34-дарс. Фоиз назариялари


Иқтисодий мавзудаги китобларда рибонинг бир нечта назариялар мавжуд. Уларнинг баъзилари рибони оқлашга тегишли бўлса, баъзилари уни чегаралашга тегишлидир. Биз қуйида қонунлаштирилган судхўрликни оқлашга тегишли бўлган назариялардан бир нечтасига тўхталиб ўтамиз.
1. Молни хатарга қўйиш назарияси.

Рибони қонунлашришга уринадиган иқтисодчилар: “Қарз берган киши ўз молини турли хатарларга қўйгани эвазига рибо фойдаси олиши керак, чунки қарздор қарзини тўлай олмаслиги мумкин, бу эса энг катта хатардир”, дейишади.
Бу назариянинг тўғри эмаслигини қуйидаги жавобдан кўришимиз мумкин. Аслида сармоя эгаси ҳар қандай тижорий фаолиятда ҳам ўз молини хатарга қўяди. Аммо қарзнинг хатарлари қарз олган кишининг қарзни инкор қилиши, кечга суриши ёки очиқ бермаслигидан  иборат бўлиши мумкин. Лекин уни ўрнини қоплаш учун сармоядор гаровга мулк олиши ва у фойдадан кўп бўлиши мумкин. Демак бу ерда моддий тарафдан  шахсий зоминлик кафолатлар ила васиқаланади. Тўғри, олаётган фоизи буларга нисбатан оз бўлиши мумкин. Лекин буларни қоплаш учун гаровга олган  насралар турибди.
Бу назарияни даъво қилувчилар, мол берувчининг хатаригагина  эътибор қаратяпти. Лекин мол олувчининг кўрадиган хатари беркитиляпти ёки эътиборсиз қолдирилмоқда. Аслида қарз  олувчи ҳақиқий маънода бўлажак зиённи ўз зиммасига олади. Шундай экан нима учун мол олувчи молнинг зарарини тўлаш билан ишнинг зарарини ҳам зиммасига олиши керагу, мол берувчи эса ўз молининг зарарини ҳам зиммасига олмаслиги  керак?!
Аслида ҳар икки тараф ўзининг ҳиссасига яраша хатарни зиммасига олиши лозим. Ана шунда иш адолатли бўлади. Ишчи ишга куйиб қолиш хатарини зиммасига олсин, мол эгаси молга куйиб қолиш хатарини зиммасига олсин.
Ушбу назарияни насия савдосига татбиқ қилиш мумкин. Лекин қарз беришда ҳеч қандай молиявий фойда кўзланмаслиги даркор. Аммо насия савдосида хатарнинг муқобаласига фойда кўриш имконияти бор.  Худди шунингдек замонни муқобилига ҳам фойда кўриш мумкин. Хатар ва замон юқорида кўрганимиздек икки хил нарсадир.
2.Самарага эришиш назарияси.
(Қарзнинг фойдаси ва ердан чиқадиган даромад).
Мана шу назариянинг айрим соҳиблари айтадиларки:
“Сармоя ишлаб чиқаришнинг омилидир. Унинг самараси бўлиши керак. Ер эгаси ҳам ерини ижарага қўйиб у ерда ўзи ишламай даромадга эришади. Бас шундай экан, нима учун энди пулини қарзга берувчи фойда олмаслиги керак? Биз пулни қарзга бериб туриб устига фоиз олишга рухсат бермасак, одамлар қарз бермай қўяди. Уни ўрнига бир миқдор ер сотиб олсамда, ўшани ижарага қўйсам, у ердан менга пул тушади дейди. Демак мана шу ердаги кўчмас мулкдан тушаётган фойда, пулдан тушадиган фойдага ўхшаган бўлиши керак”.

Бу назариянинг заиф эканини  исботлаш қийин эмас. Агар биз фуқоҳаларимизнинг ерни ижарага бериб бўлмайди деган сўзларини оладиган бўлсак, бунда мол ва  кўчмас мулк даромадининг ҳукми бир хил бўлиб қолади. Баъзи қадимги фуқаҳолар ерни ижарага қўйишни жоиз эмас дейишган. Балки ерни шерикчиликка бериш керак. Ана шунда қарзга бериладиган пуллар ижарага бериладиган ерларга ўхшаб қолади. Бу ерда аниқ, собит даромад йўқ. Шерикчилик бор холос. Шундан келиб чиқиб қарзга берилган нақд пуллардан фоиз олиш тўғри бўлмайди, балки шерикчилик қилиш жоиз бўлади. Ерни ҳам ижарага бериш дуруст бўлмай, балки шерикчилик қилиш тўғри бўлади.
