Ихтилофчи бемазҳаблар


Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиш турган гап. Жумладан, дийний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат.

Аммо табиий ихтилофлар яхши ният ила уриниш оқибатида келиб чиқади ва яхшилик билан тугайди. Бунга саҳобаларнинг, олим тобеъийнларнинг, жумладан, барча мусулмонларнинг эҳтиромига ва эҳътирофига сазовор бўлган тўрт фиқҳий мазҳабларнинг ихтилофи ёрқин мисолдир. Уларнинг ихтилофи ҳақийқат излаган мужтаҳидларнинг ҳақ йўлдаги ижтиҳоди ўлароқ уммат учун раҳматдир.
Аммо биз ихтилофчи деб атаётган кимсалар, ихтилофни ўзларига касб қилиб олган шахслардир. Уларнинг умматнинг ичидан ихтилоф чиқаришдан бошқа ташвишлари ҳам, ишлари ҳам йўқ. Мужтаҳидлик даражасининг яқинига ҳам борганлари йўқ. Лекин даъволари оламни тутади. Ўзларидан бошқа барча мусулмонларни хатокорликда, залолатда, Қуръон ва Суннатни тарк қилишда айблайдилар.
Аммо уларнинг ихтилофчиликдан бошқа кўзга яққол ташланиб турадиган белгилари бемазҳабликдир. Гарчи уларнинг ўзлари кўпчиликнинг орасида, танг ҳолда қолганларида, биз мазҳабни тан оламиз десалар ҳам, аслида фаолиятлари бемазҳабликка асослангандир.
Улар Ислом уммати қадимдан ақийда ва фиқҳ масалаларида эргашиб келаётган мазҳабларни инкор қилиш билан бирга ўзлари янги мазҳаб пайдо қилишга ўтганлар.
Албатта, улар таг-туги билан янги мазҳаб тузиш имконига эга эмаслар. Бор мазҳабдан кўп нарсани ўрганганлар, зотан бусиз динимизни ўрганиш ҳам мушкил. Мисол учун, мазкур бемазҳаблар намозни ва бошқа барча ибодатларни мусулмонлар орасида қадимдан тақалган фиқҳий мазҳаблардан бошқача тарзда тақдим қила олмайдилар. Балки ўзлари ҳам ушбу мазҳаблар асосида таълим олган бўладилар. Аммо кейинчалик, бемазҳаблик дардига чалинганларидан кейин, бир-икки масалани рўкач қилиб, мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида йўқ эди, биз мазҳаб эгаларининг айтганига эмас, Аллоҳ ва Расулнинг айтганига амал қилишмиз керак, деган гапни айта бошлайдилар. Бу гапга амал қилишга ўзлари намуна бўлишга уриниб Қуръон ва Суннатдан ўзларича янги ҳукмлар чиқаришга ўтадилар ва хатоларга йўл қўйиб, ихтилофларга сабаб бўладилар. Тўғрироғи, эски бемазҳаблар бу борада хатоларга йўл қўйиб, ихтилофларга сабаб бўлганлар. Ҳозирги бемазҳабларнинг ўзлари озгина гапдан нарсани янгидан айтиш имконига эга эмаслар, эски бемазҳабларнинг гапларини такрорлашдан бошқага ярамайдилар. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, бемазҳаблар мусулмонлар оммасини ҳамма эҳътироф этган улуғ мужтаҳидлар асос солган мазҳабларни тарк этиб, мужтаҳидлик кўчасидан ҳам ўтмаган, қуруқ даъводан бошқа нарсаси йўқларнинг “бемазҳаблик” деган мазҳабига эргашишга мажбурламоқчи бўладилар.
Эътиборли уламоларнинг таъкидлашларича, бемазҳаблар ўзларининг Қуръони Карим ва Суннатдан шарҳий ҳукмларни чиқаришда ўзларининг қадимги маслакдошлари зоҳирийлик мазҳабининг йўлини тутганлар.

