Тижорат ва ишлаб чиқариш ҳақида тасаввур


Муқаддима

Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида  “Исломда роҳиблик йўқ”(мусаннафи Абдураззоқ 8-ж. 448-саҳ. 1586-ҳадис) деганлар. Яъни, Исломда Роҳиблик йўқ. Бу сўзнинг маъноси шуки, бизнинг Ислом динимиз инсонни роҳиблар каби тарки дунё ва ҳаммадан ажралиб фақат ибодат қилишга тарғиб қилмайди. Гарчи инсоннинг яратилишидан асосий мақсад Аллоҳ таъолога ибодат қилиш бўлса-да, ўша ибодат Ҳазрати Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва сунннатларига мувофиқ бўлиши лозим. Ислом Пайғамбар алайҳиссаломнинг таълимотларига кўра бешта асосий аркондан иборат:
1.   Ақоид
2. Ибодат
3. Муъомалот 
(яъни ҳар бир инсон қиладиган касб-ҳунар ва тижоратлар)    
4. Кишининг ўзгаларга бўладиган муносабати
5. Ахлоқ
Шунинг учун агар бирор шахс фақат ибодат қилиб ёки беш вақт намоз ўқиб юрса-ю, лекин унинг муомалалари тўғри бўлмаса, масалан: тижоратда фирибгарлик, ёлғончилик, порахўрлик, дилозорлик, судхўрлик ва харомхўрлик ва бошқа нарсалар билан булғанган бўлса, у мукаммал мусулмон ҳисобланмайди. Шунингдек, агар бирор шахс ҳуқуқий муносабатларни ҳам тўғри адо қилмаса, у ҳам тўғри ва комил мусулмон эмасдир. Шунинг учун Аллоҳ таъоло Бақара сурасида мўминларга хитоб қилиб:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ ادْخُلُواْ فِي السِّلْمِ كَآفَّةً

 208. “Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг...”-деган. Яъни, “Эй мўминлар! Исломга мукаммал тарзда киринглар”-деган маънодадир. 
Шу ўринда эътибор қилинган гап шуки, бу оятдаги хитоб фақат мўминларга қаратилган. Кофирларга ёки барча инсонларга эмас. Яъни мўминлар Исломга тўлиқ тарзда амал қилишлари лозим. Ҳар бир мусулмон Исломга тўлалигича амал қилиши учун юқорида зикр қилинган Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларини беш жиҳатига чуқур фикр ва амал қилишлари лозим. Ҳаммамиз бундай мавзуни ўқишимиз учун Ҳазрат Дотор Муҳаммад Абдулҳай Соҳиб Орифий раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламларига мансуб “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари” китоби каби бир фойдали китобни ўқишимиз керак.

Тижорат ҳам муомалага киради

Муомала юқорида зикр қилинган исломнинг беш арконларидан биридир. Тижорат эса, шу муомалага киради. Қуръон ва ҳадисни ўқиганда шундай маъно намоён бўладики, агар тижорат ва ҳалол топиш тутиш яхши ният ва жоиз йўл билан қилинса, бу иш нафақат жоиз амал, балки бир афзал ибодат ҳам бўлади. Агар тижорат нотўғри ният ёки ножоиз йўл билан қилинса, бундай топилган молу-дунё инсон учун зарар, фитна ва душман бўлади. Шу сабабли Қуръон ва ҳадисда мол учун икки ҳил лафз ишлатилган. Баъзи ўринда уни душман, фитна ва ёмон дейилган бўлса, бошқа ўринда уни Аллоҳнинг фазли, ризқи ва покиза нарсалари, дейилган. Яъни яхши нарсалар қаторида ҳисобланган.

Қуръонда бир-бирига зид маъно йўқ

Қуръон ва ҳадисдан бехабар оми кишигина “Қуръон ва ҳадисда қарама-қарши ва бир-бирига зид маънолар бор”- дея олади. Аллоҳ таъоло бундай гапни гапиришдан Ўзи асрасин! Аслида бу бир-бирига зид кўринган сўзлар икки ҳил ҳолатга кўра ишлатилган. Масалан, бойлик яхши ният ва ҳалол йўл билан топилса, бу бойлик Аллоҳнинг фазли ва савоб олишга сабаб бўлади. Аксинча бўлса, бу бойлик фитна ва азобланишга сабаб бўлади. Яхши ниятдан мақсад, бойлик топиш вақтида кишининг дилида Худодан қўрқиш ва охират ҳақида ўйлаш бўлсин. Ҳалол топишдан мақсад эса, аёли, болалари, ота-онаси ҳамда ўзга ҳақдорларнинг ҳақларини адо қилиш бўлсин. Агар инсонда Худодан қўрқиш ва охиратини ўйлаш бўлмай, фикри хаёли фақат пул топиш бўлса, бундай кишиларни моддапараст одам дейилади. Бундай фикр мусулмон кишида асло бўлмаслиги керак.

Ҳалол ризқ топиш ва ҳалол ризқ топувчининг фазилати

Ҳалол ризқ топиш, Исломда айтилган тўғри йўл билан бўлиши ва ҳар қандай ножоиз йўл билан бўлмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам ҳалол ризқ топуви кимса Аллоҳ таъолонинг маҳбуби ҳисобланади. Бундай кишилар мақталиб “Ҳалол касб қилувчи Аллоҳ таъолонинг маҳбубидир”-дейлган. Ҳадисда ривоят қилинишича

أبي سعيد : عن النبي صلى الله عليه و سلم قال التاجر الصدوق الأمين مع النبيين والصديقين والشهداء.

 Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 “Ростгўй ишончли тижоратчилар (қиёмат куни қайта тирилганда) Пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўладилар”-дейилган (Сунани Термизий)

Бошқа ҳадисларда ҳам тижоратнинг баъзи турларини фазилати айтиб ўтилган. Масалан, шериклик борасида ҳадиси қудсийда:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَفَعَهُ قَالَ " إِنَّ اللَّهَ يَقُولُ أَنَا ثَالِثُ الشَّرِيكَيْنِ مَا لَمْ يَخُنْ أَحَدُهُمَا..."

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Аллоҳ таъоло “Икки шерикдан бири хиёнат қилмагунча, Мен уларнинг учинчисиман”-деган.(Сунани Абу Довуд) 
Шунингдек бошқа бир ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : يد الله على الشريكين ما لم يخن أحدهما

“Аллоҳнинг қўли шерикларнинг устидадир, модомийки иккисидан бири хиёнат қилмагунча”-дейилган. (Сунани Дора Қутний). Яъни, Аллоҳ таъоло икки шерикдан бири хиёнат қилмагунча уларга ёрдам беради.

Бойлик жамғаришнинг фазилати

Ҳадисларда зикр қилинишича мол жамғаришнинг ҳам фазилати бор. Бу борада Саъд Ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

عن عامر بن سعد بن أبي وقاص عن أبيه رضي الله عنه قال 

 :كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يعودني عام حجة الوداع من وجع اشتد بي فقلت إني قد بلغ بي من الوجع وأنا ذو مال ولا يرثني إلا ابنة أفاتصدق بثلثي مالي ؟ قال ( لا ) . قلت بالشطر ؟ فقال ( لا ) . ثم قال الثلث والثلث كبير أو كثير إنك أن تذر ورثتك أغنياء خير من أن تذرهم عالة يتكففون الناس

 

“Меросхўрларингни бой ҳолда қолдиришинг, уларни одамларга боқиманда бўладиган камбағал ҳолда қолдиришингадан яхшироқдир”-деб марҳамат қилганлар.(Саҳиҳи Бухорий). Яъни, ўз меросхўрларингизни бой-у бадавлат ҳолда қолдиришингиз, уларни ўзгаларнинг қўлига қараб турадиган ва мухтож ҳолда қолдиришингиздан кўра яхшироқдир. Инсон ўз молидан жамғариб қўйсагина ўз меросхўрларини бой ҳолда қолдира олади. Агар инсон ўз молини бекор қолдириб бирор сармоядорга қўшмаса хато қилган бўлади. Ҳадисда зикр қилинишича:

عن عمرو بن شعيب عن أبيه عن جده : أن النبي صلى الله عليه و سلم خطب الناس فقال ألا من ولى يتيما له مال فليتجر فيه ولا يتركه حتى تأكله الصدقة

:Амр Ибн Шуъайбдан ривоят қилинади  
Набий алайҳиссалом одамларга хитоб қилиб:“Огоҳ бўлинг! Кимки моли бор бирор етимни қарамоғига олса, унинг молини садақа еб қўймаслиги учун ўша молни тижоратга ишлатсин!”-деганлар. (Сунани Термизий). Агар қай бирингиз бирор етим ёки бошқа ҳадисда зикр қилинганидек бирор бева аёлни ўз қарамоғига олса, токи унинг молини садақа еб қўймаслиги учун ўша молни тижоратга қўшиши лозим. Яъни ҳар йили закот ва садақа беравериб камайиб қолмасин. Хулоса шуки, ҳалол йўл билан тижорат қилиш яхши иш ҳисобланади. Чунки, ҳалол тижорат қилишнинг фазилати борасида кўплаб ривоятлар келган

Ҳаром ризқнинг ёмонлиги

Ҳаром йўл билан бойлик ортириш жуда ҳам ёмон иш эканлиги ва ўша топилган нарсанинг ҳам ҳаром эканлиги тўғрисида ривоятлар бор. Бир ҳадисда ривоят қилинишича Пайғамбаримиз алайҳиссалом 

عن أبي بكر الصديق رضي الله عنه قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلم يقول : كل جسد نبت من سحت فالنار أولى به، وفي رواية المؤذن "أيما لحم من سحت فالنار أولى به

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича; Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Ҳаромдан униб ўсган барча жасад (борки), унга жаҳаннам муносибдир”. 
Муаззин раҳматуллоҳи алайҳининг ривоятида “Қай бир гўшт ҳаромдан униб ўсса, унга жаҳаннам муносибдир” -деганларини эшитганман деган. (Байҳақийнинг Шўъбул Иман китоби ). Яъни, инсон танасининг қай бир жойи ҳаромдан парвариш топган бўлса, жаҳаннамнинг оловига кўпроқ ҳақли бўлар экан. Шунингдек Ибни Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича:

عن ابن مسعود : عن النبي صلى الله عليه و سلم قال لا تزول قدم ابن آدم يوم القيامة من عند ربه حتى يسئل عن خمس عن عمره فيم أفناه وعن شبابه فيم أبلاه وماله من أين اكتسبه وفيم أنفقه وماذا عمل فيما علم

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам “Одам боласининг оёғи қиёмат куни Роббисини ҳузурида беш нарсадан; умрини қандай ўтказганлиги ва ёшлигини нимага сарфлагани ва молини қаердан топиб қаерга сарфлагани ҳамда билган нарсасига амал қилгани ҳақида сўралмагунча ўз жойидан силжимайди” деб марҳамат қилганлар. (Сунани Термизий). Яна баъзи ҳадислардан маълум бўлишича, баъзи вақтларда инсоннинг дуосини қабул бўлмаслигига яна бир сабаб ҳаром ризқ бўлар экан. Бу барча ҳадисларни зикр қилишдан мақсад, Ислом ўз тижорий муомалаларига ва ҳалол касб қилишга қанчалар аҳамият бериши борасида чуқур фикр қилишга ундашдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тижорати давомида ҳар қандай ҳаром йўлдан сақланмоғи лозим.

Молу давлатнинг ҳақиқий эгаси ким?

Маълум миқдорда бойлик йиғамиз. Унинг ҳақиқий эгаси ким эканлигини биламизми? Унинг ҳақиқий эгаси инсонми? Ёки ҳукуматми? Ёки Аллоҳ таъоломи?  
Бу борада уч ҳил назария бор. 
1. Сармоядорлик, яъни Капитализм назарияси. 
2. Иштирокият, яъни Социализм, Коммунизм назарияси. 
3. Исломий назария. Яъни Ислом эканомикаси.

Капитализм назарияси

Капитализм назариясида молу давлат аслида инсоннинг мулкидир. Чунки, инсон уни ўз меҳнати билан топади. Шунинг учун уни қандай йўл билан топиш ва қандай сарф қилишда у ихтиёрлидир дейилади.

Социялизм, Коммунизм назарияси

Социялизм, Коммунизм назариясида молу давлат ҳукумат-нинг мулки ҳисобланади. Шунинг учун ҳукумат уни ҳоҳлаганидай сарфлайди ёки тақсим қилади, дейилган.

Ислом назарияси

Исломий талимотга кўра молу давлатнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таъоло бўлиб, уни инсонга маълум бир муддатгача фойдаланиши учун ато қилган. Бу гап Қуръони Каримда турлича кўринишда бир неча бор зикр қилинган. Аллоҳ таъало Нур сурасида:

وَآتُوهُم مِّن مَّالِ اللَّهِ الَّذِي آتَاكُم

33. “... ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг”. Яъни, Аллоҳ таъоло сизларга ато қилган ўз молингиздан ҳақдорларга беринглар, дейилган. Шунингдек, Қасос сурасида:

وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ

77. “... Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни изла”. Яъни, Аллоҳ таъоло сизларга берган мол билан охират уйини талаб қилинглар, дейилган. 
Баъзи вақтларда инсон “Инсон молни ўз меҳнати билан топади”- деб ўйлайди. Аслида бундай фикр хатодир. Чунки, инсоннинг иши фақат меҳнат қилишдан иборат. Аммо ўша меҳнатни самарали ва натижали қилиш Аллоҳ таъолонинг ишидир. Бу сўзимизга Воқеа сурасида:

أَفَرَأَيْتُم مَّا تَحْرُثُونَ ۝ أَأَنتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ ۝

63. “Ўзингиз экадиган нарсани ўйлаб кўринг-а!” 
64. “Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми?”  деб ишора қилинган. 
Бу сўздан мақсад, сизларнинг ишингиз уруғни экиб, унинг устида деҳқончилик қилишдан иборат. Лекин, ўша деҳқончиликни ундириб ўстириб самарадор қилиш ва ҳосилини вужудга келтириш Аллоҳ таъолонинг иши. Бу ишлардан инсон ожиз. Агар Аллоҳ таъоло ҳоҳламаса, у инсон қанчалар меҳнат қилмасин деҳқончилиги ҳосил бермайди. 
Хулоса шуки, молу давлат Аллоҳ таъолонинг бандаларига берган неъматидир. Уни маълум бир муддатга фойдаланиши учун берган. Шунинг учун Аллоҳ таъоло инсонларнинг бундай ишларида қандай топиши ва қандай сарф қилишида чеклов қўйишга мутлоқ ихтиёрлийдир. Масалан, биз бирор шахсга фойдаланиши учун ўз мошинамизни берсак “Уни бундай қилиб бошқар. Унга фалон юкларни ортма. Йўл қоидаларига риоя қил ва ҳаказо.”- деб бир қанча чекловлар қўямиз. Агар ушбу мулоҳаза билан шаръий қонунлар ўрганилса, Ислом молиявий муомалаларида уч ҳил чекловни қўйган. 
1- Илоҳий чеклов 
Бундан мақсад шундай муомалалардирки, уларни бажариш шаръан мумкин эмас. Масалан: судхўрлик, қимор ва ёлғон ишлатиш ёки низога сабаб бўладиган ноаниқ муомалалар ва ҳоказолардир.  
2-Қонуний чеклов 
Бундан мақсад шундай бир муомалаларки аслида шаръан жоиз, лекин ўша вақтдаги ҳукумат бирор маслаҳат ёки зарурат сабабли уни тақиқлаган. Масалан, қачондир чечак вабоси тарқалса-ю, ҳукумат тарвузни олиш ва сотишни тақиқласа, уни тижорати ҳам шаръан ножоиз бўлади. 
Агар киши моддапараст (материалист) бўлса, унинг мақсади фақат пул топиш бўлади. Унда бандалар ва Аллоҳ таъолонинг ҳақларини ҳамда охиратнинг фикри-деган нарса бўлмайди. Ундай шахс “шаръий ва қонуний чеклов”- деган нарсани эътиборга ҳам олмайди ва “Дин бошқа дунё бошқа. Диннинг дунёга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз дунё топишда эркинмиз. Қандай йўл билан қўлга киритсак унга ҳаракат қиламиз ва ҳоҳлаган жойимизга сарфлаймиз. Сизларнинг динингиз ва шариъатингиз бизларни ўз тижоратимиздан қайтара олмайди”-дейди. Бундай фикр Шуъайб алайҳиссаломнинг қавмида ҳам бўлган. Шу гаплари сабабли уларга азоб келган. Ҳуд сурасида уларнинг бундай фикрлари танқид қилиниб;

    أَصَلاَتُكَ تَأْمُرُكَ أَن نَّتْرُكَ مَا يَعْبُدُ آبَاؤُنَا أَوْ أَن نَّفْعَلَ فِي أَمْوَالِنَا مَا نَشَاء

87. “Улар: «Эй Шуъайб, намозинг сенга бизнинг ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсани тарк қилмоғимизни ёки молларимизда хоҳлаганимизни қилмаслигимизни амр қилмоқдами?!... – дедилар”. деб нақл қилинган. Яъни, сизларнинг намозингиз ота-боболаримиз сиғинган маъбудларни ва тижоратимизни ҳоҳлаганимиздек қилишни тарк қилишга буюрадими, дейилган. Яъни, тижорий ишларимизда бизни холий қўйинг ва бу ишимизга аралашманг-дейишган. Айни шундай фикрлаш Капитализм низомининг асосий ўзагидир. Чунки, улар молни аслида ўзларининг моли ва ўзларининг мулки деб тушунадилар. Шунинг учун ҳам улар юқоридаги ояти каримада “молларимизда”-деган лафзни ишлатганлар. Ҳолбуки Қуръони Карим сураи Нурда улар ўзлариники деб даъво қилган “молларимиз” лафзини “Аллоҳнинг моллари”-деган лафз билан алмаштирган ва бу билан Капитализм низомини томирини кесди. Сўнг бу Аллоҳ таъолонинг моли бўлиб уни “Сизларга берган”-деган  сўзи билан Коммунизм назариясини ҳам рад қилди. Чунки мол аслида Аллоҳ таъолонинг мулки бўлиб инсонларга маълум бир муддатга фойдаланиш учун берган. Шунинг учун ҳам инсон ўша молга У Зотнинг қазо ва қадарига кўра вақтинча эга ҳисобланади. У молга на бошлиқлар ва на ҳукумат эга эмас. Ҳатто топган кимсаларнинг ўзи ҳам унинг аслий ва доимий эгаси эмас.  
Хулоса шуки, Капитализм назарияси “Инсон ёлғиз эгалик борасида ихтиёрли ва озоддир”-дейди. Коммунизм назарияси эса, ёлғиз эгаликни рад қилади. Ислом эса, бу икки чегарани ўртасида мўътадилдир. Яъни, Аллоҳ таъоло инсонга ёлғиз эгалик ҳуқуқини маълум бир муддатгача фойдаланиши учун эгадор қилган ҳамда ундан фойдаланишда буткул ихтиёрли қилмай баъзи чекловларни ҳам қўйган.

Ахлоқий чеклов

Ахлоқий чекловдан мурод бирор хулқий қабохатга сабаб бўладиган муомалот (тижорат, ишлаб чиқариш)лардир. Масалан, ахлоқий бузилишга сабаб бўладиган нарсаларнинг савдоси ҳам кишиларнинг хулқи бузилмаслиги учун ман қилинади.

Молу давлатни тақсимлашдан мақсад  

Агар Ислом шариъатига кўра чуқур ўйлаб кўрилса, қуйидаги ҳаёт кечириш воситаларимизнинг учта мақсади намоён бўлади. Биринчи амал қилишга  лаёқатли ва табий ҳаёт кечириш тизимини пайдо қилиш 
Агар Исломий таълимотни ўқиб ўрганилса, Исломий таълимот молу давлатни тақсимини табий ва амалга лаёқатли бўладиган тизимга кўра жорий қилгани маълум бўлади. У тизимда бирор кишига жабр ҳам қаттиқлик ҳам қилинмайди. Ҳар бир шахс ва ҳар бир нарсага истедоди, маҳорати ва меҳнати асосида ҳақ тўланади. Шундай қилинса барча олди берди қилувчиларнинг орасида соғлом ришта пайдо бўлади, ҳамда ҳақни талаб қилиш ва ҳақни етказиш ҳам ҳеч қандай мажбурлашсиз табий тарзда амалга ошади.  Бу ҳақда Зухруф сурасида;

  نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُم مَّعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَرَفَعْنَا بَعْضَهُمْ فَوْقَ بَعْضٍ دَرَجَاتٍ لِيَتَّخِذَ بَعْضُهُم بَعْضًا سُخْرِيًّا وَرَحْمَتُ رَبِّكَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ۝

32. “...Дунё ҳаётида уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик ва баъзилари баъзиларини хизматкор қилиб олишлари учун айримларининг даражаларини айримларидан устун қилиб қўйдик. Роббингнинг раҳмати улар жамлайдиган нарсадан яхшидир”. Яъни, “Биз инсонларни орасида уларни дунё ҳаётидаги ҳаёт кечиришларини ҳам тақсимлаб қўйганмиз ва уларни бир-бирларидан фойдаланишлари учун баъзисини баъзисидан устун қилиб қўйдик”- дейилган.

Ҳақдорларнинг ҳаққини бериш

Ислом низомига кўра кишилар ўзаро олди берди қилишларидан, ҳар бир ҳақдорга ўз ҳаққини тўлиқ бериш назарда тутилган. Аммо Исломда ҳақдорларга бериладиган ҳақнинг меъёри бошқа назариялардагидан фарқ қилади. Дунё эканомикасида ҳақдорларнинг ҳаққи фақат ишлаганига қараб берилади. Исломда эса, нафақат ишлаган ҳақдорларга ҳақ тўланади, балки камбағал мискинларга ҳам закот ва садақалар берилади. Бу борада Зарият сурасида:

وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ۝

19. “Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бордир”. Яъни, “Бойларнинг молларида камбағал, мискин ва мухтожларга тегишли бўлган бир муайян ҳақ бордир”-дейилган.

Исломда бойлик тўплаш

Исломда молу дунёни бир неча қўлларда йиғилиб сақланиши ман қилинган. Бу борада Хашр сурасида:

كَيْ لَا يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الْأَغْنِيَاء مِنكُمْ

7. “....сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун...” Яъни, “Молу дунё фақат сизларнинг бойларингизни қўлида тўпланиб қолмасин”-дейилган. 
Шу мақсадни амалга ошиши учун Ислом илк бойлик манбаларини, масалан, дарё-ю денгизларни, чўллару конларни, ҳамда эгасиз ерларни бирор кишига ўзиники қилиб олишига ижозат бермаган. Инсонларнинг барчасига улардан фойдаланишга ихтиёр берилган. Шунингдек манаполия, алдов ўйинлари, қимор ҳамда судхўрлик каби, тижорат молларини фақат ўзиники қилишга сабаб бўладиган савдоларни ҳам ман қилган.

Фойда келтирувчи омиллар

Ислом наздида бойликка биринчи бўлиб уни ишлаб чиққанлар ҳақдор бўлади. Сўнгра камбағал, мискин ва закот-у садақага ҳақдорлар унга иккинчи ҳақдор бўладилар. Капитализм низоми ҳам бойликни ҳақдорлик ҳуқуқини уни топган кишига берган. Шу ўринда бир савол пайдо бўладики, Исломдаги фойда келтирувчи омиллар Капитализм низомидаги омиллар билан бир ҳилми? Ёки ундан бир оз фарқи борми? Ўша омилларни қилган кишига етадиган ҳақ ҳам Капитализм низомидагидекми ёки у ҳам бир оз фарқ қиладими? Бунга жавоб шуки, Исломда фойда келтируви омиллар гарчи Капитализм низомида айтилганидек сармоя, ер, меҳнат ва ижара ҳамда шерикчилик каби нарсалар бўлса-да, Капитализм низомидагидан фарқ қилади.   Капитализм низомида сармоядан мурод инсон тарафидан ихтиро қилинган воситалар, яъни пуллар, чеклар ҳамда қиммат баҳо қоғозлар бўлиб, уларнинг эвази судхўрликка қурилган. Уларда сармоядор зарар кўради деган нарса йўқ. Исломда сармоядан мурод мол деб номланишга лойиқ бўлган нарсалардир. Уларнинг эвази эса, кўриладиган фойда бўлади холос. Агар зарар кўрилса, сармоядан ҳам зарар кўрилади. Капитализм тизимида ердан мурод табий ресурслар кўзда тутилади ва уларнинг эвази ижара ҳаққи ёки кира деб номланади. Исломда эса ердан мурод рибога ва саррофликка тегишли бўлмаган моллардир ва уларнинг эвази ҳам муайян бўлган фойда ёки саррофлик суратида бўлмаган кира ҳақлари ҳам бўлади. Капитализм низомида меҳнатга ҳизмат ҳаққи ва кампаниялар пул тикса фойда кўрилмасдан зарар кўрилса ҳам фойдага ҳақдор бўлаверади. (унда зарар кўриш деган нарса бўлмайди). Исломда эса, меҳнатга ҳизмат ҳаққи ҳамда кампания ва ижарага берувчиларга ҳизмат ҳаққи ёки шериклик ҳаққи тегиши мумкин. Яъни меҳнат ҳоҳ у жисмоний бўлсин ёки ақлий бўлсин ижарага берувчи сармояни, ерни, жисмоний меҳнатни ишга солиб фойда топади, пул тикишнинг ўзи билан фойдага ҳақдор бўлиб қолмайди. Шунинг учун ҳам аҳдлашувларга мувофиқ ҳақийқий фойда кўрилгандагина фойдага ёки муайян ҳизмат ҳаққига эга бўлади. Масалан, музорабага иш юритувчи киши ўзи сармоя эгаси бўлмасада ҳақийқий фойдага шерик бўлиши ёки махсус ишчи сифатида ойлик маошга ишлаб муайян ҳизмат ҳаққига эга бўлиши мумкин.

