Фаришталар


Фаришталарга ишониш иймон арконларидан бўлиб, инсон уларга иймон келтирмагунча мўмин бўлмайди. Фаришталарга иймон келтириш ақийдамиз арконларидан бири эканига далиллар:

Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида шундай дейди:

 آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مِن رَّبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللّهِ وَمَلآئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لاَ نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّن رُّسُلِهِ

«Расул унга ўз Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Ҳар бирлари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига иймон келтирдилар. «Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз», дедилар» (285-оят).

Шу сурадаги бошқа бир оятда эса:

 وَلَكِنَّ الْبِرَّ مَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَالْمَلآئِكَةِ وَالْكِتَابِ وَالنَّبِيِّينَ

«Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган киши дадир», деган (177-оят).

Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида:

وَمَن يَكْفُرْ بِاللّهِ وَمَلاَئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَقَدْ ضَلَّ ضَلاَلاً بَعِيدًا

«Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, бутунлай залолатга кетибди», деган (136-оят).

Бас, Аллоҳ таоло ушбу жумлага иймон келтиришни шаръий эътибордаги иймон қилди. Ушбу жумлага иймон келтирганларни «мўмин» деб номлади. Шунингдек, ушбуга куфр келтирганлар «кофир» деб номланадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилнинг ҳадисида жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

«Иймон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ҳамда яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг».

Аллоҳ таоло фаришталарга иймон келтиришни Ўзига, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, қиёматга ва қазои қадарга иймон келтириш билан бир сафда қўйганига эътибор бермоғимиз лозим.

Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига иймон келтириш лозим.

Фаришталарнинг сифатлари

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда фаришталарнинг сифатлари ҳақида бир қанча оятлар нозил қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида фаришталар ҳақида сиз билан бизга керакли маълумотларни берганлар. Биз ўша сифатларга иймон келтирмоғимиз керак.

1. Имом Муслим Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Фаришталар нурдан яратилгандирлар. Жинлар оловнинг тутунидан яратилгандир. Одам сизга васф қилинган нарсадан яратилгандир», деганлар.

Фаришталар нурдан яралганини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Уламолар: «Фаришталар нурдан яратилганлари учун ҳам, нурнинг тезлиги ҳаддан зиёд бўлганидан ҳам кўзга кўринмайдилар», дейишади.

2. Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида:

 لَّن يَسْتَنكِفَ الْمَسِيحُ أَن يَكُونَ عَبْداً لِّلّهِ وَلاَ الْمَلآئِكَةُ الْمُقَرَّبُونَ

«Масиҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмаслар», деган (172-оят).

Бу оятдан улкан бир ҳақиқат англаб олинади.

Ушбу ояти каримада дунёдаги ҳамма-ҳамма – Ийсо алайҳиссалом ҳам, Аллоҳга яқин (муқарраб) фаришталар ҳам Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортмасликлари таъкидланмоқда.

Бундан фаришталар Аллоҳ таолога ибодат қилиши ва Унга яқин бўлганлари ҳам борлигини билиб оламиз.

3. Аллоҳ таоло "Таҳрим" сурасида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар», деган (6-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашни буюрмоқда.

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг».

Мазкур ўтдан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади.

Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони – унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир.

«Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».

Улардан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Шу билан бирга, мазкур фаришталар Аллоҳ таолога мутлақ итоатдадирлар, нима амр қилса, ўшанга оғишмай амал қиладилар. Булар ҳам фаришталарнинг муҳим сифатларидандир.

4. Аллоҳ таоло "Анбиё" сурасида:

وَقَالُوا اتَّخَذَ الرَّحْمَنُ وَلَدًا سُبْحَانَهُ بَلْ عِبَادٌ مُّكْرَمُونَ ۝  لَا يَسْبِقُونَهُ بِالْقَوْلِ وَهُم بِأَمْرِهِ يَعْمَلُونَ۝

«(Мушриклар) «Роҳман фарзанд тутди», дейишди. У Зот покдир. Йўқ! Икром этилган бандалардирлар. Ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар», деган (26-27-оятлар).

