15-дарс. 3-фасл. Ақд(шартнома)


Ақд – луғатда боғламоқ, тугун қилмоқ, ваъда бермоқ каби маъноларни англатади. Араблар “ақдул ҳибл” деганда арқонни тугди, уни бир учини иккинчи учига жамлади, иккисини бир-бирига боғлади деган маъноларни тушунишади.

Фиқҳ уламолари истелоҳида эса ақд деб икки тарафнинг ўзаро ийжоб ва қабул асосида тузилган келишувга айтилади.
(Яъни бир тараф келишув тузишга истак билдиради, иккинчи томон ушбу истакни қабул қилади, шу билан ўртада ақд боғланади).
Ақднинг вужудга келиши учун қуйидаги рукнлар топилиши шарт:
1. Шартнома тузувчи икки тараф;
2. Шартнома тузилаётган нарса;
3. Ийжоб ва қабулга далолат қилувчи лафзлар.
(Яъни шартнома тузилиши учун икки тараф бўлиши шарт. Савдо шартномаси ёки никоҳ шартномаси ва бошқа шартномалар каби. Яна шартнома ниманинг устида тузилаётган бўлса ўша  нарса ҳам бўлиши лозим. Яна икки томоннинг рози-ризолигини билдирувчи ўтган замон феълига далолат қиладиган махсус лафзлар ҳам бўлиши керак. Бу лафзларни ақдда ийжоб ва қабул дейилади).
Ҳанафий уламолар наздида ийжоб шартнома қилаётганларнинг биринчи томонидан содир бўлса, қабул иккинчи тарафдан содир бўлади.
(Мисол учун биринчи тараф сотдим деса ийжоб бўлади, иккинчи тараф олдим деса қабул бўлади. Ёки биринчи томон олдим деса ийжоб, иккинчи тараф сотдим деса қабул бўлади).
Жумҳур уламолар наздида эса мулк эгасидан содир бўладиган лафз ийжоб дейилса, мулкни олмоқчи бўлган тарафдан содир бўладиган лафзга қабул дейилади. Демак сотувчини истак билдирувчи (яъни ийжоб қилувчи) олувчини эса қабул қилувчи дейилар экан.
Ақднинг боғланишида ийжоб ва қабул лафзлари бир ўринда айтилиши ҳам шарт қилинади. Ақд тузилишидаги ийжоб ва қабул лафзларининг эътибори борми ёки маъноларининг эътибори борми, деган саволда уламоларимиз ихтилоф қилишган. Баъзилар лафзнинг эътибори бор дейишса, бошқалар маънонинг эътибори бор дейишади. Музораба шартномасида фойданинг ҳаммаси иш юритувчига дейилса буни қарз деб номланади.
(Яъни бир томон иш юритса иккинчи тараф пул берса аслида бу ақднома музораба дейилади. Лекин фойдани фақат иш юритувчига бериладиган бўлса, лафзан музораба дейилсада, аслида бу қарз ҳисобланади).
Агар шартнома музораба дейилса-ю, лекин фойданинг ҳаммасини сармоя эгаси олса буни ибзоъ дейилади.
(Яъни лафзда музораба дейилмоқда, лекин маънода ибзоъ бўлмоқда).
Яна бир киши мукофот олиш шарти билан ҳиба берса, унинг маъноси олди-сотдига айланиб қолади.
Бир нарсани ишлатиб туриш учун берса орият дейилади. Шунинг эвазига ҳақ талаб қилса у ижара маъносига айланади.
Ақдномаларни тузувчи шахслар тасарруф учун салоҳияти бор кишилар бўлиши ҳам лозимдир. Яъни балоғатга етган рошид киши бўлиши керак.
(Рошид деб ақлини тўғри ишлатадиган кишига айтилади. Рошиднинг зидди сафеҳдир. Сафеҳ деб муомалада фойда зарарни тушунмайдиган одамга айтилади).
Аммо балоғатга етмаган лекин оқ қорани  ажратадиган бола (мисол учун етти ёш) бирор киши билан ақд тузса, ўша ақд ўзи учун фақат фойда бўлса шу ақдномаси жоиз бўлади. Мисол учун бир киши унга ҳиба берса уни қабул қилиб олиши учун валийнинг рухсати шарт эмас. Ҳибани олишда фақат фойда бор. Лекин гўдакнинг тузган шартномасида у фақат зарар кўрадиган бўлса ушбу ақдга валий рухсат берган бўлса ҳам жоиз бўлмайди. Энди агар фойда зарарни ажрата оладиган ёшдаги гўдакнинг шартномаси савдо-сотиққа ўхшаб фойда ёки зарарнинг ўртасида бўлса валийнинг рухсати билангина жоиз бўлади. Шу билан бирга ақднома уни тузувчиларнинг розилиги билан амалга оширилиши керак. Шартномани қилишга биров мажбурласа ёки билмасдан тузса ёки ғалат шартнома қилинса, бу тўла розилик ҳисобланмайди.
Яна шартнома тузилаётган маҳалда нарсанинг мавжуд бўлиши йўқ бўлмаслиги, маълум бўлиши номаълум бўлмаслиги лозимдир. Хусусан бу олди берди шартномаларида шарт ҳисобланади. Аммо ҳайри-эҳсон амалиётларида унинг сифатини билмаслик ва ноаниқлик бу амалиётларга тўсқинлик қилмайди. Чунки ҳайр-эҳсон ишлари халқлар ўртасида кенгроқ ёйилиши учун унга турли шартларни қўймаслик керак. Ҳайр-эҳсонда ҳеч қандай зарар йўқ. Аммо савдодаги олди-бердиларда нарсанинг номаълумлигидан бир томон зарар кўриб қолиши мумкин.
Яна ақд тузилаётган нарсани қўлга киритиш имконияти бор бўлиши керак. Йўқолган ҳайвонни савдоси ва мусодара қилинган молларнинг садвоси ҳам жоиз эмас. Баъзи фуқаҳолар бу икки нарсанинг ҳиба қилиниши жоиздир, чунки ҳиба олди берди амалиётидан эмас, балки ҳайр-эҳсон бобидан ҳисобланади, дейишади.

