوم الاول و الثالث و بعد الاسبوع...
“Биринчи, учинчи ва бир ҳафтадан кейин таом пишириш макруҳ бўлади...”. шу иборадан кейин, марҳумнинг руҳига хатми қуръон қилиш мавзусида баъзи масалаларни ҳам келтиргач, яна “фатавои баззозия”дан ушбу матнни келтиради:
و إن إتخذ طعاما للفقراء كان حسنا
“Ва агар фақир-муҳтожларнинг ўзларига таом тайёрласа яхши бўлади”. “Фатавои Баззозия”дан иқтибос худди шу ибора билан ниҳояланади.
Шундан кейин муаллиф яъни, “Ғунят ул-мумталий” нинг муаллифи шайх Иброҳим Ҳалабий юқоридаги даллилар ҳақида ўз муносабатини қуйидагича изҳор этади:
و لا يخلو عن نظر لانها لا دليل علي الكراهة الاحديث جرير ابن عبد الله المتقدم و انما يدل علي كراهة ذلك عند الموت فقط. علي انه قد عارضه ما رواه الامام احمد بسند صحيح و ابو داود عن عاصم ابن كليب عن ابيه عن رجل من الانصار. قال:خرجنا مع رسول الله صلي الله عليه و سلم في جنازة، فرأيت رسول الله صلي الله عليه و سلم و هو علي القبر يوصي الحافر يقول: "اوسع من قبل رجليه، اوسع من قبل رأسه..." فلما رجع، استقبله داعي امرأته فجاء و جيء بالطعام فوضع بين يده و وضع القوم فاكلوا و رسول الله صلي الله عليه و سلم يلوك لقمة في فيه ثم قال: "اني اجد لحم شاة اخذت بغير إذن اهلها" فارسلت المرأة تقول يا رسول الله صلي الله عليك اني ارسلت الي البقيع اشتري شاة فلم اجد فارسلت الي جار لي قد اشتري شاة ان يرسل الي بثمنها فلم يوجد فارسلت الي امرأته فارسلت بها الي فقال عليه السلام: "اطعميه الاساري". فهذا يدل علي اباحة صنع اهل الميت الطعام و الدعوة اليه
(Юқоридаги кароҳият ҳақида айтилган гаплар) назар—ўйланиб кўришдан ҳоли эмас. Чунки кариҳиятга далил йўқ магар олдинда айтиб ўтилган “Жарир ибн Абдуллоҳнинг ҳадиси”гина бор холос. У ҳадис фақатгина ўлим вақтида таом пиширишнинг кароҳиятига далолат қилади холос! Шу ҳам борки, у ҳадисга имом Аҳмад саҳиҳ санад билан ва Абу Довуд Осим ибн Кулайбдан, у ансорларнинг биридан ривоят қилган (ушбу) хабар муориз (қарама-қарши) бўлади. Ровий айтган: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир жанозага чиқдик. Бас, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим-ки, ул зот гўрковга ўргатарди: “Оёғи томонни кенг қил, боши томонни кенг қил”, деб. Қачонки ул зот қайтганди (ўликнинг) хотини жўнатган доъий ул зотнинг истиқболига чиқди. Бас (Росулуллоҳ мотамхонага), келдилар ва таом келтирилди, (ул зот таомни) олдиларига қўйдилар қавм ҳам қўйди. Бас, едилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бир луқмани чайнар эканлар, айтдилар: “мен эгасининг рухсатисиз олинган қўй гўштининг исини сезяпман...”. Бас ҳалиги аёл шундай деб хабар чиқарди: “Эй Аллоҳнинг Росули сизга Аллоҳ саловат айтсин! Мен қўйлар ўтлаб юрадиган ерга қўй сотиб олиш учун одам юбордим, топа олмадим. Кейин, қўй сотиб олган бир қўшнимнинг уйига одам юбордим-ки қўйини олган пулининг эвазига менга берсин. У одам ҳам топилмади. Бас, кейин унинг хотинига одам юбордим ўша хотин менга қўйни юборди”. Бас шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “уни асирларга едириб юбор”, дедилар. Бас, мана шу хабар ўлик эгаларининг таом пишириши ва унга одамларни чақиришига ҳужжат бўлади. (Ғунят ул-мумталий. 609-Б. Матба Ориф афанди. Қозон. 1325-ҳж).
2- Аллома Таҳтавий
Имом Ҳалабийнинг худди шу фикрини ҳижрий 13-асрда яшаб ўтган ҳанафий олими, Аҳмад Таҳтавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам эътиборга олган. У киши “Нур ул-изоҳ”нинг шарҳи “Мароқи ул-фалаҳ”га жамлаган ҳошиясида шундай ёзади:
قوله ( وتكره الضيافة من أهل الميت ) قال في البزازية يكره اتخاذ الطعام في اليوم الأول والثالث وبعد الأسبوع ...
(Маййит эгаларидан зиёфат қилиниши макруҳ бўлади), деган қавлига тўхталсак, бу ҳақда “Баззозия”да қуйидагича айтган: “биринчи, учинчи ва бир ҳафтадан кейин таом пишириш макруҳ бўлади.”
Шу иборадан кейин бу киши ҳам хатми Қуръон масалалари ҳақидаги баъзи масалаларни келтиргач, имом Ҳалабийнинг бу масалага муориз фикрларини қўшимча қилади:
قال البرهان الحلبي ولا يخلو عن نظر لأنه لا دليل على الكراهة إلا حديث جرير المتقدم وهو ما رواه الإمام أحمد وابن ماجه بإسناد صحيح عن جرير بن عبد الله كنا نعد الاجتماع إلى أهل الميت وصنعهم الطعام من النياحة ا ه يعني هو فعل الجاهلية إنما يدل على كراهة ذلك عند الموت فقط على أنه قد عارضه ما رواه الإمام أحمد أيضا بسند صحيح وأبو داود عن عاصم بن كليب عن أبيه عن رجل من الأنصار قال خرجنا مع رسول الله صلى الله عليه وسلم في جنازة فلما رجع استقبله داعي امرأته فجاء وجيء بالطعام فوضع يده ووضع القوم فأكلوا ورسول الله صلى الله عليه وسلم يلوك اللقمة في فيه الحديث فهذا يدل على إباحة صنع أهل الميت الطعام والدعوة إليه بل ذكر في البزازية أيضا من كتاب الاستحسان وإن اتخذ طعاما للفقراء كان حسنا ا ه وفي استحسان الخانية وإن اتخذ ولي الميت طعاما للفقراء كان حسنا إلا أن يكون في الورثة صغير فلا يتخذ ذلك من التركة
Бурҳон Ҳалабий айтганлар: “(Юқоридаги кароҳият ҳақида айтилган гаплар) назар—ўйланиб кўришдан ҳоли эмас. Чунки кариҳиятга далил йўқ магар олдинда айтиб ўтилган “Жарир ибн Абдуллоҳнинг ҳадиси”гина бор холос. У ҳам бўлса мана бу ҳадисдир: имом Аҳмад ва ибн Можа саҳиҳ иснод билан Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган: “Маййит эгалариникига йиғилишни ва уларнинг таом пиширишларини ниёҳатдан деб билардик”, яъни, у жоҳилят қолдиқларидан. Бу ҳадис фақатгина ўлим вақтида таом пиширишнинг кароҳиятига далолат қилади холос!
Қолаверса, у ҳадисга имом Аҳмад саҳиҳ санад билан ва Абу Довуд Осим ибн Кулайбдан, у ансорларнинг биридан ривоят қилган (ушбу) хабар муориз бўлади. Ровий айтган: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир жанозага чиқдик. Бас, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим-ки, ул зот гўрковга ўргатарди: “Оёғи томонни кенг қил, боши томонни кенг қил”, деб. Қачонки ул зот қайтганди (ўликнинг) хотини жўнатган доъий ул зотнинг истиқболига чиқди. Бас (Росулуллоҳ мотамхонага), келдилар ва таом келтирилди, (ул зот таомни) олдиларига қўйдилар қавм ҳам қўйди. Бас, едилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бир луқмани чайнар эканлар...(ҳадис охиригача)”. Бас, мана шу хабар ўлик эгаларининг таом пишириши ва унга одамларни чақиришига далил бўлади. Балки, “Баззозия”нинг “истиҳсон” бобида яна шундай зикр қилинади: “...ва агар фақир-муҳтожларнинг ўзларига таом тайёрласа яхши бўлади”. “Фатавои хония”нинг истиҳсон бобида эса: “Агар майитнинг валийси фақирларга таом тайёрласа яхши бўлади. Бироқ, ворислар ичида сағирлар бўлса, мерос қолган молдан таом қилинмайди”. (Ҳошияту Таҳтавий ала мароқ ил-фалоҳ шарҳи нурил изоҳ. 617/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 1998.)