Агар фуқаҳоларимизнинг  ерни ижарага бериш жоиз деган сўзларини оладинган бўлсак, хусусан ер табиий ҳолда ўзлаштирилмаган бўлса, унга ҳеч қандай ишлов берилмаган  ёки пул сарфланмаган бўлса, унда ушбу назарияни инкор қилишимиз қийинлашади.
3. Истеъмол қилиш назарияси.
Бу назариянинг баъзи соҳиблари айтадики, қарз бериб туриб устига фоиз олишлик, молни ишлатгани эвазига олинадиган нархдир. Шунингдек агар мол истеъмолчилик мақсадларига  ишлатилса, унга қўйилган фоиз фойдаси унинг ажри (яъни иш ҳақи) ҳисобланади.
Жавоб шуки: Мол ишлаб чиқариш ёки истеъмолчилик мақсадида ишлатилса ҳам унинг манфаати борлигини инкор қилиб бўлмайди. Лекин биз ирода қилаётган нарса шуки, қарздан хатарни зиммага олмай фақат фойдани кўзлаш нотўғри тушунчадир. Қарз олувчининг эҳтимолли фойдасини баҳона қилиб, юз фоиз кафолати бор фойдага ўзини уриш адолатсизликдир. Рибонинг ҳаром қилиниш ҳикматида биз буни айтиб ўтган эдик.
4.Сармояни ишлаб чиқаришга ишлатиш назарияси.
 Бу назарияни эгалари айтадиларки:
“Сармоя ишлаб чиқарувчи омили, ишлаб чиқаришнинг асосий унсуридир. Биз уни ёрдами ила ишлаб чиқаришимизни зиёда қиламиз. Ва шунинг учун ҳам қарзга берилган молдан фойда олиш мумкин бўлади”.
Бу гапнинг раддиясига шундай дейилади:
“Сармоя нақд пул ёки буюм сифатида бўлиши мумкин. Уруғга ўхшаган нарсалар ҳам сармоянинг туридандир. Сармоя яна асбоб ускуна бўлиши ҳам мумкин. Асбоб-ускуналар ёки ижарага бериладиган мол-мулклардан ижарага қўйиб собит бир ҳақ олса бўлади. Лекин уруғ ёки нақд пуллар агар қарзга берилса унинг хатарини ким зиммасига олиш керак? Тўғри, булар фойда беришга ҳисса қўшади, буни инкор қилиб бўлмайди. Лекин фойда бўлмаслиги ҳам мумкинку!. Фойда бўлса пул ёки буюм шаклида ҳам бўлиши мумкин. Сарфлаган пули қилган даромадини қопламайдиган бўлиб қолиши ҳам мумкин”.
Абу Аъла Мавдудий шундай дейди:
“Фойдани жалб қилиш сармоянинг ўзида бор сифатдир, деган даъво нотўғридир ”. (Сармояни ўзида фойдани жалб қилиш сифати йўқ).
Сиддиқий айтади:
“Бозордаги кўриниб турган қиймат бу нақд сармояга тегишли бўлган сифатлардан эмас ”. (Демак сармоя борки, фойда бор деган гап нотўғри).
Гарчи ушбу назария ишлаб чиқаришни  молиялаштиришга айтилсада, лекин истеъмол учун олинган қарзга бу назария тўғри келмайди. Чунки истеъмолчининг олган қарзидан фойда кўришлиги йўқ даражада.
