Ўтганларга савобни бағишлаш ва унинг ҳукми


Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасида савоб йўллаш ва маййит ҳаққига дуо қилиш таъкидланган:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

“Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар” (Ҳашр 59 оят). 
Ушбу оятда ўтганлар ҳаққига дуо қилишга тарғиб қилинган. Одатда тасаввуф вакиллари ўтган салафи солиҳлар ҳаққига дуо қилиб, савоб йўллайдилар (Масоилус сулук мин калом маликил мулук).

ЎТГАНЛАРГА БАДАНИЙ ВА МОЛИЯВИЙ САВОБ ЙЎЛЛАШ БОРАСИДА КЕЛГАН ҲАДИСЛАР

عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ما الميت في قبره إلا كالغريق ينتظر دعوة تلحقه من أبٍ أو أمٍ أو صديقٍ، وإن الله ليدخل من الدعاء على أهل القبور كأمثال الجبال، وإن هدية الأحياء إلى الأموات الاستغفار لهم

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маййит қабрда ғарқ бўлаётган киши кабидир. Отаси ёки онаси ёки дўстидан унга етадиган дуони кутиб туради. Аллоҳ таоло тоғдай дуоларни қабр аҳлига етказади. Тирикларни ўликларга ҳадияси улар ҳаққига истиғфор айтишдир” дедилар” (Мушкотул масобиҳ).
Фойда: Ушбу ҳадисда тирикларнинг амаллари хоҳ дуо бўлсин, хоҳ молиявий тоат бўлсин, хоҳ баданий ибодат бўлсин вафот этганларга наф бериши ошкора баён этилган.

عن صَالِحِ بْنِ دِرْهَمٍ قَالَ سَمِعْتُ أَبِى يَقُولُ انْطَلَقْنَا حَاجِّينَ فَإِذَا رَجُلٌ فَقَالَ لَنَا إِلَى جَنْبِكُمْ قَرْيَةٌ يُقَالُ لَهَا الأُبُلَّةُ قُلْنَا نَعَمْ. قَالَ مَنْ يَضْمَنُ لِى مِنْكُمْ أَنْ يُصَلِّىَ لِى فِى مَسْجِدِ الْعَشَّارِ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَيَقُولَ هَذِهِ لأَبِى هُرَيْرَةَ سَمِعْتُ خَلِيلِى أَبَا الْقَاسِمِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ إِنَّ اللَّهَ يَبْعَثُ مِنْ مَسْجِدِ الْعَشَّارِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ شُهَدَاءَ لاَ يَقُومُ مَعَ شُهَدَاءِ بَدْرٍ غَيْرُهُمْ. قَالَ أَبُو دَاوُدَ هَذَا الْمَسْجِدُ مِمَّا يَلِى النَّهْرَ

Солиҳ ибн Дирҳам: “Отам: “Ҳаж қилгани кетаётганимизда бир киши (етиб олиб): “Яқинларингизда Ибла деб айтиладиган қишлоқ борми?” деди. Биз: “Ҳа” дедик. У: “Сизлардан ким Ашшор масжидида икки ёки тўрт ракъат мен учун намоз ўқиб беришни ва бу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу учун дейишни зиммасига олади? Абулқосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳ таоло қиёмат куни шаҳидларни Ашшор масжидидан тирилтиради. Улардан бошқалар Бадр шаҳидлари билан бирга қоим бўлмайди” деяётганларини эшитганман” деди” айтаёганини эшитганман” деди.
Фойда: Ушбу ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу номларидан намоз ўқиб, у зотга савобини бағишлаш борасида сўз боради. Савоб йўллаш борасида икки иш собитдир. Улар:
1. Молиявий ибодатни савоби вафот этган одамга етиб боргани каби баданий ибодатнинг савоби ҳам унга етиб бориши;
2. Вафот этганга савоб етиб боргани каби тирикларга ҳам савоб етиб бориши. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга савоб йўлланганда, тирик бўлганлар (Такашшуф ан муҳимматут тасаввуф). 

عن علي بن أبي طالب قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم « من مر على المقابر وقرأ قل هو الله أحد إحدى عشرة مرة ، ثم وهب أجره للأموات أعطي من الأجر بعدد الأموات».

