Қурбонликка оид савол-жавоблар


Савол: Баъзилар фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деган ниятда, арафа куни ёки қурбонлик куни, ийд намозидан олдин жонлиқларни сўядилар. Шу қурбонлик ҳисобланадими?

Жавоб: Шаҳарда яшайдиганлар учун, қурбонлик кунларининг биринчи кунида, ийд намозини ўқишларидан олдин қурбонликларини сўйишлари жоиз эмас. 

[لَا يَجُوزُ لِأَهْلِ الْأَمْصَارِ الذَّبْحُ حَتَّى يُصَلِّي الْإِمَامُ صَلَاةَ الْعِيدِ] لِقَوْلِهِ عَلَيْهِ السَّلَامُ «إنَّ أَوَّلَ نُسُكِنَا فِي يَوْمِنَا هَذَا، الصَّلَاةُ، ثُمَّ الذَّبْحُ»، وَقَالَ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «مَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلَاةِ، فَلْيُعِدْ ذَبِيحَتَهُ، وَمَنْ ذَبَحَ بَعْدَ الصَّلَاةِ، فَقَدْ تَمَّ نُسُكُهُ، وَأَصَابَ سُنَّةَ الْمُسْلِمِينَ». وَإِنْ أَخَّرَ الْإِمَامُ الصَّلَاةَ، فَلَيْسَ لَهُ أَنْ يَذْبَحَ، حَتَّى يَنْتَصِفَ النَّهَارُ، وَكَذَا إذَا تَرَكَ الصَّلَاةَ مُتَعَمِّدًا

«Шаҳар аҳли учун ийд намозидан олдин қурбонлик жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугунги биринчи ибодатимиз, намоз кейин қурбонликдир», деганлар. Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намоздан олдин сўйса, қурбонлигини қайта қилсин. Ким намоздан кейин сўйган бўлса, ибодати тугал бўлипти, мусулмонар суннатини топибди», деганлар. Агар имом намозни кечиктирса ҳам то кун яримламагунча қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.  

Савол: Қурбонлик нима?

Жавоб: 

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ، أَنَّهُمْ قَالُوا لِرَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- : مَا هَذِهِ الأَضَاحِىُّ؟ قَالَ :« سُنَّةُ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ»، قَالُوا : مَا لَنَا فِيهَا مِنَ الأَجْرِ؟ قَالَ :« بِكُلِّ قَطْرَةٍ حَسَنَةٌ ».

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бу қурбонлик нима?», дейишди. У зот: «Атангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир», дедилар. Улар: «Бизга бунда ажр бўладими?», дейишди. «Ҳар бир қатраси учун ажр бор», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ قُلْنَا : يَا رَسُولَ اللَّهِ، مَا هَذِهِ الأَضَاحِىُّ؟ قَالَ :« سُنَّةُ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ»، قَالَ قُلْنَا: فَمَا لَنَا فِيهَا؟ قَالَ :« بِكُلِّ شَعَرَةٍ حَسَنَةٌ»، قَالَ قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ، فَالصُّوفُ، قَالَ :« بِكُلِّ شَعَرَةٍ مِنَ الصُّوفِ حَسَنَةٌ».

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули. Бу қурбонлик нима?», дедик. У зот: «Атангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир», дедилар. Биз: «Бизга бунда нима бўлади?», дедик. «Ҳар бир туки учун ажр бор», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, юнг-чи?», дедик. «Юнгидаги хар бир туки учун ажр бор», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. 

Савол: Бой бир одам ўзи учун қурбонлик қилиш нияти билан сотиб олган қорамолга бошқани шерик қилиши жоизми? 

Жавоб: Қурбонлик қилувчи қурбонликни сотиб олиш вақтида ўзи қурбонлик қилишни ирода қилса, сўнг унга бошқаларни шерик қилса макруҳ бўлади. Лекин сотиб олаётган вақтда “шериклар чиқса қўшиб оламан” деган ниятда сотиб олса, макруҳ бўлмайди.

Савол: Агар 14 киши иккита қорамолга шерик бўлиб қурбонлик қилишса, лекин “мана бу қорамол бу етти кишидан, мана буниси бу етти кишидан” деб тайин қилишмаса қуобонлик жоиз бўладими?