Истилоҳот 
 (Махсус терминлар)

1. Ақд, яъни икки кишининг ўзаро олди берди қилишга келишишлари “ақд”, яъни “ битм” (контракт), дейилади. 
2. Мажлиси ақд, яъни битм жойи. Бирор  битм қилинган макон. 
3. Аақид, яъни  битм тузувчи.  Битм тузувчи ёки икки киши ўзаро бирор битм тузса, уларни  “Битм тузувчилар”-, дейилади. 
4. Ақди бай, яъни савдо битми. 
5. Бойиъ, яъни сотувчи. 
6. Муштарий, яъни сотиб олувчи. 
7. Мабеъ, яъни савдо қилинадиган нарса. 
8. Саман, яъни ўзаро келишилган нарх. 
9. Қиймат, молнинг бозордаги нархи. 
10. Моли мутақоввам, яъни шариъатда ёки урфда қиймати бор нарсалар. 
11. Ийжоб, яъни таклиф ёки савдо вақтида таклиф қилмоқ. 
12. Қабул, яъни таклифдан сўнг иккинчи киши ўз розилигини билдириши.

Савдо (sale)ни таърифи

Бир молни бошқа мол эвазига ёки бирор нарсани тилла ки пул эвазига алмаштириш, савдо дейилади. Ҳозирги кунда бай лафзидан кўпроқ шу нарса тушуниладиган бўлиб қолди. 

Савдо турлари

1. Байи муқоязаҳ (Barter Sale - айрибошлаш савдоси), яъни бирор нарсани пулдан бошқа нарса эвазига сотиш. Масалан, буғдойни материал эвазига, шакарни ун эвазига сотиш ва ҳаказолар шулар жумласига киради. 
2. Байи салам (Sale on advance payment), яъни нақд пул ёки тиллани олдиндан бериб унинг эвазига бошқа нарсани келгусида бир аниқ бўлган муддатда олишдир. Масалан, бир деҳқонга юз минг сўм бериб “Шу пул эвазига уч ойдан сўнг бир тонна буғдой берасан”- дейилади. 
3. Байи сарф, (Exchange of money) яъни нақд пулни нақд пул ёки нақд тиллани нақд тилла эвазига алмаштириш ёки нақд тиллани нақд кумуш эвазига алмаштириш кабиларни саррофлик савдоси, дейилади. 
4. Байи мусовамаҳ (Bargaining Sale - савдолашиб, тортишиб савдо қилиш), яъни сотувчи харидорга сотаётган нарсасини қанчага олгани ёки устига қанча фойида қўяётганини айтмасдан ўзаро розилик билан савдо қилишидир. Ҳозирги вақтда бозорларда шундай савдо қилинади. Чунки, сотувчилар харидорларга сотаётган нарсаларини қанчага олганини ёки унга қанча харажат қилганини айтиб ўтирмайди. Балки ўзаро бир нархга келишиб савдо қилаверадилар. 
5. Байи муробаҳа (Sale on cost plus - баҳо қўйиб сотиш), яъни сотувчи харидорга сотаётган нарсасини қанчага олганини ёки унга қанча харажат қилганини ҳамда устига қанча фойида қўйганини айтиб савдо қилади. Масалан, сотувчи харидорга “Мен сенга бу материални харажатим устига ўн фойиз қўйиб сотаман”-дейди. 
6. Байи тавлияҳ (Sale at Cost - тан нархига сотиш), яъни сотувчи харидорга сотиб олган нарсасини қанчага олганини ёки унга қанча харажат қилганини айтиб ўша олган ёки харажат қилган нархига сотади. 
7. Байи вазиъаҳ (нархни тушириб сотиш), яъни сотувчи харидорга сотаётган нарсасини қанчага олганини ёки унга қанча харажат қилганини айтиб ўша олган ёки харажат қилган нархидан камига сотади.

Ақд (Contract - контракт, шартнома)

Бир шахс бирор сўзни (Commitment) ўз зиммасига олса, шу зиммасига олиши уч қисм бўлади. 
1. Ваъда 
2. Аҳдлашув
3. Битм 
Агар бир киши бирор сўзни ўз зиммасига олса ва бу бир киши тарафидан содир бўлса, буни фиқҳий истилоҳда ваъда дейилади. Агар ваъда икки киши томонидан содир бўлса, буни фиқҳий истилоҳда аҳдлашув ёки ваъдалашув дейилади. Масалан, бир киши бир тарафдан сотишни ваъда қилса ва бошқа киши сотиб олишни ваъда қилмаса, буни ваъда дейилади. Агар иккинчи киши ҳам сотиб олишни ваъда қилса, бу аҳдлашув бўлади. Агар икки киши ўша аҳдлашувга мувофиқ бир муайян вақтда ўша олди сотдиларини ниҳоясига етказсалар, уни ақд, яъни битм (савдо) дейилади.

Битм икки ҳил бўлади

1. Ақди муоваза, яъни бирор нарса эвазига алмаштириш битими. 
2. Ақди ғойри муоваза ёки ақди табарруъ, яъни ҳеч қандай эвазсиз бериб туриш ёки совға қилиш битими. 
Ақди муовазага (яъни эвазли битмга) олди-сотди битими ёки кирага бериш битими мисол бўлади. Ақди ғойри муоваза (яъни, эвазсиз битм)га эса, қарзга бериб туриш битими мисол бўлади.

Ақди муовазанинг шартлари

1. Ийжоб ва қабул, (Offer and Accert) яъни битим вақтида бир томондан таклиф қилиш ва иккинчи томондан розиликни билдириш. 
2. Оқидайн, (Parties of contract) яъни битм тузувчилар. 
3. Маъқуди алайҳ, (Subject of Contract) яъни устида битим тузиладиган нарса. 
4. Муоваза ёки эваз, (Consideration) яъни эвазга берилаётган нарсалар ёки эваз.

Ақди муоваза ва ақди ғори муовазанинг фарқи 
(Эвазли ва эвазсиз ақд орасидаги фарқ)

Ақди ғойри муовазада бирор нарсага алмаштириш бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу битмни амалга ошириш шаръан ҳам, қонунан ҳам лозим эмас, яъни мажбурий эмас. Нарсани нарсага алмаштириш битими тузилганда эса, уни амалга ошириш шаръан ҳам қонунан ҳам лозим. Ақди муоваза ва ақди ғойри муовазанинг орасидаги фарқ шуки, агар ақди ғойри муовазада фосд шарт қўйилса, ўша шарт бекор (void) бўлади. Ақди муовазада эса, фосид шартга қўшилиб  битимни ўзи ҳам бекор бўлади.

Фосид шарт 
(Ўринсиз шарт)

Фосид шарт шундай шартки, агар ўша шарт битм шартига хилоф ёки битм тузувчиларнинг бирининг фойдасига қўйилган ёки одамлар орасида урфда бўлмаган ёки ишлатилмайдиган бўлса фосид шарт ҳисобланади. Масалан, бир киши мошинасини сотаётиб “Мен бу мошинамни ҳар ойнинг бошида фойдаланиб туриш шарти билан сотаман”-деб шарт қўйса, бу шарти ўринсиз ва битимни бузувчи шарт ҳисобланади. 

Савдо битимининг фарзлари

Савдо битимининг фарзлари, шундай зарур нарсаларки, уларсиз бирор савдо тўғри бўлмайди. У рукн (фарз)лар қуйидагилардир: 
1. Ийжоб ва қабул (таклиф ва розиликни билдириш). 
Сотувчи ва харидорнинг орасидаги савдо ийжоб ва қабул билан тўлиқ бўлади. Ийжоб, бир шахс сотишни ёки сотиб олишни таклиф қилишидир. Қабул эса, бошқа бир шаҳс ўша таклифни қабул қилишидир. Бирор нарсани сотиш ёки сотиб олиш таклифи бўлса, уни қабул қилиш ихтиёри ўша мажлиснинг охиригача давом этади. Масалан бир киши бирор нарсани сотишни таклиф қилса ва бошқа киши уни сотиб олишга ўша мажлисда розилик билдирмаса, уларнинг савдоси савдо ҳисобланмайди. Агар ўша мажлисдан сўнг савдо қилмоқчи бўлсалар қайтадан ийжоб ва қабул қилишлари лозим бўлади. Ийжоб ва қабулни тўлиқ қилмасдан олдин икковларидан ҳар бири ўша савдони қилмасликка ихтиёрлидир. Яъни сотувчи ўз нарсасини сотмаслиги ёки харидор сотувчининг нарсасини олмаслиги мумкин.  
Агар таклиф ва қабул хат ёки эмайл почтаси  орқали бўлса, унда ҳам ўша хат ёки эмайл етиб борган мажлис эътибор қилинади.

Ийжоб ва қабул шаръан дуруст бўлиши учун қуйидагилар шарт

1. Ийжоб ва қабул лафзлари савдони тўлик килинганлигини билдирадиган лафзлар бўлиши керак. Масалан, сотувчи “Мен фалон нарсани сизга сотдим”-дейди. Харидор эса “Сотиб олдим”-дейди. Агар, сотувчи “Фалон нарсани сотаман”-деса, харидор “Ўша нарсани сотиб оламан”-деса, бу фақат ваъда бўлиб, бундай сўзлар билан қилинган савдо, савдо ҳисобланмайди. 
2. Савдо битими келгусидаги бирор куннинг келишига ёки келгусидаги бирор воқеага боғлиқ бўлмасдан ўша вақтда адо қилиниши лозим. Шунинг учун ҳам келгусидаги бирор кунда қилинадиган  савдони хозирдан қилиш жойиз эмас. Масалан: “шу мошинамни бир ойдан кейин сизга сотдим” деса ва харидор “бир ойдан кейин бўладиган савдо билан мошинангизни олдим”-деса ёки “шу мошинамни сизга сотдим” деганида олувчи “уйимдаги мошинам сотилса сизни мошинангизни олдим агар сотилмаса йўқ” деса бу келишувлари савдо ҳисобланмайди.  
3. Ийжоб ва қабул тўғри бўлиши учун нимани таклиф қилинган бўлса ўша нарсани қабу қилиш зарур. Агар сотувчи бир материални сотиб олишни таклиф қилса ва харидор бошқа материални сотиб олишга розилик билдирса ёки ўн метр сотдим деса ва харидор беш метирини олдим деса бу ийжоб ва қабуллари дуруст бўлмайди. Дуруст бўлиши учун сотувчи харидорнинг бошқа материалга бўлган таклифини ёки беш метрга бўлган таклифини қабул қилиши керак.

Ийжоб ва қабулнинг амалий кўриниши

Ийжоб ва қабул сўзлар билан бўлганидек, амал билан ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам бирор нарсани ўзаро олди-сотди қилганда ийжоб ва қабулни “Сотдим-олдим” сўзлар билан қилмасдан олувчи пулни бериши ва сотувчи сотаётган нарсасини харидорга бериши билан савдо дуруст бўлаверади. Буни араб тилида “Байъут Таъотий” яъни “олди-берди” савдоси ҳам дейилади. 
2. Битм тузувчилар 
Савдонинг иккинчи шарти битм тузувчилардир. Битм тузувчиларнинг бири сотувчи бўлиб, уни “бойиъ” ва иккинчиси харидор бўлиб, уни “муштарий”-дейилади. Битм тузувчилар ақилли ва балоғатга етган ёки олди-сотдини фарқига бориб қила оладиган бўлишлари  лозим. 
3. Саман (ўзаро келишилган нарх) 
Савдонинг учинчи шарти ўзаро келишилган нархдир. Битм тузувчиларнинг орасидаги келишилган нархни, “саман” дейилади. Ўша келишилган нарх мол бўлиши, яъни сотилаётган нарсанинг эвазига берилаётган нарса қийматли бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам қиймати бўлмаган нарса эваз бўла олмайди. Шунингдек сотилаётган нарсага бериладиган нарсанинг нархини белгиламасдан савдо қилиш ҳам мумкин эмас.

Танбеҳ!

1. Саман-нарх олувчи ва сотувчи келишган қийматдир. Ҳоҳ ўша нарсанинг бозордаги қиймати келишилган нархдан арзон бўлсин ёки қиммат бўлсин фарқи йўқ
2. Қиймат -ҳар бир нарсанинг бозор нархи 
4. Мабеъ (сотиладиган нарса) 
Савдодаги тўртинчи рукн сотиладиган нарсадир. Ҳар бир сотилиши мумкин бўлган нарсага “мабеъ”-дейилади. Масалан, материал, мошина ва ҳаказолар мабеъ бўлаверади. Савдонинг тўғри бўлиши учун  сотиладиган нарсада қуйидагилар бўлиши лозим. 
1. Сотилаётган нарса шариъат эътибори билан мол бўлиши керак. Шариъат эътиборидан мол бўлмаган масалан; маст қилувчи ичимлик, тўнғиз ва ўлимтик каби нарсаларнинг савдоси дуруст бўлмайди. Чунки, булар шариъат нигоҳида мол ҳисобланмайди. 
2. Сотилаётган нарса мавжуд бўлиши. Шунинг учун мавжуд бўлмаган нарсаларни сотиш ёки харид қилиш мумкин эмас. Масалан, туғилмаган эчкининг қорнидаги боласини ёки дарахтнинг келгусида соладиган мевасини сотиш ёки харид қилиш жойиз эмас. Чунки, булар ҳануз вужудга келгани йўқ.  
3. Сотилаётган нарса аниқ бўлиши. Шунинг учун ҳам аниқ бўлмаган нарсаларнинг савдоси жойиз эмас. Масалан, сотувчи харидорга нима сотаётганини айтмасдан “бир нарсани сенга сотдим”-дейиши жойиз эмас. 
4. Сотилаётган нарса сотувчининг мулкида бўлиши. Шунинг учун ўзини мулки бўлмаган нарсани сотиш жойиз эмас. Шунингдек умуман эгаси бўлмаган нарсаларни савдоси ҳам жоиз эмас. Масалан, ўз мулкида бўлмаган осмонда учиб юрган қушни сотиш мумкин эмас.  Шунингдек ўз мулкида бўлмаган нарсани яъни, бировнинг молини ёки ўз моли бўлсада қўлига етиб келмаган молни ҳам сотиш жоиз эмас.

 Ҳуқуқлар савдоси

Ҳуқуқлар (предмет бўлмаган) икки қисмга бўлинади.  Одатда савдо тилла, кумуш, буғдой, арпа каби моддий нарсалар билан қилинади. Аммо моддий вужуди бўлмаган нарсаларнинг масалан; меросхўр бўлиш ҳаққини яъни, бегона одамга “ мен фалончи вафот этса унга меросхўр бўламан. Ўша меросхўрлик ҳаққимни сенга сотдим” дейиш каби келажакда ҳосил бўладиган ҳақларни ёки бир киши кимнидир ўлдириб қўйганлиги учун эвазига ундан қасос олиш ҳаққини бошқа бировга “Шунча эвазга қасос олиш ҳаққимни сенга сотдим” деб бошқаларга кўчмайдиган ҳақларни сотиш жоиз эмас. Аммо бошқа ҳуқуқларни масалан; киши ўз ерини суғориш ҳуқуқини ёки бирор йўлдан фойдаланиш ҳуқуқини ёки ўзининг тижорий ҳуқуқларини масалан; ўз бренди (ном)ни сотиш жоиз.

Савдонинг тўғри бўлиши учун шартлар

Савдонинг тўғри бўлиши учун юқорида зикр қилинган рукнлардан ташқари қўшимча бир неча шартлар зарур. 
1. Сотиладиган ва унга эваз қилиб бериладиган нарса маълум бўлиши зарур. Агар иккисидан бири номаълум бўлиб, келгусида жанжалга сабаб бўлса, масалан: сотувчи харидорнинг олдига ўн ҳил нарсани қўйиб “Улардан бирини сенга сотдим”-деб сотаётган нарсасини аниқ қилмаса, бундай савдо тўғри бўлмайди. Шунингдек, харидор олаётган нарсасига бераётган эвазни аниқ қилмай “Чўнтагимда қанча пулим бўлса, унинг эвазига мана бу нарсани сотиб олдим”-деса ва унинг чўнтагидаги пулнинг қанча эканлиги сотувчига маълум бўлмаса, буларнинг савдоси ҳам тўғри бўлмайди. 
2. Сотувчи сотаётган нарсасини савдодан сўнг харидорга топширишга қодир бўлиши зарур. Агар бир киши йўқолган соатини топилишидан аввал сотмоқчи бўлса савдоси тўғри бўлмайди. 
3. Сотувчи ва харидор бир-бирларига савдоларига алоқаси бўлмаган нарсани шарт қилмасликлари лозим. Масалан; сотувчи харидорга “Мен сенга фалон нарсамни сотаман сен эса, менга юз минг сўм қарз бериб турасан”-деб шарт қўйса, савдолари дуруст бўлмайди. Агар қўйилган шарт савдогарлар орасида оммалашган шарт бўлса жоиз. Масалан; сотувчи харидорга музлатгични, мободо бузилса бир йилгача текин хизмат кўрсатиш шарти билан сотса, бундай шарт савдогарлар орасида оммалашгани учун бу савдолари дуруст бўлади. 
4. Сотиладиган нарса сотувчининг қабзасида (қўлида, эгалигида) бўлиши лозим. Яъни, сотувчи сотаётган нарсасини ўз қабзасига олмагунча сотиши жоиз эмас. Масалан; бир киши Хитойдан бир нарса сотиб олса ва сотиб олган нарсаси ўз қўлига етиб келмаган бўлса, уни сотиши жоиз эмас. Шунинг учун ҳам савдогарнинг сотиб олиб келаётган нарсаси ўзининг ёки  вакилининг қўлига етиб келмасдан сотиши жоиз эмас. Хозирги кунда бундай савдони (Short Sale) “шорт сел” яъни қўлига олмасдан сотиб юбориш, дейилади. Бундай савдо жоиз эмас. 
5. Савдо насия бўлганда, харидор эвазни қачон беришини ҳам келишиб олиш лозим. Насияга сотиб олсаю пулини қачон беришини таъйин қилмаса савдолари жоиз бўлмайди.

Қўлга киритишнинг тарифи ва қисмлари

Сотувчи сотган нарсасини харидорнинг қўлига берса, бу ҳақийқий қўлга киритиш яъни фиқҳий истилоҳда “қабза” бўлади. Аммо, сотувчи харидорга сотган нарсасини қўлига бермай “Бу энди сизнинг нарсангиз. Ҳоҳлаган вақтингизда олиб кетаверинг”-деса ва харидор уни ҳоҳлаган вақтида ҳеч қандай тўсиқсиз олиб кета олиш имкони бўлса, буни ҳам қўлга киритиш, яъни фиқҳий истилоҳда “тахлия” ҳукмий қўлга киритиш дейилади. 
Қўлга киритишнинг бу икки сурати шариъатда эътиборли бўлиб жоиздир. Сотилган нарса қўлга киритилгандан кейин ўша нарсанинг хафсизлигининг жавобгарлиги харидорнинг зиммасига ўтади. Яъни харидор сотилаётган нарсани ҳақийқатдан ёки ҳукман қўлига киритса сўнгра ўша нарса ҳалоқ бўлса ёки унда бирор айб пайдо бўлса, унинг ўзи жавобгар бўлади ва нуқсони ҳам унинг ўзига бўлади. Агар харидор сотилган нарсани ҳақийқатда ёки ҳукман қўлга киритмаган бўлса ва ўша нарса сотувчининг олдида турганида ҳалок бўлса, зарар сотувчининг зиммасига бўлади. Ушбу суратда сотувчи харидордан сотилган нарсани пулини олиб бўлган бўлса, пулини қайтариб бериши лозим.

Шариъатнинг яна бир муҳим қоидаси

Шариъатнинг яна бир муҳим қоидаси шуки, сотувчи ўзининг мулкида бўлмаган нарсани сотиши мумкин эмас. Сотилаётган нарса сотувчининг мулкида бўлиши лозим. Чунки, унинг хафсизлиги ва жавобгарлиги, харидор қўлга киритгандан сўнг харидорга ўтади. Шунинг учун ҳам бирор нарсани қўлга киритмагунча сотиш жоиз эмас.

Савдонинг қисмлари

Савдонинг тўрта қисми бор.
1. Саҳиҳ савдо
2. Фосид савдо
3. Ботил савдо
4. Макруҳ савдо
Қуйида уларни баён қиламиз:

Саҳиҳ савдо 
   (Тўғри савдо)

Савдонинг юқорида зикр қилинган барча шартлари тўғри амалга оширилса, бундай савдо тўғри бўлиб, харидор сотилган нарсанинг эгасига айланади. Агар савдо нақд суратда амалга оширилса, аввал харидор пулини беради сўнгра сотувчи сотаётган нарсасини тоширади. Агар савдо насия бўлса, аввал харидор пулни қачон беришини аниқ қиладилар, кейин сотувчи сотаётган нарсасини унга топширади. Аммо сотилайтган нарса ҳам, унга бериладиган пул ҳам насия бўлса, бундай савдо қарзга қарз савдо бўлиб жоиз бўлмайди. Агар сотувчи сотаётган нарсасини қийматини олиб ўзини харидорга дарҳол топширмай “Фалон числода бераман”- деб бирор кунни таъйин қилса, бундай савдо Салам савдоси бўлади. Бу суратда бир вақтнинг ўзида сотилаётган нарса ҳам, бериладиган эваз ҳам насия бўлиб қолмаслиги учун харидор пулни сотувчига шу савдолари вақтида беради. Салам савдосининг қўшимча тафсилоти ин шаа Аллоҳ қуйида келади. 

Саҳиҳ савдонинг ҳукми

Тўғри амалга оширилган савдода сотилган нарса харидорнинг мулкига айланади. Ушбу мулкга тегишли нарсалар урфда қўшиб берилаётган бўлса, у ҳам савдонинг ичига ўз-ўзидан қўшилиб кетади. Масалан: бир киши ўз ерини сотса, ўша ерга экилган дарахлар ҳам сотилган ҳисобланади. Аммо дархтларни истисно қилса, дарахтлар сотилга ҳисобланмайди. Агар сотувчи савдолашиб бўлгандан сўнг сотган нарсасини харидорга топширмай туриб ўша нарса ҳалок бўлса харидорга пулини қайтариб беради. Агар харидор ҳам ҳануз пулини бермаган бўлса, бермай қўяверади.

Ботил савдо 
      (Нотўғри савдо)

Савдонинг юқорида зикр қилинган рукнларидан ёки шартларидан бирортаси топилмаса, бундай савдо ботил ҳисобланади. Масалан: ийжоб ва қабул ёки битм тузувчиларга тегишли шартлар топилмаса ёки сотилаётган нарса сотувчининг мулкида бўлмаса ёки сотилаётган нарса ҳануз мавжуд бўлмаса, бундай ҳолдаги савдо ботил бўлади.

Ботил савдонинг ҳукми

Ботил савдонинг ҳукми, у бошидан нотўғри савдодир. Шунинг учун ҳам сотувчи сотилаётган нарсанинг пулини ва харидор эса, сотилаётган нарсани олиши мумкин бўлмайди. Агар олди бердини амалга ошириб бўлган бўлсалар, бир-бирларига қайтариб беришлари лозим. Агар олган нарсаларини ишлатиб қўйган бўлсалар масалан: харидор олган нарсасини сотиб юборган бўлса унинг савдоси ҳам ножоиздир. Ботил савдода харидор сотилаётган нарсани қўлга киритса ва у нарса кейин ҳалок бўлиб қолса,  харидор сотувчига ўша нарсанинг бозордаги қийматни тўлаб беради.

Фосид савдо 
(Бекор ёки ҳеч қандай қонуний кучга эга бўлмаган савдо)

Савдо вақтида савдонинг барча рукнлари топилса-ю, шартларидан бирортаси топилмаса, бундай савдо фосид ҳисобланади. Масалан: сотилаётган нарса номаълум бўлса ёки маълум бўлсаю қай бирини сотилиши аниқ бўлмаса ёки сотувчи сотаётган нарсасини қўлига киритишидан олдин сотса, бундай ҳолдаги савдо фосид бўлади. Шунингдек, саво вақтида фосид шарт қўйилса ҳам савдо фосид ҳисобланади. Масалан; сотувчи харидорга “Мен мана бу нарсани юз минг сўм қарз бериб туришинг шарти билан сенга сотдим”-деса, савдолари фосид бўлади.

Фосид савдонинг ҳукми

 Фосид савдонинг ҳукми, у нотўғри савдодир. Агар фосид савдо қилинган жойда савдонинг фосидлигига сабаб бўлган нарса кетказилса, савдолари тўғри бўлаверади. Масалан: Сотилаётган нарса номаълум ёки маълум бўлиб қай бири сотилиши аниқ эмас эди, кейин ўша жойда у нарса маълум ёки қай бири сотилиши аниқ қилинса, савдолари яна тўғри бўлаверади. Агар ўша жойда мазкур фосид нарсалар кетказилмаса, сотувчи пулни, харидор эса сотилаётган нарсани олиши мумкин эмас. Агар иккиси ҳам ўз ҳақларини қўлга киритган бўлсалар, бир-бирларига қайтариб беришлари ва савдони тугатишлари ёки қайтадан савдо қилишлари лозим. Фосид савдода харидор сотилаётган нарсани қўлга киритиб, бошқа кишига сотиб юборса унинг савдоси савдо бўлади. Аммо, ундан кўрган фойдаси ўзи учун ҳалол бўлмайди ва ўша кўрган фойдасини садақа қилиб юбориши вожиб бўлади. Фосид савдода сотилаётган нарса харидор қўлига ўтгандан кейин ҳалок бўлиб қолса, харидор унинг бозордаги қийматини сотувчига тўлаб бериши лозим.