3-Доктор Али Жумъа
Шунингдек яна, 2013 йигача 10 йил давомида Миср муфтийси лавозимида хизмат қилган, усули динда имом Ашъарийга, фуруъи динда имом Шофеъийга тобе шайх доктор Али Жумъа ҳазратларига ҳам, айни масала юзасидан савол йўлланганида у кишининг жавоби шайх Иброҳим Ҳалабийнинг фикр-мулоҳазалари асосида бўлган. У киши ўз жавобида айнан Иброҳим Ҳалабий раҳматуллоҳи алайҳнинг далилларига суяниб жавоб беради. Савол жавоб матни қуйидагича:
سؤال:
- اذا مات الانسان دعا اهله العلماء و العامة بعد ايام الي بيته فيجتمعون و يصلون و يسلمون علي النبي صلي الله عليه و سلم و يدعون للميت و لسائر المسلمين الاحياء و الاموات و في هذه الحفلة يقدم اهل الميت طعاما للحاضرين في الحفلة للاستجابة للدعوة و ادخالهم السرور علي اهل الميت فهل في هذه الحفلة اي محظور شرعا؟ و هل يجوز للناس ان يأكلوا من هذا الطعام؟
Савол:
- Агар инсон вафот этса, унинг аҳли-оиласи бир неча кундан кейин олимлар-у оммани чақиради. Унинг уйида йиғилишиб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат ва саломлар айтишади. Маййит ва бошқа тирик ва ўтган барча мусулмонларга дуои хайр қилишади. Бу йиғинда ўлик эгаларининг кўнгли учун келганларга улар томондан таомлар пиширилади. Шу тўпланиш шаръан ман қилинганми? Одамлар ўша таомлардан еса бўладими?
جواب:
- لا مانع من مثل هذا الاجتماع شرعا، بشرط ان لا يكون في ذلك تجديد للأحزان، و ان لا يكون ذلك من مال القصر، فان كان ذلك مما يشق علي اهل الميت او يجدد احزانهم فهو مكروه، و ان كان من مال القصر فهو حرام.
و مع ان جماعة من متاخري الحنفية يذهبون الي القول بالكراهة، الا ان العلامة الطحطاوي الحنفي حقق ان ذلك جائز و لا شيء فيه، و نقل ذلك عن محققي الحنفية، فيقول في "حاشيته علي مراقي الفلاح شرح نور اليضاح" 339-340 : " قوله ( وتكره الضيافة من أهل الميت ) قال في البزازية يكره اتخاذ الطعام في اليوم الأول والثالث وبعد الأسبوع، و نقل الطعلم الي المقبرة في المواسم، و اتخاذ الدعوة بقراءة القرأن، و جمع الصلحاء و القراء للختم او لقراءة سورة الأنعام او الإخلاص اه قال البرهان الحلبي ولا يخلو عن نظر لأنه لا دليل على الكراهة إلا حديث جرير المتقدم وهو ما رواه الإمام أحمد وابن ماجه بإسناد صحيح عن جرير بن عبد الله كنا نعد الاجتماع إلى أهل الميت وصنعهم الطعام من النياحة ا ه يعني وهو فعل الجاهلية إنما يدل على كراهة ذلك عند الموت فقط على أنه قد عارضه ما رواه الإمام أحمد أيضا بسند صحيح وأبو داود عن عاصم بن كليب عن أبيه عن رجل من الأنصار قال خرجنا مع رسول الله صلى الله عليه وسلم في جنازة فلما رجع استقبله داعي امرأته فجاء وجيء بالطعام فوضع يده ووضع القوم فأكلوا ورسول الله صلى الله عليه وسلم يلوك اللقمة في فيه الحديث فهذا يدل على إباحة صنع أهل الميت الطعام والدعوة إليه بل ذكر في البزازية أيضا من كتاب الاستحسان وإن اتخذ طعاما للفقراء كان حسنا ا ه وفي استحسان الخانية وإن اتخذ ولي الميت طعاما للفقراء كان حسنا إلا أن يكون في الورثة صغير فلا يتخذ ذلك من التركة . اه. و قد علمت ما ذكره صاحب الشرعة. يشير الي ما نقله قبل ذلك 339 عن صاحب "شرعة الإسلام " من قوله: "و السنة ان يتصدق ولي الميت قبل مضي الليلة الاولي بشيء مما تيسر له، فان لم يجد شيأ فليصل ركعتين ثم يهد ثوابهما له"، قال: "و تستحب ان يتصدق علي الميت بعد الدفن الي سبعة ايام، كل يوم بشي مما تيسر" اه. و بناء علي ذلك فلا مانع من اقامة مثل هذه الحفلة، و لا حرج من الاكل من طعامها.
Жавоб:
- Бунга ўхшаган йиғинларга шаръий жиҳатдан моне йўқ. Шу шарт билан-ки, унда қалб маҳзунликлари янгиланмасин ва норасидаларнинг моли ҳисобидан бўлмасин. Агар ўша йиғин харажатлари маййит эгаларига оғир келадиган бўлса, ёки унутган маҳзунликларини янгиласа у макруҳ бўлади. мабодо норасида етимларнинг молидан сарфланган бўлса, бас ундай йиғин ва таомлар ҳаром бўлади.
Шуни ҳам билиш керакки, мутааххир ҳанафий олимларидан бир гуруҳи бу каби йиғинларни макруҳ деган фикрда бўлганлар. Бироқ, ҳанафийлардан аллома Таҳтавий (р.а.) бунинг жоиз эканини, ҳеч зарари йўқлигини таҳқиқ қилиб чиққан. Аслида у киши буни ҳанафийларнинг муҳаққиқларидан нақл қилган. У киши “Нур ул-изоҳ”ни шарҳи “Мароқ ил-фалаҳ”га ёзган ҳошияси (339-340 Бет)да шундай дейди:
(Маййит эгаларидан зиёфат қилиниши макруҳ бўлади), деган қавлига тўхталсак, бу ҳақда “Баззозия”да қуйидагича айтган: “биринчи, учинчи ва бир ҳафтадан кейин таом пишириш макруҳ бўлад ва яна, қабристонларга мавсумий таом ташишлар, Қуръон қироъати учун таом тайёрлаш, хатм арафасида, ёки Анъом ва Ихлос сураларини ўқитиш учун солиҳлар ва қориларни тўплаш ҳам. Бурҳон Ҳалабий айтганлар:
”(Юқоридаги кароҳият ҳақида айтилган гаплар) назар—ўйланиб кўришдан ҳоли эмас. Чунки маййитхона маросимларининг кариҳиятга далил йўқ магар олдинда айтиб ўтилган “Жарир ибн Абдуллоҳнинг ҳадиси”гина бор холос. У ҳам бўлса, мана бу ҳадисдир: имом Аҳмад ва ибн Можа саҳиҳ иснод билан Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган: “Маййит эгалариникига йиғилишни ва уларнинг таом пиширишларини ниёҳатдан деб билардик”, яъни, у жоҳилят қолдиқларидан. У ҳадис фақатгина ўлим вақтида таом пиширишнинг кароҳиятига далолат қилади холос! Қолаверса, у ҳадисга имом Аҳмад ҳам саҳиҳ санад билан ва Абу Довуд Осим ибн Кулайбдан, у ансорларнинг биридан ривоят қилган (ушбу) хабар муориз бўлади. У айтган: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир жанозага чиқдик. Бас, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим-ки, ул зот гўрковга ўргатарди: “Оёғи томонни кенг қил, боши томонни кенг қил”, деб. Қачонки ул зот қайтганди (ўликнинг) хотини жўнатган доъий ул зотнинг истиқболига чиқди. Бас (Росулуллоҳ мотамхонага), келдилар ва таом келтирилди, (ул зот таомни) олдиларига қўйдилар қавм ҳам қўйди. Бас, едилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бир луқмани чайнар эканлар....ҳадиснинг охиригача...
Бас, мана шу хабар ўлик эгаларининг таом пишириши ва унга одамларни чақиришига далил бўлади. Балки, “Баззозия”нинг “истиҳсон” бобида яна шундай зикр қилинади: “...ва агар фақир-муҳтожларнинг ўзларига таом тайёрласа яхши бўлади”. “Фатавои хония”нинг истиҳсон бобида эса: “Агар майитнинг валийси фақирларга таом тайёрласа яхши бўлади. Бироқ, ворислар ичида сағирлар бўлса, мерос қолган молдан таом қилинмайди”. Сиз “Ширъа”нинг соҳиби зикр қилиб ўтган гапни боягина билдингиз. “Ширъатул ислом” соҳибидан 339-бетда нақл қилган ушбу сўзига ишора қилмоқда: “Суннат шуки—маййитнинг эгаси биринчи кеча ўтишидан олдин, муяссар бўлган бирон нарсани садақа қилсин. Агар ҳеч нарса топа олмаса икки ракъат намоз ўқиб унинг савобини ҳадя қилади”. Айтади: Дафндан кейин маййитга атаб етти кунгача, ўзи муяссар бўлган нарсани садақа қилиши мустаҳаб бўлади.
Демак шуларга кўра, бунақанги йиғинларни қилишда ҳараж йўқ ва унинг таомини еса бўлади. (Доктор Али Жумъа. Собиқ Миср Муфтиси. Манба: www.dar-alifta.org).
