Савол: Шариатда сотаётган нарсасидан қанча фойда кўриш тайин қилинган?
Жавоб: Шариатда сотувчи сотиладиган молни шунчага сотсин ёки сотмасин деб тайин қилмаган. Лекин, одамларга зулм етадиган даражада ҳаддан зиёд қиммат қилиб сотиш ҳам жоиз эмас. Шунинг учун урфдаги қийматдан ортиқ баҳога сотиш жоиз эмас.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ، قَالَ: غَلَا السِّعْرُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللَّهِ سَعِّرْ لَنَا، فَقَالَ: "إنَّ اللَّهَ هُوَ الْمُسَعِّرُ، إنِّي لَأَرْجُو اللَّهَ أَنْ أَلْقَاهُ، وَلَيْسَ أَحَدٌ مِنْكُمْ يُطَالِبُنِي بِمَظْلِمَةٍ فِي دِينٍ، وَلَا دُنْيَا".
Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида нарх қимматлаб кетиб, одамлар: “Эй, Аллоҳнинг расули нархни бизга белгилаб беринг” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нархни белгиловчи Аллоҳдир. Мен дин ва дунёйим борасида бирор киши мендан ҳаққини талаб қилмаган ҳолатда Аллоҳга йўлиқишни хоҳлайман” дедилар” (Табароний ривояти).
إنْ غَرَّهُ أَيْ غَرَّ الْمُشْتَرِي الْبَائِعَ أَوْ بِالْعَكْسِ أَوْ غَرَّهُ الدَّلَّالُ فَلَهُ الرَّدُّ وَإِلَّا لَا وَبِهِ أَفْتَى صَدْرُ الْإِسْلَامِ وَغَيْرُهُ.
“Харидор сотувчини ёки сотувчи харидорни ёки даллол алдаса, алданган кишига нарсасини қайтариш ҳаққи бор. Агар алданмаса, қайтаришга ҳаққи йўқ. Содрул ислом ва бошқалар шунга фатво берганлар” (Раддул муҳтор).
Савол: Ҳадисда баъзи бир нарсаларни баъзи нарсалар эвазига айри бошлаётган вақтда тенг ва қўлма-қўл бўлиши шарт дейилган. Бошқа нарсалар ҳам шу ҳадис остига кирадими?
Жавоб:
عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ وَالْمِلْحُ بِالْمِلْحِ مِثْلاً بِمِثْلٍ سَوَاءً بِسَوَاءٍ يَدًا بِيَدٍ فَإِذَا اخْتَلَفَتْ هَذِهِ اْلأَصْنَافُ فَبِيعُوا كَيْفَ شِئْتُمْ إِذَا كَانَ يَدًا بِيَدٍ. وَزَادَ فيِ رِوَايَةٍ: فَمَنْ زَادَ أَوِ اسْتَزَادَ فَقَدْ أَرْبَى اْلآخِذُ وَالْمُعْطِي فِيهِ سَوَاءٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Тиллога тилло, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз ўхшашига-ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Қачон ушбу аснофлар ихтилофли бўлса, агар қўлма-қўл бўлса, қандоқ хоҳласангиз сотаверинглар”, дедилар”.
Бошқа бир ривоятда:
“Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир», дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Тиллога тилло; ёмбиси ҳам, чекилгани ҳам. Кумушга кумуш; ёмбиси ҳам, чекилгани ҳам», дейилган.
Килограм ва литр билан ўлчанадиган барча нарсалар ўз жинсидаги нарсалар эвазига айрибошланаётганда қўлма-қўл ва вазнда, литрда тенг бўлиши шартдир. Мабодо, тенгма-тенг ёки қўлма-қўл бўлмаса, рибо бўлади.
