هِيَ ثَلَاثٌ: فَحَلِفُهُ عَلَى فِعْلٍ أَوْ تَرْكٍ مَاضٍ، كَاذِبًا عَمْدًا، غَمُوسٌ، يَأْثَمُ بِهِ. وَظَانًّا أَنَّهُ حَقٌّ، وَهُوَ ضِدُّهُ لَغْوٌ، يُرْجَى عَفْوُهُ. وَعَلَى آتٍ مُنْعَقِدَةٌ.
وَكَفَّرَ فِيهِ فَقَطْ إِنْ حَنِثَ وَلَوْ سَهْوًا أَوْ كَرْهًا، حَلَفَ أَوْ حَنِثَ.
وَالْقَسَمُ بِاللهِ أَوْ بِاسْمٍ مِنْ أَسْمَائِهِ: كَالرَّحْمَنِ، وَالرَّحِيمِ، وَالْحَقِّ، أَوْ بِصِفَةٍ يُحْلَفُ بِهَا مِنْ صِفَاتِهِ: كَعِزَّةِ اللهِ، وَجَلَالِهِ، وَكِبْرِيَائِهِ، وَعَظَمَتِهِ، وَقُدْرَتِهِ، لَا بِغَيْرِ اللهِ كَالنَّبِيِّ، وَالْقُرْآنِ، وَالْكَعْبَةِ، وَلَا بِصِفَةٍ لَا يُحْلَفُ بِهَا عُرْفًا كَرَحْمَتِهِ، وَعِلْمِهِ، وَرِضَائِهِ، وَغَضَبِهِ، وَسَخَطِهِ، وَعَذَابِهِ.
وَقَوْلُهُ: لَعَمْرُ اللهِ، وَايْمُ اللهِ، وَعَهْدِ اللهِ، وَمِيثَاقِهِ، وَأُقْسِمُ، وَأَحْلِفُ، وَأَشْهَدُ، وَإِنْ لَمْ يَقُلْ: بِاللهِ، وَعَلَيَّ نَذْرٌ، أَوْ يَمِينٌ، أَوْ عَهْدٌ وَإِنْ لَمْ يُضَفْ إِلَى اللهِ، وَإِنْ فَعَلَ كَذَا فَهُوَ كَافِرٌ، وَإِنْ لَمْ يَكْفُرْ عَلَّقَهُ بِمَاضٍ أَوْ آتٍ، وَسَوْﮔـنْد مِيخُورَمْ بَخُدَايْ قَسَمْ. وَحَقًّا، وَحَقَّ اللهِ، وَحُرْمَتَهُ وَسَوْﮔـنْد خُورَمْ بَخُدَايْ يا بَطَلَاقِ زَنْ، وَإِنْ فَعَلَهُ فَعَلَيْهِ غَضَبُهُ، أَوْ سَخَطُهُ، أَوْ لَعْنَتُهُ، أَوْ أَنَا زَانٍ، أَوْ سَارِقٌ، أَوْ شَارِبُ خَمْرٍ، أَوْ آكِلُ رِبًا لَا.
وَحُرُوفُ الْقَسَمِ: الْوَاوُ، وَالْبَاءُ، وَالتَّاءُ. وَقَدْ تُضْمَرُ كـ: اللهِ لَأَفْعَلَنَّ.
Қасам уч турлидир: кишининг ўтган нарсани қилгани ёки тарк этганига қасддан ёлғон қасам ичиши ғамусдир. У ила гуноҳкор бўлади. Ўшанда ўзи ҳақ эканини гумон қилса-ю, иш аксинча бўлса, қасам беҳудадир. Бунда афв этилиши умид қилинади. Агар келажак нарсага қасам ичса, қасам боғланади. Мана шу қасамдагина қасамхўр бўлса, каффорат ўтайди. Агар қасамни ёки қасамхўрликни унутиб ёки мажбурланиб қилган бўлса ҳам.
Қасам «Аллоҳ» лафзи билан ёки Роҳман, Роҳийм ва Ҳақ каби исмларидан бири билан ёхуд Аллоҳ таолонинг қасам ичса бўладиган иззати, жалоли, кибриёси, азамати ва қудрати каби сифатларидан бири билан бўлади.