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким қабристондан ўта туриб, қул ҳуваллоҳу аҳадни ўн бир марта ўқиб, ажрини вафот этганларга ҳиба қилса, унга вафот этганлар ададича ажр берилади” дедилар” (Жомеул аҳодис ли Суютий).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ ، ثُمَّ قَرَأَ فَاتِحَةَ الْكِتَابِ وَقُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ وَأَلْهَاكُمْ التَّكَاثُرُ ، ثُمَّ قَالَ إنِّي جَعَلْت ثَوَابَ مَا قَرَأْت مِنْ كَلَامِك لِأَهْلِ الْمَقَابِرِ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ كَانُوا شُفَعَاءَ لَهُ إلَى اللَّهِ تَعَالَى.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Ким қабристонга кириб, сўнг Фотиҳатул китоб, қул ҳуваллоҳу аҳад, алҳакумут такасурни ўқиб, сўнг: “Инний жаълту саваба ма қароъту мин каломика ли аҳлил мақобир минал мўминина вал мўминаат” деса, улар Аллоҳ таоло ҳузурида у учун шафоатчи бўладилар” дедилар” (Табароний ривояти).
Маъноси: Каломингдан тиловат қилган нарсамни савобини мўмин ва мўминалардан иборат қабр аҳлларига бағишладим.

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ فَقَرَأَ سُورَةَ يس خَفَّفَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَكَانَ لَهُ بِعَدَدِ مَنْ فِيهَا حَسَنَاتٌ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким қабристонга кириб, “Ясин” сурасини ўқиса, Аллоҳ улардан енгиллаштиради ва у учун у ердагиларни ададича ҳасанот бўлади” дедилар” (Шарҳус судур).
Фойда: Қабристондан ўта туриб, Каломуллоҳдан тиловат қилиб, савобини йўлловчи кишига ҳам савоб бўлиши юқоридаги ҳадисларда баён этилмоқда. Савобини бағишлаш билан бағишловчига ҳеч нарса қолмайди дейиш нотўғри, аслсиз гапдир. Субаҳаналлоҳ Аллоҳ таоло қандай ҳам раҳматли зота!

عَنْ عَبْدِ اللّهِ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللّهُ عنه قَالَ: بَيْنَا أَنَا جَالِسٌ عِنْدَ رَسُولِ اللّهِ صلى الله عليه وسلم: إِذْ أَتَتْهُ امْرَأَةٌ. فَقَالَتْ: إِنّي تَصَدّقْتُ عَلَىَ أُمّي بِجَارِيَةٍ. وَإِنّهَا مَاتَتْ. قَالَ: فَقَالَ: "وَجَبَ أَجْرُكِ. وَرَدّهَا عَلَيْكِ الْمِيْرَاثُ" قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللّهِ إِنّهُ كَانَ عَلَيْهَا صَوْمُ شَهْرٍ. أَفَأَصُومُ عَنْهَا؟ قَالَ: "صُومِي عَنْهَا" قَالَتْ: إِنّهَا لَمْ تَحُجّ قَطّ. أَفَأَحُجّ عَنْهَا؟ قَالَ: "حُجّي عَنْهَا"

Абдуллоҳ ибн Бурайда отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Бир вақт мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдим, у зот олдига бир аёл келиб: “Онамга бир жорияни садақа қилган эдим. Онам вафот топди” деди. У зот: “Ажринг вожиб бўлди ва уни мерос сенга қайтарди” дедилар. У (аёл): “Эй, Аллоҳнинг расули унинг зиммасида бир ойнинг рўзаси бор эди. Унинг номидан рўза тутаманми?” деди. У зот: “Унинг номидан рўза тут” дедилар. У (аёл): “У ҳеч ҳаж ҳам қилмаган эди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?” деди. У зот: “Унинг номидан ҳаж қил” дедилар” (Термизий ривояти).
Бу ҳадис баданий ибодат савобини бағишлаш борасида аслдир. Ҳанафий мазҳаби ҳам шунга зиҳоб қилган. У ҳадисдан бу рўзани кифоя қилиши лозим бўлмайди. Чунки, сўралинган зотнинг мақсади мутлоқ манфаат етишлиги бўлиши мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу иши, яъни бир киши Ашшор масжидида икки ракъат намоз ўқиб, бу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу учун дейиши борасидаги ҳадис тирик кишига савобини йўллаш дурустлигига далолат қилади. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда иккита қурбонлик қилар, бирини ўзларининг номидан, иккинчисини умматларининг номидан. У зотнинг бу қилган қурбонликлари келажакда келадиган кишиларга ҳам савоби етишига далолат қилади.