وَعِلَّتُهُ أَيْ عِلَّةُ تَحْرِيمِ الزِّيَادَةِ الْقَدْرُ الْمَعْهُودُ بِكَيْلٍ أَوْ وَزْنٍ ( مَعَ الْجِنْسِ فَإِنْ وُجِدَا حَرُمَ الْفَضْلُ ) أَيْ الزِّيَادَةُ ( وَالنَّسَاءُ ) بِالْمَدِّ التَّأْخِيرُ فَلَمْ يَجُزْ بَيْعُ قَفِيزِ بُرٍّ بِقَفِيزٍ مِنْهُ مُتَسَاوِيًا وَأَحَدُهُمَا نَسَاءٌ وَإِنْ عَدِمَا بِكَسْرِ الدَّالِ مِنْ بَابِ عَلِمَ ابْنُ مَالِكٍ ( حَلَّا ) كَهَرَوِيٍّ بِمَرْوِيَّيْنِ لِعَدَمِ الْعِلَّةِ فَبَقِيَ عَلَى أَصْلِ الْإِبَاحَةِ وَإِنْ وُجِدَ أَحَدُهُمَا أَيْ الْقَدْرُ وَحْدَهُ أَوْ الْجِنْسُ حَلَّ الْفَضْلُ وَحَرُمَ النِّسَاء
“Иллати, яъни килолаб ёки литрлаб сотиладиган нарсаларни килолаб ёки литрлаб сотиладиган нарсанинг эвазига айри бошланаётган пайтда бири бошқасидан ортиқ бўлишининг ҳаромлигини иллати, килоланадиган ва литрланадиган нарса бўлиши ҳамда иккисининг ҳам жинси бир бўлишидир. Айрибошланаётган вақтда иккаласи ҳам килоланадиган ёки литрланадиган нарсалардан бўлса, бири бошқасидан кўп бўлиши ва иккисидан бирининг насияга бўлиши ҳаромдир. Агар шу икки шартдан бири топилса, бири бошқасидан кўп бўлиши ҳалол, лекин улардан бирининг насия бўлиши ҳаромдир” (Раддул муҳтор).
Масалан, арматурани темирга айрибошланаётган вақтда икки шарт ҳам топилади. Улар, вазн (килолаб тортиладиган нарса) ва жинс (иккиси ҳам темир). Шу ўринда арматурани темирдан кўп ёки кам ва иккисидан бирининг насияга бўлиши ҳалол бўлмайди. Қўлма-қўлдан мурод айрибошланаётган нарса, қаердадир нақд, аниқ бор бўлса бўлди. Икки шартдан бири топилса, масалан, бири арматура бошқаси буғдой бир-бирига айри бошланаётган вақтда бири бошқасидан кўп бўлса жоиз. Лекин, насияси жоиз эмас. Масалан, ҳозир бир тонна арматура берсанг баҳорда бир ярим тонна буғдой бераман дейиши жоиз эмас. Агар икки шарт топилмаса, насия ҳам, кам-кўп ҳам жоиз бўлади.
Савол: Харидорларнинг баъзисига арзон, баъзисига қиммат сотса бўладими?
Жавоб: Сотувчи хоҳлаган кишисига арзон ва хоҳлаган кишисига қиммат сотиши мумкин.
وَأَمَّا إذَا بَاعَ بِكَذَا مِنْ الثَّمَنِ وَقَبِلَ الْمُشْتَرِي ثُمَّ أَبْرَأَهُ مِنْ الثَّمَنِ أَوْ وَهَبَهُ أَوْ تَصَدَّقَ عَلَيْهِ صَحَّ
“Фалон нархга сотса ва харидор қабул қилса, сўнг сотувчи нархдан қанчасинидир кечса ёки ҳиба қилса ёки садақа қилса дуруст бўлади” (Фатвои ҳиндия).
Савол: Молни айбини айтмай сотса нима бўлади?
Жавоб: Молдаги айбни олди-сотдида беркитишлик ҳаром амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун мусулмон молини айбини айтишлиги ёки ҳеч бўлмаганда молни қараб олинг кейинчалик айби чиқса, мен унга кафил бўлмайман дейиши зарурдир.
لَا يَحِلُّ كِتْمَانُ الْعَيْبِ فِي مَبِيعٍ أَوْ ثَمَنٍ ؛ لِأَنَّ الْغِشَّ حَرَامٌ
“Мол ёки пулдаги айбни яшириш ҳалол эмас. Чунки, алдов ҳаромдир” (Раддул муҳтор).