Макруҳ савдо

Савдо вақтида савдонинг барча рукнлари тўғри топилсаю унда бирор макруҳ ҳолат пайдо бўлса, масалан: Жумъа намозининг биринчи азонидан кейинги савдо ёки икки киши савдосини тугатмай туриб учинчи киши ўртага кириб савдолашиши каби ҳолатлар пайдо бўлса, бундай савдолар шариъатда ман қилинган. Аммо, ўша савдони амалга оширсалар макруҳлик билан адо бўлади.

Закладнинг ҳукми

Сотувчи ва харидор савдоларини тўлиқ қилмай ўзаро “Фалон числода савдолашамиз” -деб келишсалар ва харидор сотувчига бир оз миқдорда аванс берса, шу миқдордаги авансни заклад дейилади. Ўша келишилган числода харидор сотувчи билан савдони амалга оширмаса, сотувчи закладни ўзида олиб қолиши мумкин эмас. Шунингдек сотувчи келишилган кунда сотаётган нарсасини сотишни истамаса, харидор берган закладининг устига ҳеч нарса қўшиб олмайди. Ҳеч қандай узрсиз ваъдага хилоф қилиш ва келишилган кунда савдони амалга оширмаслик жоиз эмас. Ваъдага хилоф қилиш гуноҳ ҳисобланади. Мазкур суратда сотувчи олиб қолган заклад миқдори омонат ҳисобланиб, ўша миқдорга омонатнинг ҳукмлари жори бўлади. 
Савдо бошидан тўлиқ амалга оширилиб, ийжоб ва қабул ҳам барча шартлари билан топилса, ўша берилган заклад миқдори бериладиган пулнинг бир қисми бўлади ва қолган пулини келишилган вақтда бераверади. Мободо харидор келишилган савдодан айниса закладга қўймайди. Аммо сотувчи харидор савдодан қайтганлиги сабабли зарар кўрса, зарарни тўлатиб олиши мумкин. Масалан: сотувчи тўққиз минга олган нарсасини бирор харидорга ўн минга сотса кейинчалик олган харидор савдони бузиб савдодан қайтса ва нарсанинг нархи тўққиз мингдан саккиз минга тушиб кетса сотувчи харидордан минг сўмини ундириб олишга ҳаққи бор. Мободо харидор минг сўм закалад берган бўлса сотувчи ўша закаладни қайтариб бермасликка ҳаққи бор. Лекин нарсанинг нархи тўққиз мингдан тушмасаю кутилган фойдага эга бўла олмай қолса яъни “сен сотиб олган вақтингда сендан бошқа ўн минг сўмга оладиганлар бор эди сен туфайли нарх тушиб тўққиз сўмга олинадиган бўлиб қолди

Насия ёки тақсит савдоси 
(Насия ёки бўлиб-бўлиб тўлаш савдоси)

Савдолашилган жойда сотилган нарсага тўланадиган эвазни ва уни қачон тўлашини аниқ қилинса, насия қилиб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш жоиз. Аммо бундай савдода “Агар келишилган вақтда пулини тўлиқ бермасангиз фалонча фойиз қўшилади”-деса, жоиз бўлмайди ва у судхўрлик ҳукмида бўлиб қолади. Сотувчи савдони тўлиқ амалга оширишдан аввал харидорга “Агар ўнинчи январгача пулни тўлиқ берсангиз юз минг сўм, агар ўнинчи февралгача бўлса, бир юз ўн минг сўм”-деса ва ўнинчи февралгача бир юз ўн минг сўм тўлаб беришига келишсалар жоиз бўлади. Ушбу суратда бериладиган пул кечикиб март ойида тўланса келишилган нархга ҳеч нарса қўшиб берилмайди. Шунингдек харидор пулни келишилган муддатдан олдин тўлайдиган бўлса, нархни камйтиришни талаб қила олмайди. Аммо сотувчининг ўзи нархни яна камайтириб берса жоиз.  
Бўлиб-бўлиб бериш савдосида “Агар бўлиб бериладиган пулни белгиланган вақтида бермасангиз, кейин бир вақтда ҳаммасини бир йўла берасиз”-деб шарт қўйса жоиз ва шу шартга амал қилишлари вожиб бўлади. Масалан; бир киши ўз машинасини бир йилга ҳар ойда бир милиондан ўн икки милион қилиб берасиз деб келишса бу савдо жоиз. Шу савдода келишилган бир милионни ўз вақтида бермасангиз йилни охиригача берадиганингизни ҳам бирданига тўлайсиз деган шартни қўйиш жоиз. Яъни мободо олтинчи ойникини ўз вақтида бермасангиз қолган олти ойникини ҳам қўшиб тўлайсиз деб шарт  қўйиши жоиз.  
Насия савдода харидор сотиб олган нарсасини пулини қачон беришни таъйин қилмасдан “Фалончи мендан қарз эди. Ўша қарзимни олган куним бераман”-деса, савдолари бекор бўлади. Аммо, қарзини қачон олишини таъйин қилиб, ўша куни беришини аниқ қилса савдолари жоиз бўлаверади. Аммо пулини сотилганда бераман дейиш ҳам жоиз эмас.

Савдода танлаш ҳуқуқининг баёни

Савдода сотувчи ва харидорлар учун танлаш имкони бор. Уларнинг тафсилоти қуйидагилардир. 
1. Хиёри шарт (танлаш шарти). Савдо вақтида сотувчи ёки харидор “Фалон кунгача менга танлаш ҳуқуқини берасиз, шундан кейин савдони тугатамиз”-деб шарт қўйса, масалан; сотувчи “Бу нарсани, фалон кунгача савдони ҳоҳласам бузаверишим шарти билан сотаман”-деса ёки харидор “Бу нарсани ўн беш кун ичида ҳоҳласам қайтриб бериш шарти билан сотиб оламан”-деса жоиздир. Буни хиёри шарт, яъни танлаш шарти дейилади. Сотувчи ва харидор танлаш ҳуқуқини ҳоҳлаган муддатгача таъйин қилишлари мумкин. Аммо, муддат таъйин қилиниши лозим. Агар савдо вақтида танлаш шарти қўйилмаса, ўша мажлисдан сўнг танлаш ҳуқуқи бўлмайди. 
Агар савдода харидор танлаш шартини қўйса “Хиёри муштарий”, яъни “Харидорнинг танлаш ҳуқуқи”-дейилади. Агар  сотувчи танлаш шартини қўйса “Хиёри бойиъ”, яъни “Сотувчининг танлаш ҳуқуқи”-дейилади. Икковларининг бундай танлаш ҳуқуқлари қуйидаги суратларда ниҳоясига етади. 
1. Тил билан очиқчасига танлаб бўлганларини айтсалар, яъни савдоларига тиллари билан розиликларини билдирсалар танлаш ҳуқуқлари ниҳоясига етади. 
2. Харидор танлаш имконини олса ва танлаш имкони бўла туриб сотиб олган нарсасини ишлатиб юборса, унинг танлаш ҳуқуқи ниҳоясига етади. 
3. Танлаш ҳуқуқига белгиланган муддат тўлиқ бўлганда ҳам танлаш ҳуқуқи ниҳоясига етади. 
Сотувчи ёки харидор ўзи учун белгиланган танлаш имконидан фойдаланиб савдони бекор қилмоқчи бўлса, шеригини хабардор қилиши лозим. Шеригини хабардор қилмаса савдолари бекор бўлмайди. Агар танлаш ҳуқуқи сотувчида бўлса, сотилаётган нарса ўша вақтгача унинг мулкидан чиқмайди. Аммо танлаш ҳуқуқи харидорда бўлса, унинг сотилаётган нарсага эгалиги мавқуф бўлиб тўхтаб туради.

Хиёри васф
(Сотилаётган нарсанинг сифатига қараб танлаш ҳуқуқи)

Сотувчи савдо вақтида сотилаётган нарсадаги яхшилик ва қулайликларни баён қилса ва харидор ўша нарсани зикр қилинган сифатлари бор бўлиш шарти билан сотиб олса жоиз. Харидор сотиб олгандан кейин ўша нарсада зикр қилинган сифатлар топилмаса, савдони бекор қилиши мумкин. Масалан, сотувчи эчки сотаётиб “Бу эчки сут беради”-деса ва харидор шу ишончга кўра сотиб олсаю кейин у эчкининг сут бермаслиги маълум бўлса, харидор савдони бузиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар эчкида айтилган сифат топилмаса, харидор уни нархини камайтиришни талаб қила олмайди. Ҳоҳласа савдони бузади ёки шундайлигича сотиб олади.  Харидор сотиб олган нарсасини текшириб олмасдан қайтариб бериш имкони бўлмайдиган даражада ишлатиб юборса, сотувчидан ўша нарсанинг сифатли ва сифатсизини орасида бўладиган фарқни тўлатиб олади. Масалан, харидор бир материални Японияники деб сотиб олиб текширмасдан тиктириб кийиб олса, кейин Японияники эмаслиги маълум бўлса, харидор сотувчидан Япония материали билан бошқа жойнинг материалини роасидаги фарқни тўлатиб олади. 
Сотувчи савдода сотилаётган нарсани сифатини баён қилса ва у сифатни шу заҳоти текшириб бўлмаса, харидор ўша сифатни топилиши шарти билан сотиб олиши мумкин эмас. Масалан, сотувчи харидорга “Бу эчки ҳомиладор”-деса харидор уни шу сифат топилиши шарти билан сотиб олиши мумкин эмас. Чунки, у сифатнинг келажакда вужудга келиши ноаниқдир.

Хиёри рўят
(Сотилаётган нарсани кўриб танлаб олиш ҳуқуқи)

Савдода харидор сотилаётган нарсани кўрмай туриб сотиб олиши жоиз. Бундай савдодан сўнг олган нарсасини кўрганида ўзига маъқул келмаса, савдони бузиши ҳам мумкин. Харидор олаётган нарсасини кўришдан олдин оғзаки равишда олишга рози эканлигини билдирса ҳам ёки олган нарсасида ўша вақтда бирор айб бўлмаса ҳам савдони бузиши мумкин. Бундай савдони “Хиёри рўят”, яъни кўриб танлаб олиш савдоси дейилади. Харидор олаётган нарсасини кўришдан аввал ҳоҳлаган вақтида савдони бузиши мумкин. Кўриб танлаб олиш савдосида сотилаётган нарсанинг қандай мақсад учун тайёрланганини кўриши ёки ўша сотилаётган нарсани урфда қандай ҳолда кўрилса, кўрилган ҳисобланади, ўшандай кўриши кифоя қилади. Харидор олмоқчи бўлган нарсасини шу икки ҳолатга мувофиқ кўргандан кейин ҳам кўриб танлаш ҳуқуқига кўра савдони бекор қилиши жоиздир. Мазкур икки ҳолатга мувофиқ кўрса,  кўриб танлаш ҳуқуқи ниҳоясига етади. Шундан кейин савдони бекор қилмоқчи бўлса, қозининг ҳузурига бормасдан сотувчини ўзини хабардор қилиб савдони бекор қилса бўлаверади.   
Кўриб танлаб олиш савдосида “Фалон кунгача”-деган бирор муддат таъйин қилинмаган. Харидор сотиб олмоқчи бўлган нарсасини кўриб танлагандан кейин ҳам савдони бекор қилиш ҳуқуқи эга. Харидор сотилаётган нарсани кўрганидан кейин уни ишлатиб юборса ёки қайтариб бериш мумкин бўлмайдиган даражада уни айбли қилиб қўйса ёки тили билан ўша нарсани олишга розилигини билдирса, шу суратларнинг барчасида “хиёри рўят”, яъни кўриб танлаб олиш ҳуқуқи ниҳоясига етади. Шунингдек харидор кўриб танлаб олиш ҳуқуқига кўра сотиб олаётган нарсасини кўришдан олдин сотиб юборса ёки бирор кишининг олдига гаров қилиб қўйса ёки бировга кира эвазига бериб юборса, бундай ишлар билан ҳам кўриб танлаб олиш ҳуқуқи ниҳоясига етади. Шунингдек харидор вафот этса, унинг кўриб танлаб олиш ҳуқуқи ниҳоясига етиб, савдо тўлиқ амалга ошган ҳисобланади ва бу ҳуқуқ унинг меросхўрларига ўтмайди. 
Шуни яхши билиш керак-ки, кўриб танлаб олиш ҳуқуқи сотувчига эмас, фақат харидорга ҳос. Шунинг учун ҳам сотувчи кўрмаган нарсасини сотса, кейин бу савдони буза олмайди. Масалан; меросхўрлик йўли билан эга бўлган ерини кўрмасдан олдин сотиб юборса, кейин ерни кўрганда савдони бекор қила олмайди. Эгалиги собит бўлган нарсаларни кўрмай туриб сотиш масаласи фақат ерга ҳос. Ердан бошқа нарсаларда эгалик собит бўлса, уни кўрмай ва қўлига киритмай туриб сотиши мумкин эмас.

Хиёри айб
(Сотилаётган нарсада бирор айб бўлса, ҳоҳласа олиш ҳоҳласа қайтариб бериш ихтиёри)

Сотувчи сотаётган нарсасини харидорга айбсиз ҳолда топшириши лозим. Агар сотилаётган нарсада бирор айб бўлса, сотиш вақтида унинг айбини айтиши керак. Айиб айтилгандан кейин ҳам харидор уни сотиб олса, савдо дуруст бўлади ва кейинчалик харидор ўша айб сабабли савдони буза олмайди. Аммо сотувчи сотилаётган нарсанинг айбини айтмаса ва харидор билмасдан уни сотиб олса, сотувчи гуноҳкор бўлади. Бир ҳадисда зикр қилинишича Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким айбли нарсанинг айбини айтмасдан сотса, Аллоҳ таолонинг ғазабида бўлади ва Малоикалар унга доим лаънат айтиб туради”, яъни, кимки бирор айби бор нарсани айбини айтмасдан сотса, Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди ва Фаришталар ҳам унга лаънат айтиб турадилар, деганлар. Яна бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимки алдаса биздан эмас” яъни, кимки бизга (мусулмонларга) фриб бериб алдаса, у биздан эмас, деганлар.  
Бу суратда харидор бирор нарсани сотиб олса ва унда тижоратчиларнинг урфида “айб ёки нуқсон” саналадиган бирор айб топилса, харидор ўша савдони бузиш ҳуқуқига эга бўлади. Харидор бу ҳуқуқга қуйидаги суратларда эга бўлади. 
1. Сотилаётган нарсанинг айби харид қилингандан кейин эмас, балки сотувчининг олдида бор бўлганда. 
2. Харидор харид қилаётганда ёки қўлга олаётганда ўша нарсани айбидан бехабар бўлда. 
3. Сотувчи сотаётган нарсасидаги барча айбларга ёки маълум бир айбга алоқаси йўқлигини билдирмаганда. 
Масалан: сотаётган нарсасини “Бу нарса қандай ёки қаерда бўлса, шундайлигича сотаман кейинчалик айби чиқса ҳам қайтариб олмайман”-деб айтмаса. Аммо, сотувчи мазкур сўзларни айтиб “Харидор ўзи ҳам ўйлаб кўрсин. Мени ундаги айбга ҳеч қандай алоқам йўқ”- деган маънони мақсад қилган бўлса, шундан сўнг бирор айб сабабли харидор савдони бузиш ҳуқуқига эга бўла олмайди. 
4. Сотилаётган нарсадаги айб осонликча йўқ бўлмайдиган бўлганда. 
5. Харидор харид қилгандан кейин ўша нарсада сотувчи қайтариб олаолмайдиган даражада бирор бир айб пайдо қилиб қўймаганда. 
6. Харидор ундаги айбни билгандан сўнг уни харид қилишга розилигини изҳор қилмаган бўлса.

Хиёри айбнинг ҳукми

Сотилган нарсада бирор айб бўлиб, харидор уни ҳоҳласа олиш ёки қайтариб бериш имкони бўлган савдода харидор сотувчидан ўша айбнинг эвазини тўлаб беришни талаб қилиши мумкин эмас. Яъни, харидор олган нарсасидаги айибнинг миқдоридаги пулни ундириш учун сотувчини тўлаб беришга мажбур қилиши мумкин эмас. Харидор сотилаётган нарсада айб бор бўлишига қарамай харид қилишни ҳоҳласа, унинг тўлиқ пулини беради ёки шундайлигича қайтариб беради. Агар сотувчи ўз ихтиёри билан ўша айб сабабидан харидордан олган пулни маълум бир миқдорни қайтариб берса ёки  кейинчалик оладиган пулни маълум бир миқдорини кечса жоиз.

Хиёри айбнинг муддати

 Сотилган нарсада бирор айб бўлиб, харидор уни ҳоҳласа олиш ёки қайтариб бериш имкони бўлган савдода савдони бекор қилиш учун бирор муддат таъйин қилинмаган. Бундай савдо мобайнида харидор вафот этиб қолса, савдони бекор қилиш ёки бекор қилмаслик ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтади. Яъни,  меросхўрлар олинган нарсани сотувчига қайтариб, берилган пулни қайтариб олишлари мумкин.

Хиёри айб савдосида бирор бадалга келишиш

Сотувчи сотган нарсасида айб бор эканлигига иқрор бўлмаса ва харидор у билан келишишни ҳоҳлаб “Бу айбли нарсангизни қайтариб олсангиз ва мен берган пулдан озроғини олиб, қолганини қайтариб берсангиз”-деса, бундай келишувлари жоиз. Агар сотувчи сотган нарсасини айбли эканини тан олса ва қайтариб олаётганда харидордан олган пулдан ҳам маълум бир миқдорни олиб қолишни талаб қилса жоиз эмас. Чунки, бундай қилиш судхўрлик ҳисобланади. 
Харидор сотиб олган нарсасида айб борлиги учун сотувчига қайтариб бериши уни қўлга киритишидан олдин бўлса, сотувчининг розилигисиз ҳам қайтариб бераверади. Агар уни қўлга киритгандан кейин қайтариб бермоқчи бўлса, сотувчининг розилиги ёки маҳкаманинг ҳукми зарур бўлади. 
Мазкур ҳолатдаги савдода харидор олган нарсасини сотувчининг олдига олиб келса ва сотувчи ҳам индамай уни олиб қолиб пулини қайтариб берса жоиз ва у яна сотувчининг жавобгарлигида бўлади. Яъни, ўша нарса сотувчи олиб қолганидан кейин ҳалок бўлса, сотувчининг ўзини зарарига бўлади. Аммо, харидор қайтариб олиб келсаю, сотувчи пулини қайтариб бермаса, қатариб берилди деган ҳукмда бўлмайди ва у сотувчининг ҳузурида омонат бўлиб туради. Сотилаётган нарсадаги ҳолат тижоратчилар орасида айбли ёки айбсиз дейилишида ихтилоф бўлса, у нарса айбсиз ҳисобланади. 
Харидор харид қилаётганда “Мен бу нарсани қанақа айби бўлса ҳам олавераман”-деса ёки “У нарса қандай ёки қаерда бўлишидан қатий назар олавераман”-деса ундан кейин ўша нарсада бирор айб топилиб қолса қайтариб бера олмайди. Агар сотувчи сотаётган нарсасидаги асосий айбни айтмасдан қандайдир арзимас айбини айтса ва харидор ўша арзимас айбга рози бўлиб олсаю, кейин ўша асосий айбни кўрса савдони бекор қилиши мумкин.

Хиёри айб қачон тугайди?  
(Харид қилинган нарсада бирор айб бўлса, қачонгача уни олиш ёки қайтариб бериш мумкин?) 

Сотилаётган нарсада қачон бирор айб кўзга ташланса, харидор уни олиш ёки қайтариб бериш ҳуқуқига эга бўлади. Қуйидаги ҳолатлардан сўнг харидорга бундай ихтиёр қолмайди. 
1. Уни айбли бўлишига қарамай олишга розилигини билдирса. 
2. Айбини билганидан кейин ҳам уни ўзининг нарсаси каби ишлатиб юборса.
3. Уни учинчи шахсга сотиб юборса ёки ижарага бериб юборса. 
4. Уни тузатса ёки у бирор жонивор бўлсаю уни даволаса. 
5. Уни бирор кишининг олдига гаровга қўйса. 
6. Уни бирор кишига совға қилиб юборса.

Хиёри айбда қайтариб бериш мумкин бўлмаса харидорнинг ихтиёри нима бўлади?

Қуйидаги суратларда хиёри айб сабабли қайтариб бериш мумкин бўлмайди. Аммо харидор айбли ва айбсиз нарсанинг орасидаги фарқни сотувчидан ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.  
1.   Харид қилгандан сўнг у нарсада янги айб пайдо бўлса. 
2. Харидор материални тикиш учун қирқиб олганидан ёки у нарса жонвор бўлиб уни сўйганидан кейин унинг айбли экани маълум бўлса. 
3.   Материални қирқиб олганидан кейин сотиб юборган бўлса. 
4. Талқонни сотиб олгандан кейин унга сувни аралаштирса ёки унни сотиб олгандан кейин уни хамир қилиб қўйса. 
5. Харид қилган ерига дарахт экиб қўйса ёки унга бирор бино қуриб қўйса. 
6. Хомашёни эритиб қўйса, кейин ўша нарсадан талаб қилинган нарсанинг ҳосил бўлмаслиги маълум бўлса. 
Ушбу барча суратларда қайтариб бериш имкони бўлмайди. Аммо харидор сотувчидан ўша нарсанинг қийматини фарқини ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Фириб сабабли танлаш ҳуқуқи 
(Сотувчининг ёлғон гапи сабабли харидор олиш ёки олмаслик ҳуқуқига эга бўлиши)

Сотувчи сотаётган нарсасини ҳар доим бозордаги нархга қараб сотиши мажбурий эмас. Балки ҳеч қандай ёлғон аралаштирмасдан харидорнинг розилиги билан бозордаги нархдан камроқ ёки кўпроқ қилиб ҳам сотиши мумкин. Сотувчининг ҳеч қандай алдовсиз тижоратчилар “Қиммат сотибди”-дейдиган даражада кўп нарх қўйиб сотиши фиқҳий истилоҳда “Ғибнун фаҳишун” яъни адолатсиз баҳолаш дейилади. Харидор ўша адолатсиз баҳоланган нарсани бозордаги нархини билиб ёки билмай ўз розилиги билан сотиб олса, ундан кейин савдони буза олмайди. Қуйидаги харидлар бу қоидадан мустаснодир. 
1. Етимнинг молини тасарруф қилишга масул бўлган киши унинг моли билан унга бирор нарсани харид қилса, сўнгра ўша нарсани адолатсиз баҳоланган, яъни қиммат нархда харид қилгани маълум бўлса, савдони бузиши мумкин. 
2. Вақф қилинган мулкнинг ёки умумий жамғарманинг пули билан жуда қиммат бўлган нархда сотиб олинганда ҳам савдони бузиш мумкин. 
Юқоридаги ҳукм сотувчи ёлғон аралаштирмаганда бўлади. Аммо, сотувчи ёлғон гапириб “Бу нарсанинг бозордаги нархи фалонча, мен ўша нархда сотаман”-деса ва харидор унинг гапига ишониб ўша нархга сотиб олсаю, сўнгра бозордаги нархда бўлмаганлиги маълум бўлиб, сотувчи уни адолатсиз баҳолаб сотган бўлса, харидор ўша савдони бузиш ҳуқуқига эга бўлади. Сотувчи харидорга ёлғон гапирса ва харидор уни ёлғон гапираётганини била туриб харид қилган нарсасини ишлатиб юборса, бундан кейин савдони буза олмайди. Шунингдек савдони бузишдан олдин вафот қилса ҳам савдони буза олмайди. 
Сотувчининг ёлғони сабабли харидор савдони бузиш ҳуқуқига эга бўлганидек, харидорнинг ёлғони сабабли ҳам сотувчи савдони бузиши мумкин. Масалан, харидор сотувчига “Бу нарсангизни бозордаги нархи ўн минг сўм”-деса ва сотувчи унинг гапига ишониб ўн минг сўмга сотса, кейин унинг бозордаги нархи йигирма минг сўм эканлиги маълум бўлса, сотувчи савдони бузиш ва сотган нарсасини қайтариб олиши мумкин. Бу нарса кўпроқ сотувчи бозорга кирмасдан аввал олиб сотарлар томонидан содир этилади. Сотувчининг бу ҳуқуқини давомийлиги ва ниҳоясига етиши юқорида баён қилинган харидор борасидаги ҳуқуқлар каби бўлади.

Иқола 
(Яъни савдони қайтариб олиш)

Савдо тўлиқ амалга ошганидан сўнг сотувчи ва харидордан ҳеч бири ёлғиз ўзининг розилиги билан савдони буза олмайди. Ёқтирмай ёки тўғри келмай савдони бузишга ҳаққи йўқ. Гоҳида харидор бирор нарсани харид қилганидан кейин нимадир сабаб бўлиб савдони бузмоқчи бўлади. Ўшанда сотувчининг розилиги ҳам бўлиши зарур. Сотувчи ва харидор ўзаро розилик билан савдони бузишларини “Иқола” -дейилади. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : مَنْ أَقَالَ نَادِمًا بَيْعَتَهُ أَقَالَهُ اللَّهُ عَثْرَتَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ 

 “Ким (савдоси сабабидан) надомат чекаётган кишини савдосини бекор қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг хатоларини авф қилади”-деганлар. (Сунани Абу Довуд 4-жилд, 218-бет). Яъни, кимдир савдо қилганига афсусланиб савдони бузмоқчи бўлган кишини савдосини бузиб олган нарсасини қайтариб берса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг хатоларини кечиради, дейилган. Иқола қилишда сотувчи ва харидор қайси нархга келишиб савдо қилган бўлсалар ўша нархга кўра савдони бекор қиладилар. Иқолада ўзаро келишилган нархдан камайтириш ёки зиёда қилиш мумкин эмас. 
Иқола сотувчи ва харидорнинг ҳаққида келишилган савдони бекор қилиш бўлиб, учинчи кишининг ҳаққида янги савдо ҳисобланади. Яъни, харидор олган нарсасини гўёки мазкур сотувчига қайтадан сотгандек бўлади. Шунинг учун ҳам масалан, Зайд Амирга ўз ерини сотса ва шу савдо вақтида  қўшниси Холид ҳеч қандай эътироз ва қўшничилик сабабли сотиб олиш имтиёзи борлигини даъво қилмаса, кейинчалик Зайд ва Амир ўзаро розилик билан савдони бекор қилсалар, яъни ер яна Зайднинг мулкига ўтса, бу бекор қилиш Холиднинг ҳаққида янги савдо бўлади. Бу дегани мободо Зайд ўз ерини яна сотмоқчи бўлса, Холид қўшничилик сабабли бирор эътироз ёки сотиб олиш имтиёзи борлигини даъво қилиш ҳуқуқига эга бўлади ва унга “олдинги савдода эътироз билдирмаган эдинг энди эътироз билдирасанми?”-дейиш мумкин эмас.

