Аллома Ҳаскафий : “Келин тараф, келинни куёвга топшираётган пайтида оладиган нарсасини эр қайтариб олишга ҳақлидир. Чунки у пора ҳисобланади” деганлар. (Дуррул мухтор).
Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ ушбу иборани шарҳлаб : “Келиннинг ака ёки шу кабилар куёв тарафидан бирор нарса(қалин пули ёки сут пули) олмагунларича келинни бермасалар, шунингдек қалин пулини олмагунича синглиларини беришдан бош тортсалар, (эр ўша пулни берса) пул ҳолида ёки ўзгартирилган ҳолида қайтариб олиш ҳаққига эгадир. Чунки эрни уларга берган нарсаси пора ҳисобланади” деганлар. (Роддул муҳтор).
Бунинг ўрнига шариатимиз аёл кишининг ўзига мулк қилиб бериладиган маҳрни жорий қилган.
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотин бўлиш билан эрнинг зиммасига юкланадиган хотинга берилиши лозим бўлган молдир.
Маҳр турли номлар билан номланади, Қуръони Каримда садоқ, садақа, ажр, фарийза, ниҳла атамалари ишлатилган.
Баъзи уламолар маҳрнинг ўнта номи борлигини айтганлар. Бизда «маҳр» атамаси машҳур бўлгани учун шу сўзни қўллаймиз.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай деган:
وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِن طِبْنَ لَكُمْ عَن شَيْءٍ مِّنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَّرِيئًا
«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар ундан бирор нарсани сизга рози бўлиб берсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин» (4-оят).
Ушбу ояти карима маҳр бериш эрга вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо маҳрнинг олди-бердиси қачон бўлса бўлаверади.
Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда. Маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, эри берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини унга қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رضي الله عنه، قَالَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم فَالْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيدٍ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уйланмоқчи бўлган кишига): «…бир темир узук бўлса ҳам топ», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ул зот бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир.
Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.
Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир.
Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу нисобга етган молнинг йигирмадан бири, деганидир. «Кифоя» китобидан.
Келиннинг сепи ва уй анжомлари
Барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканига иттифоқ қилганлар. Эр келин тушадиган уйни икковлари яшашлари учун мувофиқ ва лойиқ равишда жиҳозлаши шарт. Ундаги кўрпа-тўшак, қозон-товоқ, гиламлар – барча нарсалар куёв томонидан олиб берилган келиннинг мулки ҳисобланади. Куёв улардан ўз мулки сифатида фойдаланишга ҳақли эмас.
– Ҳанафий мазҳабида уй жиҳозларини тайёрлаш худди аёлга нафақа ва кийим бериш каби эрга вожибдир.
– «Маҳр» деб берилган нарсанинг сепга ҳеч алоқаси йўқ. Чунки маҳр сеп ва жиҳоз сотиб олиш учун эмас, келиндан ҳузурланиш муқобилига бериладиган нарса.
Бир одам маҳрга минг динор берди. Одатда, бунчалик кўп маҳр олган келин кўп сеп билан келар эди. Аммо бу келин оз сеп билан келди. Шундай ҳолатда эр: «Сен кўп жиҳоз билан келишинг керак эди», дейишга ҳаққи йўқ.
– Келин ўзи билан олиб келган сепига ўзи эга ҳисобланади. Эрнинг у нарсаларда ҳаққи йўқ.
– Агар эр маҳрдан ташқари, жиҳоз олишга алоҳида пул берган бўлса, келин ҳеч нарса олмай келса, эр талаб қилиши мумкин. Аммо маълум муддат индамай юрса, рози бўлган ҳисобланади ва кейин талаб қилишга ҳаққи қолмайди.
– Агар ота, урф-одатга биноан, қизига сеп олиб берган бўлса, кейин уни қайтариб олишга ҳаққи йўқ. Ота вафот этгандан кейин бошқа меросхўрлар ҳам ололмайдилар.
– Ота қизи кичкиналик пайтида унга сеп бўладиган нарсани сотиб олиб берган бўлса, кейинчалик орада низо чиқиб, ота: «Омонатга берган эдим», деса, қиз эса: «Сепга берилган эди», деса, ҳужжат-далиллари бўлмаса, қизнинг гапи ўтади. Агар қиз вафот этганидан кейин низо чиқса, унинг эрининг гапи ўтади.