Ихтилофларнинг бошланиши

Турли омилларга кўра динимиздан узоқлашган халқимиз, ўтмишда турли бало-офатларга гирифтор бўлди, динимиздан узоқлашгани сари қолоқликка учради, заифликка юз тутди ва ниҳоят, мустамлака асоратида қолди. Худди шу боисдан худосизлар балосига йўлиқди. Ва охир оқибат халқимизнинг бир қисми худосизликка юз тутди. Даҳрий тузум худди шулар ёрдамида юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳдлари билан тиришдилар. Ўша худосизлар томонидан масжидлар вайрон қилинди. Ўша худосизлар томонидан Қуръонлар ёқилди. Ўша худосизлар томонидан уламолар ўлдирилди. Ўша худосизлар томонидан инсоният тарихида мисли кўрилмаган ваҳшийликлар қилинди. Уларнинг бирдан-бир мақсади Исломни йўқ қилиш эди.
Ана шундоқ пайтда ҳам халқ ичидан динини қўлида чўғ тутгандек тутиб қолганлар чиқди. Ҳа, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келганидек, чўғни тутсалар, қўллари куярди. Қўлни асрасалар чўғсиз қолар эдилар. Халқимиз ичидан динини чўғни қўлда тутиб асраб қолгандек асрашга яроқли инсонлар чиқиши эса, ҳаммамиз учун шарафдир. Ҳа, ўша азизлар худосизлар зулмидан, таҳдидидан қўрқмай, ўлимга тик боқиб динимизни асраб қолдилар. Албатта, бу шароитда диний илмларни тўла эгаллаш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Ҳар ким иложини топса, саноқли сураларни бир амаллаб ёд олиб, намозни эплаб ўқиб туриши катта гап эди. Бу ҳолатда динимизни ўрганмоқчи бўлган ҳар бир киши яширинча, тўғри келган устоздан тўғри келган китобни ўқир ва динимиз деганда ўша ўзи ўрганган нарсанигина тушунар эди. Бошқа нарсанинг имкони йўқ эди. Халқимиз ичида динимиз ҳақида гапиришнинг ўзи катта жиноят ҳисобланган вақтлар эсимиздан чиққани йўқ. Бошқа мусулмон юртлар билан алоқа узилган, биз у томонга бормас эдик, улар биз томонга келмас эдилар.
Халқ ичида динимизни ушлаб, намозини ўқиб, рўзасини тутиб юрганлар ниҳоятда оз бўлганлиги аччиқ ҳақиқат. Ана ўша оз сонлилар ҳам кўп қийинчиликлар билан намоз ўқишни ва рўза тутишни ўрганишгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Улар халқи орасида динимизни ўрганишнинг энг кўп тарқалган услубидан фойдаланиб бир амаллаб намоз ўқиш ва рўза тутишни ўрганишган эдилар. Халқимиз эса ибодатларни фақат Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганишар эдилар. Улар мусулмонликни таниганидан бери, унга иймон келтириб, амал қила бошлаганидан бери ибодатлару, шаръий аҳкомларни ана ўша Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганиб, амал қилиб келганлар. Асрлар оша турли шароитларга қарамай, мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан олиб халқ оммаси учун қулайлаштириб қўйилган фиқҳий масалалар худди Исломнинг негизига ўхшаб қолган эди. Айниқса, қийинчилик пайтларда, худосизлар ҳамласига учраб динимизни ўрганиш қийинлашиб қолган кезларда, мухтасар фиқҳий китоблар ва улар асосида уюштириладиган ихчам дарслар катта фойда берар эди. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа омиллар сабабли халқимиз бошқа мазҳаблардаги ҳукмлар қандоқ эканидан хабарсиз қолди. Улар кўпчилик мусулмон халқлари қатори ислом шариатини Ҳанафий мазҳаби орқали ўрганиб, Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳаётига татбиқ қилиб келдилар.