Муробаҳа ва тавлия савдоси 
(Фойда қўйиб сотиш ва тан нархига сотиш)

Муробаҳа савдосида сотувчи сотаётган нарсасини ўзи сотиб олган ёки ўзига тушган нархни устига қанчадир фойида қўяётганини айтиб сотади. Масалан, сотувчи харидорга “Мен бу материални ўзим сотиб олган ёки ўзимга тушган фалон нархни устига ўн фойиз қўйиб сотаман”-дейди. 
Тавлия савдосида сотувчи сотилаётган нарсасини қанчага олган бўлса ўша нархда сотади. Масалан, сотувчи “Мен бу нарсани ўн минг сўмга олган эдим. Сизга ҳам ўн минг сўмга сотаман”-дейди. 
Сотувчилар бу икки савдо борасида ўта диёнатли ва тўғри сўз бўлишлари лозим. Ҳатто сотувчи бирор нарсани насияга олиб сотаётган бўлса шуни ҳам харидорга айтишлари зарур. Агар харидор муробаҳа савдосида сотувчининг нарх борасида ёлғон гапириб сотганини билиб қолса, савдони бузиши мумкин. Агар бу ҳолат тавлия савдосида содир бўлса, харидор сотувчининг ёлғон гапириб зиёда қилган нархни бермай тан нархини бериб сотиб олади. 
Сотувчи бирор нарсани сотиб олиб уни сақлаш ёки бошқа бирор жойга олиб бориш ёки унга ниманидар қўшиш учун унга қанчадир пул сарфласа, уни ҳам харидордан олади. Бу суратда сотувчи харидорга “Бу нарсани мен шунчага сотиб олдим”- демасдан, “Бу нарса менга шунчага тушди”-дейиши лозим.

Муробаҳа савдоси орқали кишиларни молиялаштириш

Муробаҳа савдоси аслида кишиларни қандайдир йўл билан молиялаштириш ёки судхўрлик қилиб уларга қарз бериш эмас, балки у олди сотдининг бир туридир. Шунинг учун ҳам савдо вақтида олди сотдининг умумий қоидаларини ва юқорида баён қилинган муробаҳа савдосининг шартларини яхши билиб олиш зарур. 
Муробаҳа савдоси орқали кишиларни молиялаштиришнинг энг яхши йўли, бир киши ўзига маъқул бўлган нарсани олмоқчи бўлса-ю, пули етмаса бирор молиялаштириш имконига эга бўлган шахсга ёки муассасага мурожат қилади. Бу суратда молиялаштириш имконига эга бўлган шахс ёки муассаса ўша сотилаётган нарсани аввал ўзига сотиб олиб қўлига киритади, сўнгра ўша нарсанинг устига маълум бир фойдани қўйиб мазкур мижозга сотади. Молиялаштириш имконига эга бўлган шахс ёки муассаса мижоз олмоқчи бўлган нарсани харид қилишида учинчи бир шахсни ўзига вакил қилиш ҳуқуқига ҳам эга. Шунингдек, ҳоҳласа ўша мижозни ўзини ҳам вакил қилишлари мумкин. Бунда у молиялаштириш имконига эга бўлган шахс ёки муассаса томонидан харид қилади ва қўлга киритади. Сўнгра улар билан бирор нархга келишиб имкони етган миқдордаги пулни беради ва қолганини насия қилиб бериш йўли билан сотиб олади. Бу суратда мижоз уларнинг вакили ҳамда шу вақтнинг ўзида шариъат эътиборидан омонатдор ҳам ҳисобланади. Сотиб олинган нарса эса, молиялаштириш имконига эга бўлган шахснинг ёки муассасанинг мулкига ва жавобгарлигига ўтади. Шунинг учун ҳам фаразан ўша нарса тасоддифий ходиса сабабли талофат кўрса ёки ҳалок бўлса, мазкур вакил бўлган харидор уни тўлаб беришга жавобгар бўлмайди. Аммо, улардан сотиб олганда, ўзининг мулкига ва жавобгарлигига ўтади. 
Хулоса шуки муробаҳа савдоси орқали кишиларни молиялаштиршда қуйидаги тартибларни билиш лозим. 
1. Мижоз ва молиялаштириш имконига эга бўлган шахс ёки муассаса умумий бир аҳдлашув қиладилар. Унда молиялаштириш имконига эга бўлган шахс ёки муассаса мижозга ўша нарсани сотишни ва мижоз уни ўша қийматдан ёки уларга тушган ўша нархдан ортиқ бўлган нархга сотиб олишни ваъда қилади. 
2. Молиялаштириш имконига эга бўлган шахс ёки муассаса мазкур мижозни ўша нарса ёки буюмни харид қилиш ва қўлга киритишга вакил қилишлари мумкин. Ушбу вакил қилиш аҳдлашувида икки тараф ҳам келишувга дастхат қўядилар. 
3. Мижоз олинаётган буюмни молиялаштириш имконига эга бўлган шахс ёки муассаса томонидан харид қилади ва уларнинг вакили сифатида қўлга киритади. 
4. Мижоз олинаётган нарсани харид қилиб қўлга киритганидан кейин уларни хабардор қилади ҳамда ўзи сотиб олишини уларга таклиф қилади. 
5. Молиялаштириш имконига эга бўлган шахс ёки муассаса мижознинг ушбу таклифини қабул қилади ва унга сотади ва шу билан мазкур нарса унинг мулки ва жавобгарлигига ўтади. 
Қуйида ушбу бешта ишни тартибини яхшилаб билиб олиш зарур бўлади.

Молиялаштиришнинг асл сурати

Исломда молиялаштиришнинг энг яхши йўли шериклик ёки музорабага пул тикишдир. Шунинг учун рибосиз бўлган банкларда шу икки услубдан фойдаланилади. Юқорида баён қилинган савдо қоидаларига мувофиқ муробаҳа савдосидан фойдаланиш учун мажбур бўлганда ижозат берилади. Қуйида муробаҳа савдоси орқали молиялаштиришга тегишли бир қанча муҳим масалалар зикр қилинади. 
1. Молиялаштираётган шахс ёки муассаса мижозга олиб берган нарсасининг насия бўлган қиймати эвазига мижоздан бирор нарсани гаровга қўйишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. 
2. Мижоз молиялаштираётган шахс ёки муассасага пулни қачон беришини ваъда қилаётганда қўшимча равишда “Агар мижоз фалон вақтгача пулни бера олмаса, келишилган нархдан ортиқ фалон сўмни бирор хайрия фондига тўлаб беради”-деб келишишлари мумкин. 
3. Молиялаштираётган шахс ёки муассасанинг нарсаларини муробаҳа савдоси орқали сотиш ва мижознинг ундан сотиб олиш аҳдномаларини қози ҳам амалга ошириши мумкин. Бунда мободо бирор томон хиёнат қилса қози унинг ҳаққини ундириб беради.

Байи салам

Байи салам деб сотувчи ва харидорнинг орасида “Харидор пулни дарҳол беради, сотувчи эса сотаётган нарсасини маълум бир муддатдан кейин беради”-деб келишилган савдога айтилади. 
Байи салам савдоси вақтида сотилаётган нарса мавжуд ҳам таъйин ҳам ва на сотувчининг мулкида ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу савдо аслида жоиз бўлмаслиги лозим. Аммо шариъат одамларнинг зарур ҳожатлари, хусусан деҳқончилик билан шуғулланадиган кишиларнинг эҳтиёжларини эътиборга олиб бу савдога ижозат берган. Чунки, бу савдода сотувчи ва харидорнинг ҳар иккисига фойида бор. Масалан, сотувчи пулни олдиндан олса, у пул билан оиласини боқади ва яна деҳқончиликка тегишли уруғ ва бошқа нарсаларни ҳам сотиб олади. Харидор эса, олдиндан пул бергани учун олаётган нарсасини оммавий нархдан арзонроққа олади. Яна бир жиҳатдан пул олдиндан тўланганлиги учун келажакда бозордаги нархнинг кўтарилиб тушишидан икковлари ҳам омонда бўладилар. Бундай йўл билан икковлари ҳам ўз тижоратларини режалаштириб оладилар.

Бай салам тўғри бўлишининг шартлари

1. Келишилган савдо молининг жинси, нави, сифати ва бошқа тегишли нарсалари тўлиқ баён қилиниши лозим. 
2.Келишилган савдо молининг миқдорини, топшириш муддатини, нархини ва агар у нарса ташиб олиб бориладиган нарсалардан бўлса, уни топшириш жойини таъйин қилиб очиқчасига баён қилиниши лозим. 
3. Келишилган савдо моли савдо вақтидан топширадиган муддатгача бозорларда топиладиган нарса бўлиши лозим. 
4. Келишилган савдо молининг сифати ва миқдори аниқ тарзда таъйин қилинган ва ажратилган бўлсин. 
5. Келишилган савдо молини топширишнинг энг кам муддати бир ой бўлсин. Кўпини чегараси йўқ. 
6. Сотувчи пулни харидордан савдо вақтида олсин. 
7. Бай саламда таъйин нарсани сотиб бўлмайди. Масалан, олдида мавжуд бўлган бирор мошинани байи салам савдоси билан сотиб бўлмайди. Чунки, бу мошина харидорга топшириладиган муддатгача турмаслиги ҳам мумкин. Шунингдек бир хос боғнинг меваларини ҳам байи салам савдоси билан сотиб бўлмайди. Масалан, бир киши “Шу боғнинг олмаларини байи салам савдосида сотаман”-деса жоиз эмас. Чунки, у боғдаги олмаларнинг пишиб етилишини ёки бирор талофатга учрашини ҳеч ким билмайди. Аммо, салам савосида “Фалон навли олмани фалон вақтда тайёрлаб бераман”-деб келишса ва ҳоҳлаган боғидан уларни тайёрласа жоиз бўлади. 
8. Салам савдоси фақат бир ҳил бўлган нарсалардагина бўлади. Масалан, буғдой борасида. Унинг ҳар донаси бошқа доналари билан бир ҳил бўлади. Нархида фарқ қиладиган даражада ҳар-ҳил бўлмайди. Бундай нарсаларни фиқҳда “Заваатул амсаал” яъни бир ҳил нарсалар дейилади. Одатда килолаб ёки литрлаб сотиладиган барча нарсалар бир ҳил нарсалар ҳисобланади. 
Бири бошқасидан фарқ қиладиган нарсаларда байи салам савдоси жоиз эмас. Масалан, жониворлар бири биридан бир оз бўлсада фарқ қилади ва қиймати ҳам алоҳида-алоҳида бўлади. Бундай нарсаларни фиқҳда “Заваатул қиям” яъни қиймат эгалари дейилади. Одатда килолаб ёки литрлаб сотилмайдиган барча нарсалар “Заваатул қиям” нарсалардан ҳисобланиб, уларнинг ҳар бирини нархи алоҳида-алоҳида бўлади. Аммо, тухум каби бири бошқасидан кўп фарқ қилмайдиган доналаб сотиладиган нарсаларда байи салам жоиз.  

Байи саламга тегишли баъзи ҳукмлар

1). Салам савдосида сотувчи келишилган нарсани харидорга топширмагунча харидор уни бошқа одамга сотиши жоиз эмас. Чунки, келишилган нарсани қўлга киритмасдан олдин сотишнинг жоиз эмаслиги борасида Ҳаким Ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан қуйидагича ҳадис ривоят қилинган:

 عَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رضي الله عنه قَالَ : أَتَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَقُلْتُ : يَأْتِينِي الرَّجُلُ يَسْأَلُنِي مِنْ الْبَيْعِ مَا لَيْسَ عِنْدِي ، أَبْتَاعُ لَهُ مِنْ السُّوقِ ثُمَّ أَبِيعُهُ ؟ قَالَ : (لَا تَبِعْ مَا لَيْسَ عِنْدَكَ) رواه الترمذي

“Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларига келиб “Мени олдимга бир киши келиб ҳузуримда бўлмаган нарсани сотишимни сўрайди. Мен у учун бозордан оламан кейин унга сотаман? (шу тўғрими? деб сўрадим). У зот “Ўз мулкингда бўлмаган нарсани сотма” дедилар”, дейилган. 
2. Сотувчи келишилган вақтда келишилган нарсани харидорга бера олмаса харидор ўша нарсанинг ўрнига бошқа нарсани олиши жоиз эмас. Бундай суратда харидор берган пулини қайтариб олади ёки сотувчига яна муҳлат беради ва сотувчи у нарсани олганда харидорга етказиб беради. 
3. Салам савдосида шарт қўйиш ёки кўриб танлаш ихтиёри бўлмайди. Сотувчи савдода келишилган нарсани келишилган сифатга мувофиқ топшириши лозим. Агар келишилган нарса келишилган сифатга мувофиқ бўлмаса, харидор уни қабул қилмаслиги мумкин.

Истисноъ 
(Буюртма асосида молни тайёрлаш)

Бирор ҳунарманд ёки корхонага буюртма бериб мол ёки бирор нарса тайёрлатиш жоиздир. Бирор нарсага буюртма беришда харидор салам савдосидаги каби олдиндан тўлиқ қийматни бериши шарт эмас. Балки, бунда енгилликлар бўлиб, ҳар ҳил келишувларни амалга ошириш мумкин. Яъни, буюртма берган нарсаси тайёр бўлганда қийматни тўлиқ ёки насия ёки бўлиб-бўлиб бериши мумкин. Яна, келишилган нархни тўлиқ ёки бир қисмини олдиндан беришга келишишлари ҳам мумкин.  
Шунингдек, келишилган нарсани тайёрлаш учун бирор муддатни таъйин қилишлари ҳам мумкин ёки мутлоқо “Фалон нархга фалон нарсани тайёрлаб бераман”-деса ҳам бўлади. 
Буюртмани тайёрлашдаги хом ашёнинг кўпроқ қисми таёрловчиники ёки ҳунармандники бўлса, уни “истисноъ” дейилади. Агар хом ашёнинг кўпроқ қисми ёки ҳаммаси буюртма берувчиники бўлса, “ижара” яъни, маълум бир ҳақ эвазига бирор иш қилдириш дейилади. Ижаранинг шартларини инша Аллоҳ “Китабул ижара” да баён қиламиз.  
Истисноъда ҳунарманд буюртмани тайёрлаганидан кейин буюртмачига кўрсатишдан олдин унга бериш ёки бермаслик ҳуқуқига эга. Ҳатто айни келишилган буюртмадан бошқасини тайёрлаб берса ҳам бўлади ёки буюртмачи буюрган нарса ҳунарманднинг олдида олдиндан тайёрлаб қўйилган бўлса, ўшани берса ҳам бўлади. Ҳунарманд тайёрлаган нарсасини буюртмачига кўрсатганидан кейин бирор нарса сабабли ўзида олиб қолиши мумкин эмас. Шунингдек буюртма келишилганидек тайёрланган бўлса буюртмачи ҳам уни қабул қилмаслиги мумкин эмас. 
Буюртмачи буюрган нарсаси тайёр бўлганидан кейин уни қўлга киритмагунча, ўзгага сота олмайди. Чунки, қўлга киритишдан олдин сотиш мумкин эмас. 
Ҳозирги кунда қурувчилар ўзлари томонидан қурилиш молларини ишлатиб уйлар ёки мажмуалар қуриб уни буюртма асосида сотадилар. Бу ҳам “истисноъ” ҳисобланади. Шунинг учун ҳам буюртма асосида олаётганлар ўша уй ёки мажмуани қўлларига киритмагунча сотишлари жоиз эмас.  

Ғарар нима?

Шариъат ўз ҳукмларида олди берди муомалаларини тўлалигича аниқ ва равшан бўлишини буюрган. Кейинчалик жанжалга сабаб бўладиган бирор мубҳамликка рухсат бермайди. Олди бердилардаги бундай мубҳамликни шариъатда “ғарар” яъни алдаш, ўзганинг ҳаққига хиёнат қилиш дейилади. Демак олди бердининг бирор муомаласида алдов бўлса, ўша олди бердилари жоиз бўлмайди. Шунинг учун “ғарар” нима эканини яхши билиб олиш лозим. 
Ғарар луғатда “алдаш” маъносини билдиради. Исломий фиқҳда эса, қуйидаги тўрт ҳил муомалага ишлатилади. 
1. Олди бердида кейинчалик жанжалга сабаб бўладиган ноаниқлик. 
Бундан ҳар ҳил муомалалар тушунилади. Масалан, олди сотди, ижарачилик, шериклик, музораба, ишга ёллаш, деҳқончилик каби ишлар. Буларда кейинчалик жанжалга сабаб бўладиган бирор мубҳам муомала қилиш ғарар ҳисобланади. Масалан, савдода нархни аниқ қилмаслик ёки сотиб олинаётган нарсанинг миқдори ёки жинсини аниқ қилмаслик ёки сотилаётган нарсанинг ўзини таъйин қилмаслик ёки насия савдосида пулни қачон беришни келишмаслик, шунингдек ижарачиликда ижара ҳаққини ёки ишга ёллашда ойлик маошни таъйин қилмаслик ёки шерикчилик ишида шерикларнинг оладиган фойда ёки зарарининг миқдорини таъйин қилмаслик ёки ер эгаси билан деҳқоннинг ўртасида кимга қанча ҳисса тегишини келишмаслик мубҳам муомала бўлиб ғарар ҳисобланади. 
2. Ғарарнинг иккинчи сурати шуки, унда сотувчи сотаётган нарсасини харидорга топширишга имкони бўлмайди. Масалан, бир киши йўқолган соатининг топилиши ёки топилмаслигини аниқ билмай туриб бирор кишига сотса, бу ҳам мубҳам савдо бўлиб ғарар ҳисобланади. 
3. Ғарарнинг учинчи сурати шуки, бирор молиявий олди бердида икки тарафдан ҳар бирига қайси нарса мулк бўлишини бирор ноаниқ бўлган воқеага ёки ноаниқ ишга боғлаб қўйиш. Буни қуйидаги суратларда ўрганамиз. 
А. Савдони амалга ошишини бирор ноаниқ воқеага боғлаш. Масалан, сотувчи “Мен имтиҳондан ўтсам соатимни сизга сотаман”-деса савдони амалга ошишини ноаниқ воқеага боғлаган бўлади. Чунки, унинг имтиҳондан ўтиш ёки ўтмаслиги ноаниқ ва бу ғарар ҳисобланиб, савдолари жоиз бўлмайди. 
Б. Молиявий олди бердида бир шахсга ҳақ тегиши аниқ ва иккинчисига тегиши ноаниқ бўлса, бу ҳам ғарар бўлади. Масалан, латареа савдосида сотувчига пулни тегиши аниқ аммо, харидорнинг латареясига бирор нарса чиқиши ноаниқ бўлади. Бу эса, ғарар ҳисобланади. Чунки, латарея ўйинида унинг номи чиқмаса, унга ҳеч нарса тегмайди. Шунинг учун ҳам бундай кўринишдаги олди бердилар ғарар бўлиб, ҳаром ҳисобланиб. Қиморларнинг барча тури шу суратга киради. 
Ҳозирги кундаги суғурталарда ҳам ғарар топилади. Чунки, суғурта кампанияси суғурта тўловчидан пулни олиши аниқ аммо, суғурта тўловчига тўловининг эвази етиши ноаниқ бўлади. Ҳатто ҳеч нарса тегмаслиги ҳам мумкин. Суғуртанинг жоиз бўлиши учун бу тарзда амалга оширмасдан кишилар ўзаро ёрдам тариқасида бирор фонд ташкил қилиб қийналган кимсаларга ёрдам берсалар тўғри бўлади.

09.06.2017 йил

Қарзларни сотиш ҳам ғарарнинг шу қисмига киради

Қарзларни сотиш ҳам ғарарга киради. Бир кишининг бошқа кишидан оладиган қарзи бор бўлиб, оладиган қарзини учинчи бир шахсга “Фалончи мендан юз минг сўм қарз. Сен менга ҳозир тўқсон минг сўм бер. Фалон кундан кейин сен юз минг сўмни менинг ўрнимга оласан”-деб нақд пул эвазига сотиши ғарар ва судхўрлик бўлиб жоиз эмас. Чунки, қарз фойида яни, чегирма билан сотиляпди. Масалан, қарз юз минг бўлиб, уни тўқсон минг нақд пул эвазига сотса, судхўрлик бўлиб жоиз бўлмайди. Чунки, қарзнинг устига фойдани олди берди қилиш ҳаром. Агар мазкур юз минг қарзни юз минг эвазига сотса, унда ҳам ғарар бўлади. Чунки, қарзини сотаётган киши учинчи шахсдан юз минг сўмни аниқ тарзда нақд олади. Аммо учинчи шахсга мазкур қарздор ўша маблағни бериши ёки бермаслиги ноаниқ. Масалан қарздор шахс учинчи шахсга пулни бермаса, учинчи шахс зарар кўради. Чунки, қарзнинг савдосида қарзни сотиб олган шахсга қарзини сотган шахсдан ўз пулини қайтариб олишга ҳеч қандай ҳуқуқ бўлмайди. 
Аммо икковларининг аҳдлашувида “Агар қарзни сенга бермаса ёки бирор ноумидлик бўлса пулингни қайтариб бераман”-деган келишув бўлса, бу қарзни сотиш ҳисобланмайди. Балки қарзни олишни учинчи шахсга ҳавола қилиш бўлади. Бунинг ҳукми инша Аллоҳ қуйида келади. 
4. Ғарарнинг тўртинчи сурати шуки, олди берди қилаётганларнинг ҳар иккисига тегадиган эваз аниқ бўлмайди. Буни “Қарзни қарз эвазига сотиш” яъни, бир қарзни бошқа қарз эвазига сотиш дейилади. Масалан, Зайднинг Холиддан оладиган қарзи бор. Амирнинг эса, Ҳамиддан оладиган қарзи бор. Шунда Зайд Амирга  “Холиддан оладиган қарзимни Ҳамиддан оладиган қарзинг эвазига сотаман”-дейди. Бу савдода икковлари ҳам ўша қарзларни ундира оладиларми ёки йўқми ва бир бирлари билан савдолашган ўша эвазларини бир бирларидан ундира оладиларми ёки йўқми бу номаълум. Шунинг учун ҳам бундай олди берди қилишлари жоиз эмас. 
Ғарарнинг юқорида зикр қилинган бирор кўриниши бирор тижорий олди бердида топилса, ўша олди бердилари жоиз бўлмайди. Қуйида келадиган турли муомалаларда ғарарнинг кўринишлари зикр қилинади.

Рибо нима?

Рибо луғатда “кўпаймоқ, зиёда бўлмоқ” маъноларини билдиради. Исломий фиқҳда “рибо” икки ҳил муомалада бўлади. Бири қарз олди бердисида ва иккинчиси савдода. 
1. Қарз олди бердисидаги “рибо”дан мурод бирор кишига шундай шарт билан қарз бериладики, олган киши ўша қарзни асл миқдоридан зиёда қиймат билан қайтаради. Қарз бериш вақтида келишилган зиёда миқдор рибо бўлиб, ўзбек тилида “фоиз” рус тилида “пеня” урду тилида “суд” дейилади. Исломдан аввалги жоҳилият замонасида қарз бериш кўринишидаги рибо жуда ривожланган бўлиб, Қуръонда уни катта гуноҳ эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳам уни “Рибал Қуръон”, яъни Қуръонда зикр қилинган рибо ёки “Рибаал жоҳилия”, яъни жоҳилият замонасидаги рибо дейдилар. 
2. Рибонинг савдодаги тури ҳамжинс бўлган нарсаларни ўзаро олди берди қилганда бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом олти хил нарсани ҳамжинс ҳолатида ўзаро алмаштиришда бир томоннинг кўпроқ олишини ёки насия қилишини рибо эканлигини айтиб бундан қайтарганлар.

 عَنْ مَالِكِ بْنِ أَوْسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ  قَالَ: الْتَمَسْتُ صَرْفًا بِمِائَةِ دِينَارٍ، فَدَعَانِي طَلْحَةُ بْنُ عُبَيْدِ اللهِ فَتَرَاضوْنَا حَتَّى اصْطَرَفَ مِنِّي، فَأَخَذَ الذَّهَبَ يُقَلِّبُهَا فِي يَدِهِ، ثُمَّ قَالَ: حَتَّى يَأْتِيَ خَازِنِي مِنَ الْغَابَةِ وَعُمَرُ يَسْمَعُ، فَقَالَ: وَاللهِ لَا تُفَارِقُهُ حَتَّى تَأْخُذَ مِنْهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. 