Жавоб: Қиёсан жоиз эмас, лекин истеҳсон йўлига кўра жоиздир. Агар етти киши етти қўй сотиб олиб, қайси қўй кимдан эканлиги тайин қилинмай сўйса, қиёсан бирортаси тарафидан қурбонлик жоиз бўлмайди. Чунки етти одамнинг етти қўйнинг ҳар бирида бир хиссадан ҳаққи бор. Истеҳсон йўлига кўра улар тарафдан қурбонлик ўрнига ўтади. Шунингдек икки киши иккита қўй сотиб олиб қайси бири кимданлигини тайин қилмай қурбонлик қилсалар ҳам.

Савол: Камбағалнинг ўзи учун қурбонлик қилиш ниятида сотиб олган қорамолига яна бошқа одамларни шерик қилиши жоизми?

Жавоб: Камбағал киши жонлиқни сотиболиши билан қурбонликни ўзига вожиб қилиб олди. Шунинг учун унга бирор кишини шерик қилиш жоиз бўлмайди. 

Савол: Қурбонликда шериклардан нималар талаб қилинади?

Жавоб: 1.Ҳар бирининг хиссаси еттидан бирдан кам бўлмаслиги шарт. 

2.Шерикларнинг ҳаммаси мусулмон бўлишлиги, ҳаммаси Аллоҳга муқарраб бўлишни ният қилиш. Шунга биноан шериклардан бири мусулмон бўлмаса ёки Аллоҳга муқарраб бўлишни ният қилмай гўштни ният қилса ёки бирортасининг хиссаси еттидан биридан кам бўлса, ҳеч бирлари томонидан қурбонлик бўлмайди. Лекин қурбонликни барчаси бир хил бўлиши шарт эмас. Кимдир вожиб қурбонликни, кимдир ақиқани, кимдир марҳум(вафот этган одам номидан) тарафидан қурбонликни ният қилса жоиз. 

Савол: Агар саккиз киши иккита қорамолга шерик бўлса бўладими?

Жавоб: Бўлади.

Савол: Назр қурбонлиги ниятида бир қорамол ёки бир туяга шерикчилик қилса бўладими?

Жавоб: Ўзига вожиб қилиб олганидан кейин унга бошқаларни шерик қилиши жоиз эмас.

Савол: Бир киши қурбонлик сотиб олганидан кейин йўқолиса, ўғирланса, қурбонлик ярамайдиган даражада нуқсонга учраса бошқа сотиб олиб қурбонлик қиладими?

Жавоб: Бой одам бўлса бошқа сотиб олиши зиммасига вожиб, камбағал бўлса яроқсиз ҳолга келса ҳам қилаверади. Агар йўқолган ёки ўғирлангани топилса, бойга ҳам камбағалга ҳам иккисини сўйиш афзал. Лекин бой битта сўйса ҳам жоиз камбағал эса зиммасига вожибқилиб олганлиги сабабдан иккисини ҳам сўйиш вожиб.

Савол: Қазо қурбонлиги ниятида бир қорамол ёки бир туяга шерикчилик жоизми?

Жавоб: Шерикларнинг қурбонликлари ҳам жоиз, ўтган йили қурбонлик қилолмаган кишининг бу йилдаги шерик бўлиб қилган қурбонлиги нафл бўлиб қолади. Ўтган йилги қурбонликдан ўтмайди, балки зиммасига бир қўйнинг қийматини садақа қилиш вожиб бўлади. Барчалари ҳам гўштини садақа қилишлари вожиб бўлади. (Роддул-мухтор)

«لَوْ كَانَ أَحَدُهُمْ مُرِيدًا لِلْأُضْحِيَّةِ عَنْ عَامِهِ وَأَصْحَابُهُ عَنْ الْمَاضِي، تَجُوزُ الْأُضْحِيَّةَ عَنْهُ، وَنِيَّةُ أَصْحَابِهِ بَاطِلَةٌ، وَصَارُوا مُتَطَوِّعِينَ، وَعَلَيْهِمْ التَّصَدُّقُ بِلَحْمِهَا، وَعَلَى الْوَاحِدِ أَيْضًا، لِأَنَّ نَصِيبَهُ شَائِعٌ كَمَا فِي الْخَانِيَّةِ».

Савол: Қайси ҳайвонни қурбонлик қилиш афзалроқ?

Жавоб: Қурбонликда қорамолдан бир хисса олгандан кўра, бутун бир қўй ёки эчкини сўйишлик афзалроқдир.

Савол: Жонлиқнинг қурбонлик қилинишидан тўсадиган қусурлар қайсилар?