Агар ушбу назария сармоя ишлаб чиқарувчи фойдага эга деган фикрга асосланган бўлса, унда фойданинг қанчалигини  очиқ-ойдин айтсин. Агар фойда чиқмай қолса нима бўлади? Фахриддин Розий ўзларининг тафсирларида рибо нима учун ҳаром қилингани ҳикматини баён қилишда ушбу саволни ўртага ташлаб, унга жавобни ҳам ўзлари айтганлар:
“Нима учун сармоя қарз олувчининг қўлида маълум муддат қолиши эвазига фойда келтириши керак? Чунки, агар сармоя ўша муддатда ўз эгасининг қўлида турганида уни тижоратга ишлатиб фойда топиши мумкин эди. Энди тижорат қилмасдан молини қарздорнинг қўлига бериб қўйгандан кейин, қарздордан молни эгасига қайтариб бераётганида фойдани олиш керак. Чунки унинг молидан фойдаланиб унинг эвазига ҳеч нарса бермаса тўғри бўладими?
Бунинг жавоби шуки:
“Сизлар фойда деб айтаётган нарса  аслида номаълумдир. Гоҳ фойда ҳосил бўлса, гоҳ бўлмаслиги ҳам мумкин. Қарз эвазига олинаётган фойда эса аниқ. Номаълум  нарсага аниқ нарсани тенглаштириб бўлмайди ”.
“Шубҳа йўқки, мол эгаси ўз молини бошқа бир одамга бериб турганда зарар кўради. Энди шу зарарни эвазини олиш керак”, дейилса:
“Олинаётган фойда ҳам қарздорга зарар-ку!?”, дейилади. Демак зарарнинг эвази зарар бўлмоқда. Манфаат ва адолат қонуни эваз шерикчилик асосида бўлишини  тақозо қилади. Шунда зарар йўқолиб, манфаат юзага чиқади.
5.Замон назарияси.
Бу назарияни эгалари:
“Қарзни устига фойда олиш замон эвазига олинадиган ҳақдир. Гоҳида буни интизорлик ҳаққини олиш, дейилади”, дейишади.
Бу назарияни насия савдосига ишлатса бўлади. Лекин қарзга ишлатиш дуруст эмас. Чунки қарзни фойдага берилмайди. Лекин насия савдосида замон муқобилиги фойда олиш мумкин. Аммо қарзда замон муқобилига фойда олинса бу рибо бўлади. Чунки бунда ҳеч қандай хатарсиз фойда кўзланмоқда, бу  эса бир неча сабабларга кўра қабул қилинмаган амалиётдир ва унинг баёнини аввалги ўтган дарсларда кўрдик.
6. Замон афзаллиги назарияси.
Бу назарияни айтувчилар қуйидаги фикрни олға суришади:
“Қарз эвазига олинадиган фойда яъни рибо нақд билан насия ўртасидаги қийматдир. Насиянинг нақддан кўра қиймати оз бўлади. шу сабабли инсонлар нақдни насиядан афзал кўришади. Қарз нақдни насияга алмаштиришдир. Шундай бўлгач қарз берувчи ўртадаги фарқнинг қийматини олишга ҳаққи бор”.

Ушбу назария ҳам юқорида айтганимиздек насия савдосига тўғри келиши мумкин. Лекин қарзда фойда аниқ  бўлмагани учун бу назарияни айнан қарзга қўллаб бўлмайди.  Қарзда фойда йўқ. Аммо насия савдосида вақт эвазига фойда кўриш мумкин. Фуқаҳоларнинг далиллари бу хусусда иқтисодчилар далилларидан фарқ қилмайди. Чунки фиқҳий қоидаларда кўриб ўтдикки, шубҳасиз замоннинг нархда хиссаси бор. Фақат бу қоида насия савдосига тегишли бўлиб, уни қарзга татбиқ қилиб бўлмайди.
7. Нақд пулларнинг афзаллиги назарияси.
Бу назарияга кўра:
“Нақд пуллар сарф-харажатсиз келажакда воқеъ бўладиган ёки тўсатдан содир бўладиган эҳтиёжлар учун сақлаш мумкин бўлган бойликлардир. Ушбу нақд бойликдан бир муддат кечиб туриш эвазига фойда олиш жоиз бўлади”.