Молик ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  
«Юз динорни сарф қилмоқчи – алмаштирмоқчи бўлдим. Бас, мени Толҳа ибн Убайдуллоҳ чақирди. Икковимиз келишдик ва у менга алмаштириб берадиган бўлди. Тиллани олиб, қўлида айлантириб туриб, «Хазиначим ўрмондан келсин», деди. Буни эшитиб турган Умар:  
«Аллоҳга қасамки, ундан олгунингча ажрамай тур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  
«Тиллага тилла (алмаштириш) рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно. Буғдойга буғдой рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно. Арпага арпа рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно. Хурмога хурмо рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно», деганлар», деди».  
Бешовлари ривоят қилганлар. 
Мазкур олти ҳил нарса қуйидагилардан иборат: 1.Буғдой. 2. Арпа. 3. Туз. 4. Хурмо. 5. Олтин. 6. Кумуш. 
Шунинг учун ҳам буғдойни буғдой эвазига сотишда иккала томонники баробар бўлиши лозим. Масалан бир кило буғдой эвазига бир кило буғдойни сотса жоиз. Аммо бир кило буғдой эвазига икки кило буғдойни сотса жоиз бўлмайди. Чунки, бир килодан ортиғи рибо ҳисобланади. Қолган бешта нарсанинг ҳукми ҳам шундай бўлади. Савдодаги ушбу рибони “Рибаал фазл” яъни ортиқча фойиз эвазига сотиш дейилади. 
Савдодаги рибонинг иккинчи сурати шуки, унда мазкур олтита нарсалардан бирини бошқа жинсдаги эвазига сотилганда бир томон насия қилинади. Масалан буғдойни арпа эвазига ёки тиллани кумуш эвазига яъни, бир кило буғдой эвазига икки кило арпа ёки бир динор эвазига ўн дирҳам сотилса, бу жоиз. Аммо насия қилинса, жоиз бўлмайди. Яъни савда нақдма-нақд бўлиши лозим. Агар бир кило буғдойни икки кило арпага насияга сотилса, рибонинг бир шакли бўлади. Буни “Рибан насия” яъни насия фойиз эвазига сотиш дейилади. 
“Рибал фазл” ёки “Рибан насия” нинг юқорида зикр қилинган суратларини “Рибаал ҳадис” яъни ҳадисда зикр қилинган рибо ҳам дейилади. Чунки, бундай кўринишдаги рибонинг ҳаромлиги ҳадис воситасида маълум бўлган.   
“Рибал фазл” ёки “Рибан насия” нинг юқоридаги зикр қилинган суратларини ҳаром бўлишини ҳикмати шуки, унда “Рибал қарз” яъни қарз бериш кўрнишидаги рибони эшикларини ёпишдир. Чунки, бу суратдаги олди бердилари қарз рибосига олиб боради. 
Бу икки суратдаги олди берди қандай қилиб “ қарз рибоси” га олиб бориши мумкин? 
Буни билиш учун олдинги замондаги кишиларнинг ҳолатларига эътибор қилиш лозим. Олдинги замонда одамлар рупия ёки мутлоқ қоғоз пул ўрнига тилла ва кумушлар билан тижорат қилганлар. Ундан ҳам олдинроқ замонда эса бартер, яъни турли ҳил нарсаларни бошма-бош алмаштириш йўли билан тижорат қилганлар. Қачонки Қуръони Каримда рибони ҳаром эканлиги баён қилинганда кишилар “Бундан мурод фақат қарз бериш кўринишидаги муомалада ортиқча фойизни олиш ҳаром” яъни, бир киши бошқа кишига юз динор тилла қарз бериб, берган динорини ўзини олса жоиз бўлади. Аммо, устига ўн динор қўшиб олса рибо ҳисобланади, деб тушунганлар. Бу билан бирор киши ҳийла қилиб қарз бериш ўрнига “Ушбу юз динорни сенга бир юз ўн динор эвазига насияга сотдим”-деса ёки юз динорнинг нархи минг дирҳамга баробар бўлиб “Нақд юз динорни бир минг икки юз дирҳамга насияга сотдим”-деса жоиз бўлади дейишлари мумкин эди. Бундаги фарқ қарз бериш ва сотиш сўздагина ифодаланиб амалиёт битта, яъни устига устама олиш мақсад қилинган бўлади. Шунинг учун шариъат бу икки суратдаги олди-бердини судхўрликка восита бўлгани учун уларни жоиз эмас, деб баён қилган. 
Шунингдек тилла ва кумушдан ташқари қолган тўртта нарса, яъни буғдой, арпа, туз ва хурмолар борасида ҳам шу ҳукм жорий қилинган. Буларнинг бир ҳил жинслиларини олди берди қилганда, ортиқчаси ва бирини бошқа жинслисига олди берди қилганда эса, насияси жоиз эмас. Чунки, кишилар зарурат сабабли тилла ва кумушдан ташқари бошқа нарсаларни ҳам бартер кўринишида ўзаро олди берди қилганлар. Одамлар юқоридаги тилла ва кумушни мисоли каби қолган тўрт нарсада ҳам ҳийла қилмасликлари учун шариъат унинг жоиз эмаслигини баён қилган. 
Одамлар тилла ва кумушдан ташқари мазкур тўртта нарсанинг бир ҳил жинслиларини ўзаро олди-берди қилганларида ақлан жоиз санаб масалан “Бир кило олий навли хурмони икки кило паст навли хурмога алмаштирса бўлади. Бу суратда паст навли хурмонинг қўшимча бир килоси олий навнинг нави олийлигига эваздир”-дейишлари мумкин. Бундай қилишлари мумкин эмас. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом мазкур нарсаларни олди-берди қилишда сифати эътибор қилинмаслигини айтиб ўтганлар. Яъни, тилла ва кумуш бўлган динор ва дирҳамнинг янги ёки эскилиги эътибор қилинмаганидек, қолган тўртта нарсани ҳам ўзаро олди-берди қилинганда уларнинг сифатлари эътибор қилинмайди. Шунинг учун ҳам бир ҳил жинслиларни олди-берди қилганда баробарлик талаб қилинади. Бошқа бошқа жинсли нарсаларни олди-берди қилганда эса, ортиқчасини олиш жоиз аммо, насия қилиш жоиз эмас. Масалан, бир кило буғдойни икки кило арпа эвазига ёки ўн динорни юз дирҳам эвазига нақдма-нақд олди-берди қилиш жоиз аммо насия қилинса жоиз бўлмайди. 
Шу ўринда бир неча савол пайдо бўлади. Рибол фазлнинг ҳукми фақат мазкур олтита нарсага хосми? Ёки ундан бошқа нарсаларга ҳам ўша ҳукм жорий бўладими? Масалан гуручни гуруч эвазига алмаштирилганда ҳам ортиқчаси ва насияси ножоизми? Агар бу каби бошқа турли нарсаларга ҳам шу ҳукм жорий бўлса, бу борада қандай меёр бор? 
Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимоларнинг наздида килолаб ёки литрлаб сотиладиган нарсалар мазкур ҳукм остида бўлади. Шунинг учун ҳам ададий, яъни доналаб ёки метрлаб сотиладиган нарсалар бу ҳукмда бўлмайди. Масалан, гуруч каби килолаб сотиладиган нарсалар шу ҳукмда бўлади. Китоб каби доналаб сотладиган нарсалар эса, бу ҳукмда бўлмайди. 
 Демак, “рибол фазл” ёки “рибон насия” ҳукми жорий бўладиган нарсаларни фиқҳий истилоҳда “амволу рибовий” яъни, ўзаро олди-берди қилинганда ортиқча ёки насия қилинса, рибога таалуқли бўлиб қоладиган мол, дейилади.

 Байи сарф 
(Пулни пулга алмаштириш савдоси)

Тилла ёки кумушни тилла ёки кумуш эвазига сотилса, уни “байи сарф” яъни пулни пул эвазига сотиш дейилади. Бу уч хил кўринишда бўлади. 
1. Тиллани тилла эвазига сотиш. Бу суратни жоиз бўлиши учун икки тарафнинг тиллалари бир хил вазнда бўлиши лозим. Агар бирор томоннинг тилласи кўп ёки кам бўлса, рибо бўлиб жоиз бўлмайди. 
2. Кумушни кумуш эвазига сотиш. Бу суратни жоиз бўлиши учун икки тарафнинг кумушлари бир хил вазнда бўлиши лозим. Агар бирор томоннинг кумуши кўп ёки кам бўлса, рибо бўлиб жоиз бўлмайди. 
3. Тиллани кумуш эвазига сотиш. Бу суратда бири кам ва иккинчиси кўп бўлиши мумкин. Масалан, бир гирам тиллани ўн гирам кумуш эвазига сотиш жоиз. Аммо, ушбу учала суратда иккита амал зарур. 
Биринчи, қилинадиган савдо насия бўлмасдан нақд ҳолатда амалга оширилиши лозим. 
Иккинчи, иккала томон ҳам ўша савдолашган жойларида келишилган нарсаларини қўлга олишлари лозим. Масалан, Зайд ўзининг бир гирам тилласини Холиднинг ўн гирам кумуши эвазига сотади ва шу савдолашган жойларида икковлари ҳам ўзлари харид қилган нарсаларини қўлга оладилар. Агар икковлари ҳам савдоларини насия қилса ёки насия қилмасдан бир томон харид қилган нарсасини қўлга олмасдан “Кейинроқ бирор вақт оламан” деса, жоиз бўлмайди ва рибо ҳукмида бўлади. 
Бу ҳукм тилла ва кумушнинг ҳом ашё ҳолатига ҳам  бирор нарса ясалган ҳолатига ҳам тегишлидир. Шунинг учун ҳам тилла тақинчоқни тилла тақинчоқ эвазига алмаштирилганда иккисининг вазни баробар бўлиши зарур. Акс ҳолда рибо бўлади. Яна иккала томон ҳам ўша мажлисларида харид қилган тақинчоқларини қўлга олишлари лозим. Кумуш тақинчоқларни алмаштириш савдоси ҳам шу ҳукмда бўлади. 
Олдинги замонда тангалар ҳам тилла ва кумушдан бўлган. Тилла тангаларни “динор” ва кумуш тангаларни “дирҳам” деб аталган. Уларни ўзаро алмаштириш ҳам пулни пулга алмаштириш савдосига кириб, юқоридаги мазкур барча ҳукм буларга ҳам тегишли бўлган. Яъни дирҳамни дирҳамга ёки динорни динорга алмаштирилганда бир тарафни зиёда ва иккинчи тарафни кам бўлиши жоиз бўлмайди. Масалан, ўн дирҳамни ўн икки дирҳамга алмаштирилса қўшимча икки дирҳам рибо бўлади. Чунки, бу суратда “рибол фазл”нинг “эвазсиз фойиз” деган таърифи топиляпди. Яъни ўн дирҳам ўн дирҳамнинг эвазига қўшимча икки дирҳам эса эвазсиз бўлиб қўлга киритилди. Шу ўринда бирор киши “Бу қўшимча икки дирҳам биринчи берилган дирҳамнинг сифатини эвазидир”-дейиши мумкин эмас. Чунки, тангаларнинг эскиси билан янгисини қиймати бир ҳил бўлиб сифати эътибор қилинмайди. Бу гап “рибол фазл”нинг баёнида “Бошқа рибовий моларни ҳам ўзаро алмаштиришда шаръан сифат эътибор қилинмайди”-деб ўтди. Шунинг учун ҳам мазкур суратдаги қўшимча икки дирҳам бирор эвази бўлмагани учун рибо бўлиб жоиз бўлмайди. Дирҳамни динорга алмаштирилганда ортиқча олиниши жоиз. Аммо насияси жоиз эмас. Яъни 20 дирҳамни 10 динор эвазига сотилганда нақдма-нақд жоиз, насияси жоиз эмас. Динорни динор ёки дирҳамга сотиш суратларида иккала томон ҳам харид қилган нарсаларини савдолашган жойда қўлга киритишлари шарт. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом тилла ва кумуш тангалар борасида шу ҳукмни айтганлар.

Қоғоз пуллар тижоратининг ҳукми

Хозирги кунимизда тилла ва кумуш тангалар билан олди-берди қилиш муомаладан чиқиб кетган. Шу ўринда савол пайдо бўлади “Хозирги кунимиздаги қоғоз пулларнинг тижоратини ҳукми қандай бўлади? Улар тилла ёки кумуш бўлмасалар ҳам ўзаро олди-сотди қилинса саррофликка кирадими?   
Бунга жавоб шуки, олдинги даврда қоғоз пулларнинг ўрнига тилладан ясалган динор ва кумушдан ясалган дирҳамлар билан тижорат қилинган. Дирҳам ва динор ўша замонда айрибошлаш воситаси бўлган. Хозирги даврда буларнинг ўрнини қоғоз пуллар эгаллаган, аммо бу қоғоз пулларнинг ортида уларни қувватловчи тилла ёки кумуш мавжуд эмас. Олдинги вақтларда чиқарилган пулларнинг ортида эса, ўша пулнинг миқдорида тилла ёки кумуш давлат хазинасида мавжуд бўлган. Масалан юз сўм чиқарилса, унинг қийматига баробар тилла ёки кумуш давлат хазинасида бор бўлган. Шунинг учун ҳам хозирги замон фуқаҳолари қоғоз пуллар борасида икки ҳил фикр билдирганлар. 
 Биринчи араб мамлакатларининг уламоларини фикри. Улар “Хозирги даврда қоғоз пуллар олдинги даврдаги динор ва дирҳамларни ўрнини тўлиқ эгаллаб, улар каби тўлиқ тижорат воситаларини ёки айрибошлаш воситаларини шаклига кириб бўлган. Шунинг учун ҳам тилла ва кумуш билан қилинган тижоратларга тегишли ҳукмлар булар билан қилинган тижоратларга ҳам тегишли бўлади. Демак, қоғоз пулларни ҳам ўзаро алмаштириш байи сарф дейилади”-дейдилар. Арабларнинг кўпгина олимлари “Қоғоз пуллар тилла ва кумушнинг ўрнида бўла олади”-деган қарорга келиб “Қоғоз пулларни ўзаро алмаштириш сарф савдоси ҳукмида бўлади”-деганлар. Шунинг учун ҳам бир мамлакатнинг қоғоз пулларини ўзаро алмаштирилганда ортиқча олиш ёки насия қилиш ножоиз. Турли мамлакатларнинг қоғоз пулларини ўзаро алмаштирилганда ортиқчаси жоиз аммо, насия қилиш жоиз эмас ва савдолашилган мажлисда динор ва дирҳамни қўлга киритиш шарт бўлганидек қоғоз пулларни ҳам қўлга киритишлари шарт. 
Иккинчи: Ҳиндистон ва Покистон уламоларининг катта бир жамоаларининг фикри. Уларнинг орасида муҳтарам падари бузругворим Мавлоно Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ҳам борлар. Улар “Хозирги замондаги қоғоз пуллар олдинги замондаги металдан ясалган тангалар кабидир. Уларнинг қадр-қиймати тижоратнинг ривожи ёки ҳукуматнинг муҳри ва чиқарган қарорига кўра таъйин бўлади. Аммо ўша танга ўзининг устидаги ёзилган ёки печатланган қиймат баробарида бўлмайди”-дейдилар. Демак, хозирги замон қоғоз пуллари олдинги замондаги метал тангалар каби бўлади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи метал тангаларни ҳукмини “Бир жинсли тангаларни алмаштирилганда зиёда ва кам ёки насия қилиш жоиз эмас. Аммо тангалар бошқа-бошқа жинсли бўлса, зиёда ва кам ёки насия қилинса жоиз”-деб баён қилган. 
Хозирги қоғоз пуллар битта мамлакатники бўлиб, уни ўзаро алмаштирилса, зиёда ва кам ёки насия қилиш жоиз бўлмайди. Аммо иккита мамлакатнинг қоғоз пулларини алмаштирилиб, ҳеч бўлмаганда бир тараф келишилган нарсани қўлга киритса, зиёда ва кам қилиш жоиз ва келишув бозордаги бугунги нарх асосида бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам Покистон рупиясини Покистон рупиясига алмаштирилганда бир ҳил миқдорда бўлиши лозим. Бирор томон ортиқча олса, рибо бўлади. Ушбу суратда шу савдо мажлисларида иккала томон ҳам ўз эвазларини қўлга киритишлари ҳам лозим. 
Ўзбекистон сўмини Америка долларига алмаштирилса, бир тараф зиёда ва иккинчи тараф кам олиши жоиз. Шунингдек бир тарафнинг насияси ҳам жоиз.  Масалан бир киши “доллар ёки сўмни бирини қўлга олиб эвазини уйдан олиб бераман” деса жоиз. Аммо келишув  ўша вақтдаги бозор нархига кўра бўлиши шарт. Агар кечки вақтдаги нархга кўра оласиз деса жоиз эмас. Акс ҳолда яъни “ҳозир сўмни олиб тураверинг эртага ёки фалон куни  ўша кундаги нархда дўллар берасиз” дейиш жоиз эмас. Шунингдек “ҳозир бозор нархи саккиз минг сўм бўлган бу дўлларни олинг фалон куни ўн минг сўм қилиб берасиз” дейиш ҳам жоиз эмас.  

Ижара боби

Бирор нарсани ижарага бериш яъни, бир шахс ўз нарсасини бошқа бир шахсга маълум бир ҳақ эвазига фойдаланиши учун  беришини “Ижара” дейилади ва яна бирор ҳақ эвазига ишлаб беришни таклиф қилишни ҳам “Ижара” дейилади. Биринчи қисмни, яъни бирор нарсани ижарага беришни фиқҳий истилоҳда “Ижаротул аъён” яъни муайян нарсаларни ижарага бериш дейилади. Буни урду тилида “Кироядори” (Leasing, Tenancy) дейилади. Иккинчи қисмни, яъни хизматни сотишни эса “Ижаротул ашхос” яъни шахсларни ижарага бериш дейилади. Буни урду тилида “Мулозамат ёки Маздури” (Services contract or employment) дейилади.

Ижарада ишлатиладиган терминларнинг шарҳи

Ижарада қуйидаги терминлар ишлатилади: 
1. Мужир. Ижарага беруви шахс. Бу сотувчи каби ҳисобланади. 
2. Мустажир (Lessee). Ижарага олувчи шахс. Бу харидор каби ҳисобланади. 
3. Мустажар (Leased asset). Ижарага олинадиган нарса. 
4. Ожир. Ҳақ эвазига ишга ёлловчи шахс. Бу харидор каби ҳисобланади. 
5. Ажиир (Hired, Servant). Иш ҳаққи олиб ишловчи шахс (хизматкор, мардикор). 
6. Маъқуду алайҳ. Ижара битими тузиладиган фойдалар ёки хизматлар. Масалан; ижарага олинган уйда “туриш” ёки мардикорнинг “иши”. 
7. Ужрат (Wages, fare, fee). Иш ҳаққи, маош ёки ҳаммоллик ҳаққи. Бу “Саман” яъни икки томон ўзаро келишган нарх каби ҳисобланади. 
8. Ужрат мисл ёки ажру мисл. Бирор нарсадан фойдалангани ёки бирор кишини ишлатгани учун одатда бозорларда бериладиган ҳақ. Масалан; бир кишини нарсасидан ёки ишидан фойдаланиб бўлгач ҳақни беришда келишмовчилик бўлганда ҳудди шу каби ишга бозорда тўланадиган ҳақ ари мисл дейилади.  

Ижара ва савдо орасидаги фарқ

 Ижара битими савдо каби бўлади. Фарқи шуки, савдода бирор нарса сотилади, ижарада эса нарсанинг ўзи эмас, балки фойдаси ёки бирор кишининг меҳнати сотилади. Ижара савдога ўхшагани учун унинг ҳукмлари савдонинг ҳукми кам бўлади. Масалан, савдо бобида баён қилинган ийжоб-қабул, келишув ўрни, савдонинг тўғри бўлиши ёки амалга ошиши ва бошқа нарсалар каби шартлар ижарада ҳам бўлади. Аммо қуйидаги ҳолатларда фарқ қилади. 
1. Ижарада нарсанинг ўзига эмас унинг фойидасига битм тузилади. Шунинг учун ҳам ижара тўғри бўлиши учун ижара битими тузилаётган вақтда келишилаётган манфаъат мавжуд бўлиш лозим. Масалан; бир уй ижарага берилса, ўша уй мавжуд ва ижарага берувчи уни ижарага олувчига топширишга қодир ҳамда манфаъат ҳам таъйин қилинган бўлсин. Агар бир уй ижарага берилса, уйнинг қаердалиги маълум қилиниши ва қанча муддат фойдаланишни келишилиши лозим. 
2. Савдода сотувчи ўз нарсасини бир маротаба сотиш билан ундан фориғ бўлади. Аммо, ижарага берилган нарсанинг барча манфаъатларини ижарага олувчи бир олишда қўлга кирита олмайди. Балки вақт ўтиши билан ундан фойидаланиб боради. Шунинг учун ҳам ижарадаги манфаъат мустақил равишда вуждга келиб боради. 
3. Савдода сотувчи ўз нарсасини сотса ва харидор уни қўлга киритса, сўнг сотилган нарсада бирор айб ёки нуқсон пайдо бўлса, сотувчи унга жавобгар бўлмайди. Аммо, ижарада ижарага берилган нарсани ижарага олувчи қўлга киритганидан кейин унинг ошиқча ҳаракатисиз унда бирор айб пайдо бўлса, ижара битимини бузиши мумкин. 
4. Савдода сотилган нарса харидорнинг мулкига айланади. Аммо, ижарада ижарага олувчи ижарага олинган нарсани фақат баъзи манфаъатларигагина эга бўлади. 
5. Савдода битм келгусида бирор числога боғлиқ бўлмасдан келишилган ондаёқ амалга оширилиши зарур. Аммо, ижара битимини келгусидаги бирор числога боғлиқ қилиш мумкин. Масалан; ижарачи ижарага олувчига “Мен сизга ўз уйимни келгуси ойнинг ўнинчисидан бошлаб ижарага бердим” деса, тўғри бўлаверади ва шу сўзи билан ижара битими ҳам кучга киради. Ушбу келишилган числодан аввал икки тарафдан бирор бири ижара битимини бузиши мумкин эмас. Ижара тўлови ва уйни топшириш келишилган числодан амалга оширилади. 
6. Сув, буғдой, пуллар, ёқилғилар ва шу каби ўзи сарф қилинадиган нарсаларни ижарага бериб бўлмайди.

Ижарага тегишли баъзи ҳукмлар

1. Ижара битими вақтида фойдаси мавжуд бўлмаган нарсани гарчи фойдаси кейинчалик пайдо бўлса ҳам ижарага бериш мумкин эмас. Масалан, ҳайвонларнинг жуда кичик боласи. Унинг фойдаси келгусида пайдо бўлса ҳам хозирча у билан бирор иш қилиш имкони бўлмагани учун уни ижарага бериб бўлмайди.   
2. Ижарачи ёки ишга ёлловчи ижарага олувчи ёки хизматчини ножоиз ишга буюриши мумкин эмас. Агар ижарага олувчи ёки хизматчи бирор ножоиз иш қилаётган бўлса, уни тўхтатиши лозим. 
3. Ижарадаги тўловда муомаладаги пул ўрнига бирор нарса ёки хизматни тўлов сифатида келишиш мумкин. Масалан, бир уй ижарага олинса, одатда уни тўлови пул бирликлари билан амалга оширилади. Агар ижарага олувчи ижара ҳаққи ўрнига уй эгасига ўз мошинасини маълум бир муддатга ижара ҳаққи сифатида берса жоиз. Албатта нимани ижарага олинаётган бўлса унинг мислини ижара ҳаққи сифатида бериши жоиз эмас. Масалан, мен сени уйингни ижарага оламан эвазига сен мени уйимни ижарага оласан. Агар шундай келишилган бўлса ҳар бири бошқасига ажри мисл бериши лозим. Яъни икковлари ҳам уйларини одатда қанчага ижарага берсалар ўша миқдорни бир бирларига тўлайдилар. 
11. Ижара битими тузилганидан кейин бир тараф битимни ўзича бекор қила олмайди. Ижарани бузишга бирор узр топилса бекор қилиши мумкин. Масалан келишилган амалга ошмай қолса, яъни тўйга нон ёпишга ижарага олинган бўлиб тўй тўхтатилса. 
12. Юқорида зикр қилинганидек ижара битими уй, мошина каби нарсалардан фойдаланиш учун бўлади уни “ижаротул аъён” дейилади ёки “шахсларнинг хизматидан фойдаланишга бўлади уни “ижаротул ашхос” яъни шахсларни ижарага олиш, дейилади. Иккала суратда ҳам манфаъат ёки хизматга ижара тузилган бўлади. 13. Ўша манфаъат ёки хизматни таъйин қилиб олиш шарт. Уларни турларини ҳам таъйин қилиб олиш шарт. Уларнинг эвазига тўланадиган ҳақларни ҳам таъйин қилиш шарт. “Ишни қилавер! рози қиламан” ёки “Фойдаланиб турай охирида рози қиламан!” дейиш жоиз эмас. Бирор нарсадан фойдаланганлигини манфаъати муддат билан белгиланади. Масалан уйдан фойдаланишни бир йил билан белгилаш мумкин. Хизматни таъйин қилиш эса ишни баён қилиш билан бўлади. Масалан тикувчига “шу кийимни тикиб берасан” ёки ҳаммолга “фалонча юкни фалон жойга олиб борасан”-дейиш билан таъйин топади. 
14. Савдодаги каби ижарада ҳам кўриб танлаш, айби чиқиб қолса қайтариб бериш ва ёқтирса олиб ёқтирмаса қайтариб беришларни шарт қилиш жоиз.

