بسم الله الرحمن الرحيم
Шак йўқки рибо мавзуси, унинг зарарлари жуда аҳамиятлидир. Ҳар бир мусулмон ундан узоқ бўлиши учун унинг ҳукмларини ва турларини билиши лозим. Чунки рибо билан муомала қилувчи инсон Аллоҳ ва унинг расули билан урушувчидир. Рибо мавзуси аҳамиятли бўлгани сабабли Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан унинг ҳукмлари ҳақидаги далилларни тўпладик.
Рибонинг ҳаром бўлиши ҳам худди хамрнинг ҳаром бўлиши каби даражама-даража бўлди. Рибонинг ҳаром бўлиши тўрт босқичда бўлиб ўтди.
1-босқич. “Рум” сурасидаги 39-оят.
وَمَا آتَيْتُم مِّن رِّبًا لِّيَرْبُوَ فِي أَمْوَالِ النَّاسِ فَلَا يَرْبُو عِندَ اللَّهِ وَمَا آتَيْتُم مِّن زَكَاةٍ تُرِيدُونَ وَجْهَ اللَّهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُضْعِفُونَ
39. Одамлар моллари ичида зиёда бўлсин деб рибо учун берган молингиз Аллоҳ ҳузурида зиёда бўлмас. Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар бир неча баробар қилиб олгувчилардир.
Бу ояти карима Маккада нозил бўлган. Оятда кўриниб турганидек рибонинг ҳаром эканлигига ишора йўқ. Фақатгина Аллоҳ рибони ёмон кўришига ишора бор. Рибо учун Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай савоб йўқ.
2-босқич. “Нисо” сураси 160-,161-оятлар.
فَبِظُلْمٍ مِّنَ الَّذِينَ هَادُواْ حَرَّمْنَا عَلَيْهِمْ طَيِّبَاتٍ أُحِلَّتْ لَهُمْ وَبِصَدِّهِمْ عَن سَبِيلِ اللّهِ كَثِيرًا وَأَخْذِهِمُ الرِّبَا وَقَدْ نُهُواْ عَنْهُ وَأَكْلِهِمْ أَمْوَالَ النَّاسِ بِالْبَاطِلِ وَأَعْتَدْنَا لِلْكَافِرِينَ مِنْهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا
160. Яҳудий бўлганларга, уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун, ўзларига ҳалол қилинган нарсани ҳаром қилдик.
161. Ва қайтарилган бўлсалар ҳам, рибо олганликлари ва одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлари учун. Ва уларнинг кофирлари учун аламли азобни тайёрлаб қўйдик.
Ояти карима Мадинада нозил бўлган. Бу Аллоҳ таъолонинг яҳудларнинг сийратидан бизларга қиссасидир. Уларга Аллоҳ рибони ҳаром қилган эди, яҳудийлар эса уни едилар ва шу туфайли лаънат, ғазабга мустаҳиқ бўлишди. Оят рибонинг ҳаромлигига сароҳатан эмас, ишоратан бўлди. Чунки бу оят яҳудларнинг жаримаси ҳақидаги оят бўлиб, бунда рибонинг мусулмонларга ҳаром бўлганлиги ҳақида далолат йўқдир.
3-босқич. “Оли Имрон” сураси 130-оят.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ الرِّبَا أَضْعَافًا مُّضَاعَفَةً وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
130. Эй, иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз.
Бу ояти карима Мадинада нозил бўлган бўлиб, унда рибонинг ҳаром қилиниши очиқ-ойдин билдирилган. Лекин ҳали ҳам бутунлай ҳаром қилинмаган. Сабаби, бу рибонинг фоҳиш (фаҳш бўлса керак) рибо деб номланган бир турини ҳаром қилишдир. Рибонинг бу тури хунукликда энг олий чўққига чиққанидир. Бунда зиммадаги қарз кўпайиб боради ва бир неча баробарга айланади. Ўзининг ҳожати ва зарурати учун қарз олган қарздорнинг зиммасига жуда кўп қийинчиликларни юклайди.
4-босқич. Бу босқичда рибо бутунлай ҳаром қилинди. Яъни, рибонинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромга айланди. Ушбу ояти кариманинг далил билан. “Бақара” сураси 278-279-оятлар.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَذَرُواْ مَا بَقِيَ مِنَ الرِّبَا إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ فَإِن لَّمْ تَفْعَلُواْ فَأْذَنُواْ بِحَرْبٍ مِّنَ اللّهِ وَرَسُولِهِ وَإِن تُبْتُمْ فَلَكُمْ رُؤُوسُ أَمْوَالِكُمْ لاَ تَظْلِمُونَ وَلاَ تُظْلَمُونَ
278. Эй, иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг.
279. Агар ундоқ қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас.
Бу ояти карима Мадинада нозил бўлган бўлиб, унда рибонинг ҳаром бўлишини охирги босқичи эди.
Мана шу ижтимоий касалликларни муолажа қилишдаги Ислом шариатининг сиридир. Аллоҳ бундай ҳакимона йўл тутмаса жамиятнинг рибодан сақланиши жуда қийин кечар эди.
“Рибони бир неча баробар қилиб еманглар” деган ояти каримадан мурод шуки, у бир неча баробарлик рибони ҳаром қилинишига ишора эмас. Бу жоҳилият кунларида қилинадиган муомалани баён қилиш учун келган. Унинг сабаби нузулда ҳам келтириб ўтилди. Баъзи иймони заифлар эса, ҳаром қилинган рибо ўта катта даражада бўлса бўлади. Аммо озгина рибо масалан, юздан икки ёки уч фоиз бўлса бу ҳаром эмасдир дейдилар. Ўзларининг ботил даъволарига мазкур ояти каримани ҳужжат қиладилар. Яъни, оятда “Бир неча баробарлик” деган нарса шарт қилинган. Қачонки фоиз камроқ бўлса, уни ҳаром бўлишига ҳеч қандай сабаб йўқ дейишади. Лекин мусулмонлар рибонинг озини ҳам, кўпини ҳам ҳаром қилинганига ижмо қилганлар. Юқоридаги сўз – ижмодан бутунлай чиқиш деб эътиборга олинади ва шариати ғорронинг қоидаларини билмасликка нисбат берилади. Чунки рибонинг ози кўпига чақиради. Ислом бир нарсани ҳаром қилса, бутунлай ҳаром қилади. Агар озини мубоҳ қилса бу кўпига олиб боради. Рибо худди хамр каби ҳаромдир. Бирор ақлли мусулмон хамрдан озгинасини ҳалол дейдими? Ўша жоҳилларга “Китобнинг баъзисига иймон келтирасизлару ва баъзисига кофир бўласизларми?” деймиз. Нима учун ўзингизнинг ботил даъвоингизга бу оятни ҳужжат қилмайсиз ёки ушбу ояти каримани ўқимайсизларми? “Аллоҳ байъни ҳалол қилди ва рибони ҳаром қилди”. Бу ва бу каби оятлар рибони оз ё кўп билан қайдлайдими ёки лафз мутлоқми.