Ақийда масаласида бўлса, жумҳур мусулмонлари, жумладан, тўрт мўътараф фиқҳий мазҳабларга эргашувчи мусулмонлар қатори «Аҳли суннат вал жамоат» мазҳаби ақийдасида мустаҳкам эдилар. Мужтаҳид имомларимиз иттифоқ ила Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан чиқарган ақийдавий масалаларга оғишмай эътиқод қилар эдилар. Бундан бошқа нарса бировнинг хаёлига ҳам келган эмас.
Руҳий тарбия бобида эса, тасаввуфнинг «Нақшбандия» ва «Қодирия» каби тариқатлари тарқалган эди. Кишиларимиз мазкур тариқатлар шайхларидан руҳий тарбия олар эдилар. Бу масалада ҳам ихтилоф, келишмовчилик деган нарсалар бўлган эмасди.
Ҳозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртаклади?

Кейинроқ баъзи ёшлар динимизни ўрганишга киришдилар. Улар ўзларига хос шароитда ўсган эдилар. Бошқа замонда, бошқа шароитда ўсганлари учун бошқача фикрлашлари ҳам табиий бир ҳол эди. Улар юртимизга чет эллардан келиб, таҳсил олган баъзи мусулмон ёшлар билан мулоқотда бўлиб, баъзи янги китобларни ўқиб, таъсирландилар. Ўша чет эллик мусулмон ёшлар албатта динимизни пухта биладиган олим эмас, балки, толиби илм бўлиб турли ижтимоий, фиқҳий ва бошқа оқимларга мансуб эдилар. Улар бизнинг юртимиздан орттирган янги дўстларига Ҳанафий фиқҳидан эмас, ўзлари билган ислом таълимотларидан ўзлари мансуб ташкилот ёки гуруҳ нуқтаи назаридан сўзлаб берар эдилар. Улар келтирган китоблар ҳам бизнинг одамлар учун катта янгилик эди. Одатда у китоблар маълум вақт, маълум жамият ва маълум мақсадни кўзлаб ёзилган бўлади. Ҳамма вақт, ҳамма юрт, ҳамма халқ ва ҳамма шароит учун мос келавермайди. Бизда ана ўша нозик жиҳат тушуниб етилмади ёки тушуниб етишга ҳаракат қилинмади.
Иккинчидан, мазкур ҳолатни тушунтиришнинг имкони ҳам йўқ эди. Исломни ўрганиш мутлақо ман қилинган бўлиб, ҳамма нарса яширинча эди. Бундай ҳолатда ким нима қилаётганини билмай қолиш турган гап. Шундай қилиб, халқ орасида янги-янги фикрлар, гап-сўзлар чиқа бошлади. Ўз-ўзидан мазкур янги фикр ва гап-сўзларга раддиялар ҳам юзага чиқди. Бу орада кекса авлод уламолари билан ёшлар ўртасида баъзи бир тушунчалар бўйича келишмовчиликлар зоҳир бўла борди. «Вафот этган мусулмонлар учун хатми Қуръон қилиб савобини бағишласа, бўладими йўқми? Биров келса, ўтирганлар ўрнидан туриб кутиб олганлари дурустми, турмаганларими?» каби гаплардан бошланган тортишувлар аста-секин улғайиб кетди. Орада уруш-жанжаллар, бир-бирини турли йўллар билан айблашлар бошланди. Сен мутаассибсан, сен фалонийсан, деган айбловлар келиб чиқди. Устозлар бош бўлган ихтилофларга шогирдлар эш бўлдилар. Фалончи оқ китоб ўқиб мулла бўлган, пистончи сариқ китоб ўқиб мулла бўлган, деган гаплар тарқалди. Халқимиз орасида жуда оз сонли диний илми бор кишилар ҳам учга бўлиндилар. Биринчи гуруҳ эски услубни маҳкам тутган кишилардан иборат эди. Иккинчи гуруҳ эса, ёш муллаваччалар номи билан аталар эди. Учинчи гуруҳ расмий рухсат асосида фаолият олиб борувчилар деб аталар эдилар. Ҳар учовларининг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор эди.