Турли замон мушриклари Аллоҳнинг фарзанди бор, деб ҳар хил нотўғри эътиқодда бўлганлар. Яҳудий мушриклар «Узайр Аллоҳнинг боласидир», деганлар. Насоро мушриклар: «Масийҳ Аллоҳнинг боласидир», деганлар. Араб мушриклари эса «Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир», деганлар. Ҳа, мушриклар Аллоҳга боласи борлик нисбатини бердилар.

«Роҳман фарзанд тутди», дейишди».

Бу оятда гап араб мушриклари ҳақида кетмоқда. Улар: «Аллоҳ фаришталарни ўзига қиз қилиб олди», дедилар.

«У Зот покдир».

Аллоҳ бу нуқсондан покдир. Ўзига фарзанд тутиш эҳтиёжи инсонда бор. Аллоҳда йўқ. Бу иш Аллоҳ учун нуқсон ҳисобланади. У эса бундан покдир.

«Йўқ! Икром этилган бандалардирлар».

Йўқ, мушрикларнинг гапи нотўғри. Фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмас, балки икром этилган бандаларидир.

«Ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар».

Фаришталар шунчалик одобли, шунчалик итоатли, шунчалик Аллоҳни улуғлайдиларки, ҳатто Унинг олдида бирор оғиз сўз айтишга ботинмайдилар. Фаришталар Аллоҳ нима амр қилса, сўзсиз амалга оширадилар.

5. Аллоҳ таоло "Фотир" сурасида:

 الْحَمْدُ لِلَّهِ فَاطِرِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ جَاعِلِ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا أُولِي أَجْنِحَةٍ مَّثْنَى وَثُلَاثَ وَرُبَاعَ يَزِيدُ فِي الْخَلْقِ مَا يَشَاء إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

«Осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. (У Зот) махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир», деган (1-оят).

Дунёдаги барча ҳамду сано, мақтов-олқиш

«...фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга» хосдир, муносибдир.

Фаришталар Аллоҳ яратган ўзига хос зотлардир. Бошқа оятларда уларнинг табиатлари, адо этадиган вазифалари ва бошқа хусусиятлари ҳақида сўз юритилган. Бу оятда улар жисмоний тузилишларининг бир қисми, яъни икки, уч, тўрт қанотли бўлишлари ҳақида сўз бормоқда. Биз «қанотли махлуқот» деганда қушларни тушунамиз. Уларда иккита қанот бўлади. Аммо фаришталар ичида иккитадан кўп қанотлилари ҳам бўлар экан. Лекин фаришталарнинг асл тузилишларини Аллоҳнинг Ўзи билади.

Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасида элчилик вазифасини ўтаган Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтириб турган. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли ҳолатларда кўринган.

Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломни асл хилқатларида икки марта кўрганлар.

Биринчи марта Ҳиро ғоридан тушиб келаётиб, водийда қанотлари билан осмонни тўсиб турганида кўрганлар.

Иккинчи марта Исро кечасида кўрганлар. Ўшанда олти юзта қаноти борлиги, ҳар бир қаноти мағриб билан машриққа етиши айтилган. Бундан фаришталар фақат икки, уч, тўрт қанотли эмас, ундан кўп қанотли ҳам бўлишлари келиб чиқади. Оятда қанотлар сони чегараланаётгани йўқ, балки уларнинг кўп бўлиши айтиляпти. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида:

«(У Зот) махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур», дейилмоқда.

6. Аллоҳ таоло "Марям" сурасида:

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ مَرْيَمَ إِذِ انتَبَذَتْ مِنْ أَهْلِهَا مَكَانًا شَرْقِيًّا ۝  فَاتَّخَذَتْ مِن دُونِهِمْ حِجَابًا فَأَرْسَلْنَا إِلَيْهَا رُوحَنَا فَتَمَثَّلَ لَهَا بَشَرًا سَوِيًّا

«Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанида ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганида унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди», деган (16-17-оятлар).