Набий, Қуръон, Каъба каби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан ва раҳмати, илми, ризоси, ғазаби, аччиғи ва азоби каби урфда қасам ичиб бўлмайдиган сифатлари билан бўлмайди. Кишининг «Ла амруллоҳи», «Ва аймуллааҳи», «Ва аҳдиллааҳи ва мийсақиҳи», дейиши, «қасамки», «онтки», «ашҳаду», деганидан кейин «биллааҳи»ни айтмаса ҳам, «Зиммамда назр, ямин, аҳд бор», деганида «Аллоҳ учун», демаса ҳам қасамдир.
Агар фалон нарсани қилса у кофир эканлигини айтса, агар кофир бўлмаса ҳам, ўтган замонга боғладими ёки келасига, барибир қасамдир.
«Савганд михўрем ба Худой» ҳам қасамдир. «Ҳаққан», «Аллоҳнинг ҳаққи-ҳурмати», «Савганд хўрам бо Худой» ёки «Ба талоқи зан», деса ёки агар фалон ишни қилса, унга Аллоҳнинг ғазаби, аччиғи ёки лаънати бўлишини айтса, ёхуд «Фалон ишни қилсам, мен зинокор ёки ўғри, ёхуд ароқ ичувчи-ю, рибохўр бўлай», деса, қасам бўлмайди.
Қасам ҳарфлари «вов», «бо» ва «то»лардир. Гоҳида «Аллоҳи ла афаъланна»дагига ўхшаб у яширин суратда ҳам ишлатилади.
Биз «қасам» деб таржима қилган сўз араб тилида «ямин» деб келган.
Умуман олганда, бизнинг тилимиздаги «қасам» ва «онт» сўзлари ўрнига араб тилида «қасам», «ҳалиф» ва «ямин» сўзлари ишлатилади. «Ямин» сўзи Туркияда ҳам араб тилидаги маъносида ишлатилади.
«Ямин» сўзи «ўнг томон», «ўнг қўл» маъноларини англатади. Арабларда қасамга «ямин» сўзи ишлатилишининг сабаби, уларнинг одатлари бўйича кишилар ўзаро қасам ичишганларида бир-бирларининг ўнг қўлидан тутиб туриб қасам ичишар экан.
«Ямин» шаръий истилоҳда қуйидагича таърифланади:
«Аллоҳ таолонинг исми ёки У Зотнинг сифатларидан бирини зикр қилиш ила эҳтимоли бор бир ишни таъкидлаш яминдир».
Бошқа бир таърифда:
«Хабарни Аллоҳнинг зикри ёки таълиқ ила кучлантириш яминдир», дейилган.
Қасамнинг сабаби – қасам ичувчи ўзининг ростгўйлигини тингловчига таъкидлашни ёки ўзини бир нарсани қилиш ёки тарк этишга мажбурлашни қасд қилишидир.
Қасамнинг шарти – қасам ичувчининг мукаллаф бўлмоғи.
Қасамнинг рукни – қасам ҳосил бўладиган лафз.
Қасамнинг ҳукми – унинг амалга ошишида яхшилик бўлиши ва амалга ошмаганида каффорат бериш.
Биз тушунарли бўлиши учун ўзимизда урф бўлиб қолган «қасам» сўзини ишлатаверишни маъқул кўрдик.
Қасам иккига тақсимланади: Аллоҳ таолонинг исми ила бўлган қасам ва У Зотдан бошқа билан қасам.
Биринчи турдаги қасам Қуръони Каримда зикр қилинган:
فَوَرَبِّ السَّمَاء وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِّثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنطِقُونَ
Аллоҳ таоло:
«Осмону ернинг Робби ила қасамки, албатта, у (ваъда) худди сиз нутқ қилаётганингиз каби ҳақиқатдир», деган (Зарийаат сураси, 23-оят).