ИХТИЛОФЛАРНИНГ АВЖ ОЛА БОШЛАШИ

Кейин қайта қуриш йиллари бошланди. Виждон эркинлиги, диний ҳуррият каби масалалар кўтарилди. Аста-секин масжид қуришга, диний таълимга, диний адабиёт чоп қилишга ва бошқа нарсаларга имкон туғилди.
Чет эллардан мусулмонлар келиши бошланди. Шунингдек, халқимиз ичидан ҳам баъзи кишилар бошқа мусулмон ўлкаларга чиқиб келдилар. Энг муҳими халқимиз оммавий равишда динимизни ўргана бошлади. Аммо у режасиз, тартибсиз ва тайёргарликсиз тарзда амалга ошди. Зотан, бошқа имкон ҳам йўқ эди. Натижада жуда ҳам ғалати бир ҳолат вужудга келди. Толиби илм бор, устоз етишмайди. Ўқувчи бор, китоб етишмайди. Масжид бор, имом етишмайди. Бу эса, ўз навбатида устозлик савиясида бўлмаганларнинг устозлик қилишига, дарслик тариқасида ёзилмаган китобни дарслик қилиб фойдаланишга, имомликка лаёқати йўқларнинг имомлик қилишига олиб келди. Бу ҳолат яхшиликка олиб бормаслиги тезда аён бўлди. Савияси ўзига яраша бўлган «устозлар» савияси ўзига яраша китобларни ўқиб, масала талашишни бошладилар. Ўзлари илмий баҳс юритишни билмаганларидан, шогирдларни ишга солишни маъқул кўрдилар. Шундоқ қилиб арзимаган масалаларда бир оламга татигулик жанжаллар келиб чиқди. Албатта, савияси ўзига яраша бўлган имомлар ҳам жим турмадилар. Улар ҳам четда қолмай, ихтилофларда жонбозлик кўрсатдилар.
Чет эллардан келган азизлар эса бу баҳсга аралашиб, дард устига чипқон бўлдилар. Албатта ҳаммалари эмас. Инсоф ила айтадиган бўлсак, четдан келган кишилар ичида яхши олимлар ҳам бор бўлиб, ҳамма нарсани яхши англаб етишар, ўта фойдали маслаҳатлар ҳам берар эдилар. Аммо бундайлари оз бўлиб, ишлари тиғизлигидан тезда ўз юртларига қайтиб кетишар эди. Асосан, ўз юртида иш топа олмаган, қулай фурсатдан фойдаланиб, мўмай даромад топишга ҳирс қўйган кишилар, собиқ шўролар давлатида ўқиб, ўз юртига қайтиб кета олмай юрган жаноблар эса, турли-туман жамият ва ташкилотларнинг вакили бўлиб олишган эди. У жанобларнинг кўплари ўз юртларида оми саналсалар ҳам, бизга келиб алломага айланиб қолишган эди. Бир думалаб устозларнинг устозига айланиб қолган бу азизлар келган юртлари, кийган кийимлари ва энг муҳими, диний қарашлари билан ўз атрофларига тўпланган ёшларнинг оғизларини ланг очиб қўйишга ҳаракат қилишар эди. Уларнинг ўзлари меҳмон бўлиб турган юрт мусулмонларининг мазҳаби, урф-одати, тарихи ва бошқа омиллари билан ишлари йўқ эди. Агар дин ҳақида қайғурадиган бўлсалар ҳам ўзлари хизматини қилиб, маошини олиб турган тоифа, гуруҳ, жамият ёки ташкилотни рози қиладиган диний қарашларни олдинга сурар эдилар. Шундоқ тарзда чет элдан келган ўша азизлар ўзлари билан турли-туман ихтилофлари-ю жанжалларини ҳам олиб келдилар. Мазкур ихтилоф ва жанжалларни бизнинг юртимизда тарқатишда, айниқса, уларнинг ўлкамиз бўйича масъул қилиб тайинланган чаласавод вакиллари алоҳида жонбозлик кўрсатдилар.