Яъни «Эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Унинг ғаройиб қиссасини зикр эт».

Қисса қуйидагича:

«У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанида ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганида...»

Байтул Мақдисда яшаётган озода, бокира, тақводор қиз Марям қавмидан ажралиб, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди. Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Эҳтимол, бўйи етган қизларга хос, биров сезиши мумкин бўлмаган сирли иши бордир. Хуллас, ўша ерга чиқиб, ўзи ва қавми орасида тўсиқ олди. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Шунда «унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди».

Яъни фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади. Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.

Демак, фаришта турли инсонлар шаклига кириб кўриниши мумкин экан.

Жаброил алайҳиссалом одам шаклида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганларида, асосан Диҳятул Калбий исмли саҳобийнинг суратларида келганлар.

Аммо баъзи ҳадисларда ҳеч ким танимайдиган одам шаклида келганлари ҳам ривоят қилинган.

Фаришталарнинг вазифалари

Қуръони Каримда фаришталарнинг баъзи вазифалари ҳақида маълумотлар келган. Биз учун бу масалада ояти карималар асосий манбадир. Келинг, мазкур оятлардан баъзиларини ўрганиб чиқайлик.

1. Фаришталар Аллоҳ таолонинг каломи ва ҳукмини У Зотнинг бандаларига етказиш вазифасини бажарадилар.

Аллоҳ таоло "Шуаро" сурасида:

نَزَلَ بِهِ الرُّوحُ الْأَمِينُ ۝  عَلَى قَلْبِكَ لِتَكُونَ مِنَ الْمُنذِرِينَ ۝

«Уни Руҳул Амийн олиб тушди сенинг қалбингга, огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун. Очиқ-ойдин араб тилида», деган (193-194-оятлар).

Ушбу ояти каримадаги «Руҳул Амийн» деганда Қуръони Каримнинг бошқа жойларидаги каби, фаришта Жаброил алайҳиссалом назарда тутилмоқда; «огоҳлантирувчилардан» дегани эса «пайғамбарлардан» деган маънони билдиради.

Яъни «Эй Муҳаммад, Қуръонни Жаброил сенинг қалбингга пайғамбарлардан бўлишинг учун равшан араб тилида олиб тушди».

Аллоҳ таоло "Ғофир" сурасида:

 رَفِيعُ الدَّرَجَاتِ ذُو الْعَرْشِ يُلْقِي الرُّوحَ مِنْ أَمْرِهِ عَلَى مَن يَشَاء مِنْ عِبَادِهِ لِيُنذِرَ يَوْمَ التَّلَاقِ

«У даражаси юксак, арш эгаси бўлган Зотдир. У Ўз амри ила бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мулоқот кунидан огоҳлантириши учун руҳни туширур», деган (15-оят).

Аллоҳ таоло даражаси юксак Зотдир. Унинг даражасига яқин келадиган ҳеч бир зот йўқдир. Аллоҳ таоло Арш эгасидир. Шунинг учун ҳаммадан устун ва ҳаммага ҳукмини ўтказувчидир. У Зот нимани хоҳласа, шуни қилади. Унинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди.

«У Ўз амри ила бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мулоқот кунидан огоҳлантириши учун руҳни туширур».

Мулоқот – учрашув кунидан мурод қиёматдир. Руҳдан мурод эса ваҳий ва уни олиб келувчи фариштадир. Даражаси юксак, Аршга эга бўлган, хоҳлаган ишини қиладиган Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандасини пайғамбар қилиб, танлаб олади. Ўша бандага руҳни – ваҳийни туширади.

Мутавотир ҳадисларда ваҳийни олиб тушиш вазифаси фаришталарнинг улуғларидан бири Жаброил алайҳиссаломга топширилгани таъкидланган.

2. Фаришталар Аршни кўтариб туриш вазифасини адо этадилар.