إذَا بَاعَ سِلْعَةً مَعِيبَةً ، عَلَيْهِ الْبَيَانُ وَإِنْ لَمْ يُبَيِّنْ قَالَ بَعْضُ مَشَايِخِنَا يَفْسُقُ وَتُرَدُّ شَهَادَتُهُ
“Айбли молни сотаётганда айбини айтиб сотиш вожиб бўлади. Агар баён қилмаса, баъзи машойихларимиз (ўша сотувчи) фосиқ бўлади ва шаҳодати рад этилади деганлар” (Раддул муҳтор).
وَصَحَّ الْبَيْعُ بِشَرْطِ الْبَرَاءَةِ مِنْ كُلِّ عَيْبٍ وَإِنْ لَمْ يُسَمِّ بِأَنْ قَالَ بِعْتُك هَذَا الْعَبْدَ عَلَى أَنِّي بَرِيءٌ مِنْ كُلِّ عَيْبٍ
“Номларини айтмай ҳар бир айбдан бароатни шарт қилиб олди-сотди қилиш дуруст бўлади. Масалан, бу қулни барча айбидан бариъман (яхшилаб кўриб олинг кейин айби чиқса, тан олмайман) деб сотиш каби” (Раддул муҳтор).
Савол: Бир киши молни қўлига неча пулга келиб тушганини аниқ билмай туриб, “Шунчага тушган” деб қасам ичса нима бўлади?
Жавоб: Фирибгарлик бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кишилар азобга дучор бўлишларини таъкидлаганлар.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« ثَلاَثَةٌ لاَ يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلاَ يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ ... وَرَجُلٌ سَاوَمَ رَجُلاً عَلَى سِلْعَةٍ بَعْدَ الْعَصْرِ فَحَلَفَ بِاللَّهِ لَقَدْ أُعْطِىَ بِهَا كَذَا وَكَذَا فَصَدَّقَهُ »
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Уч тоифа кишига қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди, покламайди ва улар учун аламли азоб бордир... бир киши аср намозидан кейин бир киши билан мол устида битм тузаётиб: “Менга бу шунчага тушган” деб қасам ичса, (харидор тасдиқ) қилса” дедилар” (Насоий ривояти).
Савол: Савдода ёлғон гапирса, топган моли ҳаром бўладими?
Жавоб: Савдода ёлғон сўзлаш ҳаром амаллардандир.
عَنْ أَبِي ذَرٍّ رضي الله عنه أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يقول : "مَنْ ادَّعَى مَا لَيْسَ لَهُ فَلَيْسَ مِنَّا وَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنْ النَّارِ". رواه مسلم
Абу Зарр розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим:
“Ўзида йўқ нарсани даъво қилган киши, биздан эмас ва жойини дўзахдан тайёрлаб олаверсин” (Муслим ривояти).
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلاَثٌ إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ وَإِذَا وَعْدَ أَخْلَفَ ». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мунофиқликнинг белгиси учтадир, гапирса ёлғон гапиради, ишонч билдирилса хиёнат қилади, ваъда берса вафо қилмайди” (Бухорий ривояти).
Савол: Бир киши бозорда унинг молига ўхшаш мол қолмаганлиги сабабли нархни қимматлаштириши мумкинми?
Жавоб: Шаръан қанчага сотса жоиз. Лекин, бировни уни олишга мажбурлигини билиб, унга қиммат нархда сотиш ёки харидор тўпори(содда) бўлгани боис сотувчи нархни ошириб олиши диёнатсизлик ҳисобланади.
عَنْ شَيْخٍ مِنْ بَنِي تَمِيمٍ ، قَالَ : خَطَبَنَا عَلِيٌّ: نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ بَيْعِ الْمُضْطَرِّ ، وَعَنْ بَيْعِ الْغَرَرِ ، وَبَيْعِ الثَّمَرَةِ قَبْلَ أَنْ تُدْرِكَ." رَوَاهُ الْإِمَامُ أَحْمَدُ
Шайх Баний Тамимдан ривоят қилинади:
“Али розияллоҳу анҳу бизга: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мажбур бўлган киши билан савдо қилиш, алдаб сотиш, пишмасдан олдин мевани сотишдан қайтарганлар” деб, хутба қилдилар” (Имом Аҳмад ривояти).