فَلَا أُقْسِمُ بِرَبِّ الْمَشَارِقِ وَالْمَغَارِبِ إِنَّا لَقَادِرُونَ عَلَى أَن نُّبَدِّلَ خَيْرًا مِّنْهُمْ وَمَا نَحْنُ بِمَسْبُوقِينَ
Аллоҳ таоло:
«Машриқлар ва мағриблар Робби билан қасам ичаманки, албатта, Биз қодирмиз… ўринларига улардан яхшироқларини алмаштиришга. Ва Биз ожиз эмасмиз», деган (Маъориж сураси, 40-41-оятлар).
Қасам суннатда ҳам бор.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: كَانَتْ يَمِينُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا، وَمُقَلِّبِ الْقُلُوبِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасамлари «Лаа» ва «Муқаллибал қулуби» эди».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا اجْتَهَدَ فِي الْيَمِينِ، قَالَ: «وَالَّذِي نَفْسُ أَبِي الْقَاسِمِ بِيَدِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қасамга урғу берадиган бўлсалар, «Абул Қосимнинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки», дер эдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Мусулмон уммати Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиш шариатда борлигига қадимдан иттифоқ қилган.
Аллоҳ таолонинг номидан бошқа ила қасам ичиш макруҳдир.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَدْرَكَ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ فِي رَكْبٍ وَهُوَ يَحْلِفُ بِأَبِيهِ، فَنَادَاهُمْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَلَا، إِنَّ اللهَ يَنْهَاكُمْ أَنْ تَحْلِفُوا بِآبَائِكُمْ، فَمَنْ كَانَ حَالِفًا فَلْيَحْلِفْ بِاللهِ، وَإِلَّا فَلْيَصْمُتْ. قَالَ عُمَرُ: فَوَاللهِ، مَا حَلَفْتُ بِهَا بَعْدَمَا سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نهَىَ عَنْهَا ذَاكِرًا وَلَا آثِرًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарнинг бир гуруҳ отлиқлар ичида отаси ила қасам ичаётганини билиб қолдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Огоҳ бўлинглар! Аллоҳ азза ва жалла сизларни оталарингиз ила қасам ичишдан қайтаради! Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ ила қасам ичсин, бўлмаса жим турсин», деб нидо қилдилар.
Умар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наҳийларини эшитганимдан буён на ўзим ўшандоқ қасам ичмадим ва на бошқанинг ўшандоқ қасамини ҳам тилимга олмадим», деди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Энди бу масала бўйича «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни ўрганишга киришайлик.
Қасам уч турлидир:
1. Кишининг ўтган нарсани қилгани ёки тарк этганига қасддан ёлғон қасам ичиши ғамусдир. У ила гуноҳкор бўлади.
«Fамус» сўзи луғатда «чўмилиш», «кўмилиш» деган маъноларни англатади. Чунки ундай ботил қасам ўз эгасининг жаҳаннам оловига чўмилишига, кўмилишига сабаб бўлади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْكَبَائِرُ الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَقَتْلُ النَّفْسِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғамус қасамдир», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ كَاذِبَةٍ، ليَقْتَطِعَ بِهَا مَالَ رَجُلٍ مُسْلِمٍ، أَوْ مَالَ أَخِيهِ، لَقِيَ اللهَ وَهُوَ عَلَيْهِ غَضْبَانُ، فَأَنْزَلَ اللهُ تَصْدِيقَهُ: ﮋإِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلاًﮊ إِلَى آخِرِ الْآيَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мусулмон одамнинг (ёки «ўз биродарининг», дедилар) молини узиб олиш учун ёлғон қасам ичса, Аллоҳга йўлиққанида У Зот ундан ғазабланган ҳолда бўлур. Бас, Аллоҳ ўшанинг тасдиғини: «Алоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини озгина баҳога сотадиганлар – албатта, ана ўшаларга охиратда яхши насиба йўқдир», деб нозил қилди», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ مَصْبُورَةٍ كَاذِبًا، فَلْيَتَبَوَّأْ بِوَجْهِهِ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ёлғондан лозим қилувчи қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига тайёрланаверсин», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
2. Ўшанда ўзи ҳақ эканини гумон қилса-ю, иш аксинча бўлса, қасам беҳудадир. Бунда афв этилиши умид қилинади.