Бу назарияни нақд пулларда тўғри тушунсакда, лекин буғдой, арпа каби молларда бу тушунча чигаллашади. Ушбу молларни ҳам қарз берилганда таназзул вужудга келади. Нима сабабдан назария мантиғига кўра нақд пуллардан фойда олинади-ю, лекин бошқа шаклдаги бойликлардан фойда олинмайди? Эҳтимол бу назарияни молни сақлаб туриш афзаллиги эвазига нақд пулларни сақлаш афзаллиги деб ҳам юритилса бўлар. Нима бўлганда ҳам нақт пулларнинг афзаллиги эвазига бирор талофатни зиммага олмай фойда талаб қилиш адолатдан бўлмайди...
8. Меҳнат назарияси: Сақлаб берганлик ҳаққи.
Бу назария соҳиблари:
“Молни сақлаб туриш эвазига ойлик берилганидек, уни тўплаган киши бошқа кишига қарз берганида ундан фойда олиши жоиз. Молни сақлаш ҳам бир ишдир. Унинг ойлигини бериш лозим”. Ушбу назарияга яқинроқ бир неча бошқа қарашларни ҳам келтириш мумкин. Пулни ишлатмай ёки ниҳоятда кам ишлатиб сақлаб туриш бир маънода хизматдир. Унинг мукофоти яъни эвази бўлиш лозим. Қарзга олинган фойда мана шу ҳақдир”.

Бу назарияга қарши фуқаҳоларимиз шундай дейишади:
“Иш ишлаб чиқариш унсури бўлганидек, мол ҳам ишлаб чиқаришнинг унсурларидандир. Лекин иш билан молнинг табиати бир хил эмас. Иш эвазига ойлик олиш жоиз ва яна шерикчиликка қўшилиб фойдадан ҳиссадор бўлиш ҳам мумкин. Мол ҳам шерикчиликда иштирок қилиб, фойда келтириши жоиз, лекин мол эвазига ойлик талаб қилиб бўлмайди. Чунки қарз берилган молнинг эвазига ҳақ талаб қилинса, унинг эҳтимолий зиёни қарздорнинг бўйнига тушиб қолади. Бу эса ўзи муҳтожликдан қарз олган тарафни яна муҳтожликка тушуришга уринишдир”.
Эҳтимол бу назарияни қўллагувчилар:
“Агар нақд пулларни сақлаганлик эвазига мукофот бермасак, одамлар нақд пулларни сақлаб, уни қарз бериб туришдан юз ўгиришади”, деган баҳонани ҳам келтиришлари ҳам эҳтимол.
Пулни сақлаб туриш қарз сўраганларга бериш учун бўлиши мумкин. Лекин пулни сақлаш учун бу омил ягона ёки биринчи туртки эмас. Пул сақлаш фақат қарз бериб ундан фойда олиш учунгина бўлмайди, балки қарз беришдан кўра аҳамиятлироқ бир неча сабаблар ҳам бор. Киши кексаликда ишлатиш учун ёки тасодифий мушкулотларни олдини олиш учун, турмуш тарзини ошириш, янги маскан сотиб олиш, уй асбоб-анжомлари ҳарид қилиш кабилар учун ҳам пулни жамғарилади. Бойликни тўплаб меросҳўрларга қолдириш ҳам пулни жамғаришнинг турткиларидандир. Яна сақлаб турилган пулдан фақат қарз орқали эмас, балки шерикчилик йўлида фойда жалб қилиш ҳам мумкин. Шундай экан бу назария билан рибони оқлаш тўғри эмас.
9. Тўпланиб қолган иш назарияси.
Бу назарияга мувофиқ мол йиғилиб тўпланиб қолган амалдир  ёки  бевосита амал бўлмасада, билвосита амалдир. Биз натижага ёки натижани келтириб чиқарувчига кўра фойда ҳосил қиламиз. Мол кам бўлиши билан амал кўпаяди, амал кўпайиши билан мол озаяди. Яъни муайян чегарада бирининг ўрнига иккинчисини ишлатиш мумкин бўлади, дейишади.
Бу назарияга ҳам фуқаҳоларимиз эътироз билдириб шундай дейишади: “Тўпланиб қолган амал (мол) бевосита амалнинг табиатидан мутлақ фарқ қилади. Шу сабабли булардан фойда ҳосил қилиш лойиҳалари ҳам бир-бирига тўғри келмайди. Бевосита амал учун ойлик олиш ва шерикчилик эвазига фойдадан ҳиссадор бўлиш мумкин. Билвосита амал учун эса, шерикчилик фойдаси дуруст бўлса-да, лекин ойлик талаб қилишлик тўғри бўлмайди.