بَيْعُ الْمُضْطَرِّ وَشِرَاؤُهُ فَاسِدٌ هُوَ أَنْ يُضْطَرّ الرَّجُلُ إلَى طَعَامٍ أَوْ شَرَابٍ أَوْ لِبَاسٍ أَوْ غَيْرِهَا وَلَا يَبِيعُهَا الْبَائِعُ إلَّا بِأَكْثَرَ مِنْ ثَمَنِهَا بِكَثِيرٍ، وَكَذَلِكَ فِي الشِّرَاءِ مِنْهُ كَذَا فِي الْمِنَحِ.
“Зориққан кишининг сотиши, сотиб олиши фосиддир, яъни бир киши таом ёки ичимлик ёки кийим ёки ундан бошқаларга муҳтож бўлиб турганда, сотувчи ўз нархидан бир неча бор қимматига уларни сотишга рози бўлиши(га зориққанга савдо қилиш дейилади). Шунингдек, сотиб олишда ҳам. “Минаҳ”да шундай дейилган” (Раддул муҳтор).
Масалан, Бир одам бир дорига ёки бирор мевага жуда ҳам мухтож бўлиб қолди ёки ўша ўзига керакли бўлган нарсани асл урфдаги нархини билмайди. Бориб ўша нарсани сотувчисига ўша нарсага жуда ҳам мухтожлигини изҳор қилса ва сотувчи уни соддалиги ёки мухтожлигини билиб ўн минга сотаётган нарсасини ўн икки минг деб нарх айтса бу диёнатсизликдир.
Савол: Қуруқ чойга турли баргларни, сутга сувни аралаштириб сотган сотувчининг орттирган маблағининг ҳукми қандай?
Жавоб: Чойга, сутга фирб ишлатиб турли нарсаларни қўшган миқдори ҳаром ҳисобланади. Агар бундай кишининг даромадининг аксарияти фирб йўли билан топилган бўлса, ҳадиясини олиш, таомини ейиш жоиз эмас.
أَهْدَى إلَى رَجُلٍ شَيْئًا أَوْ أَضَافَهُ إنْ كَانَ غَالِبُ مَالِهِ مِنْ الْحَلَالِ فَلَا بَأْسَ إلَّا أَنْ يَعْلَمَ بِأَنَّهُ حَرَامٌ ، فَإِنْ كَانَ الْغَالِبُ هُوَ الْحَرَامَ يَنْبَغِي أَنْ لَا يَقْبَلَ الْهَدِيَّةَ ، وَلَا يَأْكُلَ الطَّعَامَ إلَّا أَنْ يُخْبِرَهُ بِأَنَّهُ حَلَالٌ
“Аксарият моли ҳалолдан бўлган киши бир кишига ҳадия берса ёки уни меҳмон қилса, зарари йўқ. Лекин, берган ҳадияси ҳаромдан эканлиги аниқ бўлса, уни олиш ҳаром бўлади. Молининг кўп қисми ҳаромдан бўлган кишининг ҳадиясини олиш, таомини ейиш жоиз бўлмайди. Лекин, бераётган, едираётган нарсасини ҳалолдан эканлигини хабарини берса майли” (Фатвои ҳиндия).
Савол: Нақд ўн миллионга машина сотиб олиб, ҳали расмий номига ўтказмай, бир йилга ўн беш миллионга сотиб юборса бўладими?
Жавоб: Биринчи қилинган савдо нақд, иккинчиси насия савдо ҳисобланади ва бундай савдо жоиздир.
وَإِذَا عَقَدَ الْعَقْدَ عَلَى أَنَّهُ إلَى أَجَلِ كَذَا بِكَذَا وَبِالنَّقْدِ بِكَذَا أَوْ قَالَ إلَى شَهْرٍ بِكَذَا أَوْ إلَى شَهْرَيْنِ بِكَذَا فَهُوَ فَاسِدٌ ؛ لِأَنَّهُ لَمْ يُعَاطِهِ عَلَى ثَمَنٍ مَعْلُومٍ وَلِنَهْيِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ شَرْطَيْنِ فِي بِيَعٍ ... وَهَذَا إذَا افْتَرَقَا عَلَى هَذَا فَإِنْ كَانَ يَتَرَاضَيَانِ بَيْنَهُمَا وَلَمْ يَتَفَرَّقَا حَتَّى قَاطَعَهُ عَلَى ثَمَنٍ مَعْلُومٍ ، وَأَتَمَّا الْعَقْدَ عَلَيْهِ فَهُوَ جَائِزٌ
“Битмни насияга шунча, нақдга шунча ёки бир ойга шунча, икки ойга шунча деса, фосид савдо бўлади. Чунки, улар маълум нархга келишмадилар. Чунончи, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир савдода икки шартни бўлишидан қайтарганлар... Шу ҳолатда тарқалсалар савдо фосид бўлади. Агар иккалалари маълум бир нархга келишиб, битмни тамом қилсалар, савдо жоиз бўлади” (Мабсут).