Ҳанафий ва моликий мазҳаблари бўйича, киши бир нарсани тўғри деб гумон қилиб қасам ичса-ю, нотўғри чиқиб қолса, унинг айтганлари «беҳуда қасам» бўлади. Бу ҳолатда унга на гуноҳ ва на каффорат бўлмайди.
Тил ўрганиб қолганидан ўйламай-нетмай ичиладиган қасамга ҳам «беҳуда қасам» дейилади. Айниқса, арабларда «қасам» лафзи осон чиқади. Сўз орасида ҳам «Валлоҳи», «Биллааҳи», «Таллоҳи», деб юбораверишади. Бунда қасам ичиш нияти умуман бўлмаса ҳам, тил ўрганиб қолган бўлади.
Туркий халқларда ҳар нарсага «Худо урсин», деявериш ҳам шунга ўхшайди.
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирлари билан йўлда кетаётиб, ов қилаётган кишиларнинг олдидан ўтиб қолишди. Шунда:
«Аллоҳга қасамки, урдим», «Аллоҳга қасамки, хато қилдим», деган овозлар эшитилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кетаётган киши: «Қасамхўр бўлишдими?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўқ, овчиларнинг қасами беҳуда бўлади. Каффорат ҳам, уқубат ҳам йўқ», дедилар.
Демак, беҳуда қасам кечирилгандир, унинг учун ҳеч қандай гуноҳ ҳам, жазо ҳам йўқ. Лекин мусулмонлик одоби кўп қасам ичмасликни тақозо қилади.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا فِي قَوْلِهِ تَعَالَى: ﮋلاَّ يُؤَاخِذُكُمُ اللّهُ بِاللَّغْوِ فِيَ أَيْمَانِكُمْﮊ قَالَتْ: أُنْزِلَتْ فِي قَوْلِهِ: لَا واللهِ، بَلَى وَاللهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас», деган қавли ҳақида ривоят қилинади:
«Бу оят бировнинг «Йўқ, валлоҳи!» ва «Ҳа, валлоҳи!» каби гапи ҳақида нозил қилинган».
Бухорий ривоят қилган.
وَعَنْهَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: هُوَ كَلَامُ الرَّجُلِ فِي بَيْتِهِ: كَلَّا وَاللهِ، وَبَلَى وَاللهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (беҳуда қасам) – кишининг ўз уйида «Йўқ, валлоҳи!» ва «Ҳа, валлоҳи!» дейишидир», дедилар».
Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоят қилишган.
3. Агар келажак нарсага қасам ичса, қасам боғланади. Мана шу қасамдагина қасамхўр бўлса, каффорат ўтайди. Агар қасамни ёки қасамхўрликни унутиб ёки мажбурланиб қилган бўлса ҳам.
Одатда оддий қасам худди шу қасам ҳисобланади. Бундай қасам ичган одам қасамига содиқ қолиши лозим. Агар қасамида турмаса, қасамхўр бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, каффорат бериши вожиб бўлади.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
لاَّ يُؤَاخِذُكُمُ اللّهُ بِاللَّغْوِ فِيَ أَيْمَانِكُمْ وَلَكِن يُؤَاخِذُكُم بِمَا كَسَبَتْ قُلُوبُكُمْ وَاللّهُ غَفُورٌ حَلِيمٌ
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қалбларингиз касб қилган нарса учун тутадир. Ва Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта ҳилмлидир», деган (225-оят).
Қасам «Аллоҳ» лафзи билан ёки Роҳман, Роҳийм ва Ҳақ каби исмларидан бири билан ёхуд Аллоҳ таолонинг қасам ичса бўладиган иззати, жалоли, кибриёси, азамати ва қудрати каби сифатларидан бири билан бўлади.
Набий, Қуръон, Каъба каби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан ва раҳмати, илми, ризоси, ғазаби, аччиғи ва азоби каби урфда қасам ичиб бўлмайдиган сифатлари билан бўлмайди.