Мулоҳаза
Шу жойда Шайх Иброҳим Ҳалабий раҳматуллоҳи алайҳ далил қилган ҳадис шарҳига доир бир мулоҳаза бор. Ўша ҳадисни Мавлоно Мулла Алий раҳматуллоҳи алайҳ “Мирқот ул-мафотиҳ”, “Мўъжизат” бобида 5942-рақам билан қайдлаб келтиради ва унинг шарҳида шундай дейди:
هذا الحديث بظاهره يرد علي ما قرره اصحاب مذهبنا من انه يكره اتخاذ الطعام في اليوم الاول او الثالث او بعد الاسبوع كما في البزازية.
“Бу ҳадис зоҳири билан олинганда мазҳабимиз соҳиблари келишиб қарор қилган “биринчи, учинчи ёки, еттинчи кундан кейин таом қилмоқ макруҳ бўлади”, деган масалани рад қилади”.
Шу иборадан кейин “Хулоса” ва “Фатҳул қадир”даги гапларни келтириб, Жарир ибн Абдуллоҳнинг ҳадисини ҳам қўшимча қилади. Сўнгра, Ҳанафий фатволари билан мазкур ҳадиснинг орасини мувофиқлаштириш мақсадида шундай дейди:
فينبغي ان يقيد كلامهم بنوع خاص من اجتماع يوجب استحياء اهل بيت الميت فيطعمونهم كرها، او يحمل علي كون بعض الورثة صغيرا او غائبا او لم يعرف رضاه، او لم يكن الطعام من عند احد معين من مال نفسه لا من مال الميت قبل قسمته و نحو ذلك.
Бас (шундай экан яъни, ҳадис билан фуқаҳолар қавли қарама-қарши бўлиб қолдими? энди), уларнинг фатволарини қуйидаги ҳолатлар билан қайдлаш зарур бўлади: ўша таомни йиғилган одамлардан ҳаё қилиб, маййитнинг аҳли байти мажбуран пиширишган (шунда макруҳ бўлади); ёки,маййит варасалари ичида сағирлар ёки, молни сарфлашга розилиги номаълум сафарда юрган ғоиб меросхўрлар бор (шунда таом пишириб едириш макруҳ бўлади); ёки маййит тириклик чоғида молни тақсимлаб кетмаган, натижада таом муаййан бир кишининг моли ҳисобидан пиширилмаяпти (балки ҳали тақсимланмаган умумий мерос молдан таом тайёрланяпти. Шу ҳолатда таом пишириб едириш макруҳ бўлади). Ва шунга ўхшаш ҳолатларда. (Бундай ҳолат бўлмаса, мусибатхонада таом пишириб таъзияга келганларга едириш шу ҳадисга мувофиқ макруҳ бўлмайди). Шу сўзидан кейин ҳазрат Мулла Алий раҳматуллоҳи алайҳ имом Қозихон раҳматуллоҳи алайҳнинг фатволарини ҳам шу шартларга ҳамл қилинишини айтади. (Мирқот ул-мафотиҳ. Мўъжизат боби. 11/Ж. 5942-ҳадис. 84-85 бетлар. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 2001 )
Мавлоно Мулла Алий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу шарҳига кўра, у киши белгилаган ҳолатлардан ташқари бўлса, мусибатхонада биринчи куни ҳам, учинчи куни ҳам, еттинчи куни ҳам таом пишириб таъзияга келганларга едирса бўлар экан, деган хулоса чиқади. Буни диққат билан ўйлаб кўринг!
Бироқ, Мулла Алий ал-Қори раҳматуллоҳи алайҳнинг худди шу китоби “Мирқот ул-мафотиҳ”нинг 4-жилди, жаноиз китоби 1739-ҳадиснинг шарҳида келтирган сўзлари юқоридаги сўзларига муориз бўлиб қолган. Эътибор беринг, унда ул зот умумий қилиб, ҳеч қандай ҳолат билан қайдламасдан шундай деганлар:
و اصطناع اهل البيت له لأجل اجتماع الناس عليه بدعة مكروهة بل صح عن جرير رضي الله عنه "كنا نعده من النياحة" و هو ظاهر في التحريم. قال الغزالي: "يكره الاكل منه". قلت: و هذا اذا لم يكن من مال اليتيم او الغائب و الا فهو حرام بلا خلاف
“Уй эгаларининг одамлар жамланишлигини ҳисобга олиб, маййит учун таом тайёрлашлари макруҳ бидъатдир. Балки, Жарир розияллоҳу анҳудан саҳиҳ келганки “Биз уни ниёҳатдан ҳисоблардик”. Ва бу хабар ҳаром деб ҳукм қилишга зоҳир далилдир. Ғаззолий айтганлар: “ундан емоқ макруҳ бўлади”. Мен айтаманки: ”Бу—яъни макруҳ бўлиши агар етим-сағир ёки ғоибдаги вориснинг молидан бўлмаса. Агар уларнинг ҳаққини сарфлаб таом тайёрланса, у хилофсиз ҳаромдир!”. (Мирқот ул-мафотиҳ. Жаноиз китоби. 4/Ж. 194/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 2001).
Бу сўзларини биз юқорида “Мотамхона зиёфатларидан қайтарилган далиллар ва уларнинг асл мазмуни”, деб номланган бўлимда 9-рақам билан алоҳида келтириб ўтганмиз.
Энди иккала қавлни яхшилаб бир-бирига таққослаб кўринг. Жаноиз бобида “сағир вориснинг молидан сарфлаш ҳаром, балоғат ёшидаги ворисларнинг молидан таом пишириш макруҳ”, демоқдалар. Мўъжизат бобида эса, “сағирнинг молидан таом пишириш макруҳ, балоғат ёшидаги ворисларнинг молидан таом пишириш макруҳ эмас”, демоқдалар. Икки қавл бир-бирига муориз.
“Жаноиз” бобида айтган гаплари “Мўъжизат” бобидагига нисбатан сариҳроқ экани иборанинг зоҳириданоқ кўриниб турибди. Шундай бўлса ҳам, биз мавлоно Мулла Алий ҳазратларининг шарҳларидаги бу қарама-қаршиликни изоҳлаб, орасини ажратиб аниқ ҳукм чиқаришга жуда ҳам ожизмиз. Аммо, ҳанафий олимларининг муҳаққиқ тадқиқотчиларидан бири, шайх Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Родд ул-мухтор”да Шайх Иброҳим Ҳалабийнинг истидлолига муносабат билдириш жараёнида фақиҳлар фатволари ва ўша ҳадис (эри ўлган кунида Росулуллоҳни меҳмон қилган аёл ҳадиси) орсидаги қарама-қаршиликни изоҳлаб кетганлар.
Шайх Иброҳим Ҳалабийнинг истидлолига шайх ибн Обидиннинг жавоби
Ҳанафий фақиҳларининг сўнгги муҳаққиқларидан бири шайх Муҳаммад Амин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ машҳур “Родд ул-мухтор” асарида маййитхона зиёфати масаласига алоҳида тўхталган. Аввалда барча фиқҳий китоблардаги каби зиёфатнинг макруҳлигини айтиб далил сифатида Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ҳадисини тақдим қилади.
Ундан кейин шайх Иброҳим Ҳалабий раҳматуллоҳи алайҳ шу масалада баҳс қилганига урғу беради. У кишининг Жарир ибн Абдуллоҳ ҳадисига муораза сифатида, эри ўлган аёлнинг ташкил қилган йиғинига Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қатнашганлари ҳақидаги ривоятни келтирганини ҳам айтади. Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ Иброҳим Ҳалабийнинг бу фикрига қўшилмаслигини билдириб, ўзининг ушбу жавобини шундай ифода қилади:
اقول: و فيه نظر، فانه واقعة حال لا عموم لها مع إحتمال خاص، بخلاف ما في حديث جرير.
علي اته بحث في المنقول في مذهبنا و مذهب غيرنا كالشافعية و الحنابلة استدلالا بحديث جرير المذكور علي الكراهة. و لا سيما إذا كان في الورثة صغار او غائب مع قطع النظر عما يحصل عند ذلك غالبا من المنكرات الكثيرة كإيقاد الشموع و القناديل التي لا توجد في الافراح, و كدق الطبول، و الغنا بالاصوات الحسان، و اجتماع النسا و المردان، و اخذ الاجرة علي الذكر و قراءة القرأن، و غير ذلك مما هو مشاهد في هذه الازمان، و ما كان كذلك فلا شك في حرمته و بطلان الوصية به. و لا حول و لا قوة الا بالله العلي العظيم.
“Мен айтаман: Иброҳим Ҳалабийнинг фикрида назар бор. Чунки, у киши суянган ривоят воқеий тасодифий бир ҳолат бўлган холос, уни умумий олинмайди. Унинг ўзига хос сабаби бор бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Жарир ҳадисида эса унинг хилофи...