Рибонинг зарарлари
Рибонинг уч жиҳатдан зарари бордир. Нафсий, ижтимоий ва иқтисодий. Нафсий зарари шундан иборатки – судхўр инсоннинг қалбида ўзини ортиқ даражада яхши кўриш, нарсанинг яхшисини ўзигагина раво кўриш, уни фақатгина ўзининг манфаатигина хизмат қиладиган каби разил сифатлар пайдо бўлади. Бу билан унда бошқаларга яхшиликни раво кўриш, илиниш йўқ бўлади. Инсон билан бошқа биродари ўртасида биродарлик алоқалари тарқалиб кетади. Натижада судхўр одамлардан ташкил топган ҳаёт фақат мол йиғиш, одамларнинг қонини сўриш, улар қўлидаги нарсаларни тортиб олишга айланиб кетади. Оддий қилиб айтганда, инсон сувратдаги ваҳший бўрига айланади.
Ижтимоий жиҳатдан зарари эса – жамият кишиларининг орасида адоватнинг пайдо бўлиши, инсонлик ва ижтимоий алоқаларини пароканда бўлишига олиб боради. Шунингдек, кишилар қалбида меҳр шавқат ва ўзаро ёрдамнинг ўрнига ҳасад урчийди. Судхўр ушбу жирканч ишида давом этар экан, ўз жамиятининг душмани, балки бутун инсониятнинг душманига айланишига ҳеч қандай шак йўқ. Сабаби, у инсонларнинг зарурат ва ҳожатларидан фойдаланиш йўлига кўра уларнинг қонини сўради.
Иқтисодий жиҳатдан зарари – бу очиқ-ойдиндир. Чунки судхўрлар мавжуд экан жамиятда икки табақа юзага келади. Биринчиси, неъматга бурканган, бошқаларнинг пешона тери билан фойдаланадиган табақа. Иккинчиси, муҳтожлик билан ҳаёт кечирадиган йўқчиликка гирифтор бўлган табақадир. Шу сабабли икки табақа ўртасида кураш юзага келади.
Шариъати Исломияда ҳаром қилинган рибо нима?
Рибони умумий холатда иккига бўлиш мумкин. Қарз муомаласидаги рибо, савдодаги рибо. Қарз муомаласидаги рибо – бир киши бошқа кишига қарз бераётганда қарз эвазига бирор манфаатни шарт қилишидир. Бу қарз устига қўшимча бериш ё сифатини яхшилаб бериш ёки бирор хизмат билан бўлиши мумкин. Қарзнинг устига қўшимча бериш қарзни кўпайтириб бериш билан ёки қарз устига бошқа бирор нарсани қўшиб бериш билан бўлади. Масалан, Алишер Улуғбекка олти ойга бир миллион қарз бераётиб олти ойдан кейин бир милион уч юз минг қилиб қайтарасан, деса Алишер Улуғбекдан қарзни кўпайтириб беришни талаб қилган бўлади. Агар Алишер Улуғбекка олти ойга бир миллион қарз бераётиб олти ойдан кейин бир миллионга бир қўй қўшиб қайтарасан деса Алишер Улуғбекдан қарз устига бошқа нарсани қўшиб беришни талаб қилган бўлади. Иккала мисол ҳам қарз устига қўшимча беришга мисол бўлади.
Ҳозирги пайтда деҳқонлар орасида кўп учрайдиган ҳолат: Бир деҳқон шоли, буғдой ва шунга ўхшаш бирор экиннинг уруғини бировдан ҳосил етилганда икки баробар қилиб қайтараман, деб қарзга олиши ҳам рибодир. Қарз олинаётган вақтда уруғнинг қиммат бўлиб, ҳосил етилганда арзонлашишининг эътибори йўқ. Нарх қандай бўлишидан қатъий назар олинган қарзни ўз миқдорича қайтариш керак.
Қарзга берилган нарсанинг сифатини яхшилаб беришга мисол. Алишер Улуғбекка юз кг авангард гуручини қарзга бераётиб олти ойдан кейин юз кг девзира гуручини берасан, деса Алишер Улуғбекдан берилган қарзнинг сифатини яхшилаб беришни талаб қилган бўлади.Чунки девзира гуручининг сифати авангард гуручининг сифатидан яхшироқ.
Қарз эвазига хизмат шарт қилишга мисол, Алишер Улуғбекка олти ойга бир миллион қарз бераётиб Улуғбекка олти ойдан кейин бир милионни қайтарасан яна айрим ишларимни бажарасан, деса Алишер Улуғбекдан қарз эвазига хизмат талаб қилган бўлади. Хулоса шуки, қарз берувчи қарз олувчига қарз эвазига бирор манфаатни шарт қилса ушбу шарт қилинган манфаат шариатда ҳаром қилинган рибо бўлади.