Чунки мазкур лафзлар билан қасам ичиш урфда йўқ. Бунинг устига, мисол учун оладиган бўлсак, раҳмат деганда гоҳида ёмғир ёки жаннат каби унинг турли кўринишлари ирода қилинади. Бу ҳолда Аллоҳдан бошқа билан қасам ичилган бўлиб қолади. Бу ерда зикр қилинган бошқа сифатларнинг барчаси ҳам шунга ўхшашдир.
Кишининг «Ла амруллоҳи», «Ва аймуллааҳи», «Ва аҳдиллааҳи ва мийсақиҳи», дейиши, «қасамки», «онтки», «ашҳаду», деганидан кейин «биллааҳи»ни айтмаса ҳам, «Зиммамда назр, ямин, аҳд бор», деганида «Аллоҳ учун», демаса ҳам қасамдир.
Мазкур лафзлар ва услублар билан қасам ичиш одатда арабларга ва араб тилига хосроқдир.
Агар фалон нарсани қилса у кофир эканлигини айтса, агар кофир бўлмаса ҳам, ўтган замонга боғладими ёки келасига, барибир қасамдир.
Чунки куфрни бир феълга боғлаш ўша феълни ҳаром қилишдан иборатдир. Ҳалолни ҳаром қилиш эса қасам ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Ким яҳудий ёки насроний бўлиш ҳақида онт ичса, қасамдир», деган.
«Савганд михўрем ба Худой» ҳам қасамдир.
Яъни араб тилидан бошқа тилда келаси замон феълида «Худо билан қасам ичаманки», деса ҳам қасам бўлади.
«Ҳаққан», «Аллоҳнинг ҳаққи-ҳурмати», «Савганд хўрам ба Худой» ёки «ба талоқи зан», деса ёки агар фалон ишни қилса, унга Аллоҳнинг ғазаби, аччиғи ёки лаънати бўлишини айтса, ёхуд «Фалон ишни қилсам, мен зинокор ёки ўғри, ёхуд ароқ ичувчи-ю, рибохўр бўлай», деса, қасам бўлмайди.
Чунки бу ишларнинг бирортаси билан қасам ичиш урфда бўлмаган ва уларнинг қасамдан бошқа маънони англатиши кучлидир.
Қасам ҳарфлари «вов», «бо» ва «то»лардир. Гоҳида «Аллоҳи ла афаъланна»дагига ўхшаб у яширин суратда ҳам ишлатилади.
Араб тилида қасам турли услублар билан бўлади. Очиқ қасам ичиш маъносидаги сўзлар билан ёки қасам ҳарфлари, жумладан, «вов», «бе», «то» ҳарфлари билан.
Қуръони Каримнинг бир қанча суралари қасам билан бошланган. Уларда қасам лафзлари ишлатилмайди, балки қасам ҳарфларининг ўзи кифоя қилади. Мисол учун, Наазиаат сурасидаги «Ван-Наазиаати» – «Наазиаат билан қасам ичаман», деганидир. Аллоҳдан ўзга нарсалар билан қасам ичиш Аллоҳнинг Ўзига хосдир.
Қасамнинг каффорати
وَكَفَّارَتُهُ: عِتْقُ رَقَبَةٍ، أَوْ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ - كَمَا هِيَ فِي الظِّهَارِ - أَوْ كِسْوَتُهُمْ، لِكُلٍّ ثَوْبٌ يَسْتُرُ عَامَّةَ بَدَنِهِ، فَلَمْ تَجُزِ السَّرَاوِيلُ، فَإِنْ عَجَزَ عَنْهَا وَقْتَ الْأَدَاءِ، صَامَ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ وِلَاءً، وَلَمْ تَجُزْ بِلَا حِنْثٍ.
وَمَنْ حَلَفَ عَلَى مَعْصِيَةٍ، كَعَدَمِ الْكَلَامِ مَعَ أَبَوَيْهِ، حَنِثَ وَكَفَّرَ. وَلَا كَفَّارَةَ فِي حَلِفِ كَافِرٍ وَإِنْ حَنِثَ مُسْلِمًا.