Иш ҳаққи олиб ишловчининг турлари

Иш ҳаққи олиб ишловчилар икки турли бўлади 
1. Умумий ишчи 
2. Хос ишчи

Умумий ишчи

Умумий ишчи деганда бирор кишига хос бўлмаган, балки турли кишиларнинг хизматини қилаверадиган киши тушунилади. Масалан: тикувчи, даллол, буюртма асосида ишловчи, вакил, текширувчи ва ҳоказолар тушунилади.

Умумий ишчи борасидаги ҳукмлар

1. Бундай ишчининг оладиган ҳаққи ишига қараб бўлади. Ишини тугатгач ҳаққи тўланади. Агар ҳаққини олдиндан олиб келишилган ишни бажармаган бўлса, ишга ёллаган киши пулини қайтариб олади. 
2. Ишчи ишга ёлловчига бирор махсус вақтини ажратиши мажбурий эмас. Балки, ишчи уни хизматини ўзига қулай вақтда бажариши мумкин. Агар бирор маълум муддатда тайёрлаб беришни ваъда қилган бўлса, ўша муддатга тайёрлаб бериши лозим. 
3. Бундай ишчига ишлаши учун бирор нарса берилса, ўша нарсани сақлаш унинг зиммасида бўлади. Агар у нарсага зарар етса, мазкур ишчи тўлаб бериши вожиб бўлади.

Хос ишчи

Хос ишчи деганда, ҳар доим ёки маълум бир вақтда бир шахснинг ёки бир жамоанинг ишинигина қиладиган киши тушунилади. Агар доимий равишда ишчи бўлса, уни мулозим яъни “ходим” дейилади. Агар доимий тарзда ишламаса, хос ишчи дейилади. Масалан, кунлик ҳақ эвазига ишлайдиган мардикор ёки кимнингдир шахсий ишчиси тушунилади.

Хос ишчи борасидаги ҳукмлар

1. Хос ишчи ишга ёлловчининг айтган жойида ва айтган вақтида ишда бўлиши лозим. Шунда келишилган ишни тугатиши ила иш ҳаққига ҳақдор бўлади. Ушбу суратда ишчи келишилган вақт ичида кўп ёки кам ишлашининг эътибори йўқ. Масалан, ўқитувчи келишилган вақтда келишилган жойга келсаю, ўқувчилар келмаса, уни ишга ёллаган киши унинг ҳаққини бераверади. Аммо, келишилган ишни бажармаса, иш ҳаққига эга бўла олмайди. 
2. Хос ишчи ишга ёлловчи билан келишилган вақт ичида,  гарчи шундай ишига кўпроқ ҳақ тўланса ҳам бошқа кишини хизматини қилиши мумкин эмас.  
3. Хос ишчига ишлаши учун бирор нарса топширилса ва у қоидага мувофиқ уни асрашликда бирор камчиликка йўл қўймаган ҳолда унга бирор зарар етса, жавобгар бўлмайди. 
4. Бирор хизматга таъйин қилинган хос ишчи келишилган вақтда ишда бўлиши ва топширилган ишни бажариши лозим.

Ижарага бериладиган нарсаларнинг ҳукумлари

1. Ижарага бериладиган нарсалар ҳам икки ҳил бўлади. 
А. Хос тарзда ижарага бериладиган нарсалар. 
Б. Умумий тарзда ижарага бериладиган нарсалар. 
Хос тарзда ижарага бериладиган нарсадан фақат ижарага олувчининг ўзигина фойидаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Масалан; ёлғиз бир киши бир таксини бутунлай ёки бир уйни бутунлай ёки бирор меҳмонхонани бир хонасини ижарага олса, булардан фақат ўша шахснинг ўзигина фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар ўша шахс ижарага олган нарсасини келгусида бирор кишига ижарага беришни ҳоҳласа, асл эганинг ёки ижарага берувчининг рухсатини  олиши лозим. Шунингдек, ижарачи ҳам унга бирор кишини шерик қилишни ҳоҳласа, унинг рухсатини олиши лозим. Масалан; таксини ёлғиз бир киши бутунлай ижарага олса, хайдовчи унинг рухсатисиз яна бошқа кишини миндириши жоиз бўлмайди. 
Умумий тарзда ижарага бериладиган нарсаларни бир неча киши биргалашиб ёки алоҳида-алоҳида бўлиб ижарага олинади. Ундан ҳар бир киши ўзининг ҳиссасига мувофиқ фойда олиш ҳуқуқига эга бўлади. Масалан, мусофирхона ёки поезд ёки автобус ёки ваҳоказоларни ижарага олиш мумкин. Агар мазкур нарсалардан бирор жой буюртма асосида ижарага берилмаган бўлса, ижарага берувчи ўша жойни ҳоҳлаган кишисига бирор нарса эвазига бериши ва яна бошқаларни ҳам унга шерик қилиши мумкин. Мазкур нарсалардаги бирор жойни аввалдан ижарага олган киши бошқаларни фойдаланишига тўсқинлик қилиши мумкин эмас. Масалан; автобусдаги бир йўловчи бошқа йўловчиларни ўша автобусдан фойдаланишига тўсқинлик қилиши мумкин эмас. Аммо мазкур нарсаларда ундан фойдаланувчиларга зарар етадиган ёки тўлиқ фойдаланишларига тўсиқ бўладиган даражада уларга бошқаларни шерик қилиш мумкин эмас. Масалан; автобус ва бошқа уловларга урф ва қонунга хилоф тарзда йўловиларни ортиқча миндириш мумкин эмас. 
2. Ижарага берилган нарсалар ижарага олувчи учун омонат ҳисобланади. Агар ижарага олувчи ижарага олган нарсасини қасдан  ҳалок қилса ёки ундан урфга ва одатга хилоф равишда фойдаланса ёки ижара келишувига хилоф тарзда фойдаланса, жавобгар бўлади.  
3. Ижарага бериладиган нарсалар истемоли жоиз бўлган нарсалар бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам шариъатда истемоли жоиз бўлмаган нарсаларни ижарага бериш ҳам жоиз бўлмайди. Масалан, мусиқа асбобларини куй чалиш учун ижарага бериш жоиз эмас. Аммо радио ва овоз ёзиб олиш асбоблари каби ишлатилиши жоиз бўлган нарсаларни ижарага бериш жоиз.

Ижара ҳаққига ҳақдорлик

Ижарачи ижара битимини тузиши билан ижара ҳаққига эга бўлиб қолмайди балки, қуйидаги уч ҳил ҳолатни бири билан ҳақдор бўлади. 
1. Ижара битими вақтида ижара ҳаққини олдиндан олиш шарти келишилган бўлса. 
2. Ижара ҳаққини ҳеч қандай шартсиз олдиндан берилган бўлса. 
Ушбу икки суратда келишилган ижара муддати тўлиқ бўлишидан олдин бирор сабаб билан ижара битими бекор қилинса, ижарачи қолган куннинг тўловини ижарага олувчига қайтариб бериши лозим. 
3. Ижарага олинган нарсадан фойда ҳосил бўлган ёки ижарада келишилган иш тўлиқ тугатилган бўлса ҳақдор бўлади. 
Бир уй ижарага олиниб қўлга киритилса, у ерда турилмаса ҳам ижара ҳаққини тўлаш лозим бўлаверади. 
Умумий ишчи масалан, тикувчи ёки кир ювувчи топширилган ишни битирмагунча иш ҳаққига ҳақдор бўла олмайди. 
Ижара битимининг аввалида ижара ҳаққи миқдори келишилмаса ва ижарага олинган нарсадан фойдаланилса, бошқа жойларда шунга ўхшаш нарсаларга қанча ижара ҳаққи берилса ўша миқдордаги ижара ҳаққини тўлаш лозим бўлади. 
Ижара ҳаққи, ижарага бериладиган нарсани ижарага олувчига топширганидан кейин лозим бўлади. Ижарачи бериладиган нарсани топширишидан олдин ижара ҳаққини талаб қилиши мумкин эмас. Аммо битим вақтида ижара ҳаққини олдиндан олишга келишилган бўлса, талаб қилиши мумкин. 
Ишчини амали билан тайёр бўладиган нарсанинг маълум бир қисмини ишчига иш ҳаққи қилиб таъйинлаш жоиз эмас. Масалан, ўн кило буғдойни ун қилдириш учун “Шу чиқариладган ундан бир ёки ярим килосини иш ҳақққинга оласан”-деган шарт билан иш ҳаққини таъйин қилиш жоиз эмас. Аммо, мазкур шартни ўрнига мутлоқ қилиб “Чиқарганинг эвазига бир ёки ярим кило ун оласан”-деб иш ҳаққини таъйин қилса ва қаердан бўлса ҳам шу келишилган миқдорни берса жоиз. Агар ишчини амали билан тайёр бўладиган нарсанинг маълум бир қисмини иш ҳаққи сифатида келишиб қўйилган бўлса, бошқа жойларда шунга ўхшаш ишларга қанча иш ҳаққи берилса ўша миқдордаги иш ҳаққини тўлаш вожиб бўлади. Масалан “мингта ғишт қуйсанг қуйган ғиштларингдан юзтасини ҳизмат ҳаққинга оласан”дейиш жоиз эмас. Аммо умумкий қилиб “мингта ғишт қуйсанг юзта ғишт оласан” деса жоиз. Бу ердаги фарқ “қуйган ғиштингдан” дейиш ва демасликда ҳалос. Умумий қилинганда қаердан бўлса ҳам юзта ғишт берса бўлди. Ҳоҳ ўзи қуйганиданми ҳоҳ бошқа жойданми фарқи йўқ. 
Шариъатда маст қилувчи ичимликлар ва тўнғиз каби қиймати бўлмаган нарсаларни иш ҳаққи қилиб белгилаш мумкин эмас.

Ижаранинг ножоиз турлари

Ижаранинг мумкин бўлмаган суратлари бор. Улар қуйидагилардир: 
1. Ижара битимини тузадиган томонлардан бирор бири битм тузишга аҳл бўлмаса. Масалан, улардан бири фойда ёки зарарни фарқламайдиган ёш бола ёки мажнун бўлса, тузган битмлари бекор ҳисобланади ҳамда ижара тўлови лозим бўлмайди. Агар ижарага вақфнинг ёки етимнинг ёки мажнуннинг моли берилган бўлса, тузган битмлари бекор ҳисобланади аммо, ижарага олувчи бошқа жойларда шунга ўхшаш нарсаларга қанча ижара ҳаққи тўланса ўша миқдордаги ижара ҳаққини тўлаши лозим бўлади. 
2. Шариъатда гуноҳ ҳисобланган масалан; мусиқа чалиб бериш, ўғирлик қилиш, буттарошлик қилиш, сураткашлик қилиш ҳамда ширк ва куфр ёки ҳаром иш учун бирор киши билан ижара битимини тузиш мумкин эмас. Ушбу суратларда мабодо ижара битими тузилган бўлса, ҳеч қандай тўлов лозим бўлмайди. Бундай ишлардан топилган нарса ҳаром ҳисобланиб, ундан сақланиш лозим. Бундай ишлар билан топилган нарсалар эгаларига қайтарилиши ёки садақа қилиниши вожиб бўлади. 
3. Ижара битими тўғри бўлиши учун юқорида зикр қилинган шартлар бўлиши лозим. Улардан бирортаси топилмаса, ижара битими жоиз бўлмайди. Ушбу суратда ижарага олувчи ижарага олган нарсасидан фойда олиб бўлган бўлса, ажри мисл, яъни бозорларда шунга ўхшаш нарса ёки иш учун қанча ижара ҳаққи тўланса ўша миқдордаги ижара ҳаққини тўлаши лозим бўлади. 
4. Бирор кишига фарз ёки вожиб бўлган масалан; Исломдаги фарзлар, ота-онага ёки раҳбарларга итоат қилиш каби яхши ишларга бирор киши билан ижара битимини тузиш мумкин эмас. Шунингдек, ўзгалар фойда олмайдиган балки фақат охират савоби умид қилинадиган масалан; тасбеҳ айтиш, Қуръон ўқиш, нафл намозлари каби яхши ишларга ҳам ижара битимини тузиш ножоиз бўлиб, бу ишлар учун ҳақ олиш мумкин бўлмайди. 
5. Ўзини ишлатмай туриб фойда олиб бўлмайдиган масалан; пуллар, таомлар каби нарсаларни ижарага бериб бўлмайди ва яна уларнинг эвазига ижара ҳаққи олиш ҳам ҳалол бўлмайди. Масалан, бир киши “Бир ойга сизга юз минг сўмни ўн минг сўм эвазига ижарага бердим”-деса келишган ижара битимлари ножоиз бўлиб, оладиган ўн минг сўм ижара ҳаққи ҳам ҳалол бўлмайди. Чунки бу суратда ижарага олинган нарсаларни қайтариб бериш имкони бўлмайди. 
6. Савдо қайси ҳолатлар билан фосид бўлса, ўша ҳолатлар билан ижара ҳам фосид бўлади. Фосид ижара суратида ижарага олувчи фойдаланган бўлса, ажри мисл, яъни шунга ўхшаш ҳолатда қанча ижара ҳаққи тўланса ўша миқдордаги ижара ҳаққини тўлаши лозим бўлади. Қуйидаги суратлар фосид ижара ҳисобланади: 
А. Ижара ҳаққи ёки фойдаланиш муддати ёки иш аниқ суратда келишилмаса фосид бўлади. Масалан; бир мошина ижарага олинсаю, қанча муддат фойдаланиши ёки қанча ижара ҳаққи тўланиши таъйин қилинмаса, ижаралари бекор ҳисобланади. Аммо, қайси жойларда  “Такси ҳаққи километирига фалонча сўм бўлади” - деб таъйин қилинган одат ривожланган  бўлса, тил билан йўл ҳаққини келишиш  шарт эмас. 
Б. Мусулмон кишига маст қилувчи ичимликларни ёки тўнғизни иш ҳаққи сифатида таъйин қилинса ҳам ижара битимлари бекор ҳисобланади. 
В. Ишчи ёки ходимга вақт ва ишни бирдек тайин қилинса ҳам фосид бўлад. Масалан; фалон вақт ичида фалонча иш қиласан, деса ижара битимлари бекор ҳисобланади. Аммо, вақт таъйин қилиниб маълум даражада иш шарт қилинмаса, балки одатга кўра “Шунча вақтда фалонча иш қилиниши лозим”-деса кейин ишчи ёки ходим бор вақтини сарфлаб ҳам ишни тугата олмаса, иш ҳаққи камайтирилмай берилади ва бу келишувлари жоиз бўлади. 
7. Ижарачи “ижарага олинган нарса ўз-ўзидан ишлатишга яроқсиз бўлиб қолса, уни тузатиб яна ишлатишга яроқли қилиш ижарага олувчининг зиммасига бўлади”-деб шарт қўйса ижара битими фосид бўлади.   
8. Келгусида жанжалга сабаб бўладиган шарт қўйилса ёки ижара битимига хилоф ўлароқ фақат ижарачига ёки ижарага олувчининг фойидаси кўзланган шарт қўйилса, ижара битимлари бекор ҳисобланади. Масалан; ижарачи ижарага олувчи қарз бериб туриш шартига кўра ижара битимини тузса, ижара битимлари бекор ҳисобланади.

Даллолик

Мубоҳ ишларга даллолик қилиш жоиз. Даллоллик учун иш ҳаққи таъйин қилиниши ва маълум бир ҳақ келишилса, тўланиши лозим бўлади. Агар даллол иш ҳаққини келишмасдан одатдагидек иш бажарса унга ажри мисл яъни, шунга ўхшаш иш учун бозорда қанча ҳақ тўланса ўша миқдордаги иш ҳаққига ҳақдор бўлади. Даллол гарчи кўп мехнат қилса ҳам ишни бажармаса иш ҳаққига ҳақдор бўла олмайди. Даллолдан келишилган ишни талаб қилиш мумкин.

Ижарани молиялаштириш услубида қўллаш

Шу нарсани ёдда тутиш лозимки, ижара аслида ўзгаларни молиялаштирадиган йўл эмас. Балки, бошқа битмлар каби оддий бир битм бўлиб, унда бирор нарса ёки шахснинг манфаати махсус тўлов эвазига берилади. Масалан, бир уйдан фойдаланиш учун ёки бир шахс хизмат қилиб бериши учун маълум бир муддатга маълум бир тўлов битимини тузилади. Ушбу келишлган муддат давомида ижарага олувчилар мазкур нарсаларнинг манфаатини махсус тўлов эвазига олган бўладилар. Аммо, хозирги даврда кўпгина молиялаштириш идоралари уни судхўрликнинг ўринбосари тарзида қўллаб уни “молиялаштириш ижараси” демоқдалар. Бу услуб одатий ижара битимидан фарқ қилади, яъни судхўрлик бўлади. Бундай услубдаги ижарага кўра қайсидир кампанияга бирор фойдали нарса масалан, станок ёки бошқа асбоб зарур бўлса, банкдан ёки бирор молиялаштириш идорасидан қарз олиб сотиб олиш ўрнига банк ёки молиялаштириш идорасига “Ушбу станокни сотиб олиб бизга ижарага беринг”-дейди ва улар уни сотиб олиб унга ижарага берадилар. Ушбу станок келишилган ижара муддати давомида банк ёки молиялаштириш идорасининг мулкида бўлади. Кампания эса, ижарага олувчи сифатида ундан фойдаланиб туради. Улар ушбу суратда маълум бир муддат учун ижара тўловини келишиш вақтида: “Беш йил муддат учун агар ўн милион миқдордаги маблағ қарзга берилса берган томонга қанча фоиз улуш тегади”-деган мулоҳазага эътибор қиладилар ва шунга қараб ижарага берадилар. Келишилган муддат ўтганда ижара шаклида берилган станокнинг қиймати келишилган фоизи билан тўланган бўлади. Шундан сўнг станок ўз-ўзидан кампаниянинг мулкига ўтади. Бу ҳолат ижара шартномаларида гоҳида ёзилган ёки ёзилмаган бўлади. Буни “мулк қилиб топшириш билан ниҳояланадиган ижара” ҳам дейилади. Уларнинг тутган ижаралари шу услубда бўлади. Умуман олганда банк ёки бирор молиялаштириш идораси қарз бериш ўрнига ижарага берсалар иккита қўшимча фойда оладилар.  
1. Ижарага бериш йўли билан баъзи вақтларда солиқ тўловидан сақланилади. 
2. Берилган қарзни ундириб олиш учун қарз беришдан кўра ижарага бериш ишончлироқ. Чунки, ижарада берилган нарса ижарачининг мулкида бўлиб, унинг устига ижарага берувчининг эгалигини аломати қўйилади. Агар фаразан ижарага олувчи келишилган маблағни тўламаса, ижарачига бирор зарар кўриш хавфи бўлмайди. Чунки, келишилган маблағни олгунга қадар станок унинг мулкида барқарор туради. Шунинг учун ҳам бундай кўринишдаги ижара битимлари шаръан мумкин эмас. 
Шу нарсани ёдда тутиш керакки, хозирги кундаги бу каби ижара номи билан қўлланаётган битмлар шаръий ижарадан фарқ қилади. Чунки, уларда шариъатга мувофиқ ижаранинг ҳақиқати топилмайди. Юқорида ижарага берилган нарса ижарага берувчининг мулкида ва жавобгарлигида бўлади, деб баён қилинди. Аммо хозирги даврда молиялаштириш ижарасида бунга амал қилинмайди ва ижарага берувчи ижарага берган станокларига жавобгар ҳам бўлмайди. Ҳатто тасоддифан станокларга талофат етса ҳам ижарага олувчи ижара тўловини тўлайверади. Бундай ижарачиликда “Мабодо ижарага олувчи ижара тўловини адо қила олмаса, ижарачи берган станогини сотиб ўз қарзини ундириб олиши мумкин”-деган нарсагина ижарачига тегишли бўлади. Шунинг учун ҳам бугунги кундаги ижаралар ҳақийқий ижара бўлмасдан асл мақсадлари фойизга қарз бериш бўлиб, улар солиқдан қутилиш ва бошқа нарсалар сабаблигина шу йўлни танламоқдалар. Аммо ижарага берувчи берилган станокка ҳақиқатда эга ва жавобгар бўлиб ижара битимини тузса, ижаралари жоиз ва яна ижара тўловини келишишда “ижарага берилаётган станокни қийматидан ташқари қўшимча фойда олинади” дейилса шаръан зарари йўқ. Аммо аҳдлашувда “ижара муддати тугаганидан сўнг станок ўз-ўзидан ижарага олувчининг мулки бўлади”-деб шарт қўйиш мумкин эмас. Чунки, бу суратда бир савдонинг устига иккинчи савдони амалга ошириш лозим бўлиб қолади. Яъни ижара битимига савдо битимини қўшиш бўлиб қолади. Бу суратда келишув вақтида бирор шарт қўйилмаса, келишилган муддат тугагандан кейин ижарага олувчи учун олинган станокка эгалик қилиш имкони бўлаверади. Бунинг учун банк ёки бирор молиялаштириш идорасидан ваъда олинса кифоя қилади. 
Бир ишни бажаришни бошқага топшириш ёки ўша ишни бажариш учун ўз ўрнига ўзгани тайинлашни вакил қилиш дейилади. Ишни топширган шахс “Муаккил” яъни вакил қилувчи,  иш топширилган шахс эса “Вакил” дейилади.  
Вакил қилиш ҳам ийжоб ва қабул билан амалга оширилади. Вакил қилишда “Ваколат” ёки “Вакил қилмоқ” лафзларини ишлатмасдан “Мен сизни ўз тарафимдан фалон ишни қилишга ижозат бераман” ёки шунга ўхшаш лафзларни ишлатса ҳам бўлади.

Ваколатнинг турлари

Вакил қилувчи томонидан вакилга ўтадиган ихтиёрлар эътиборидан ваколат қуйидаги турларга бўлинади. 
1. Ваколати омма. Яъни вакил қилувчи томонидан бирор шахсга бирор нарса борасида хар турли ишни қилишга ижозат берилган бўлади. Масалан; бир уй борасида вакилга тўлиқ ихтиёр берилади, ҳоҳласа у вакил ўша уйни сотади, ҳоҳласа гаровга қўяди, ҳоҳласа ижарага беради. 
2. Ваколати хосса. Яъни вакил қилувчи томонидан вакилга фақат муайян бир иш қилишга ижозат берилади. Масалан; бир кишини фақат уйни сотиб бериши учун вакил қилади. Бу суратда вакилга сотишдан бошқа бирор иш қилишига ижозат бўлмайди. 
3. Ваколати мутлоқ. Яъни бу суратда вакил қилувчи вакилга ҳеч қандай шартсиз бирор иш қилишни ижозатини беради ва вакиллик ихтиёри ҳосил бўлиши учун олдиндан бирор шартни топилиши зарур бўлмайди. Масалан; вакил қилувчи вакилга “менинг фалон уйимни сотиб бер” дейди. Бунда нақдга ёки насияга ёки кимга сотиши борасида ҳеч қандай чеклов бўлмайди.  
4. Ваколати муаллақ. Яъни бу суратда вакил қилувчи вакилга бирор шарт қўйган бўлади. Масалан; вакил қилувчи вакилга “Агар бу шаҳардан кўчиб кетсам уйимни сотиб берасан” дейиди. 
5. Ваколати муваққат. Яъни бу суратда вакил қилувчи вакилга маълум бир вақтгача бирор иш қилишни чекловини ёки ижозатини беради. Масалан; “Мени уйимни бир ой ичида сота олсанг сот” -дейиди. Бу суратда бир ой ичида сота олмаса, вакилнинг ваколати бекор бўлиб, уйни сотиш ихтиёри ҳам қолмайди.

Вакил қилишнинг шартлари

Бирор ишни бажариш учун ўзгани вакил қилган шахс ўзи ҳам ўша ишни бажаришга қодир бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам фойда-зарарни ажрата олмайдиган балоғатга етмаган ва мажнун шахс бирор кишини вакил қила олмайди. Аммо фойда-зарарни ажрата оладиган балоғатга етмаган шахслар совғаларни қабул қилиш каби фақат фойда бўладиган ишларга ўзгани вакил қилишлари мумкин. Фойда ва зарар бўлиши мумкин бўлган савдо каби ишларда эса, ўз яқинини рухсати билангина ўзгани вакил қилиши мумкин. 
Оқил ва фойда-зарарни ажратадиган шахслар вакил бўлишлари мумкин. Бунда балоғатга етган бўлиши шарт эмас. Агар фойда-зарарни ажрата оладиган бола вакил қилинса, барча ҳуқуқлар вакил қилувчининг ўзига тааллуқли бўлади. Булар барча муомала ва ҳолатларда вакил бўлишлари мумкин.

