Поезд, автобусларда фарз, вожиб намозларини ўқиш жоиздир. Хоҳ бирор узур бўлсин ёки бўлмасин. Лекин, қиблага юзланиш ва қиём шартдир.
Қаттиқ узурсиз қибла ва қиёмни тарк қилиш билан намоз намоз бўлмайди. Автобус ёки поезд тиқилинч бўлганлиги туфайли пешонани қўйиб сажда қилишнинг имкони бўлмаса ва вақт чиқиб кетмасидан олдин бирор жойда тўхташликни умиди бўлмаса, икки ўтиргични орасида қиблага юзланади, қиём ва рукуъ қилади, сажда учун орқа ўриндиққа ўтириб оёғи пастда турган ҳолатда олдинги ўтиргичга сажда қилади ёки ёнига сажда қилади. Саждада пешона ва оёқ тегиб турган бўлиши шарт. Икки тизза тегмасдан турса, зарари йўқ.
Агар қибла икки ўтиргичнинг ўртасида бўлса, ўтиргичлар ўртасида туриб, пастга сажда қилса бўлади. Агар юқорида зикр қилингандек ҳолат топилмаса, тиқилинч ёки ёмғир туфайли ҳамма жой ҳўл бўлиб, намоз ўқишга жой топилмаса, ўтирган ҳолатда имо-ишора билан рукуъ сажда қилиб намозини адо қилади (Аҳсанул фатаво).
Бирор транспортда кетаётиб, намоз ўқилмоқчи бўлган жойнинг пок ва нопоклиги ҳақида гумон қилиб қолса, нажосатнинг ўзи, ранги ва ҳатто ҳиди ҳам ўтмайдиган бирор покиза матони тагига солиб ўқиса бўлади. Агар оёғининг ости нажосат бўлса, оёқ кийимини ечиб, устига оёғини қўйиб, ўқиса бўлади.
Баъзилар қиёмга қодир бўла туриб, поездлардаги ўриндиқларнинг иккинчи қаватида ўтириб намоз ўқийдилар. Бу билан уларнинг намози адо бўлмайди (Аҳсанул фатаво).