وَمَنْ حَرَّمَ مِلْكَهُ لَا يَحْرُمُ عَلَيْهِ، وَإِنِ اسْتَبَاحَهُ كَفَّرَ. وَمَنْ نَذَرَ نَذْرًا مُطْلَقًا، أَوْ مُعَلَّقًا بِشَرْطٍ يُرِيدُهُ كـ: إِنْ قَدِمَ غَائِبِي، فَوُجِدَ وَفَى، وَبِمَا لَمْ يُرِدْهُ كـ: إِنْ زَنَيْتُ، وَفَى أَوْ كَفَّرَ، وَهُوَ الصَّحِيحُ.
Унинг каффорати худди зиҳордаги каби қул озод қилиш ёки ўнта мискинни тўйдириш, ёхуд уларнинг ҳар бирига бутун баданини тўсадиган кийим беришдир. Шалворнинг ўзи кифоя қилмайди. Агар уларни адо этиш пайтида ожиз бўлса, кетма-кет уч кун рўза тутади. Қасамхўр бўлмай туриб, каффорат адо қилиш жоиз эмас.
Ким ота-онасига гапирмаслик каби маъсиятга қасам ичса қасамхўр бўлади ва каффорат адо этади.
Кофирнинг қасамида каффорат йўқ. Агар мусулмон ҳолида қасамхўр бўлса ҳам. Ким ўз мулкини ҳаром қилса, у унга ҳаром бўлмайди. Агар унинг мубоҳлигини ўзига раво кўрса, каффорат адо этади.
Ким мутлақ ёки ўзи ирода қилган шартга боғлаб, «Агар ғойиб кишим келса...» деганга ўхшаб назр қилса ва ўша нарса вужудга келса, вафо қилади. Агар ўзи ирода қилмаган нарсага боғлаб, «Агар зино қилсам...» деганга ўхшаб назр қилса, вафо қилади ёки каффорат беради. Ана ўша тўғридир.
Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни шарҳ қилишга ўтайлик.
Унинг каффорати худди зиҳордаги каби қул озод қилиш ёки ўнта мискинни тўйдириш, ёхуд уларнинг ҳар бирига бутун баданини тўсадиган кийим беришдир. Шалворнинг ўзи кифоя қилмайди. Агар уларни адо этиш пайтида ожиз бўлса, кетма-кет уч кун рўза тутади.
Бу ҳукмнинг далили қуйидагича.
Аллоҳ таоло Моида сурасида:
لاَ يُؤَاخِذُكُمُ اللّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِن يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الأَيْمَانَ فَكَفَّارَتُهُ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ مِنْ أَوْسَطِ مَا تُطْعِمُونَ أَهْلِيكُمْ أَوْ كِسْوَتُهُمْ أَوْ تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ فَمَن لَّمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلاَثَةِ أَيَّامٍ ذَلِكَ كَفَّارَةُ أَيْمَانِكُمْ إِذَا حَلَفْتُمْ وَاحْفَظُواْ أَيْمَانَكُمْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз», деган (89-оят).
Қасамхўр бўлмай туриб, каффорат адо қилиш жоиз эмас.
Чунки каффоратдан мақсад жиноятни беркитишдир. Йўқ жиноятни беркитиб бўлмайди.
وَلِمُسْلِمٍ: أَعْتَمَ رَجُلٌ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ رَجَعَ إِلَى أَهْلِهِ، فَوَجَدَ الصِّبْيَةَ قَدْ نَامُوا، فَأَتَاهُ أَهْلُهُ بِطَعَامِهِ، فَحَلَفَ لَا يَأْكُلُ مِنْ أَجْلِ صِبْيَتِهِ، ثُمَّ بَدَا لَهُ، فَأَكَلَ، فَأَتَى رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَذَكَرَ ذَلِكَ لَهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ، فَرَأَى غَيْرَهَا خَيْرًا مِنْهَا، فَلْيَأْتِهَا، وَلْيُكَفِّرْ عَنْ يَمِينِهِ
Муслимнинг ривоятида:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қоронғи зулматгача ўтирди. Сўнг аҳлига қайтиб борса, кичик болалари ухлаб қолишган экан. Аҳли унга таом келтирди. У бўлса, кичик болалари туфайли таом емасликка қасам ичди. Кейин эса фикри ўзгариб, таомни еди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган нарсани зикр қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир нарса учун қасам ичса-ю, сўнгра ундан яхшироғини кўриб қолса, ўшани қилсин ва қасамига каффорат берсин», дедилар», дейилган.