Биринчи навбатда кишиларимиз уларга биздагидан фарқли намоз ўқиётганлари, «Фотиҳа» сурасидан сўнг овоз чиқариб, «омийн» дейишлари, рукуъга кетиш ва қайтиш вақтида қўлини кўтаришлари, имомнинг орқасидан пичирлаб бир нарсаларни ўқишлари ҳақида саволлар беришар эди. Шунда ўша устозлар биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қиламиз, сиз сўраган нарсалар фалон-фалон ҳадисларда келган, афсуски, сизларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилинмас экан, сизларда Абу Ҳанифанинг айтганини қилинар экан, деб бошлар эдилар. Кейин Суннат нималигини, унга амал қилиш зарурлигини, Ҳанафий мазҳабнинг «зарарларини» ва ҳоказоларни тушунтиришга ўтардилар. Атрофдагилар учун бу гапларнинг ҳаммаси янгилик, ўта қизиқарли ва жозибали эди. Аста-секин уларга тақлид қилиш бошланди. Бундан кекса намозхонлар албатта, норози бўлдилар. Улар ота-боболари замонидан келаётган намоз ўқиш услубини осонликча тарк қилишлари маҳол эди. Шу билан бирга, улар нега «омийн»ни овоз чиқариб айтмасликларини, рукуъда қўл кўтармасликларини, имомнинг ортидан қироат қилмасликларини ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳам айни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннатлари эканини тушунтириб бера олмасдилар. Улар бунга ўрганмаган эдилар. Натижада фиқҳий мазҳабга амал қилиш бошқа, Қуръон ва Суннатга амал қилиш бошқа бўлиб кўрина бошлади. Ўзаро норозиликлар тортишувларга, тортишувлар уруш-жанжалларга айлана бошлади. Орага адоват тушди, турли душманликлар бўлди. Охир-оқибат ҳозир васфини қилишга ҳам тортиниб турган ҳолатимиз юзага келди.
Аввал айтиб ўтганимиздек, ушбу сатрларни битишдан мақсад айбдорни топиш эмас, бўлиб ўтган ҳодисаларни бирма-бир таҳлил қилиш ҳам эмас. Бирдан бир мақсад мусулмонлар ўртасида ихтилофлар ва келишмовчиликка сабаб бўлаётган нарсаларни қўлдан келганича баён қилиб бериш холос. Аммо бу ҳолат бизга мазкур ноўрин ихтилофлар юзасидан ўз-ўзимизга баъзи саволларни бериб кўришни ман этмайди.
Келинг, холисона бир ўйлаб кўрайлик. Мусулмонлар ўртасидан чиққан ихтилофлардан ким манфаат кўрди? Ислом душманлари холос. Мусулмонлар-чи, фақатгина зарар кўрдилар.
Бизда мусулмонлар орасида чиққан ихтилофлар янгилик эдими? Йўқ! Бундай ихтилофлар авваллари ҳам чиққан. Ўшанда Ислом умматининг уламолари иттифоқ қилишиб, бу каби ихтилофларнинг олдини олиш учун омма эътироф этган фиқҳий мазҳаблардан бирига эргашмоқ лозим, деган қарорга келган эдилар. Турли ихтилофлардан заҳмат чеккан мусулмон уммати эса, бу қарорни мамнуният ила кутиб олиб, ижмоъи уммат ҳосил бўлган эди. Шундоқ бўлгач, бир хатони яна такрорлаш лозиммиди?
"Ихтилофлар сабаблар ечимлар" китобидан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, "Ихтилофлар ҳақида" китобидан


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Маккаи мукаррама мадрасаси
Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қуръони Карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва дийннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Усулул фиқҳ китоблари
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фатво китоблари ва фатвога масъуллар
Араб тилида «фатво» сўзи «қийин саволга жавоб бе-риш» маъносини англатади.Шаръий истилоҳда эса, сўраган кишига далил асосида шаръий ҳукмни баён қилиб беришга «фатво» дейилади. Биринчи фатво давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳадис ва раъй мадрасалари
Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айти-лишича, гўёки, ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни давоми...
9 йил аввал 5560 fiqh.uz