САВОБ ЙЎЛЛАШНИНГ ҲАҚИҚАТИ

Савоб етиши учун аввало яхши ишни қилувчи амалини холис Аллоҳ учун қилиб савоб ҳосил қилиб олиши лозим. Савоб йўлланган кишига савоб етиши учун хоҳ у вафот этган бўлсин ёки тирик бўлсин мўмин бўлиши шартдир. Мўмин бўлмаган кишига қилинган хайри эҳсонларнинг савоби етиб бормайди (Имдодул фатаво).
Бир киши кимгадир бирор ишни савобини йўлламоқчи бўлса, аввал ўша ишни қилиб савоб ҳосил қилган бўлиши лозим. У ишни қилмай унинг савобини йўллаши мумкин эмас. Масалан, бир киши ғариб ёки мискинларни меҳмон қилиб савобини бағишлашни хоҳласа, мискинлар овқатни еб бўлганларидан кейин савобини йўллаши лозим бўлади. Савобини йўллашда дуога қўл кўтариб хушуъ, хузуъ билан: “Эй, Аллоҳим мени у амалимни қабул қилиб, уни савобини фалон, фалонларга етказгин” дейди.

وَيَقْرَأُ مِنْ الْقُرْآنِ مَا تَيَسَّرَ لَهُ... اللَّهُمَّ أَوْصِلْ مِثْلَ ثَوَابِ مَا قَرَأْته إلَى فُلَانٍ

“Муяссар бўлганича тиловат қилади... Аллоҳим тиловат қилган нарсамнинг савобини мислини фалончига етказгин (дейди)” (Роддул муҳтор).

ҲАҚ ЭВАЗИГА ХАТМИ ҚУРЪОН ҚИЛДИРИБ, САВОБИНИ БАҒИШЛАШ

Шомий раҳматуллоҳи алайҳ “Дуррул мухтор” шарҳи ва ўзларининг “Шифоул алийл” рисоласида очиқ-ойдин кучли далиллар билан Қуръони карим ва бошқа нарсаларни таълимига ҳақ олиш борасидаги мутаххир олимларнинг ижозати ва унинг иллати диний зарурат эканлиги, унга халал етиши билан дин низомига халал етишини баён қилган. Шунинг учун зарурат доирасига чегараланиш лозимдир, яъни Қуръони карим, ақоид, фиқҳ кабиларни таълимига ҳақ олиш жоиз. Шу боис савобини бағишлаш мақсадида ҳақ эвазига Қуръони каримни хатм қилдириш ёки бирор тасбиҳ ўқиттириш ҳаром ҳисобланади. Чунки, буларда бирор диний зарурат йўқ. Ҳақ эвазига хатми Қуръон қилгувчи ва қилдиргувчилар гуноҳкор бўлади. Ҳақ эвазига хатми Қуръон қилувчига бундан бирор савоб ҳосил бўлмас экан, у маййитга нимани бағишлайди?
Шомий раҳматуллоҳи алайҳ бу борадаги кўплаб фақиҳларнинг сўзларини “Тожуш шариа”, “Айний”, “Шарҳу Ҳидоя”, “Ҳошияту хойриддин” ва “Баҳрур роиқ”лардан нақл қилиб келтирган. Жумладан, Хойриддин Рамлий раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги сўзларини ҳам нақл қилиб келтирган: “Савобини бағишлаш учун қабрга Қуръон тиловат қилдириш ёки ҳақ эвазига хатми Қуръон қилдириш саҳабаи киром ва табаа тобиин каби уммат пешқадамларининг бирортасидан нақл қилинмаган. Шунинг учун бу бидъатдир”.
“Фатвои рашидия”да ҳам савобни бағишлаш борасида шундай дейилган: “Бирор кун ёки бирор нарсани тайин қилиб олмай маййитга савоб бағишлаш айни савобли ишлардандир. Лекин, ҳозирги кундаги каби маълум бир кун ёки амалларни қилмаса бўлмайдида деб тайин қилиб олиш ножоиздир”.