Агар қарз олувчи қарз берувчига бирор манфаатни шарт қилмасдан, ўз ихтиёри билан берса ушбу манфаат ҳаром саналган рибо бўлмайди. Аммо қарзни кўпайтириб бериш ёки бирор нарсани қўшиб бериш ё бирор хизмат кўрсатиш макруҳ саналади. Масалан, Алишер Улуғбекка олти ойга бир миллион қарз бераётиб ҳеч қандай манфаатни талаб қилмаса, балки Улуғбек ўз ихтиёри билан бир миллионга юз минг ёки бир қўй қўшиб берса ё Алишернинг бирор хизматини бажариб берса, бу Алишер томонидан талаб қилинмаганлиги, балки Улуғбекнинг ўз ихтиёри билан бўлгани учун ҳаром қилинган рибо саналмайди. Лекин бу манфаатлар қарз туфайли бўлганлиги учун макруҳ ҳисоблади. Қарз олувчи қарз берувчига олган қарзини ўз ихтиёри билан сифатлироқ қилиб қайтарса макруҳ саналмайди. Масалан, Алишер Улуғбекка 100 кг авангард гуручини қарзга берса кейин Улуғбек ўз ихтиёри билан қарзни 100 кг девзира гуручи қилиб қайтарса макруҳ саналмайди.
Савдодаги рибо икки хил бўлади. Фазл рибоси, насия рибоси
Фазл рибоси савдо ақдида жинси битта бўлиб, ўлчови ҳам бир хил, вазний (оғирлик) ёки кайлий (сиғим) бўлган моллардан икки ақд қилувчидан бири учун шарт қилинган эвазсиз зиёдаликдир.
Масалан, Алишер Улуғбек билан 100 кг девзира гуручига 120 кг авангард гуручини алмаштирса ушбу ҳолат фазл рибоси дейилади. Чунки иккала гуручнинг жинси бир хил, яъни, иккаласи ҳам гуруч, ўлчови ҳам бир хил. Бу ерда бир юз йигирма кг бўлган авангард гуручининг йигирма килограми эвазсиз ортиқчадир. Чунки юз кг девзира гуручига авангард гуручининг юз килоси муқобил бўлади қолган йигирма кг эвазсиз қолади. Рибо бобида бир молнинг бошқасидан сифати юқори ва нархи баланд эканлигининг этибори йўқ. Ва бу ортиқча йигирма кг савдо ақдида икки ақд қилувчидан бири, Алишер учун шарт қилингандир.
Фазл рибоси топилиши учун молларнинг жинси битта – ўлчови ҳам бир хил вазний ёки кайлий бўлиши шарт қилинади. Сабаби, молларнинг жинси бир хил бўлмаса, ўлчови вазний ёки кайлий бўлиб бир хил бўлмаса фазл рибоси топилмайди. Масалан, Алишер Улуғбекка беш юз кг цемент эвазига юз кг гуруч берса ушбу ҳолатда фазл рибоси топилмайди. Боиси, цемент ва гуручнинг ўлчовлари бир хил, яъни, вазний бўлсада, жинслари ҳар хил. Агар Алишер Улуғбекка юз метр атлас бериб эвазига икки юз метр атлас олса ушбу ҳолатда ҳам фазл рибоси топилмайди. Чунки иккала молнинг жинслари бир хил бўлса-да, ўлчовлари вазний ёки кайлий эмас, балки зироий(метрлик)дир. Яна бир мисол, Алишер Улуғбекка ўнта хонаки тухум бериб, эвазига ўн бешта оддий тухум олса ёки битта қўй бериб эвазига иккита қўй олса, ушбу иккала ҳолатда ҳам фазл рибоси топилмайди. Бу ҳолатларда ҳам молларнинг жинслари бир хил бўлса-да, ўлчовлари вазний ёки кайлий эмас балки ададий(саналадиган)дир. Фазл рибоси топилиши учун молларнинг ўлчовлари бир хил бўлишининг ўзи етмайди, балки вазний ёки кайлий бўлиши шарт. Алишер Улуғбекка мисдан бўлган оғирлиги уч кг доналаб сотиладиган қумғон эвазига ўн кг мис қуйилмасини берса, бу ерда ҳам фазл рибоси топилмайди. Иккала молнинг жинслари бир хил бўлса-да, қумғоннинг ўлчови вазний эмас. Агар қумғон ҳам килолаб сотиладиган бўлганида, бу савдода фазл рибоси топиларди. Боиси, иккала мол ҳам вазний бўларди ва мис қуюлмаси қумғондан вазн жиҳатидан зиёда бўларди. Хулоса шуки, фазл рибоси топилиши учун молларнинг жинслари ҳам бир хил, ўлчовлари ҳам вазний ёки кайлий бўлиб бир хил бўлиши рибонинг иллати (келтириб чиқарувчиси) дейилади.
Насия рибоси: Жинси ва қадри (ўлчови) ёки иккаласидан бири бир хил бўлган молларнинг савдосида бирининг нақд бўлмаслигидир. Масалан, Алишер Улуғбек билан юз кг гуручни юз кг гуручга алмашса ва Алишерники нақд Улуғбекники насия бўлса ушбу ҳолатда насия рибоси топилади. Иккала гуручнинг жинси бир хил, яъни, гуручнинг қадри ҳам бир хил, вазни ҳам. Агар Алишер Улуғбек билан юз метр атласни юз метр атласга алмашса ва Алишерники нақд Улуғбекники насия бўлса, бу ҳолатда ҳам насия рибоси топилади. Атлас бу ерда зироий бўлганлиги учун қадр топилмаса ҳам, иккала атласнинг жинси бир хилдир. Алишер Улуғбек билан мис қумғонни мис қуюлмасига алмашса ва бири нақд наригиси насия бўлса, бу ерда ҳам насия рибоси топилади. Бу ерда қадр топилмаса-да (мис қумғон ададий, мис қуйилмаси вазний бўлгани учун) иккаласи ҳам бир жинс, яъни, мисдир. Насия рибосида жинс ёки қадрнинг бирининг топилиши кифоя қилади. Алишер Улуғбек билан юз кг гуручни беш юз кг цементга алмашса ва Алишерники нақд, Улуғбекники насия бўлса, бу ҳолатда ҳам насия рибоси топилади. Боиси, гуруч ва цемент бошқа бошқа жинс бўлса-да қадрлари бир хил, яъни, вазнийдир.
Агар Алишер Улуғбек билан юз литр пахта ёғини беш юз кг цементга алмашса ва Алишерники нақд Улуғбекники насия бўлса, бу ерда насия рибоси топилмайди. Сабаби, пахта ёғи ва цемент бир жинс ҳам эмас, қадрлари ҳам ҳар хил. Пахта ёғининг қадри кайлий цементники эса, вазнийдир.
