Қозилар


Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.)нинг шогирдлари ичида ўн тўрт нафари қози ал-қузот ва оддий қозилар бўлганлар. Ҳанафийлик мазҳабининг ривожланиши, исломий мамлакатларга тарқалишида мана шу қозиларнинг ҳиссаси катта бўлгани шубҳасиз. Улар қуйидагилардир:
1)Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Ансорий (731-798). Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг бош шогирди. У 166/782 йилдан бошлаб Бағдодда ўн олти йил бош қози бўлиб турган. У ислом тарихида илк қози ал-қузот бўлган ҳанафий олимидир.

2)Ҳасан ибн Зиёд ал-Луълуъий ал-Кўфий (ваф. 204/819). Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг учинчи шогирди. У 194/809 йилда Кўфага қози қилиб сайланган, лекин озгина муддат ишлаб, истифога чиққан.
3)Асад ибн Амр ибн Омир ибн Абдуллоҳ ад-Қушайрий ал-Бужалий (ваф. 188/804). Абу Ҳанифа (р.ҳ.)га илк бор устоз дея мактуб ёзган ҳанафий олими. Восит шаҳрида бир муддат қози бўлган, Абу Юсуф (р.ҳ.)дан сўнг Бағдод қозилигини эгаллаган. Ҳорун ар-Рашид (786-809) билан биргаликда ҳаж зиёратига борган.
4)Абу Исмат Нуҳ ибн Зайд ибн Жаъуна ал-Марвазий (ваф. 173/790). Халифа Мансур (754-775) даврида Марвга қози этиб таъйинланган. Узоқ муддат қозилик қилган, у қози этиб сайланганидан сўнг Абу Ҳанифа (р.ҳ.) унга ваъз-насиҳатлар қилиб мактуб йўллаган.
5)Абу Муҳаммад Нуҳ ибн Дуррож ан-Нахаъий ал-Кўфий (ваф. 182/799). Кўфада уч йилча, кейин Бағдодда қозилик қилган Абу Ҳанифа (р.ҳ.) шогирдларидан бири. Унинг тўрт ўғли бўлган, тўртови ҳам қозилик қилган.
6)Офият ибн Язид ал-Авдий (ваф. 170/787). Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг эътиборли шогирдларидан бири. Бағдодда қози-аскар бўлган. Муҳаддислардан Абу Абдурраҳмон ан-Насоий (830-915) уни ҳадис ривоятида ишончли, деган.
7)Али ибн Забён ал-Абасий (ваф. 192/808). Қармисин деган жойда вафот этган Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг бу шогирди асли кўфалик бўлиб, Бағдодда етти йилча қози ал-қузот бўлган.
8)Али ибн Ҳармала ал-Кўфий (ваф. 199/815). Бағдодда Ҳорун ар-Рашид (786-809) даврида қози ал-қузот бўлган. Аввал Абу Ҳанифа (р.ҳ.), кейин Абу Юсуф (р.ҳ.)дан сабоқ олган.
9)Абу Зайд Ҳаммод ибн Далил (VIII аср). Мадоин шаҳрида қозилик қилган. Муҳаддислардан Ибн Ҳиббон (885-965) уни ишончли, деган, Абу Довуд (817-889) эса ундан битта ҳадис ривоят қилган.
10)Абу Абдуллоҳ ал-Қосим ибн Маън ибн Абдурраҳмон ал-Ҳузалий ал-Кўфий (ваф. 175/792). Кўфада қозилик қилган. Муҳаддислар уни ишончли деб, ундан ҳадислар ривоят қилганлар.
11)Яҳё ибн Закариё ибн Абу Зоида (738-800). У Ҳорун ар-Рашид (786-809) даврида Мадинада қози бўлган, тўрт ойча Мадоинда ҳам қозилик қилган. У Кўфада фиқҳ соҳасида биринчи китоб ёзган олим сифатида ҳам танилган.
Муаррих Абдулқодир ибн Аби-л-Вафо ал-Қураший (1297-1373) ўз асарида “ўн икки нафар қози” дея мана шу ўн бир нафарининг номини санаган, холос (Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший. ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа / Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2005. – Б. 147.). Лекин, ўз вақтида Абу Ҳанифа (р.ҳ.)дан дарс олиб, унинг мазҳабига амал қиладиган, кейинчалик қозилик вазифаларида ишлаган қуйидаги олимлар ҳам борлиги маълум: 
1)Абу Ҳонеъ Нўъмон ибн Абдуссалом ибн Ҳабиб ат-Тамимий ан-Найсобурий (ваф. 183/800). Исфаҳонда бир муддат қози бўлган. Абу Ҳанифа (р.ҳ.), Суфён ас-Саврий (716-778) ҳамда Зуфар (728-775)дан таълим олган.
2)Абу Али Умар (Амр) ибн Маймун ибн Баҳр ал-Балхий (ваф. 171/788). Балхда йигирма йилдан кўпроқ қози бўлган. Унинг ўғли ҳам Нишопурда қозилик қилган. Муҳаддислардан Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (824-892) ундан битта ҳадис ривоят қилган.
3)Абдулазиз ибн Холид ибн Зиёд ат-Термизий (VIII аср). Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг шогирдларидан бири, Термизда бир муддат қозилик қилган. Ишончли ровий сифатида Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (824-892) ва Абу Абдурраҳмон ан-Насоий (830-915) ундан ҳадис ривоят қилганлар.

