Назр қилишнинг турлари


Аслида Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мумкин бўлган ҳар қандай ибодатни ҳам назр қилиш мумкин, бироқ бу ерда фақат жонлиқ сўйишни назр қилиш ҳақидаги ҳукмларни баён қилмоқчимиз.

Назр қилиш, хусусан, кутилаётган бир иш амалга ошиши муносабати билан жонлиқ сўйиш борасидаги ҳукмларни баён қилишдан аввал назр ҳақидаги умумий қоидани айтиб ўтиш лозим.
Жонлиқ сўйишни назр қилиш икки хил бўлади:
1. Қурбонлик қилишни назр қилиш. Бунда бирор мақсад ҳосил бўлса, шариатда белгиланган қурбонлик ибодатини адо этиш назр қилинади.
Қурбонлик назр қилинганда аталган жонлиқлар Қурбон ҳайити кунларидагина сўйилади. Бундан бошқа кунларда жонлиқ сўйилса, қурбонлик назри адо этилмай қолади. Қурбонлик назр қилинганда фақатгина шариатда қурбонлик учун белгиланган жонлиқлар (туя, мол, қўй-эчки) сўйилади. Бундан бошқа парранда (товуқ, курка, ўрдак ва ҳоказо), жонлиқлар қурбонлик ҳисобланмайди. Шариатимиз буларни қурбонлик қилишдан қайтарган.
Бунда эътибор бериш лозим бўлган нуқта шуки, одатдаги қурбонликдан фарқли равишда, назр соҳиби ва унинг аҳли назр қилинган қурбонликнинг гўштидан ейиши ҳалол бўлмайди.
2. Кўзлаган мақсади ҳосил бўлса, шу муносабат билан жонлиқ сўйишни назр қилиш. Бунда кутилган мақсад ҳосил бўлгач, назрни адо этиш вожиб бўлади.
Қурбонликдан бошқа ниятда, мисол учун, «Фалон ҳожатим раво бўлса, жонлиқ сўяман (дардга даво топилиши, мушкулотларнинг ариши, сафардагиларнинг эсон-омон қайтиб келиши ва ҳоказо)» деган ниятда жонлиқ сўйиш назр қилинганда сўйилган жонлиқнинг гўштини садақот олишга ҳақли бўлганларга улашиб бериш вожиб бўлади. Бунда ҳам назр соҳиби ва унинг аҳли назр қилинган жонлиқнинг гўштидан ейиши ҳалол бўлмайди.
Кўпчилик кишилар авлиёлардан муродларининг ҳосил бўлишини сўраш билан чекланиб қолмай, «Фалон ишим битса, у ерда ис чиқараман ёки қўй сўяман, фалон сўм эҳсон қиламан», деб назр атаб қўядилар. Қуйида шу масалага оид бир неча масалалар ёритиб ўтилади.
1. Назр қилиш ибодатдир. Аллоҳ таолодан ўзгага эса ибодат қилинмайди. Бу ҳақда ҳанафий мазҳабининг машҳур китоби «Дуррул мухтор»да шундай дейилган:
وَاعْلَمْ أَنَّ النَّذْرَ الَّذِي يَقَعُ لِلْأَمْوَاتِ مِنْ أَكْثَرِ الْعَوَّامِ وَمَا يُؤْخَذُ مِنْ الدَّرَاهِمِ وَالشَّمْعِ وَالزَّيْتِ وَنَحْوِهَا إلَى ضَرَائِحِ الْأَوْلِيَاءِ الْكِرَامِ تَقَرُّبًا إلَيْهِمْ فَهُوَ بِالْإِجْمَاعِ بَاطِلٌ وَحَرَامٌ مَا لَمْ يَقْصِدُوا صَرْفَهَا لِفُقَرَاء الْأَنَامِ وَقَدْ اُبْتُلِيَ النَّاسُ بِذَلِكَ ، وَلَا سِيَّمَا فِي هَذِهِ الْأَعْصَارِ.
«Аксарият омилар томонидан маййитлар учун қилинадиган назрлар, авлиёуллоҳларга қурбат ҳосил қилиш учун уларнинг мақбараларига олинадиган дирҳам, шам, ёғ ва бошқа нарсалар – агар уларни фақирларга сарфлашни мақсад қилмаган бўлсалар - ижмоан ботил ва ҳаромдир. Одамлар бунга хусусан ушбу асрда мубтало бўлган (Раддул муҳтор).
Шомий раҳматуллоҳи алайҳ бундай назрнинг ботил ва ҳаром бўлишига бир неча сабабларни санаб ўтганлар:
«Биринчидан, бу назр махлуқ учундир. Махлуқ учун назр қилиш эса жоиз эмас, чунки назр – ибодатдир. Ибодат эса махлуқларга қилинмайди.
Иккинчидан, назр қилинаётган киши маййитдир. Маййит эса ҳеч кимнинг бирор ҳожатини раво қила олмайди.
Учинчидан, агар назр қилувчи Аллоҳ таолодан ташқари ушбу маййит ҳам бирор ишни тасарруф қила олади деса, унинг бу ақийдаси куфр ҳисобланади» (Раддул муҳтор).
Қози Саноуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:
«Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилиш ва мадад сўраш жоиз эмас. Шунингдек, авлиёуллоҳларга назр қилиш ҳам жоиз эмас, чунки назр – ибодат ҳисобланади».
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳанафий мазҳабининг барча эътимодли китобларида назрнинг ибодат экани айтилган. Ибодат эса Аллоҳ таолодан ўзгага қилинмайди. Шунинг учун авлиёуллоҳларнинг қабрларига бирор нарса аташ ёки эҳсон қилиш ижмоан ҳаром ва ботилдир;
2. Авлиёуллоҳнинг қабрига назр қилинган бўлса, уни бажариш жоиз эмас. Бундай назрни адо этган одам гуноҳкор бўлади. «Фатаво ҳиндия», «Баҳрур роиқ» ва бошқа фатво китобларида бу ҳақда батафсил ёзилган.
Гуноҳ ишга назр қилган одамнинг ўша ишни қилиши ҳам, ўша назрни бажариши ҳам дуруст бўлмайди. Аксинча, бундай одам тавба қилиши лозим бўлади.
Қози Саноуллоҳ бу ҳақда шундай деганлар:
«Киши шундай назр қилган бўлса, уни бажармайди, чунки қандай бўлмасин гуноҳдан сақланиш вожибдир».
Бундай назр қилишнинг ўзи бир гуноҳ, уни бажариш эса алоҳида гуноҳ ҳисобланди. Шунинг учун аввалги гуноҳига тавба қилиб, иккинчисига қўл урмаслик лозим бўлади;
3. Авлиёуллоҳнинг қабрига ёки Аллоҳ таолодан ўзгага аталган назр бажарилса, назр қилинган нарса ҳаром бўлади, уни истеъмол қилиш жоиз бўлмайди. Агар назр қилинган нарса ўз ҳолатида турган бўлса, тавба қилиб, уни ортга қайтариб олиш мумкин. Агар назр қилинган нарса бирор ҳайвон бўлиб, ҳали сўйилмаган бўлса, тавба қилиб, уни ортга қайтариб олиш мумкин. Бундай ҳолатда назр қилинган жонлиқ Аллоҳнинг номи билан, яъни «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар» деб сўйилса ҳам, уни ейиш ҳалол бўлмайди. Бу ҳақда Мужаддиду алфи соний ўзларининг учинчи дафтар, 41 мактуботларида шундай ёзганлар:
«Фиқҳий ривоятларда улуғларнинг номига аталган жонлиқни қабр устига олиб бориб сўйиш ширк ишлар қаторига киритилган ва бундан сақланиш лозимлиги қаттиқ таъкидланган. Ушбу жонлиқ жинларга атаб сўйилган жонлиқ ҳисобланади. Бу иш шаръан тақиқланган, ширкка оид амаллардандир»;
4. Аллоҳ таолога назр атаб, бунинг савобини бирор улуғ шахсга йўллаш ёки ўша жойда яшовчи фақирларга сарфлаш ширк ёки ҳаром амал дейилмайди. Лекин авом халқ бу икки масаланинг фарқини ажрата олмайди. Шунинг учун бу амалдан ҳам сақланиш афзалдир.
Бу ҳақда Мужаддиду алфи соний раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
«Ширкка ўхшаш амаллардан ҳам сақланиш лозимдир. Аллоҳ таолога назр қилишнинг бир неча суратлари бор. Жонлиқ назр қилишнинг бир неча суратлари бор. Назр сиифатида жонлиқ сўйишга ҳеч қандай зарурат йўқ. Назр қилиб, гуноҳ асосида сўйилган жонлиқ жинларга атаб сўйилган жонлиқ кабидир, бу иш жинпарастларга ўхшаш, тақлид қилишдир»;
5. Бир киши «Фалон ишим битса, фалон валиюуллоҳнинг қабри олдидаги фақирларга фалон миқдор пул, фалон миқдор егулик ёки мато бериб, унинг савобини ўша авлиёуллоҳга бағишлайман» деб назр қилса ва ўша иши битса, юқоридаги назр қилинган нарсаларни айнан шу ердаги фақирларга бериши шарт эмас, ҳар қандай фақирга берса ҳам, назрини адо этган ҳисобланади ва бунинг савоби ўша ният қилинган валиюллоҳга боради. Агар у кишининг қалби назр қилинган нарсаларни дуч келган фақирга беришга рози бўлмай, «Айнан зикр қилинган жойдаги фақирларга бериш керак, ундан бошқа жойга берсам, назрим адо бўлмай қолади» деб тушунса, у киши аслида Аллоҳ таолога эмас, балки ўша валиюллоҳга назр қилган бўлади. Аксинча, мақсади Аллоҳ таолога назр қилиб, савобини ўша валийга бағишлаш бўлса, нияти ушбу назр орқали валийга қурбат ҳосил қилиш бўлмаса, дин пешволари бундай назрни амалга оширишга рухсат берганлар. Шарти шуки, назр қилинган нарсани дуч келган фақирга рози бўлиб бера олсин. Агар бундай қила олмаса, Аллоҳни номи билан назр қилганман деган сўзи нотўғри бўлади.
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, авлиёуллоҳларнинг қабрига аташдан мақсад уларга қурбат ҳосил қилиш ва қалбида «Ўшалар қилган назримни қабул қилиб, барча ишларимни битириб беради. Уларга назр қилмасам, барчамиздан норози бўлишади, жонимиз, молимиз, бола-чақамизга зарар етказишади» деган эътиқод бўлса, «Дуррул мухтор»да айтилганидек, бу иш ижмоан ботил, ҳаром амал ҳисобланиб, бунинг ширк эканида ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Агар авлиёларнинг номига назр қилмай, фақат Аллоҳ таолога назр қилиб, лекин савобини ўшаларга йўллашни қасд қилса, шубҳасиз, бу амал саҳиҳ ва дурустдир. Ўйлаб кўринг, бир киши бир қабристонга бориб, хайр-эҳсон қилиб ёки атаган нарсасини амалга ошириб, «Биз Аллоҳгагина назр қиламиз. Улуғларимизга эса фақат савобини йўллаймиз» деса, ўзини-ўзи алдаган бўлади, чунки бундай савобни уйда ўтириб ҳам касб қилиш мумкин.
6. Назр борасида муҳим бир масала борки, у ушбу бобнинг асосий ҳукми ҳисобланади. Уни нафақат авом халқ, балки кўпчилик саводли инсонлар ҳам билмайдилар. Бир ишнинг бўлиш-бўлмаслигига назрнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Назр билан қазо ва қадар ўзгариб ҳам қолмайди. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَن ّرَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لاَ تُنْذِرُوا فَإِنَّ النَّذْرَ لاَ يُغْنِي مِنْ الْقَدَرِ شَيْئًا وَإِنَّمَا يُسْتَخْرَجُ بِهِ مِنْ الْبَخِيلِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Назр қилманглар, чунки назр қадардан ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Унинг воситасида бахилдан (мол) чиқариб олинади, холос» дедилар»
Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисга Абдулҳақ муҳаддис Деҳлавий шундай шарҳ берганлар:
«Назр тақдирдан бирор нарсани ўзгартиради» деган эътиқодда бўлиш жоиз эмас, чунки одатда одамлар ҳожатларининг раво бўлиши учун, мусибатларни ўзидан йироқ қилиш учун назр қиладилар. Бу бахил одамларнинг мол сарф қилишига сабаб бўлади, чунки улар назр сабаблигина мол сарфлайдилар. Лекин саховатли инсонлар назрсиз ҳам ўз ихтиёрлари билан хайр-эҳсон қилаверадилар. Назр қилишда доимо шу нарсага эътибор қилиш керакки, назр қилиш мумкин, лекин шариат рухсат берган тарзда» (Мишкот ҳошияси).
Халқимиз орасида темир-терсак билан шуғулланадиганлар, айниқса, ҳайдовчилар орасида «Довуд пирим қўлласин» деб турли назрлар қилиш одати бор. У зотга атаб таомлар пиширишади, товуқ, хўроз каби жонлиқлар сўйишади. Бу иш бошдан оёқ залолат бўлиб, ширк тоифасига кирувчи амал ҳисобланади, бу ниятда тайёрланган таом ҳам, сўйилган жонлиқларнинг гўшти ҳам ҳаром бўлади, ҳатто улар «Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар»ни айтиб сўйилган бўлса ҳам.
Ҳадисларда «Садақа балони қайтаради» дейилган. Лекин назрда савдогарликнинг бир кўриниши бор, чунки одам агар иши битса, садақа беради, битмаса бермайди. Аллоҳ таоло номи ила қилинган назрки қазо-қадрни ўзгартирмас экан, қандай қилиб валиюллоҳларга аталган назр Аллоҳ белгилаган тақдирни ўзгартириши мумкин? Агар назр қилинган иш битмай қолса, инсон тақдир олдида ожизлигини тан олиб, «Тақдирда ёзилмаган экан-да» дейди. Агар иши битиб кетса, тақдирда шундай экан деб тушунмай, валийлар мадад қилди деб тушунади ва «Биз фалон валийга назр қилган эдик, ишимизни битириб берди» дейди. Мана бундай назр бошдан оёқ нотўғри ақидага асосланган ҳисобланади. Шайтон бундай найранг орқали бандани Аллоҳ таолога ибодат қилишдан тўсиб, бандага ибодат қилишга шайдо қилиб қўяди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида келтирилган ҳадисда «Аллоҳ таоло номи билан қилинган назр қазо-қадарни ўзгартирмайди» дедилар. У ҳолда қандай қилиб ожиз банда номига қилинган назр ўзининг холиқи – Аллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган қазо ва қадарни ўзгартирсин?!
إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ بِهِ لِغَيْرِ اللَّهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلَا عَادٍ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ إِنَّاللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
«Албатта, У зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан бошқага деб сўйилганни ҳаром қилди. Кимки мажбур бўлса-ю, зулм қилмай, ҳаддан ошмай (еса), унга гуноҳ бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Бақара сураси, 173-оят).
Қайси бир жонлиқ Аллоҳдан ўзга бирор бутга, набий ёки валийнинг руҳига нарз қилинса ва бундан унинг розилиги ҳамда хушнудлиги мақсад қилинса, сўйиш вақтида Аллоҳ таолонг исми зикр қилинса ҳам, бу жонворнинг гўштини ейиш ҳаром ҳисобланади, чунки жонворнинг жони Аллоҳнинг мулкидир. Бу жонни бошқаларга бахшида қилишга инсоннинг ҳаққи йўқ. Шу боис, жонлиқнинг жонини Аллоҳ таолодан ўзгага аташ очиқ-ойдин ширкдир. Шундай экан, ширк аралашган нарсанинг нажосатлиги аниқдир. Бу эса ўша жонлиқни ҳаром қилиб қўяди. Ҳаром жониворлар Аллоҳ таолонинг исмини тилга олиб сўйилса ҳам ҳалол бўлмаганидек, Аллоҳдан ўзгага аталган нарса ҳам Аллоҳ номи билан сўйилса-да, ҳалол бўлиб қолмайди.
Аслида ўлимтик деб сўйилаётган вақтда Аллоҳ таолонинг исми зикр қилинмаган нарсаларга айтилади. Лекин жониворни сўйишдан аввал Аллоҳдан ўзгага атаб қўйилса, у ҳам ҳаром бўлади. Жонлиқни Аллоҳ таолодан ўзгага атаб қўйган одам сўйишдан аввал Аллоҳдан ўзгага аташ нотўғри эканини тушуниб, тавба қилса, сўнг Аллоҳ номи ила сўйса, ҳалол бўлади.
Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинган:
وَقِيلَ لِعَلِيٍّرَضِيَ اللهُ عَنْه: أَخْبِرْنَا بِشَيْءٍ أَسَرَّهُ إِلَيْكَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: مَا أَسَرَّ إِلَيَّ شَيْئًا كَتَمَهُ النَّاسَ وَلَكِنِّي سَمِعْتُهُ يَقُولُ: لَعَنَ اللهُ مَنْ ذَبَحَ لِغَيْرِ اللهِ وَلَعَنَ اللهُ مَنْ آوَى مُحْدِثًا وَلَعَنَ اللهُ مَنْ لَعَنَ وَالِدَيْهِ وَلَعَنَ اللهُ مَنْ غَيَّرَ الْمَنَارَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Али розияллоҳу анҳуга:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга сир қилиб айтган нарсанинг хабарини бизга айт», дейилди. Бас, у:
«У зот одамлардан беркитиб менга бирор нарсани сир қилиб айтмаганлар. Лекин у зотнинг «Аллоҳдан ўзгага жонлиқ сўйганни Аллоҳ лаънатласин. Бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатласин. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин. Ер белгисини ўзгартирганни Аллоҳ лаънатласин», деганларини эшитдим», деди».
Муслим ривоят қилган.
Оят ва ҳадисдаги «Аллоҳдан бошқага сўйилган» деган жумланинг маъноси сўйишда Аллоҳ таолодан бошқани ният қилишдир. Қайси бир жонлиқ Аллоҳ таолодан бошқага аталса, аташдан мақсад уни улуғлаш бўлади, ўша бошқа нарсага таъзим бажо этиш ирода қилинган бўлади. Бу лафз Қуръони каримда тўртта жойда келган бўлиб, барча ўринда «Маа уҳилла биҳи лиғойриллаҳ (Аллоҳдан ўзгага яқинлик ҳосил қилиш, унинг розилигини топиш, уни хурсанд қилиш мақсадида аташ)» ибораси билан келган. Бирор жойда «Маа зубиҳа бисми ғойриллаҳ (Аллоҳдан бошқанинг номини тилга олиб сўйиш)» ибора билан келмаган. Бу икки ибора ўртасида катта фарқ бор.
Араб тилидан бироз хабардор бўлган киши «ли ғойриллаҳ» билан «бисми ғойриллаҳ» ўртасини ажрата олади. Оятда келган «иҳлол» сўзининг луғавий маъноси «овоз бериш» деган маънони англатиб, «сўйиш» маъносини англатмайди. Араб тилида сўйиш маъносини «забҳ» сўзи ифода қилади. Шунинг учун ҳам «Моида» сурасида Аллоҳ таоло Ўзи ҳаром қилган нарсаларни санаётган вақтда «Маа уҳилла лиғойриллаҳ», яъни «Аллоҳдан ўзгага аташ» дан кейин «Маа зубиҳа ъалан нусуб», яън «бутларга атаб сўйилган» деб зикр қилган. Бундан маълум бўладики, Аллоҳдан ўзгага деб аташ бошқа нарса, Аллоҳдан ўзганинг исмини зикр қилиб сўйиш бошқа нарсадир.
Мавлоно Муҳаммад Қосим Нонутвий қуддиса сирруҳу Ҳанафий Нақшбандий Қодирий Чиштий Суҳравардий Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ «Маа уҳилла биҳи лиғойриллаҳ» оятини тафсир қилиб, форс тилида қирқ беш саҳифалик бир мактуб ёзганлар. Бу мактуб ҳақоиқу маърифатларни ўз ичига олган бўлиб, ундан қуйидаги муҳим иқтибосни келтирамиз:
«Бирор нарсанинг ҳалол ёки ҳаром бўлиши ниятга боғлиқдир. Тилда зикр қилиш эса ўша қалбдаги ниятни таржимони, баён қилувчиси ҳисобланади. Таржимонсиз қалбдаги ниятдан бохабар бўлиш мушкул.
«Иннамал аъмолу бин-нийаат» («амаллар ниятга қараб») деган ҳадисдаги амал сўзидан ирода қилинган нарса қалбдаги ниятдир. Махсус ҳаракатлар эса, гарчи амал деб эътиборга олинса ҳам, ўша амалнинг сурати холос. Амал бўлса-ю, ният бўлмаса, жасад бор бўлиб, унинг жони бўлмагандекдир.  Бу маъно қуйидаги оятда ўз тасдиқини топган:
وَالَّذِينَ كَفَرُوا أَعْمَالُهُمْ كَسَرَابٍ بِقِيعَةٍ يَحْسَبُهُ الظَّمْآنُ مَاءً
«Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги саробга ўхшайди. Чанқоқ одам уни сув деб ҳисоблайди» (Нур 39 оят).
Демак, жонлиқнинг ҳалол ёки ҳаром бўлишига сабаб сўйиш вақтида Аллоҳнинг ёки Аллоҳдан бошқанинг исми зикр қилиниши эмас, балки ҳалолликнинг асли Аллоҳга аташ, ҳаромликнинг асл иллати эса Аллоҳдан ўзгага аташдир.
Аллоҳ таоло
فَكُلُوا مِمَّا ذُكِرَ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ إِنْ كُنْتُمْ بِآيَاتِهِ مُؤْمِنِينَ
«Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз, Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!» деб марҳамат қилади (Моида сураси, 118-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳнинг исмини зикр қилиш деганда тилда зикр қилишни ўзигина назарда тутилмайди, чунки асл зикр, ҳақиқий зикр қалбдаги зикр бўлиб, тилдаги зикр эса қалбий зикрнинг таржимонидир. Шунинг учун ҳам бир киши доимо дилида Аллоҳни ўйлаб, зикр қилиб юрса, бундай одам қалби зикрда бўлиб, тили жим турса-да, зокир дейилади. Аксинча, бир киши тилда Аллоҳни зикр қилиб турса-да, қалби бошқа нарса билан банд бўлса, орифларнинг наздида зокир дейилмайди.
Қалбий ният иймон каби ботиний нарсадир. Тилда зикр қилиш эса, шаҳодат калимаси каби, қалбдаги иймоннинг таржимонидир. Ҳеч ким калимаи шаҳодатни иймоннинг ҳақиқати деб ҳисобламайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тиллари билан шаҳодат калимасини зикр қилиб, қалблари иймон келтирмаганлар ҳақида шундай деган:
قَالَتِ الْأَعْرَابُ آمَنَّا قُلْ لَمْ تُؤْمِنُوا وَلَكِنْ قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ فِي قُلُوبِكُمْ وَإِنْ تُطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَا يَلِتْكُمْ مِنْ أَعْمَالِكُمْ شَيْئًا إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
«Аъробийлар «Иймон келтирдик», дедилар. Сен: «Иймон келтирганингиз йўқ, лекин бўйсундик» денглар, ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ ва агар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилсангиз, амалларингиздан ҳеч нарса камимас. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли зотдир», деб айт» (Ҳужурот сураси, 14-оят).
Шунингдек, кимки жонлиқ сўйишда Аллоҳдан бошқа бирор зотга яқин бўлишни ният қилиб, жонлиқни унга атаса,  сўйиш вақтида Аллоҳни номини тилга олганлиги эътиборга олинмайди, чунки унинг нияти Аллоҳдан ўзгага яқинлашиш эди. Бундай ният билан, Аллоҳни тилдагина зикр қилиб, жонлиқни сўйиш уни ҳалол қилмайди.
Араб мушриклари жонлиқларини Аллоҳ таолодан ўзгага атар, сўйиш вақтида ҳам Аллоҳ таолодан ўзгани номини айтиб сўяр эдилар. Мухлис мўминлар эса жонлиқларини хоссатан Аллоҳ таолога атар  ва сўйишда ҳам Аллоҳ таоло номи билан сўяр эдилар. Кейинчалик учинчи тоифа одамлар пайдо бўлди. Улар жонлиқларни Аллоҳ таолодан ўзгаларга атаб, уларга муқарраб бўлишни хоҳлайдилар, сўйишда эса Аллоҳ таолонинг исмини олиб сўядилар. Бу ҳолат юқоридаги икки суратнинг ўртаси бўлиб, ҳам ширк, ҳам мунофиқлик ҳисобланади, зоҳиран Аллоҳ таоло ирода қилиниб, ботинан ширк ирода қилинган бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг
وَمَا يُؤْمِنُ أَكْثَرُهُمْ بِاللَّهِ إِلَّا وَهُمْ مُشْرِكُونَ
«Кўплари эса, Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос» оятига тўғри келадилар (Юсуф сураси, 106-оят).
Юқоридаги икки суратда зоҳир билан ботин ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Уларнинг ботинида нима бўлса, зоҳирида ҳам ўша нарса намоён бўлади. Шунинг учун уларнинг ҳукми ҳам зоҳирдир. Учинчи суратда эса зоҳир билан ботин бир-бирига қарши, яъни ботинда Аллоҳдан бошқани қасд қилиб туриб, зоҳирда Аллоҳ таолонинг исми тилга олинади. Бундай ўринда ҳукм ботинга бўлади. Гарчи бу жонлиқ Аллоҳ таолонинг «Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз, Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!» оятида (Анъом сураси, 118-оят) айтилганидек сўйилса-да, ҳақиқатни олиб қараганда Аллоҳ таолонинг
وَلَا تَأْكُلُوا مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ
«Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар» оятида (Анъом сураси, 121-оят) айтилган тоифага мансуб бўлиб қолади. Ҳалол ва ҳаром борасида тилда зикр қилинган нарса сурат эътиборидан бўлиб, иккинчи даражада туради. Қалбдаги ният эса, ҳақиқат экани эътиборидан бўлиб, биринчи даражада туради. Ҳалол ва ҳаром масаласида фақатгина тилдаги зикрни эътиборга олиб, қалбдаги ниятни эътиборга олмаслик хатодир. Шундай экан, қайси бир жонлиқ Аллоҳдан ўзгага аталиб, лекин Аллоҳни номини тилга олиб сўйилса, ҳақиқат эътибори билан юқорида зикр қилинган, мушриклар томонидан сўйилган жонлиқлар сирасига киради. Сурат эътибори билан эса мўминларнинг Аллоҳга деб сўйган жонлиқлари қаторига киради. Ҳақиқат билан сурат бир-бирига қарама-қарши келган вақтда ҳақиқат томонига ҳукм берилади.
Тирик жон фақат Аллоҳ таоло учун назр қилинади. Уни Аллоҳ таолодан ўзгага назр қилиш жоиз эмас. Агар жонлиқни Аллоҳ таолодан ўзгага аташ жоиз бўлганида, қурбонлик қилиш ибодат бўлмай қолар эди. Қурбонлик учун ёки қурбонликдан бошқа мақсад учун жонлиқ сўйиш ниятдагина бир-биридан фарқ қилади, холос.
Шу ўринда юқоридаги уч суратга қўшимча равишда учинчи ҳолат, яъни холис Аллоҳ таоло учун ният қилиб, сўйиш вақтида Аллоҳ таолодан ўзганинг номини тилга олиб сўйиш ҳолат ҳам бўлиши мумкиндир, лекин бу сурат ҳалигача топилмаган.
Аллоҳ таоло «Аллоҳдан бошқага деб сўйилганни ҳаром қилди» деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 131-оят).
Ушбу ояти карима нозил бўлган вақтда Аллоҳга назр қилиш билан Аллоҳдан бошқага назр қилиш ўртасидаги фарқ сўйиш вақтида Аллоҳнинг ёки Аллоҳдан ўзганинг номини тилга олишдан иборат эди. Ҳозирги кундагидек, назр қилишда ширкка йўл қўйиш, яъни жонлиқни Аллоҳдан ўзгага атаб, сўйганда Аллоҳни номини тилга олиш у даврда бўлган эмас эди. Бу учинчи сурат ширк билан тавҳид қоришмасини бир кўринишидир. Ниятга кўра бу амал ширк, Аллоҳнинг номини тилга олиниши эътибори билан эса тавҳиддир. Уламолар юқоридаги оятнинг тафсирида «Сўйиш вақтида Аллоҳнинг номини тилга олса, у жонлиқ Аллоҳ учун бўлади», дейишган бўлса, бу ўша даврдаги ҳолатни баён қилиш учун эди, чунки у пайтларда Аллоҳнинг номини тилга олиб жонлиқ сўйса, ниятида ҳам Аллоҳга атаган бўлар эди. Аллоҳдан ўзгани ният қилса, тилида ҳам Аллоҳдан бошқани тилга олар эди. Кейинчалик эса, назрни Аллоҳдан ўзгага атаб, сўйиш вақтида Аллоҳни номини тилга оладиган бўлишди.
Агар бир киши Аллоҳдан бошқага жонлиқ атаса, лекин сўйишдан аввал нияти нотўғри эканлигини тушуниб, ниятидан қайтса ва Аллоҳ учун деб ният қилса, ўша жонлиқ ҳалолга айланади. Демак, Аллоҳдан ўзгага деб аташ нияти сўйгунича давом этса, жонлиқ ҳаром бўлади. Ҳаром бўлишига асосий сабаб сўйиш вақтида Аллоҳ таолонинг номини тилга олмаслик эмас, балки жонлиқни Аллоҳдан ўзгага деб ният қилишдир.
Агар «Ва маа уҳилла биҳи лиғойриллаҳ» оятида сўйилаётгандагина Аллоҳдан бошқанинг номи тилга олинган жонивор ирода қилинган дейилса, унинг Аллоҳдан бошқага аталгани эътиборга олинмаса ҳам, бу ҳолат ўша жонлиқнинг ҳалоллигига кифоя қилмайди, чунки ҳаромлик «Ва маа уҳилла биҳи лиғойриллаҳ» деган жумла билан чегараланган эмас.
Зеро, ўғирланган, бировдан тортиб олинган жониворларнинг гўшти бу оятнинг ҳукми остига кирмайди. Шундай бўлса-да, улар ҳам ҳаром ҳисобланади, гарчи Аллоҳ номи билан сўйилган бўлса ҳам. Шунингдек, Аллоҳдан ўзгага қурбат ҳосил қилишга ният қилишнинг ўзи ҳам гўштнинг ҳаром бўлиб қолишига кифоя қилади.


8 йил аввал 15618 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликнинг фазилатлари
بسم الله الرحمن الرحيم 1-БОБ Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунининг фазилати.  وَالْفَجْرِ (1) وَلَيَالٍ давоми...
8 йил аввал 11237 Абдуманнон Жаъфар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликнинг тарихи ва ҳақиқати
3-БОБ Қурбонликнинг ҳақиқати. Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: "Саҳобалар сўрашди:  “Ё Росулоллоҳ (сав), қурбонликнинг ҳақиқати давоми...
8 йил аввал 9513 Абдуманнон Жаъфар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликка оид савол-жавоблар
Савол: Баъзилар фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деган ниятда, арафа куни ёки қурбонлик куни, ийд намозидан олдин жонлиқларни сўядилар. Шу қурбонлик ҳисобланадими? Жавоб: Шаҳарда давоми...
8 йил аввал 9520 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонлик кимларга вожиб?
Савол: Қурбонлик кимларнинг зиммасига вожиб? Жавоб: Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт. 1. Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи давоми...
8 йил аввал 12763 fiqh.uz