Араб тилида «каффорат» сўзи бир нарсани яхшилаб, мутлақо кўринмайдиган қилиб тўсиб, беркитишга ишлатилади.
Шариатда эса содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига «каффорат» дейилади.
Ичган қасамини бузишга мажбур бўлган инсон адо этиши вожиб бўлган каффорат қуйидагича:
1. Бир қул озод қилиш.
Қасамини бузган кишига каффорат учун белгиланган жазо чораларидан Ислом дини бева-бечораларга, камбағал-мискинларга қанчалик эътибор билан қарагани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шунингдек, бу мукаммал ва оламшумул диннинг қулчиликка қарши бўлгани ва қулларни озод қилишга қаттиқ урингани ҳам кўриниб турибди. Исломда бу ишлар гуноҳларни ювадиган ибодат даражасига кўтарилгани эътиборга сазовордир.
2. Ўнта мискинни тўйдириш.
Мискинларни тўйдиришдаги мазкур ўлчов каффорат берувчи ўз аҳлига берадиган бир кунлик ўртача таом миқдоридир. Агар каффорат адо этиши лозим бўган шахс ўнта мискинга таом беришни хоҳламаса, учинчи хил каффоратни адо этиши ҳам мумкин.
3. Ўнта мискинга бутун баданини тўсадиган бир сидра кийим бериш.
Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва қавмнинг ўртача кийими бўлади.
Оғзига кучи етмайдиган, ўзига эътибор қаратиш ва бир ишни қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш мақсадида Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб, сўнгра ўз қасамига содиқ қола билмаган одам аслида Аллоҳга нисбатан катта беодоблик қилган бўлади. Бу ишнинг жазосига бошқачароқ чора ҳам белгилаш мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло айнан фақир, мискин ва қулларга меҳр кўрсатиб, уларнинг фойдасини кўзловчи чораларни белгилаган.
Қасамини бузадиганларнинг ҳаммаси ҳам ўнта мискинни тўйдириш ёки уларга бир сидра кийим олиб бериш, ёхуд бир қул озод қилиш имконига эга бўлавермайди. Уларнинг ичларида камбағаллари ҳам бўлиши турган гап. Ана шундай имкони йўқ қасамхўрларга ўзига хос жазо чораси белгиланган:
4. Агар уларни адо этиш пайтида ожиз бўлса, кетма-кет уч кун рўза тутади.
Демак, қасамини бузган одам каффоратни адо қилиш учун ўнта мискинни таомлантириш ёки шунча ададдаги мискинга кийим-бош олиб бериш, ёхуд бир қул озод қилишга молиявий имкони йўқ бўлса, уч кун рўза тутиб, каффоратни адо этиши вожиб бўлади.
Аввалги уч жазо чорасининг ичидан бирини танлаш ихтиёрийдир, лекин тўртинчи жазо чорасини адо этишга фақатгина мазкур уч чорани адо этишга имкони йўқ кишиларгина муяссар бўладилар.
Шариатимизда қасамини бузган кишилар учун каффорат адо этишни жорий қилишда аввал зикр қилинган фойдалардан ташқари, тарбиявий омил ҳам бор. Қасамини бузган одамга каффорат адо этишни вожиб қилишда уни ўзига келтириш ва ваъз-насиҳат омили бор. Бир марта каффорат адо этишга мажбур бўлган инсон бундан кейин ҳар бир гапини яхшилаб ўйлаб гапирадиган ва Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичишдан олдин ўзига бир назар соладиган бўлади. Унинг ҳолини кўрган бошқа кишилар ҳам ибрат олиб, гапларини ўйлаб гапирадиган бўлишади.