Савол: Бир киши буюртма қабул қилиб, нархни тайин қилиб, намуна тариқасида молдан намуна кўрса-ю, лекин буюртма миқдорича мол ҳузурида бўлмаса, балки, ундан-бундан тўплаб буюртмачиларга жўнатса, қилган савдоси дуруст бўладими?
Жавоб: Буни савдо дейилмайди. Балки, мол беришга ваъда қилишдир. Агар бир томон молни жўнатса, бошқа томон қабул қилиб олиб, нархини тўласа, байъ бит таъотий (томонлар бир-бирларига гапирмай бир томон пул, иккинчи томон молни бериб савдо-сотиқ қилишларига айтилади) йўли билан дуруст бўлади. Агар бир томон молни қабул қилмаса, савдо қилган ҳам ва савдони бузган ҳам бўлмайди (Опке масаил унка ҳал).
Савол: Бир киши заводдан машина чиқишига пул тўлаб қўйган бўлса ёки фабрикага бирор нарса учун буюртма берган бўлса, машина ёки буюртма қўлига тегишидан илгари, бирортаси ўша чиқадиган нарсага қанчадир нарх таклиф қилса, уни сотиб юборса бўладими?
Жавоб: Кўчмас мулкдан бошқа нарсаларни ҳали қўлига олмай туриб сотиш жоиз эмас.
إذَا اشْتَرَى مَنْقُولًا لَا يَجُوزُ بَيْعُهُ قَبْلَ الْقَبْضِ لَا مِنْ بَائِعِهِ وَلَا مِنْ غَيْرِه
“Кўчмас мулкдан ташқари бирор нарса сотиб олса, уни қабз қилишдан олдин сотувчига ҳам, сотувчидан бошқага ҳам уни сотиш жоиз бўлмайди” (Жавҳаратун наййира).
Cавол: Бир киши маълум бир молнинг нархини келишиб, ундан намуна олиб, ҳали ўзи сотиб олмай устига нарх қўйиб харидорларга кўрсатса ва улар уни олишга рози бўлсалар, кейин бориб, сотиб олиб, уни уларга сотиши жоизми?
Жавоб: Унинг аввалги киши билан қилган муомаласи ҳам, кейинги киши билан қилган муомаласи ҳам савдо эмас. Шунинг учун аввалги киши сотмасликка, кейинги киши олмасликка қарор қилсалар ҳақлари бордир. Чунки, ҳали қўлига олмаган нарсасини сотиши жоиз эмас. Шариатимизда, ҳали қўлига киритмаган нарсани сотиш дуруст эмас деган қоида бор.
وَمِنْهَا فِي الْمَبِيعِ وَهُوَ أَنْ يَكُونَ مَوْجُودًا فَلَا يَنْعَقِدُ بَيْعُ الْمَعْدُومِ وَمَا لَهُ خَطَرُ الْعَدَمِ كَبَيْعِ نِتَاجِ النِّتَاجِ وَالْحَمْلِ كَذَا فِي الْبَدَائِعِ وَأَنْ يَكُونَ مَمْلُوكًا فِي نَفْسِه
“Молдаги шартлардан бири уни мавжуд бўлиши. Молимнинг туққан боласининг боласини ёки ҳомиласини сотдим дегани каби йўқ нарсани ёки йўқ бўлиш эҳтимоли бўлган нарсани сотиш билан байъ боғланмайди. “Бадоиъ”да шундай дейилган. Мавжуд бўлиши билан бир қаторда молни сотувчининг мулкида бўлиши зарур” (Фатвои ҳиндия).