Қолаверса, имом Ҳалабий бизнинг ва шофеъий, ҳанбалийлар каби биздан бошқаларнинг мазҳабида ҳам макруҳликка далил қилиб олинган ривоятга қарши баҳс қилмоқда. Айниқса, ворислар ичида сағирлар ёки узоқдаги ғоиблар бўлса. Ўшандай йиғинларда кўпинча учрайдиган мункаротларни ҳали қўя турайлик. Масалан: шамлар ва ҳурсандчилик кунларида ҳам топилмайдиган қандиллар ёқиш, ноғора чалиш, мусиқа-ю тағаннийлар, эркагу хотинларнинг жамланиши, зикр ва Қуръон қироъатлари учун ужра олиш ва ҳоказо бу замонларда шоҳид бўлиб турган бошқа мункаротлар каби. Агар шундай бўладиган бўлса, унинг ҳаромлиги ва бу каби васиятларнинг ботил эканида шак-шубҳа йўқ. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азим”. (Родд ул-мухтор. 3/Ж. 148/Б. Дору олам ил-кутуб. Риёд. 2003).
Шайх ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳнинг бу изоҳларидан кейин хулоса қилиш мумкинки, ҳазрат мулла Алий ал-Қори қайдлагани каби, фуқаҳоларнинг умумий фатволарини баъзи шартлар билан қайдлашга асло ҳожат қолмайди. Қолаверса, Мулла Алий ҳазратларининг ўзлари ҳам юқорида айтиб ўтганимиздек, “Мирқот ул-мафотиҳ”нинг жаноиз бобида умумий қилиб “Маййитхонада зиёфат қилиш макруҳ, агар сағирларнинг молидан бўлса хилофсиз ҳаром”, деб қўйганлар!
Уч кундан кейинги махсус кунларга тааллуқли таъқиқлар
Юқорида сиз азиз ўқувчиларга тақдим қилинган далилларнинг ҳаммаси вафот кунидан уч кунгача бўлган муддатга тегишли эди. Аммо айрим китобларда, аза вақти чиқиб кетганидан кейинги, махсус кунларда маййитни йўқлаб қилинадиган одатий маросимларга тегишли таъқиқлар ҳам йўқ эмас. Албатта, у фатволарнинг эгалари ҳам сўзлари мўътамад, ўз даврининг йирик аҳли сунна олимларидан бўлган.
Жумладан:
1-) Имом Баззозий
“Фатавои Баззозия”да шундай келтирилади:
و يكره اتخاذ الطعام في اليوم الاول و الثالث و بعد الاسبوع و الاعياد
“Биринчи куни, учинчи куни, еттинчи кундан кейин ва ҳайитларда таом тайрламоқ макруҳ бўлади”. (Фатавои Баззозия. Жаноиз бўлими. Фатавои Ҳиндиянинг ҳошиясида. 4/Ж. 81/Б. Дор ул-фикр. Санаси кўрсатилмаган).
2-) Абу Саъийд Ходимий
Шунингдек яна, Абу Саъийд Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ томондан имом Биргивий ҳазратларининг “Тариқат ул-Муҳаммадия”сига ёзилган шарҳда, ейилиши макруҳ бўлган нарсаларни санаш жараёнида қуйидаги ибораларни учратамиз:
(و يكره الاكل عند الجنازة و اكل طعام الميت) المتخذ لاجل الميت سواء اتخذ في يوم الاول او الاسبوع او الاربعين او الاعياد
“(Жаноза вақтида ва маййит таомидан емоқ макруҳ бўлади) у таомки маййитга атаб тайёрланган. Хоҳ уни биринчи куни тайёрласин, ё еттинчи куни, ё қирқинчи куни ва ёки ҳайитларда, ҳаммаси тенг макруҳ бўлади”. (Бариқа. 3/Ж. 121/Б. Дор ул-хилофа ал-Алия. 1318).
3-) Мавлоно Ражаб ибн Аҳмад
Худди шу қўшимча изоҳни яна, ўша китобга мавлоно Ражаб ибн Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ томондан ёзилган “Алвасилатул Аҳмадия”, деб номланган шарҳида ҳам кўрамиз. Бу китоб юқоидаги китобнинг ҳошиясига жойланган (Алвасилат ул-Аҳмадия. 3/Ж. 121/Б. Дор ул-хилофат ил-Алия. 1318).
4-) Имом Биргивий
Ҳанафий олими имом Биргивий раҳматуллоҳи алайҳ “Жало ул-қулуб”да имом Қуртубийнинг ушбу танбеҳини келтиради:
قال القرطبي في تذكرته: الاجتماع الي اهل الميت و صنعهم الطعام و الميت عندهم كل ذلك من امر الجاهلية، و منه الطعام الذي يصنعه اهل الميت اليوم، و في اليوم السابع، فيجمع له الناس يريد بذلك القربة للميت و الترحم له، و هذا محدث لم يكن فيما تقدم، و لا هو مما يحمده العلماء. قالوا: و ليس ينبغي للمسلمين ان يقتدوا باهل الكفر، و ينهي كل انسان اهله عن الحضور لمثل هذا
Имом Қуртубий ўз тазкирасида айтади: маййитхонага йиғилиш ва уерда маййит чиқиб кетмасдан бурун таом тайёрлаш—буларнинг ҳаммаси жоҳилят сарқитларидир. Маййит эгаларининг ўша куни ва еттинчи куни тайёрлайдиган таоми ҳам ўшандай. У ерга одамларни йиғиб, маййитга қурбат ва тараҳҳумни ният қилишади ва ҳобуки бу иш бидъатдир! Олдин (салафи солиҳлар даврида) бўлмаган! Қолаверса, бу нарса олимлар мақтайдиган (бидъати ҳасана ҳам) ҳам эмас. Уламолар айтганки: Мусулмонларнинг аҳли куфрларга эргашиши ярашмайди. Ҳар бир инсон ўз аҳлини бунга ўхшаган жойларга боришдан қайтариши керак.
5-) Абдуррауф Муновий
Имом Қуртубийнинг ушбу огоҳлантиришини нафақат имом Биргивий балки яна бошқа олимлар ҳам ўз таснифотларида худди юқоридаги иборалари билан алоҳида зикр қилган. Масалан, Абдуррауф Муновий (р.а.) Имом Суютийнинг “ал-Жомеъ ус-сағир” асарига ёзилган шарҳида, Росулуллоҳнинг аҳли аёлларига: “Жаъфарнинг оиласига таом чиқаринглар”, деб айтгани ҳақидаги (1091-рақам билан қайдланган) ҳадиснинг изоҳида бу танбеҳ нақл қилинган. (Файз ул-қадир. 1/Ж. 533/Б). Ва яна, имом Абу Саъид Ходимийнинг “Тариқат ул-Муҳаммадия”га ёзган шарҳида ҳам худди шу огоҳлантириш китобнинг 3-жузи 254-бетида айтиб ўтилган.
6-) Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий
Мутааххир ҳанафийлар фахри саналмиш, Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мажмуат ул-фатово” номли тўпламида ҳам, мусибат кунларидан кейинги яъни, уч кундан кейинги расм-русумлар хусусида алоҳида савол-жавоблар бор экан:
1. Савол: Ўлгандан кейинги қирқинчи куни ёки олти ойдан сўнг ёки шунга ўхшаш бир кунларда биродарларни чақириш ҳукми қандай?
Жавоб: Шайх Абдулҳақ Муҳаддис Деҳлавий “Жомиъ ул-баракот”да ёзадиларки, бу диёрлардаги каби бир йилдан сўнг ёки олти ойда ёки қирқ кунда таом пиширишлар ва биродарлар орасида тақсимлашларни “баҳожи” ҳам дейилади. Унинг шаръан эътибори йўқдир. Энг яхшиси шуки, ундан бориб емасин.
2. Савол: Ҳозирда расм-русум бўлган таом устида ўлик учун фотиҳа қилиш ниятида қўл кўтаришнинг ҳукми нима?
Жавоб: Бу хилдаги амал Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ҳам, халифалар замонида ҳам, балки аввалги хайрли деб аталган учта замонда ҳам кўрилган эмас. Ҳозирда ҳам Ҳарамайни шарифайнда одат бўлмаган. Агар ўшандай хос таом тайёрласа у ҳаром бўлмайди, албатта. Уни ейиш ҳам қатъий таъқиқланган эмас. Уни зарурий деб билиш яхши эмас. Яхшиси, хоҳлаганча Қуръон ўқиб, фотиҳа қилиб, савобини маййитга бағишласинлар. Таомни садақа ниятида фақирларга улашсинлар. Унинг савоби ҳам маййитга етади.
3. Савол: Учинчи ёки бешинчи куни талаб қилиб ёки талаб қилмасдан одамларни тўплаб, хатми Каломуллоҳ қиладилар. Баъзилар оҳиста ва баъзилар овоз чиқариб тиловат қилиб ўтирадилар. Бир пиёлада ширин сув ҳам қўйиб қўядилар. Бошқа ҳар хил расм-русумлар ҳам бор. Бунинг ҳукми нима?