29.07.2017 йил

Ваколатнинг ҳукмлари

1. Вакил қуйидаги муомалаларда бажарилаётган ишларни нисбатини вакил қилувчига бериши зарур. Яъни вакил муаккил тарафидан бирор муомалани амалган ошираётганда очиқ ойдин “Мен бу муомалаларни ўзим учун эмас, балки фалончи томонидан амалга ошираяпман”-дейиши зарур. Агар ўша ишларни нисбатини муаккилга бермай ўзи томонидан амалга оширса, барча ҳукмлар ўзига тегишли бўлиб, муаккилга бирорта ҳукм собит бўлмайди. 
Улар: никоҳ, хулуъ, ҳийба, садақа, ориятга бериш, гаровга қўйиш, қарз бериш, шериклик ишлари, музораба, инкордан кейинги сулҳ, қасдан қотиллик қилган шахс томонидан сулҳ тузиш каби ишлардир. Маслан вакил вакил қилган шахсни кимлигини айтмасдан бир кишига “қизингизни никоҳлаб беринг”-деса ва қизнинг валиси “никоҳладим” деса никоҳ вакилнинг ўзига боғланиб қолади. Шунинг учун ҳам бундай ишларда вакил қилувчининг номини айтиши керак. 
2. Вакил қуйидаги муомалаларда ким тарафдан иш бажараётганини айтиши шарт эмас.Чунки, бундай муомалаларнинг барча ҳуқуқ ва жавобгарликлари вакилнинг ўзига бўлади. Масалан, муаккил томонидан бирор нарсани сотса ва харидорга “Мен фалончи томонидан савдо қилаяпман”- деб айтмаса, харидордан пулни талаб қилиш ва сотилган нарсани топшириш жавобгарлиги вакилнинг ўзига бўлади. 
Агар вакил ўша муомалаларни нисбатини муаккилга бериб “Мен бу ишларни фалончи томонидан бажараяпман”-деса барча ҳуқуқ ва жавобгарликлар муаккилга қайтади ва вакил ўша ишни бажарганидан кейин яна бегона шахсга айланади. 
Улар; сотиш, сотиб олиш, ижарага бериш ва иқрордан сўнг сулҳ тузиш каби ишлардир. 
3. Вакилнинг олдидаги моллар вакиллик эътиборидан омонат ҳисобланади. Масалан; бир киши либосларни сотишга вакил бўлса, ўша либослар унга омонат бўлади. Омонатнинг ҳукми шуки, вакилнинг ортиқча ҳаракатисиз ва камчилигисиз ҳалок бўлса, вакил уни тўлаб бермайди. Агар вакил уни сақлашда камчиликка йўл қўйган  булса  тулаб беради  
4. Қарзни ундириш учун бир кишини вакил қилиб жўнатса ва вакил қарзни қўлига олса, кейин ўша қарз муаккилга етиб келмай йўлда ҳалок бўлса мазкур қарздор шахс қарздан қутилган бўлаверади. Аммо қарздор шахснинг ўзи вакил воситасида қарзни жўнатсаю ҳақдорга етиб бормай йўлда ҳалок бўлса, қарздан қутилган ҳисобланмайди. 
5. Муаккил бир нарсани сотиш ёки сотиб олиш учун икки кишини бирга вакил қилса, икковлари ўзаро маслаҳат билан иш тутишлари лозим. Вакиллардан бирортаси ўзаро маслаҳатлашмасдан айтилган нарсани сотиши ёки сотиб олиши дуруст эмас. Савдодан бошқа муомалаларда ҳам ҳукм шундай. Аммо омонат ва қарзни қайтаришда икки кишини бир қилиб вакил қилса ва улардан биттаси шу ишни бажарса дуруст бўлаверади. 
6. Агар муаккил бир нарсани сотиш ёки сотиб олиш учун аввал бир кишини кейин яна бошқа кишини вакил қилса, икковларидан ҳар бири ўша ишни ўзи алоҳида бажариши мумкин. 
7. Вакил ўзига буюрилган ишни бажариш учун муаккилнинг рухсатисиз ўзига яна бошқа кишини вакил қилиши мумкин эмас. Аммо муаккил вакилга ҳоҳлаганини қилаверишга ҳуқуқн берса жоиз. 
8. Агар вакил ишни бажариш учун иш ҳаққи олишни шарт қилса ва муаккил унга рози бўлса ишни бажаргандан кейин келишилган ҳақга ҳақдор бўлади ва унга ижаранинг ҳукми жорий бўлади. Агар иш ҳаққи олишни шарт қилмаса ва иш ҳаққи эвазига ишлаш унинг одати ҳам бўлмаса, ўз розилиги билан муаккилга яхшилик қилган бўлади ва иш ҳаққи олишни талаб қилиши мумкин бўлмайди.

07.08.2017 йил

Сотиб олиш учун вакил қилишнинг ҳукмлари

1. Бирор нарсани сотиб олиш учун вакил таъйин қилинса, вакилга ўша нарсанинг жинси, сифати, миқдори ва бошқа керакли нарсаларини баён қилиниши лозим, токи вакил олинаётган нарсани мазкур ҳолатга қараб сотиб олади. Бу суратда вакил айтилган нарсани аксига кўра харид қилса, унинг бу иши муаккилга жорий бўлмайди. Агар муаккил олинаётган нарсанинг сифатини баён қилмасдан фақат жинсини баён қилиб вакилга умумий ихтиёрни берган бўлса, ваколати дуруст бўлади ва вакил харид қилган нарсани қабул қилиши лозим бўлади. 
2. Муаккил вакилга бирор нарса сотиб олишни буюриб, олинаётган нарсани бирор хос сифатини баён қилмаса ва ўша нарсанинг турларини орасида катта фарқ бор бўлса, бундай ваколат дуруст бўлмайди. Масалан; муаккил вакилга қандай турдаги мошина ёки либос ёки уй олишини баён қилмасдан “Менга бир мошина ёки либос ёки уй сотиб олинг” деса жоиз эмас. 
3. Муаккил вакилга қандай иш буюрса, вакил шунга мувофиқ бажариши лозим. Агар вакил муаккил баён қилган сифатни хилофини сотиб олса ва бу иши муаккилнинг фойдасига бўлса, масалан; баён қилинган сифатдан яхшироғини ёки айтилган қийматдан арзонроқ қийматга сотиб олса, бу муаккилга хилоф иш тутиш ҳисобланмайди. Агар мухолафат муаккилнинг зарарига бўлса, вакилнинг бу иши муаккилга жорий бўлмайди. 
4. Сотиб олиш учун вакил қилинган шахс олинаётган нарсаларни нақд пулга харид қилиши мумкин. Аммо бошқа нарса эвазига масалан, муаккилнинг либослари эвазига бирор нарса харид қилиши мумкин эмас. 
5. Қачонки бир муайян нарсани сотиб олиш учун бир кишини вакил қилинса, масалан “Фалон жойдаги фалон мошинани менга сотиб олинг” -деса вакил ўша нарсани ўзига сотиб олиши жоиз бўлмайди. Агар вакил ўша нарсани ўзига сотиб олса ҳам муаккилники бўлади. Аммо вакил айтилган қийматдан қиммат нархга ёки айтган нарсасидан кўпроқ нарсани сотиб олса  вакилнинг ўзи учун бўлади.   
6. Сотиб олиш учун вакил қилинган шахс ўз молини муаккилга сотиши мумкин эмас. Агар вакил ўз молини муаккилга сотадиган бўлса, вакил бўлиш ўрнига тўғридан-тўғри “Мен ўзимни фалон молимни сизга сотаман”-дейди ва муаккил уни қабул қилса савдолари дуруст бўлади. 
7. Сотиб олиш учун вакил қилинган шахс муаккил олаётган нарсани пулини ўзи тўлаб олса, муаккилдан тўлаган пулини талаб қилиши ҳамда ундириб олмагунча олинган нарсани муаккилга бермай туриши мумкин. Агар вакил ўз пулини ундириш учун олинган нарсани муаккилга бермай ўз ҳузурида тутиб турганда ҳалок бўлса, жавобгар бўлиб тўлаб беради. 
8. Сотиб олиш учун вакил қилинган шахс муаккилнинг ижозатисиз олинган нарсани сотиши мумкин эмас. 
9. Бир шахс бир вақтнинг ўзида икки тарафдан вакил бўлиши мумкин эмас. Яъни бир вақтда бир тарафдан сотишга ва иккинчи тарафдан олишга вакил бўла олмайди. Масалан; Зайд ўз мошинасини сотиш учун Умарни вакил қилса ва шу вақтнинг ўзида иккинчи тарафдан Холид ҳам ўша мошинани сотиб олиш учун уни ўзига вакил  қилса, Умар иккала тарафга вакил бўлиб бир вақтнинг ўзида ҳам сотиши ва ҳам сотиб олиши дуруст бўлмайди. Чунки, бир шахс бир нарсани ҳам сотувчичи ва ҳам сотиб олувчиси бўлиши мумкин эмас.

Сотиш учун вакил қилишнинг ҳукмлари

1. Сотиш учун вакил қилинган шахс муаккилнинг нарсасини муносиб нархга сотиши зарур. Агар муаккил сотилаётган нарсасининг нархини таъйин қилиб берсаю вакил айтилган нархдан паст нархга сотса, сўнгра муаккил уни қабул қилмаса, вакил амалга оширган савдосини бузади ёки ўзи тўлаб беради. 
2. Сотиш учун вакил қилинган шахс муаккилнинг нарсасини ўзи сотиб олиши, ҳамда уларнинг ҳаққида унинг гувоҳлиги қабул қилинмайдиган ота-она, фарзанд, эр-хотин каби кишиларга ҳам сотиши жоиз эмас. Агар уларга муаккил таъйин қилган нархдан зиёда нархга сотган бўлса, савдоси тўғри бўлаверади. 
3. Муаккил сотилаётган нарсани нақдга сотишни таъйин қилса, вакил уни насияга сотиши мумкин эмас. Агар нақдга сотишни таъйин қилмаган бўлса, вакил уни нақдга сотиши ёки тижоратчилар одатда қанча муддатга насияга сотсалар ўшанча муддатга насияга сотиши ҳам мумкин. Ундан ортиқ муддатга насияга сотиши жоиз эмас. Вакил нарсани сотгандан кейин пулни ундириб келмаган бўлса “ўзинг тўлайсан” деб мажбур қилинмайди. Аммо вакил сотган нарсасини пулини ундириш учун харидордан жавобгарлик ва бирор нарсани гаровга қўйишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. 
4. Харидордан пулни ундириб олиш вакилнинг ҳаққи бўлса ҳам муаккилнинг ўзи ҳам ундириб олиш ҳуқуқига эга. 
5. Вакил даллоллар каби бирор хизмат ҳаққи эвазига вакиллик қилса, харидордан пулни ундириб муаккилга топширишга мажбур қилинади. Агар ҳеч қандай ҳақ олмасдан вакиллик қилса, харидордан пулни ундириб муаккилга топширишга мажбур қилинмайди. Балки вакил муаккилга “пулни ўзингиз ундириб олинг” дейиши мумкин. Чунки, савдонинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги вакилга бўлади ва бу суратдаги ҳолатни фиқҳий истилоҳда “вакил пулни ундириш учун ўз муаккилини вакил қилди” дейилади. 
6. Муаккил вакилга бирор бир кўрсатма бермаса, вакил муомаладаги пулдан бошқа нарсалар эвазига ҳам сотиши мумкин бўлмайди.

Ваколатни бекор қилиш ёки вакилни бўшатиш ҳукмлари

1. Вакилнинг ваколатидаги ихтиёрларни бекор қилишни “Вакилни вакилликдан бўшатиш” дейилади. Муаккил вакилни ҳоҳлаган вақтда бўшатиши мумкин. Аммо вакил бўшатилганини ўзи билмаса, бўшатилган ҳисобланмайди. 
2. Муаккилнинг вафоти ёки мажнун бўлиб қолиш ёки кофирлар юртига муртад бўлиб чиқиб кетиши билан ваколат бекор бўлади. Шунингдек вакилнинг вафот этиши ёки мажнун бўлиб қолиши билан ҳам ваколат бекор бўлади. 
3. Агар вакилга муаккил сабабли бошқа бировнинг ҳаққи тааллуқли бўлса муаккил вакилни бўшата олмайди. Масалан; вакил муаккилнинг қарзи сабабли бирор нарсани гаровга қўйган бўлса, муаккил ўша ҳақдорнинг розилигисиз мазкур вакилини бўшата олмайди. Ушбу суратда муаккил вафот қилса ҳам ваколат бекор бўлмайди. 
4. Вакил ўзини ўзи вакилликдан бўшатиши мумкин. Аммо бошқа бировнинг ҳаққи унга тааллуқли бўлса, ўзини ўзи бўшата олмайди. Шунингдек вакилликдан бўшагани ҳақида муаккилга хабар бермаса ҳам вакилликдан бўшаган ҳисобланмайди. 
5. Вакил ўзига топширилган ишни бажариши билан ваколати ўз-ўзидан ниҳоясига етади. 
6. Ваколат меросхўрларга ўтмайди ва вакилнинг вафотидан сўнг меросхўрлари унинг ўрнига вакил бўлиб ишни давом эттира олмайди.

Кафолат яъни жавобгар бўлиш 
(Guarantee, гарантия)

Кафолат деб, бир шахснинг бирор нарсага жавобгар бўлишига айтилади. Жавобгарликни ўз зиммасига олган шахс “кафил” (жавобгар), жавобгарлик зиммасидан олинган шахс эса “макфулун анҳу” (у томондан жавобгар) ва жавобгарликни талаб қилувчи шахс “макфулун лаҳу” (у учун жавобгар) ҳамда жавобгарлиги олинган нарса “макфулун биҳи” (у сабабли жавобгар) дейилади. Масалан, Холиднинг зиммасида Зайдга бериши лозим бўлган минг сўм бор ва Умар Холид тарафидан кафил бўлиб Зайдга “Агар Холид ўша сўмларни тўлай олмаса мен тўлайман” дейди. Ушбу суратда Умар “кафил”, Холид “макфулун анҳу”, Зайд “макфулу лаҳу” ва минг сўм “макфулу биҳи” бўлади.

Кафолатнинг турлари

Кафолат икки қисмга бўлинади: 
1. Жон кафолати.
2. Мол кафолати.

Жон учун кафил бўлиш

Жон кафолати деб, маҳкамада бирор шахс борасида “Агар маҳкама ўша шахсни талаб қилсалар, мен уни олиб келаман”-деб жавобгарликни ўз зиммасига олишига айтилади. Бунинг ҳукми шуки, маҳкама мазкур шахсни талаб қилса, уни маҳкамага олиб келиши лозим. Агар кафил макфулун анҳуни маҳкамага олиб келса, кейин у қочиб кетса ҳам кафилнинг кафиллиги ниҳоясига етган ҳисобланади. Агар уни маҳкамага олиб кела олмаса, маҳкамадагилар кафилни то макфулун анҳу маҳкамага келгунга қадар ҳибс қилишлари мумкин. Аммо кафил макфулун анҳуни ўрнига жазоланмайди.

Мол учун кафил бўлиш

Мол кафолати деб, бир шахснинг зиммасида бошқа бировга бериши лозим бўлган мол бўлиб, кафил уни адо қилишни ўз зиммасига олишига айтилади.  
Кафилликни таклиф қилиш билан “кафолат” битими тузилган ҳисобланади. Аммо ҳақдор шахс кафилнинг кафолатини рад этса, кафиллиги ўтмайди. 
Кафил балоғатга етган ва ақилли бўлиши лозим. Балоғатга етмаган ва мажнун шахснинг кафил бўлиши мумкин эмас. 
Макфулун анҳу, яъни қарздор шахс беҳабар бўлса ҳам кафолат битими тузилиши мумкин. Кафолати олинган молнинг миқдори маълум бўлиши шарт эмас. 
Ҳақдор шахс ўз молини қарздордан ҳам кафилдан ҳам талаб қилиш ҳуқуқига эга. Кафилликни бирор шартга боғлаш ҳам мумкин. Масалан, кафил бирор шахсга “фалончи сиздан бирор нарса сотиб олса, ёки бирор молингизни тортиб олса, мен тўлайман” -дейди. 
Кафолатни келажакка нисбат бериш ҳам мумкин. Маслан; бир шахс ҳақдорга “Мен келгуси ойнинг бошланиши билан фалончи шахсга кафил бўламан”-дейди. Ҳақдор бу суратда таъйин қилинган муддатдан олдин кафилдан ҳеч нарса талаб қила олмайди.  
Бир шахс қарздорнинг талабига кўра кафил бўлиб, унинг қарзини ҳақдорга тўлаб берса, мазкур қарздорга “Мен сизни фалонча қарзингизни тўлаб бердим “-деб ўз ҳаққини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Аммо у ўз ихтиёри билан кафил бўлган бўлса, ўз ҳаққини талаб қила олмайди. Бу суратда қарздор шахс кейинчалик мазкур кафилга пулини тўлаб бериши лозим. Кафил эса ўз пулини олиши жоиз.  
Кафил ҳақдор шахсга ҳаққини бермагунча қарздордан пул талаб қила олмайди. 
Агар ҳақдор шахс қарзини кечса, ёки қарздор ўзи қарзини тўласа, кафил кафилигидан озод бўлади. Аммо ҳақдор шахс кафилни кафиллигидан озод қилса, қарздор қарзидан қутилган ҳисобланмайди. 
Қайсики ҳақни кафиллик билан ундириш мумкин бўлмаса, унга кафил бўлиш ҳам мумкин бўлмайди. Масалан; жазолар, қасосларда макфулун анҳунинг бирор жинояти сабабли кафилни жазолаш мумкин эмас.

25.08.2017 йил

Ҳавола

Ўзганинг дайн (олди-сотди, ижара ва жиноят содир қилинганда қарздор тўлаши лозим бўлган маблағлар) ёки қарзини тўлашни зиммага олишни “ҳавола” дейилади. Дайн лафзи қарз лафзидан умимийроқ бўлиб, ўзгадан олинган қарзга ҳам ва ўзгага берилиши вожиб бўлган ҳаққа ҳам ишлатилади. Қарз эса фақат “қарз” деб олинган нарсагагина ишлатилади. 
Ҳавола “Ўзининг молияви жавобгарлигини бошқа кишига топшириб ўзини қутилтириш”-деганидир. Масалан, Зайд Умардан қарз, Холид эса Зайддан қарз бўлган суратда Зайд Умарга “Холиддаги қарзимни менинг ўрнимга сиз олинг, ва мен жавобгарликдан қутулай”-деса ва Умар билан Холид шунга рози бўлсалар, Зайд Холидга “ҳавола” қилди дейилади. 
Ҳаволада уч киши бўлиб, қарздорни “Муҳил” ҳавола қилувчи, ҳақдорни “Муҳтал” ҳавола қилинувчи, зиммасига ҳавола қилинган шахсни “Муҳталу алайҳи”-дейлади. Бунга юқоридаги сурат мисол бўлиб, Зайд “муҳил”, Умар “муҳтал”, Холид эса “муҳталу алайҳи”-бўлади. Ҳавола дуруст бўлиши учун учала томон ҳам рози бўлишлари лозим.  
Учала томоннинг розилиги билан бўлган ҳаволадан кейин, ҳақдор ҳавола қилувчидан ўз қарзини талаб қила олмайди, балки ҳавола қилинган шахсдангина талаб қилади. Аммо қуйидаги уч суратда ҳавола қилувчидан ҳам талаб қилиши мумкин. 
1. Ҳавола қилинган шахс қасам ичиб ҳаволани ёки қарз олганини инкор қилса ва ҳақдор учун қарз ёки ҳавола борасида бирор ҳужжати бўлмаса. Юқоридаги суратда Холид Умарга “Сизнинг қарзингизни мен тўламайман. Чунки Зайдни менда ҳеч қандай ҳаққи йўқ” дейиши каби. 
2. Ҳавола қилинган шахс камбағол ҳолида вафот этса. 
3. Маҳкама ҳавола қилинган шахсни камбағол эканлигига қарор чиқарган бўлса. 
Ушбу уч суратда асл ҳақдор ҳавола қилинган шахсни қўйиб асл қарздордан талаб қилиб “Сиз ҳавола қилган шахсдан қарзимни олиш учун бирорта йўл йўқ экан. Энди ўзингиз тўланг”-деб қарзини талаб қилиш мумкин.

Шерикчилик

Ширкат ёки шерикчилик икки қисм бўлади:

Мулкдаги шерикчилик ва битимлардаги шерикчилик

1. Мулкдаги шерикчилик, икки ёки ундан кўп бўлган шахслар бирор нарсани шерикчилик асосида сотиб олишлари ёки бирор совғани шерик бўлиб қўлга киритишлари ёки бирор нарсага мерос йўли билан эга бўлишлари орқали бўлади. Мулкдаги шерикчиликда, шерикларнинг ҳиссалари алоҳида-ҳлоҳида тақсимланган бўлмайди, балки улар маълум бир фоиз ҳисобида эга бўладилар. Масалан, бир маконнинг эллик фоизи бир кишига бўлса, қолган эллик фоизи иккинчи кишига бўлади. 
Мулкдаги шерикчиликда шерикларнинг бири бошқасини  ҳиссасида бегона ҳукмида бўладилар. Масалан, бири бошқасини ҳиссасини унинг розилигисиз тасарруф қила олмайди. Яъни, шеригини ҳиссасини на сота олади, на ижарага бера олади. Аммо шериклар ўз ҳиссаларини бир-бирларига сотишлари ёки ижарага беришлари мумкин. Агар шерикларнинг бирортасига зарари тегмаса ўз ҳиссаларини бошқа бегона кишига сотиши ёки ижарага беришлари ҳам мумкин. 
Шериклик молнинг фойда ва зарари шерикларнинг ҳиссаларига қараб тақсимланади. Масалан, бир маконга икки киши тенг шерик бўлиб, икковларинг розилиги билан ўша макон ижарага берилса ижара пули икковларининг ўртасида тенг тақсимланади. Агар ўша уйни ремонт қилиш зарурати бўлса, унинг харажати ҳам икковларига тенг бўлинади. Агар бирининг ҳиссаси оз бўлиб бошқасиники кўпроқ бўлса фойда зарар ҳам шунга қараб тақсимланади. 
Шериклар эга бўлган нарсаларини бўлишмасдан ўзлари фойдаланмоқчи бўлсалар, ўзаро келишиб ҳоҳлаганларидай тасарруф қилишлари мумкин. Масалан, шерикли маконда ҳар бирлари ўз ҳиссаларида туришлари ёки кунини таъйин қилиб навбатма-навбат туришлари ҳам мумкин.

26.08.17 йил

Битмдаги шерикчилик

Битмдаги шерикчиликда икки ёки ундан кўпроқ кишилар биргалашиб бирор иш қилишни ўзаро келишадилар. Бунда шерикларнинг қанча бўлиши  чегараланмаган. Балки иккитадан бошлаб бир неча юз киши бўлиши ҳам мумкин.

Битмдаги шерикчиликнинг турлари

Битмда шерик бўлиш бир неча кўринишда бўлади: 
1. Молиявий шерикчилик. 
Бунда икки ёки ундан кўпроқ шахс маълум бир миқдордаги сармояларини биргалашиб ёки баъзилари ишлаш шарти билан тикадилар ва фойдани ўртада тақсимлайдилар.  
2. Мехнатда шерикчилик. 
Бунда икки ёки ундан кўпроқ шахс биргалашиб ўзгаларнинг ишини маълум бир ҳақ эвазига қилиб берадилар. Масалан, тикувчи ёки дурадгорлар маълум бир ҳақ эвазига ишлайдилар ва ўзаро келишган ҳиссаларига қараб тушган фойдани тақсимлайдилар. Буни “битмда хунармандчилик асосида шерик бўлиш” ҳам дейилади. 
3. Ишонч ва обрў шерикчилиги. 
Бунда шериклардан бирортаси тижорат учун пул тикмайдилар, балки ўзларининг машҳурлиги ва обрў-эътиборлари асосида насияга олиб иш қиладилар ва тушган фойдани келишилган миқдор асосида тақсимлайдилар.