Жавоб: 1-Эчки бир ёшга тўлган бўлиши шарт. У бир кун кам бўлса ҳам мумкин эмас. Шунингдек қорамол икки ёшга тўлиши шарт, кам бўлса мумкин эмас. Туянинг тўлиқ беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт қилинади. 

2-қурбонлик қилинадиган ҳайвонни икки кўзидан бирининг учдан бир ёки ундан кўп қисми кўрмаслиги. Икки қулоғидан бирининг учдан бири ёки ундан кўпи кесилган бўлиши. Ҳайвонни буткул тишлари бўлмаса ёки кўп қисми бўлмаса. Гўшти суягига ёпишган даражада озғин бўлиши. Қўтир тушиб гўштига таъсир қилган бўлиши. 

Савол: Қорамол қурбонлик қилаётган киши “буни еттидан бири ақиқадан қолгани қурбонликдан” деса бўладими?

Жавоб: Бўлади.

Савол: Бир киши жонлиқ сотиб олиб қурбонлик қилмаса ёки қурбонлик қилгунича вақти чиқиб кетса нима қилади?

Жавоб: Жонлиқни сотиб олган суратида уни тирик ҳолда садақа қилиб юборади. Зиммасига қурбонлик вожиб бўла туриб, қурбонлик қилмаган бўлса бир қўй ёки эчкининг қийматини садақа қилиши вожиб бўлади.

Савол: Ўлган одам тарафидан қурбонлик қилса қандай амалга оширади?

Жавоб: Ўлган одам тарафидан ва ўлган одам учун қурбонлик қилишнинг бир неча сурати бор.

1-Маййит, “Менинг тарафимдан, менинг молимдан қурбонлик қилинглар” деб васият қилган бўлса ва унинг васиятига мувофиқ унинг молидан қилинган бўлса, жоиз. Лекин ўша жонлиқнинг гўштини барчаси закот олишга ҳақдорларга садақа қили вожиб бўлади. марҳумнинг яқинлари ўша гўштдан ейиши жоиз эмас.

2-Марҳум ортидан қурбонлик қилишни васият қилган бўлса ёки васият қилмаган бўлса ва фарзандлари ўз молларидан нафл қурбонлик қилишган бўлса дуруст бўлади. унинг гўштини бой камбағал ва ўзлари ҳам ейишлари мумкин.

3-Бир киши ўзининг молидан ва ўз тарафидан нафл қурбонлик қилиб, унинг савобини бир ёки бир неча маййитга бағишлаши жоиз. Гўштидан эса бой ҳам камбағал ҳам еса бўлади.

Савол: Маййит тарафидан қурбонлик қилиш афзалми ёки унинг қийматини садақа қилиш афзалми?

Жавоб: Қурбонлик кунларида қийматни садақа қилгандан кўра, қурбонлик қилиб савобини бағишлаш афзалдир. Қурбонлик сотиб олиб уни қонини тўкишликдан ҳосил бўлган савоб қийматини садақа қилиш билан ҳосил бўлмайди.

Савол: Ортиқча уйи бор одамнинг зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?

Жавоб: Ўзи яшаб турган уйдан ташқари уйининг қиймати нисобга етса, зиммасига қурбонлик, фитр садақаси вожиб бўлади. Гарчи у уйни ижарага берган бўлса ҳам бермаган бўлса ҳам.

Савол: Аёл киши нисобга эга эмас, лекин эри унга келгусида нисобга етарли маҳрни беришини ваъда қилган. Ҳозирда у аёлнинг қўлида маҳр йўқ. Аёл маҳрга ҳақдор сабабидан бой ҳисобланадими, зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?

Жавоб: Аёл киши эрнинг зиммасидаги маҳр билан бой саналмайди ва қурбонлик қилиши вожиб бўлмайди. (Муҳийт Бурҳоний)

«فَأَمَّا الْمُؤَجِّلُ الَّذِي يُسَمَّى كَابِتَنْ، فَالْمَرْأَةُ لَا تُعْتَبَرُ مُوسِرَةً بِذَلِكَ بِالْإِجْمَاعِ»

Савол: Нисоб эгаси бўлмаган киши уйида боқилаётган қўйини қурбонлик қиламан деб ният қилди. Қурбонлик кунлари келишидан аввал эҳтиёж юзасидан қўйни сотишга тўғри келиб қолса, қўйни сота оладими?