ХАЙРИ ЭҲСОН САВОБИНИ ЙЎЛЛАШНИ ЭНГ ЯХШИ ЙЎЛИ

Савоб йўллашнинг афзал ва энг яхши сурати шуки, хайри эҳсонни нақд тарзда фақир, мискинларга бериб, ундан ҳосил бўлган савобни ўтган отаси ёки кимигадир бағшлашдир. Чунки, мискинларнинг нималарга эҳтиёжлари борлиги ўзларигагина маълум бўлиб, уларга нақд пул берилса, у билан ўзларини эҳтиёжларини қондирадилар. Иккинчи сурати, мискинларга хом масаллиқ берилади ва улар ундан ўзлари учун хоҳлаган таомларини пишириб истеъмол қилаверадилар. Учинчи сурати, овқат пишириб мискинларни қорнини тўйдирилади ва ундан ҳосил бўлган савобни бағишлайди. Овқат пишириб мискинларга беришнинг энг яхши сурати эҳсон қилмоқчи бўлган миқдордаги масаллиқни бирданига пиширмай ҳар куни то масаллиқ тугагунича фақир, мискинларга етадиган даражада овқат тайёрлаб уларни тўйдиради. Агар бирданига барча масаллиққа овқат тайёрласа, очни ҳам тўқни ҳам тўйдириши лозим бўлиб қолади. Бунда одатда кўпроқ қорни тўқларга овқат тарқатилади. Қорни очлар эса қолиб кетади.

ТИЛОВАТИ ҚУРЪОНДАН ҲОСИЛ БЎЛГАН САВОБНИ ЙЎЛЛАШ

Қуръони каримни тиловат қилиб савобини йўллаш борасида аксарият улуғлар айтадиларки, ҳар ким ўз уйида имкониятига қараб тиловат қилиб савобини бағишлагани афзал ва авлодир. Жамоат орасида Қуръони каримни тиловат қилиб, савобини бағишлашда аксарият ўринда маййит аҳлига ўзини кўрсатиш бўлади ва бунда холислик камроқдир.

ВАФОТ ЭТГАН КИШИГА САВОБ ЙЎЛЛАНИЛАДИ, ХАЙРИ ЭҲСОН ҚИЛИНГАН НАРСАНИНГ АЙНИ ЎЗИ ЭМАС

Баъзи оми инсонлар нима нарса садақа қилсанг ўша нарса ўтганларга етиб боради деб, эътиқод қиладилар. Бу аслида нотўғри тушунчадир. Чунки, садақа қилинган нарсалардан ҳосил бўлган савоб маййитга бағишланилса, ўша савоб етиб боради, хайри эҳсон эмас. Шиа оқимининг баъзи фирқаларида Муҳаррам ойида шарбат ичиб савобини Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга йўллаш одат бўлиб қолган. Чунки, улар ичилган шарбатдан ҳосил бўлган савоб шарбат суратида Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга етиб боради деб эътиқод қиладилар. Бу ғирт нотўғри тушунчадир.

САВОБ ЙЎЛЛАГАНДАН КЕЙИН ЙЎЛЛОВЧИГА ҲАМ ТЎЛИҚ САВОБ ЕТАДИ

عن ابن عمر قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إذا تصدق أحدكم بصدقة تطوعا فليجعلها عن أبويه فيكون لهما أجرها ولا ينقص من أجره شيء

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизлардан бирортангиз нафл садақа қилса, уни ота-онаси номидан қилсин. Шунда, ота-онасига ҳам унинг ажри бўлади ва унинг ўзига берилган ажрдан ҳам бирор нарса камайтирилмайди” (Табароний ривояти).
Ушбу ҳадис савоб йўлловчига ҳам тўлиқ савоб етишига далолат қилади. Буни Саҳиҳи Муслимдаги қуйидаги ривоят ҳам қўллаб қувватлайди:

عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ...قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم : مَنْ سَنَّ فِي الإِسْلاَمِ سُنَّةً حَسَنَةً ، فَلَهُ أَجْرُهَا، وَأَجْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا بَعْدَهُ، مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ...

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“.....Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Муслим ривояти).
Бу ҳадис, бошқаларга савоб йўллаш билан савоб йўлловчининг савоби камайиб қолмаслигини қўллаб қувватлайди. Табароний ҳадисида ўзгаларга қасдан савоб йўллаш айтилган бўлса, Муслим ҳадисида қасд қилмасада савоб етиб туришлиги айтилган.