Хулоса шуки, насия рибоси топилиши учун жинс ёки қадрнинг бир хил бўлиши кифоя қилади. Фазл рибоси топилиши учун эса, жинс ва қадрнинг иккаласи ҳам бир хил бўлиши шарт. Шунга кўра қаерда ортиқча камлик дуруст бўлмаса, ўша ерда насия ҳам дуруст бўлмайди. Лекин насия дуруст бўлмаган баъзи жойларда ортиқча камлик дуруст бўлиши мумкин. Масалан, Алишер Улуғбек билан гуручга гуруч алмашса, бу ерда насия ҳам ортиқча камлик ҳам дуруст эмас, балки иккала гуруч ҳам нақд ҳам қадри тенг бўлиши керак. Агар Улуғбек билан атласга атлас ёки цементга гуруч алмашса насия дуруст эмас, аммо ортиқча камлик бўлаверади.
Рибо бобида насиядан мурод молни тайин қилинмаслигидир. Тилло ва кумушдан бошқа молларни тайин қилиш билан уларни савдо мажлисида қабз қилиш (қўлга олиш) шарт эмас .
Тилло ва кумуш пул бўлганлиги туфайли тайин қилиш билан тайин топмайди. Шунинг учун тилло ва кумуш тайин топиши учун савдо мажлисида қабз қилиниши шарт. Масалан, Алишер Улуғбек билан буғдойга буғдой алмашмоқчи бўлса, буғдойларни савдо мажлисида қабз қилишлари шарт эмас. Балки қайси буғдойлар алмашилаётганини тайин қилишлари кифоя қилади. Агар Алишер Улуғбек билан тиллога тиллони алмашмоқчи бўлса, қайси тиллолар эканлигини тайин қилишлари кифоя қилмайди. Чунки тилло пул бўлганлиги учун тайин қилиш билан тайин топмайди. Балки фақат қабз қилиш билан тайин топади. Шунинг учун бу савдода савдо мажлиси тугамасдан туриб тиллоларни қабз қилишлари шарт. Савдо мажлисидан мурод иккала савдолашувчининг бир-биридан баданлари билан ажрамасликлари, яъни, бирга бўлишлари хоҳ бир жойда туришсин, хоҳ бирга юришсин, ҳатто бирга ухлашса ёки иккаласи бир жойда хушларидан кетиб қолишса ё бошқа-бошқа гапга киришишса ҳам мажлис битта ҳисобланаверади. Мажлис ўзгариши учун иккала савдолашувчи бошқа бошқа томонга юришлари ёки биттаси жойида туриб иккинчиси унинг ёнидан кетиши керак.
Тилло ва кумуш савдосидаги қабз қўл билан олиш ё бири иккинчисининг чўнтаги ёки этагига ўхшаш бирор нарсасига солиб қўйиш билан бўлади. Тилло ва кумушдан бошқа нарсаларнинг савдосида қабз сотилган нарсани сотиб олувчи қабул қилиб олишлигига шароит яратиб бериш билан бўлади. Сотиб олувчининг қўли билан олиши шарт эмас.
Тилло ва кумуш доимо вазний саналади. Буғдой, арпа, хурмо (бизнинг юртларда бўладиган олмага ўхшаш хурмо эмас, балки Арабистон томонларда бўладиган хурмо) ва туз доимо кайлийдир. Қолган нарсалар урфга қаралади. Агар урфда оғирлик ўлчови бўйича ўлчанса вазнийдир. Сиғим ўлчови бўйича ўлчанса кайлий. Масалан, гуруч оғирлик ўлчови бўйича ўлчанганлиги учун вазний. Ўсимлик ёғи сиғим ўлчови бўйича ўлчанганлиги учун кайлийдир. Агар тилло ва кумуш урфда сиғим ўлчови бўйича ўлчанадиган бўлиб кетса ҳам вазний ҳисобланади. Шунинг учун тиллони тиллога ёки кумушни кумушга алмаштирганда албатта вазнлари тенг бўлишини эътиборга олиш керак. Ҳажмлари тенг бўлса-ю, вазнлари тенг бўлмаса фазл рибоси топилади. Буғдой, арпа, хурмо ва туз урфда вазний бўлиб кетса ҳам кайлий ҳисобланади. Хусусан, ҳозирги замонда тўртталаси ҳам вазний бўлиб кетган. Лекин булар доимо кайлий саналганлиги учун буларни жинсига жинсини алмаштираётган вақтда кайл томондан тенг бўлишини эътиборга олиш керак. Вазннинг тенг ёки кам бўлишининг эътибори йўқ. Масалан, Алишер Улуғбек билан буғдойга буғдой алмаштирмоқчи бўлса ва ўлчовни вазн бўйича ҳисобласа, лекин Алишернинг буғдойи Улуғбекникига қараганда ниқ (зич, тўла) бўлганлиги туфайли ҳажми камроқ бўлса, (масалан, иккала буғдой ҳам бир тоннадан, аммо Алишерники уч юз со (сиғим ўлчов бирлиги) Улуғбекники уч юз йигирма со бўлса) бу ерда йигирма со буғдой ортиқча ҳисобланади. Бу савдода фазл рибоси топилади. Агар Улуғбекники тўққиз юз эллик кг бўлса-ю, бу уч юз сога тенг келса, бу савдода фазл рибоси топилмайди. Демак, тўрттала нарсада гарчи урф вазний бўлиб кетган бўлса-да, булар шаръан кайлийдир. Чунки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида тиллога тиллони, кумушга кумушни вазн жиҳатидан, буғдойга буғдойни, арпага арпани, хурмога хурмони, тузга тузни кайл жиҳатидан тенг қилиб сотишни буюрганлар. Шунинг учун тилло ва кумуш доимо вазний буғдой арпа хурмо ва туз доимо кайлий саналади. Қолган нарсалар ҳақида ҳадис келмаганлиги учун урфга қаралади. Уларнинг вазний ёки кайлилиги урф ўзгариши билан ўзгариб туради. Масалан, ҳозирги пайтда гуруч урфда вазний бўлганлиги учун фазл ёки насия рибоси топилишида вазн эътиборга олинади. Фаразан маълум вақтдан кейин гуруч урфда кайлий бўлиб қолса фазл ёки насия рибоси топилишида кайл эътиборга олинади.