БУХОРОНИНГ ЕТТИ НАФАР ҚОЗИСИ
Бухорода қозикалонлик қилиб донг таратган, ўзларининг илму маърифати, тақвоси, парҳезгорлиги ва адолати билан бошқа қозилардан ажралиб турган етти нафар қози ўтганлиги маълум. Улар қозилик ишларида ноҳақликка йўл қўймаганлиги, халқ орасида эса ўзларининг обрўси ила танилганлар. Мазкур етти нафар қози турли даврларда ўтган бўлса-да, бироқ қабрлари бир жойда – Бухородаги “Чор Бакр мажмуаси”нинг шарқий тарафида унга яқин масофада бўлган. Ушбу қабристон халқ орасида “Мазороти қузоти сабъа” номи билан шуҳрат топган, одамлар у ерда дуолар мустажоб бўлишига ишонганлар. Бухоронинг ушбу етти нафар қозиси қуйидагилардир (Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорий Муин ал-фуқаро. Тарихи Муллозода / Сўз боши, форс тилидан таржима, изоҳлар муаллифлари Ш.Воҳидов, Б.Аминов. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2009. – Б. 64-66; Носириддин ал-Ҳанафий ал-Бухорий. Туҳфат аз-зоирин. – Бухоро, 1910. – Б. 18; Ўша муаллиф. Ҳодий аз-зоирин. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 2193/II. – В. 22а.):
1)    Абу Зайд Убайдуллоҳ (Абдуллоҳ) ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий ал-Бухорий (978-1039). У хилоф илмининг асосчиси, ўзининг “Таъсис ан-назар” ва “Тақвим ал-адилла” каби асарлари билан шуҳрат қозонган.
2)    Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр (Умар) ибн Сулаймон аш-Шуъабий (аш-Шаъбий) ал-Уструшаний (ваф. 400/1010 ёки 404/1013). У Абу Зайд ад-Дабусий (978-1039) ва Шамс ал-аимма ал-Ҳалвоий (ваф.456/1063)нинг устози сифатида зикр этилади. Пайғамбар (с.а.в.)нинг мўйи мубораклари унинг мақбарасида узоқ вақт сақланиб келган экан. Абу Жаъфар аш-Шуъабий ал-Уструшанийнинг “Жомиъ ал-кабир” ва “аз-Зиёдот”га ёзган шарҳлари ҳамда мустақил фиқҳий асари “Кифоят аш-Шуъабий” номли китоби мавжуд. 
3)    Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Мустамлий ал-Бухорий (ваф. 434/1043). У Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Яъқуб ал-Калободий (ваф. 384/994)нинг шогирди бўлиб, устозининг тасаввуфга оид машҳур асари “ат-Таарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф”ни шарҳлаган.
4)    Заҳириддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар ал-Бухорий (ваф. 619/1222). У Бухорода қози ва муҳтасиб сифатида танилган. Яна “Фатовойи Заҳириййа” ва “ал-Фавоид аз-заҳириййа”нинг муаллифи ҳисобланади.
5)    “Туҳфат аз-зоирин”да Заҳириддин ал-Бухорийнинг отаси сифатида Аҳмад ибн Умар аш-Шерозий номи билан келтирилади. Бизнингча, бу Аҳмад ибн Амр ибн Мусо ибн Абдуллоҳ ал-Бухорий (тахминан ваф. 396/1006)дир. У Абу Наср ал-Ироқий нисбаси билан шуҳрат қозонган, Самарқанд ва Бухорода қозилик қилган.
6)    Бадиъуддин ал-Бухорий. Уни “Тарихи Муллозода”да Заҳириддин ал-Бухорийнинг отаси сифатида келтирилади. У “Фатовойи Бадиъуддин” ёки “Фатовойи Бухоро” деб номланган асарнинг муаллифи.
7)    “Туҳфат аз-зоирин” ва “Тарихи Муллозода”да Қози Имом Завзан, деб келтирилган. Бизнингча, бу XIV асрда яшаган, Имод ал-ислом лақаби билан танилган ҳанафий фақиҳи, Бухорода қозилик қилган Абдурраҳим ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ас-Садидий аз-Завзанийдир. У Абу Жаъфар ат-Таҳовий (853-933)нинг “Шарҳи Маоний ал-асор” асарини ривоят қилиб, ўқитгани билан танилган. Шунингдек, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Сулаймон аз-Завзаний (ваф. 370/980) ҳам бор. У Хуросон ва Мовароуннаҳрда адолатли қози бўлгани билан шуҳрат қозонган. Уни шофиъийлик мазҳаби вакили сифатида шофиъийлар табақот китобларида зикр этилади. 


                                               Бу Ҳамидуллоҳ Беруний (Аминов Хамидулла) таълиф қилган "Ҳанафийлик фиқҳининг асосий тамойил ва тушунчалари"                                             номли асаридан олинган парча.


9 йил аввал 4194 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фахруддин Қозихон ва унинг илмий мероси
Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихида X —XIII асрлар буюк фақиҳлару мужтаҳид алломалар даври деб эътироф этилади. Бу даврда ҳанафий мазҳабида ёзилган имом ас-Сарахсийнинг " ал-Мабсут", имом Бурҳонуддин Маҳмуднинг “ал-Муҳит давоми...
7 йил аввал 5077 Акмал Икромжонов
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Басра мадрасаси
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди. Куфа ва давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ваҳба аз-Зуҳайлий
1932-мелодий йили Дамашқнинг Дияри атийя шаҳарчасида дунёга келдилар. Оталари Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, Қуръонга қаттиқ амал қилувчи, набавий суннатга ошиқ, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланувчи зот эдилар. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Етти нафар фақиҳ саҳоба
Cаҳобаларнинг умумий сони ҳақида тадқиқотчилар ихтилоф қилганлар. Улар 30 минг нафардан 90 минг нафаргача дейилган бўлса-да, барчалари фиқҳий салоҳиятда тенг эмаслар. Фиқҳий фатво бериш билан шуғулланган ёки давоми...
9 йил аввал 5227 Ҳамидуллоҳ Беруний