Жавоб: Учинчи кунни ёки бошқа кунни хослаб муқаррар қилиш, уни зарурий деб билиш шариати Муҳаммадиййада собит бўлмаган. “Нисоб ул-эҳтисоб” соҳиби буни макруҳдир, деб ёзган. Расм-русум қилиб, хоҳлаган куни қилсалар ҳам савоби маййитга етаверади. Маййитнинг ўзи ўлганидан сўнг яқин кунларда ниҳоятда хайрга муҳтож бўлади. “Фатҳ ул-азиз”да шундоқ дейилган. Шайх Абдулҳақ Муҳаддис Деҳлавий “Шарҳи Сафар ас-саодат”да ёзадилар: Маййит учун намоз вақтларидан бошқа вақтларда жамланишга ҳеч ким одат қилмасин. Қуръон ўқишларга, хатмларга на қабр бошида, ва на бошқа вақтда ҳам доимий одат қилиб олмасин. Буларнинг ҳаммаси бидъат ишлардир. Макруҳ ҳамдир. Аслида, аҳли маййитга таъзия билдириш, тасалли билдириш, унга сабр тилаш суннат ва мустаҳабдир. Аммо, учинчи куни махсус тўпланиш, бошқа такаллуфларни бажариш, моли дунёларни сарф қилиш, маййитнинг васиййатисиз, айниқса, етимларнинг ҳаққи бўладиган бўлса, бидъат ва ҳаромдир.
4. Савол: Бир йилдан сўнг хайрия ёки садақа кунини белгилаш дурустми ёки йўқми?
Жавоб: “Тафсири Мазҳарий”да жоиз эмас, деб ёзилган. Шайх Абдулҳақ муҳаддис Деҳлавий ўзининг шайхидан ривоят қиладики, бундай тўпланиш салафи солиҳинлар замонасида бўлмаган, уни мутааххирин уламолар мустаҳсан, чиройли амал, дея таърифлаганлар. Шоҳ Абдулазиз муҳаддис Деҳлавий ўзининг баъзи мактуботларида ёзадики, ўлган кунини, дафн қилинган кунини эслаб ўтказиладиган бу хилдаги ўтиришлар охиратни эслатгани учун дурустдир. Агар бу иш ҳар куни бўлса, яна ҳам гўзалдир. Инсоннинг фалоҳ ва нажотига сабаб бўларди. Ибн Жарир Муҳаммад ибн Иброҳимдан тахриж қилишича, у айтган эканлар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йилнинг бошида шаҳидлар қабрларига келар эканлар. Бас, айтар эканлар: “Саломун ъалайкум! Сабр қилган нарсаларингизга, на қадар гўзал дори оқибат бўлар!”. Ҳазрати Абу Бакр ва Умар ва Усмон разийаллоҳу анҳум ажмаинлар ҳам шундай қилар эканлар.
5. Савол: Ана шундай ўтиришда мусулмонлар учун таомлар ҳозирланади. Уни ейиш жоизми ёки йўқми?
Жавоб: Шулар, агар зиёфат ниятида бўлса, фақирлар ҳам, бойлар ҳам ундан ейишлари жоиздир. Садақа ниятида бўладиган бўлса, фақирлар ейишлари керак. Токи савоби маййитга етсин. Фақирлардан бошқалар ейишлари жоиз эмас. Чунки, садақа дегани камбағаллар учундир. Ҳадя эса бойларга ҳам бўлаверади. “Жомиъ ул-баракот”да шундоқ келган. (Абдулҳайй ал-Лакнавий. Мажмуат ул-фатово. “Боб ма йуфъалу лил-амвот баъд ад-дафн”. III-жилд. –Ҳиндистон: “Юсуфий” матбааси, 1314. 68-69-бетлар. Форсчадан таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний).
7-) Шайх Аҳмад Ризохон Барилий
Юқорида айтиб ўтганимиз, яқин замонларда яшаб ўтган, юзлаб китоблар ёзган, айниқса ваҳҳобийларга кескин раддиялари билан машҳур, шайх Аҳмад Ризохон Барилий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳам айнан маййитхонада бўладиган баъзи расм-русумларга бағишланган кичик рисоласи бор. Рисола “Жалиюс-савт линаҳйид-даъва амам ал-мавт”, деб номланган. Рисоланинг умумий мазмуни шундан иборат:
Шайх Аҳмад Ризохон Барийлийга ерлик аҳолидан савол тушади. Савол берувчи ўз юрти ҳудудларидаги расм-русумлар ҳақида шайхдан равшан-очиқ ҳукмни баён қилиб беришини сўрайди. У расм-русмлар саволда айтилишича, маййит чиққан хонадонга уларнинг яқин қариндошларидан иборат аёллар жамланиши ва баъзилари бир кун, баъзилари уч кун ва баъзилари эса то қирқ кунгача у ерда тунаб қолиши, маййит эгалари эса уларнинг маъийшатини кўтариши, ҳатто баъзида уларни боқиш учун фақирлик туфайли қарз олишга ҳам мажбур бўлишини тушунтиради.
Шайх Аҳмад Ризохон Барийлий раҳматуллоҳи алайҳ бу каби маросимларнинг макруҳлиги, у ердаги емакларнинг ҳаромлигини исботлаб тўрт жиҳатдан далил келтиради. Биринчи жиҳатдан берилган жавобда Жарир ибн Абдуллоҳнинг ҳадиси ва ўн еттита мўътабар фатво китобларидан бу каби расм-русмларнинг макруҳ эканинига очиқ-ойдин далолат қилувчи фатволарни нақл қилади. Ўша фатволарнинг ҳаммаси фақат ҳанафий олимларининг фатволаридан бўлиб, баъзилари арабий баъзилари урду тилида, қавс ичида арабий таржимасини ҳам кўрсатиб қўйган.
Шунингдек, ўша далилларнинг аксарида аниқ кунлар қайдланмаган, фақат битта далилда “еттинчи кунда ҳам макруҳ бўлади”, деган қавл бор.
Иккинчи жиҳатдан берилган жавобда имом Аҳмад Ризохон ворислар ичида сағирлар бўлса, ёки мерос ҳаққини сарфлашларига изни олинмаган ғоибдаги меросхўр бўлса, бу “Нисо” сурасининг 10-оятига мувофиқ ҳаром бўлади, дейди ва тўртта: Хония; Баззозия; Татархония; Ҳиндия фатво тўпламларидан далил келтиради.
Учинчи тарафдан кўрсатган далилида эса, бу йиғинларда шаръий мункаротлар, ноиҳа хотинларнинг уввос солиб йиғлашлари, риё, сумъа ва ҳоказо асли ҳаром ишлар борлигига эътиборни жалб қилади.
Тўртинчи томондан кўрсатган далилида у киши шундай сабабларни кўрсатади: Бу каби зиёфатларни ташкил қилишда маййит эгаларига ортиқча машаққат, ҳатто баъзи вақтларда эса, қарз олишгача мажбур бўлишларини урғулайди. Шунингдек яна, у кишининг таъкидлашича, Бунақанги такаллуфга шариат рози бўлмайди, мамнуъ, махзур ишлар у ёқда турсин ҳатто мубоҳ ишларда ҳам инсон ўзини қийнаб, ғам устига андуҳ қилиб, кераксиз машаққатни ўзига таҳаммул қилиб олиши мумкин эмас. Айниқса, ўша қарз рибо шарти билан олинса бу жудаям қабиҳ бўлади валъиязу биллаҳ, деб охирида истиъоза ҳам қилиб қўяди..
Шу ерда бир мулоҳаза: эътибор қилсак, имом Аҳмад Ризохонга берилган саволда вафотдан бошлаб илк уч кун эмас, балки одатга айланган “то қирқ кунгача маййитхонада ўтириш ва маййит эгаларининг ҳисобидан ўша ерда кун кўриш”нинг масаласи сўралди. Имом Аҳмад Ризохон эса, бунга умумий жавоб қилди. У киши: “уч кунгача макруҳ, уч кундан кейингилари мубоҳ”, дегани йўқ. Савол-жавобнинг қаринасига қараганда имом Аҳмад Ризохон раҳматуллоҳи алайҳ ҳам, махсус кунларда инсон қарз олиб бўлсада, маййит ортидан келганларни сийлашига қарши бўлганини билиш мумкин. (Имом Аҳмад Ризохон Барийлийнинг “Жалийюс-савт линаҳйид-даъва амом ал-мавт” номли рисоласи асосида.)
8-) Доктор Муҳаммад Масъуд Аҳмад Мужаддидий
Доктор Муҳаммад Масъуд Аҳмад Мужаддидий Имом Аҳмад Ризохоннинг бидъатларга муносабати ҳақида рисола битган. Рисолани “Давр уш-шайх Аҳмад Ризо Ҳиндий Барийлавий фи муқоваматил бидаъи вар-радди ъалайҳ”, деб номлаган. Ўша рисоланинг 15-саҳифасида муаллиф қуйидагиларни келтиради:
“Шайхлар, устозлар, авлиё ва солиҳ инсонларнинг Аллоҳнинг хузурига риҳлат қилишларининг уч кун, қирқ кун ва бир йил ўтиши муносабати билан йиғинлар ташкил қилиниши ва фотиҳа ўқилиб савоби уларга бағишланиши одатга айланган. Шайх Барилавий буни жоиз деганлар. Шу билан бирга бундай йиғинларда шаръан лозим бўлмаган такаллуфларни зарур эмаслигига фатво берганлар. Фотиҳа ўқиб бағишлашни жоиз дегач, шундай қўшимча қилганлар: бундан бошқа фосид тақлидлар, масалан хотинларнинг йиғилиши, янги гилам-тўшаклар солиб жойлар хозирланиши, бу ишларнинг бирортасини ҳеч қандай асоси йўқ! Агар ўлганидан кейин уч кун ўтганда қилинган хайротнинг савоби кўп бўлади, бошқа кунларда озроқ бўлади, деб эътиқод қилса, бас у эътиқодда хато қилибди! Нўҳат тартқатишнинг зиёни бўлмаса ҳам, аслида у зарурий эмас! Ўликнинг руҳига савоб етиб бориши учун овқат тақдим қилиш шарт, деб ўйламаслик керак. Агар, “таомсиз савоб бўлмайди”, деб эътиқод қилса, бу бузуқ эътиқоддир!” (Давр уш-шайх Аҳмад Ризо Ҳиндий Барийлавий фи муқовамат ил-бидаъи вар-радди ъалайҳ. 15/Б. Идорату таҳқиқоти Аҳмад Ризо. Каратоши. Покистон. Санаси кўрсатилмаган).