Тилло ва кумуш доимо вазний, буғдой, арпа, хурмо ва туз доимо кайлий деб эътибор қилиш Ҳанафий мазҳабидаги асосий ривоятдир. Имом Абу Юсуфдан буларнинг вазний ёки кайлий эканлиги ҳам урфга биноан бўлади деган ривоят бор. Бу ривоятга кўра ҳозирги пайтда буғдой, арпа, хурмо ва туз вазний ҳисобланади. Буларни ўз жинсига айрибошлашда вазн жиҳатидан тенг бўлишини эътиборга олиш лозим бўлади. Масалан, Ҳанафий мазҳабидаги асосий ривоятга қараганда Алишер Улуғбек билан буғдойга буғдойни алмашмоқчи бўлса, тенгликни кайл бўйича эътиборга олишлари лозим, вазн жиҳатидан эмас. Имом Абу Юсуфдан бўлган ривоятга кўра эса, тенгликни вазн бўйича эътиборга олишлари керак, кайл жиҳатидан эмас. Бу ривоятга кўра, Имом Абу Юсуф пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида тиллони тиллога, кумушни кумушга вазн жиҳатидан тенг қилиб, буғдойни буғдойга, арпани арпага, хурмони хурмога, тузни тузга кайл жиҳатидан тенг қилиб сотинглар, дея ҳукм қилишлари бу нарсаларни доимо вазний ёки кайлий деб ҳукм қилиш эмас, балки ўша пайтдаги урфга биноан бўлган. Чунки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида тилло ва кумуш вазн бўйича буғдой, арпа, хурмо ва туз кайл бўйича ўлчанарди дейдилар.
Ҳайвон тирик ҳолатда ҳам, сўйилиб гўштга айлангандан сўнг ҳам бир жинс ҳисобланади. Лекин гўшт вазний тирик ҳайвон ададий бўлганлиги учун ҳайвоннинг гўштига алмаштиришда фазл рибоси топилмайди, бироқ насия рибоси топилади. Масалан, Алишер Улуғбекка бир қўй бериб эвазига қўй гўшти олса, ушбу ҳолатда Алишер берган қўйдан чиқадиган гўшт кўп чиқсин ё кам чиқсин фарқи йўқ, аммо насия дуруст эмас. Бир жинсдан бўлган ҳайвоннинг гўштларида фазл рибоси ҳам, насия рибоси ҳам топилади. Боиси, жинс ҳам бир хил, кадр ҳам бир хил.
Бир ҳайвон бошқа ҳайвонга нисбатан бошқа жинсда ҳисобланади. Масалан, қўй бир жинс, мол бошқа жинс. Лекин гўштларнинг ҳаммаси вазнийдир. Шунинг учун бир тирик ҳайвонни бошқа ҳайвоннинг гўштига алмаштирганда фазл рибоси ҳам насия рибоси ҳам топилмайди. Аммо бир ҳайвоннинг бошқа ҳайвоннинг гўштига алмаштирганда фазл рибоси топилмаса-да, насия рибоси топилади. Гўшт, думба ёғи ва чарвилар бошқа бошқа жинслардир. Шунинг учун буларда фазл рибоси топилмайди. Лекин булар вазний бўлганликлари туфайли насия рибоси топилади.
Ҳар хил ҳайвонларнинг сутлари ҳар хил жинс, бир хил ҳайвонларнинг сутлари бир хил жинс ҳисобланади. Масалан, мол сутини мол сутига алмаштиришда фазл рибоси ҳам насия рибоси ҳам топилади. Чунки жинс ҳам бир хил, қадр ҳам бир хилдир.
Бир жинс мевалар хўллигида ҳам, қуругандан сўнг ҳам бир жинс ҳисобланади. Шу боис хўл мевани хўл мевага, қуруқ мевани қуруқ мевага ёки хўл мевани қуруқ мевага алмаштиришда тенглик ва нақдлик бўлиши лозим. Хусусан, узумни майизга алмаштиришда тенглик ва нақдлик бўлиши шарт. Узум майизга айлангандан сўнг вазни камайиб кетишини эътибори йўқ.
Буғдойни буғдойдан бўлган, унга тенг қилиб ҳам ортиқча қилиб ҳам алмаштириб бўлмайди. Чунки буғдой кайлий бўлганлиги учун ун қилинганда кайлий кўпаяди. Шунинг учун буғдой ва унни кайл жиҳатидан тенглигини билиб бўлмайди.
Кунжит, зиғир, зайтун ва шуларга ўхшаб сиқиб ёғини олинадиган нарсаларни ўша нарсалардан олинган ёғга алмаштирганда ёғ булардан чиқадиган ёғдан кўп бўлиши лозим. Сабаби, булардан чиқадиган ёғ билан тайёр ёғ бир жинс ҳисобланади. Агар тайёр ёғ булардан чиқадиган ёғга баробар бўлса ёки камроқ бўлса буларнинг пўчоғи эвазсиз ортиқча бўлиб қолади ва бу ҳолат фазл рибоси ҳисобланади. Бу ерда жинс ҳам бир хил бўлганлиги учун насиядан ҳам сақланиш керак.
Бунга қуйидаги фиқҳий қоида ҳам жорий қилинади. “Қачонки икки жинс бир нарса бўлса, зиёда ҳам насия ҳам ҳаромдир. Қачонки жинс бошқа-бошқа бўлса, зиёдаси ҳалол насияси ҳаромдир”. Бу фиқҳий қоидани яна ҳам тушуниш учун мисол билан айтадиган бўлсак; қачонки биз ёғни-ёққа, буғдойни-буғдойга, узумни-узумга, хурмони-хурмога алмаштирмоқчи бўлсак, иккисидан бирининг ортиқча бўлиши мутлоқ ҳаромдир. Бунда икки нарсани сифатли ва сифатсиз бўлишининг фарқи йўқ. Қачонки жинс бошқа-бошқа бўлса, масалан, буғдойни-арпага ёки ёғни-хурмога алмаштирилганда икки томондан бирини қўлма-қўл бўлиш шарти билан ортиқча бўлиши жоиз ушбу ҳадиси шарифнинг далили билан.