 Лозим ақд ва жоиз ақд.

 Лозим ақд деб бир томоннинг розилигисиз иккинчи тараф буза олмайдиган ақдга айтилади. Ақдни лозим тутиб туришда икки тарафнинг иштироки ҳам бўлиши мумкин. Бу  савдода шундай бўлади. Ёки бир тарафнинг ўзи бўлиши ҳам мумкин. Бу эса кафолатда шундай бўлади.
(Яъни кафил бўлган киши кафолатини бузса иккинчи томоннинг розилиги шарт эмас. Чунки бу кафиллик фақат бир тарфдан содир бўлади).
 Жоиз ақд деб икки тарафнинг ҳар бирида шартномани бузиш ҳаққи бўлган ақдга айтилади. Мисол учун шерикчиликда бир тараф, шерикчиликдан чиқдим деса, ушбу шерикчилик ақдномаси бузилади.
Баъзи ақдномалар жоиз ёки лозимлиги хусусида фуқаҳолар ихтилоф қилишган. Мисол учун мусобақани баъзи фақиҳлар ижарага ўхшатиб лозим ақд дейишса, баъзилари эса иш ҳаққи тўланадиган шартномага ўхшатиб жоиз ақд дейишган.

 Саҳиҳ, ботил ва фосид ақдлар.

Саҳиҳ ақд деб унинг асли ҳам, васфи ҳам шариатга мувофиқ бўлган ақдга айтилади.
Ботил ақд деб – унинг асли ҳам ва васфи ҳам шариатга мувофиқ бўлмаган, рукнида ёки ўрнида нотўғрилик бор ақдга айтилади.
Фосид ақд – фақат ҳанафийлар наздида мавжуд бўлиб, унинг асли шариатда мавжуд бўлади, лекин васфи эса мавжуд бўлмайди. Яъни фосид шартноманинг рукнида ҳам ўрнида ҳам нотўғрилик топилмасада балки унинг васфида ноаниқлик мавжуд бўлади. Мисол учун, номаълум нарсанинг савдосида олувчи, сотувчи ва савдо қилинаётган нарса мавжуд бўлсада (яъни рукн ва ўрни топилсада) лекин шартноманинг номаълумлиги савдони фосид қилади. Чунки бундай савдога амал қилинса, ўзаро низога олиб боради. Мисол учун, сотувчи икки уйимдан бирини сенга сотдим ёки икки машинамдан бирини сенга сотдим деса-ю, аниқ бирини таъйин қилмаса савдо фосид бўлади.


1 ўн йил аввал 6145 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6100 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 5998 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6339 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5136 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 5717 fiqh.uz