– Агар она уйдаги нарсалардан баъзисини отадан сўрамай қизига берса, ота индамаса, у нарсалар қизга сеп бўлади, қайтариб олиш мумкин эмас.
– Агар куёв қизнинг валийларига тўйни тезлаштириш учун бирор нарса берса, кейинчалик: «Ўша нарсани қайтариб беринглар», дейишга ҳаққи бор. Чунки у нарса ришва – пора ҳисобланади.
Агар келинга ота‑онаси сеп ва уй жиҳозлари тайёрлаб беришни истасалар, бу уларнинг муруввати ҳисобланади, мажбурияти эмас.
عَنْ عَلِيٍّ رضي الله عنه قَالَ: جَهَّزَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم فَاطِمَةَ فِي خَمِيلٍ وَقِرْبَةٍ وَوِسَادَةٍ حَشْوُهَا إِذْخِرٌ .رَوَاهُ النَّسَائِيُّ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чийдухоба, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз (сеп) қилиб бердилар».
Насаий ривоят қилган.
Оламларнинг саййиди бўлмиш зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз жигаргўшалари, аҳли жаннат аёлларнинг саййидаси Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога қилиб берган сеплари қанчалик камтарона, қанчалик содда.
Бу ҳолатни билгандан кейин бугунги кунга бир назар солайлик. Бошқаларни қўйиб туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларга кўз ташлайлик.
Қиз бола туғилганидан бошлаб емай-ичмай, едирмай-ичирмай сеп тўплаб, бўлган-бўлмаган нарсани йиғиб, жамлаб юрадиганларга нима дейиш мумкин?
Сеп масаласини никоҳнинг асосий ва марказий масаласига айлантирувчиларга нима деймиз?
Келиннинг эпига эмас, сепига қарайдиган қудаларга нима деймиз?
Сеп туфайли келиб чиқаётган уриш-жанжалларга-чи?
Нима ҳам дер эдик. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олинг, оталар!» – деймиз.
«Фотимаи Заҳродан ўрнак олинг, қизлар!» – деймиз.
«Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ўрнак олинг, куёвлар!» – деймиз.
Сеп масаласида оилавий келишмовчиликлар кўп чиқишини кўзда тутиб, уламоларимиз бу масалани батафсил ёритиб берганлар.
Энди бу масалада бугун юз бераётган машмашаларга бир назар ташлайлик, инсоф билан мулоҳаза қилайлик.
Бугунги кунда бу масалада ишлар шариат кўрсатмаларига тамоман тескари. Келинга сеп тайёрлаш ҳамда ёш келин-куёвга аталган уйни (нечта хона бўлса ҳам) жиҳозлаш келин тарафга ҳам «фарз», ҳам «вожиб» қилинган. Агар келин тараф бу масалада бир оз бепарволик қилса, бу дунёда куёв тарафнинг лаънатига учрайди, бечора келин улар «тайёрлаб қўйган дўзах»ига тушади. Бунга ҳамма кўникиб ҳам қолган. Биров бу аянчли ҳолатга қарши бирор оғиз гапиришга ҳам журъат қила олмайди.
Имом домлаларимиздан бирларининг айтишларича, бир оилага келиннинг сепи ва тайёрланган жиҳозлари келтирилган. Қуда хола нарсаларни синчиклаб тафтиш қилган. Тафтиш натижасида бир чойшабнинг Тошкентда тайёрланганлиги, «импортний» эмаслиги аён бўлган. Қуда хола буни ўз оиласи ва ўғлининг шаънига «ор» деб билган ва қиз тарафга қарши аёвсиз уруш очган. «Мани болам Тошкентда тайёрланган чойшабда ётадиган бўлдими?!» – деб айюҳаннос солган. Бу жанжал авж олиб, икки тараф тўйни бекор қилиб, ажралиб кетганлар. Бундан воқиф бўлган имом домла минбардан туриб: «Хотини олиб келган чойшабда ётишни ўзига эп кўрган эркаклар орқамдан намоз ўқимасин!» деб ваъз қилишга мажбур бўлган.
Бунга нима дейиш мумкин?! Бу каби номаъқулчиликларни қаердан ўрганишди одамлар?! Наҳотки келин олаётган она уйни жиҳозлаш ўз оиласининг бурчи эканини тан олиш ўрнига, қуда тарафнинг бир чойшаби ўз ватанининг пойтахтида чиққанлигини айб қилиб, қудалар билан ажрашиб кетса?! Ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар боласига бахт келтира олмасмикан?! Ўзганики боласини бахтли қилиб қўярмикан?!