Савол: Бир киши ҳайвонларни емининг савдоси билан шуғилланади. У чангиб кетмаслик учун уларнинг устига сув сепиб туради. Тортиб бераётганда сувни вазнини чиқариб ташламайди. Шу тарзда савдо қилиш жоизми?
Жавоб: Сув сепганлигини одамларга билдириб, унинг вазнини емнинг килосидан чиқариб ташлаб савдо қилиши лозим бўлади.
عَنْ أَبِيهِ عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ : أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- مَرَّ عَلَى صُبْرَةٍ مِنْ طَعَامٍ فَأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلاً فَقَالَ :« مَا هَذَا يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ ». قَالَ : أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ :« أَفَلاَ جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ حَتَّى يَرَاهُ النَّاسُ مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّى ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таомнинг уйими олдидан ўтаётиб унга қўлини киргаздилар ва қўллари нам бўлиб:
“Эй, таом эгаси бу нимаси?” дедилар.
“Эй, Аллоҳнинг расули ёмғир ёққан эди” деди таом эгаси.
У зот:
“Одамлар кўриши учун у(нам)ни таом устига чиқариб қўймабсанда. Ким алдаса, биздан эмас” дедилар” (Муслим ривояти).
Савол: Шариатда ҳаром қилинган нарсалар савдоси билан шуғулланиб орттирган бойликлари ва улар билан сотиб олган буюмларининг ҳукми нима бўлади?
Жавоб:
عن ابن عباس قال كان رسول الله صلى الله عليه وسلم قاعدا خلف المقام فرفع رأسه الى السماء فنظر ساعة ثم قال قاتل الله اليهود حرمت عليهم الشحوم فباعوها وأكلوا أثمانها وأن الله عز وجل لم يحرم شيئا على قوم الا حرم عليه ثمنه
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақоми Иброҳим ортида ўтириб, бошларини самога кўтариб, бироз муддат қараб:
“Яҳудийлар Аллоҳ таоло ҳалок қилсин! Уларга ҳайвонни ички ёғлари ҳаром қилинган эди. Улар уни сотиб, пулини едилар. Аллоҳ бирор қавмга бирор нарсани ҳаром қилган бўлса, ундан орртирилган пулни ҳам ҳаром қилгандир” (ал-Аҳодисул мухтора).
أَنَّ مَا قَامَتْ الْمَعْصِيَةُ بِعَيْنِهِ يُكْرَهُ بَيْعُهُ تَحْرِيمًا وَإِلَّا فَتَنْزِيهًا
“Айни билан маъсият қоим қилинадиган нарсаларнинг савдоси макруҳи таҳримий(ҳаромга яқин)дир. Гуноҳга восита бўлса, макруҳи танзиҳий(енгил)дир” (Раддул муҳтор).
Савол: Одатда гуноҳ ишларга сабаб бўладиган нарсалар савдоси билан шуғилланиш жоизми?
Жавоб: Аллоҳ таоло яхшиликка кўмак беринглар, маъсиятга эса, ёрдам берманглар деган.
بيع اشياء ليس لها مصرف الا في المعصية فيتمحص بيعها وايجارتها وان لم يصرح بها ففي جميع هذه الصور قامت المعصية بعين هذا العقد والعاقدان كلاهما آثمان بنفس العقد سواء استعمل بعد ذلك ام لا
“Фақат маъсият йўлида ишлатиладиган нарсаларни савдоси ва ижараси жоиз эмас. Гарчи улар билан гуноҳ ишлар қилишни ошкор қилмасада. Бу сувратларнинг барчасида битмнинг ўзи билан маъсият қоим бўлади. Томонлар эса, хоҳ уни сотиб олгандан кейин ишлатсин ёки ишлатмасин битмнинг ўзи билан гуноҳкор бўладилар” (Жавоҳирул фиқҳ).
لَا يُكْرَهُ بَيْعُ مَا لَمْ تَقُمْ الْمَعْصِيَةُ بِهِ
“Унинг ўзи билан маъсият қоим бўлмайдиган, лекин маъсиятга ҳам ва гуноҳ бўлмаган ишларга ҳам ишлатиш мумкин бўлган нарсаларни олди-сотдиси билан шуғилланиш макруҳ эмас” (Раддул муҳтор).