Жавоб: Қўй эгаси бой бўлса ҳам, фақир бўлса ҳам уни қурбонлик қиламан деб ният қилган бўлса, қурбонлик қилиши шарт эмас. Агар алмаштирмоқчи ёки сотиб ўрнига яхшиламоқчи бўлса ёки пулини ишлатмоқчи бўлса бу ҳам жоиз. (Роддул-мухтор). 

«فَلَوْ كَانَتْ فِي مِلْكِهِ، فَنَوَى أَنْ يُضَحِّيَ بِهَا، أَوْ اشْتَرَاهَا وَلَمْ يَنْوِ الْأُضْحِيَّةَ وَقْتَ الشِّرَاءِ، ثُمَّ نَوَى بَعْدَ ذَلِكَ، لَا يَجِبُ».

Шунингдек жонворни сотиб олаётган вақтда ҳам қурбонликни ният қилмаса, сотиб олганидан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, зиммасига қурбонлик қилиш лозим бўлмайди. Лекин нисоб эгаси бўлмаган киши зиммасига қурбонлик вожиб бўлмасидан туриб, қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш зиммасига вожиб бўлади. (Роддул-мухтор). 

«لِأَنَّ شِرَاءَهُ لَهَا، يَجْرِي مَجْرَى الْإِيجَابِ، وَهُوَ النَّذْرُ بِالتَّضْحِيَةِ عُرْفًا، كَمَا فِي الْبَدَائِعِ».

“Роддул мухтор”нинг “наҳр кунларида сотиб олса” иборасидан, у кунлардан аввал қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, зиммасига қурбонлик вожиб эмас, алмаштирса ҳам, сотса ҳам, сотиб пулини ўз ихтиёжларига ишлатса ҳам бўлади – деган нарса келиб чиқади.

«بِقَوْلِهِ «شَرَاهَا لَهَا أَيَّامَ النَّحْرِ»، وَظَاهِرُهُ أَنَّهُ لَوْ شَرَاهَا لَهَا قَبْلَهَا، لَا تَجِبُ»

 “Фатавои дорул улм”нинг “Азизул фатава” номли китобида: “Агар фақир киши қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш ниятида жонлиқ сотиб олса, қурбонлик қилиши лозим бўлади. лекин қурбонлик кунларидан аввал сотиб олган бўлса, фақир ҳам бой ҳам уни алмаштириш жоиз”.

Савол: Ўз уйини қимматроқ нархга ижарага бериб, ўзи бошқа уйда ижарада ўтирган кишининг зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?

Жавоб: Ундай кишининг зимасига қурбонлик вожиб бўлади. чунки ижарага берган уйи унинг ҳожати аслийсидан ташқари ҳисобланади. Агар ҳоли, ҳеч ким турмайдиган ёки ҳеч қандай ижарасиз биров яшаб турган бўлса, қурбонлик қилиш батариқа авло бўлади.

Савол: Қурбонлик кунларида камбағал киши нисобга етадиган молга эга бўлса зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?

Жавоб: Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун охирги кунида нисобга етарли маблағга эга бўлиб қолса, бир йил айланмаган бўлсада, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Шунингдек мусофир охирги кунда сафардан келса, кофир одам ўша вақтда мусулмон бўлса ҳам зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. (Бадоъиус-саноиъ)

«وَلَا يُشْتَرَطُ وُجُودُ الْإِسْلَامِ فِي جَمِيعِ الْوَقْتِ، مِنْ أَوَّلِهِ إلَى آخِرِهِ، حَتَّى لَوْ كَانَ كَافِرًا فِي أَوَّلِ الْوَقْتِ، ثُمَّ أَسْلَمَ فِي آخِرِهِ، تَجِبُ عَلَيْهِ».

Савол: Бир одамнинг сотиб олган қурбонлиги ўғирланса ёки йўқолса, ўрнига бошқасини сўйгандан кейин топилса, уни ҳам сўйиши керакми?

Жавоб: Сўйишлик вожиб эмас. Агар у ҳайвон қурбонлик кунларида йўқолиб ўша кунларида топилса, уни садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Шунингдек бой одам қурбонликка жонлиқ сотиб олиб, қурбонлик сўйишга улгурмай қурбонлик кунлари чиқиб кетса, унга ўша жонлиқни тириклайин садақа қилишлик вожиб бўлади. Агар қурбонлик куни ўтиб кетганидан кейин сўйиб қўйган бўлса, ўзи ҳам еёлмайди, нисобга қодир бўлганларга ҳам едира олмайди. 