9-) Абдураҳмон Охунд Тунгли
Асли Туркманистонлик, кейинчалик Покистонни маскан қилган, тасаввуфий олим Ҳожи Абдураҳмон Тунгли ҳазратларининг “Лузум ул-иқтисод фил-амал вал-эътиқод” номли кичик рисоласи бор. Муаллиф рисоланинг аввалида истиғоса, тавассул, шафоъат, қабр зиёрати, ўликлар қабрларида тирикларни эшитиши каби масалаларни исботлаб, аҳли бидъатларга чиройли раддиялар беради. Бу масалаларнинг ҳар бирида ифрот (ҳаддан ортиқ киришиб кетиш) ва тафрит (юзаки муносабатда бўлиш)дан сақланиб иқтисод йўлини танлаш кераклигини тушунтириб беради. Китобнинг охиридан олдинги фаслда эса, алоҳида таъзия маросимларини ёритган. Бу мавзуда ҳам ўз услубига мувофиқ аввалда тафрит, кейин ифрот ва сўнггида иқтисод йўлини баён қилган. Шу аснода маййит ортидан садақотлар қилишнинг манфаати ҳақида далиллар келтиргач, шундай дейди:
و اعلم ان ما رسمت التركمان من فرش البسط و ضرب الخيام للخواص و العوام و ذبح الانعام و اعداد الطعام لمن يجتمع للتعزية و شرك الاغتمام من الجال و النسوة ذوات الالتدام سبعة ليال مع الايام ثم في كل شهر الي تمام العام فليس بصدقة بالمعني المذكور القوام بل هو اباحة الوراث و الاقارب بالوئام
“Шуни билингки, туркманларда урф бўлган авому хавосга гиламлар тўшаш, чодирлар тикиш, жонлиқ сўйиш ва таъзияга келган ҳамдард эркаклар, ўзларини уриб дод-вой соладиган хотинларга етти кун, сўнгра ҳар ойда то бир йилгача таомлар пишириш юқорида айтилганидек тўғри маънодаги садақа эмасдир (чунки садақа тамлик ва қабз билан бўлади). Балки бу ворис ва қариндошлар бирлашиб, мерос молини таъзияга келганларга мубоҳ қилишдир!”.
10-) Шайх Абдулқодир Охунд Доғистоний
Ҳожи Абдураҳмон Тунгли ҳазратлари юқоридаги сўзидан кейин масалага ойдинлик киритиш мақсадида шайх Абдулқодир Охунд Доғистонийнинг шу ҳақдаги қуйидагича тафсилотларини келтиради:
فاذا مات شخص فالذي ینفقه المنفق لایخلوا اما ان یکون من الترکۀ او من ماله فاذا کان من الترکۀ و کان فی الورثۀ محجور او تعلق بها حق و لم یکن فیها سعۀ فالانفاق حینئذ علی اي طریق کان حرام بلا اشتباه
و ان لم یکن کذلک او کان الانفاق من ماله فلایخلو اما ان یکون بطریق الاباحۀ او بطریق التملیک و علی کل منهما اما علی محتاج او لا و علی کل منها لاجل ثواب الآ خرة او لا فالاقسام ثمانیۀ.
القسم الاول ان یکون بطریق الاباحۀ علی محتاج لاجل ثواب الآخرة فهی ضیافۀ فاذا کانت بعد ثلاثۀ ایام من الوفات تکون مستحبۀ بلاخلاف و اما اذا کانت قبلها ففیه ا اضطراب و المختار انها مستحبۀ
و القسم الثانی ان یکون بطریق الاباحۀ علی غیر محتاج لاجل ثواب الآخرة فهی ضیافۀ ایضاً مستحبۀ اذا کانت بعد ثلاثۀ ایام و اما اذا کانت قبلها فالمختار انها مکروهۀ لانها ایام مصیبۀ و الضیافۀ تتخذ فی ایام السرور
و القسم الثالث و الرابع ان یکون بطریق الاباحۀ علی محتاج او غیره لا لاجل ثواب الآخرة فهما ضیافتان تابعتان لنیۀ المنفق فان کانت ریاء و سمعۀ او اعانۀ علی نیاحۀ فحرام مطلقا و ان کانت نیته رفع طعن الناس و الوقیعۀ فمباحۀ بعد ثلاثۀ و مکروهۀ قبلها و ان کانت نیته استمالۀ قلوب الاخوان و التسنن بسنۀ سید الانس و الجان فی اطعام الطعام و ادخال السرور علی قلوب اهل الایمان فمستحبۀ بعد ثلاثۀ ایام و مکروهۀ قبلها.
القسم الخامس ان یکون بطر یق التملیک علی محتاج لاجل الثواب الآخرة فهی صدقۀ مسنونۀ مطلقا
القسم السادس ان یکون بطریق التملیک علی غیر محتاج لاجل ثواب الآخرة فهی مستحبۀ مطلقا
و القسم السابع و الثامن ان یکون بطریق التملیک علی محتاج او غیره لا لاجل ثواب الآخرة فهی هبتان تابعتان بنيۀ الواهب هذا کلّه فیما اذا کان الانفاق بغیر وصیۀ و اما اذا اوصی المیت لوصیه الوصیۀ فیراعی مقصوده ما لم یخالف الشریعۀ
فاذا تقرر هذا عندك فما یعتاده الطائفۀ المذکورة لیس بخارج من تلک الاقسام المسطورة و اما تعیین الایام المذکو رة و اعتقاد القربۀ فی اراقۀ الدم فیها فبدعۀ مذمومۀ و زیادة فی الشریعۀ هذا و علی العاقل المتدین ان یتحري لنفسه و لمیته ما هو الاحسن من تلک الاقسام و لا یخاف فی الله لومۀ لائمٍ من الانام. انتهی
Агар бирор шахс ўлса, унинг ортидан йўқлаб хайрот қилувчи киши ё мерос молидан қилади, ёки ўзининг шахсий молидан қилади. Мерос молидан қилинган ҳолатда ворислар ичида тасарруфга лаёқатсиз сағирлар бўлса, ёки ўликда бошқа бировнинг ҳаққи бўлса ва кенгчилик бўлмаса (яъни маййит фақир инсон бўлса), бунақанги ҳолатда меросни сарфлашлик қайси йўл билан бўлишидан қатъий назар, шубҳасиз ҳаромдир!
Агар ундай бўлмаса (яъни ворислар ичида сағирлар йўқ бўлса, бошқа ҳақдорлар ҳам бўлмаса, ёки бўлса ҳам ворислар ичида кенгчилик бўлса), ёки хайри-эҳсонни мерос молидан эмас, балки ўзининг шахсий молидан сарфлаб қилса, бу ҳолатда ҳам у киши ё ибоҳат йўли билан қилади ёки, тамлик йўли билан қилади. Ҳар қайси вазиятда ҳам, ё муҳтож фақирларга қилади ёки бойларга, буларни қай бирига қилган бўлса ҳам, ё савоб умидида қилади ёки риё-сумъа учун қилади. Бас саккизта қисм ҳосил бўлди.
1- Қисм: Ўзининг шахсий молидан (ёки меросхўрлар ичида сағирлар бўлмаган ҳолда, бошқаларнинг ҳам ҳаққи бўлмаган ҳолда, ёки бошқларнинг ҳаққи бўлса ҳам, маййитдан кўп бойлик қолган ҳолда) мерос молидан муҳтожларга, савоб умидида ибоҳат йўли билан хайри-эҳсон қилишидир. Бу зиёфат дейилади. Агар уч кундан кейин бўлса, хилофсиз мустаҳаб бўлади. Мабодо уч кундан олдин бўлса, (уламолар орасидаги фикрлар) изтиробли бўлиб, танланган фатво мустаҳабликдир.
2- Қисм: Ўзининг шахсий молидан (ёки меросхўрлар ичида сағирлар бўлмаган ҳолда, бошқаларнинг ҳам ҳаққи бўлмаган ҳолда, ёки бошқларнинг ҳаққи бўлса ҳам, маййитдан кўп бойлик қолган ҳолда) мерос молидан фақат бойларга савоб умидида ибоҳат йўли билан хайри-эҳсон қилишидир. Бу ҳам зиёфат дейилади. Агар уч кундан кейин бўлса, мустаҳаб бўлади. Мабодо уч кундан олдин бўлса, танланган фатвога кўра, макруҳ бўлади. чунки, зиёфат шодлик кунларида бўлади, азадорликда эмас.