الْأَفْضَلُ لِمَنْ يَتَصَدَّقُ نَفْلًا أَنْ يَنْوِيَ لِجَمِيعِ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ لِأَنَّهَا تَصِلُ إلَيْهِمْ وَلَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِهِ شَيْءٌ

“Нафл тарзда садақа қилаётган киши учун афзали барча мўмин ва мўминаларни ният қилишидир. Чунки, унинг ажридан бирор нарса камаймаган ҳолатда уларга ажр етади” (Роддул муҳтор).
Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ бу борада шундай деганлар: “Маънавий нарсалар шундайки, аввалги маҳалдан иккинчи маҳалга йўллаш билан аввалги маҳалдан зоил бўлмайди. Бу нарса илм олиш, файз ҳосил қилишда очиқ ойдин кўзга ташланади. Моддий нарсаларнинг хилофи ўлароқ. Уларни ҳиба қилгандан кейин ҳиба қилувчи қўлида ундан бирор нарса қолмайди” (Камолоту ашрафия, Баводирун наводир, Имдодул фатаво).

Мавлоно Румий раҳматуллоҳи алайҳ “Маснавий”да маънавий нарсалар ҳақида шундай деган:

Маъноларда қисмат ҳам, адад ҳам йўқ. 

Маъноларда бўлиниш ва бирлик йўқ.

ЙЎЛЛАНГАН САВОБНИНГ ТАҚСИМИ

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ наздида вафот этганларга бағишланган савоб барчасига тўли-тўлиқ етади. Рашид Аҳмад Гангуҳий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздиларида эса, савоб барчасига тақсим қилинади (Малфузоту камолоту ашрафия).
Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳдан Муҳаммад Исо Илоҳ Ободий раҳматуллоҳи алай буни изоҳлаб беришларини сўраганлар. Унга жавобан қуйидагиларни ёзганлар:

سُئِلَ ابْنُ حَجَرٍ الْمَكِّيُّ عَمَّا لَوْ قَرَأَ لِأَهْلِ الْمَقْبَرَةِ الْفَاتِحَةَ هَلْ يُقْسَمُ الثَّوَابُ بَيْنَهُمْ أَوْ يَصِلُ لِكُلٍّ مِنْهُمْ مِثْلُ ثَوَابِ ذَلِكَ كَامِلًا . فَأَجَابَ بِأَنَّهُ أَفْتَى جَمْعٌ بِالثَّانِي ، وَهُوَ اللَّائِقُ بِسَعَةِ الْفَضْلِ 

“Ибн Ҳажар Маккий раҳматуллоҳи алайҳдан мақбара аҳлига Фотиҳани ўқиб бағишланса, ундан ҳосил бўлган савоб улар орасида тақсим қилинадими ёки улардан ҳар бирига тўли-тўлиқ савоб етадими?, деб сўралганида, у киши: “Аксарият иккинчисига фатво берган. Манашу Аллоҳнинг фазли карамининг кенглигига лойиқдир” деб жавоб бердилар” (Роддул муҳтор).
Агар бир киши: “Бунга далилларда бирор нас келмаган, қолаверса, бу қиёсий масалалардан ҳам эмас. Демак, қандай қилиб нассиз ҳукм чиқара оламиз?” деб савол берса, қуйидаги ҳадис билан жавоб берилади:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إذا تصدق أحدكم بصدقة تطوعا فليجعلها عن أبويه فيكون لهما أجرها ولا ينقص من أجره شيء

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизлардан бирортангиз нафл садақа қилса, уни ота-онаси номидан қилсин. Шунда, ота-онасига ҳам унинг ажри бўлади ва унинг ўзига берилган ажрдан ҳам бирор нарса камайтирилмайди” (Табароний ривояти).
Савоб йўллаш билан савоб йўллагувчининг ажридан бирор нарса камайиб қолмайди. Лекин, савоб йўллаганига алоҳида ажр олади, яъни кимларга савоб йўлласа, савоб йўллагувчига савоб йўллаганлиги учун ҳам алоҳида савоб берилади.

Мавлоно Румий раҳматуллоҳи алайҳ “Маснавий”да маънавий нарсалар ҳақида шундай деганлар:

Маноларда қисмат ҳам, адад ҳам йўқ. 