Бу назарияда сармояни ишга ўхшатиш бор. Уни қўлловчилар меҳнат эвазига ойлик олиш мумкин бўлганидек сармояга ҳам ойлик олиш жоиз дейишмоқда. Бу гап иш сармоядан устун бўлган асрга тегишлидир. Аммо бугун ҳаммага маълумки, сармоя ишлаб чиқаришнинг асосий унсурига айланди. Булар бўлса ишни сармояга тенглаштиришмоқда. Шу сабабли “راس مال بشري” дейишмоқда. Яъни инсоний сармоя, Human capital.
10. Нодирлик назарияси.
“Сармоя нодир манбадир. Агар сармоядан фойда талаб қилинмаса, уни қарз оладиган талабгор ниҳоятда кўпайиб кетади. Нодир манбаларнинг қиймати ёки масъулияти бўлади. Аммо эркин манбаларда бу нарса йўқ. Сармоя эркин манба эмас, балки нодир манба ҳисобланади”.
Бунинг раддияси қуйидагичадир. Сармоядан қарз эвазига фойда талаб қилинмаса-да, лекин шерикчиликка қўйилганда фойдадан ҳиссадор бўлинади. Агар сармоя нодир манба деб эътироф қилинмаганида эди шерикчиликка тикилганда ҳам, уни фойдага ҳиссадор қилинмас эди. Шу сабабдан мол эгаси ишлаб чиқаришдаги масъулиятга шерик ўлароқ фойдани олиш ҳаққини ҳам қўлга киритади. Иқтисодий ишлаб чиқаришнинг масъулиятлари фақатгина сармояни ишлатиш, тижорат қилиш, фойда ва зарарларни ҳисоботидан иборат эмас. Буларга қўшимча иш юритувчи ва сармоядорнинг иштирокидан ҳосил бўлган фойдани тарқатиш ҳисоботи ҳам киради.
11.Суғурта назарияси.
Бу назарияни тўғри дегувчилар:
“Сармоядорнинг шерикчиликдан оладиган фойдаси рибо фойдасидан кўп бўлади. Қарз берувчи оз фойда эвазига ўз маблағини суғурталамоқда. Ҳудди қарз олувчи қарз берувчига: “Зарарни зиммамга оламан, буни эвазига фойданинг озини бераман”, деган бўлади”, дейдилар.
Бунга жавобан: “Шерикчиликдан кўриладиган фойда аниқмас, балки баъзан зарар ҳам юзага чиқади. Шундоқ экан юқоридаги фикр ўзини оқламайди. Қарз берувчи фойданинг қанчасига ҳақдор эканлигида шакка тушиб қолади. Шунга кўра шерикчилик фойдаси рибо фойдасига айлантиб қолмоқда. Хатарни илова қилиб, таназзул муқобилига фойда талаб қилиш қаноатлантирадиган фикр эмас. Бошқача қилиб айтганда, ушбу суғурта ёки зоминлик жоиз эмас. Чунки сармоя доим хатарга муқобил бўлиши лозим. У зоминлик кафолатига эга бўлмаслиги керак. Бу ўринда барча хатарни қарздорнинг бўйнига юклаб қўйиш дуруст бўлмайди.

Рибо назарияларига умумий танқид.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Исломда иш учун ойлик таъйин қилиш ёки ишни фойдага ҳиссадор қилиш ҳам жоиздир. Сармоя агар ишлаб чиқариш асбоблари шаклида бўлса, унга ҳам ойлик таъйинлаш дуруст бўлади. Агар сармоя нақд пул шаклида бўлса савдо фойдасига ҳиссадор бўлиши мумкин, лекин у учун ойлик таъйин қилиш  жоиз эмас. Рибо назарияларининг ҳаммасини жамлаб қарасак, уларда сармояга фойда таъйин қилишни оқлаш кўринмоқда, лекин шу билан бирга бу назариялар соҳиблари унинг аниқ бир шаклини кўрсатиб бера олишмайди. Фойда нима учун ишлаб чиқаришнинг фойдаси шаклида бўлмаслиги керак? Ушбу саволга юқоридаги назарияларнинг бирортаси тўла жавоб бера олгани йўқ. Ушбу капиталистик тузумнинг назариялари сармоянинг ҳар қандай фойдасини мутлақ ҳаром деган социалистик тузум назарияларига қарши туриб бериши мумкин. Лекин бу назариялар Ислом иқтисодига қарши тура олмайди. Исломда қуруқ қарзга фойда олиш ҳаром қилинган. Насия савдосидаги фойдага ва шерикчиликда иштирок этган сармоядан фойда кўрилса шу фойдадан ҳисса олишга ижозат берилган.