Аллоҳ таоло "Ал-Ҳааққо" сурасида:

 وَالْمَلَكُ عَلَى أَرْجَائِهَا وَيَحْمِلُ عَرْشَ رَبِّكَ فَوْقَهُمْ يَوْمَئِذٍ ثَمَانِيَةٌ

«Ва фаришталар унинг атрофида ва ўша Кунда Роббингнинг Аршини саккизтаси кўтариб турадир», деган (17-оят).

Яъни Аллоҳнинг Аршини саккизта ёки саккиз турли фаришталар кўтариб турадилар.

3. Фаришталар жаннат ва унинг аҳлининг хизматини қилиб турадилар.

Аллоҳ таоло "Зумар" сурасида:

وَسِيقَ الَّذِينَ اتَّقَوْا رَبَّهُمْ إِلَى الْجَنَّةِ زُمَرًا حَتَّى إِذَا جَاؤُوهَا وَفُتِحَتْ أَبْوَابُهَا وَقَالَ لَهُمْ خَزَنَتُهَا سَلَامٌ عَلَيْكُمْ طِبْتُمْ فَادْخُلُوهَا خَالِدِينَ

«Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» дедилар», деган (73-оят).

Ушбу ояти каримадаги жаннатнинг қўриқчилари фаришталардан бўлиб, улар «хазана» деб аталади.

Аллоҳ таоло "Раъд" сурасида:

 جَنَّاتُ عَدْنٍ يَدْخُلُونَهَا وَمَنْ صَلَحَ مِنْ آبَائِهِمْ وَأَزْوَاجِهِمْ وَذُرِّيَّاتِهِمْ وَالمَلاَئِكَةُ يَدْخُلُونَ عَلَيْهِم مِّن كُلِّ بَابٍ ۝ سَلاَمٌ عَلَيْكُم بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّا

«Адн жаннатларидир. Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Оқибат диёри қандай ҳам яхши!» (дерлар) (23-24-оятлар).

«Адн» жаннатнинг номларидан бўлиб, луғатда «истиқомат жойи, истиқрор ўрни» маъноларини англатади. Демак, мазкур ақл эгалари – мўмин-мусулмонлар ўша сифатларни ўзларида мужассам этиб, бу дунёда уларга амал қилиб яшаб ўтганлари учун қиёматда Адн жаннатларига кирадилар.

«Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар».

Мазкур жаннатга ҳузур-ҳаловатлари янада тўлиқ бўлсин учун ота-оналари, эр ёки хотинлари ва ўғил-қизлари ҳам қўшилиб кирадилар. Аммо шарти бор. Ўша ота-оналар, жуфти ҳалоллар ва зурриётлар аҳли солиҳ бўлишлари керак. Аҳли солиҳ бўлмасалар, кира олмайдилар. Адн жаннатлари катта неъмат, унга кирганлар улуғ мақомга эришадилар. Унда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматлардан баҳраманд бўладилар.

Бунинг устига «уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Оқибат диёри қандай ҳам яхши!» (дерлар).

Бу эса уларнинг ҳузурларини янада зиёда қилади. Инсон бу дунёда ҳам бирор неъматга эришса, ҳузурланади. Аммо яқин кишилар уни ўша неъмат ила муборакбод этсалар, ҳузур янгиланади ва янада зиёда бўлади. Уларга фаришталар салом бериб, хизмат қилиб турсалар, нур устига нур бўлади.

4. Фаришталар дўзах ишларини ва унинг аҳлини жазолаш вазифасини ҳам бажарадилар.

Аллоҳ таоло "Муддассир" сурасида:

 وَمَا أَدْرَاكَ مَا سَقَرُ ۝لَا تُبْقِي وَلَا تَذَرُ ۝ لَوَّاحَةٌ لِّلْبَشَرِ ۝عَلَيْهَا تِسْعَةَ عَشَرَ ۝ وَمَا جَعَلْنَا أَصْحَابَ النَّارِ إِلَّا مَلَائِكَةً وَمَا جَعَلْنَا عِدَّتَهُمْ إِلَّا فِتْنَةً لِّلَّذِينَ كَفَرُوا لِيَسْتَيْقِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَيَزْدَادَ الَّذِينَ آمَنُوا إِيمَانًا وَلَا يَرْتَابَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَالْمُؤْمِنُونَ وَلِيَقُولَ الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ وَالْكَافِرُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلًا كَذَلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَن يَشَاء وَيَهْدِي مَن يَشَاء وَمَا يَعْلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَ وَمَا هِيَ إِلَّا ذِكْرَى لِلْبَشَرِ۝