Маъноларда бўлиниш ва бирлик йўқ.

Унинг ҳиссий мисоли шуки, бир чироғ билан минглаб чироғлар равшан бўлади ва бир устоз бир вақтнинг ўзидан юзлаб шогирдларга таълим беради. Лекин, чироғнинг равшанлигидан ҳам, устознинг илмидан ҳам бирор нарса камайиб қолмайди (Камолоту ашрафия).
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ: “Савобни йўллашда савобни тақсимланиши ёки тақсимланмаслиги борасида бирор қатъий нас йўқ ва унда ихтилоф мавжуд. Лекин, биз қанча одамларга бир амалнинг савобини юборсак барчасига баробар, тўлиқ юборамиз деб умид қиламиз. Уларни кам, кўп қилиш Аллоҳ таоло изнидадир.

МОЛИЯВИЙ ИБОДАТНИНГ САВОБИ АФЗАЛДИР

Молиявий ибодат савобини йўллаш аҳли сунна вал жамоа наздида муттафақун алайҳ бўлган масалалардандир. Шунинг учун ҳам молиявий ибодат савобини бағишлаш афзалдир. Иккинчидан, молиявий эҳсондан эҳсон олган одам хоҳлаганича фойдаланиши мумкин. Учинчидан, молиявий ибодат инсон нафсига оғир ботади ва бунда нафсга қарши курашиш бор. Баданий ибодатдан ҳосил бўлган савобни бағишлашга Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ хилоф қилганлар. Бизнинг мазҳабда, яъни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабида иккисидан, яъни молиявий, баданий ибодатлардан ҳосил бўлган савобни бошқаларга бағишлаш мумкиндир. Юқорида кўрсатилган хусусиятларга асосан молиявий ибодат савобини бағишлаш афзал ҳисобланади.

САВОБ ЙЎЛЛАШНИНГ БИР ОДОБИ

Савоб йўллаш борасидаги одоб шуки озгина бўлса ҳам тиловат қилиб, алоҳида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам руҳи муборакларига бағишлайди. Масалан, жуда ҳиммати бўлмаса уч марта ихлос сурасини ўқиб, савобини бағишлаш каби.

САВОБ ЙЎЛЛАШ БОРАСИДА АШРАФ АЛИ ТАҲОНАВИЙ РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲНИНГ ОДАТЛАРИ

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ кун давомида қанча тиловат қилиш насиб бўлса, ундан ҳосил бўлган савобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, барча Пайғамбар алайҳис саломлар, ўтиб кетган, яшаб турган ва туғиладиган барча мўмину мўминаларга савобини бағишлар эдилар. Бирор хос кишига бағишлаш керак бўлиб қолса, унга алоҳида бағишлар эдилар (Камолоту ашрафия).

УЛУҒЛАР РУҲЛАРИГА САВОБ ЙЎЛЛАШДАГИ НИЯТ

Бирор кун ёки ойни тайин қилмай ғарб, мискинларга таом бериш ёки нақд пул бериб, савобини улуғларга йўллаш савобли, ажрли ишлардандир. Лекин, бу қилган амалим туфайли уларнинг руҳларидан менга мадад бўлади деган ниятда бўлмаслик лозим.

ҚАБР УСТИГА БОРИБ САВОБ ЙЎЛЛАШ БОРАСИДАГИ МАСЛАҲАТЛАР

Қабр устига бориб савоб йўллаш борасида учта манфаат мавжуд. Улар қуйидагилар:
1. Қабрга боришнинг ўзи инсонга ўлимни эслатади ва ҳис қилдиради;
2. Ботиний манфаат шуки, вафот этган киши ўқилган тиловат билан унс улфат бўлади, яъни Аллоҳ таоло маййитга ўқилган тиловат овозини хоҳ у паст бўлсин ёки баланд бўлсин етказади. Бу гап фақат авлиёуллоҳларга хос эмас. Балки, барча мусулмон маййитлар тиловат овозини эшитишади. Чунки, вафот этгандан кейин ҳам руҳни маълум бир миқдор жасадга алоқадорлиги бўладида. Бу нарса омматан мусулмонларда заифроқ, шаҳидларда кучлироқ, Пайғамбар алайҳиссаломларда мукаммал бўлади Лекин, бирор киши уларни ҳозиру нозир деб тушунадиган даражада эмас;
3. Зикри тиловатдан тарқалган нурдан уларга роҳат етади.