Инсоф қилиш керак! Ор-номусли бўлиш керак! Оиланинг обрўси келин келтирадиган чойшабда эмаслигини англайдиган бўлиш керак!
Фарғонада туғилиб, ўсиб, Москвага турмушга чиққан татар миллатига мансуб аёл ўша тарафда умумий хожатхонада фаррошлик қилаётган аёлларимиздан бирини кўриб, унга ачиниб, нима учун бу ҳолга тушиб қолганини сўрабди. Жавоб ҳар қандай одамни ларзага соладиган даражада бўлибди. «Қизимни турмушга узатишимиз керак. Мебел ва бошқа керак нарсаларни олгани пулимиз йўқлигидан бегона юртларда шу ҳолга тушиб юрибман», – дебди аёл.
Ўша аёлнинг бу ҳолга тушишига сабаб бўлган бош айби қиз туғиб, қиз боққанидир. Агар онасининг бундай ҳолга тушишига сабаб бўлган ўша фарзанд қиз эмас, ўғил бўлганида онаси келин тарафдан «импортний» мебел ва чойшаб талаб қилган ҳолда уйида гердайиб ўтирган бўлар эди. Агар имконини топса, келин тарафдан ўғлига «маҳр» ҳам талаб қилган бўларди.
Мебел савдоси билан шуғулланадиган усталардан ажабтовур қиссани эшитинг: «Қиз чиқараётган оилалардан бири мебел сотиб олди ва уни ўрнатадиган жойимизни айтди. Айтилган ерга бориб, ишни бошлаётган эдик, қуда хола кириб қолдилар. «Жаноби олиялари» виқор билан биздан мебел қаерники эканини сўрадилар. Биз ўзимизники эканини айтдик. «Тезда ашқол-дашқолингни йиғиштир! Кўтар ўзингнинг мебелингни!» деган фармони олий бўлди».
Баъзи бир «илғор» вилоятларда куёв тараф келинлик уйини жиҳозлаш учун «уй бўшатиш»ни қойиллатиб бўлишибди. «Уй бўшатиш» – куёв тарафнинг келин тараф тўлдириши учун бир неча хоналарни шип-шийдам қилиб қўйишидир. Баъзи ҳолатларда қуда хола қизиқиб кетиб, ўзи яшайдиган хонани ҳам бўшатиб қўйиши мумкин. Келин тараф ўша «бўшатилган» уйларни тўлдирмаса, энасини кўради!
Улар келин тарафни талон-тарож қилишнинг барча услубларини ўзлаштириб, тўйни, уй анжомларини, ҳатто куёвга ички кийим, дастрўмолгача «импортний» бўлиши кераклигини келин тарафнинг бўйнига осиб бўлишибди. Агар келин тараф қўлга сув қуядиган офтобани эсдан чиқарса ҳам, балога қоладиган бўлибди.
Кейин келин тарафдан яна нима талаб қилиш мумкинлиги ҳақида бутун зеҳну заковатларини, ақлу фаросатларини ишга солиб, ўйлай бошлашибди. Қарашса, келиннинг ўзи билан олиб келган, уйларни тўлдириб юборган нарсалар, сарполар қоринни тўйғазмас экан. Нима, куёв тараф келиннинг уй жиҳозларига, асбоб-анжомларига, қилган сарполарига тикилиб, оч ўтириши керакми?! Бу ҳолатга асло чидаб бўлмайди! «Келин тараф куёв тарафнинг қорнини тўйғазиши фарз!» – дейишибди. Шундай қилиб, келин тарафнинг тўйдан кейин қирқ кунгача куёв тарафни уч маҳал озиқ-овқат билан таъминлаши фарзу вожибга айланибди.
Келин бўлгандан кейин, куёвни ва унинг оила аъзоларини боқиши керак-да! Шуни қила олмайдиган келин келинми?! Келиннинг ота‑онаси ҳам ўйлаб қўйсин-да! Куёвни, унинг ота‑онаси, хеш-ақрабосини қирқ кун уч маҳалдан боқа олмаса, қиз туғиб нима қилади?!