3- Қисм: Ўзининг шахсий молидан (ёки меросхўрлар ичида сағирлар бўлмаган ҳолда, бошқаларнинг ҳам ҳаққи бўлмаган ҳолда, ёки бошқларнинг ҳаққи бўлса ҳам, маййитдан кўп бойлик қолган ҳолда) мерос молидан фақир-муҳтожларга савоб умид қилмасдан хайри-эҳсон қилишдир.
4- Қисм: Ўзининг шахсий молидан (ёки меросхўрлар ичида сағирлар бўлмаган ҳолда, бошқаларнинг ҳам ҳаққи бўлмаган ҳолда, ёки бошқларнинг ҳаққи бўлса ҳам, маййитдан кўп бойлик қолган ҳолда) мерос молидан фақат бойларга савоб умид қилмасдан хайри-эҳсон қилишдир. Бу икки қисм—учинчи ва тўртинчи қисмлар ҳам зиёфат дейилади. Буларнинг ҳукми хайрот қилувчининг ниятига боғлиқ. Агар риё, сумъа ва йиғлаб чарчаган ноиҳаларга қувват бўлсин учун қилинган бўлса, мутлақо ҳаром бўлади! Агар одамларнинг таънаси, ғийбатларидан қочиб қилинган бўлса, уч кундан олдин макруҳ, уч кундан кейин мубоҳ бўлади. Агар дўстлар кўнглини олиш, одамийлик, мўминлар қалбига ҳурсандчилик улашиш ниятида қилинган бўлса, уч кундан олдин макруҳ, уч кундан кейин мустаҳаб бўлади.
5- Қисм: Ўзининг шахсий молидан (ёки меросхўрлар ичида сағирлар бўлмаган ҳолда, бошқаларнинг ҳам ҳаққи бўлмаган ҳолда, ёки бошқларнинг ҳаққи бўлса ҳам, маййитдан кўп бойлик қолган ҳолда) мерос молидан фақир-муҳтожларга, савоб умидида тамлик йўли билан хайр қилишдир. Бу садақа дейилади. Унинг ҳукми мутлақо суннатдир (уч кун ичида ҳам, ундан кейин ҳам суннат бўлаверади).
6- Қисм: Ўзининг шахсий молидан (ёки меросхўрлар ичида сағирлар бўлмаган ҳолда, бошқаларнинг ҳам ҳаққи бўлмаган ҳолда, ёки бошқларнинг ҳаққи бўлса ҳам, маййитдан кўп бойлик қолган ҳолда) мерос молидан бойларга, савоб умидида тамлик йўли билан хайр қилишдир. Бунинг ҳукми мутлақо мустаҳаб.
7- Қисм: Ўзининг шахсий молидан (ёки меросхўрлар ичида сағирлар бўлмаган ҳолда, бошқаларнинг ҳам ҳаққи бўлмаган ҳолда, ёки бошқларнинг ҳаққи бўлса ҳам, маййитдан кўп бойлик қолган ҳолда) мерос молидан фақир муҳтожларга савоб умид қилмасдан, тамлик йўли билан хайр қилишдир. Бу ҳиба дейилади, ҳукми эса хайр қилувчининг ниятига боғлиқ.
8- Қисм: Ўзининг шахсий молидан (ёки меросхўрлар ичида сағирлар бўлмаган ҳолда, бошқаларнинг ҳам ҳаққи бўлмаган ҳолда, ёки бошқларнинг ҳаққи бўлса ҳам, маййитдан кўп бойлик қолган ҳолда) мерос молидан бойларга савоб умид қилмасдан тамлик йўли билан хайр қилишдир. Бу ҳам худди еттинчи қисмдаги каби ҳиба дейилади, бунинг ҳукми ҳам хайр қилувчининг ниятига боғлиқ.
Буларнинг ҳаммаси маййит томондан васият қилинмаган ҳолатлардир. Агар маййит қолдирган молига тааллуқли васият қилиб кетган бўлса, биринчи навбатда шариатга мувофиқ тариқада унинг васияти амалга оширилади.
Буларни яхши ўзлаштириб олган бўлсангиз, энди шуни билингки, юқорида зикри ўтган (Туркманлар) тоифаси шу саккиз қисмнинг бирига мувофиқ келмасдан иложи йўқ. Аммо, мазкур кунларни тайинлаб олишлик ва ўша кунларда жонлиқ сўйишни қурбат санашлик хунук бидъат ва шариатга қўшимча қилишдир! Буни яхши билиб олинг!
Бас, шундай экан, ҳар бир ақлли, диёнатли инсон ўтганлари ортидан юқоридаги қисмларнинг ичидан муносибини танлаб амал қилиши керак. Аллоҳнинг йўлида қилаётган ишида халқнинг маломатидан қўрқмаслиги керак! (Лузум ул-иқтисод фил-амал вал-эътиқод. Ҳожи Абдураҳмон Охунд Тунгли Тоно. 93-94 бетлар.)
11-) Ўзбекистон мусулмонлар идораси (ЎМИ)нинг фатвоси
Уч кундан кейинги махсус маросимларга тааллуқли, биз аниқлаган сўнгги таъқиқ диний раҳбариятимиз—Ўзбекистон мусулмонлар идораси мууфтиёти томондан эълон қилинган “ТЎЙ, МАРОСИМ ВА МАЪРАКАЛАРНИ МЕЪЁРИДА ЎТКАЗИШ ҲАҚИДА” чиқарган фатвосида расмий имом домлаларимиз зиммасига қўйилган ушбу талабномадир:
Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча расмий масжидларнинг имом хатиблари жума намози хутбаларида, никоҳ тўйлари, ақиқа маросимлари ва турли муносабатлар билан қилинадиган тадбирларда исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, риёкорлик каби иллатларнинг моддий ва маънавий зарарлари, шунингдек, тежамкорлик ва ўртаҳолликнинг фойдалари тўғрисида асосли далиллар ва ҳаётий мисоллар билан кенг ташвиқот ишларини олиб борсинлар.
Маросим ва тадбирларни миллий ва диний нуқтаи назардан мувофиқлаштирилган тарзда, намунали ўтказиш мақсадида имом хатиблар, маҳаллаларнинг оқсоқоллари ва фаоллари билан ўз таклиф ва тавсияларини маҳалла аҳлига тақдим этсинлар. Бу ишларни амалга оширишда ҳар бир вилоят ва туманларнинг ўзига хос маҳаллий урф-одатлари инобатга олинсин.
Марҳумлар дафнидан кейин одат тусига айланган 7, 20, 40, йил, ҳайит кунларидаги фотиҳахонлик каби маросимларнинг шаръий эмаслиги, балки бидъат ишлардан эканлиги тушунтириб борилсин. Киши вафот бўлгандан сўнг таъзия 3 кун эканлиги тушунтирилсин.
Катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган худойи, маъракалар ўрнига марҳумлар руҳини шод этиш учун муҳтож оилаларга, меҳробонлик уйларига, ногиронлар ва қариялар уйига ёки ободончилик ишларига моддий ёрдам кўрсатишнинг афзаллик жуҳатлари ёритиб берилсин. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси. 2002 йил. 28 декабрь.
манба: http://www.muslim.uz/index.php?option=com_content&view=article&id=949&catid=44:2010-02-07-12-50-40&Itemid=75).
Якуний хулоса
Юқорида тақдим қилинган барча далил ва қавлларни бир-бири билан таққослаб шундай хулосага келинди:
1- Инсон вафот этган куни унинг қўни-қўшнилари томондан мусибат эгаларига таом чиқариб едириш суннатдир!
2- Садақа ва зиёфат умумий жиҳатдан бирдек туюлсада, уларнинг бир-биридан фарқи бор. Садақа—садақа олувчига мулк қилиб бериладиган молдир. Зиёфат—меҳмонлар олдига қўйилган нарсаларнинг истеъмолига омматан рухсат бериш, яъни мубоҳ қилиш демакдир!
3- Маййитнинг ортидан ўлган куни ҳам, ундан кейин ҳам садақа қилиш жоиз ва унинг савоби маййитга шак-шубҳасиз етиб боради!
4- Инсон вафот этган кундан то уч кунгача мусибат эгалари таом пишириб таъзияга келганларга зиёфат бериши жумҳури аҳли сунна, тўрт мазҳаб фақиҳларининг наздида макруҳдир. Ҳанафий фақиҳларидан бири Шайх Иброҳим Ҳалабий раҳматуллоҳи алайҳнинг суянган далили эса Роддул-мухтор соҳибининг қавлига кўра тасодифий бир ҳолат бўлган, ёки, у воқеъанинг ўзига хос сабаби бўлиб, ундан умумий ҳукм олинмайди!
5- Маййит ўлимидан олдин молидан хайри-эҳсон қилишни васият қилган бўлса, унинг васияти шариатга мувофиқ тарзда, мерос молининг тақсимотидан сўнг учдан бирдан сарфлаб амалга оширилади. Ўшани ҳам ноиҳаларга едириш ҳаром бўлади. Ноиҳалардан бошқаларга едиришда кароҳият йўқ!