Инсонни бузғунчиликка олиб борадиган китоб, дисклар савдоси ҳам шулар жумласидандир.
Савол: Ҳаром йўли билан маблағ орттирган кишининг уйида ҳалол меҳнат билан ишлаш жоизми?
Жавоб: Ишлаш жоиз. Лекин, меҳнатига ҳаромдан топган пулидан олмаслиги лозим. Балки, қарз олдириб бўлсада, ҳаққини ҳалолдан ундириб олиши лозим.
ما حرم أخذه حرم إعطاؤه كالربا و مهر البغي و حلوان الكاهن و الرشوة و أجرة النائحة
“Олиш ҳаром бўлган нарсани бериш ҳам ҳаромдир. Судхўрлик, фоҳишабозлик, фолбинлик, порахўрлик, маъракаларда йиғлаб берадиган йиғичи хотинларнинг йиғичиликдан топган маблағлари каби” (Раддул муҳтор).
الْحَرَامُ يَنْتَقِلُ أَيْ تَنْتَقِلُ حُرْمَتُهُ وَإِنْ تَدَاوَلَتْهُ الْأَيْدِي وَتَبَدَّلَتْ الْأَمْلَاك
“Ҳаром кўчади, яъни ҳаром нарса қўлма-қўл бўлса ҳам, эгалари ўзгарса ҳам ҳаромлигича қолади” (Раддул муҳтор).
Савол: Харидор бир совдагар билан “Фалон нарсадан шунча олиб келиб берсангиз оламан” деб ваъдалашса, совдагар олиб кегандан кейин олмай туриб олса, харидор гуноҳкор бўладими?
Жавоб: Ваъда қилиб, ваъдасига вафо қилмаса, гуноҳкор бўлади.
عَنْ أَنَسٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : خَطَبَنَا رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- فَقَالَ :« لاَ إِيمَانَ لِمَنْ لاَ أَمَانَةَ لَهُ وَلاَ دِينَ لِمَنْ لاَ عَهْدَ لَهُ »
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хутба қилсалар:
“Омонатсиз кишининг имони бўлмайди ва ваъдасига вафо қилмайдиган кишининг дини бўлмайди” дер эдилар”.
Савол: Аллоҳ таолонинг исми-сифатлари ёзилган тақинчоқларни сотса бўладими? Улар билан баъзан таҳоратхонага кириб кетилади-ю.
Жавоб: Бу нарсаларнинг савдоси билан шуғилланиш жоиз. Бепарволик билан таҳоратхонага кириб кетгувчилар қилган ишларига ўзлари жавобгар бўладилар.
وَلَوْ كَتَبَ عَلَى خَاتَمِهِ اسْمَهُ أَوْ بِاسْمَ اللَّهِ تَعَالَى أَوْ مَا بَدَا لَهُ مِنْ أَسْمَاءِ اللَّهِ تَعَالَى نَحْوَ قَوْلِهِ : حَسْبِي اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ ، أَوْ رَبِّي اللَّهُ ، أَوْ نِعْمَ الْقَادِرُ اللَّهُ ، فَإِنَّهُ لَا بَأْسَ بِهِ وَيُكْرَهُ لِمَنْ لَا يَكُونُ عَلَى الطَّهَارَةِ أَنْ يَأْخُذَ فُلُوسًا عَلَيْهَا اسْمُ اللَّهِ تَعَالَى ، كَذَا فِي فَتَاوَى قَاضِي خَانْ
“Узугига Аллоҳнинг исмини ёки басмалани ёки Аллоҳ таолонинг исмларидан хаёлига келганини ёзиб олса, масалан, “Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил” ёки “Роббияллоҳ” ёки “Неъмал қодиру Аллоҳ” зарари йўқ. Аллоҳ таолонинг исми ёзилган фулусларни таҳоратсиз ушлаш макруҳдир “Фатвои қозихон”да шундай дейилган” (Фатвои ҳиндия).
Савол: Одатда савдогарлар мева пишиғида деҳқон боғига бориб, килосига фалончадан берамиз деб олдиндан келишиб, мевани икки-уч кундан кейин териб оладилар. Шундай қилиш дурустми?