«У боқий қолдирмас ва тарк ҳам қилмас. У терини кўп куйдирувчидир. Унинг устида ўн тўққизта (фаришта) бор. Олов соҳибларини фақат фаришталар қилдик. Уларнинг ададини фақат кофирларни синаш учун қилдик. Китоб берилганлар аниқ ишонч ҳосил қилишлари учун. Ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учун. Китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳа қилмасликлари учун ва қалбларида касали борлар ва кофирлар «Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи?» дейишлари учун. Аллоҳ ана шундай қилиб, хоҳлаганини адаштирур ва хоҳлаганини ҳидоятга солур. Роббингнинг лашкарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. Ва у (дўзах) башар учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас», деган (28-31-оятлар).

Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло нима учун дўзахнинг хизматкорлари фаришталардан бўлгани ва нима учун уларнинг сони ўн тўққизта бўлганини баён қилиб бермоқда.

Чунки кофирлар томонидан бу масалада кўтарилган шов-шув шуни тақозо қилган. Шунинг учун ҳам қисқа-қисқа Маккий оятлар ичида биргина ушбу узун оят келмоқда.

Аллоҳ таоло бу тушунтиришни бошлаб, оятнинг аввалида: «Олов соҳибларини фақат фаришталар қилдик. Уларнинг ададини фақат кофирларни синаш учун қилдик», дейди.

Бу биринчи ҳикмат.

Дўзах соҳибларининг ўн тўққизта фаришта бўлиши кофирларни фитнага солади. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Абу Жаҳл «Сизлардан юз киши улардан биттасини ушлаб олиб, дўзахдан қутулиб чиқишдан ожизмисиз?» деб масхара қилиб кулди. Яна шунга ўхшаш бошқа гап-сўзлар бўлди. Умуман, ушбу масала кофирларнинг ўз куфрларида чуқур кетишлари учун фитна бўлди.

Дўзах соҳибларини ўн тўққизта фаришта қилишнинг иккинчи ҳикмати:

«Китоб берилганлар аниқ ишонч ҳосил қилишлари учун».

Яъни яҳудий ва насронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига ва Қуръони Карим ҳақ китоб эканига тўла ишонч ҳосил қилишлари учун. Чунки айни шу гаплар аҳли китобларга нозил қилинган илоҳий китобларда ҳам бор эди. Ўша гапларнинг Қуръони Каримда ҳам келиши уларнинг ишончларини орттирар эди.

Дўзах соҳибларини ўн тўққизта фаришта қилишнинг учинчи ҳикмати:

«Иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учун».

Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келтирган хабарлари содиқ экани Таврот ва Инжил томонидан ҳам тасдиқланганини билиб, мўмин-мусулмонларнинг иймонлари яна ҳам зиёда бўлади.

Дўзах соҳибларини ўн тўққизта фаришта қилишнинг тўртинчи ҳикмати:

«Китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳа қилмасликлари учун».

Бу олдинги гапларни таъкидлаш учундир. Яъни аҳли китоблар ва мўминлар дўзах соҳибларининг ўн тўққизта фаришта экани ҳақидаги ишончларига ҳеч қандай шубҳа қилмасликлари учун.

Дўзах соҳибларини ўн тўққизта фаришта қилишнинг бешинчи ҳикмати:

«Қалбларида касали борлар ва кофирлар «Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи?» дейишлари учун».

Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Мунофиқлар ва кофирлар худди шу гапни қайта-қайта айтдилар, айтмоқдалар.

Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло «Аллоҳ ана шундай қилиб, хоҳлаганини адаштирур ва хоҳлаганини ҳидоятга солур», дейди.