Ким ота-онасига гапирмаслик каби маъсиятга қасам ичса, қасамхўр бўлади ва каффорат адо этади.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга тоат қилишга қасам ичган бўлса, тоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишга қасам ичган бўлса, осий бўлмасин», деганлар.
Кофирнинг қасамида каффорат йўқ. Агар мусулмон ҳолида қасамхўр бўлса ҳам.
Кофир ҳолида қасам ичган бўса-ю, мусулмон бўлгандан кейин ўша қасамини бузса, каффорат тўламайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Тавба сурасида:
فَقَاتِلُواْ أَئِمَّةَ الْكُفْرِ إِنَّهُمْ لاَ أَيْمَانَ لَهُمْ لَعَلَّهُمْ يَنتَهُونَ
«Куфрбошиларга қарши жанг қилинг! Зеро, уларнинг аҳдлари йўқдир. Шоядки, тўхтасалар», деган (12-оят).
Ким ўз мулкини ҳаром қилса, у унга ҳаром бўлмайди. Агар унинг мубоҳлигини ўзига раво кўрса, каффорат адо этади.
Таҳрим сурасида бу ҳукмга далил бор.
قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ
Аллоҳ таоло:
«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни бўшатишни шариатга киритди. Ва Аллоҳ сизнинг Хожангиздир ва Унинг Ўзи ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир», деган (2-оят).
Қуръони Каримнинг Таҳрим сурасидаги ушбу ояти карима аслида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида бўлиб ўтган ҳодиса сабабидан нозил бўлган. Аммо унинг ҳукми умумийлиги ўз маъносидан ҳам кўриниб турибди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаи мутаҳҳаралари Ҳафса онамиз билан муомалада, баъзи бир эътиборларга кўра, асал ичмасликка ва бошқа ривоятларга қараганда, ўз чўрилари Мория Қибтия розияллоҳу анҳога яқинлик қилмасликка қасам ичадилар. Ҳолбуки, асал ҳам, чўри ҳам Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсалар эди.
Албатта, бу ҳодиса шариатга янги ҳукм киритиш жараёнининг таъсирли чиқиши учун Аллоҳ таолонинг Ўзи қўллаган тадбир эди. Шундай бўлди ҳам.
Мазкур ҳодисадан сўнг Аллоҳ таоло Таҳрим сурасининг аввалги оятларини нозил қилиб, бунга ўхшаш масалаларнинг ҳукми Ислом шариатида қандай бўлишини баён этди:
«Эй Набий! Нима учун хотинларинг розилигини тилаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ҳаром қилурсан?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни бўшатишни шариатга киритди. Ва Аллоҳ сизнинг Хожангиздир ва Унинг Ўзи ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир» (1-2-оятлар).
Биз «қасамларингизни бўшатишни» деб таржима қилган ибораларни ўз тилимизга сўзма-сўз ўгирадиган бўлсак, «қасамингизни ечишни» шаклида чиқади. Шунингдек, «қасам ичиш» маъноси ҳам баъзи арабча таъбирларда «қасамни боғлаш» шаклида ифода этилади. Чунки бир иш учун қасам ичган одам ўша иш борасида ўзига хос қасд боғлаган бўлади. Ўша боғланган қасамининг устидан чиқа олмаган шахс эса мазкур боғланган тугунни ечган бўлади. Бизда қасамни бузиш маъноси кўп ишлатиладиган бўлиб қолган.
Демак, Аллоҳ таоло ушбу ояти карима ила қасамни бузишни шариатга киритганини билдирмоқда.
Ким мутлақ ёки ўзи ирода қилган шартга боғлаб, «Агар ғойиб кишим келса...» деганга ўхшаб назр қилса ва ўша нарса вужудга келса, вафо қилади. Агар ўзи ирода қилмаган нарсага боғлаб, «Агар зино қилсам...» деганга ўхшаб назр қилса, вафо қилади ёки каффорат беради. Ана ўша тўғридир.