Молиявий шерикликнинг ҳукмлари

1. Молиявий шерикликда шериклар ўз сармояларини қўшиб тижорат қиладилар. Ўртага тикилган пулларни “расул мол” яъни сармоя дейилади. Бунда барча шериклар ўз сармояларини нақд кўринишда келтирадилар ва ҳар бирларининг киритган сармояларига қараб оладиган ҳиссалари таъйин қилинади. Масалан, ярим-ярим ёки тўртдан бир ёки учдан бир ҳиссадан қилиб белгиланади. Агар сармоя нақд пул бўлмай нарсалар кўринишида бўлса, шериклик уч ҳил кўрнишда бўлади. 
А. Бу суратда шерикларнинг тикадиган нарсаларини жинси ёки қадри бир ҳил бўлмайди. Бунда бирлари иккинчисига “мен ўз нарсамнинг тўртдан бирини сизнинг нарсангизни тўртдан учи эвазига алмаштирдим”-дейди ва тиккан нарсаларни шериклик ишларини сармоясига айлантирадилар. Масалан, шериклардан бирини биноси  ёки бошқа турдаги станоги ёки ҳом ашёси бўлса ва бошқасини станоги бўлса “станокни бинонгиз ёки станогингиз ёки ҳом ашёнгизни ярим пули ёки тўғри келадиган бўлагига сотдим” дейди. 
Б. Бу суратда тикиладиган нарсаларнинг барчасини бозордаги қиймати ҳисобланиб шерикларнинг қанча миқдордан сармоя тиккани аниқланади ва мулкдорлик ҳақлари ҳам шунга қараб белгиланади. Бугунги кунда бундай ишни “танзизи ҳукмий” яъни ҳукмий пул қилиш ҳам дейилади. 
Ж. Бу суратда тикиладиган нарсаларни барчасини бозорда сотиб нақд пулга алмаштириб тикилади. Бу суратни эса “танзизи ҳақийқий” яъни ҳақийқий пул қилиш, дейилади. 
2. Сармояга қоғоз пул тикиш белгиланса шериклар уни шериклик битими тузилаётган вақтда хозир қилишлари шарт эмас. Балки белгиланган миқдорни ўз зиммаларига олишлари билан шериклик битими амалга ошаверади. Бу суратда тижорат бошланиши билан заруратга қараб ҳар бир шерик ўз сармоясини қўшиб боради. 
3. Ҳар бир шерик бир-бирига вакил ва омонатдор ҳисобланади. Шунинг учун ҳам балоғатга етмаган ва мажнунлар билан шериклик битими тузиб бўлмайди. Аммо шариъатда уларнинг қаровчилари улар томонидан шериклик битимини тузишлари мумкин.  
4. Шериклик битими тўғри бўлиши учун шериклар ўртасида тақсимланадиган фойданинг миқдори аниқ белгиланиши лозим. Яъни шерикларнинг ҳар бири фойданинг қанча фоизига ҳақдор бўлишлари очиқ баён қилиниши лозим. Кимга қанча ҳисса берилиши аниқ белгиланмаса шерикчилик битими бузилади. 
5. Тушган фойда шерикларнинг орасида шериклик бўлиши ва хар бир шахс ўз ҳиссасини ўша фойдадан олиши масалан, эллик фоиз, қирқ фоиз ва ҳаказо деб таъйин қилиниши лозим. Аммо молнинг маълум бир миқдорини масалан, фойдадан минг сўмни шериклардан бири учун таъйин қилиш, яъни фойда бўлса ҳам ёки бўлмаса ҳам минг сўм олади, деб шарт қилиш мумкин эмас. Агар шундай таъйин қилинса шерикчилик битими бузилади. 
6. Шунингдек тикилган сармоянинг маълум бир миқдорини фойида деб белгилаш ҳам мумкин эмас. Масалан ҳар бир шерикка сармоясининг ўн фоиз миқдори баробарида фойда тегади деб тайин қилиш мумкин эмас. Бу суратда ҳам шерикчилик битими бузилади ва бир жиҳатдан судхўрлик ҳам бўлади. 
7. Шериклар “ким қанча фоиз сармоя тикса ўшанча фоиз фойдага шерик бўлади” деб келишишлари ҳам шарт эмас. Шунинг учун ҳам сармояси кўпроқ бўлган шерикни оладиган фойдасини фоизи кам бўлиши ва сармояси кам бўлган шерикни оладиган фойдасини фоизи кўп бўлиши мумкин. Масалан, ким эллик фоиз сармоя тикса фойдадан эллик фоиз фойда олади деб келишиш шарт эмас. Балки ўзаро розилик билан фойдани эллик фоизидан камроқ ёки кўпроқ олиши ҳам мумкин. Шериклардан бири шерикчилик битими вақтида “мен тижоратнинг бирорта ишини қилмайман, ҳамма ишни ўзингиз қиласиз” деб келишса, унинг фойдадан оладиган фоизи тиккан сармоясининг нисбатидан зиёда бўлиши мумкин бўлмайди. Масалан, йигирма фоиз сармоя тикиб йигирма беш фоиз фойда оламан деб келишиши мумкин бўлмайди. Аммо фойдадан оладиган фоизи тиккан сармоясининг нисбатидан кам бўлишига, яъни ўн тўққиз фоизгача келишсалар жоиз. Бу пул тикиб ишламасликни шарт қилганлиги сабаблидаир. 
8. Шериклар фойда билан бирга зарарда ҳам шерик бўлишини келишишлари лозим. Ҳамма зарарни бир кишини зиммасига юклаш мумкин эмас. Ҳар бир шерик зарарда ҳам тиккан сармоялари баробарида шерик бўладилар. Гарчи фойдани тиккан сармоясидан кўпроқ ёки камроқ фойиз олишни келишган бўлсалар ҳам. Масалан, бир киши тўртдан бир миқдорда сармоя тикса, зарарда ҳам унинг зиммасига тўртдан бир ҳисса тегади. Ундан кўп ёки кам бўлишини келишишлари мумкин эмас. 
9. Шерикликка тикилган нарса шериклар олдида омонат ҳисобланиб, уларнинг камчилигисиз ҳалок бўлса, тўлаб бериш лозим бўлмайди. Аммо сақлаш жараёнида бирор камчиликка йўл қўйса ёки аҳдлашувга хилоф равишда иш юритган бўлса тўлаб бериш лозим бўлади. 
10. Шериклар шерикчилик ишини қилгани учун алоҳида ҳақ олишлари мумкин эмас. Масалан бир корҳонанинг ҳиссадорлари ўзларидан бирини иш бошқарувчиликка сайлаб иш бошқаргани учун унга ойлик таъйинлашлари мумкин эмас. Балки ҳиссадорлиги ва иш бошқарганлиги учун фойдадаги ҳиссасини кўпроқ қилишлари мумкин. 
11. Ҳеч бир шерик шерикчилик ишида ўзининг шахсий ишини қилиши ёки ўзгани вакил қилиб қилдириши мумкин эмас. 
12. Бир шахс турли ширкатларга алоқаси бўлиб, қайси ширкатнинг ишини бажарса ўша ширкатгагина тегишли бўлади. Аммо ўша бажарилган ишни бошқа ширкатга ҳам алоқаси борлигига бирор аломат бўлса унга ҳам тегишли бўлади. 
13. Бирор шерик ширкат учун бирор нарсани бозордаги нархдан ўта қиммат нархга сотиб олса ёки ширкатнинг нарсасини бозордаги нархдан ўта арзон нархга сотиб юборса, бу олди-сотдиси ширкат учун ҳисобланмай унинг ўзини шахсий олди-сотдиси бўлади.  
14. Шериклар ширкат учун тижоратчиларнинг орасида ривожланган барча тижорий ишларни қилишлари мумкин. Шериклар ширкат молларини шахсий молларига аралаштиришлари ва яна уларнинг рухсатисиз бошқа шахсни шериклика қўшишлари мумкин эмас. Ҳамда ширкат молини уларнинг рухсатисиз қарзга бериши ҳам мумкин эмас. Аммо ширкат молини насияга сотиши мумкин. Насия билан қарз бериш орасидаги фарқ бор. Масалан, қарзда ширкат молидан нақд пул берилади ва бу шерикларнинг изнисиз мумкин эмас. Аммо ширкат молини тижоратчиларнинг урфига мувофиқ насияга сотса жоиз.

Шерикчиликни фосид (бекор) қиладиган ишлар

Қуйидаги ишлар билан шерикчилик фосид бўлади: 
1. Молиявий шерикчилик ҳукмларини баёнидаги 2-дан 8-гача бўлган бандида зикр қилинган ишларга хилоф равишда шериклик битими тузилса. 
2. Икки шахс ўз нарсалари воситасида бирор иш қилиб пул топсалар, бу шерикчилик ҳисобланмайди. Масалан, бир кишини дўкони бўлса ва иккинчи кишини моли бўлиб ўша дўконда ўтириб  сотса, кейин икковлари тушган фойдага шерик бўлсалар шерикчиликлари фосид бўлади. Бу суратда тушган барча фойда тижорат қилган кишига бўлиб, дўкон эгасига дўконнинг ижара ҳаққини тўлайди.  
Шерикчилик фосид бўлганда тушган фойда шерикларнинг тиккан сармояларига қараб тақсимланади. Бундан бошқа йўл тутишлари жоиз эмас. Шунингдек зарар ҳам шерикларнинг сармоялари миқдорига қараб тақсимланади.

Шерикчилик ва музороба тижоратларидаги ғарар (алдаш)

Ғарарнинг таърифи савдо ҳукмларини баёнида зикр қилинган эди. Шерикчиликнинг қуйидаги суратлари ҳам ғарарга кириб ножоиз ҳисобланади. 
1. Шерикларга тегадиган фойданинг фоизи номаълум бўлса. Яъни шерикчилик тижоратида ҳар бир шерикка фойданинг қанча фоизи тегиши келишилмаган бўлса. 
2. Шерикларнинг бирини фойдадан оладиган миқдори таъйин қилиниб иккинчисиники таъйин қилинмаса. Масалан, Зайд ва Холид шерикчилик асосида тижорат қилсалар ва Зайд “Тушган фойдадан юз минги менга қолгани Холидга” деса Холиднинг оладиган фоизи таъйин қилинмагани учун жоиз бўлмайди. Чунки тушган фойда ҳаммаси бўлиб юз минг ёки ундан кам бўлса Холидга ҳеч нарса тегмайди. 
3. Шерик бўлган сармоячиларнинг фоизи номаълум бўлса. Яъни ким қанча фоиз сармоя тиккани номаълум бўлса.

Меҳнатдаги шерикчилик

Меҳнатдаги шерикчиликда шериклар кишиларнинг бирор хизматини маълум бир ҳақ эвазига қилиб берадилар. Масалан, кишиларга кийим тикадилар ёки кишиларнинг кийимларини ювиб берадилар ёки биргалашиб уй қуриб берадилар ва тушган фойда шерикларни ўртасида келишилган ҳиссага қараб тақсимланади.  
Турли ҳунар эгалари ўзаро келишиб шерикчилик асосида бирорта шерикчилик идорасини ташкил этишлари мумкин.  
Бу шерикчиликда бирор кишини хизматини бажарсалар ўша ишга барча шериклар бирдай жавобгар бўлиб, буюртмачи ҳоҳлаган ишчидан ишни талаб қилиши мумкин. Чунки шериклар бир-бирларига вакил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам буюртмачи ишни шерикларнинг бирига буюриб бошқасидан талаб қилиши ва иш ҳаққини ҳам бошқа шеригига бериши мумкин. Чунки, буюрилган ишни жавобгарлиги барча шерикларга бирдай бўлади. Тушган фойда шерикларнинг қилган ишига қараб эмас, балки ўша ишга бўлган жавобгарлик даражасига ёки ўзаро келишувларига қараб тақсимланади. Яъни тушган фойданинг фоизини ўзаро розилик билан тақсимлашлари мумкин. 
Агар келишувда “ким қанча иш қилса ўшанча фойда олади”-дейилса, шерикчилик бўлмайди балки уларни “алоҳида иш қилувчи” дейилади. Бу суратда буюрилган ишни биргалашиб бошласалар ва тушган фойдадан ким қанча ҳисса олиши келишмасалар шерикчилик битимлари фосид бўлади ва ҳар бирлари ишлаган ишлари миқдорича ҳақ олади.

Ширкати вужуҳ 
(Машҳур кишиларнинг шерикчилиги)

Бунда бир неча кишилар ўзларининг обрў-эътиборлари асосида шерикчилик қилиб нарсаларни насияга олиб сотадилар ва тушган фойдани ўзаро тақсимлайдилар. Бунда ҳам ҳар бир шерик бошқасини вакили ҳисобланади. 
Сотиб олинган нарсанинг пулини ҳар бир шерик ўз ҳиссасига қараб тўлаши вожиб бўлади. Ишни бошлаган вақтларида “сотиб олинган нарсани пулини  тенг миқдорда тўлаймиз” деб келишсалар,  ҳар бир шерик тенг миқдорда тўлаши вожиб бўлади ва фойдани ҳам тенг бўлиб оладилар. Келишувларига хилоф иш тутишлари мумкин эмас. Шунингдек ҳар бир шерик молнинг қанча қийматинини тўлашни зиммасига олган бўлса зарар кўрилганда ўшанча миқдор зарарни тўлайди.

Шерикчиликни тугатиш

Шерикчиликни тугатиш учун ўртадаги барча молларни сотиб нақд пулга айлантирилади ва ўзаро келишилган ҳиссага қараб тақсимланади. Улар шериклик ишларини тугатишни ҳоҳласалар шерикчиликни тўхтатишлари билан тугайди ва қуйидагилар зиммаларида бўлади. 
А. Ширкатнинг зиммасида қанча қарз ёки бировларга берадиган ҳақлар бўлса биргалашиб адо қиладилар. 
Б. Ширкат ўз зиммасига олган барча келишувларни тўлиқ битиради. 
В. Ширкатнинг нарса кўринишида ва нақд пул кўринишида бўлган барча моллари ва яна бошқалардан ундириб оладиган маблағлари, ҳамда шериклик ишларини барча ҳуқуқлари шерикларнинг ўртасидаги келишилган ҳиссаларига қараб тақсимланади.  
4. Қачонки бирор ширкат тугатилса тижоратнинг фақат ваъда шаклидаги, ҳали вужудга келмаган масуллари масалан, бир кишидан бирор нарсани сотиб олишга ваъда берган бўлса, барчаси бекор ҳисобланади. Шериклар битм асосида собит бўлган ҳуқуқларни тўлиқ бажаришга жавобгардирлар. Масалан, бирор нарса сотиб олиниб, пули берилмаган бўлса, уни тўлашлари лозим. 
5. Шериклардан бирортаси вафот этса ёки мажнун бўлиб қолса, унинг шериклиги тугайди. Бу суратда қолган шерикларнинг розилигисиз вафот этганнинг меросхўри ёки мажнун бўлганнинг қаровчиси шерикликни давом эттира олмайди ва унинг улуши меросхўри ёки қаровчисига берилади. Агар шериклар рози бўлсалар меросхўр ва етимнинг қаровчиси шерикликни давом эттириши мумкин. 
6. Тижоратда бир неча киши шерик бўлиб, бирлари ўз шерикчилигини тўхтатмоқчи бўлса, ҳаққи бор. Аммо бу ҳақда шерикларига хабар бериши лозим. Хабар бермаса шериклиги тугаган ҳисобланмайди. Хабар бергандан кейин шериклиги тугаб шу вақтгача қанча улуши бўлса унга берилади ва келгусидаги барча шериклик ҳуқуқларидан маҳрум бўлади. Унинг тижоратдаги молларда қанча улуши бўлса берилади ёки шериклари сотиб олиб нақд пул қилиб берадилар.

Тижорат мулки уч ҳил бўлади

А. Тижоратдаги моллар нақд пул ёки нарсалар кўринишида бўлади. 
Б. Ундириб олинадиган дайнлар, яъни ўзга кишиларнинг ширкатга берадиган қарзлари ёки тўланиши лозим бўлган ҳақлари бўлади. 
В. Тижоратнинг барча ҳуқуқлари ҳам тижоратнинг мулки ҳисобланади. Масалан, дўконнинг номи, бренди ва ҳакозолар. Ширкатнинг ишчилари ва ижарага олган нарсалари ширкатнинг мулки ҳисобланмайди. 
7. Шерикларнинг баъзилари шерикчилигини тугатса, қолганлари бошқа шахслар билан юқорида келишилган дастур асосида шерикчиликни давом эттиришлари мумкин.

Шерикли сармоя кампаниялари

Бугунги кунда шерикчиликни янги тури, яъни кампаниялар пайдо бўлган. Унда кўпчилик шериклар ўз сармояларини жамлаб майда-майда улушларга бўлиб қўядилар. Масалан, бирор бизнесга юз милион тикилса, уни беш юз минг сўмдан қилиб икки юзта улушга тақсимланади. Сўнгра одамларга “Ким қанча улуш ҳоҳласа сотиб олаверсин” деб эълон қилинади ва ким қанча улуш ҳоҳласа сотиб олади. Шу йўл билан кампанияга ҳиссадор бўлганлар “Шер ҳўлдр”, яъни улуш эгалари дейилади. Улар шу йўл билан кампания жамоасининг азосига айланадилар. Тижоратни юргизиш учун  раҳбарият кенгашини тузадилар, ҳамда ушбу тижоратга бир бошқарувчи таъйинлайдилар. Сўнгра бир йилда ёки ҳар олти ойда тушган фойдани ўз ҳиссаларига қараб тақсимлайдилар. Ҳиссадорлар тўғридан-тўғри кампания ишини бажармайдилар, балки умумий жамоа остида бошқарувни кузатиб борадилар. Бирорта шахс кампаниядан чиқмоқчи бўлса ўз улушини бозорий қийматда сотиши ва сотиб олган киши унинг ўрнини эгаллаши мумкин.  
Кампаниянинг тижорати тўғри амалга оширилаётган бўлса, ундан улуш сотиб олиб шерик бўлиш шаръан жоиз.

Музораба

Бунда икки кишидан бири мол тикиб иккинчиси ишлаб фойдани миқдорини ўзаро келишиб шерик бўладилар. Пул тиккан шахсни “мол эгаси” ёки “сармоядор”, ишни юритадиган шахсни эса “ишчи” ёки “музориб” ва тикилган молни “капитал” ёки “сармоя” дейилади.

Музорабанинг рукнлари

Музораба келишувини амалга ошириш учун ийжоб ва қабул бўлиши лозим. 
Музораба битимини тузиш вақтида бирор чеклов қўйлмаса мутлақ музораба бўлади. Агар муддат ёки макон ёки тижоратнинг  бирор тури ёки махсус бир сотувчи ёки харидор билан ишлаш чеклови қўйилса “қайдланган музораба” яъни чекланган музораба дейилади. Бундай суратда ишчи келишилган шартлар ва чекловларга риоя қилиши зарур.

Музорабанинг тўғри бўлишини шартлари

Музораба тўғри бўлиши учун қуйидаги шартлар зарур: 
1. Музориб тижоратда сармоядорнинг вакили ҳисобланади. Шунинг учун ҳам сармоядор ва музориб мукаллаф бўлишлари лозим. Балоғатга етмаган бола музориб ҳам, сармоядор ҳам бўла олмайди. Аммо унинг қаровчиси шаръйи шартларга мувофиқ уни номидан сармоядорлик қилса жоиз. 
2. Сармоя нақд пул шаклида бўлиши керак. Музорабада нарсалар, ерлар ва одамлардаги қарзлар сармоя бўла олмайди. Агар музорибга нарсаларни бериб “буларни сотиб пулини музорабага ишлат” дейилса ва музориб бу таклифни қабул қилса музорабалари тўғри бўлади. Шунингдек одамлардаги қарзни ундириб олганларидан кейин ҳам музорабалари тўғри бўлади. 
3. Сармоя музорибга топширилиб, сармоядор ишга аралашмайди. Аммо хотиржам бўлиши учун кузатиб бориши ва музорибнинг ижозати билан ишга аралашиши мумкин.  
4. Сармоянинг миқдори ва фойдадаги ҳиссаларини миқдори таъйин қилиниши ва келгусида жанжалга сабаб бўладиган бирор ноаниқлик бўлмаслиги лозим.  
5. Фойда фоиз шаклида белгиланиши шарт. Масалан, қирқ фоиз, эллик фоиз ва ҳаказо қилиб таъйинланади. Аммо бирлари учун муайян миқдор масалан, юз минг сўм таъйин қилинмайди. Чунки муайян миқдор таъйин қилинса музорабалари фосид бўлади. Фойда тикилган сармояга қараб белгиланмайди. Яъни, сармоякор “қанча сармоя берган бўлсам сармоямнинг ўн фоизини фойдага оламан” дейиши мумкин эмас. Чунки бу судхўрлик ҳукмида бўлади.

Музорабага тегишли баъзи ҳукмлар

1. Сармоя ва тижорат нарсалари музорибнинг (иш юритувчининг) олдида омонат ҳисобланади. Музориб музораба битимида зикр қилинган шартларга мувофиқ ишласа зарарларга жавобгар бўлмайди. Яъни бирор нотўғри иш қилмаса ҳам сармоя ёки тижорат нарсаларига бирор талофат етса тўлаб бермайди.  
2. Музориб музораба тугатилиб ёки ҳисоб-китоб қилинмагаунча фойдага эга бўла олмайди. Аммо музораба тугатилишидан аввал музориб ҳам сармоякор ҳам ўзаро келишиб фойдадан маълум миқдорда олишлари мумкин ва бу қарз олиш ҳисобланади. Бу суратда музорабани тугатиб ҳисб-китоб қилинганда олинган маблағни олган томонни ҳиссасига қўшиб юборилади. 
3. Сармоякор музорибнинг ижозатисиз музорабанинг сармояси ҳисобидан бирор нарсани сотиши  ва харид қилиши ёки бирор иш қилиши мумкин эмас. 
4. Музорибнинг тижорат давомида кечаси уйига қайта олмайдиган даражадаги  сафар харажатлари музораба пулидан олинади. Ишчи ва ходимларнинг харажатлари ҳам музораба пулидан олинади. Аммо музориб ўз қўли билан бажарган баъзи ишларига ҳақ олмайди. 
5. Музориб мутлоқ музорабада одатда тижоратчилар қиладиган барча тижоратларни амалга ошириши мумкин. Бу ишлар учун алоҳида рухсат олиши шарт эмас. Музориб музорабага сармоякорнинг ижозатисиз бошқа кишини молини, шунингдек ўз молини ҳам қўша олмайди ва яна бошқа киши билан шериклик ҳам қила олмайди.  
6. Музориб сармоякор таъйинлагандек иш олиб бормаса ва бирор зарар кўрилса, зарарни тўлаб беради. 
7. Музорабага бирор муддат белгиланса, муддат тугаши билан музораба ҳам ниҳоясига етади. Аммо ҳали сотилмай қолган нарсалар бўлса, сотилгунча музориб ишлаб туради. Агар ушбу суратда музориб келишилган қоидага хилоф иш тутса ёки урф-одатга хилоф иш тутса ёки музораба шартларига хилоф иш тутса жавобгар бўлади. Яъни зарар етса тўлаб беради. 
8. Музориб иш давомида сармоядорнинг вакили ва фойда кўрилганда унинг шерик бўлади. Музориб тўғри ишласа ҳам бирор зарар етса, жавобгар бўлмайди ва барча зарар сармоядорнинг зарарига бўлади. Музориб эса меҳнатига куяди. 
9. Музораба фосид бўлса музориб ёлланма ишчи ёки ходим ўрнида бўлади ва қилган меҳнати эвазига бозорларда бу каби ишларга қанча ҳақ тўланса ўшанча эвазга ҳақдор бўлади. 
10. Музорибнинг зиммасига зарар ва жавобгарлик шарти юкланса эътибор қилинмайди. Яъни сармоякор “тижорат давомида бирор зарар кўрилса, ўша зарар ёки унинг маълум бир қисми  музорибнинг зиммасига бўлади” деган шарт қўйса, шарти бекор ҳисобланади. Масалан фойда зарар тенг шерик бўлади деб шарт қўйилса шарт бекор бўлиб, унга амал тқилинмайди. Бу шартга амал қилинмайди. Аммо бундай шартлар билан музораба бузилмайди. (Бошқа бир шартлар борки у билан музораба бузилади). 
11. Музорабада зарар кўрилса тушган фойда билан тўлдирилади. Яъни зарар кўришдан олдин музорабани ҳисб-китоб қилиб тугатилмаган бўлса, зарардан олдин тушган фойда билан тўлдирилади. 
12. Музораба ҳисб-китоб қилиниб фойда ҳам тақсимланиб тугатилса, кейин янгидан музораба битими тузилиб унда зарар кўрилса аввалги музорабани фойдаси билан тўлдирилмайди. 
13. Сармоякор музорибни ишдан бўшатса, музориб бўшагани ҳақидаги хабарни билгунга қадар қилган ишлари музораба ишидан ҳисобланаверади. 
14. Музориб бўшатилганини билгандан кейин музораба учун бирор нарса сотиб олиши жоиз эмас. Аммо, сармоя нарсалар кўринишида бўлиб, уни сотиб нақд пулга айлантириб бериши жоиз. 
15. Музорабани тугатиш учун ҳисоб-китоб қилинади ва барча нарсалари сотилиб нақд пулга айлантирилади. Музораба давомида ўзгаларга берилган қарзлар ёки ўзгалар бериши вожиб бўлган ҳақлар ундирилади ҳамда музориб ва сармоякор музораба давомида фойдадан олиб ишлатган маблағлар ҳам қайтариб олиниб ҳисоб қилинади. Ўртага жамланганидан кейин тикилган сармоя тўлиқ чиқса, сармоя алоҳида ажратилади, сўнгра қолган маблағни  ўзаро келишувларига мувофиқ тақсимланади. Сармояга ажратилгандан кейин маблағ қолмаса музорибга ҳеч нарса тегмайди. Агар сармоядор ва иш юритувчи фойдадан деб олиб ишлатиб юрган бўлса ҳам сармояни тўлиқ қилиш учун улардан қайтариб олиб ҳисоб қилинади. Шундан сўнг тикилган сармоя тўлиқ бўлиб маълум бир миқдорда маблағ ортса, шуни фойда дейилади ва ўзаро тақсимланади. Ортмаса музорибга ҳеч нарса тегмайди. 
16. Фосид музорабада барча фойда ва зарар сармоядорнинг зиммасига бўлади ва музорибга ажри мисл берилади. 
17. Сармоядор вафот этса ёки мажнун бўлиб қолса, музораба ниҳоясига етади. 
18. Музораба тугатилганда музориб сармоякорни ўзини барча қарзларни ундириш учун вакил қилиши мумкин ёки ўзи ундириб сармоякорга беради.


5 йил аввал 13906 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тижоратда фойданинг шаръий меъёри
Савол: Шариатда сотаётган нарсасидан қанча фойда кўриш тайин қилинган? Жавоб: Шариатда сотувчи сотиладиган молни шунчага сотсин ёки сотмасин деб тайин қилмаган. Лекин, одамларга зулм давоми...
1 ўн йил аввал 47753 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Даллолликнинг ҳукми
Фиқҳ китобларимизда «самсара» (даллоллик), «симсор» (даллол) лафзлари истеъмол қилинади. Даллол деб кимнингдир сотишига, кимнингдир сотиб олишига ёрдам берувчи, сотувчи ва олувчининг ўртасини боғловчи давоми...
1 ўн йил аввал 27993 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Истисноъ савдоси
Фиқҳ китобларимизда кўпинча “Истисноъ” лафзи учраб туради. Жамиятимизда истисноъ воситасидан фойдаланмайдиган киши бўлмаса керак. Кунлик ҳаётимизда барчани тижоратнинг истисноъ турига иҳтиёжи бор. Шунинг давоми...
1 ўн йил аввал 6502 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
32-дарс Тушир ва тезлат
Тезроқ бериш эвазига нархни тушириш  Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Надир яҳудийларини чиқаришга буюрганларида, давоми...
1 ўн йил аввал 4800 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фаҳш ва бузғунчилик ғояларини тарқалишига сабаб бўлгувчи омиллар савдоси
Турмушда баъзи нарсаларни фақат яхшиликка истеъмол қилинади. Баъзи бир нарсаларни эса  жоиз томонга ҳам ножоиз томонга ҳам истеъмол қилиш мумкин.Жоизга ҳам, ножоизга ҳам истеъмол қилинадиган нарсалар савдоси давоми...
1 ўн йил аввал 10032 fiqh.uz