Дўзахнинг хизматини қилувчи фаришталар «забония» дейилади.

5. Фаришталарга одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси юкланган.

Аллоҳ таоло "Қоф" сурасида:

إِذْ يَتَلَقَّى الْمُتَلَقِّيَانِ عَنِ الْيَمِينِ وَعَنِ الشِّمَالِ قَعِيدٌ ۝ مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

«Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олганда бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозир борлар», деган (17-18-оятлар).

Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб оладилар. Оятда уларни «икки кутиб олувчи», деб айтилмоқда.

«Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олганда...»

Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинганлар.

«...бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозир борлар».

Биз «ҳозиру нозир» деб таржима қилган икки фариштанинг арабча номи «Рақиб» ва «Атийд»дир. Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг назарларидан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирдирлар, дарров ёзиб қўядилар.

Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради. Ҳаттоки аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг хаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталар ёзиб боришининг бошқа ҳикмати бор: қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган номаи аъмол ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишига, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига сабаб бўлади.

Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган, шулардан баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз мукаммалроқ бўлади.

Али ибн Абу Толҳа  Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: «У зот «Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида  ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида бундай деганлар: «Ҳар бир яхши-ёмон гапи ёзиб борилади. Ҳаттоки «едим», «ичдим», «бордим», «келдим», «кўрдим» кабилар ҳам. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади».

Имом Ҳасан Басрий «...ўнгда  ва чапда ўтирган ҳолда» оятини ўқиб туриб, «Эй одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, биттаси ўнг тарафингдаги яхшиликларингни ёзади, иккинчиси чап тарафингдаги ёмонликларингни ёзади, нимани хоҳласанг қилавер, озми, кўпми. Вафот этганингда, саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан...» деган эканлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида, Товус розияллоҳу анҳудан: «Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади», деган ривоятни эшитибдилар-у, дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунларича инграмаган эканлар.

6. Фаришталарга инсонни доимий равишда муҳофаза қилиб юриш вазифаси ҳам юкланган.

Аллоҳ таоло "Раъд" сурасида:

لَهُ مُعَقِّبَاتٌ مِّن بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِهِ يَحْفَظُونَهُ مِنْ أَمْرِ اللّهِ

«Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор. Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар», деган (11-оят).

Ҳар бир одам боласининг «олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор».

Яъни унинг ҳар тарафида кузатиб юрувчи фаришталар мавжуд. Ушбу фаришталар ҳақида имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Улар сизлар учун алмашиб, кетма-кет келиб турадилар. Кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар келади. Улар бомдод ва аср намозида жам бўладилар. Аллоҳнинг ҳузурига сиз билан тунни ўтказувчилар кўтарилганларида, улардан Ўзи сизларнинг ҳолингизни жуда яхши билса ҳам: «Бандаларимни қайси ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди.

Фаришталар: «Уларнинг ҳузурига борганимизда, намоз ўқиётган эканлар, уларни тарк қилганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди», дейишади».

Бошқа бир ҳадисда эса:

«Албатта, сиз билан бирга сизни хало ва жимоъ пайтидан бошқа вақтда тарк этмайдиган зотлар бор. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат этинглар», дейилган.

Мазкур фаришталарнинг вазифаларини ояти кариманинг кейинги жумласи баён қилади:

«Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар».

Яъни ўша фаришталар у бандани Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Ушбу жумладаги «ҳифз» сўзи «сақлаш» ва «ёдлаб, эслаб қолиш» маъноларини билдиради. Бандага бириктирилган фаришталар ушбу икки ишни бажарадилар. Яъни бандани турли ёмонликлардан сақлаб турадилар ҳамда қилаётган амалларини ёзиб, ёдда сақлаб борадилар.