الذهب بالذهب، والفضة بالفضة، والبر بالبر، والشعير بالشعير، والتمر بالتمر، والملح بالملح، مثلاً بمثل، يداً بيد، فمن زاد أو استزاد فقد أربى، الآخذ والمعطي فيه سواء
«Тиллога тилло, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз ўхшашига-ўхшаш, қўлма-қўл. Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир», дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Ортиқчалик рибосининг ҳаромлигига далиллар:
عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه أن رسول الله صلّى الله عليه وسلّم قال: ”لا تبيعوا الذهب بالذهب، إلا مثلاً بمثل، ولا تشفوا بعضها على بعض ولا تبيعوا الوَرِق بالورِق إلا مثلاً بمثل، ولا تشفوا بعضها على بعض، ولا تبيعوا منها غائباً بناجز“. والمراد بالناجز الحاضر، وبالغائب المؤجّل
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тиллони-тиллога фақат баробар қилиб сотинглар. Унинг бирини бошқасига зиёда қилманглар. Кумушни-кумушга баробар қилиб сотинглар. Унинг баъзисини баъзисига зиёда қилманглар ва улардан ғойибини нақдига сотманглар”.
وعن عثمان بن عفان رضي الله عنه أن رسول الله صلّى الله عليه وسلّم قال: ”لا تبيعوا الدينار بالدينارين، ولا الدّرهم بالدّرهمين
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бир динорни икки динорга ва бир дирҳамни икки дирҳамга сотманглар”.
وعن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلّى الله عليه وسلّم: ”الذهب بالذهب، والفضة بالفضة، والبر بالبر، والشعير بالشعير، والتمر بالتمر، والملح بالملح، مثلاً بمثل، يداً بيد، فمن زاد أو استزاد فقد أربى، الآخذ والمعطي فيه سواء“
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тиллони тиллога, кумушни кумушга, буғдойни буғдойга, арпани арпага, хурмони хурмога, тузни тузга баб-баробар, қўлма-қўл қилиб сотинглар. Ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса рибо еган бўлади. Олувчи ва берувчи бу ишда баробардир”.
وعن عبادة بن الصامت رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلّى الله عليه وسلّم: ”الذهب بالذهب، والفضة بالفضة، والبر بالبر، والشعير بالشعير، والتمر بالتمر، والملح بالملح، مثلاً بمثل، سواء بسواء، يداً بيد، فإذا اختلفت هذه الأصناف فبيعوا كيف شئتم، إذا كان يداً بيد“
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тиллони тиллога, кумушни кумушга, буғдойни буғдойга, арпани арпага, хурмони хурмога, тузни тузга ўхшашга ўхшашни, баб-баробар, қўлма-қўл қилиб сотинглар. Қачон ушбу аснофлар ихтилофли бўлса, агар қўлма-қўл бўлса, қандоқ хоҳласангиз сотаверинглар», дедилар».
Муслим ва Термизийлар ривояти.
وقوله صلّى الله عليه وسلّم: لا بأس ببيع البر بالشعير والشعير أكثر يداً بيد، وأما نسيئة فلا
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзлари:
Буғдойни арпага сотишда агар арпа кўпроқ бўлса ҳам ҳеч зарари йўқ қўлма-қўл бўлса, аммо насияси эса бўлмайди.
Мана шу ҳадисга кўра арпа мустақил бир жинс, буғдой бутунлай бошқа жинс, бирини ортиқча бўлиши жоиздир, қачонки қўлма-қўл бўлса ва олувчи ва сотувчи ажраб кетишларидан олдин нарсаларни қабз қилишлари шартдир.
Насия рибоси жоҳилиятда машҳур бўлган рибо бўлиб, унинг сурати бир киши бошқа кишига муайян миқдордаги пулни, муайян муддатгача (1ой ёки 2ой) ўша муддатнинг эвазига пулни кўпайтириб бериш шарти билан. Ибни Жарир ат-Тобарий айтадилар: Жоҳилиятда бир киши учун бошқа бир кишининг зиммасида маълум муддатга мол бўлар эди. Муддат келган вақтда уни қарздордан талаб қилса, қарздор унга “қарзингни бироз кечиктиргин, молингни зиёда қиламан”, деб айтарди. Иккиси ҳам бунга келишиб шу ишни қилар эдилар. Мана шу бир неча баробар бўлган рибо бўлиб, Ислом келганидан кейин Аллоҳ ундан қайтарди.
وعن سعيد بن المسيب أن أبا هريرة، وأبا سعيد حدثاه أن رسول الله صلّى الله عليه وسلّم بعث أخا بني عدي الأنصاري فاستعمله على خيبر، فقدم بتمر جنيب فقال رسول الله صلّى الله عليه وسلّم: ”أكلُّ تمر خيبر هكذا“؟ قال: لا والله يا رسول الله، إنا لنشتري الصاع بالصاعين من الجمع، فقال رسول الله صلّى الله عليه وسلّم: ”لا تفعلوا ولكن مثلاً بمثل أو بيعوا هذا واشتروا بثمنه من هذا، وكذلك الميزان
Саиъийд ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳудандан Албатта Абу Ҳурайра ва Абу Саъид розияллоҳу анҳулар айтадилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Баний Адий ал ансорийнининг акасини Хайбарга омил қилиб жўнатдилар. Бас у жаниб (хурмонинг яхши навларидан бири) хурмосини келтирди. Бас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Хайбарнинг ҳамма хурмоси шундайми?”, дедилар. У киши “йўқ Аллоҳга қасамки эй Расулуллоҳ, албатта биз бундан бир сони жам (хурмонинг унча яхши бўлмаган нави)дан бўлган икки сога сотиб оламиз”, деди. Бас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундай қилманглар лекин тенгма-тенг( қилинглар) ёки буни сотинглар ва пулига ундан сотиб олинглар, мезон (вазний нарсалар) ҳам шундайдир”- дедилар.