Камина ходимингиз ушбу масалада бир тўйда гапирганимдан кейин танишлардан бири олдимга келиб, ташаккур айтди ва: «Қизимни чиқарганимда қарз бўлиб қолдим. Бунинг устига, қуданикига тўрт ой овқат ташиганимдан сўнг ҳисоб-китоб қилсам, яна олти юз минг сўм кетибди», – деди. «Шуни қилмасангиз бўлмайдими?» – десам, «Унда балога қоламиз. Қуда тараф: «Мен қариндошлар, маҳалла-кўй орасида нима деган одам бўламан, ҳамма, Фалончининг келининикидан нима келар экан деб, қараб турибди», деб қизимга кун беришмайди-да», – деди маъюс бўлиб.
Қандай кунга қолдик ўзи! Шариатимизда келинни боқиш куёвга вожиб бўлса-ю, одамларимиз унинг мутлақо тескарисини қилиб, келиндан куёвни ва унинг оиласини боқишни талаб қилиб турсалар!
Бунинг оқибати нима бўларкин? Шариатга хилоф ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ. Бунинг баъзи аломатлари ҳам кўриниб қолганга ўхшайди.
Куни кеча бир мажлисда шу мавзуда суҳбат бўлган эди, кўпчилик бундай ҳолатни танқид қилиб гапирди. Ҳар ким ўзи билган, кўрган ва эшитган нарсалар билан ҳам ўртоқлашди. Шунда имом домлаларимиздан бирлари қуйидаги гапларни айтдилар. У киши мебел савдоси бўйича иш юритадиган киши билан суҳбатлашган эканлар. У одам ачиниш билан қуйидагиларни айтибди:
«Одамларда уят қолмади. Келин тарафдан талаб қилинадиган нарсалар тобора кўпайиб бормоқда. Аввалига мебел талаб қилишди. Кейин мебел чет элники бўлишини талаб қилишга ўтишди. Чет элники бўлмаса, қайтариб юборадиган бўлишди. Сўнгра, чет элники бўлса ҳам, модадан қолганини қайтарадиган бўлишди. Энди эса, куёв тараф ўзи келиб, уялмасдан, бизнинг олдимизда келин тарафга: «Ана ўшанисини олинглар, мана бунисини қўйинглар», деб кўрсатиб берадиган бўлишди. Энг ачинарлиси, ўнта мебелни сотган бўлсак, бир муддатдан сўнг, оилалар бузилганлиги учун, улардан саккизтасини ўзимиз ўрнатган ердан қайтариб олиб келиб, яна савдога қўймоқдамиз».
Менга қолса, бу гапларга, айниқса, оилалар бузилаётганлиги ҳақидаги гапга мутлақо ишонмас эдим. Аммо, афсуски, бу гап, қисман бўлса ҳам, ростга ўхшайди. Ҳозир аввалгидан кўра оила бузилиши кўпайганлиги ҳақида бошқа маълумотлар ҳам мавжуд. Албатта, бунга ўхшаш ижтимоий муаммоларнинг бир қанча сабаблари бўлади. Уларни мутахассислар ўрганишади ва ҳолатни яхшилаш учун ўз таклифларини киритишади. Аммо мутахассис бўлмаган кишиларнинг ҳам яққол кўриниб турган баъзи сабаблар ҳақида бир оз мулоҳаза қилишлари дуруст бўлса керак.
Менимча, оила бузилишига сабаб бўлаётган нарсалар ичида уйланиш ўта осон бўлиб қолганлиги ҳам бор. Ўйлаб кўрайлик-чи, янги оила қуриш учун куёв тараф нима сарф қилмоқда? Баъзи сарполар, маҳрга бир дона узук, сут пулими ёки яна бошқа ном билан бир оз маблағ.
Келин тараф-чи? Деярли барча сарф-харажатлар келин тарафга юкланган. Қиз боққаннинг жазоси – шу! Сарпога ундан кўра қимматроқ қилиб сарпо қайтариш керак. Сут пули ёки тўй пулига ўн баробар қўшиб тўй қилиш керак. Келин тарафнинг тўйдаги бош ташвиши – куёв тараф жамлаб келган кўплаб меҳмонларни яхшилаб кутиб олиш, яқинларига сарпо кийдириш ва куёв тараф «бўшатиб қўйган» хоналарни қимматбаҳо асбоб-анжомлар билан тўлдириш керак. “Бахтиёр оила” китобидан.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