Савол: Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам жонлиқ сотиб олганидан кейин ёки еттидан бирига шерик бўлганидан кейин вафот этса унинг жонлиғини ёки хиссасини нима қилиш керак?

Жавоб: У жонлиқ ва хисса меросхўрларнинг мулкига айланиди. Улар вафот этган одам тарафидан қурбонлик қилишга рухсат беришса, дуруст бўлади. 

Савол: Бой бўла туриб бир неча йилдан бери қурбонлик қилмаган киши нима қилади?

Жавоб: Аввало қурбонлик қилмаганига тавба қилади ва неча йил қурбонлик қилмаган бўлса ҳар йилига биттадан қўйнинг қийматини садақа қилади.

Савол: Аёлларга ҳам қурбонлик қилиш вожибми?

Жавоб: Аёллар тақинчоқлари бир йилда ҳеч ишлатилмайдиган сервис идиш-товоқлари, телевизорлари, 85 грамм тилло ёки 596 грамм кумушнинг қийматига етса зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бунга уч сидра кийимдан ортиқ бўлган кийимлари ҳам, ўзи сотиб олган бўлса телевизор ва шунга ўхшаш қимматбаҳо нарсалар ҳам киради.

Савол: Нақд пули бўлмаган одам қарзга жонлиқ олиб қурбонлик қилса бўладими?

Жавоб: Жоиз.

Савол: Қурбонлик ҳайвони сўйилишидан олдин туғса, боласини ҳам сўйиш керакми?

Жавоб: Сўяди. Агар сўймаса тириклайин садақа қилиб юборади.

Савол: Болаларининг тўйига йиғиб қўйган сеп-сидирғалари ҳам нисобдан ҳисобланадими? 

Жавоб: Ҳозирги кунда келинга бериладиган сеп-сидирғиларни ҳожати аслиядан деб ҳукм қилиш мушкул ишдир. Сепларни ичида кундалик истеъмол қилинадиган жиҳозлар ҳожати аслияга киради. Аммо, кўз-кўз қилиш, одамлар: “Фалончи шунча нарса қилибди” дейишлари учун қилинган сеп-сидирғилар ҳожати аслийдан ортиқча ҳисобланади. Агар буларни қиймати нисобга етса, закот олиш ҳаром бўлади ва уларнинг зиммаларига қурбонлик ва садақаи фитр вожиб бўлади.

«هَلْ تَصِيرُ غَنِيَّةً بِالْجِهَازِ الَّذِي تُزَفُّ بِهِ إلَى بَيْتِ زَوْجِهَا؟، وَاَلَّذِي يَظْهَرُ مِمَّا مَرَّ، أَنَّ مَا كَانَ مِنْ أَثَاثِ الْمَنْزِلِ، وَثِيَابِ الْبَدَنِ، وَأَوَانِي الِاسْتِعْمَالِ، مِمَّا لَا بُدَّ لِأَمْثَالِهَا مِنْهُ، فَهُوَ مِنْ الْحَاجَةِ الْأَصْلِيَّةِ، وَمَا زَادَ عَلَى ذَلِكَ، مِنْ الْحُلِيِّ، وَالْأَوَانِي، وَالْأَمْتِعَةِ الَّتِي يُقْصَدُ بِهَا الزِّينَةُ، إذَا بَلَغَ نِصَابًا، تَصِيرُ بِهِ غَنِيَّةً».

“Аёл эриникига келин қилиб тушириб олинган жиҳозлар билан бойга олинадими? Ўтган нарсалардан зоҳир бўлган нарса шуки, зарур бўлган уй жиҳозлари, кийимлар, ишлатиладиган идиш-товоқлар ҳожати аслийга киради. Унга қўшимча бўлган тақинчоқлар, зийнат мақсадида териб қўйиладиган идишлар, буюмлар нисобга етса, аёл у билан бойга айланади” (Раддул муҳтор).

Савол: Бир кимса мавжуд бўлишини хоҳламаган бир иш учун қурбонлик қилишни назр қилса ва хоҳламаган иши амалга ошса, қурбонлик сўйиши керакми?

Жавоб: Қурбонлик қилиб гўштини ҳаммасини фақир мискинларга садақа қилиб юборади.

Савол: Бир кимса ўнта қурбонлик назр қилса ҳаммасини сўйиши керакми?

Жавоб: Ҳаммасини қилиши вожиб.

Савол: Қурбонликдан эгаси ҳам ейиши мумкинми?

Жавоб: Ўлишидан олдин қурбонлик қилишни васият қилган одамни ўз молидан қурбонлик қилинса, назр қурбонликларини гўштини ейиш жоиз эмас. Фақир мискинларга тарқатиб юбориш вожиб бўлади.

Савол: «Бисмиллоҳ» қайси ҳолатда айтилмаса сўйилган ҳайвоннинг гўшти ейилмайди?

Жавоб: Қасддан айтилмай сўйилса ейиш мумкин эмас.

Савол: Сўйиш асносида христанларнинг Масиҳ отини, яҳудийларнинг Узайр отини эслаганларнинг сўйган сўйиғини ейиш жоизми?

Жавоб: Мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг исмидан бошқа нарсани зикр қилиб сўйилган ҳайвоннинг гўшти мусулмонга ҳалол бўлмайди.

Савол: Жонлиқ сўяётган вақтда «Бисмиллоҳ»ни айтиш шарми ёки «Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ» дейиш билан ҳам жонлиқ ҳалол бўладими?

Жавоб: Аллоҳ таолонинг исмини қайси бирини бўлса ҳам айтиш жонлиқни ҳалол бўлишига фарз. «Бисмиллаҳи Аллоҳу Акбар»ни айтишлик мустаҳаб. Шунга биноан «Субҳаналлоҳ»нинг ўзини, «Алҳамдулиллаҳ»нинг ўзини, «Аллоҳу Акбар»нинг ўзини айтишлик ҳалол бўлилишига кифоя қилади, лекин мастаҳабни тарк қилган бўлади.

Савол: Шериклардан бири қорамол ёки туянинг бир хиссасини ўтган яқинлари тарафидан қилса жоизми?

Жавоб: Агар маййит тарафидан берса жоиз. (Бадоиъ)

Савол: Бир киши бир неча ҳайвонни бирин-кетин сўядиган бўлса, ҳар бири учун алоҳида «Бисмиллоҳ» айтиши керакми?

Жавоб: Айтиши шарт.

Савол: Баъзан қурбонлик қилувчининг ўзи бўғзига пичоқни тортиб беради. Қолган ишларини қассоб қилади. Шунда қассоб ҳам қурбонлик қилувчи ҳам «Бисмиллаҳ»ни айтиш шартми?

Жавоб: Агар пичоқни қурбонлик қилувчининг ёлғиз ўзи тортса, қассобга айтиш шарт эмас. Мабодо қассоб қурбонлик қилувчининг қўлини ушлаб пичоқни биргаликда тортишса, иккисига ҳам «Бисмиллоҳ»ни айтиш шарт бўлади.

Савол: Бўйиндаги томирлар неча ҳил?

Жавоб: Овқат йўли, ҳаво йўли ва икки катта қон томирлар.

Савол: Қурбонлик гўштини ғайридинга берса бўладими бўладими?

Жавоб: Бўлади. Лекин назр қилинган қурбонлик гўштини ўзи ва бой одам еса бўлмаганидек ғайридинга ҳам бериб бўлмайди. 

Абдулманнон Абдуллоҳ


7 йил аввал 9389 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Назр қилишнинг турлари
Аслида Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мумкин бўлган ҳар қандай ибодатни ҳам назр қилиш мумкин, бироқ бу ерда фақат жонлиқ сўйишни назр қилиш ҳақидаги ҳукмларни баён қилмоқчимиз.Назр қилиш, хусусан, кутилаётган бир давоми...
7 йил аввал 15429 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликнинг фазилатлари
بسم الله الرحمن الرحيم 1-БОБ Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунининг фазилати.  وَالْفَجْرِ (1) وَلَيَالٍ давоми...
7 йил аввал 11110 Абдуманнон Жаъфар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликнинг тарихи ва ҳақиқати
3-БОБ Қурбонликнинг ҳақиқати. Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: "Саҳобалар сўрашди:  “Ё Росулоллоҳ (сав), қурбонликнинг ҳақиқати давоми...
7 йил аввал 9344 Абдуманнон Жаъфар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонлик кимларга вожиб?
Савол: Қурбонлик кимларнинг зиммасига вожиб? Жавоб: Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт. 1. Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи давоми...
7 йил аввал 12655 fiqh.uz