وعن أبي سعيد قال: جاء بلال بتمر برني فقال له رسول الله صلّى الله عليه وسلّم: ”من أين هذا“؟ فقال بلال: تمر كان عندنا رديء بِعْتُ منه صاعين بصاع لمطعم النبي صلّى الله عليه وسلّم، فقال رسول الله صلّى الله عليه وسلّم عند ذلك ”أوّه، عين الربا، لا تفعل ولكن إذا أردت أن تشتري فبِعْهُ ببيع آخر ثم اشترِ به“
Абу Саъид айтадилар:
Билол барний хурмо келтирди. Бас унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бу қаердан?”, дедилар. Бас Билол бизнинг сифатсиз хурмомиз бор эди. Ундан икки соъни бир соъга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таомланишлари учун сотдим деди. Бас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу пайтда ўҳҳ, рибонинг айни ўзи, (бундай) қилма, лекин сотиб олмоқчи бўлсанг бошқа савдо билан сотгин. Кейин у билан сотиб олгин, дедилар.
Бухорий ривояти.
Ийна савдоси
عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ «إِذَا تَبَايَعْتُمْ بِالْعِينَةِ وَأَخَذْتُمْ أَذْنَابَ الْبَقَرِ وَرَضِيتُمْ بِالزَّرْعِ وَتَرَكْتُمُ الْجِهَادَ سَلَّطَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ ذُلاًّ لاَ يَنْزِعُهُ حَتَّى تَرْجِعُوا إِلَى دِينِكُمْ». قَالَ أَبُو دَاوُدَ الإِخْبَارُ لِجَعْفَرٍ وَهَذَا لَفْظُهُ
Имоми Абу Довуд ўзларининг сунанларида Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қачонки ийна савдосини қилсаларингиз ва мол думини ушласангиз ва зироатга рози бўлсаларингиз ва жиҳодни тарк қилсангиз динингизга қайтмагунгизча уни сиздан суғуриб олмайдиган хорликни Аллоҳ сизларга ҳукмрон қилиб қўяди”, деганларини эшитдим.
Бу ҳадисга кўра ийна савдоси жоиз эмас балки макруҳи таҳримийдир.
Ийна савдосининг сурати: Ийна савдоси бир неча кўринишда бўлиши мумкин. Масалан, Алишер Улуғбекдан қарз сўрайди ва Улуғбек фойдасиз қарз беришни хоҳламайди. Фойдага қарз берай деса рибо бўлишидан қўрқади. Шунинг учун рибо бўлмасдан фойда олиш йўлини қидиради. Ва Алишерга нархи бир миллионлик бўлган молини олти ой муддатга бир миллион уч юзминга сотади. Кейин Шуҳратга ўша молни ўзинг учун бир миллион нақдга сотиб олгин дейди ва Шуҳрат Алишердан бир миллион нақдга у молни сотиб олади. Сўнг Улуғбек Шуҳратдан бир миллион нақдга сотиб олади.
Ушбу ҳолатда Алишернинг қўлига нақд бир миллион етади ва Улуғбекдан бир миллион уч юзминг қарздор бўлиб қолади.
Улуғбек эса Алишерга бир миллион бериб, эвазига бир миллион уч юзминг оладиган бўлади.
Яна бир мисол: Қарз олмоқчи бўлган Алишер Улуғбекка бир миллионлик молини нақд бир миллионга сотиб пулини олади. Сўнгра Улуғбекдан ўша молни олти ой муддатга бир миллион уч юзминга сотиб олади. Бу ҳолатда ҳам Улуғбек Алишерга бир миллион бериб эвазига бир миллион уч юз минг оладиган бўлади.
Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан Камол ибни Ҳумом роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Ҳидоя”га ҳошия қилиб ёзган Фатҳулқодир номли китобларида айтган сўзларига кўра, агар қарз туфайли фойдаланмоқчи бўлган кишининг сотган молининг ёки берган пулининг ҳаммаси ё баъзиси ўзига қайтиб келадиган ҳолатда ийна савдоси топилади. Аммо бир киши бошқа бир кишига масалан, бир миллионлик молини олти ой муддатга бир миллион уч юз мингга сотса ва сотиб олувчи бошқа бировга уни бир миллионга сотиб юборса, бу ҳолат ийна савдоси дейилмайди ҳамда кароҳиятсиз жоиз саналади.
Савдода иккала молнинг ҳам насия бўлиши
Юқорида жинси ҳам қадри ҳам бошқа бошқа бўлган молларнинг савдосида фазл ҳам, насия ҳам дуруст эканлиги айтиб ўтилди. Лекин шу нарсани билиш керакки, савдодаги ҳар қандай молларда хоҳ қадр ва жинси бир хил бўлсин, хоҳ бошқа бошқа бўлсин иккала тарафнинг ҳам насия бўлиши дуруст эмас. Чунки бу савдо насияни насияга сотиш бўлади. Зеро пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам насияни насияга сотишдан қайтарганлар.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم أَنَّهُ نَهَى عَنْ بَيْعِ الْكَالِئِ بِالْكَالِئِ قَالَ اللُّغَوِيُّونَ هُوَ النَّسِيئَةُ بِالنَّسِيئَةِ، رواه الدار قطنى
Масалан, Алишер юз кг муайян бўлмаган гуручни муайян бўлмаган юз метр атлас эвазига Улуғбекка сотса, ушбу ҳолатда гуруч ҳам насия, атлас ҳам насия бўлгани учун бу савдо дуруст эмасдир. Ушбу қоидага кўра, ҳозирги пайтда одамлар орасида кўп учрайдиган муомалалардан бири: бир киши бир кишидан бирор нарса қарздор бўлса, ўша нарсани қанчадир суммага белгилаб қўйишлари дуруст эмас. Масалан, Алишер Улуғбекдан юз кг гуруч қарздор бўлса ва улар ўзаро бу гуручни икки юз минг сўмга баҳолаб, келишсалар лекин Алишер мазкур миқдордаги пулни Улуғбекка келишув мажлисида бермаса, ушбу ҳолатда иккала мол ҳам насия бўлади. Чунки юз кг гуруч муайян бўлмаганлиги сабабли насия икки юз минг сўм ҳам келишув мажлисида берилмаганлиги учун насия бўлди ва бу дуруст эмас.
Яна бир ҳолат: бир киши бир кишидан қарз олиш орқали ёки бирор нарсасини насияга сотиб олиш орқали сўм қарздор бўлиб қолади ва вақт ўтиши билан инфляция туфайли сўмнинг қадрсизланишидан сақланиш учун сўмни долларга ёки бирор нарсага (гўшт, тилло, цемент) пичиб қўйишади. Бу ҳолатда ҳам икки тарафлама насия савдоси топилади ва бу дуруст эмас.