Жавоб: Бундай савдони бир неча кўринишлари мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар:
1. Савдогар “Дарахтдаги меванинг туришини шунчага сотиб олдим” деса, у савдо ҳисобланади ва тезда мевани териб олиши лозим бўлади.
وَمَنْ بَاعَ ثَمَرَةً لَمْ يَبْدُ صَلَاحُهَا أَوْ قَدْ بَدَا جَازَ الْبَيْعُ ؛ لِأَنَّهُ مَالٌ مُتَقَوِّمٌ. وَعَلَى الْمُشْتَرِي قَطْعُهَا فِي الْحَالِ
“Пишишига яқин қолган ёки пишишни бошлаган мевани сотса байъ жоиз бўлади. Чунки, у қийматли мол ҳисобланади. Харидорга дарҳол териб олиши лозим бўлади” (Ҳидоя);
2. Савдогар “Дарахтдаги мевани шунчага олдим, лекин икки-уч кундан кейин узиб кетаман” деса, савдо фосид бўлади. Чунки, савдода шартдан қайтарилган.
وَإِنْ شَرَطَ تَرْكهَا عَلَى النَّخِيلِ فَسَدَ الْبَيْعُ.
“Агар мевани хурмода қолишини шарт қилса, савдо фосид бўлади” (Ҳидоя);
3. Савдо вақтида мевани териш ёки термаслик тўғрисида гапирмай, савдо қилса ва келишувдан кейин “Кейинроқ териб кетаман” деса, сотувчи рози бўлса, бу суврат ҳам жоиз бўлади.
وَلَوْ اشْتَرَاهَا مُطْلَقًا وَتَرَكَهَا بِإِذْنِ الْبَائِعِ طَابَ لَهُ الْفَضْلُ ، وَإِنْ تَرَكَهَا بِغَيْرِ إذْنِهِ تَصَدَّقَ بِمَا زَادَ فِي ذَاتِهِ.
“Мутлоқ сотиб олиб, сотувчининг рухсати ила узмай қолдирса, узилмай турган муддатда меваларга қўшилган зиёдалик ҳалол бўлади. Агар изнисиз қолдирса, мевага қўшилган зиёдаликни садақа қилиб юборади” (Ҳидоя);
4. Даладаги экинларни пишгандан кейин сотиб олса, тезда йиғиштириб олиши вожиб бўлади. Агар йиғиштириб олмай, ерни маълум бир муддатга ижарага олса жоиз бўлади. Лекин, мева пишгунча ижарага олиш жоиз эмас. Яъни “Қачон пишса йиғиб кетаман” деб аниқ вақтни айтмаса. Чунки, ижара саҳиҳ бўлиши учун “Фалон кун” деган муддат маълум бўлиши лозим. Бу ўринда яъни “Қачон пишса” дейишда муддат ноаниқ бўлиб қолмоқда. Чунки у экинни қачон пишишини ҳеч ким аниқ билмайди.
إذَا اشْتَرَى الزَّرْعَ وَاسْتَأْجَرَ الْأَرْضَ إلَى أَنْ يُدْرِكَ وَتَرَكَهُ حَيْثُ لَا يَطِيبُ لَهُ الْفَضْلُ ؛ لِأَنَّ الْإِجَارَةَ فَاسِدَةٌ لِلْجَهَالَةِ فَأَوْرَثَتْ خُبْثًا.
“Агар экинни сотиб олиб, экин пишгунича ерини ижрага олиб, экинни ўз холича қолдирса, зиёдаси ҳалол бўлмайди. Чунки, ноаниқ бўлган ижара фосиддир ва у нопокликни келтириб чиқаради” (Ҳидоя).
Масалан, Бир киши маълум майдондаги жўхорини сотиб олди. Лекин экинни тўла пишишига тахминан 20 кун вақт бор. Шунда харидорга ўша 20 кунга ўша ерни ижарага олишлиги вожиб бўлади. Агар бирор сабабга кўра келишилган 20 кун ичида экинни йиға олмаса, маълум бир муддатга ижара шартномасини қилиб олиши керак бўлади. Мабодо ўша шартноманинг вақтини узайтириб олмаса, ижарани келишувисиз вақтда экинни бўлган зиёдаси яъни бўйи ўсиши ёки пишиши харидор учун ҳалол бўлмайди.