6- Маййтхонада тунаб қолишга мажбур бўлган, узоқдан келганларга ўзларига яраша таом пишириб едиришнинг асло кароҳияти йўқ. Агарча ворислар сағир бўлса ҳам. Бу таомдан уйи яқин қўни-қўшни ва маҳалладошлар емаслиги керак. Шу таомдан кўп миқдорда ортиб қолса, унинг ҳаражатини васий сағир ворисларга тўлаб беради, оз миқдорда бўлса йўқ!
7- Уч кундан кейин қилинадиган хайри-эҳсонларни мутлақо инкор қилиш тўғри эмас! Зотан шариат чегарасидан чиқмаган ҳолда қилинган маросимларнинг халққа маънавий жиҳатдан фойдали томонлари ҳам бор. Жумладан: ўликлар билан тириклар орасини авом ичида фақат шу маросимлар боғлаб туради; Қуръон ўқишни билмайдиганларнинг хонадонларида фақат шу маросимлар туфайли тиловатлар янрайди; авом билан аҳли илмлар орасида диний савол-жавоблар ҳам кўпинча шу маросимларда бўлади; қолаверса, бу каби маросимлар қадимдан улуғ устозлар иштирокларида амалга ошириб келинган; одамийлик, дўстлар дийдори, ўзаро ҳол-аҳвол сўраш каби исломий гўзал одоблар ҳам шу каби йиғинларда қайта жонланади!
8- Уч кун ўтиб аза ниҳоясига етгач, маййит ворисларидан ёши катталари ўзларининг шахсий маблағларидан хоҳлаганча хайри-эҳсон қилаверадилар!
9- Ворислардан ташқари маййитнинг дўстлари, бошқа яқин қариндошлари унинг ортидан. Уч кун ичида ўз уйларида, уч кундан кейин эса маййитнинг хонадонида ҳам, ўзларининг ҳисобидан, хоҳлаганча хайри-эҳсон қилаверади. Бунга асло моне йўқ ва бунинг савоби марҳумга шубҳасиз етади!
10- Инсон вафот этгач, унинг қолдирган молини сарфлашга, унинг ҳисобидан зиёфат беришга шошилмаслик керак. Балки, тарака (мерос) моли тезда меросхўрлар орасида шариатга муовиқ тақсимланиши шартдир!
11- Маййитнинг мероси тақсимланганидан кейин, унинг ворислари уч кун ўтгач, ҳар доим, ҳар қандай йўл билан хоҳ садақа бериб, хоҳ зиёфат ташкил қилиб савоб умидида хайри-эҳсон қилаверади. Бунда маййитни эслаб йиғлаш, унутилган мусибатни қайта эсга олиб маҳзун бўлиш, маййитнинг аҳлига қайта-қайта таъзия билдириш каби ишлар мумкин эмас!
12- Маййитнинг ортида сағирлар қолса, бу ҳолатда уларга тегишли молни ҳеч қачон, ҳеч қандай йўл билан, садақа қилиб ҳам, зиёфат бериб ҳам сарфлаб бўлмайди. Улар балоғатга етиб, васийларидан ўзларига тегишли молни қайтариб олганларидан кейин, ўтганларининг ортидан хоҳлаганча хайри-эҳсон қилаверадилар!
13- Уч кун ўтиб аза тамом бўлгач қилинадиган зиёфатларни бирор кунга тайинлаб, хослаб олишлик мумкин эмас. Агар махсус кунларда масалан, қирқинчи куни қилинган эҳсоннинг бошқасига нисбатан фазилати кўпроқ деб билса, ёки махсус кунларда эҳсон қилишни вожиб деб эътиқод қилса, унинг шу эътиқоди бидъат бўлади. Бу ҳақда имом Биргивийнинг “Жало ул-қулуб”да айтган ҳикоясини эсланг! У кишининг насиҳатларига кўра, макруҳ, мубоҳ бир ёқда тура турсин, ҳатто мустаҳабни ҳам вожиб даражасига олиб чиқиш макруҳ бўлади. Аслида инсон ўз эҳтиёжидан ортиқча молга қодир бўлган вақтида маййитни йўқлаши дуруст ва бунда кунларнинг бир-биридан фарқи йўқ. Балки, мол-дунёси кўплар қирқинчи кунгача маййитни музтар қилмасдан тезроқ ортидан хайри-худойи қилса маййитга янада манфаатли бўлади. Шариатда ҳар бир амални ўз ҳукмича эътиқод қилиш керак. мубоҳни мубоҳ, мустаҳабни мустаҳаб, вожибни вожиб, фарзни фарз, деб. Ўрнини асоссиз алмаштириш асло дуруст эмас!
14- Халқимиз орасида урф-одатга айланган “уч”, “пайшанба”, “қирқ”, “йил” маросимлари агар мерос тақсимотидан кейин бўлса, ёки ёши катта ворисларнинг шахсий ҳисобидан бўлса, ва бу амалларни вожиб эмас балки, мубоҳ фазилат, деган хайрли ниятлар билан, савоб умидида, риё, сумъа, шуҳратпарастлик ва исроф каби иллатлардан ҳоли амалга оширган бўлса, у шубҳасиз дуруст бўлади!
15- Агар “уч”, “пайшанба”, “қирқ”, “йил” маросимлари мерос тақсимланмай туриб, сағир ворисларнинг ҳаққидан зиёфатга сарфланаётган бўлса, у шубҳасиз ҳаром бўлади. Унга бориш, таомидан ейиш мумкин бўлмайди!
16- Агар уч кундан кейин, маййитни йўқлаб қилинган маросимларнинг ташкилотчилари шу маросимларни вожиб демаган ҳолда, ўтганларнинг руҳига холис хайрот қилса-ю иттифоқо йигирманчи, қирқинчи кунларга мувофиқ келиб қолса, бунинг зарари йўқ. Ундан бориб ейилаверади, берган ҳадялари олинаверади. Шунингдек, иттифоқо шу кунларга мос келиб қолган зиёфатни “қирқ”, “пайшанба”, “йил”, деб номлашларини ҳам аҳамияти йўқ. Зотан ном ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Муҳими—тўғри эътиқоддир!
17- Маййит ортидан қилинадиган уч кундан кейинги зиёфатларда махсус таом масалан: Атала, ўрик шарбат ва ҳоказо таомлар пиширишни вожиб, уларнинг ўрнига бошқа нарса пишириш мумкин эмас, деб эътиқод қилиш ҳам бидъат бўлади. Балки, инсон нимага қодир бўлса ўшани пишириб едириши мумкин. Ўзи қодир бўлмаган таомга такаллуф қилиши шариатнинг буйруғи эмас!
18- Учинчи куни, қирқинчи куни қўй сўйишга маблағи йўқлар, қарз олиб қўй сўйиши ва халққа едириши шариатнинг амри эмас. Шариат инсон тоқатидан ортиқча нарсага асло буюрмайди!
19- “уч”, “пайшанба”, “қирқ”, “йил” маросимлари ҳақида гапирганларни дарҳол “ваҳҳобий” дейишга шошилмаслик керак. Балки ундан бу сўзига изоҳ беришини талаб қилиш лозим. Агар у “Тиловати Қуръон ва бошқа хайри-садақотлардан ўликларга наф йўқ, шунга кўра 20, 40 “йил” каби маросимлар мумкин эмас”, деб изоҳ берса, уни айблаш, “бидъатчи” дейиш мумкин. Бироқ, юқоридаги каби тафсилотлар билан изоҳ берса, уни айблаш, “адашган”га чиқариш мутлақо нотўғри!
20- Шуни унутмаслик керакки, маййитнинг ортидан шаръий меъёрга мувофиқ зиёфат бергандан кўра, ўша ҳаражатларни етим-есирларга, мадраса ва мактаб муаллимлари ёки талабаларига, дин хизматида қоим бўлиб дунёвий тирикчилигидан оқсаб қолган аҳли илмларга, қаровчиси йўқ бемор ва қарияларга сарфламоқ афзалдир!
Сўнгсўз
Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрлари, уларнинг вазифларини давомчилари, умматга ҳидоятни кўрсатиб, залолатдан огоҳлантирувчи масъул шахслардир. Шундай экан, улар халқимиз ичидаги омий қатламни эътиқодини тўғрилаш йўлида бирдамлик билан, муқаддам мужтаҳидларнинг чизган чизиқларидан чиқмасдан, фатволарига тўлиқ амал қилган ҳолда, хусусан бизнинг диёрларда кенг тарқалган ҳанафий мазҳаби асосида, бидъат билан суннатни, залолат билан ҳидоятни оммага очиқ-ойдин кўрсатиб беришлари, эътиқодда ҳам, амалиётда ҳам муайян шаръий меъёрни равшан баён қилиб беришлари, ихтилофли жараёнларни тўғри таҳлил қилиб халқ орасида тушунтириш ишларини кенг олиб боришлари, халқ орасидаги ихтилофларни бартараф этиб ягона соф ақида бўйича эътиқод қилишларини таъминлаб беришлари лозимдир.