Бир киши дўконга кирди ва сотувчидан бир нарса сотиб олмоқчи бўлди. Сотувчининг ҳузурида эса у нарса йўқ эди. Сотувчи шу пайт бошқа бировнинг дўконида борлигини билиб туриб, ўша нарсани харидорга лафзан сотиб, харидорни ўша ерда қолдириб, ўша нарсани олиб келиб бериши жоизми? Бу жоиз эмасдир.
عَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ ، قَالَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ يَأْتِينِي الرَّجُلُ ، فَيُرِيدُ مِنِّي الْبَيْعَ ، وَلَيْسَ عِنْدِي ، فَأَبْتَاعُهُ لَهُ مِنَ السُّوقِ ؟ قَالَ : لا تَبِعْ مَا لَيْسَ عِنْدَكَ "
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қиладинади:
“Эй, Аллоҳнинг расули бир киши олдимга келиб, бирор нарсани сотишимни сўрайди. Сотадиган нарсам ҳузуримда бўлмайди. Сўнг уни бозордан сотиб оламан” деди. Шунда у зот: “Ҳузурингда бўлмаган нарсани сотма” дедилар”(Бешовлари ривоят қилган).
Яна бир киши чет мамлакатдан нарса сотиб олади. У мол қўлига етиб келгунча уни сотиш жоизми?
Бу ҳам жоиз эмас. Чунки, у молни тўлиқ қўлига киритгани йўқ. Агар етиб келишидан олдин савдо қилиб қўйган бўлса, савдони бузиб, молни қўлга киритганидан кейин қайта савдо қилади. Агар аввалги келишувни бузмаса гуноҳкор бўлади. Чунки, савдо вақтида, харидор ўзи олган молни тўла қўлига киритадиган даражада бўлиши керак.
أَنْ يَكُونَ مَقْدُورَ التَّسْلِيمِ فَلَمْ يَنْعَقِدْ بَيْعِ الْمَعْدُومِ وَمَا لَهُ خَطَرُ الْعَدَمِ كَنِتَاجِ النِّتَاجِ وَالْحَمْلِ
“Савдо дуруст бўлиши учун молни топшира олиш мумкин бўлсин. Ҳузурида бўлмаган нарсага қилинган савдо ва йўқ бўлиб кетиш хатари бўлган ҳомилани ҳомиласини ёки ҳомилага қилинган савдолар ҳам боғланмайди” (Баҳрур роиқ).
Бир киши бошқа бировнинг олдига келиб, “Менга бир нексия сотиб олиб берсангиз” деса, пули бор киши бир нексияга етарли маблағни унинг қўлига бериб, “Бозорга ўзинг чиқиб 10.000га машина олиб, менга ўша машинанинг пулини бир йилда бўлиб-бўлиб 15.000 қилиб берасан” деса жоизми?
Бу суврат жоиз эмас. Жоиз бўлиши учун, аввал машина олмоқчи бўлган киши пул бергувчи тарафидан вакил бўлиб машинани сотиб олиши керак. Сўнг сотиб олган билан пул берганни орасида қайта иккинчи бор савдо қилиши керак. Аввалги суврат билан бу иккинчи сувратни фарқи шуки, пулни эгаси машинани ўзига олиб қолиши ёки бозордан сотиб олган вакилдан бошқасига сотиб юбориши ҳам мумкин.
Молни қабз(мутлоқ қўлга олиш) қилишлик сувратлари. Сотувчи мол билан олувчининг ўртасини ҳоли қилиб, “Бемалол олиб кетаверасиз” дейишлиги қабз ҳисобланади. Масалан : Бир киши бозордан бир молни сотиб олди. Сотувчи олувчига молни бемалол олиб кетиш имкониятини қилиб берди. Олувчи молни ўз мулкига ўтказган ҳисобланади. Уни жойидан олиб кетган бўлиши шарт эмас. Ўша ўринда уни сотиб юборса ҳам бўлади ёки ҳалокатга учраса олувчининг зиёнига бўлади.
انما تعتبر التخلية في الجواز البيع وتقام مقام النقل فيما يتأتى فيه القبض الحقيقي
“Байъни жоиз бўлиши учун харидор билан мабийъ (товар)ни ўртасини холиқ қилиш қабз деб эътиборга олинади. Ҳақиқий қабз ҳосил бўладиган нарсалардаги таварни олиб кетганлик ўрнига қоим бўалди” (Шарҳи мухтасари таҳовий).
Бир одам дўкон очди ва қайсидир бир цехни жиҳозларини кўргазмага қўйди. Харидор келиб ўша молдан бирини олмоқчи бўлганда сотувчи “Сизга фалон вақтдан кейин етказиб олиб келамиз” деди. Шунда харидор пулни бериб келишди. Шу савдо жоизми?
Бу ерда бир неча масала бўлиб, дўкон эгаси ўзининг мулки бўлмаган нарсани сотиш жоиз бўлмаганлиги учун, тўғридан-тўри харидор билан келишиши мумкин эмас. Буни жоиз бўлиши учун дўкон эгаси ишлаб чиқарувчи тарафидан вакил бўлиши керак. Яъни, дўкондор ишлаб чиқарувчига “Мен сизларни молингизни фалон нархдан сотиб бераман, эвазига ҳар бир донасидан фалончадан хизмат ҳаққи берасизлар” деб келишиб битим тузади. Шунда дўкондор ишлаб чиқарувчи тарафидан ишчи сотувчи бўлади. Агар дўкон эгаси 110 сўмга сотиб, 10 сўми хизмат ҳаққим деб келиса ҳам жоиз. Яна бундан ташқари ишлаб чиқарувчи унга “110сўмдан ортиғи ҳам сенга” деса жоиз. Лекин “Менга 100 сўмга сотиб берасан қолгани сеники” дейишлиги жоиз эмас. Чунки, бу ерда сотувчининг хизмат ҳаққи тайин қилинмаганлигидир. Шу вакил сувратида сотилган нарса бирор айб билан қайтиб келса, дўкондор ишлаб чиқарувчига қайтариб беришга ҳақли.