ҚАБРГА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ САВОБ ЙЎЛЛАШ ЛОЗИМ?

Қибла томонга орқа қилиб “Фотиҳа” сурасини ўқийди. Шунда тиловат қилгувчи мурдага юзма юз бўлади (Фиюзур раҳмон. Б. 123).
Қабр тарафга юзланиб, қўл кўтариб дуо қилишдан фақиҳлар қайтарганлар. Чунки, бунда қабрдан сўрашга ўхшашлик бор. Лекин, қабрга орқа қилиб дуо қилиши мумкин. Ислом эътиқодни қаттиқа ҳимоя қилади. Агар инсонларни ўз холига ташлаб қўйилса, ҳаммаёқни шуваб, қабрни олдида туриб қўл кўтариб дуо қилишдан ҳам бидъат чиқариб оладилар.
Аксарият оми халқлар авлиёуллоҳлар ҳожатларимизни раво, мушкулларимизни осон қиладилар деб тушуниб, шу ниятда уларга савоб бағишлайдилар ва назри ниёз атайдилар. Уларни фикрича шу билан уларнинг ишлари юришиб, ризқлари мўл-кўл бўлиб, фарзандларининг умри узоқ, бахти очилган бўлади деб ўйлайдилар. Ҳар бир мусулмон бундай эътиқод ширк эканлигини билиши зарурдир.
Бир таомни ёки кунни тайин қилиб, масалан, Бароат куни ширинлик, Ашуро ва Муҳаррамда хурмо, учи, ўни, йигирмаси, қирқи, йили каби хос тарзда тайин қилиб олинган расм-русмларни тарк қилиш вожибдир. Бундай маросимлар риё, кеккайиш, ужуб каби шариат қайтарган амалларни ўз ичига қамраб олган бўлиб, улар аслсиз ва қайтарилган амаллардандир. Бу ишларнинг рио эканига одамларнинг: “Бундай ишларни қилмасам бўлмайди. Одамлар олдида нима деган одам бўламан. Мен ҳам уларнинг эҳсонини еб юрганман” дейишлари далилдир.
Ҳозирги кунда ўтган мусулмонлар ҳақларига савоб йўллашга жуда камчилик эътибор қаратади. Гўё вафот этгандан кейин маййит унитилиб кетилаётгандай! Шариат буюрган тарзда савоб йўллашга эътибор бериш ва бунда бардавом бўлиш лозим ва лобуддир. Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам баъзи-баъзида барча мусулмонлар қабрига бориб савоб йўллаб турар эдилар.
Имом Раббоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мактубот”ларида шундай деганлар:
“Барзах олами шаксиз мўминлар ҳаққида улкан неъматдир. Вафот этганларидан кейин ўз амаллари тугайди. Лекин, яқинларининг дуолари ва йўллаган савоблари уларга етиб бориб туради. Ҳа албатта кофирларга йўлланган савобдан заррачаси ҳам уларга етиб бормайди. Бу мусулмонлар учун хосдир”.
Аллоҳим бизларни Ўзинг яхши кўрган ва рози бўлган нарсанга муваффақ қилгин. Амин!


7 йил аввал 35848 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Азанинг муддати
Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ давоми...
1 ўн йил аввал 13339 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жасадни бошқа юртга кўчириш
Ўлган одамнинг жони узилган шаҳарга ёки қишлоққа кўмиш мустаҳаб амалдир. Уни вафот топган жойидан бошқа бир жойга кўчиришни кўпчилик уламоларимиз макруҳ, деганлар ва бу ишнинг макруҳлигининг бир неча сабабларини давоми...
1 ўн йил аввал 10942 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабр зиёрати одоблари
Авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш лозим; Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир; Қисқа муддат бўлса ҳам, дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш; Зиёратгоҳда давоми...
8 йил аввал 9757 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрга белги қўйиш ёки бир жойга яқин қариндош-уруғларни бир жойга қўйиш
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон давоми...
7 йил аввал 9903 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрнинг сифати
 Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади. «Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади. «Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг давоми...
7 йил аввал 11030 fiqh.uz