Судҳўрлик назарияларининг манфаати борми?

Ушбу назариялар таҳлилий назариялар бўлиб, капиталистик тузум қарашларининг социалистик тузум қарашларига қарши қўллашда фойда бериши мумкин. Лекин бу назариялар тарафдорларининг  даъволари ўзларининг наздида тўғри бўлса ҳам биз мусулмонларга унинг манфаати йўқдир. Улар сармоянинг турли шаклига муносиб фойдани бера олиш назариясига муҳтож бўлиб қолаверадилар. Биз мусулмонлар қарзга фойда олиш керак деган қарашни савоб олади деган маънода, насия савдосидаги фойда маъносида, яна сармоя иштироки  билан ҳосил бўлган фойдага шерик бўлиш маъносида тушунтириш учун фойдалансак бўлади. Лекин сармоянинг турли шаклига хоҳлаган шаклдаги фойдани собит қилишни оқлаш манфаатсиз тушунчадир.
Исломий фиқҳда юқоридаги назариялар мазмун жиҳатидан машҳурдир. Булардан хатарга қўйиш назарияси, нақд пулни афзаллиги назарияси, сармояни ишлаб чиқаришга қўйиш назарияси, нодирлик назарияси, булар ичида энг машҳури замоннинг афзаллиги назариясидир. Бу назария энг муҳим ва энг тараққий этган назариядир. Фуқаҳоларимиз замоннинг қиймати тўғрисида қадим замонлардан бери айтиб келишмоқда.
“Замоннинг нархда ҳиссаси бор”, “Тез бериш кейин беришдан яхшироқдир”, “Нақд билан насиянинг миқдори тенг бўлса нақд афзалдир”... ва ҳоказолар .


1 йил аввал 2973 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Даллоллик
Савол: Зайд даллол Умарга: «Мен сенинг машинангни Бакрга сотиб, ўн минг бераман, неча пул қолса, қолгани меники», дейиши, Умар шунга рози бўлса, Зайд машинани ўн икки мингга сотиб, ўн мингни Умарга бериб, давоми...
4 йил аввал 1404 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Товар нархига устама қўйиш
Шу ўринда ҳалқ орасида оммавий тарқалиб кетган бир муомалага эътибор қаратишимиз лозим. Унинг суврати қуйидагичадир:Сотувчи харидорга машинани пулини бир йил давомида тўлашга сотади. Агар харидор бир йилда давоми...
2 йил аввал 2232 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Китоб ва суннат асосида рибонинг зарарлари
بسم الله الرحمن الرحيم Шак йўқки рибо мавзуси, унинг зарарлари жуда аҳамиятлидир. Ҳар бир мусулмон ундан узоқ бўлиши учун унинг ҳукмларини ва турларини билиши лозим. Чунки рибо билан давоми...
2 йил аввал 4604 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Оилавий муомала
Савол: Оилавий жамғарилган пулни отамиз бир кишига маълум бир фойда эвазига шерикчиликка берди. Мен эса, бу судхўрлик деб, унга қарши чиқдим. Айтингчи, шундай қилишимиз жоизми? Жавоб: Отангизни бу иши оқилона давоми...
4 йил аввал 4402 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
33-дарс. Рибо ҳийлалари
Аллоҳ таоло айтади: “Ва Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган”.Аллоҳ таоло судҳўрликни ҳаром қилди ва судҳўрлар учун рибони очиқ-ойдин ейиши мумкин бўлган барча эшикларни беркитди. Шунинг учун ҳам судҳўрлар давоми...
2 йил аввал 2769 fiqh.uz