Ушбу оят ва ҳадисларга ҳамда шу маънодаги яна бошқа ҳужжатларга суянган ҳолда уламоларимиз қуйидагиларни таъкидлайдилар:

Бандани турли ҳодиса ва ёмонликлардан ҳимоя этиш учун фаришталар навбат билан қўриқчилик қиладилар. Шунингдек, унинг амалларини ёзиб бориш учун ҳам кечаю кундуз маълум фаришталар алмашиб турадилар. Иккитаси ўнг ва чап тарафда туриб, ўнг тарафда турган фаришта яхши амалларни, чап тарафда тургани гуноҳ амалларини ёзиб боради. Яна икки фаришта олд ва орқадан уни қўриқлаб турадилар. Демак, банда доимо тўрт фариштанинг ўртасида юради. Улар кундузи ва кечаси алмашиб туришади.

Аллоҳ, Ўзи юқорида зикр қилганидек, ҳамма нарсаларни, ҳатто бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйгандир. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақтнинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим.

Аллоҳ таоло "Анъом" сурасида:

وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ وَيُرْسِلُ عَلَيْكُم حَفَظَةً

«У бандалари устидан мутлақ ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборур», деган (61-оят).

Аллоҳ таоло доимо бандалари устидан ғолибдир, Ўз иродасини ўтказиб турувчидир.

«У бандалари устидан мутлақ ғолибдир».

Аллоҳ таоло ғолиблигидан бандаларининг ҳар бир ҳаракат ва саканотларини кузатиб, ҳисоб-китобини қилиб туради.

«У устингизга ҳафазаларини юборур».

«Ҳафаза» – ҳар бир инсонга бириктирилган фаришталарнинг номи бўлиб, улар қиладиган ишнинг маъносини англатади.

Биринчи маъно – муҳофаза қилиш, сақлаш маъноси бўлиб, ўша фаришталар ўзлари бириктирилган одамни муҳофаза қилиб турадилар.

Иккинчи маъно – ёд олиш маъноси бўлиб, мазкур фаришталар ўзлари бириктирилган инсоннинг ҳамма қилган иши ва айтган сўзларини ёдлаб боради.

Хулоса қилиб айтганда, инсон бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг кузатувидан четда қолмайди. Буни англаган инсон фақат яхшилик қилиб, доимо ёмонликдан четланади.

7. Фаришталарга руҳларни қабз қилиш вазифаси юкланган.

Аллоҳ таоло "Анъом" сурасида:

حَتَّىَ إِذَا جَاء أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ تَوَفَّتْهُ رُسُلُنَا وَهُمْ لاَ يُفَرِّطُونَ

«Ниҳоят, бирортангизга ўлим келганда, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирадир», деган (61-оят).

Бу ояти каримадаги «элчилар»дан мурод жон олувчи фаришталардир.

Аллоҳ таоло "Сажда" сурасида:

قُلْ يَتَوَفَّاكُم مَّلَكُ الْمَوْتِ الَّذِي وُكِّلَ بِكُمْ ثُمَّ إِلَى رَبِّكُمْ تُرْجَعُونَ

«Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз», деб айт», деган (11-оят).

Оятда одам боласининг ўлими ҳам, тирилиши ҳам ўз ихтиёри билан бўлмаслиги баён қилинмоқда.

«Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир».

Жонни олишга юборилган фаришта Азроил алайҳиссалом экани маълум ва машҳурдир. Бу дунёда одам боласи ҳеч қачон ўлишни хоҳламайди. Доимо тирикликни истайди. Аммо ажали етса, у қанчалик яшашни хоҳласа-да, вакил қилинган ўлим фариштаси келиб, жонини олади. Шунда у ўз истагига қарши ўлароқ, вафот этади.

«Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз», деб айт».

Шунингдек, ўлган инсон хоҳишидан қатъи назар, барибир, вақти-соати келганда, Аллоҳнинг амрига биноан қайта тирилади. Қайта тирилиб, Роббига қайтарилади. Ўшанда Робби уни бу дунёдаги амаллари юзасидан сўроқ-савол қилиб, мукофот ёки жазо беради.

Уламолар жумҳури: «Ўлим фариштаси битта бўлса ҳам, унинг ёрдамчилари бор», деганлар.

Фаришталар ҳақидаги маълумотлар сўнгида қуйидаги хулосани эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.

Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш Аллоҳга иймон келтиришнинг ичида бор. Фаришталарга иймон келтиришга Аллоҳ буюрган. Шунинг учун ҳам иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалардан олдин Аллоҳга иймон мустаҳкам бўлиши керак, дейилади.

Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш ҳис этиш аъзолари таъсирига тушмайдиган, улардан юқори бўлган ғайб нарсаларга иймон келтиришнинг бир қисмидир. Инсонни яратган Аллоҳ унинг табиатида ғайб нарсаларга қизиқиш борлигини билганидан, ушбу ғайбий нарсага – фаришталарга иймон келтиришга буюрган.

Ўзи билан доимо фаришта бирга юришига, яхши-ёмон барча ишларини ёзиб боришига ва фаришталарнинг бошқа хусусиятларига иймон келтирган одам фақат яхшилик қилиб, ёмонликдан четда бўлади. Бундай ҳис-туйғу эса ҳар бир одам боласи учун зарурдир.

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ғайбий нарсаларга, жумладан, фаришталарга ишонишдадир. Бундай иймони бор инсон ҳис этиш аъзолари чегарасида, тор жойда ўралиб қолмайди. Балки, тасаввур доираси чексиз бўлади.

Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга моликдир. Фаришталарга бўлган иймон ҳар бир шахс, жамият, давлат ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг инсон кўзига кўринмайдиган, чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга бўлган ва «фаришталар» деб номланган аскарлари борлигига иймон келтириш кимга зарар келтирибди?

Мўмин-мусулмон инсон ўзига фаришталар бириктирилганига ишонади. Агар ўзи тўғри юриб, тўғри турса, ўша фаришталар Аллоҳнинг изни ила уни муҳофаза қилишига иймон келтиради. Ўша фаришталарнинг бири яхши амалларни, иккинчиси ёмон амалларни Номаи аъмолига ёзиб бораётганига, Қиёмат куни шу ёзилган нарсалар асосида ҳисоб-китоб бўлишига иймон келтиради. Бу эса ҳар бир инсонни доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочишга ундовчи жуда кучли омилдир. Бу омил ҳар бир инсон, жамият, давлат учун, барча инсоният учун ўта зарурдир.

Фаришталарга иймон бўлмаган жамиятда эса одамлар хоҳлаган ёмонлигини хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойда қиладиган бўлади. Масалан, иймонсиз жамият мафкурачилари тўқиб чиқарган «виждон азоби» каби нарсалар фойда бермади. Чунки иймонсизда виждон бўлиши умуман мумкин эмас. Оқибатда, иймонсизлар тузуми фаришталар вазифасини жосуслик ва миршаблик ташкилотларига топширади. Улар ҳар бир фуқаро учун ўзига хос «номаи аъмол» юритадилар. Бу эса фақат салбий натижаларга олиб келади, инсоният тарихида мисли кўрилмаган адолатсизлик, зулм юзага чиқади.

Иймонсизлик натижасида инсон табиати ҳам бузилади. Баъзи инсонлар ўзларига бўлган ишончни йўқотиб, қўрқоқ, шахсиятсиз бўлиб қоладилар. Бошқалари эса ҳар қандай ёмонликдан тап тортмайдиган нобакор махлуққа айланадилар.

Шунингдек, фаришталарга иймон бузуқ бўлган юртлар ва халқларда ҳам турли муаммолар келиб чиқади. Уларнинг баъзилари фаришталарни Аллоҳга ширк келтирадилар. Бошқалари эса дев, пари ва ўзга хурофий нарсаларга аралаштириб юборадилар. Оқибатда, турли зарарли урф-одатлар ва тасарруфотлар келиб чиқади. Демак, биз мусулмонлар бошқа нарсаларга иймонимиз каби, фаришталар ҳақида ҳам энг тўғри иймонга эга эканимиз билан фахрланишимиз ва ундан фойдаланишимиз лозим.(“Сунний ақийдалар” китобидан).


2 йил аввал 3913 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар