Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади.
«Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади.
«Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг узунлигича, кенглиги эса маййит узунлигининг ярми миқдорича қилиб кавлангани бўлади .[1]
Қабр икки хил кавланади:
1. Лаҳад: ерни тўғри кавлаб, сўнгра унинг қибла томонидан ўлик учун алоҳида айвон очиш услубидаги қабр;
2. Шаққ – ёрма: пастга тўғри кавлаб тушиб, кавланган жойнинг ўртасидан яна озгина кавлаб, жасад учун жой тайёрлаш услубидаги қабр;
Уламолар лаҳад қилиб кавлаш шаққ қилишдан афзалроқ эканида якдил фикрдалар.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: اللَّحْدُ لَنَا وَالشَّقُّ لِغَيْرِنَا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Лаҳад бизларга, шаққ биздан бошқаларга», дедилар.
Сунан эгалари ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Бу ҳадисдан икки услубдан бирини ихтиёр қилиш имкони бўлса, лаҳад услуби афзал кўрилишини ва у биз мусулмонларга хос эканини, бошқа миллатлар эса шаққни ихтиёр қилишганини тушуниш мумкин. Амалда ҳам мусулмонлар ернинг тузилиши имкон бермагандагина шаққ қазийдилар. Бошқа миллатлар эса ҳар қандай шароитда ҳам шаққни танлайдилар.
«Ал мавсуатул-Фиқҳиятул-Кувайтийя», Қувайт, Дорус Салосил.