Сарф
Сарф шариат истилоҳида “саманни саманга сотишдир”. Таърифдаги самандан мурод тилло ва кумуш бўлиб, таърифнинг остига тиллони тиллога, кумушни кумушга ёки бирини бошқасига сотиш киради. Тилло ёки кумуш қуйилма ҳолатида бўлсин, пул қилиб чиқарилган бўлсин ёки бирор буюм шаклида бўлсин баробардир. Сарф савдосида олувчи ва сотувчи баданлари билан ажрамасларидан туриб нарсаларни қабз қилишлари шарт. Қабздан мурод қўл билан олиш ёки чўнтагига солиб қўйиш ва шуларга ўхшаш ишлар билан бўлади. Олдига ташлаб қўйиш қабз ҳисобланмайди. Савдо мажлисидан мурод иккала савдолашувчининг бир-бирларидан баданлари билан ажрамасликлари, яъни, бирга бўлишлари хоҳ бир жойда туришсин, хоҳ бирга юришсин, ҳатто бирга ухлашса ёки иккаласи бир жойда хушларидан кетиб қолишса ё бошқа-бошқа гапга киришишса ҳам мажлис битта ҳисобланаверади. Мажлис ўзгариши учун иккала савдолашувчи бошқа-бошқа томонга юришлари ёки биттаси жойида туриб иккинчиси унинг ёнидан кетиши керак. Тиллога тилло, кумушга кумуш алмашилганда вазн жиҳатидан тенг бўлиши шарт қилинади. Ҳунар туфайли бўлган зиёдалик эътиборга олинмайди. Масалан, беш грамм тилло қуйилмаси беш юз минг сўм бўлса, тўрт грамм тилло узуги ҳам беш юз минг сўм бўлса, буларни бир бирига алмаштиришда нархи тенглигини эътиборга олиб алмаштириб бўлмайди. Балки тўрт грамм тилло узугини тўрт грамм тилло қуйилмасига алмаштириш керак. Тиллони кумушга алмаштиришда тенг бўлишлари шарт эмас.
Тилло ёки кумуш бошқа маданлар билан аралашган бўлса, аралашма уч хил ҳолатда бўлади.
1. Тилло ёки кумуш бошқа мадандан кўпроқ.
2. Тилло ёки кумуш бошқа мадан билан тенг.
3. Бошқа мадан тилло ёки кумушдан кўпроқ .
Биринчи ҳолатда бутун аралашма тилло ёки кумушнинг ҳукмида бўлади. Шунинг учун уни соф тилло ёки кумушга алмаштиришда вазн жиҳатидан тенглик эътиборга олиниши лозим. Масалан, тилло ва мис аралашмасининг умумий вазни ўн грам бўлиб, унинг олти грами тилло тўрт грами мис бўлса, ушбу аралашмани соф тиллога алмаштиришда тенглик шартдир. Яъни, соф тилло ҳам ўн грам бўлиши лозим. Бу ерда аралашманинг нархи соф тиллодан арзон эканлигининг эътибори йўқ.
Учинчи ҳолатда бутун аралашма тилло ёки кумушнинг ҳукмида бўлмайди. Шунинг учун уни соф тилло ёки кумушга алмаштиришда вазн жиҳатидан тенглик эътиборга олиниши лозим эмас. Масалан, тилло ва мис аралашмасининг умумий вазни ўн грамм бўлиб, унинг олти грами мис, тўрт грами тилло бўлса, ушбу аралашмани соф тиллога алмаштиришда тенглик шарт эмас. Яъни соф тилло ўн граммдан камроқ ёки кўпроқ бўлса ҳам жоиздир. Соф тилло аралашмадаги тиллодан кўпроқ бўлиши шарти билан. Чунки соф тилло аралашмадаги тиллога тенг бўлса, мис эвазсиз қолади, агар камроқ бўлса, миснинг ҳаммаси ва аралашмадаги тиллонинг баъзиси эвазсиз қолади ва бу айни рибодир. Соф тилло аралашмадаги тиллодан камроқ, тенг ёки кўпроқ эканлиги билинмаса рибо эҳтимоли бўлади. Лекин аралашмада тилло бўлганлиги туфайли иккала бадал ҳам мажлисда қабз қилиниши шарт.
Иккинчи холатда бутун аралашма савдо ва қарз беришликда тилло ва кумуш ҳукмида бўлади. Яъни вазн эътибори билан қарзга берилади ёки бирор нарса сотиб олинади. Аммо сарфда учунчи ҳолатнинг ҳукмида бўлади. Яъни соф тилло ёки кумуш билан тенг бўлиши шарт эмас.
Нақд қоғоз пулларни фиқхий тушунчаси
Ҳозирги вақтда барча давлатлар одамлар орасида ўзаро муомала қилишлари учун қоғоз пуллар чиқарган. Бу қоғоз пулларнинг шариат нуқтаи назаридан аҳкомларини ўрганишга киришишимиздан олдин мана шу қоғоз пулларнинг ҳақиқатини билмоғимиз лозим бўлади.
Мазкур қоғоз пуллар бугунги кунда ўз-ўзидан урфдаги қимматбахо нарсаларга айланиб бўлди. Қоғоз пулни бировга бериш молни бериш билан баробардир. Демак, бу пулларни бериш билан закот адо бўлади. Бу пулларнинг эвазига тилло ё кумушни сотиб олиш мумкин бўлади
Лекин қоғоз пуллар кўп тарқалиб кетгандан кейин ҳукумат уни қонуний пулга айлантириб қўйган шахсий банкларни қоғоз пуллар чиқаришдан ман қилган. Уни молиявий васиқаси сифатида ҳақиқати энди бошқа тарафга ўзгариб қолган. Улар қуйидаги жиҳатлардан иборат.
1). Қоғоз пуллар қонуний валютага айланди, одамлар уни қабул қилишга мажбур қилиндилар. Урфий қимматбахо нарсаларни қабул қилишга мажбур бўлганидек.
2). Қоғоз пулларга нақд дейилади.